Бозор муносабатлари шароитида ҳар бир раҳбар, энг аввало, ўз идорасидаги, бошқарув аппаратидаги ходимларни, мутахассислар ва хизматчилар ишини бошқара олиши керак. Чунки фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан бошқарув командаси ишининг тўғри ташкил этилишига боғлиқ. Бу масалани ижобий ҳал қилиш раҳбар ходимлардан уларнинг шахсий қобилиятлари билан бирга бошқарув фаолияти асослари илмини мукаммал эгаллашлари, маъмурий менежмент асосларини билишлари ва юқори даражали малакага эга бўлишларини талаб қилади. Ташкилотда маъмурият ишини тўғри ташкил эта билиш, вазифа ва ваколатларни тақсимлашда ходимнинг малакасини эътиборга олиш, бошқарув усулларидан ўз ўрнида фойдаланиш, самарали ва аҳил бошқарув аппаратини шакллантириш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосини ташкил этади Раҳбарнинг қўл остидаги ходимларга бўлган илиқ муносабати ходимларнинг ўз ишларини юқори сифатли қилиб бажаришларини ва кўтаринки руҳда ишлашларини таъминлайди. Раҳбарларнинг ходимлар билан ишлаш жараёнида ходимларнинг ҳолатларини ва шахсий хусусиятларини инобатга олиши, ижтимоий адолат тамойилига риоя этиши уларнинг қалбига йўл топа билиши унинг билим даражасига, муомала маданиятига боғлиқдир. [John R.Walker, 2012] Бу каби ҳусусиятларга эга бўлган раҳбарлар ўзлари бошқариб турган жамоалари олдига қуйилган мураккаб масалаларни тўғри ҳал қилишга ва режаларни юқори самарали қилиб бажаришга қодир бўладилар. Бундай жамоаларда руҳий иқлим муқаррар барқарор топган бўлади. Бошқача қилиб айтганда, бундай жамоалар ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир бўладилар. Мазкур жамоалар республикамиз иқтисодиётини кўтаришда марказий устун бўлиб хизмат қилади. Шундай ҳусусиятларга эга бўлган раҳбарларнинг сонини ошириш олий ўқув юртларида мутахассисларни тайёрлаш даражасига ва ишлаб турган раҳбарларнинг малакасини узлуксиз тарзда оширишга боғлиқдир. Ҳар қандай корхонанинг маъмурий аппарати фаолиятининг самарадорлигини таъминлашда ходимлар ўртасида вазифаларни тўғри тақсимлаш муҳимдир. Ташкилотда вазифаларни белгилашда ташкилотнинг структурасини ҳисобга олиш алоҳида аҳамиятга эга. Ташкилот структураси ташкилотнинг ўз мақсадларига самарали равишда эришишини таъминлайдиган бошқарув поғоналари ва функционал соҳалар ўртасидаги мантиқий ўзаро муносабатни ифодалайди. Ҳар бир ташкилотда меҳнат тақсимоти мавжуд бўлади. Айниқса, ихтисослаштирилган меҳнат тақсимоти кенг тарқалган – бунда маълум ишни мутахассисга, яъни шу ишни ташкилот нуқтаи назаридан энг яхши бажара оладиган ходимга юклаш тушунилади.
Умуман, маъмурий ходимларнинг ваколати уларнинг бошқарув поғонаси ўсиши билан ошиб боради. Ҳар бир ходимнинг лавозими доирасидаги барча ваколатларнинг маълум чегараси мавжуд. Ҳатто энг юқори раҳбарнинг ҳам ваколатлари чегараланган. Масалан: Акционерлик жамияти директори акционерлар олдида харажатлар учун жавобгардир. Директорлар кенгаши келишувисиз раҳбар ўз маошини мустақил равишда белгилай олмайди ёки ошира олмайди.
Ўзбекистон Республикасида кўрсатилаётган туристик хизматларда функцияларнинг тақсимланиш ҳусусиятлари қуйидагича: Барча саёҳатлар хоҳ ички, хоҳ халқаро туризмда бўлсин, уюштирилган ва уюштирилмаган сифатида баҳоланади. Туристик фирмалар воситачилиги ёрдамида хорижга ёки ўз мамлакатига якка ёки гуруҳ бўлиб саёҳат қилиш уюштирилган тур ҳисобланади. Якка ёки гуруҳ бўлиб ўз мамлакати ёки хорижга туристларнинг ўзлари томонидан ташкил этилган саёҳат эса уюштирилмаган тур ҳисобланади. Одатда, туризмнинг бу категориясига нисбатан «ҳаваскор туризм» (оддий тилда «Ёввойилар») деган атама қўлланилади. [Kotler P., Bowen J. & Makens J., 2014].
