БОБУРИЙЛАР СУЛОЛАСИ ДАВРИДА ЯШАГАН МАХФИЙ ТАХАЛЛУСЛИ ШОИРЛАР

Адабиёт тарихидан маълумки, ўтмишда, хусусан, бобурийлар сулоласи даврида Махфий тахаллуси остида ижод қилган шоирлар кўп бўлган[1].  Шарқнинг машҳур шоираси Зебуннисобегим Соҳибанинг бир мулозими ҳам шоир бўлиб, у Махфий тахаллуси остида ижод қилган. Шунингдек, бу ҳақда Муҳаммад Аббосхоннинг “Тазкираи хавотин” асарида[2] ҳам шулардан бири Махфий - Зебуннисобегимнинг мулозими бўлган бир шоирнинг тахаллуси” дейилади. Бошқа тарих китобларида ҳам Зебуннисобегим Соҳибанинг фозил бир Махфий тахаллусли мулозими борлиги ҳақида ҳам зикр қилинади.         

Бобурийлар сулоласининг тўртинчи шаҳзодаси, яъни Зебуннисобегим Соҳибанинг бобоси Шоҳжаҳон Хуррам даврида яшаб ижод этган яна бир шоир ижодкор Махфий бизнинг диққатимизни тортди: Унинг қуйидаги мисраларини келтирамиз:

Бар дари султони аср ҳайф надорам дирам,

Токи расонад ба арз мақсадам аркони ў.

Сонии Соҳибқирон, подшоҳи инсу жон,

Онки фалак сар ниҳад бар хати фармони ў.

Насрий ўзбекча таржимаси:

(Ҳайфки қўлимда пулим йўқ, қўлимда пул бўлганда эди, шоҳ амалдорлари менинг мақсадимни шоҳга арз қилишар эди. Соҳибқирони соний - инсу жинснинг подшоҳи ва фалак ҳам унинг фармонига итоат этади). Тарих китобларида “Соҳибқирони соний” (иккинчи Соҳибқирон) деб Шоҳжаҳонни айтадилар. Шунга кўра, юқоридаги шеърнинг муаллифи Махфий Зебуннисобегимнинг бобоси Шоҳжаҳон замонида яшаган сарой шоири бўлиб чиқади.

Бундан ташқари шу Махфийнинг:

Имшаб шаби идаст-у маҳи ман бамағоқ аст.

Махфий назарам сўйи Хуросону Ироқ аст.

(Бу кеча ҳайит кечаси бўлса ҳам, менинг ойим чиқмаётир. Махфий кўзлари Хуросону Ироқ томонга термулмоқда) каби ғамгин мисралари ҳам бу шоирнинг Ҳиндистонда мусофир эканини айтиб турибди.

Яна қуйидаги мисраларни келтирамиз:

Бу Алии рўзгорам  аз Хуросон омада,

Аз паи эъзоз бар даргоҳи султон омада,

Ҳайрате дорам ки ёраб, андарин гирдоби Ҳинд

Тўтийи фикрам паи шаккар зи ризвон омада.

Насрий ўзбекча таржимаси:

(Замонанинг Алисиман-у, Хуросондан келганман, иззат қилиб султон даргоҳига келганман: ё раббий, фикрим тўтиси учун шакар излаб бу Ҳинд гирдобига жаннатдан келганман).

Бу мисралар муаллифи шоир Махфий эса подшо саройида иззат-ҳурмат кўраман, деган умид билан Хуросондан (Эрондан) Ҳиндистонга келганини ўзи айтиб турибди.

Зебуннисобегимдан илгари ўтган ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг устозлари Махфий Тароштийни ҳам ҳали тарих ёддан чиқарган эмас.

Булардан ташқари бошқа яна бир Махфий ҳақида маълумотлар учрайдики, бу Махфий Раштий дейилади, бу Махфий форс ҳокими Имомқулихоннинг суҳбатдоши эди.

Махфий тахаллуси билан шеър ёзган яна бир шоира Салимабегимдир. Салимабегим Бобурнинг Гулруҳбегим исмли қизидан туғилган набирасидир. Отаси Мирза Нуриддин Муҳаммад нақшбандий тариқатига мансуб зодагонлардан эди. “Субҳи гулшан” номли китобда қуйидаги байт Салимабегим Махфийга нисбатан берилган:

Кокулатро ман зи масти риштаи жон гуфтаам,

Маст будам зин сабаб ҳарфи парешон гуфтаам”[3].

Ўзбекча насрий таржимаси:         

(Кокилингни мен мастликда жон риштаси дебман, маст эдим, шунинг учун паришон сўзни сўзлабман).

