Символлар турли фанларнинг тадқиқот объекти ҳисобланади, семиотика, маданиятшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик, фалсафа ва бошқалар шулар жумласидандир. Ушбу фанларнинг ҳар бири мақсади, вазифалари ва йўналишларидан келиб чиқиб символ тушунчасини турлича изоҳлайди. Аммо, ушбу таърифларнинг барчасини умумлаштирган ҳолда символ сўзининг луғавий маъносини хорижий сўзлар изоҳли луғатидан қуйидагича шакллантириш мумкин: Символ – 1) маълум бир жамоа (қабила) учун нарса, воқеа-ҳодисаларнинг шартли белгилари мажмуи; 2) бирор бир образ, тушунча, ғояни шартли равишда англатувчи предмет ёки ҳаракат; 3) маълум бир ғояни амалга оширишда кўмаклашувчи бадиий образ; 4) у ёки бу фан доирасида бирор бир тенглик ёки тенгсизликнинг шартли номланиши; 5) эътиқод рамзи – диний қарашларда мавжуд йўналишларнинг қисқа баёни (7, 464). Н. М. Джусуповнинг таърифига кўра, символ когнитив аҳамиятга эга бўлган универсал бирлик бўлиб, унинг концептуал негизида билим тузилмалари акс этган ҳамда у маъновий жиҳатдан маълум бир концептларни интерпретация қилиш имконини беради. Символ қуйидаги хусусиятларга эга: 1) адабий асарда такрорий қўлланилиши; 2) баъзи тил бирликларига урғу бериши; 3) билим тузилмаларини фаоллаштириши; 4) тил воситаларининг концептуаллашуви (6, 9). Шундай қилиб, символ мураккаб тил феномени бўлиб, таркибан катта ҳажмдаги эксплицит ва имплицит ахборотни ўзида мужассам эта олиши билан бир қаторда турли когнитив, маданий ва диний ахборотни ўқувчига етказиб беради.
Символлар ҳар бир дин ва диний йўналишларда катта аҳамиятга эга. Чунки динлараро мавжуд барча тушунчалар борлиқдаги у ёки бу конкрет ёки абстракт предмет, воқеа-ҳодисаларнинг символик акси бўлиб хизмат қилади. Диний-мифологик символлар инсонлар концептуал ва лингвистик дунёқарашидан чуқур ўрин эгаллаган бўлиб, кундалик ҳаётимизда биз билиб-билмай кўп бора уларга мурожаат қиламиз. Диний-мифологик символлар ишора этувчи предмети ёки воқеа-ҳодисасига кўра қуйидаги семантик гуруҳларга бўлинади: диний маркерланган символик зоонимлар, топонимлар, антропонимлар, рақамлар, ранглар ва фитонимлар (4, 208). Таъкидлаш жоизки, айрим диний-мифологик символлар барча динлар учун универсал характерга эга бўлса, айримлари қарама-қарши маъно касб этиши мумкин. Масалан, ранглар мисолида кўрадиган бўлсак, деярли барча динларда қора ранг ўлим, ёвузлик тимсоли бўлса, оқ ранг – беғуборлик, поклик рамзи саналади. Аксинча, қизил ранг яҳудийлик ва христианликда қон ва гуноҳ рамзи бўлса, қадимги Миср мифологиясида қизил рангнинг олов ҳамда ғалаба билан ассосиацияси тилга олинади.
Бадиий матнда символлар кўпинча аллюзиялар орқали ифодаланади. Аллюзия стилистик воситалардан бири бўлиб, машҳур адабий, диний, тарихий, мифологик факт, воқеа-ҳодиса, шахс ва жой номининг бошқа ёзма ёки оғзаки нутқ жараёнида келтирилишидир (5, 110). Аллюзия стилистик ва когнитив аҳамиятга эгалиги билан характерлидир: биринчидан, аллюзия прецедент матн орқали маълум бир билим тузилмасига ишора қилса, иккинчидан, реципиент матнда аллюзия кўпинча эмотив ва экспрессив характерга эга имплицит маънони ифода этади (1, 43; 2).
Мазкур тадқиқот доирасида адабий матнда айнан диний аллюзиянинг рамзий маъно касб этиши ҳолати таҳлил қилинади. Диний маркерланган аллюзиялар семантик қатламига кўра ишоравий характерга эга бўлиб, диний дунёқарашда у ёки бу нарса, воқеа-ҳодисанинг рамзий ифодаси бўлиб гавдаланади. Кўпгина ҳолларда диний маркерланган аллюзия ҳамда диний-мифологик символлар ўртасидаги чегара ювилиб кетгандек туюлади. Аммо, ҳар икки тушунча қатъий ўрнатилган қонун-қоидалар асосида юзага келади: 1) диний маркерланган аллюзиялар реципиент матнда маълум бир диний манбадаги предмет, шахс, воқеликка ишора қилувчи лингвистик восита бўлса, диний-мифологик символлар динларда мавжуд феноменларнинг рамзий маъносини ифодалайди; 2) диний маркерланган аллюзиялар интертекстдаги имплицит маънони очиш учун ўқувчидан диний билимини ишга солишни талаб этса, диний-мифологик символлар маълум бир прецедент манбага ишора қилмайди ва ўқувчидан катта кўламдаги билимни талаб қилмайди (4, 219).
Шундай қилиб, диний маркерланган аллюзиялар инсон онгида аллақачонлар шаклланган диний билим асосида предмет, воқеа-ҳодиса ёки шахсга нисбатан символик муносабатларни вужудга келтиради. Диний маркерланган аллюзиялар бирор диний манбадаги таниқли ҳодисотга (жонли ёки жонсиз) референт бўлиб, унинг реципиент матндаги воқеалар ривожи билан интеграциялашуви интертекстда диний маркерланган аллюзияларнинг символик аҳамиятини юзага келтиради. Қуйида диний маркерланган аллюзияларнинг айрим турларининг рамзий маъно ифодалаши бадиий матнлар таҳлили асосида кўриб чиқилади.
Диний аллюзиянинг символик аҳамиятга эга турларидан бири диний маркерланган аллюзив антропоним бўлиб, уни бадиий матнда ишлатиш орқали бирор бир диний манбадаги тарихий шахс ёки бадиий тўқимага ишора қилинади. Бадиий асарларда асли диний манбага тегишли бўлган антропонимнинг келтирилиши бежиз бўлмасдан, бундан кўзланган асосий мақсад реципиент матнда ўқувчига аввалдан диний билими орқали маълум бўлган муҳитни яширин тарзда яратиш ҳамда ўқувчидан диний маркерланган аллюзив антропонимнинг символик маъносини интерпретация қилишни талаб этишдан иборат. Универсал символ даражасига етган диний антропонимлар кўп бўлиб, қуйида шундай аллюзив антропонимлардан бирининг репрезентациясини бир нечта инглиз адабий матнлари таҳлили асосида кўриб чиқамиз. Кўпгина бадиий асарларда Инжилга референт, яъни интертекстуаллик воситаси сифатида фойдаланиладиган “Juda’s kiss” (Яҳудо ўпичи) аллюзив антропоними хиёнат тушунчаси рамзи сифатида интерпретация қилинади. Инжилга кўра, Яҳудо Ишкариот Исо пайғамбарга эргашган ҳамда ундан таълим олган 12 шогирдларидан бири бўлиб, Исо пайғамбар билан бошқаларга қараганда яқинроқ муносабатда бўлган. У ўша даврда ҳукрмронлик қилаётган Яҳудийлар ҳокимиятига Исо пайғамбарни топиб беришини ва буни ўпич орқали амалга оширишини ваъда қилади. Воқеа охирги тушликдан сўнг Исо пайғамбарнинг нутқ сўзлаб турганида содир бўлади. Айни шу вақтда Яҳудо бир тўда оломон ҳамда руҳонийлар билан Гетсеман боғига кириб келади ва аввал ваъда қилганидай ўпич билан белги беради, натижада Исо қўлга олинади: “Just as he was speaking, Judas, one of the Twelve, appeared. With him was a crowd armed with swords and clubs, sent from the chief priests, the teachers of the law, and the elders.
Now the betrayer had arranged a signal with them: “The one I kiss is the man; arrest him and lead him away under guard.” Going at once to Jesus, Judas said, “Rabbi!” and kissed him. The men seized Jesus and arrested him” (3).
Ушбу лавҳа христиан дини вакиллари учун жуда муҳим бўлган ва натижада Яҳудо исми, “Juda’s kiss” фразеологик бирлиги ҳозирги символлар луғатлари ва энциклопедиясида ҳам “хоин” тимсолини ўзида гавдалантиради.
Бадиий адабиётда “Juda’s kiss” иборасига ёзувчилар томонидан кўплаб мурожаат қилинган бўлиб, у “ўлим ўпичи”, яъни хиёнат рамзи сифатида талқин қилинади. Бошқача қилиб айтганда, бадиий асарларда Яҳудо образи тилга олиниши у ёки бу қаҳрамонга нисбатан хоин, хиёнаткор сифатлари қиёси берилганидан даракдир. Инглиз ва Америка адабиётининг турли даврларида кўплаб ёзувчилар томонидан Яҳудо диний аллюзив антропоними кўп маротаба фойдаланилган. Масалан, Уилиям Шекспирнинг “Ричард иккинчи” пьесасида ушбу диний маркерланган аллюзив антропонимга мурожаат қилинган:
O villains, vipers, damn'd without redemption!
Dogs, easily won to fawn on any man!
Snakes, in my heart-blood warm'd, that sting my heart!
Three Judases, each one thrice worse than Judas!
Would they make peace? terrible hell make war
Upon their spotted souls for this offence! (8)
Асарда ХIV аср воқеалари, хусусан, Плантагенетлар сулоласининг сўнгги вакили Ричард Иккинчининг тахтдан қулаши ва унинг ўрнини Ланкастерлардан бўлган Генри Болингброук эгаллаши воқеалари ҳикоя қилинади. Ричард Иккинчи бойликка ниҳоятда ружу қўйган, дўстлари билан биргаликда мазмунсиз вақт ўтказувчи, қироллик ва унинг авом халқига нисбатан эътиборсиз, қироллик ғазнасини исроф қилувчи ҳамда турли солиқларни ўз нафсини қондириш учун тез-тез жорий қилувчи ҳукмдор сифатида таърифланади. Ўз амакисини қотилига айланган ва халқ ғазабига учраган Ричард иккинчи жияни Генри Болингброук томонидан тахтдан ағдарилади ва кейинчалик зиндонда ўлдирилади. Юқорида асардан келтирилган парчада Ричард Иккинчи ўзига содиқ бўлган “дўстлари” Буши, Бегот ва Гринга нисбатан 3 нафар Яҳудолар дея хитоб қилади, яъни уларни ўзига хиёнат қилганликда айблайди: Ричард Иккинчи Англияга қайтгач, ўзига тегишли ҳамма нарсанинг Генри тасарруфига ўтиб кетганидан хабар топади ва ўзининг 3 нафар содиқ амалдорларининг (Буши, Бегот ва Грин) олдига келмаганлиги сабабини улар янги қирол томонига ўтиб кетиб, ўзига хиёнат қилганликда гумон қилади. Зеро, Буши ва Гриннинг аввалроқ Генри Болингброук томонидан қатл этилганлигидан ҳамда Беготнинг Ирландияга қочиб кетганидан бехабар ҳолда уларни Яҳудодан ҳам батарроқ хоинлар, деб атайди. Бу билан Ричард Иккинчи ўзини Исога қиёслайди (Исо пайғамбар ҳам душманларига ўз яқин кишиси Яҳудо томонидан сотилган эди). Лекин эътиборлиси шундаки, Ричард ўзини Исога қиёслаганида ўз тақдирини анчайин аламли дея баҳолайди: Исо пайғамбарга биргина шогирди Яҳудо хиёнат қилган бўлса, унга минглаб яқин кишилари хиёнат қилганини ўкинч билан хитоб қилади:
The favours of these men: were they not mine?
Did they not sometime cry, 'all hail!' to me?
So Judas did to Christ: but he, in twelve,
Found truth in all but one: I, in twelve thousand, none (8).
Генри Болингброук эса Ричарднинг гумашталарига (Бегот, Буши ва Грин) нисбатан “The caterpillars of the commonwealth” (умумхалқ, мамлакат мулки қуртлари) деб атайди ва уларни юлиб олиб, улоқтиришга ваъда беради (Which I have sworn to weed and pluck away).
Демак, Уилиям Шекспирнинг “Ричард II” пьесасидаги қаҳрамонлар Бегот, Буши, Грин ҳамда Инжилдаги Яҳудо ўртасидаги параллеллик қуйидагича умумлаштирилиши мумкин: Шекспир Яҳудо диний аллюзив антропонимини келтириш орқали ўқувчи кўз ўнгида ушбу 3 қаҳрамонни хоин сифатида гавдалантиради, зеро, диний билимга эга ҳамда диний дунёқараши шаклланган зукко ўқувчи ушбу ўхшатишни англашда ортиқча қийналмайди: Ричард қироллиги даврларида унга содиқ бўлган, уни қўллаб қувватлаб, унга хуш келувчи гапларни такрорлаган амалдорлар (The favours of these men: were they not mine? Did they not sometime cry, 'all hail!' to me?) унинг ҳукмронлиги адоғига етганида унинг ёнида эмас эдилар. Яҳудо ҳам Исонинг охирги тушликдан кейинги нутқида қатнашмайди, кейин эса уни ҳукумат кишиларига ушлаб беради.
Ҳозирги кунда ҳам Яҳудо диний аллюзив антропонимининг хиёнаткорлик рамзи сифатида талқин этилишига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, фикримиз далилини Климент Чипанденинг қуйидаги шеъри мисолида кўриш мумкин:
I am just a country
So be my patriot
Not a tourist that comes
And turns into Judas Iscariot
When darkness storms (9)
Ушбу шеърий тўртликда шоир Яҳудо Ишкариот номини келтириш орқали Инжилга кўра Исо парғамбарга хиёнат қилган Яҳудо образини ўқувчи онгида жонлантирмоқда ва ундан Яҳудога ўхшамасликка, яъни хоинлик қилмасликка чақирмоқда. Аҳамиятлиси, семантик қатламда patriot (ватанпарвар) сўзи Яҳудо Ишкариот номи билан зиддият, яъни антонимик маъно ҳосил қилган.
Кейинги тимсолий аҳамиятга эга тил бирлиги диний маркерланган аллюзив топоним бўлиб, диний манбаларда номлари келтирилган макон, манзил, жой номларига нисбатан ишора қилиш билан бир қаторда уларнинг кўпчилиги инсон концептуал дунёқарашида ўз рамзий аксига эга. Ана шундай машҳур диний ҳудудлардан бири Иуресалем – муқаддас ўлка рамзи бўлиб, Инжилга кўра Иуресалим нафақат Исроил, балки бутун дунёнинг маънавий ва диний пойтахти ҳисобланган бўлиб, унга муқаддас диёр, дея таъриф берилган. Бунинг асосий сабаби айнан шу ернинг қоқ марказида Худонинг уйи жойлашган, деб ишонганлар. Хусусан, Инжилда Иуресалим шаҳри номи тўртликларда қуйидагича ўз аксини топган:
‘Jerusalem shall be inhabited as villages without walls, because of the multitude of people and livestock in it. And I will be to her a wall of fire all around, declares the LORD, and I will be the glory in her midst” (Zechariah 2:2-5).
As the mountains surround Jerusalem, so the Lord surrounds his people, from this time forth and forevermore (Psalm 125:2).
“..But I have chosen Jerusalem that My name might be there, and I have chosen David to be over My people Israel.”
Демак, шаҳар Худо танлаган макон, унинг аҳолиси эса бошқа миллатларга нур сифатида таърифланган. Иуресалим Инжилда қуйидаги сўз ва сўз бирикмалари ёрдамида таърифланган: муқаддас, кўкдан тушган, безанган келинчак, ҳақиқат ўлкаси, муқаддас тепалик, шон-шуҳратли юрт. Аммо ушбу синономик қаторда Иуресалимга асосан муқаддаслилик нисбати доминантлик ҳосил қилган.
Иуресалим муқаддас шаҳар символи бўлиб, кўпгина асарларда интертекстуаллик белгиси, яъни диний маркерланган аллюзия сифатида фойдаланилган. Масалан, Уилиям Шекспирнинг “Генри Тўртинчи” пьесасида қирол Генрининг ўлими воқеаси тасвирланган қисмида Иуресалим аллюзив топонимидан фойдаланилган:
It hath been prophesied to me many years,
I should not die but in Jerusalem,
Which vainly I suppos’d the Holy Land.
But bear me to that chamber; there I’ll lie.
In that Jerusalem shall Harry die (10).
Адабиётлар:
1. Ashurova D.U., Galieva M.R. Stylistics of Literary Text. — Tashkent: Turon-Iqbol, 2016. — 272 p.
2. Ashurova D.U., Galieva M.R. Text Linguistics. — Tashkent, Turon-Iqbol, 2016. – 316 p.
3. Галиева M.Р. Теолингвистика: истоки, направления, перспективы. — Ташкент: Vnesh Invest Prom, 2018. — 250 c.
4. Гальперин И. Р. Текст как объект лингвистического исследования. — М.: Наука, 1981. — 139 c.
5. Джусупов Н. М. Лингвокогнитивный аспект исследования символа в художественном тексте. Авт. дис…к. ф. н. – T., 2006. – 29 c.
6. СИС – Словарь иностранных слов. – M.: Русский язык, 1989. – 624 c.
7. http://shakespeare.mit.edu/richardii/full.html
8. https://www.poetrysoup.com/poem/what_i_want_you_to_be_1255915
9. http://shakespeare.mit.edu/1henryiv/full.html
10.https://www.poetryfoundation.org/poems/54684/jerusalem-and-did-those-feet-in-ancient-time