Уюштирилган ва уюштирилмаган тур махсус статистикаси миллий ва халқаро масштабда юргизилмайди, аммо экспертлар баҳоси бўйича жаҳон туризми умумий ҳажмига уюштирилган туризмнинг 35 % га яқин, уюштирилмаган туризмнинг 65 % га яқин улушлари тўғри келади. Уюштирилган турларнинг улуши ҳозирча уюштирилмаган турлардан анча орқада қолаётган бўлса-да, мутлақ рақамларда уюштирилган турлар кўп сонли оқимларни ташкил қилади ва йилдан- йилга ортиб бораяпти. Туристик фирмалар тадбиркорлик таркиби, туристик хизматлар олди-сотдиси соҳасида тижорий асосларда воситачилик операциялари билан шуғулланувчилар тушунилади. Туристик фирманинг ўзи туристик хизматлар ишлаб чиқармайди. У бунинг учун зарур ишлаб чиқариш воситаларига эга эмас. Шунинг учун у соф воситачилик вазифасини бажаради ва истъмолчи топшириғи билан ишлаб чиқарувчилардан ҳар хил туристик хизматларни сотиб олади (меҳмонхона, транспорт, овқатланиш корхоналари ва сайр томошалар ва бошқ.). Туристик фирма истеъмолчи ва туристик хизматлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида воситачи вазифасини эгаллайди. Туристик хизматларнинг олди-сотди жараёни мамлакатнинг катта қисмида туристик бизнес кўп сонли тадбиркорлик фаолиятига берилган. Улар миллий қонунчиликка мувофиқ тузилади ва фаолият юритади. Улар ўрнатилган стандартлар, талаблар, шартларига қатъий амал қилишга мажбурдирлар. [By Hans Mol Serieseditedby Terry Phillips, 2010.]. Таъкидлаш керакки, туристик фирмалар фаолиятида операциялар ҳажми ва характери, бозордаги ўрни, фаолият ихтисослашуви ва туристик бозорнинг бошқа шартлари билан боғлиқ сезиларли фарқлар кўзга ташланади. Энг аввало, туристик фирмалар туроператорлар (турташкилотчилар) ва турагентлик (турагентлар)га бўлинади. Туроператорлар. Улар туристик маҳсулотларни улгуржи сотувчилари ҳисобланишади. Туроператорлар туристик хизматлар ишлаб чиқарувчилар ва уларни чакана сотувчилар ўртасида боғловчи ўринни эгаллайди. Оммавий туристик маҳсулотлар (инклюзив сафарлар) яратиш учун улар меҳмонхона, ресторанлар, транспорт корхоналари катта ҳажмдаги хизматларини сотиб оладилар, улардан белгиланган йўналишда гуруҳ ва индивидуал саёҳатлар учун сафар пакетларини шакллантирадилар. Туроператорлар уюштирилган туризмнинг бош генераторлари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси бозор талабларини ўрганиш ва қондиришдан иборат. Улгуржи турфирмаларга ўз бизнесини ривожлантириш учун сезиларли молиявий воситаларни инвестиция қилишга тўғри келади. Бу ўз савдо маркази ва маҳсулотнинг ҳаракати, самарали сотиш тармоғи яратиш ва бошқалар учун зарурдир. Туристик бозорнинг катта бўлаклиги, сегментацияси ва талаби туоператорларнинг фаолиятини ўз маҳсулотини аниқ ихтисосланган йўналишга қаратишига зарурат туғдиради. Туоператорлик фаолияти асосий ихтисослашга йўналишлар ҳисобланади:
1. Хорижий туристларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашиш. Бу фаолият билан шуғулланувчи турфирмалар қабул қилиш бўйича туроператорлар дейилади. Ўзларининг асосий вазифаларини бажариш учун улар: а) мамлакатда мавжуд туристик ресурсларни ва улардан фойдаланиш, эгаллаш, ўз мамлакати бўйлаб туристик турлар хусусиятлари ҳақида ахборотларни яхши билиши; в) ўз мамлакатида туризмнинг моддий-техник базаси ҳақида ахборотга эга бўлиши, туристик хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ишчан алоқада бўлиш ва хорижий туристларга хизмат кўрсатиш учун улардан фойдаланиш имкониятлари; с) хорижий туристларни визали қўллаб-қувватлаш, турфирма таклиф этадиган мамлакатга сафарларни сотиб олиш ҳуқуқи (референс)га эга бўлиш; д) хорижий туристик бозорда ўз маҳсулотини сотиш ва ҳаракатланиш каналларига эга бўлиш.
2. Ўз мамлакати фуқароларини хорижга туристик сафарга боришини ташкил қилишга ихтисослашиш. Бу операциялар билан шуғулланувчи турфирмалар йўналиш бўйича туроператорлар дейилади. Ўзларининг асосий функцияларини бажариш учун улар: а) ўз мамлакатида чиқиш туризми бозорида яхши ўринга эга бўлиши, ўз юртдошларига хорижга туристик турларни таклиф этиш ва сотиш имконига эга бўлиши; в) ўз туристларини халқаро давлатларга боришини таъминлаш учун халқаро ташрифчилар (авиа ва автотранспорт, темирйўл ва сув транспорти) билан мустаҳкам ишчанлик алоқасида бўлиш; с) қабул қилинадиган хорижий туристларга сифатли хизмат кўрсатиш ва визавий қўллаб – қувватлашни таъминлаш учун қабул қилиш бўйича чет эл туроператорлари билан мустаҳкам шерикчилик муносабатларига эга бўлиш; д) турли мамлакатларга туристик сафарлар шартлари бўйича зарур ахборотга эга бўлиш.
Бозор сегментлари бўйича туристик фирмалар ихтисослашуви. Ҳозирги замон эҳтиёж тараққиётида ва кўп сонли туристлар хоҳиш-истакларида бирорта фирма, ҳатто у йирик туристик фирма бўлсин, мавжуд бозор сегментлари ва қашшоқлигини фаолиятига қамраб ололмайди. Амалда ҳар бир туристик фирма ўзи учун нисбатан кириш қулайроқ ва бозор талабининг фойдалироқ сегментини танлайди. Шу асосда у ўз туристик маҳсулотини шакллантиради, нархларни белгилайди, тегишли сотиш ва ҳаракатланиш каналларидан фойдаланади. Шундай қилиб, ихтисослашган туристик фирма вужудга келади. Демографик, ижтимоий – иқтисодий ва талабнинг психологик хусусиятларига боғлиқ ҳолда биз туроператорларни қуйидаги йўналишлар бўйича ихтисослашувини кузатишимиз мумкин:
1. ёшлар туризми (мактаб ўқувчилари, талабалар);
2. кексалар туризми (пенсионерлар, ветеранлар);
3. оммавий туризм (ўртача даромадли кишилар учун);
4. алоҳида эътиборли Элитар туризм (юқори даромадли шахслар учун);
5. автобус ва кема туризми;
6.экскурсия – томоша туризми;
7. дам олиш, даволаниш, спорт билан шуғулланиш мақсадидаги туризм;
8. конгресс туризми ва бошқалар.
Туристик агентлик (агентлар). Улар ватандошлари ёки чет эллик туристларга шахсий нотижорий истеъмол учун туристик хизматларни чакана сотувчилари сифатида чиқишади. Чакана турагентлик туроператорнинг туристик маҳсулотларини реализация қилишда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, улар жуда кўп бошқа хизматлар–масалан, меҳмонхонага жойлаштириш, ресторанда овқатлантириш, транспортда ташиш, театр – томоша тадбирлари билан шуғулланадилар.
Инсонлар фаол меҳнат қилиш билан бирга дам олишни ҳам режалаштирадилар. Инсон омили оғир меҳнатдан кейин дам олишни ҳеч қачон рад этмайди. Психологларнинг таъкидлашларича, инсонларнинг дам олиш омиллари қаторида саёҳат етакчи ўринда турар экан. Саёҳат инсонга руҳий енгиллик бериш билан бирга меҳнатга тўла куч ва ғайрат билан қайтишнинг энг зарур омилидир. Саёҳат бирламчи иш фаолиятини тиклаш ва ҳордиқ чиқариш учун ҳамда иккиламчи ўзга юртда ишлаш ёки иш юзасидан қилинади. Қуйида, биз саёҳат ва туризм моҳиятига тўхталиб ўтмоқчимиз. Биламизки, инсонлар турли хил сабабларга кўра саёҳат қиладилар. Шу ўринда биз саёҳат турларини эслатиб ўтамиз [Саrtrin E.Morriis, 1996].
Вақтни мазмунли ўтказиш учун қилинадиган саёҳат, кўнгилхушлик, ҳордиқ чиқариш туризми инглиз тилида Recreational tourism деб номланади. Бу жараёнда инсон фаол дам олиш унсурлари, масалан, дамолиш учун вақтичоғлик, кино кўриш, рақс тушиш, китоб ўқиш,кино кўриш кечки сеансда ёки прьемера, ёқтирган таомларини истеъмол қилиш каби фаолиятлар саёҳат давомида бажарилади.