XIX аср бошларида Фарғонада яшаб ижод этган Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих” китобида муаллиф яна бир Махфий  ҳақида қуйидаги маълумотларни беради: “Нуржаҳонбегимки, Машҳад амирини қизи эрди, ҳусни суратда, фазли сийратда саромади рўзгор эди ва Шерафканхонни завжаси эди ва Шерафкан Шоҳжаҳоннинг сардорларидан бири эди”[4]. Аввал саройда кейинчалик эса музофот ва вилоятларда танилган малика Нуржаҳонбегим хусусидаги ҳақиқату ривоятлар турлича. Эронда омади юришмаган унинг отаси Мирзо Ғиёсбек йўқчилик оқибатида оиласи билан ўз ватанидан Ҳиндистонга кўчиб келиб Акбар подшоҳ саройида хизматга ёлланади, унинг қизи Меҳринисо  (Нуржаҳонбегим) шу ерда таваллуд топган.

Кунлардан бир кун шаҳзода Салим (кейинчалик Жаҳонгир подшоҳ) Меҳринисо (Нуржаҳонбегим) ни бозорда кўриб қолади ва унга ошуфта бўлиб фироқида ўртанади. Бу даврда Меҳринисо балоғат ёшига етган сарв қомат, ўн тўрт кунлик ойдек қиз эди. Шаҳзода Салим Меҳринисо ишқида куйнб ҳаловатини йўқотади. Ниҳоят унга уйланишга қарор қилади. У ўз қарорини отаси Акбаршоҳга (1542—1605) айтиб ундан ижозат сўрайди. Акбаршоҳ эса ўз ўғлининг бу қизга уйланишига қатъиян қаршилик кўрсатади. Акбаршоҳ ўғлининг кўнглини совутмоқ учун Меҳринисони сарой аёнларидан бири — Али Қули Истажлий (Шерафкан) га турмушга чиқишга мажбур қилади. Шерафкан Меҳринисога уйлангач, Акбаршоҳ уни қўшинларга сардор этиб Бенгалияга кўчириб юборади. 1605 йилда Акбаршоҳ вафот этади. Тахтга унинг валиаҳд ўғли шаҳзода Салим ўтиради ва ўзини Жаҳонгиршоҳ деб атайди. Тақдир тақозосини қарангки 1611 йилда Шерафканхон Бенгалия ҳокими Қутбиддиннинг қабулига кирганда муҳим масала устида ҳоким билан жанжаллашиб қолади ва уни пичоқлаб ўлдиради. Фожиа устига етиб келган соқчилар Шерафканхонни ҳам ўлдирадилар. Шундан сўнг бева қолган Меҳринисони Аграга — Жаҳонгиршоҳ саройига жўнатадилар. Шу воқеадан бир неча муддат ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Меҳринисони ўз никоҳига олади.  Нуржаҳонбегим Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган бобурий шаҳзодалардан учинчиси — Жаҳонгиршоҳ (Салим, 1569—1627) нинг иккинчи хотинидир. “Мунтаҳаб ут-таворих” асарининг муаллифи Ҳакимхон Тўра Меҳринисонинг Жаҳонгиршоҳ никоҳига кириши ҳақида олдиндан башорат қилинган бир қизиқ туш тафсилотини келтиради. Гўё Меҳринисо тунларнинг бирида туш кўради. Тушида осмондан қуёш тушиб келиб кўрпаси ичига киради. Шунда уйғониб кетади ва кўрган тушини эри Шерафканхонга сўзлаб, ундан тушининг таъбирини сўрайди. Шерафканхон туш таъбири бўйича билимдон бўлгани туфайли дарҳол хотинининг тушига қуйидагича таъбир айтади: “Сенинг тўшагингга подшоҳ кирар экан”. Меҳринисо ўз гўзаллиги, зийраклиги, фаросати ва тадбиркорлиги туфайли фақат Жаҳонгиршоҳнигина эмас, балки бутун сарой аҳлини ҳам ўзига ром қилади. Эндиликда уни Меҳринисо эмас, Нурмаҳал (саройнинг нури) кейинчалик эса жаҳоннинг нури, яъни Нуржаҳон деб атайдилар. Нуржаҳонбегим нозик таъб шоира ҳам эди. У Махфий тахаллуси билан ғазаллар битган. Жаҳонгиршоҳ салтанатида Нуржаҳоннинг отаси Эътимод-уд Давла номи билан бош вазирлик лавозимигача кўтарилган. Унинг ўғли, яъни Нуржаҳонбегимнинг акаси Осафхон эса сарой бошқарувчиси мансабида фаолият юритган.

Нуржаҳонбегим Жаҳонгиршоҳ салтанатида доно маслаҳатчи эди. Нуржаҳонбегим мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётига доир кўпгина эзгу тадбирларни бажарган. У ихтирочи ҳам эди, чунончи, гулоб ва “атри Жаҳонгирий”ни кашф этган. Шу билан бирга бир неча хил хуш таъм, лазиз таомлар-у хона безакларини яратди. Сарой аёнлари орасида унинг ҳурмат - эътибори кун сайин ошиб борган.

Бобурий шаҳзода Нуриддин Жаҳонгиршоҳ подшолик даврида борган сари маиший ҳиссиётларга берилиб ўз яқинлари орасида бебурд бўлиб қолиши ҳамда сўнгги вақтларда бот-бот касал бўлиб давлат ишларига қарамай қўйиши натижасида давлат ишлари аста-секин севикли хотини Нуржаҳонбегим измига ўта бошлайди ва у салтанат ишларини бошқариб туради. Нуржаҳонбегимнинг салтанат ишларидаги фаолияти ва унинг тутган мавқеи Жаҳонгиршоҳнинг ўғилларига, айниқса, шаҳзода Хуррам (Шаҳобиддин Шоҳжаҳон) га ёқмасди. Жаҳонгиршоҳ саломатлиги ёмонлаша бошлагач, 1616 йилда шаҳзода Парвез (Жаҳонгиршоҳнинг иккинчи ўғли) ни тахтга валиаҳд этиб тайинлайди. Жаҳонгиршоҳнинг тўртинчи ўғли шаҳзода Шаҳриёр иродасиз ва қатъиятсиз киши эди. Нуржаҳонбегим қўғирчоқсифат шаҳзода Шаҳриёрни тахтга валиаҳд этиш мақсадида ўзининг аввалги эри Шерафкандан бўлган қизи — Лодилабегимни шаҳзода Шаҳриёрга никоҳлаб беради. Жаҳонгиршоҳнинг учинчи ўғли шаҳзода Хуррам (Шоҳжаҳон) 1612 йилда 21 ёшида Нуржаҳонбегимнинг акаси Осафхоннинг ўн тўққиз ёшли қизи Аржумандбонуга уйланган эди. Бинобарин, Осафхоннинг мақсади ўз куёви шаҳзода Ҳуррамни валиаҳдликка тайинлатиш эди. Шаҳзода Хуррам ўз отаси Жаҳонгиршоҳдан ҳам, валиаҳд акаси шаҳзода Парвездан ҳам, укаси шаҳзода Шаҳриёр ва унинг ҳомийси малика Нуржаҳонбегимдан ҳам хафа эди. Отасидан сўнг тахтга ўтиришга ҳаракат қиларкан бу йўлда асосий ғов деб Нуржаҳонбегимни биларди. 1622 йилда Нуржаҳонбегимнинг отаси вазир Эътимод-уд Давла вафот этгач, Нуржаҳонбегим бнлан шаҳзода Хуррам орасида аёвсиз зиддият кучайди. Бу даврда касалманд Жаҳонгиршоҳ салтанат ишларига қарамай қўйган, бинобарин, давлатни бошқариш асосан Нуржаҳонбегим қўлида қолган эди. Шаҳзода Хуррам ўз келажаги ҳақида тараддудланиб 1622 йилда отаси Жаҳонгиршоҳ томонидан ўз қарамоғига топширилган ногирон (кўр қилинган) акаси — шаҳзода Хусравни пинҳона бўғиб ўлдиртиради, отаси Жаҳонгиршоҳга эса “санчиқ азобидан вафот этди”, деб хабар юборади. Шу зайлда сарой ичида гуруҳбозлик авж олиб кундан-кун салтанатдан путур кета бошлайди. Ана шундай қулай вазиятни кўпдан бери кутиб турган Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббосхон тўсатдан Қандаҳорни қамал қилади ва қирқ кунлик қамалдан сўнг шаҳарни қўлга киритади. Жаҳонгиршоҳ шаҳарни қайтариб олиш мақсадида шаҳзода Хуррам бошчилигида катта қўшин тўплаб Қандаҳорга юбормоқчи бўлади. Лекин, шаҳзода Хуррам саройдаги нотинч вазиятда тахтдан узоқлашишни истамай, Қандаҳорга боришдан воз кечади ва тез кунда отаси Жаҳонгиршоҳга қарши қўзғолон кўтаради. Қўзғолон бостирилади. Аммо, саройдаги гуруҳбозлик, махфий фитналар мамлакатнинг ички ва ташқи мавқеига салбий таъсир кўрсатади. Салтанатни вақтинча Нуржаҳонбегим бошқарарди. У ўз ниятларини амалга ошириш мақсадида Жаҳонгиршоҳга содиқ лашкарбоши Маҳобатхонни саройдан четлатиб Бенгалияга жўнатади ва мол-мулкини рўйхатга олдиради. Бундан норози бўлган Маҳобатхон салтанатга қарши бош кўтаради. Шу воқеадан сал вақт ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Нуржаҳонбегим билан бирга пойтахтдан Қобулга қараб сафарга чиқади. Маҳобатхон ражпутли қўшини билан йўлга чиқиб шоҳ карвонини ўраб олади. Маҳобатхоннинг барча шартлари Жаҳонгиршоҳ тарафидан ночор қабул қилинади[5]. Нуржаҳонбегим Маҳобатхонга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади, лекин, кучлар тенг эмаслигига кўзи етгач, макр-хийла йўлини қидиради. Шоҳ карвони Маҳобатхон назорати остида Қобулга қараб йўл олади. Қобулга кирилгач, Нуржаҳонбегим Жаҳонгиршоҳни Маҳобатхон соқчилари қўлидан қутқариб олади ва Қобул қўшинини Маҳобатхонга қарши қўяди. Энди Маҳобатхон учун кочишдан бошқа чора қолмайди. У Қобулдан қочиб Декан шаҳрига боради ва шаҳзода Хуррамга қўшилади. Аммо, бу вақтда шаҳзода Хуррамнинг аҳволи оғирлашиб Эронга қочиб ўтиш фикрида юрарди. Бироқ, 1626 йил октябрь ойида акаси валиаҳд шаҳзода Парвезнинг тўсатдан вафот этиши унинг сўнган умидларини яна жонлантириб юборади. 1627 йили Жаҳонгиршоҳ Кашмир бўйлаб саёҳатга чиқади. Саёҳатдан қайтаётиб хасталаниб йўлда вафот этади ва Лоҳурда дафн этилади. Бу хабарни эшитган шаҳзода Хуррам тахтни эгаллаш учун Декандан Аграга йўл олади. Шаҳзода Хуррам Аграга етиб келгунга қадар унинг қайнотаси Осафхон муваққат равишда марҳум шаҳзода Ҳусравнинг ўғли Довар Бахшни тахтга ўтқазади. Шаҳзода Шаҳриёрни ушлатиб кўзига мил торттириб кўр қилади. Куёви шаҳзода Хуррамнинг Аграга яқинлашгани хабарини эшитган Осафхон тахт соҳиби қўғирчоқ Довар Бахшни турли-туман васвасалар билан қўрқитиб тахтдан воз кечиши ва ўзини панага олишини маслаҳат беради. Довар Бахш тахтни ташлаб қочади ва Эрон шоҳи ҳузурига паноҳ истаб боради. Шаҳзода Хуррам 1628 йил февраль ойида Аграга кириб айтарлик қаршиликсиз тахтга ўтиради. У салтанатни ўз тасарруфига киритгач, ўзини “Шоҳжаҳон” номи билан аташни буюради.

Баъзи бир тарихчиларнинг ривоятларига қараганда, Шоҳжаҳон ўз саркардасининг хотинига ғойибона муҳаббат қўйиб, Нуржаҳонбегимга етишмоқ учун чора тополмай  юради. Бирдан мамлакатга душман бостириб келади ва кўп вилоятларни ишғол қилади. Мана шу фурсатдан фойдаланиб Шоҳжаҳон Шерафканни қўшинга бошлиқ қилиб, душманни даф қилишга юборади. Лекин, урушда душман ғалаба қозониб, Шерафканхон шикаст топади ва у жангда мағлуб бўлиб шаҳид кетади. Бу хабар Шоҳжаҳонга етиб келади ва у бу шикастни айни зафар тасаввур айлаб, Нуржаҳонбегимга совчи юбориб, ўз васлидан умидвор айлади. Бир неча кундан сўнг ул гавҳари яктони ўз никоҳиға киргизади ва Нуржаҳонбегимни ўзига сажиъ муҳур қилади, байт:

Нурижаҳон гарчи ба сурат зан аст,

Дар сафи мардон зани Шерафкан аст.

(Нуржаҳон гарчи хотин суратида бўлса ҳам, эрлар сафида Шерафкан (шерни енгувчи) хотиндир). Назмда тахаллуси Махфий эрди”[6].

Шундан сўнг тарихчи Ҳакимхон Тўра Нуржаҳонбегимнинг Шоҳжаҳон билан қилган мушоираларидан, турли муносабат билан Шоҳжаҳонга айтган ажойиб шеърларидан қатор мисоллар келтирганки, булар Нуржаҳонбегим (Махфий)нинг забардаст шоира эканлигидан далолат беради. Мана шулардан бири:

Ҳадиси ҳоли ту дар нома сабт мекардам,

Сипандвор нуқат бар сари сухан месўхт.

Шаҳиди ишқи туро шаб ба хоб медидам,

Ки ҳамчу шуълаи фонус дар кафан месўхт.

Зи сўзи синаи Махфий шуд он қадар маълум,

Ки ҳамчу хас мижааш дар гиристан месўхт.

Ўзбекча насрий таржимаси:         

(Сенинг аҳволинг ҳақида нома битмоққа киришганимда, сўзлардаги нуқталар ўтга тушган исириқ доналаридек ёна бошларди, сенинг ишқинг йўлида шаҳид бўлганларни кечаси тушимда кўрардим, улар худди фонус шуъласидек ўз кафанлари ичида ёнардилар; Махфий юрагининг ёниши шу қадар ошкор бўлдики, йиғлаганда киприклари хасдек  ёна бошлади).

Меҳринисо Жаҳонгир шаҳзода Салимни севарди. Лекин, Шерафканнинг ўлдирилишида Жаҳонгирнинг қўли борлигини билганда, Нуржаҳонбегимдек қатъий иродали аёлнинг эри қотилидан кўнгли қолган.

 “Тазкираи Ҳусайний”да Нуржаҳон-бегимнинг шоҳ хотини экани таъкидланиб қуйидагича  ҳикоя қилинади: Рўзе подшоҳ майли суҳбат мекард ва Бегим узр дошт, ин матлаи бадиҳ бихонд:

Ба қатли ман, агар шоҳо, дилат хушнуд мегардад,

Бажон миннат, вале тиғи ту хунолуд мегардад”[7].

Ўзбекча насрий баёни:         

(Шоҳим, агар мени ўлдириш билан кўнглинг хушнуд бўлса, бош устига, лекин, қиличинг қон бўлади).

Бироқ, Нуржаҳонбегимнинг шоиралиги ва Махфий тахаллуси билан шеър ёзгани ҳақида ҳамма тарихчи ва тазкирачилар бир фикрда бўлсалар-да, унинг Шерафкандан сўнг қайси шоҳнинг хотини экани ҳақида ихтилоф бор. Агар “Мунтахаб ут-таворих” китобининг эгаси Ҳакимхон Тўра Нуржаҳонбегимнинг Шерафкандан кейинги эри Шоҳжаҳон деса, “Тазкираи Ҳусайний”да: “Нуржаҳонбегим ҳарами Жаҳонгир подшо” дейилади. “Машҳур аёллар” номли китобнинг муаллифи Муҳаммад Аббосхон ҳам Нуржаҳонбегим Жаҳонгиршоҳнинг хотини деган фикрни тасдиқлайди (394-бет).     

Ниятларига ета олмаган малика Нуржаҳонбегим 1645 йилда вафот этади ва у Лоҳурнинг Шоҳ Дара қабристонига дафн этилади. “Тазкират ул-ҳавотин”да ёзилишича, Нуржаҳонбегимнинг қабр тошига ўзи битган қуйидаги байт ёзилган экан:

Бар мазори мо ғарибон на чароғи, на гули, на пар парвона ёби, на садойи булбули.

Ўзбекча насрий мазмуни:

Биз ғарибларнинг мозоримизда на чироқ, на гул, на булбул садоси-ю, на бирор парвонани топмайсан.

Тарихий манбаларнинг берган маълумотига кўра Жаҳонгиршоҳ суюкли хотини Нуржаҳонбегим шарафига “Нури Жаҳонин” деб аталган ўн икки граммли олтин танга зарб эттирган.          

Яна шуниси ҳам борки, Махфий тахаллуси фақат хотинларга тааллуқли бўлмай, балки бобурийлар сулоласи даврида тахминан яна тўрт эркак шоир ижодкорлар яшаганким, буларнннг ҳам тахаллуслари Махфий эди. Бу сўнгги тўрт эркак ижодкор шоирнинг бири Зебуннисобегим Соҳибанинг мулозими - Махфий,  Абдураҳмон Жомийнинг устози - Махфий Тароштий ва шоир ижодкор Махфий Раштийлар ҳамда Шоҳжаҳон подшоҳ даврида яшаган Эроннинг Хуросон шаҳридан келган мусофир шоир ижодкор Махфий.        Д

Ҳар ҳолда шуниси шубҳасизки, Махфий бир тахаллус бўлиб, табиат ҳам хоҳ-нохоҳ буни хотинлар тахаллуси деб ҳукм қилади. Ҳар ҳолда шуниси шубҳасизки, Махфий бир тахаллус бўлиб, табиат ҳам хоҳ-нохоҳ буни хотинлар тахаллуси деб ҳукм қилади. Демак, деярли бир даврда тахминан уч аёл шоира (Салимабегим Махфий, Нуржаҳонбегим Махфий ва Зебуннисобегим Соҳиба) Махфий тахаллуси билан ижод қилганлар.

Адабиётшунос олим Тўхтасин Жалолов ўзининг “Ўзбек шоиралари” номли рисоласида Ҳиндистоннинг Канпур ва Лоҳур шаҳарларида нашр этилган “Девони Махфий” Зебуннисобегим Соҳибанинг шеърлари эмаслиги, Зебуннисобегим Соҳиба Махфий тахаллуси билан шеър ёзмагани, бу девондаги шеърларнинг Зебуннисобегим Соҳиба ижодига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб ўтади[8]. Олим фикрини давом эттирар экан булардан ташқари Ж. Суҳайли тузган “Мажмуаи шеърҳо” тўпламида шундай ғазаллар борки уларнинг мазмунига қараб ҳар бир зийрак китобхон бу Зебуннисобегимники эмас дейиши мумкин, дея таъкидлайди.

Биз Тўхтасин Жалоловнинг фикрларига бир оз қарши чиққан ҳолда шуни айтмоқчимизки, шу кунгача Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Эрон, Туркия, Озарбайжон, Татаристон ва бутун Ўрта Осиё ҳамда Ғарб давлатлари, хусусан, Франция, Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда Махфий тахаллусли шоиранинг девони Зебуннисобегим Соҳибага нисбат бериб келинади, буни бутун дунё шарқшунослари тан олган ҳамда исботлаб ҳам берган. Булардан ташқари аксар тарих ва тазкира китобларида ҳам: “Девони Махфий” Ҳиндистон подшоҳи Аврангзеб Оламгирнинг қизи Зебуннисобегим Соҳибадан ёдгорлик” деб ёзилган. Бу айни ҳақиқат. Аслида ҳам худди шундай. Чунки турли даврларда, шу жумладан, бобурийлар сулоласи даврида  ҳам Махфий тахаллуси остида ижод қилган шоирларнинг ҳам ўз индивидуал услублари мавжуд. Бир шоирнинг индивидуал ижод услуби иккинчи бир шоирнинг худди шундай индивидуал ижод услубига асло тўғри келмайди,  бу ҳамма тушуниши керак бўлган оддий аксиома.

Ўтмишда кўпинча камтар, содда табиатли шоирлар тахаллусларини ўз отларидан ҳам олар эдилар. Чунончи: Мир Носир Али – “Али”, Нуржаҳон “Нур” деб тахаллус қўярдилар. Шунингдек, Зебуннисобегим ҳам “Зеб” деб  тахаллус қўйган:

Духтари шоҳам валекин рў ба фақр овардаам,

Зебу зийнат бас ҳаминам: номи ман Зебуннисост.

 

(Шоҳнинг қизиман, лекин, юзимни фақирларга ўгирганман, менинг отим Зебуннисобегимдир, шунинг ўзи менинг зебу зийнатимдир) деб фақирлар, камбағалларга юз ўгиради.

Кейинчалик Зебуннисобегим Соҳибанинг авом халқ - камбағаллар, мискинлар, ғариблар ва фақирлар ҳаетига оид  жуда кўплаб исёнкор мисралари отаси шоҳ Аврангзеб Оламгирга ҳамма вақт ҳам ёқавермагани боис, у Махфий тахаллуси остида шеър ёзишга мажбур бўлган. У ҳар доим отаси томонидан таъқиб остида бўлган, отаси Аврангзеб Оламгир уни кўп бора ҳаттоки Салимгарҳи саройига  қамаб ҳам қўйгани баъзи манбалардан маълум. Тўғри, у отаси шоҳ Аврангзеб Оламгирнинг яқин маслаҳатчиси эди. Лекин, Зебуннисобегим Соҳиба маслаҳатларининг ҳаммаси ҳам шоҳга маъқул бўлавермаган. Айниқса, адолат, ҳақиқат, илм-маърифат доирасида берган маслаҳатлар ва ўгитлари ҳамда эркин, ҳур фикрлари, исёнкор мисралари шоҳ Аврангзеб Оламгирга ҳамма вақт ҳам ёқавермаган. Қизининг шеъларидаги эркин фикрлар подшоҳ Аврангзебга  ёқмай, унга шеър айтишни ман қилган, шунга кўра  шоира отасига нозик бир киноя билан:

Э булбули хушилхон махрўшу дам фурў каш,

Табъи латифи султон тоби сухан надорад.

(Э хушовоз булбул, сайрама, нафасингни чиқарма, султоннинг нозик табиати гап кўтармайди) дейишга мажбур бўлади.

Бугина эмас, Зебуннисобегим ўзи мансуб бўлган синф билан чиқиша олмайди, халққа, айниқса, хотин-қизларга қилинган жабр-зулм ва ҳақоратлар унинг олижаноб қалбига ханжардек санчилади. Шунинг учун мамлакат маликаси Зебуннисобегим Соҳиба ўзига эмас, балки халққа қилинган зулм ва ситам ҳақида қайғуради. Чунки халққа қилинган адолатсизликни у ўзининг фожиаси деб билади. Оналар ва опа-сингиллар тилидан фарёд қилган бу олижаноб шоиранинг аламли, жафокаш  мисралари тарихий бир ҳақиқатнинг садоларидай янграйди.                      

Ҳиндистондек улуғ мамлакат маликаси, подшоҳнинг яқин маслаҳатчиси, ўз замонидаги илм ва санъат аҳлларининг ҳомийси, тақдир ҳеч бобда камситмаган, ҳар нарсага қодир Зебуннисобегим Соҳиба оддий авом халқни ва унинг ҳаётини ўйлаб мана шу зайлда тўлиб-тўлиб нолаю фарёд чекади:

З андоза бурун дар дил, андуҳу ғаме дорам,

Дар сина ба ҳар узве, пинҳон аламе дорам.

Бас хуни жигар ояд, аз гиря ба чашмонам,

Аз ҳар мижае хоре жўе зи ғаме ба дорам

То чанд тавонад дўхт, жарроҳ ниҳон захмам

Бар ҳар сари мў аз ғам, захме, аламе дорам.3.

3. Суҳайли Ж. Зебуннисо. “Мажмуаи шеърҳо”.Ўша ерда. 56 – бет.

(Юрагимда андозадан ташқари ғаму аламим бор, кўксимда ҳар узвим учун яширин аламим бор. Йиғламоқдан жигарим қон бўлиб,кўзларимдан оқмоқда; ҳар бир кипригим тикан бўлиб, ғамдан ариғим бор. Жарроҳ яширин яраларимни қачонгача тикади? Ҳар бир тукимда аламнинг яралари бор).

Зебуннисобегим Соҳиба замоннинг жабру жафосини, дарду аламларини, азобу изтиробларини қайта-қайта татиб кўрган жабрдийда шоирадир.

Шунинг учуншоира:

Зи жаври аҳли ситам, дўстон, чи чора кунам?

Ба ғайри он ки гиребони сабр пора кунам.

Замона бар сари озори мост, эй Махфий,

Биёкий хонайи дилро зи санги хора кунам.[9]

(Дўстлар, золимларнинг зулмига не чора қилай? Сабр тўнининг ёқасини пора қилишдан ўзга чора қолмади-ку. Эй Махфий, замона бизга ўчакишиб қолди, кел, кўнгил уйини қаттиқ тошдан ясай) деб фарёд қилади.

Наштаре дорам ниҳон дар синаи ҳар нолае.

Бас дили аҳли ситам афгор хоҳам карду рафт[10].

Ўзбекча насрий баёни:

(Ҳар бир ноламнинг кўксида яширин наштарим бор, у билан ситамгарлар аҳлининг дилини афгор қилиб кетмоқ истайман) каби сўзлари билан мамлакат маликасига зулм ва ситам қилишга ким жасорат қилди деган савол туғилади? Халққа қилинган зулм ва ситамни Зебуннисобегим ўзига қилинган жабр деб ҳисоблайди, чунки у халқнинг дарди билан бирга яшайди, халқ билан бирга нафас олади.

Кўп тарихчиларнинг  якдиллик билан айтишларига қараганда Зебуннисобегим Соҳиба жуда художўй, мўмин, мулойим қиз бўлиб, илоҳиётга оид асар ёзган ва “Қуръон”ни етти дафъа кўчирган экан. Ҳамма хаттотлар “Қуръон” ва бошқа китоблаарни кўчириб шу билан тирикчилик қилганлар, албатта. Бироқ, Зебуннисобегим хаттотликдан келадиган даромадга муҳтож эмас эди. Демак, у “Қуръон” ни кўчириш билан ўзининг диний эътиқодини мустаҳкамлаган, бу оғир касбдан руҳий озиқ излаган.

Ёхуд Зебуннисобегимнинг:

Ситам аз ҳад гузашт оҳи саҳар афрохтан дорад,

Ба заҳр олуда тире нолаи андохтан дорад.

Ситамгарон намедонам киро ғорат кунанд имшаб,

Сипоҳи нолау оҳам ҳавои тохтан дорад[11]

(Ситам ҳаддан ошди, саҳарги оҳ-нолаларим кўкка етди, нолам заҳарли ўқ бўлиб отилмоқда. Ситамгарлар бу оқшом кимни талон-тарож қилишини билмайман, оҳу нолаларим қўшини ҳужумга ўтиш хаёлида) деб зорланади. Халққа етказилган ситам, жабру жафога шоиранинг юраги дош беролмайди, афсуски унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.

