ЭМОЦИОНАЛ БАҲО КАТЕГОРИЯСИНИНГ ТАГМАЪНОДА (ИМПЛИЦИТ) ВОҚЕЛАНИШИ

Маълумки, инсон онги қаътий тартиботли тузилишга эга ва бундай тузилмадан воқелик ва маданиятнинг турли–туман қирралари аксида шаклланадиган ментал образлар майдонлари ўрин олади. Худди шу ментал образларда онгнинг лингвомаданий хусусиятлари ўз аксини топади (Петренко 1988). Образлар кўламида ҳаракат қиладиган инсон онгининг фаолияти икки кўринишда, яъни лисоний (нутқий фаолият, дискурс) ва нолисоний (мавҳум– тимсолий) кўринишларда кечиши мумкин. Улардан биринчиси “лисоний онг” ёки “оламнинг лисоний образи” атамасини олган бўлиб, турли вариантларда мавжуд бўлади (Леонтьев 1993: 16-21). Ҳар бир тил олам манзарасини ўзича шакллантириши худди шу вариантлилик билан боғлиқ.

Оламнинг онгда тўлиқ кўламда акс топмаслиги ҳам табиий, чунки ҳар бир шахс воқеликни қисман ёки умумлаштирган ҳолда “кўради”, ундан ўзи, жамоа ҳаёти учун муҳим бўлган жиҳатларни ажратиб олади. Лисоний онгнинг ушбу хусусияти инсон нутқий фаолиятида ҳам намоён бўлади. Олам манзараси ҳақидаги ахборот лисоний онгда ботиний нутқ шаклида пайдо бўлади, бироқ, ботинда ментал тузилманинг айрим қисмлари оғзаки  ёки ёзма баёнда бевосита шакл топмасдан қолиб кетиши мумкин. Биз “назарда тутаётган”, лекин, айтилмасдан қолган ёки ёзма баёнда акс топмаган маълумотлар балки узатилаётган ахборот мазмуннинг ажралмас қисмидир. Бундан ташқари, ушбу мазмундан у ёки бу лингвомаданият учун умумий бўлган ва айтилмасдан туриб тушуниладиган “фон билимлари” заҳираси ҳам мавжуд (Борьбатко 2007: 61).

Мулоқотда фикрнинг вербал воқеланишини таъминловчи лисоний коднинг ролини ҳеч ким инкор эта олмаса керак, лекин, кодсиз ифода усулининг мавжудлиги олимларни ахборот узатиш моделларини фарқлашга ундаб келмоқда. Прагмалингвистлар таклиф қилишган коммуникациянинг инференцияли модели (inferential theory of communication) кейинги даврда тобора оммалашиб бормоқда (Sperber, Wilson 1995). Ушбу назарияга биноан, мулоқот жараёнида сўзловчи ўз фикрини тингловчига тўлиқ баён қилишни кўзламасдан, балки уни тушунишларини кўзлайди. Нутқий тузилма ифодаланаётган мазмун ҳар доим ҳам пропозиция характерига эга бўлавермайди. Шунинг учун ҳам тингловчи хабар (message)нинг яширин қисмини контекст доирасида фаҳмлаб олиши керак бўлади (Оp. cit., p. 24-25).

Шунинг биргаликда, кўрилаётган ҳодиса, олдинги даврларда ҳам тадқиқотчилар диққатига тушганлигини эслатмоқчимиз. Ушбу ҳодисани мазмуннинг ошкора шаклда ифодаланишидан  фарқлаш истагида бўлган рус тилшунослари “подтекст”, яъни “матн ичидаги матн” тушунчасини амалиётга киритиб, ушбу тушунчани коммуникация иштирокчиларининг нутқий фаолияти, индивидуал услуби, шахснинг ички ҳис – туйғуси билан боғлиқ ҳолда ҳосил бўладиган “яшириш маъно” сифатида талқин қиладилар (Т.И. Сильман, И.В.Арнольд, Н.М.Мыркин, К.А.Долинин ва бошқалар). Шунингдек, матн тилшунослиги соҳасининг “импликация” терминига мурожаат қилиши ҳам диққатни жалб қилади.

Тилшуносликда “импликация” термини турли нуқтаи назардан ёритиб келинмоқда. Махсус луғатда ушбу термин сўзловчи томонидан назарда тутилган маънонинг тингловчи томонидан англашинилиши билан боғлиқ фаолият сифатида талқин қилинади (Ахманова 1969). И.В. Арнольднинг таърифича, импликация “матн бирликларининг ўзаро бирикуви ва муносабатлари асосида ҳосил бўладиган, аммо, вербал ифода топмаган қўшимча маънодир” (Арнольд 1982: 84). Замонавий ўзбек тилшунослигида изчил қўлланилаётган “тагмаъно” тушунчаси мазмун жиҳатидан “подтекст” ва “импликация” терминларига жуда ҳам яқин. М.Ҳакимовнинг тавсифича, “тагмаъно” тушунчаси ошкора шакл олмаётган маънони аниқ англаш ва тўғри тушуниш имкониятини яратади ҳамда яширин ифода бирликларидан бири бўлган бу ҳодисанинг ўрганилиши “лингвистик прагматиканинг марказий  масалаларидан биридир” (Ҳакимов 2013:94).

И. В.Арнольд олдинроқ эслатилган мақоласида “нафақат референтли–мантиқий ахборотни, балки субъектив–баҳо ҳамда эмоционал ахборотни ҳам ифодалаш қобилияти” импликациянинг фарқли белгиларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаган эди (Арнольд 1982:88). Объектга яширин ёки тагмаъноли баҳо берилишида ўша объект бевосита назарда тутилмасдан, балки диққат бошқа бир объектга йўналтирилади. Масалан, шахс бевосита ёки тўғридан–тўғри баҳоланмасдан, унинг бирор- бир белгиси, ҳаракати баҳо объектига айланади. Матнда яширин маъно ифодаланаётганида баъзан лисоний баҳо бирликлари бевосита ушбу шахс билан боғланмаса–да, лекин, билвосита унинг хислатларига ишора қилади. Жумладан,  “меҳрли табассум” иборасини эшитиб, шахснинг яхши одамлигини англасак, “истеҳзоли жилмайиш” ибораси, ўз навбатида, субъектнинг ёмонлигидан дарак беради.

Баъзи олимлар импликация ҳодисасини кенг кўламда тавсифлаш тарафдоридирлар. Улар ушбу ҳодисани пресуппозия билан тенглаштиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар (Стросон 1982). Тагмаъно ёки импликациянинг, М.Ҳакимовнинг таъбирича, “энг асосий хусусиятларидан бири нутқ иштирокчиларидан кимдир матндаги тагмаънодан бехабар бўлиши ёки сўзловчилар ўзлари назарда тутган фикрни маълум ички прагматик мақсад билан тагмаъно воситасида баён қилишидадир” (Ҳакимов 2013:14). Пресуппозициянинг асосий белгиси эса пропозияга зид тарздаги мазмуний муносабатнинг англанишидир (Маҳмудов 1986; Лутфуллаева 1997). Бундан ташқари пресуппозияни аниқлашнинг яна бир шарти–гапнинг маълум контекстга мос келиши, уни нотўғри тузилма сифатида қабул қилинмаслигидадир.

Шундай қилиб, тагмаъноли баҳо мундарижасида импликатив маъно ва пресуппозитив ҳукм яхлитлашиши мумкинлигини эътироф этиш лозим. Бошқача айтганда, ушбу ҳодисалар алоҳида бир мазмун атрофида фаоллашадилар.

Лингвистик адабиётларда “фаоллашув” термини талқинига турлича ёндашувларни учратамиз. Анъанавий тилшуносликда ушбу термин “виртуал тушунчанинг актуалга айланиши ёки тил бирлигининг нутқ доирасига кўчиши” мазмунида талқин қилинади (Балли 1955: 88). Бундай ёндашувда фаоллашув икки кўринишда, яъни ифода шакли ҳамда лисоний бирликнинг маъноси кўламида намоён бўлади. Бизни, албатта, иккинчи кўриниш, яъни маъно фаоллашуви қизиқтиради. Бундай ёндашувда ҳам маъно ва вазифавий ҳолатлари фарқланади. Фаоллашув жараёни семантик жиҳатдан таҳлил қилинаётганида мазмуннинг семантик бўлаклари эътиборга тушади ва у ёки бу бўлакнинг маълум нутқий контекстга мос келадиган коммуникатив маънони шакллантиришдаги роли ўрганилади.

Лексик маънонинг бу хилдаги функционал тадқиқида семалар фаоллашуви икки хил йўналишда содир бўлади: биринчисида белги–хусусият қуршовидаги лексемалар таркибида такрорланса, иккинчисида ушбу белги–хусусият шу сўзнинг ўзидаёқ тавсифланади (Беляевская 1988:89).

Шу аснода, баҳонинг лексик бирликлар маъносида яширин ёки имплицит ифодасининг табиатини аниқлаш учун қуйидаги саволларга жавоб излаш керак, деб ҳисоблаймиз: а) нима фаоллашмоқда?;  б) қандай фаоллашмоқда?

Биринчи саволга жавоб шундай бўлиши мумкин: мазмуннинг баҳо бўлаги воқелантирадиган баҳо объекти ва асоси ифодаланади; иккинчи саволга жавоб: маънонинг баҳо бўлаги ва бетараф маъно бўлаклари вариантлашуви натижасида яширин баҳо объекти равшанлашади; ниҳоят, учинчи савол имплицит баҳо семасини фаоллаштирувчи омиллар ҳақидадир.

Қуйида айнан феъл туркумига оид айрим лексемалар маъносидаги имплцит (яширин) баҳо семаларининг фаоллашув ҳолатларига тўхталмоқчимиз.

Биз танлаган гуруҳдаги феъллар семантикасида имплицит баҳо имкониятдаги сема сифатида мавжуд. Ушбу феълларни тавсифий усул татбиқида таҳлил қиламиз. Бундай сема сўз луғавий тавсифида маълум лисоний кўрсаткичлар, бошқача айтганда, металексемалар воситасида белгиланади. Бизни қизиқтираётган “имкониятдаги сема” эса тавсифда ҳеч қандай кўрсаткичга эга бўлмаслиги мумкин.

Олдинроқ айтилганидек, баҳо семаси фаоллашувининг функционал жиҳатлари ўрганилишида феъл семантик структурасида унинг коммуникатив вазифасига боғлиқ ҳолда юзага келадиган ўзгаришлар назарда тутилади. Шунингдек, яширин баҳо маъносининг фаоллашув ҳолатларини таҳлил қилишда нолисоний омилларнинг ролини белгилаш ҳам зарур бўлади.

Луғавий бирликларнинг у ёки бу семантик бўлаги фаоллашувининг контекст билан боғлиқ жиҳатлари бир қатор ишларда атрофлича ёритилган. Ш. Сафаров ёзаётганидек, “маъно доимо лисоний материалда гавдаланади, бундай гавдага эга бўлмаган маъно узуқ–юлуқ бўлиб қолаверади, яхлит мундарижага эга бўла олмайди. Аммо, маъно ва шаклнинг мужассамлашиши, бирдамлиги уларнинг қоришиб кетишидан дарак эмас. Улар ўртасидаги муносабатлар турли–туман, бири иккинчисини такрорламайдиган. Зеро, ягона бир маъно турлича ифода топиши мумкин бўлганидек, биргина моддий бирлик турли маънога эга бўлиши ҳам доимо кузатиб турилади” (Сафаров 2013:299). Турли муҳитларда маънонинг баҳо компоненти фаоллашади, интенсив кўриниш олади ва вариантлашади. Ҳатто, сўзнинг баҳо бўлаги маълум коммуникатив шароитларда қарама–қарши маънони ифодалаши ҳам мумкин. Масалан, қиёсланг: Сизга қойилман, Мўтал полвон, сизнинг шунақанги ишларингизни билиб юрганим учун бу ерга чақиртириб келдим-да! (Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”).

Кўнгилни оғритмай, эҳтиёткорлик билан жавоб бермайсанми? “Пул топдим. Бекор овора бўпсиз” эмиш. Қойилман – е, сендай йигитга! Ҳикматилло эртага учиб кетса ҳам бир сари эди (О.Ёқубов. “Биллур қандиллар”).

 Келтирилган контекстларнинг биринчисида қойилман жумласи ижобий субъект баҳони  ифодалаётган бўлса, иккинчисида бу баҳо салбий мазмунга эга бўлмоқда. Маънолар тараққиётидаги зиддиятларни энантиосемия термини ёрдамида изоҳлашаётган Н.Маҳмудов ва Ё Одиловлар тузишган луғатда бу хилда маъно вариантлашувига кўплаб мисоллар келтирилган (Маҳмудов, Одилов 2014).

Г.Г.Кошелнинг фикрича, ижобий ва салбий баҳо маънолари вариантлашуви турли омиллар, шу жумладан, лексик қуршов таъсирида юзага келиши мумкин (Кошель 1980). Яна бир тадқиқотчининг фикрича, “лексик бирликлар эмоционал баҳо маъносини аниқлашда маълум баҳо кўрсаткичлари, яъни дескрипторларни излаб топиш керак бўлади” (Пляц 1989:58). Бундай дескрипторлар, коннотатив мазмун, матндаги сўзловчининг нутқ предметига муносабатини билдирувчи бирликлар, сўзловчининг ҳис–туйғулари, хатти–ҳаракатини ифодаловчи контекст унсурлари шулар жумласидандир. Лексик маъно таркибига эмоционал–баҳо элементининг сингдирилиши айрим лисоний омилларга ҳам боғлиқ. Масалан, бу ҳолат ажратувчи боғловчилар ёрдамида шаклланадиган синтактик–конструкцияларда, баҳо лексемалари билан бетараф бирликларнинг биргаликда қўлланишида, матнда маънонинг метафорик тус олишида кузатилади.

Имплицит баҳо кўпроқ сиёсий дискурсга хослигини инобатга олиб, таҳлил учун шу  жанрга оид мақолаларни танладик. Ушбу мақолаларнинг коммуникатив  мақсади АҚШ ва Буюк Британия сиёсатдонларининг  хатти–ҳаракати, сиёсий– ижтимоий фаолиятини тасвирлаш ва уларга баҳо беришдан иборатдир.

Танланган матнларнинг таҳлили давомида имкониятдаги имплицит баҳо семасига турли гуруҳларга оид феъллар эга бўлиши маълум бўлди. Мисол тариқасида hop–scotch феълининг қуйидаги матн парчасида фаоллашувини таҳлил қилиб кўрамиз:

So last week, as we hop–scotched with the president through five European countries in five days, the travelling press corps was on the look–out for signs that would confirm 43's inexpience in and his distaste for the art of diplomacy. He definitely had his momentsin Sweden, Bush was expounding on the spread of AIDS in the Third World when he confidently told reporters, “Africa is a nation that suffers from incredible de sease”. And in Spain, his first stop, the President commited the novice’s faux pas of actually kissing a Queen (sophia) – once on each check – when protocol requires that a commoner’s lips never get near those of royal.  (Perhaps Bush thought that as a distant relative of Britain’s Queen Elizabeth he was exempt from the protocol) [Time Magazine].

Ушбу матнда АҚШнинг собиқ президенти Бушнинг хатти–ҳаракатлари баҳоланмоқда. Шу жумладан, hop–scotch феъли унинг саёҳат усулига ишора қилса, мулоқот одати expound феъли ёрдамида ифодаланмоқда. Шунингдек, commit феъли унинг ҳаракатларига жамиятда ҳукмрон бўлган этик меъёрлар нуқтаи–назаридан баҳо беришга ёрдамлашмоқда.

Hop–scotch феъли hopscotch отидан конверсия усулида ясалган. Ушбу отнинг луғатдаги тавсифи: “a children’s game in whiel  a stone is thrown onto numbered squares and each child hops and jumps from one to on other (LLC 1992). (Ўзбек маданиятидаги “ҳаккаламачоқ” ўйинига ўхшаш).

Merriam–Webster Online луғатида to hop–scotch феълига “to move as if by hopping” тавсифи берилганини инобатга оладиган бўлсак, Бушнинг Европа мамлакатлари бўйлаб саёҳат усули яширин тарзда салбий баҳоланмоқда. Зеро, ҳаккалаб юриш болаларга хос баҳоланмоқда. Зеро, ҳаккалаб юриш болаларга хос одат.

Имкониятдаги имплицит маъно айнан ҳаракат хусусиятини тавсифлаш (hopping–“ҳаккаламоқ, сакрамоқ, ҳатлаб ўтмоқ”–BUED 2013) орқали намоён бўлмоқда. Мақола муаллифи қўлланилаётган фаоллаштирувчи бирликлар воситасида номланаётган ҳаракат белгилари янада батафсил баён қилинади ва оқибатда to hot–scotch феъли семантик структурасида баҳо семаси етакчи ўринга чиқади. Муаллиф Бушнинг хатти–ҳаракатлари бачкана кўриниш олганлигини таъкидлаш учун контекстга inexpierence (lack of practical experience; lack of knowledge of the ways of world)ва novice (one that begins something; especially as unexperienced person MWOD) сўзларини киритади.

Ижобий баҳонинг салбийга айланишини to expound “баён қилмоқ, айтиб бермоқ” феълининг қўлланишида кузатамиз.

Луғатларда ушбу фелънинг маъноси қуйидагича изоҳланади: expound - 1.A. To set forth: state b. to defend with argument. 2. To explain by setting forth in careful and often elaborate detail. 3. To make a statement: comment (Meriam – Webster Online); expound – fml. To give a reasoned (appreciative clearly thought out; based on reason) and detailed account or  explanation of (LLC 1992).

Мазкур изоҳлардан expound феълининг асосий сигнификатив белгилари “баён қилмоқ”, “тушунтирмоқ” ва “шарҳламоқ” эканлиги маълум бўлади. Демак, луғатлардаги изоҳларда ушбу феълнинг имкониятдаги (яширин) баҳо семасига эга эканлиги қайд этилмоқда ва изоҳда appreciate сўзининг қўлланиши бу баҳонинг ижобий ҳарактерини белгиламоқда.

Бундан ташқари, Longman dictionary of language and culture луғатида келтирилаётган fml ишораси expound сўзининг адабий тилга хослиги ва расмий мулоқот муҳитида қўлланишидан дарак бермоқда. Шу гуруҳдаги феълларнинг публицистик матнларда қўлланишида, Н.И.Тропина шарҳига биноан, “уларнинг коннотацияси бир томонлама йўналиш олади: халқаро мавзудаги материалларда улар, асосан, киноянинг эмоционал–баҳо тусини олишига туртки беради” (Тропина 1989:37).

Келтирилган  матнда киноя эффекти ҳосил бўлишида moment отининг ҳам улуши бор. Бу сўзнинг луғавий маъноларидан бири “a time of excellence or conspicuousness”эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, унинг бир пайтда ижобий ва салбий баҳоларни ифодалаши мумкинлигини кўрамиз. Аммо, биз таҳлил қилаётган матнда киноя мазмуни устунлик қилаётгани сабабли, ушбу феълнинг салбий баҳо семаси фаоллашмоқда. Мазкур контекстда incredible (“too extraordinary and improbable to be believed; hard to believe - MWO” ) сифатининг қўлланиши ҳам ўринли эмас, чунки унинг воситасида сўзловчининг хабар предметига нисбатан эмоционал баҳо муносабати ифодаланади.

Мазмундаги баҳо белгисининг салбийликка томон ўзгаришига expound феълининг матнда турли салбий баҳо семасига эга бўлган бирликлар билан муносабатга киришуви таъсир кўрсатмоқда. Масалан, to commit a faux pas бирикмасидаги  to commit “бирор нарсани нотўғри ёки ноқонуний бажариш” маъносини ифодалаётиб, faux pas оти билан бирикувда салбий баҳо семасини фаоллаштиради. Салбий баҳо, бундан ташқари, ушбу контекстда actually равишининг пайдо бўлиши билан янада таъкидланади. Маълумки, Merriam – Webster Online  луғатида faux pas сўзи “a  social mistake, in words or behaviour; social blunder” кўринишида берилган.  Бу  ерда mistake ва  blunder сўзлари оддий синонимлар қатори сифатида такрорланмасдан, балки faux pas сўзининг мазмунидаги эмотивлик буёғини таъкидлаш учун қўлланмоқда (қаранг: Пряшникова 1999: 15).

Матнда faux pas ва commit сўзлари баҳо белгиларининг изчил кучайиб ва жамланиб бориши кузатилади. Агар Буш аввал ўз нутқида nation тушунчасини бутун бир қитъага  нисбатан қўллаб, хатога йўл қўйган бўлса (Africa is a nation…), кейин эса қироличани ўпиб қўйиш билан расмий қабул қоидасига зид ҳаракатни бажармоқда (faux pas of actually kissing a Queen). Бу гапда faux pas отининг “ижтимоий хато” (social blunder) маъноси фаоллашмоқда. Шунингдек, парчадаги охирги гапда exempt (“free or released from some liability”) сифатининг қўлланиши натижасида commit феълининг “ноқонуний” (illegal) мазмунида эмоционал–баҳо хусусияти фаоллашмоқда.

Шундай қилиб, феъл ва бошқа сўз туркумларига оид лексемалар маъносидаги имплицит баҳо белгиларининг фаоллашуви матнида кўзланаётган умумий коммуникатив мақсадни амалга оширишнинг муҳим воситаси хизматини ўтамоқда. Мақолада кўзланаётган мақсад – Бушнинг хориждаги сафар давомидаги хатти–ҳаракатлари салбий баҳога лойиқлигини кўрсатишдир.

Навбатдаги матн таҳлилида имплицит салбий баҳонинг ижобий мазмун олишини кузатамиз: 

            But somehowBlair came out of the week in better shape than he went into it. If he wasn’t exactly in control, at least he looked more commanding and confident. He easily parriedcriticism in Parliament; vowel to “hold firm to the course we have set out”, with or without the UN; cannily attacked the French for making war more likely seized on George W. Bush’s promise of a “rood map” to Israeli – Palestinian peace (Time Magazine, 2003).

Келтирилган парчада муаллиф Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр хатти–ҳаракатларига баҳо бераётганини кўрамиз. Биринчидан, Блэрнинг маълум вақт оралиғида ҳолати баҳоланмоқда: in better shape than he went into it. Шундан сўнг, контекстнинг ижобий баҳоси confident “ишонч билан” easily parrel “осонгина қайтарди, бош тортди”, vowed “онт ичмоқ”, cannily “эҳтиёткорона” каби бирликлар қўлланиши билан таъкидламоқда, айнан шу феъл–кечимлар воситасида Блэрнинг ҳаракатлари баҳоланмоқда.

Mariam–Webst–Online луғатида parry феълига берилаётган изоҳда (to evade especially by an adroit answer) adroit сўзининг борлиги унинг мундарижаси ижобий баҳо семасига эгалигидан дарак беради. Ижобий баҳо семаси, шунингдек, parry феълининг skillful сифати билан бирикишида ҳам намоён бўлади. Easily равиши, ўз навбатида, confident, яъни “ишнинг осон бажарилиши” семасига ишора қилади. Шунингдек, Vow “тантанали ваъда бермоқ” (to promise solemnly; mode with great seriousness and no intention of breaking it – LLC  1992) феъли тавсифида ҳам ижобий баҳо бўёғи мавжуд. Ушбу феъл воситасида матнга киритилаётган иқтибосдаги firm сифати имкониятдаги ижобий баҳони фаоллаштирмоқда.

Мазкур матн парчасида attack феълининг иккинчи маъноси фаоллашмоқда to speak or write strongly against with intention of shouringsmth. to be bad or worthless (LLC 1999); to assail (severlycriticise) with unfriendly or bitter words. Феълнинг ушбу маъноси бир матннинг ўзида салбий (unfriendly, bitter) ва ижобий баҳо компонентларига эга эканлиги маълум, аммо, ушбу контекстда show ва expose синоним сўзларининг иштироки attack феълининг ижобий баҳо семаси фаоллашувига сабаб туғдирган.

Ушбу матнда attack феълининг ижобий баҳо семаси фаоллашувига туртки берадиган асосий манба унинг бир қатор ижобий мазмундаги феъллар билан муносабатга киришувидир. Имплицит баҳонинг фаоллашуви бош вазирнинг шахсиятини тавсифлаш вазифасини ўтамоқда. Мақола муаллифи уни ўзига ишонган, ваъдасида турадиган, таклифларни қабул қила оладиган шахс сифатида таърифламоқда.

Хуллас, имплицит маънонинг сиёсий ва публицистик матнларда фаоллашуви кўп босқичли жараёндир. Таҳлил қилинган ҳолатларда яширин баҳо семаларини фаоллаштирувчи ролини киноя ифодаси, матнда иштирок этаётган эксплицит баҳо бирликлари, феъл маъносининг метафоралашуви каби контекстда намоён бўладиган воситалар бажаради. Шунингдек, тил тизимида имплицит баҳо маъносига эга бўлган феъл, нутқ жараёнида ушбу маънони зоҳиран ёки ошкора фаоллаштирувчи бирликка айланади.

Айтиш жоизки, газета–публицистик функционал услубининг бошқа услублардан фарқли жиҳатлари, унинг тил хусусиятлари, ифода имкониятлари тилшунослар томонидан кузатилиб келинмоқда. Мамлакатимиз олимларидан А.Абдусаидов (2005), Д.Тешабоева (2011) оммавий ахборот воситаларининг тил хусусиятларини ўрганишган бўлса, А. Пардаев ва Д.Саъдуллаевнинг ишларида публицистик жанрнинг ифода воситалари, стилистик жиҳатлари ёритилган (Пардаев ва бошқалар 2006; Саъдуллаев 2005). Газета матнининг социолингвистик нуқтаи назардан тадқиқи Ғ.Раҳимовнинг монографиясида ўз аксини топган (Раҳимов 2017: 106-125). Лекин, баҳо категориясининг публицистик матнда тагмаъноли ифодаланиши масаласи унчалик даражада ўрганилганича йўқ. Баҳо воситаларининг прагматик имкониятларини ёритишга бағишланган тадқиқотларда нутқий актлар перлокутив самараси ҳамда баҳо муносабатларининг матбуот дискурсига оид жиҳатлари керакли меъёрда ўрганилмаган. Матбуот дискурсида баҳо ўзига хос мақомда намоён бўлади, у нарса–ҳодисаларнинг хусусиятларидан кўра кўпроқ уларнинг ижтимоий мавқесига йўналтирилади. Бунда баҳонинг лисоний воқеланишида, энг аввало, ижтимоий ҳаёт ҳодисаларининг инсон фаолияти билан боғлиқ жиҳатлари, унинг мақсади акс топади. Ушбу турдаги дискурсда рационал баҳо ижтимоий ҳарактердаги меъёр, намуна, тасаввурларга асосланса, эмоционал баҳо эса жамоавий онг таъсирида шаклланади. Ижтимоий меъёр асосида шартланадиган маъно даражалари кўпинча баҳо стркутурасининг имплицит унсурига айланади. Масалан, қуйидаги парадигматик қаторларни ташкил қилувчи сўзлар баҳони тагмаъноли ифодалаш қобилиятига эга:

profit – rake – off – chunk – pickings – loot;

take – ove – sell – out – hive – off;

  propaganda– brainwashing – ballyhoo;

protest – ontory–squeal – hullabaloo;

expert – pundit – witch – doctor – whiss – kid;

alliance – collaboration – hook – up.

            Ушбу гуруҳдаги  rake–off, pickenge, shark, hive–off, ballyhoo каби сўзлари маъносидаги баҳога лойиқ хусусиятлар турли прагматик кўрсаткичлар воситасида баҳоланади ва кўрсаткичлар луғатлардаги тавсифларда акс топади (қаранг: жадвал - 1)

 

 

Баҳо имкониятига эга сўзлар

Баҳо кўрсаткичи мавжуд луғавий тавсиф

Ассоциатив – образ асоси

rake off

Usually suggesting dishonestly share of profile

money that may be removed from the centre of the gambling table

shark

grasping and dishonest rogue 

fierce,  voracious fish

Ballyhoo

loud  or sensational advertising or propaganda

loud talk, uproar 

                       

 

Бундай прагматик қатор аъзоларининг қўлланиш контексти бир текис эмас, уларнинг ижобий ва салбий баҳони ифодалаш имкониятлари ўзгариб туради. Масалан, collaboration  оти ва collaborate феълининг луғавий маъносида баҳо кўрсаткичи бўлмаса-да (қиёсланг: to collaborate – to work in conjuction with another, produce, produce work jointly–MWO), бироқ, контекстда баҳони тагмаъноли ифодалаши мумкин. Масалан:

            The objectors pointed out that collaboration with the employers would lead to the demise of shop steward and rank–and–fill organization and would deliver the members into the hands of the bosses (US News and World Report).

            Шу турдаги парадигматик қаторлар газета матнларида у ёки бу шахс, гуруҳ ҳаракатларига салбий баҳо беришда қўлланилади:

            while the brasshates and  the City tycoons engage in this free–for–all, the Cabinet spends most of its time trying to put new shackles on the trade union (Morning star).

Матбуот тили таҳлилида айрим сўзларнинг прагматик мазмуни жамиятда ҳукмрон бўлган ижтимоий–сиёсий нормалар ва баҳо мезонлари билан боғлиқ эканлигини инобатга олиш керак. Масалан, propaganda  сўзининг салбий баҳо маъно бўлаги унинг номинатив структурасида баҳо унсурига эга бўлган бирликлар билан бирикувида тагмаъноли юзага келади (black propaganda, propaganda gimmlick):

The anonymous authors of the blak propaganda in that union busting had failed to check  my facts. Баҳо газета матнларида баён структурасининг ажралмас қисмига айланади, у умумий прагматик мазмун билан уйғунлашиб, турли муносабатларга киришади. Баҳо  маъноси  матннинг бутун сатҳи бўйлаб ёйилиб, унинг контекст,  мулоқот вазияти билан боғлиқ тагмаъноли баҳо мазмуни шаклланишига ҳисса қўшади.

Адабиётлар

1. Абдусаидов А. Газета жанрларининг тил хусусиятлари. филол. фан. док. дисс. автореферати. – Т.; 2005.

2. Арнольд И.В. Импликация как прем построения текста и предмет филологического изучения // Вопросы языкознания, 1982. - № 4. – С.83-91.

3. Ахманова О.С.Словарь лингвистических терминов.–М.: сов. Энциклопедия, 1969. – 608 с.

4. Балли Ш. Общая лингвистика и вопросы французского языка. – М.: Изд-во иностранной литературы, 1955. – 416с.

5. Белявская Е.Г. Актуализация лексического значения: формирование коммуникативных  вариантов слова в тексте // Коммуникативная единицы языка и принципы их описания. – М.; 1988. – С. 80-95.

6. Борабатько В.Г. Принципы формирования дискурса. От психолингвистики к лингвосинергетике. – М.: URSS, 2007-288 c.

7. Леоньтев А.А. Языковое сознание и образ мира // Язык исознание. – М.: РАН, 1993. – С. 16-21.

8. Лутфуллаева Д.Тасдиқ гапларда инкор ва шаклий–мазмуний номунофиқлик. филол. фан.номз.... дисс.автореф. – Т.; 1997. – 26 б.

Маҳмудов Н. Пресуппозиция ва гап // Ўзбек тили ва адабиёти. 1986. № 6. – Б.28.

9. Маҳмудов Н., Одилов Ё. Сўз маъно тараққиётида зиддият. Ўзбек тили энантиосемик сўзларининг луғати.  -Т.: Akademnashr, 2014. – 288 б.

10. Пардаев А., Рузиев Ф., Мухаммадиев Х. Журналиcтикада тил ва ифода. – Т.: Истиқлол,  2006.

11. Петренко В.Ф. Психосемантика сознания. – М.: Изд-во МГУ, 1988. – 207 с.

12. Пляц А.Л. Дерогативация прагматически направленных наименований (на материале политический лексики). Дисс… канд. филол. наук.  – М.; 1989. – 227 с.

13. Пряшникова Н.И. Об аспектах изучения системности эмотивной лексики // Английский лексикон и дискурс: когнитивный и прагматические аспекты. – М.; 1999. – С. 13-23.

14. Раҳимов Ғ. Инглиз тили Ўзбекистонда: социолингвистик ва прагматик кўрсаткичлар. – Т.: Tamaddun, 2007. – 268 б.

15. Саъдуллаев Д. СМИ: Язык. Стиль. Толерантность. – Т.: ZarQalam, 2005. – 242 с.

16. Сафаров Ш. Семантика. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2013. – 344 б.

17. Стросон П.Ф. Идентифицирующая референция и истинностное значения // Новое в зарубежный лингвистике. Вып. 13. Логика и лингвистика. – М.: Радуга, 1982. – С. 109-133.

18. Тешабоева Д.М. Оммавий ахборот воситаларида нутқ маданияти. – Т.: Фан  ва технология, 2011. – 224 б.

19. Тропина Н.И. Глагол как средство речевого воздействия. – М.: Изд-во МГУ, 1989. – 95 с.

20. Sperber D., Wilson D. Relevance: Communication and Cognition.–Oxford–Cambridge MA, 1995.

Луғатлар

21. LLC 1992 – Longman Dictionary of language and culture. – L.: Longman, 1992.

22. MED–Macmillian English Dictionary for Advanced Learners. – L.: Macmillian Publ., 2002.

23. Merriam–Webster Online Dictionary–www. Merriam–webster.com

Манбалар

James Carney. In Europe, Bush Amazes and Confounds the Natives // Time Magazine, 2001. June 20.

James Geary. Seven Days in Hell // Time magazine, 2003. March, 116.

O’Henry. Selected Stories. – M.: Просвещение, 1987.

Мансуров М. Мангу жанг (роман). – Т.

Сулайманова Н. Возникновение категории эмоциональной оценки в имплицитной форме. В этой статье обсуждается роль лингвистического кода в вербальном общении в лингвистическом исследовании, а также тот факт, что коммуникационная модель общения, предложенная прагмалингвистами, становится все более популярной в последние годы.

Sulaymanova N. The emergence of the category of emotional evaluation in implicit form. This article discusses the role of the linguistic code in verbal communication in linguistic research, as well as the fact that the communication model of communication proposed by pragmalinguists has become increasingly popular in recent years.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati