Қўчқорова Садоқат Тошпўлатовна,
СамДЧТИ ўқитувчиси
Калит сўзлар: фольклор, фольклорист, миллий қадриятлар, сеҳрли эртаклар, cтруктурал таҳлил, классификатор.
Маълумки, инсон бунёд бўлган замонларданоқ, атрофини ўраб турган олам, табиатда рўй бераётган ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган. Бу муносабат аввал турли тақлид ва овозлар, хатти-ҳаракатлар орқали намоён қилинган бўлса, вақт ўтиши билан уларнинг ўрнини сўзлар, қўшиқ ва рақслар эгаллади. Одамлар дунёнинг пайдо бўлиши, табиатнинг бўрон-у тошқин кўринишидаги инжиқликлари, ҳайвон-у ўсимликлар, тоғларнинг пайдо бўлиши ҳақида ривоятлар, халқ орасидан чиққан алп қаҳрамонларни алқаб, афсоналар яратдилар, йигит ва қизлар ўз муҳаббатларини изҳор этиб қўшиқ айтдилар, оқил ва мард шаҳзода, гўзал ва ақлли малика, одил подшоҳ орзусида эртаклар тўқидилар, бошдан ўтказган кечмишлари ва ҳаётий тажрибаларини мақол ва панд-насиҳатларда мужассам этдилар. Ушбу сўз бирликлари ёзув пайдо бўлгунига қадар, халқ орасида оғзаки тарзда авлоддан-авлодга етказилиб, халқ оғзаки ижоди деб ном олган ва унинг дунёда жамики халқларнинг адабиётига пойдевор бўлиб хизмат қилгани шак-шубҳасиздир. Ушбу бирликларда ҳар бир халқнинг қарашлари, хулқ-атвори ва удумлари жам бўлганлиги боис, уларни миллий қадриятлар деб ҳам аташади. Илмий атамашуносликда халқ оғзаки ижоди фольклор деб аталади ва у биринчи марта 1846 йилда инглиз олими Уильям Томс томонидан таклиф қилинган бўлиб, у folk - халқ ва lore – удумлар, яъни халқ билими, халқ донолиги деган маънони билдиради.1 Ушбу атама кенг маънода халқ томонидан яратилган барча санъат намуналарини, масалан, меъморчилик, наққошлик, ганчкорлик, миллий асбоблар, миллий либослар, мусиқа, рақс ва оғзаки адабиёт намуналарини англатса, тилшуносликда у эртак, матал, ривоят, мақол, халқ қўшиқлари каби халқ оғзаки ижоди маҳсулларини ифодалаш учун қўлланилади.
Фольклорнинг чуқур ўрганилган жанрларидан бири эртак барча халқларнинг оғзаки ижодида энг қадимийси ва кенг тарқалгани ҳисобланади. Масалан, бутун дунё бувилари ва ота-оналарининг эртак “репертуари”даги рўйхатининг юқорисидан жой олган “Қизил қалпоқча” эртагини яратилиш тарихига бир назар соламиз. Ҳаммамизга таниш қизил қалпоқчали қизалоқ ҳақидаги биринчи эртаклар XIV асрда француз деҳқонлари томонидан ҳикоя қилинган. Ушбу даврдаги эртак сюжети бироз “қонли” тусда бўлиб, унда бувини “паққос туширган” бўри кампирнинг эти ва қонидан қолдириб набирани “сийлайди”. Машҳур эртакнинг қадимийлигини тасдиқловчи яна бир фактлардан бири бу – Франциянинг Бурж шаҳридаги XIV асрга мансуб Жак Кер саройи ташқи безагида акс этган саватча кўтарган қалпоқчали қизча тасвиридир. Ушбу эртакнинг энг қадимги ёзма манбаси эса X асрда яшаган Лиежлик диний мактаб ўқитувчиси Эгберт де Лиежнинг диний ва ахлоқий шеърлар, мақол ва масалларни жамлаган Fecunda ratis (тўла кема) асаридаги De puella a lupellis, яъни Бўрилар томонидан раҳм қилинган қизалоқ ҳикояси ҳисобланади. Асрлар давомида ушбу эртакнинг юздан ортиқ вариантлари юзага келди ва улардан энг аҳамиятлилари Шарл Перро ва ака-ука Гриммларникидир. Айнан ака-ука Гриммлар талқинида ёвуз бўрини ўлдириб, Қизил қалпоқча ва бувисини қутқариб олган ўтинчилар персонажи киритилди.
Европада эртак жанри устида энг кўп илмий изланишлар олиб борилган давр дея XVI-ХVII асрларни кўрсатиш мумкин. Италияда 1634 йилда Жамбатиста Базиленинг “Пентамерон” ёки “Эртак” деган тўплами нашр қилинди. Бир оз вақтдан сўнг ушбу асар, болалар учун тарбиявий ғояга эга Болалар учун овунчоқ номи остида таҳрир қилинган шаклда чоп этилди. Францияда айнан шу даврда, ёзувчилар, айниқса аёл ёзувчилар ушбу соҳада сезиларли муваффақиятга эришдилар. Ушбу рўйхатнинг бошида Мадам д’Олнуа тахаллуси остида асарларини чоп эттирган, асли исми Мари Катрин д’Олнуа бўлган, зодагонлар оиласида туғилиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини бошидан ўтказгач, Парижда ўзининг шахсий адабий-сиёсий салонини ташкил қилган ёзувчи аёл туради. У 1697 йилда “Сеҳрли эртаклар” (Contes de fées), 1698 йилда “Янги эртаклар ёки русумдаги парилар” (Contes nouveaux ou le fées à la mode) асарларини нашр эттирди. Мадмуазель Леритье, Мадмуазель Бернар, Мадмузель де ла Форс, Мадам д’Онейларнинг исмлари ҳам ўша давр адабий салонлар аҳли орасида тез-тез такрорланадиган номлардан эди.
Халқ эртакларига бўлган қизиқиш 1697 йил Шарль Перро ўзининг “Ўтмиш замон эртаклари”, (Contes du passé avec Moralités) асарини чоп эттиргандан сўнг, айниқса кучайди. Ёзувчи ушбу эртакларни яратишда манба сифатида миллий ва халқаро (хусусан, итальянларга мансуб) доирадаги рицарлик романлари ва оғзаки ижод намуналарига мурожаат қилди. Кейинчалик, “Она ғоз эртаклари” номи остида қайта-қайта нашр қилинган ушбу асарда катталарга мўлжалланган, юқорида келтирганимиз “Пентамерон” 1550-1553 йилларда икки томда чоп этилган, Уйғониш давридаги итальян ёзувчиси, Европада сеҳрли эртаклар мушобири (бобоси) ҳисобланган Жованни Франческо Страпароле қаламига мансуб “Қувноқ кечалар”(Les nuits facétieuses) асарининг ҳикоялари ўша давр зодагонларининг мезонлари асосида айнан болаларга мўлжалланган ижод намуналарига айлантирилди2.
Ака-ука Гриммлар томонидан 156 та немис халқ эртакларини биринчи марта 1812 йилда асл шаклида, 1814 йилда эса болаларга мўлжалланган қайта ишланган шаклда “Болалар ва оилавий эртаклар”( Kinder und Hausmärchen) номи билан нашр этилиб, кейинчалик “Ака-ука Гримм эртаклари” номи билан машҳур бўлган асарнинг чоп этилиши билан эртакларга бўлган иштиёқ янада мустаҳкамланди, дейиш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, юқоридаги зикр этилган ёзувчи ва адабиётчиларнинг асарларидан илҳомланган бутун дунё ёзувчилари ўзлари туғилиб ўсган ўлкаларида яратилган эртакларни тўплаш ва нашр қилишга киришдилар. Ушбу ёзувчилар қаторида бу соҳада анча самарали тадқиқотлар олиб борган валуалик Жерар де Нервал, шотландиялик Эндрю Ланг ёки даниялик Ганс Христиан Андерсенларнинг номларини келтириш мумкин.
Ака-ука Гриммлар Европа халқлари эртаклари сюжетидаги аниқ ўхшашликларни аллақачон исботлаб берган бўлсалар-да, бутун XIX аср давомида фольклорчилар эртакларнинг келиб чиқиши юзасидан изланишларини турли халқлар оғзаки ижодидаги умумий жиҳатларни ёритишга сарфладилар. Ушбу соҳада икки хил қараш ёқловчилари ўртасида баҳс-мунозара кучайди. Булар немис филологи, Макс Мюллер(1823-1900) бошчилигидаги Қиёсий мифология Мактаби тарафдорлари бўлса, иккинчиси инглиз этнологи ва маданиятшуноси, этнология ва антропологиянинг асосчиларидан бири, Эдвард Бёрнетт Тайлор (1832-1917) етакчилигидаги Антропологик мактаб намояндалари эди. Филологлар эртакларнинг келиб чиқишини ёзма манбалар орқали ҳинд-европа халқлари маданияти, хусусан, санскритда излашга ҳаракат қилган бўлсалар, антропологлар, аксинча, инсоний жамиятларнинг умумий келиб чиқишини ўрганишни изланишларининг дастури қилиб олдилар. Бир мавзу юзасидан икки хил қараш томонлар ўртасидаги курашни авж олдирди. Қиёсий мифология мактаби намояндалари эртакларни мифлардан келиб чиққан деб таъкидлашган бир пайтда, иккинчи назария тарафдорлари улар мифлардан-да олдинроқ яралган бўлиб, улар “ёввойи давлат” кўринишидаги ибтидоий тузилманинг қолдиқлари деган фикрни олға сурдилар3.
ХХ асрнинг 20-йилларида ижод қилган рус этнографи Владимир Пропп (1895-1970) ўзининг “Сеҳрли эртакнинг тарихий илдизлари” (Исторические корни волшебной сказки), “Эртак морфологияси” (Морфология сказки) номли асарларида бу икки мактаб намояндалари ва бошқа олимларнинг қарашларини таҳлил ва мисоллар асосида изоҳлаб берган. Хусусан, эртакнинг морфологик асосида миф ётади деб фикр билдирган4. Рус олими 1928 йилда нашр эттирган “Эртак морфологияси” асарида сеҳрли эртакларнинг тузилишига оид тадқиқотлар олиб борди. Ушбу изланишлар жараёнида у юзта рус халқ эртаги матни таркибини таҳлил қилди. Унинг фикрича, рус эртакларида 31 та (мас: бош қаҳрамонга нимадир етишмаслиги, қаҳрамоннинг етишмаётган нарсасига эга бўлиши, унга нимадир қилишнинг таъқиқланиши, таъқиқнинг бузилиши, кучли рақибга дуч келиши, хавфли сафарга чиқиш, сафар якуни каби) лавҳалардан иборат бўлади ва ушбу хатти-ҳаракатлар асосан еттита ҳаракатланувчи персонаж томонидан амалга оширилади: 1. Зиён келтирувчи (вредитель); 2. Совға берувчи (ёки таъминловчи) (дарител или снабдитель); 3. Ёрдамчи (помощник); 4. Қидирилаётган персонаж (шоҳ қизи ёки шоҳ) (искомый персонаж; царевна или её отец); 5. Жўнатувчи (отправитель); 6. Қаҳрамон (герой); 7. Сохта қаҳрамон (ложный герой).5
Ўтган асрда яшаб ижод қилган АҚШ Калифорния университети профессори, фольклорист Ален Дюндес (1934-2005) В.Проппнинг 31 функциясини умумлаштириб гуруҳларга ажратиши орқали структурал таҳлилни барча эртаклар учун қўллаш имконини берди.
Эртакларнинг тадқиқ қилиш баробарида уларни классификация қилиш учун ўша давр олимлари томонидан ўнлаб намуналар таклиф этилди ва уларда эртаклар, асосан сюжети бўйича таснифланган эди. Улардан салмоқлиси сифатида немис олимлари Йоханнес Больте ва Георг Поливкаларнинг 1913, 1915 ва 1918 йилларда чоп этилган уч томлик “Ака-ука Гримм эртакларига изоҳлар”(Anmerkungen zu den Kinder – und Hausmărchen der Brüder Grimm) асари тилга олинади. Ушбу китобда Гриммлар тўпламига киритилган ҳар бир эртак остида унинг бутун дунёда мавжуд вариантлари келтирилган эди. Охирги томнинг сўнгида 1200 дан ортиқ адабиётлар рўйхати берилган бўлиб, улар орасида кичик эртаклар билан бирга 1001 кеча ва рус олими Афанасьевнинг 400 та эртак матнини ўз ичига олган йирик тўпламлар ҳам мавжуд эди.6
Ҳозирги кунда ҳам халқаро миқёсда аҳамиятини йўқотмаган ва кўпгина халқ эртакларининг таснифи учун мезон бўлиб хизмат қилган, бу – Аарне –Томпсон классификаторидир. Финляндиялик фольклоршунос олим Антти Аарне (1867-1925) 1893-1898 йилларда Санкт-Петербургда ўқиди. 1908 йилда эртакларни қиёсий ўрганиш бўйича докторлик диссертациясини ёқлади. 1910 йилда у юқорида айтиб ўтганимиз эртакларнинг классификаторини ишлаб чиқди. Ушбу классификатор 1965 йилда америкалик тадқиқотчи Стит Томпсон (1885-1976) ва 2004 йилда немис олими Ханс-Йорг Утер томонидан тўлдирилди.
Ушбу классификатор бўйича эртаклар қўйидаги гуруҳларга бўлинади:
Ҳайвонлар ҳақида эртаклар. Ушбу турдаги эртак қаҳрамонлари ёввойи ва уй ҳайвонларидир. Улар инсонлар билан биргаликда иштирок этганларига кўра уларни сеҳрли эртакларга ҳам қўшишади. Лекин, қаҳрамонлар фақат ҳайвонлардан иборат эртакларга нисбатан ушбу атама сақлаб қолинган. (Мас: Қафасдаги арслон, Сусамбил ва ҳ.)
2. Аслий эртаклар. Улар учта турга ажратилади:
А) Сеҳрли эртаклар. Ушбу эртаклар мураккаб тузилмали, келиб чиқиши дин билан боғлиқ бўлмаган ғайритабиий унсурларни ўз ичига олади. (Масалан, Этик кийган мушук, Уйқудаги малика, Оппоғойим ва ҳ.)
В) Авсонавий эртаклар.
D) Алданган (аҳмоқ) шайтон ёки дев ҳақидаги эртаклар. Бу турдаги эртакнинг қаҳрамони одатда саргузаштталаб эркак ёки ўғил бола ва ушбу қаҳрамон чув туширадиган динга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган шайтон ёки гўл дев ҳисобланади.
3. Латифа эртаклар. Ушбу турдаги эртаклар энг катта туркум ҳисобланади ва турли мазмундаги эртак намуналарини ўз ичига олади. Масалан, бу турдаги эртакларда бойлар, кучлилар ва мавжуд тузумнинг, шу билан бирга кучсиз, касалманд ва аҳмоқ инсонларнинг устидан куладилар. Одатда, эртак қаҳрамонлари айёрлик билан бирон ёғли жойга эришган майда одамлардир. Яна бундай турдаги эртакларга бир гап ёки хатти-ҳаракат такрорланадиган эртаклар, ов ва балиқ ови, мамлакатлар ҳақида лоф айтилган эртаклар ҳам киритилган.
Ушбу таснифда биринчи гуруҳда 1 дан 299, иккинчи гуруҳда 300 дан 1199, учинчи гуруҳда 1200 дан 1999 гача рақамланган эртаклар ўрин олган. У кўп тилларга таржима қилинган, унинг асосида миллий эртакларнинг классификатори яратилди. Жумладан, француз олимлари Пол Деларю 1957 йилда бутун Франция давлатига қарашли ҳудудларнинг (мустамлака ерлари билан қўшиб) ва франкофон давлатларнинг (Канада ва б.) халқ эртакларининг миллий каталогини яратишга қўл урди ва бу иш 1965 йилдан 2000 йилгача бошқа бир олим – Мари-Луиза Тенез томонидан давом эттирилди. Собиқ иттифоқ фольклоршунослигида Аарне каталоги, айниқса В.Пропп томонидан қаттиқ танқид остига олинганига қарамасдан, 1929 йил рус олими Н. Андреев томонидан таржима қилинди. Олим унга рус халқ эртакларидан ҳам қўшимчалар киритди.
Ўзбек халқ эртаклари ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу жанрнинг бизнинг ўлкада ҳам жуда қадимдан мавжуд эканлигини XI арда яратилган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк ” асарида “эртак” атамасининг “этук” тарзида қўлланганлиги ҳам исботлайди. “Эртак” термини Ўзбекистоннинг барча вилоятлари аҳолиси учун жуда яхши таниш бўлса-да, турли ҳудуд вакиллари ушбу жанрга хос бўлган асар турини турли номлар билан аташган. Масалан, Бухоро атрофидаги туман-қишлоқларда, шунингдек бошқа ерлардаги икки тилда (ўзбек ва тожик тиллари) сўзлашувчи аҳоли ўртасида “ушук” деб аталади, тошкентликлар “чўпчак”, фарғоналиклар “матал”, хоразмликлар “варсақи” дейишса, баъзи ҳудудларда “ўтирик”, “тутал” каби атамалар ҳам учрайди7.
Юртимизда ушбу жанрнинг ўрганилиш жараёни хусусида Мансур Афзалов илмий ишида алоҳида тўхтаган. Ўзбек эртакларига бўлган илмий эьтибор XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошланган ва ўз вақтида Миён Бузрук Солиҳов, Ҳоди Зарифов, Ходи Расул, Буюк Каримов каби олимлар томонидан ўрганилган. Кейинчалик бу фаолиятни К.Имомов, Ғ.Жалолов, Ҳ.Раззоқов, Ж.Юсупов каби олимлар давом эттиришди.
Ўзбек халқ эртакларини К. Имомов ва М.Афзаловлар уч турга бўлишган: ҳайвонлар ҳақидаги, сеҳрли-фантастик ва маиший эртаклар. Лекин Аарне каталогидаги каби ҳайвонлар эртакларини сеҳрли эртаклар қаторига қўшиш масаласида турли хил фикрлар айтилган. М.Афзалов ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг ўзида турли фарқланувчи асарлар борлигини айтади.
Халқ эртакларида инсоният ижтимоий, иқтисодий ва маиший ҳаётининг ҳамма масалаларини учратишимиз мумкин ва аксарият ҳолларда турли халқлар ижодида бир хил мазмундаги эртакларни учратиш қийин эмас. Бу ҳолатга асос қилиб албатта, фольклорчилар, тилшунос, этногаф ва психологлар тадқиқотларининг таҳлили натижаси ўлароқ, ер юзининг барча минтақаларида яшовчи аҳолининг умумий ҳаёт тарзи яқин бўлганини, яхшилик, мардлик, ҳалоллик каби инсоний фазилатлар ҳар бир халқда улуғланиб, ёмон одатлар қораланганини кўрсатамиз. Лекин, умумий ўxшашликларга қарамай ушбу эртакларда ҳар бир халқнинг ўзигагина хос бўлган маданиятига оид унсурлар турлича намоён бўлиши билан ҳам, улар ўша халқнинг маънавий меросидан ўрин олган қадрияти ҳисобланади. Зеро, республикамизнинг биринчи президенти И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди”
Фойдаланилган адабиётлар:
Матлуба Муродова. Фольклор ва этнография. Ўқув қўлланма. -Тошкент.(электрон) 2006. – 104 бет.
В.Пропп. Морфология сказки. Academia. - Ленинград.1928. – 152 ст.
Michel Simenson. Le conte populaire. Presses universitaires de France. – 1984. – 224 ps.
В.Пропп. Исторические корни волшебной сказки. - Москва, Лабиринт. 2000 – 335 ст.
Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент, Маънавият, 2008. – 30 б.
Электрон манбалар:
A proрos de contes. Article de Isabel Sousa publié sur http://www.ipv.pt/millenium/Millenium23/23_2.htm
Маrianne Mesnil. Saintyves et les contes: A la recherche d’un context perdu. Article publié dans le journal « Ethnologie française » (octobre –décembre 1988) pp. 348-357 https://www.jstor.org/stable/40989069
Кучкaрова С. Об исследованиях европейских и узбекский народных сказок. В этой статье говорится о научных исследованиях европейских и узбекских учёных о народных сказках, как о литературном жанре.
Kuchkorova S. About the study of European and Uzbek folk tales. This article is about European and Uzbek scientist’s scientific researches on folktales as an literature genre.
1 Матлуба Муродова Фольклор ва этнография. Ўқув қўлланма. -Тошкент.(электрон) 2006. – 5 бет
2 A proзos de contes. Article de Isabel Sousa publié sur http://www.ipv.pt/millenium/Millenium23/23_2.htm
3 Маrianne Mesnil. Saintyves et les contes: A la recherche d’un context perdu. Article publié dans le journal « Ethnologie française » (octobre –décembre 1988) pp. 348-357 (https://www.jstor.org/stable/40989069)
4 Propp V. Morphologie du conte. Edition du Seuil,110
5 В.Пропп. Морфология сказки. Academia. Ленинград.1928. – ст.88-89
6 В.Пропп. Морфология сказки. Academia. - Ленинград.1928. – ст.10.
7 Матлуба Муродова. Фольклор ва этнография. Ўқув қўлланма. - Тошкент.(электрон) 2006. – 71 бет