  •  

Манам ки меҳнат-у ғамро зи ман жудойи нест,

Ба базми офиятам ҳеч ошнои нест.2.

Насрий таржима:

(Меҳнату ғам мендан сира ажралмайди, осойишталик базмида ҳеч ошнам йўқ) деб ҳасрат чекади. Зебуннисобегим Соҳиба бутун умрини осойишталикда, фароғатда ўтказмаган, у халқ дарди билан яшаган, халқнинг бахтсизлигини ўзининг бахтсизлиги деб билган ҳамда халқ манфаатини ўз манфаатидан ҳар доим устун қўйган, шунинг учун ҳам унинг номи тарихда қолди.

Гўзаллик, санъат, илм – Зебуннисобегимнинг идеали эди. У ўзининг бутун ҳаётини нафис санъатга, илмга бағишлайди. Зебуннисобегимнинг энг севган машғулоти: шеър ўқиш, шеър ёзиш, мусиқа тинглаш, дутор чертиш ва китоб мутолаа қилишдан иборат бўлган.

Шоҳларнинг зулм ва адолатсизлигидан нафратланиб, фақирларга юз ўгирган, бутун ҳаётини санъат–илмга бағишлаган санъаткор Зебуннисобегим Соҳиба биз учун қимматли ва севимлидир.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

1. “Ёрқин ҳаёт” журнали. 1940. № 3.         

2.Муҳаммад Аббосхон. Тазкираи хавотин. Тазкира.  139-бет.

3. “Субҳи гулшан”. 394-бет.

4.Ҳакимхон Тўра. Мунтахаб ут-таворих. Ўзбекча қўлёзманинг  99 - бети.

5.Турғун Файзиев.Темурий маликалар. А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – 53- 90 бетлар.

6.Тазкираи Ҳусайний . Тазкира.  324-бет.                           

7.“Шарқ юлдузи” журнали. 1947 йил. № 1.

8.“Кобул” журнали. 1934 йил. 10-сон. 47-58-бетлар.

9.Жалолов Т. Ўзбек шоиралари. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти.  – Тошкент: 1980.

10.Суҳайли Ж. Зебуннисо. “Мажмуаи шеърҳо”. – Душанбе: 4-бет.

 

Каримова С. Поэты с псевдонимом “Махфий”, жившие в  эпоху династии бобуридов. В статье речь идёт о четырёх поэтах с псевдонимом “Махфий”, живших в эпоху бобуридов: учитель Зебуннисобегим - Махфий,  учитель Абдурахмона Жомий - Махфий Тароштий и поэт Махфий Раштий, а также прибывший из иранского города Хорасана во времена правления падишаха Шохжахона поэт-писатель - Махфий. Более того, представлена подробная информация о трёх поэтессах, живших в эту эпоху и имеющих псевдоним “Махфий” - Салимабегим, Нуржахонбегим ва Зебуннисобегим..

 

Karimova S. Poets with pseudonym “Makhfiy” who lived in the epoch of Bobur’s dynasty. The article is about four poets with pseudonym “Makhfiy” who lived in the epoch of Bobur’s dynasty: teacher of Zebunnisobegim – Makhfiy, teacher of Abdurakhmon Jomiy – Makhfiy Taroshtiy, poet Makhfiy Rashtiy and poet-writer Makhfiy who came from Iranian city Khorasan in the reign time of Shokhjakhon. Besides, a detailed information about three poetesses of that epoch with the pseudonym “Makhfiy” has been presented: Salimabegim, Nurjakhonbegim and Zebunnisobegim.

 

 

[1]“Ёрқин ҳаёт” журнали, 1940. № 3.                 

[2] Муҳаммад Аббосхон. Тазкираи хавотин. Тазкира.  139-бет.

[3]“Субҳи гулшан”  асари.  394-бет.

[4] Ҳакимхон Тўра. “Мунтахаб ут-таворих”. Ўзбекча қўлёзманинг  99 – бети.

[5] Турғун Файзиев.Темурий маликалар. А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994.  - 53-90 бетлар.

[6] Ҳакимхон Тўра.  “Мунтахаб ут-таворих”.  Ўзбекча қўлёзманинг  104-бети.

[7]“Тазкираи Ҳусайний”.  Тазкира.  – 324 бет.

[8]“Шарқ юлдузи” журнали. 1947 йил. № 1. 40-43 бетлар.

  1. Суҳайли Ж. Зебуннисо. “Мажмуаи шеърҳо”.  59-бет.

[10]Суҳайли Ж.Зебуннисо.  “Мажмуаи  шеърхо”.  –Душанбе: 1940  йил. -38 бет.

[11]Суҳайли Ж. Зебуннисо. “Мажмуаи шеърҳо”. – Душанбе:  - 4бет.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati