Мухитдинова Назира Батирхановна,
Жиззах Давлат педагогика институти мустақил тадқиқотчиси
Калит сўзлар: макон ва замон концепцияси, олам тушунчаси, экспозиция, орзулар олами, реал ҳаёт, қоронғулик, ҳикоячи- персонаж.
Muxitdinova N. The poetic features of Araby" in James Joyce's Dubliners collection. The article deals with the poetic features of the text of the story of "Araby" in James Joyce's Dubliners collection. It also describes the structure of space and time in the story.
Мухитдинова Н. Поэтические особенности сборника Джойса «Дублинцы» (на материале рассказа «Аравия»). В статье рассматриваются поэтические особенности рассказа «Аравия» из сборника «Дублинцы» Джойса. В статье также описывается структура простанства и времени.
“Дублинликлар” тупламидаги охирги ҳикоя, қаҳрамоннинг ёшлик йиллари ҳақидаги “Аравия” ҳикоясидир. Шу ҳикоя билан китобдаги марказий образнинг биологик ривожи, шаҳар ва китобнинг биринчи қисми якунланади.
“Аравия” ҳикояси макон-вақт структураси учун юқорида таҳлил этилган олдинги новеллалар экспозициялари характерлидир: унда баён этилган воқеа тахминан бир кун мобайнида рўй беради (худди “Опа-сингиллар” ва “Учрашув”даги каби), бироқ уларни, чегаралари бузиладиган олам тасвири композицион жиҳатдан қамраб олади ва бу чегараларнинг бузилиши асарнинг сюжет асосини ташкил этади.
“Аравия” ҳикоясида чегаралари бузиладиган олам айнан орзулар олами. Бу белгиланган, жорий этилган тартиблар олами, у ҳикоячи-қаҳрамон қалбига биринчи муҳаббат ташрифи билан ўрнатилади. Ҳикоя экспозициясида унинг қишки вақтни ўтказиши баён қилинади: “Ҳар куни эрталаб мен меҳмонхона полига чўзилиб ва эшикка кўз тикиб ётардим. \...\ Бу ҳар куни такрорланарди”1. “Бу қиёфа мени ҳатто сурурли туйғуларни кўнгилга солмайдиган жойларда ҳам тинч қўймасди. Шанба куни кечқурунлари, холам харид учун отланганида, доим мен унинг ортидан сумкани кўтариб борарди \...\ ва ўзимнинг қадаҳимни душманлар тўдаси орасидан эҳтиёт бўлиб кўтариб бораётирман, деб тасаввур қилардим” (1, 27) ва ҳ.қ.
Ўрнатилган, жорий этилган тартиблар олами — бу қаҳрамон яшаётган уйдаги олам. Уй “боши берк кўчанинг охирида, қўшнилардан узоқроқда...” (1, 25), икки қаватли, ҳамма хоналарда ҳаво бўғиқ. Уйда қаровсизлик муҳри намоён: “боғ ташландиқ аҳволда, қазноқ эски кераксиз қоғозларга кўмиб ташланган” (1, 25). Қаҳрамон айни шу қаровсизликни, одамларнинг нарсаларга бефарқлигини қадрлайди: қазноқдаги қоғозлар уюми орасидан топгани — “Видок мемуарлари” номли китоб унга жуда маъқул бўлади, “...чунки унинг варақлари буткул сарғайиб кетган эди” (1, 25).
Бундай афзал кўришнинг сабаби тушунарли: қаҳрамон севиб қолган ва у севган қиз рўпарасида яшайди. Уйда ёлғизлик ҳукм суради, тепадаги қават бўм-бўш. “Баланд, совуқ, бўм-бўш, қоронғи хоналарда менга енгил бўлди, ва мен, хиргойи қилиб у хонадан бу хонага кириб юрдим” (1, 29). Бу уй орзуманднинг гўё қўрғоники, у бу қўрғонни, ёлғиз муҳаббат орзулари чегарасидан чиқиб, ташлаб кетишга уринади.
Ҳикояда “қиш” экспозициясига май воқеалари қарама-қарши қўйилган. Ёлғизликка чек қўйилади: “Ниҳоят у мен билан гаплашди” (1, 27). “Аравия” хайрия бозорига бориш имконияти қиз билан реал муносабатлар ўрнатиш имкониятини очади. “Аравия” олами, албатта — орзулар олами: “Бу оқшомдан сўнг менинг бошимда тушумда ҳам, ўнгимда ҳам қандай беҳисоб орзулар ғужғон ўйнади!” (1, 28). Бу орзулар энди ёлғиз орзулар, ўз қобиғига бекинган ўй-хаёллар эмасди, улар ҳаётга, реалликка айланишга ошиқарди: “Жиддий ҳаётий юмушларга менда тоқат етмасди, энди улар, мен ва менинг хоҳишларим ўртасида турар ва менга болалар ўйинига, зерикарли, бир хил болалар ўйинига ўхшаб туюларди (1, 28).
Ушбу асарни таҳлил қилган тадқиқотчилар, унинг экзотик номи билан содда прозаик мазмуни ўртасидаги фарқни тўғри таъкидлашган. Ҳақиқатан ҳам, қаҳрамоннинг новелла номида тимсоллаштирилган кўтаринки орзуси ва у чеккан афсус-надомат бу ҳикояда қўйилган муаммони кўп жиҳатдан белгилаб берган; бироқ улар муаммога нуқта қўймайди.
Ҳикояда реал оламга айланишга уринган орзу бардавомлигини тўхтатган лаҳзада орзулар олами барбод бўлади. Чегараларни бузиш (ёлғизлик) ушбу вазиятда ўзини ўзи танишга олиб келади: “Тепага, қоронғиликка қараб, мен ўзимни, шуҳратга берилган ва шарманда бўлган мавжудотни кўрдим, алам ва қаҳру ғазаб ёшлари кўзларимни куйдирди” (1, 31). Қоронғилик кўзга айланади. Чироқнинг ўчиши, қоронғилик тушиши ҳикояда умидларнинг барбод бўлиши тимсоли. Бироқ айнан қоронғиликда қаҳрамон ўзи билан ўзи — ёлғиз қолади ва ўзининг “шуҳратга берилган ва шарманда бўлган мавжудот” эканини билиб олади.
Яққол кўринадики, қаҳрамон ўзи ҳақидаги фикрлар билан банд, асло барча ташаббус-у ҳаракатлари тамомила барбод бўлишига сабабчи бўлган тоғаси ҳақида эмас: қаҳрамонга реал оламнинг шунчаки ғариб ноҳақликлари эмас, балки ўзи ҳақидаги ҳақиқат аён бўлади.
“Аравия” билан биринчи шахс тилидан айтилган ҳикоялар туркуми якун топади. Бу ҳикоя “Дублинликлар”нинг болаликка бағишланган қисмини хотималайди. Ҳикояда номатлуб, ўз қобиғига ўралган оламни, ўрнатилган, жорий этилган тартиблар дунёсининг чегараларини бузишга қилинган уринишлар баён этилади. “Опа-сингиллар”да чегараларни бузиш ҳикоячи-қаҳрамоннинг фаол, дадил иштирокисиз амалга ошади: ўрнатилган, жорий этилган тартиб, қатъийлашган маросимга табиий куч — ўлим аралашади. Бироқ бу аралашиш ўзида ҳеч қандай янги истиқболни ташимайди, ҳеч қандай янги оламни ваъда қилмайди: муайян муддат ўзини озод ҳис этган қаҳрамонга ўлим ва касалликлар оламининг куч-қудрати намоён бўлади.
“Учрашув”да ўрнатилган ижтимоий маҳдуд, берк оламдан қочиш ўсмирни маҳдуд, берк руҳий касаллик оламини кашф этишга олиб келади. Саргузаштлар ҳақидаги болаларча орзуни амалга оширишга уриниш реал ҳаётнинг хавфли учрашувига айланади, бироқ қалтис саргузашт характердаги учрашувга эмас: бунда олам очилмайди, кенгаймайди, аксинча, қаҳрамонлар кўз ўнгида бекилади, тораяди.
“Аравия”да муҳаббат орзуларининг берк олами, қаҳрамон унинг чегараларини бузишга уринганида: орзуни рўёбга чиқармоқчи бўлганида барбод бўлади. Оқибатда қаҳрамон ўзи билан ўзи — ёлғиз қолади: чегараларни бузиш уни ўз шахсий олами берк, чекланган эканини англаб етишга олиб келади. Китобнинг бу қисми биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинади, “санъаткор бевосита ўзига муносабати орқали образ яратади” (1, 404). Адабиёт тараққиётининг биологик методига биноан тўпламнинг дастлабки тўртта ҳикояси лирикани тақдим этади, бу Жойснинг эстетик назариясида санъатнинг биринчи ва қуйидаги тури2.
“Эвелин”дан бошланадиган, ёшлик ва балоғатлик ҳақидаги, ҳикоялар туркуми учинчи шахс тилидан ҳикоя қилинади. Ўқувчи ва матн орасидаги масофа ортади: атрофдаги олам ҳаётини энди биз бевосита унинг яқинида туриб кузатамиз. Гарчи тўпламнинг бу қисмидаги ҳикоялар учун персонажларнинг ички дунёсини бевосита очиб кўрсатадиган уларнинг ички нутқи характерли бўлса-да, шу билан бирга, муаллиф нуқтаи назарининг аралашмаслиги сақланади. Китоб организми санъат ривожининг навбатдаги босқичигача — эпосгача ўсиб боради: “бунда образ ўзига ва бошқаларга бавосита муносабатда берилади” . Ўқувчига олдинги новеллалардагидан кўра мураккаброқ нуқтаи назарлар тизими тақдим этилади. “Эвелин”да у камида иккита: Эвелиннинг ўзи ва муаллиф. Шу тариқа, ҳикояда икки хил даражадаги баҳо мавжуд. Муаллифнинг очиқ-ошкора баҳоси хикоянинг хотимасида жаранглайди: “Қиз унга рангпар юзини буради, беихтиёр, худди нажотсиз жонивордай. Унинг кўзлари йигитга севмай, видо айтмай, англаб-англамай қаради” (1, 36). Мана шу ўринда қаҳрамон ички нутқининг, унинг руҳий беқарорлиги мазмуни умумлаштирилади, англатилади. (“У қизни бу гирдобга тортаётир; у қизни чўктиради. \...\ Йўқ! Йўқ! Йўқ! Бу ақлга сиғмайди” ва ҳ.қ.).
Бу ҳикояда иккита макон-вақт структуралари қарама-қарши қўйилади: Эвелин олами ва унга уйланмоқчи бўлган йигит олами. Эвелин олами хотиралар олами, ўтмиш олами, болалик олами. Унинг уйи бу оламнинг мужассами. Уй — унинг бутун ўтмиш ҳаётининг, эскича тартиботларнинг маркази. Уни тарк этиш ҳаётни янгидан бошламоқ демак: “Бироқ янги уйда, узоқдаги нотаниш мамлакатда ҳаммаси бошқача кечади” (1, 33). Уй билан фақирона кечган болалик, оиладаги оғир турмуш, отасининг қўполликлари ва онасининг ҳаёти, “кўз илғамайдиган қурбонликларга тўла ва ақлдан озиш билан тугаб битган умр” ҳақидаги хотиралар боғланган. Бу уй маконида онасининг қисмати Эвелиннинг ўзининг тақдирида такрорланиши тайин. Бу хавфдан қаҳрамон қочиб қутулишга уринади. (“У онасининг титраб-қақшаб: “Ҳузур-ҳаловатнинг охири — дард! Ҳузур-ҳаловатнинг охири — дард!” дея уқтираётган овозини тағин эшитиб, титраб кетди” У “даҳшатча тушганга” ўрнидан ирғиб турди. “Қочиш! Қочиш керак!” (1, 35)).
Ҳикояда уйнинг ўзи тасвирланмаган, бироқ унинг бир қирраси кўп бор таъкидланган: яъни унинг чанг босгани, “қирқилган кретоннинг ҳиди”: “Уй! У хонага кўз югуртирди, ўзи неча йилдан бери ҳар ҳафта супуриб-сидирадиган ва ҳар гал бунча чанг қаердан йиғилади деб ажабланадиган барча таниш жиҳозларни кўздан кечирди” (1, 32)). Чанг ҳиди турғунлик ва ҳаётнинг ҳаракатсизлиги тимсоли.
Фрэнкнинг, биргаликда “...бошқа ҳаётни излаб \...\ жўнаб кетишга қарор қилган” йигитининг олами — кенг макон олами, экзотик мамлакатлар ва жўғрофий номлар дунёси. Йигит денгизчи. (“Чинакам саргузаштлар” маконини кашф этиш у билан боғлиқ ва бу саргузаштларни, “Учрашув” ҳикоясидаги болаларча орзу қилинган маконни “ватандан узоқда” излаш керак).
Ҳикоядаги воқеалар вақти шом. Эвелин ҳам кечқурун янги ҳаёт сари қадам ташлашга чоғланади: кечки кемага патталар сотиб олинган. Бироқ кечки пайт — ҳорғинлик, сарҳисоб ва дам олиш вақти, янги ҳаёт ва кечқурун бир-бирига мос келмайди, номувофиқ. Кеқурун Эвелин дераза олдида, чанг ютиб ўтирибди ва хотирлаяпти (“У дераза олдида, шом қоронғуси кўчани қандай забт этаётганига қараб ўтирарди. У боши билан пардага эгилди, димоғига қирқилган кретоннинг ҳиди ўтириб қолган. У ўзини ҳорғин ҳис қилди” (1, 32). Қаҳрамон уй муҳити ҳукми остида; дераза олдида ўтиргани (бутун ҳикоя давомидаги унинг туриши) — ҳолат, бу ҳолат маҳдуд макон чегараларидаги ҳаракатсиз мавжудликнинг, маҳдуд вақт такрорланадиган тақдирларнинг тимсолий аҳамиятини ифодалайди.
Ҳикоянинг хотимаси олдиндан белгиланган. Қаҳрамоннинг чегараларни босиб ўтишга, унга ўзгаришни туҳфа этадиган Сувнинг янгиланишини бошдан кечиришга қурби етмайди, бу уни қўрқитади: “Барча денгизларнинг тўлқинлари унинг юраги атрофида қутурарди. Йигит уни ана шу гирдобга тортаётир, йигит чўктиради уни” (1, 36). Денгиз сувлари қаърига чўкиб кетиши лозим бўлган ўтмиш, ватан қизни қўйиб юбормайди ва унинг ботинидаги шахсни ўлдиради. Жойс уни “чорасиз жонивор”га тенглаштиради.
Эвелин — “ёши ўн тўққиздан ошган”. У тақдир йўлини, албатта, танлайдиган ёшда, бироқ ожизлиги боис ғайратсиз, кучсиз, у ўзига юкланган макон чегараларини босиб ўтиб кетолмайди. Эвелин тақдири қиролича бўлолмаган қиз ҳақидаги ўзига хос эртакни намоён этади. Унда одатдаги эртак персонажлари: уйдаги оғир юмушларни бажарадиган етимча-қиз; қўпол-ота; қизни узоқ юртларга олиб кетишга ваъда берган соҳибжамол шаҳзода. Бироқ эртакнинг схемаси Дублиннинг очофат ҳаёти туфайли барбод бўлади. Унинг қуршовидан қаҳрамон чиқиб кетишга ожиз.
“Пойгадан сўнг” ҳикоясида ҳам шундай танлов вазияти тасвирланган. Унинг қаҳрамони “йигирма олти ёшлардаги йигит” (1, 38), яъни эркак киши танлов ёшида, Англия ва Ирландияда ўқишларини тугатганидан кейин, реал ҳаётни бошлайдиган ёш.
Агар “Эвелин”да ўқувчи кўз ўнгида ёш қиз, аёллар гавдалантирилса, “Пойгадан сўнг” ҳикоясида ҳаётга қадам қўяётган йигит, эркаклар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ҳикоя қаҳрамони ўқувчига катта байналмилал даврада намоён бўлади: икки нафар француз, венгр, кейинчалик уларга инглиз ва америкалик қўшилади. Уларнинг қайси миллатга мансублиги алоҳида таъкидланади. Ҳикояда иштирок этадиган шахслар структурасида нисбатан муҳимроқ боғловчи восита уларнинг миллий белгиларидир. Ҳикояда миллийлик қаҳрамонларнинг бир-бирига тобелигини ва уларнинг ҳаётдаги ютуқларини белгилаб беради.
Ушбу матннинг маконий структурасида воқеалар рўй берадиган Ирландия, Дублин, гарчи етакчи ўринни эгаллаган бўлса-да, бошқа мамлакатлар қуршовида намоён бўлади ва ўзига хос европа контекстидан жой олади. Ҳикояда тасаввурдаги эмас, балки қиёслаш учун реал маконий истиқбол, имконият пайдо бўлади.
Воқеалар автомобиллар пойгаси тасвири билан бошланади. Айни шу тасвир орқали икки макон: Ирландия ва континентнинг (Европа) қарама-қаршилиги кўрсатилган. (“Инчикор қирининг ўркачида, йўлнинг икки томонида, томошабинлар қайтиб келаётган машиналарни кўриб завқланиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилишган ва ушбу қашшоқлик, турғунлик канали бўйлаб континент ўзининг бойлигини ва техникасини кўз-кўз қиларди”. Ирландия — заиф ва тушкунликка тушган олам (“қашшоқлик ва турғунлик”, “эзилган, бироқ миннатдор ирландлар” (1, 37)), континент — ҳукмронлик олами (“бойлик ва техника”).
Ҳаракат йўналиши ҳам (“ҳукмдор олам”) ҳикоянинг бошида берилган: “Машиналар Дублинга томон елди” (1, 37). Бу икки оламнинг учрашувидаги асосий воқеалар айнан ўша жойда бўлиб ўтади ва учрашув лаҳзаси Дублин учун изсиз кетмайди: “Ўша оқшом Дублин пойтахт шаҳар ниқобини кийди” (1, 41).
Қаҳрамонларнинг ҳаракатга келиши, юқорида эслатилган ҳикоядаги икки оламнинг ўзаро яқинлашиши билан вақт-макон тавсифидаги ўзгариш динамикаси қуйдигича: кундуз куни — пойга машиналарида қисқа муддатли сайр, кўчада пиёда айланиш ва меҳмонхонада тушлик, тушлик пайти сиёсат ҳақидаги тортишувлар, “Инсоният” шарафига кўтариладиган қадаҳлар туфайлигина, жанжалга айланиб кетмасди; кечқурун: “хушбўй тутуннинг енгил булути”да Стивин-Грин паркида сайр (1, 41), “одамлар тўдалари ёнидан, \...\ қўнғироқчаларнинг қувноқ жаранги остида” (1, 41) автомобилда сайр, Кингстаун вокзалигача поездда сайр; оқшом ва эртаси куни тонгда: қайиқда сайр, яхта каютасида кечки овқат ва қарта ўйини.
Ёшларнинг кўнгилли сайрлари турли шаклдаги ҳаракатлар (ва шунга мувофиқ тезликнинг ўзгариши) билан алмашиниб туради, улар олами ниҳоятда серҳаракат, жўшқинликка тўла. Қаҳрамонлар берк, тор маконга тушиб қолишганда (меҳмонхона хонаси, меҳмонларга аталган макон) уларнинг муносабатлари кескинлашади, очиқ жойда улар ҳаётдан баҳра оладилар.
Жойс тасвирида алоҳида воқеа — яхта, бу жой очиқ денгиздаги ёпиқ, берк макон. Унинг каютасида, конфлитнинг алоҳида шакли, қарта ўйини бўлмоқда. “Иштиёқ тобора аланга олаётир ва ўртага банкнотлар ташланди” (1, 42). Ва Ирландия вакили, Жимми учун, бу қартабозлик тўқнашуви моҳиятан сиёсий баҳс-мунозара. Баҳсда Жимми ўзининг дўстлари билан тенг тортишади (“Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган Жимми, вужудида мудраб ётган отасининг ғайтрати қўзғалганини ҳис этди...” (1, 41). Ва баҳс-мунозара унинг қалбида афсус-надомат қолдирмади. Қартадан ютқазишнинг оқибати бундай эмас: “У ютқазганини ўйлаб эрталаб афсусланишини биларди, бироқ ҳозир карахт ҳолатдан чиқолмай бошқалар учун қувонди ва бу карахтлик кейин унинг бемулоҳазалигини оқлайди, у тирсаги билан столга таяниб ва бошини қўлига ташлаганча томирининг уришини санарди. Каютанинг эшиги очилиб, бўсағада, ёруғлик тасмалари орасида у венгрни кўрди.
— Тонг отди, жаноблар!” (1, 43).
Жимми учун, Ирландия, камситилган ва тушкунлик олами вакили учун континент вакиллари, бойлик ва ҳокимият вакиллар билан учрашув ҳам қарта ўйинида, ҳам маънавий ютқазишга айланади. Яхта каютасида, гарчи атроф очиқ макон бўлса-да, у ўзига хос асирликда. Бу Ирландиянинг аҳволига тимсол, гарчи эркин денгиз муҳити билан қуршалган бўлса-да, бироқ ўзи озод эмас. Шунингдек, Жимми ҳам қувноқ даврада, бир қарашда ҳамма тенгдек туюладиган даврада камситилган, чунки у — ирланд. Буни у тонг отганда англаб етади. Бу хўрлик камбағаллик оқибати эмас: байналмилал даврада скрипкачи-венгр камбағал, Жиммининг ўзини эса камбағал деб бўлмайди. Унинг камситилиши туб илдизи — унинг миллий туйғусида, азалдан келаётган Ирландия ва континент ўртасидаги нотенгликда.
Ҳикоянинг номи ўқувчи диққатини ҳикоядаги куннинг иккинчи ярмида кечадиган воқеалар тасвири билан қориштириб юборади. Ҳикоядаги асосий воқеа ирландлар камбағаллиги боис иштирок этолмайдиган пойгалар эмас. Муаллиф эътибори марказида бошқа мусобақа туради: Ирландия ва қолган жамики дунё. Бу оламлар фақат пойгадан сўнг бевосита тўқнаш келади. Ва бу курашнинг натижаси олдиндан ҳал этиб қўйилган. Ўзининг ирланд олами сарҳадларидан чиқиб, ғалабалар ва бойликлар оламига, ўзининг хорижлик дўстлари оламига дохил бўлишга уринган Жимми охир-оқибат ирланд “қороғи карахтлиги”га бўйин беради.
“Дублинликлар” тўпламининг ёшлик ҳақидаги ҳар иккала ҳикояси қаҳрамонлари ўз ватанлари асир этган чегараларни енгиб ўтмоққа ожиз. Қиз бола Эвелин ҳам, ёш йигит Жимми ҳам ўзларини айнан ёш инсонлар сифатида қурбсиз эканликларини намоён қилишади; ёшлик кучи, навқиронлик қуввати ва журъати, жасорат Дублинни, ўлим ва ожизлик оламини енголмайди.
Aдабиётлар:
J.Joyce. “Dubliners” and “A Portrait of the Artist as a Young Man”. Edited by M.Beja. – London: Basingtoke 1973. – 234 p.
Дж. Джойс. Дублинцы: Рассказы; Портрет художника в юности. Роман. Пер.с анг.
Том 1 – М; Знаменитая книга, 1993. – 1959 –с. 448.
Beck W. Joyce’s Dubliners. Substance, Vision and Art. – Durbam (N.C.), Duke University press, 1959. – p.233.
Gifford D. Notes for Joyce “Dubliners” and “A Portrait …” by D. Gifford. – N.Y.: Dulton, 1967. – p.187.
Гениева Е.Ю. Художественная проза Джеймса Джойса. Автореферат диссертации кандидата филологических наук. – М., 1972.
1 Дж.Джойс. Дублинцы: Рассказы; Портрет художника в юности. Роман. Пер. с анг. Т. 1 – М.: Знаменитая книга, 1993 – с. 26.
Бундан кейинги мисоллар шу нашрдан таржима қилиб олинади- муаллиф.
2 Гениева Е.Ю. Художественная проза Джеймса Джойса. Автореферат диссертации кандидата филологических наук. – М., 1972