Маданий туризм инглиз тилида Cultural tourism деб юритилади. Бу жараёнда сайёҳ ташриф буюрган давлатнинг тарихий жойларини, диққатга сазовор жойларини ва биноларини, табиат манзараларини, музейлари, кутубхоналари, ўша юртда яшовчи халқнинг урф-одатлари ва қадриятлари, санъати ҳамда яшаш тарзини томоша қилиш, ўрганиш учун сафар қилинади.
Саргузашт туризм инглиз тилида Adventure tourism-деб номланиб узоқ сафарга саргузаштли воқеаларга гувоҳ бўлиш учун ёки янги жой ва ажойиб инсонлар ҳаёти ва яшаш тарзи билан танишиш мақсадида узоқ ва нотаниш юртларга саёҳат қилинади.
Табиат муҳофазаси экотуризм инглиз тилида ҳам Ecotourism-дейилади (тилшуносликда бу ҳолатни англицизм деб атаймиз, яъни сўзни тилда айнан транскрипция ёки транслитерация варинтини истеъмол учун тўғридан-тўғри қабул қиламиз), атроф-муҳит мухофазасига доир фаолият билан қизиққан ҳолатда табиат манзараларини томоша қилиш, этник ва табиий фауна ва флоралар билан яқиндан танишиш учун амалга оширилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Агротуризм-аgrotourism ривожланмоқда.
Қишки туризм инглиз тилида Winter tourism деб аталади ва инсонлар доимо қиш фасли ҳукмрон юртларга ёки қиш фасли даврида ёғаётган қор ва табиий музликлардан завқ олиш учун ҳамда қишки ўйинлар: қорли тепаликларда лижа учиш, муз устида коньки учиш, қор бўрон ўйнаш ва қорбобо ва муз ҳайкалларини ясаш учун саёҳат қиладилар, ҳатто сунъий муз ҳайкаллари ясаш конкурсларида қатнашиш учун ҳам сафарга чиқадилар.
Спорт туризми ҳам англицизм ҳисобланади ва инглиз тилида Sport tourism деб номланиб, спорт ўйинларини ўйнаш ёки кузатиш ҳамда нуфузли спорт воқеликларида: анъанавий ёзги ва қишки спорт олимпиадаларида қатнашиш ёки томоша қилиш учун саёҳат қилинади.
Маърифий (Таълимий саёҳат) туризм инглиз тилида Educational tourism деб номланиб, ўзга давлатда таълим олиш, ўша юрт тилини мустаҳкам ўрганиш мақсадида ва малака ошириш, тажриба алмашиш учун таълим муассасаларига хизмат сафари билан ҳарактерланади.
Бугунги кунда янги туризм инглиз тилида Health tourism-(тиббий) саломатлик туризмини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз, сабаби бугунги кунда инсонлар ўз соғлигини тиклаш учун хорижий давлатларга ташриф буюриб, санаторийларда даволаниб, дам олиб, ўзга юрт тиббиёт мутахассислари ёрдамида саломатликларини тиклаб даволаниб қайтмоқдалар.
Зиёрат (диний) туризм инглиз тилида Religious tourism-бу жараёнда инсонлар муқаддас Каъба жойлашган юрт Макка ва Мадина шаҳарларига ҳаж сафари ва диний байрам ва воқеликларни нишонлаш мақсадида ташриф буюрадилар.
Gap-year tourism-кўнгиллилик ёки ёшлар туризми дейилади ва бир йилгача ёки кўпроқ муддатга кўнгилли тарзда ишлаш мақсадида, таълим муассасалари: мактаб, коллеж ва университетларга ишлаш ва тажриба орттириш мақсадида сафар қилиш ва мактаб, коллеж ва университетни тугаллаганидан сўнг саёҳатга чиқиш тушунилади.
Халқаро ва ички туризм-нафақат туризмнинг, балки бизнес туризмининг ҳам шакллари бўлиб, мамлакатимизда миллий туризм салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий тармоқлари ҳисобланади ҳамда бизнес имкониятларини янада такомиллаштирувчи омил саналади. Халқаро туризм қуйидагиларни ўз ичига олади:кириш туризми — Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳати;чиқиш туризми — Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг бошқа мамлакатга саёҳати.
Ички туризм Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳатини ўз ичига олади. Туризм ташкил этилаётган турнинг ўзига хослиги, мавзуси, давомийлиги, ҳаракатланиш усуллари ва турнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм ҳамда туризмнинг бошқа турларига бўлиниши мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар