Экзистенциализм адабиётиўтган асрнинг 30-60-йилларида кенг тараққий этган оқим. Экзистенциализм (лот. existentia – мавжудлик) – Биринчи жаҳон урушидан сўнг Ғарбий Европа ва АҚШ фалсафаси ҳамда адабиётида туғилиб кенг ёйилган, дунёни қабул қилиш ҳақидаги таълимот.
«Ҳаёт фалсафаси ёки Экзистенция» – бу ақлан англаш мушкул бўлган аллақандайдир шиддат. Амалда, инсон мавжудлигининг бутун мантиқи ўлимга томон йўналади. Шу билан бирга, инсон ўз умри ҳамда тақдирининг бетакрорлиги ва ўзига хослигини ўзи белгилайди, ўзлигини тинимсиз англаш ҳаракатлари мазмуни шундан иборат. Ниҳоят, умидсизлик ва гуноҳлар ҳисси инсон ўлими олдида қандайдир «манфий абсолют»га айланади, бу эса ўз навбатида уни «ўз-ўзига юзланиши, эркин қолиши»га, нимадандир «умид-илинж»туғилишига олиб келади[2, 5].Экзистенциализм адабиётида Ғарб тамаддунининг инқироз танглиги, мавжудликдан маъно йўқлигини ҳис қилиш, инсон ҳаётининг енгиб бўлмас фожеасини тасвирлаш, унинг ёлғизликка маҳкумлиги, ётсираш, бегоналик ҳисси, душман дунёда ташландиқ аҳволга тушиш, «чегара ҳолати»га тушган инсоннинг ахлоқий танлови акс этади.
Экзистенциализмга хос «Дунё – бу абсурд» деган фикр, инсон ва жамият ўртасидаги алоқа узилишидан пайдо бўлган. Экзистенциалист-файласуфлар инсонни ижтимоий, ирқий ва диний каби ҳар бири алоҳида, бир-бирига боғланмаган догмалардан ҳоли ўрганишга интиладилар. Улар фикрича, инсон ушбу мавҳум ва баъзан душманона бу дунёда мутлақ озод, шу билан бирга ёлғиз ҳамда ожиздир. Инсон атрофидаги муҳит унинг учун доимий хавф ўлароқ қабул қилинади. Файласуфлар ҳар тирик жонзотнинг шаксиз ўлимга маҳкумлиги мавзусига алоҳида эътибор қаратадилар. Улар дунёқарашидаги ўлим – бу ҳеч нарса: инсон йўқликдан келади ва вақти-соати етгач яна йўқликка кетади.
Экзистенциалистлар ўз олдиларига дунёни бир бутун тизим сифатида ўрганиб, тасаввур яратиш вазифасини қўймаган ва буни амалда имконсиз, деб ҳисоблаганлар. Оқибат – бу фалсафий оқим вакилларидан ҳар бирининг алоҳида, ўзига хос дунёқараши ҳамда қадриятлар тизими шаклланган.
Экзистенциализм йўналишининг таниқли вакиллари сифатида Россияда – Лев Шестов, Германияда – Карл Ясперс, Мартин Хайдеггер, Данияда – Сёрен Кьеркегор, Францияда – Жан-Поль Сартр ва Альбер Камю, Буюк Британияда – Айрис Мёрдок ва Уильям Голдинглар ҳисобланади. Экзистенциализм ўз моҳиятига кўра биполяр: диний қарашлар С.Кьеркегор томонидан тақдим этилган ва атеистик қарашлар даҳрий, К. Ясперс, Ж.-П. Сартр, А. Камю, Л.Шестов каби вакиллар томонидан тақдим этилган.
Даниялик Сёрен Кьеркегор (1813–1855) мазкур фалсафий йўналиш асосчиси саналади. Кьеркегорнинг фикрича, «сифат сакраши» орқали Худога етишиш мумкин [4, 115-248]. Яъни бунга онг-ақл воситасида эришиб бўлмайди. Кьеркегорнинг фалсафий позицияси – шахснинг мутлақ эркинлигидан иборат. Унинг фикрича, инсон Худо йўлида уч босқични босиб ўтиши шарт: эстетик, бунда инсон ҳаётдаги айрим лаҳзалар ташвиши билан яшайди; ахлоқий (этика), келажак қайғусида яшаш; ва диний – бунда инсон абадийлик шамолини ҳис этиб яшайди.
Карл Ясперс (1883 – 1969) – немис файласуфи. Мавжудлик ҳақиқатини излаётган А.Камю 1919 йили «Дунёқараш Психологияси» трактатини ёзиб, шу масалада унга мурожаат қилади. Бу илмий асарда адиб борлиқни экзистенциал англашга уринади. Унинг фикрича, умумжамоа ичидаги шахс ўз ҳаётини мақсад ва маъносиз, «ҳамма қатори» ўтказади. Бундай ҳолда инсон ўзидаги яширин истеъдодни, умуман, ўзининг кимлигини ҳам англамайди [6, 221]. Фақат истисноли ҳоллардагина инсондаги яширин қобилиятлар юзага чиқади: «бундай ҳолат «чегара вазияти»да юз беради – масалан, ўлим хавфи ёки инсон тақдирини тубдан ўзгартирувчи қарор қабул қилиш жараёнида, ушбу қарор унинг кундалик ва одатий ҳаётини кескин буриб юборади. Ана шундай лаҳзаларда инсон ўз асл «Мен»и билан юзма-юз келади, ўзлигини англайди, трансценденталлик билан боғланади. Трансценденталлик – Коинотнинг олий режасидир» [6, 224]. А.Камю, К.Ясперс фикрига қарама-қарши ўлароқ, инсонда экзистенциал ҳолатни англаш жараёнини бошқача тасаввур қилади: «Абсурд ҳисси ҳар қандай инсонни, исталган кўча муюлишида қамраб олиши мумкин» [3, 43]. А.Камю фикрича, бунинг учун қандайдир истисноли ёки «чегаравий ҳолат» бўлиши шарт эмас. Камю учун бу – доимий ҳолат, турмуш тарзи, бунинг устига – мавжудликнинг туб мағзи, моҳиятидир.Ж.-П. Сартр (1905–1980) фикрича, «…шахснинг эркинликка эришиши ва уни намоён қилиши ўта муҳим ҳаётий ва тақдирини белгиловчи танлов чоғида пайдо бўлади. Бундай вазиятда танловдан воз кечиш ёки ўзгартириш имконсиз бўлади (ўлим нафаси олдида, улкан йўқотишлар чоғида, якуний қарорга келиш жуда оғир бўлган вазиятдир)» [6, 230].Инсон ҳаёти занжирни эслатади, унинг ҳар бир ҳалқаси – тақдир қарори, экзистенциал танловнинг навбатдаги бошланиши. Тақдирни белгиловчи қарорлар: ўқиш жойи ва бўлажак касбни танлаш, умр йўлдошини танлаш, ишни ўзгартиришга қарор қилиш, сиёсий воқеаларда қатнашишга қарор қилиш. A.Камю инсон эркинлигини сира абсолют деб ҳисобламасди, бу унинг кундаликлари ва эсселарида («Сизиф ҳақида афсона») акс этган.Мартин Хайдеггер (1889–1976) наздидаги экзистенция – бу борлиқнинг алоҳида ҳолати. Шахснинг жамиятдаги ўрнини файласуф икки параллель маконда кўрсатади: «бошқалар ичра мавжудлик» ва «ўз мавжудлиги» [6, 344].
«Бошқалар ичра мавжудлик» шахснинг омма ичига буткул сингиб кетиши, барчани «тенг» ва «бир хиллиги»ни тақозо қилади. «Ўз мавжудлиги» эса инсоннинг ўзлигини бевосита англаши, ўз бетакрор «Мен»ини қадрлаши демакдир. Агар шахс эркинлик истаса, ўзини «бошқалар»дан фарқли кўриши ва бу ҳуқуқ учун курашмоғи лозим [6, 336]. Инсон фақат курашдагина ўзлигини намоён этиши мумкин. М.Хайдеггер фикрига кўра, инсон ҳаётининг бош мақсади – қиёфасиз ва рангсиз жамият, «ҳамма бир хил» омма ичида ўз шахсиятининг бетакрорлигини асраш ва ҳимоя қилишдан иборат. Хайдеггер фикрлари Камю ижодининг абсурдга бағишланган биринчи қисмида ўз ифодасини топган. «Сизиф ҳақида афсона» эссеси, «Бегона» қиссаси ва «Ёзув дафтарлари»да А.Камю жамият ақидалари ва тутумларига эргашмаслик, ўзликни сақлаш ҳақидаги фикрларни янада ривожлантиради. Камю бундай ёндашувни тўғри, аммо, хавфли, деб таъкидлайди: «Энг катта хавф: кимдир бировга ўхшаб қолмаслик» [3, 26].Шунингдек, бу йўналишнинг ўзига хос эстетикаси кўп жиҳатдан Ф. Ницшенинг адабий ижодда индивидуализм устуворлиги ва иррационал ибтидо ҳақидаги фалсафий қарашларига асосланган. Немис файласуфининг бадиий ижод табиати хусусидаги концепцияси асосида инсон руҳияти ва унинг ҳаётга муносабати хусусида «дионисий» и «аполлонлик» деган икки қараш ёрқин ифодаланган. Дионисий оқимига кўра, ибтидони ҳиссий унсур белгилайди, у инстинктнинг бошланғич кучидир. У афсоналар яратишда намоён бўлади ва инсонда англаб етилмаган фикр ҳамда донишмандлик тарзида яшайди.Ҳаётни англаб қабул қилиш, ўлим ҳақидаги фикрлар ва фожиали тақдирдан қочиш туйғуси Аполлонлик ақидасига хос.
Ницшенинг етук дунёқарашида «кескин индивидуализм» ва «ўта қудратли одам» ғоялари пайдо бўлади. «Худо ўлади ва ўшанда ҳамма нарсага ижозат бўлади», – дея башорат қилади Ницше. – Тенглик, адолат, озодлик ва ҳақиқат шундан сўнг «декадентлик аломати» саналади. «Ҳокимиятга нисбатан иррационал ирода» бош ҳаётий қадрият деб эълон қилинган. Ф.Ницше ўз қарашлари ва хулосаларига кўра экзистенциалист эмас, аммо, экзистенциалистлар кўп ҳолларда Ницшенинг бадиий матн табиати ва уни қабул қилиш борасидаги фикрларига мурожаат қиладилар. Таниқли санъатшунос ва сиёсатшунос М.Михайлов таъбирича, Ф.Ницше ХХ аср мавзуларини ёрқин белгилаган «буюк катализатор»дир. Унинг фикрий таъсири кўплаб ёзувчилар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди, файласуф тафаккури маҳсулидан илҳомланган адиблар, ушбу фикрлар орқали янги йўллар кашф этишди, гарчи уларнинг айримлари Ницшедан ўзга, ҳатто тескари томонга йўналса-да, бунда буюк файласуфнинг ҳиссасини қайд этмоқ адолатли бўлади [5, 203].
Н.А.Бердяевнинг фикрича, насронийлик инсониятнинг якуний мақсадини илгари суриб, одамзодни табиатдан узоқлаштирди: «Айнан антик дунё охири ва христианликнинг бошланиши, инсонни табиатнинг қандайдир ички ҳаётидан узоқлаштирди… Тавба-тазарру йўлига кирган одамзод ва табиат ўртасида тубсизлик пайдо бўлди. Христианлик… гўё табиатни ўлдираётир» [1, 28]. Дунёга Исо Масиҳнинг келиши инсонни озод қилди, уни табиатга қулларча мутелигидан қутқарди, «алоҳида мартаба бериб, самога кўтарди» [1, 60]. Инсон «тарих майдонига кетган» табиат ҳукмидан халос бўлган янги шахс сиймосини яратиши керак. Н.А.Бердяев таъкидлашича, «Тарих» – бу замонавий инсонни ўраб олган ҳамда тарбиялаётган барча жамоат институтлари, маданият, демакдир.
Францияда экзистенциализм немис фалсафаси (Э.Гуссерль, М. Хайдеггер, Ф.Ницше) таъсирида ёйила бошлади. Француз экзистенциализми ривожига Иккинчи жаҳон урушининг фожиали воқеалари ва Қаршилик ҳаракати таъсир кўрсатди. Франциянинг енгилиши ва оккупация даври воқеалари, Хиросима ва Нагасакига атом бомбалари (1945 йил августда) ташланиши билан боғлиқ даҳшатлар, урушдан кейинги йилларда «совуқ уруш»нинг бошланиши, инсоният бошига тушган бахтсизликлар занжир каби уланиб кетиши Абсурд фалсафасининг туғилишига олиб келди. Ушбу экзистенциал фалсафа ўз моҳиятига кўра инсон ҳаётидаги маъно-мазмун йўқолиши, одамзод тақдиридаги умидсизликка ечим топиш истагини акс эттиради. Айнан мана шу ғоялар яқин бир неча ўн йилликларда илғор француз зиёлилари тафаккурида пишиб етилди, мазкур ғояга бағишланган бир қанча роман ва пьесалар пайдо бўлиб, катта шуҳрат қозонди. Ушбу фалсафа, шунингдек, сиёсий доираларга ҳам таъсир кўрсатди, баъзан муштараклик, баъзида эса марксизм мафкураси билан зиддиятлар ҳам намоён бўлди.Абсурдга кўра инсон, ғофил ва ожиз, «озод бўлишга ҳукм қилинган» ва асло инсон қадр-қимматига зид ҳамда ёлғон қолипларга солинмаслиги шарт. Шу билан бирга, у ўзи қарши турган ҳар қандай вазиятга мазмун бахш эта олиши лозим.
Юқоридагилардан англашиладики, инсон ўз атрофидаги жараёнлар учун масъулиятли, вазият тақозоси инсонни «табиий» оқибатларга етаклайдими ёки инсон вазиятни назорат қилмоғи нималарга боғлиқ, деган савол ҳам масъулият самарасидир. Ушбу масъулият туйғуси натижада инсонни сиёсат билан яқинликка ундайди.
Библиография
Турсунова Н. Онтология свободы вэкзистенциализме. Одно из отличительных свойств литературы ХХ века – ее диалог с научной, гуманитарной мыслью эпохи, восприятие различных социологических, психологических, культурологических и философских концепций. После Второй мировой войны статус влиятельной философской системы приобретает экзистенциализм как явление и философского, и литературного порядка. Европейская литература, стремившаяся рассказать о потрясениях, каких история человечества еще не знала, была поставлена перед необходимостью заново осмысливать сложность и противоречивость такого феномена, как человек. Тем самым был дан толчок к сближению художественного мышления с философским экзистенциализмом.
Tursunova N. Ontology of freedom in existentialism. One of the distinctive features of the literature of the ХХth century is its dialogue with the scientific, humanitarian thought of the era, the perception of various sociological, psychological, cultural and philosophical concepts. After the Second World War, existentialism acquired the status of an influential philosophical system as a phenomenon of both philosophical and literary order. European literature, which sought to tell about the shocks that the history of mankind has not yet known, was faced with the need to rethink the complexity and inconsistency of such a phenomenon as man. Thus, an impetus was given to the convergence of artistic thinking with philosophical existentialism.