ФРАНЦУЗ ТИЛИДА “LE POLITIQUEMENT CORRECT”(НУТҚИЙ ҲУШЁРЛИК) ҲОЛАТИНИ ИФОДАЛАШДА ЛИТОТА ВОСИТАСИНИНГ ЎРНИ

Ижтимоий ҳодиса сифатида фаолият кўрсатаётган тил доимий ҳаракатдадир. Тил - нафақат тафаккур маҳсули, маълум бир фикрни ифода этувчи восита, балки у бутун бир олам, коинотнинг таркиби ҳамда  мазмун-моҳиятини инсон онгида акс эттиришга хизмат қилувчи мураккаб ҳодиса саналади.

Тил халқларни яқинлаштирувчи, жипслаштирувчи, энг қудратли ва энг ишончли воситадир. У ўзида инсоннинг жамики ҳис-туйғуларини, ақл-идрокини, иймон-эътиқодини ва борлиғини намоён қилади, мужассам қилади, тафаккурни шакллантиради [1. 5].

Шунингдек, тил биринчи навбатда инсондаги ўзини ўзи англашнинг мавжудлик усулидир. У ёки бу тилда гапириш тилнинг туб моҳиятига етиб бориш, моҳият истиқомат қиладиган жойга кириш демакдир. Демак, инсоннинг мавжудлиги, унинг моҳияти тилда мавжуд бўлади. Тил кишиларнинг фикр ва мулоҳазаларини ифодалайди, улар учун мулоқот воситаси сифатида ҳизмат қилади. Тил айни вақтнинг ўзида инсон маданиятининг буюк маҳсули ва ривожланиш имконияти ҳамдир, чунки инсоннинг инсон сифатида шаклланишида унинг тафаккури ва нутқи асосий аҳамиятга эга, тилни эгаллаш инсоннинг энг зарур вазифасидир.

Маълумки, тил миллатлараро алоқа воситаси, тажриба ва билимларни, миллий маданиятни сақлаш, уларни авлодлардан авлодларга етказиш қуроли ҳам бўлиб ҳизмат қилади. Бундан ташқари тил фикр ва мулоҳазани шакллантиради, кундалик мулоқотни юзага келтиради.

Шу кунгача француз адабий тилининг, шунингдек, шева ва диалектларнинг фонетикаси, морфологик системаси, имлоси, графикаси ва орфографиясини ўрганиш бўйича бир қатор муваффақиятларга эришилди. Бундай тадқиқот натижалари француз адабий тилининг лингвистик хусусиятларини очиш ва илмий умумлаштиришга хизмат қилибгина қолмасдан, француз адабий тили маданиятини кўтаришга ҳам сезиларли даражада ҳисса қўшди. Шу кунга қадар француз тилшунослигида нутқнинг ўзи, яъни француз нутқи ўзига хос ҳодиса, махсус категория сифатида етарлича ўрганилмаган. Бунда нутқ ва тил, нутқнинг муҳим лингвистик ва лингвистик бўлмаган томонлари, монологик ва диалогик нутқ уларнинг ўзаро муносабатини тил-норма-нутқ, тил-адабий, тил-адабий норма-адабий нутқ, тил системаси ва нутқий система, француз нутқининг типлари, турлари, нутқ стиллари, ички ва ташқи нутқ, нутқдаги лингвистик, психологик, мантиқий, этикавий томонлар ва уларнинг ўзаро муносабати, француз тилидаги тилга хос воситалар, уларнинг ўзаро муносабати сингари муаммолар етарлича тадқиқ қилинмаган.

Сўзлашув нутқига бағишланган турли илмий адабиётларда ушбу нутқий ҳодисаларнинг баъзи томонлари ҳақида маълумотлар берилади, яъни тадқиқотчилар сўзлашув нутқига хос белгилар, хусусиятлар, унинг ўзига хос томонларини аниқлашга интилдилар. Аммо, сўзлашув нутқига хос бундай томонларни кўрсатиш авторларда турли хил учрайди.

Жамиятда юз бераётган ўзгаришлар тилда, албатта, ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам нутқий фаолиятнинг  таркибий қисми ҳисобланган  “le politiquement correct” (нутқий ҳушёрлик) тушунчасини ижтимоий ҳодиса сифатида тилшунослик нуқтаи назардан ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

“Нутқий ҳушёрлик” – тилшуносликда янгича ёндашув бўлиб, нутқ фаолиятида  ҳар қандай камситишларга йўл қўймасликни, ноқулай ибораларни қўлламасликни  билдиради. Бу тушунчанинг асл моҳияти нутқ жараёнида у ёки бу майда этник (ирқий, жинсий, ижтимоий)  гуруҳ вакилларининг иззат-нафсига,нафсониятига, ҳамиятига тегиб кетмаслик ёки ҳаётдаги нохуш воқеа-ҳодисаларни яшириш ёки ниқоблаш, сўзловчининг мақоми ва гапнинг нима ҳақида бораётганлигини аниқ кўрсатишдан иборат. Шунга мос равишда тилда янги-янги тушунчалар пайдо бўла бошлайди, улар нутқ объектини тўғридан-тўғри, дангал, ошкора ифодаламай, уни юмшоқроқ, қочиримлар йўли билан тавсифлашга хизмат қилади.

“Нутқий ҳушёрлик” тушунчасини ифодаловчи тасвирий воситалар: эвфемизм, табу, таянч сўзлар, иборалар, перифраза, гипероним, литота, махсус атамалар, аббревиатура, ўзлаштирилган сўз ва иборалар, метафоризация, эллипсис, фикрни яшириш, окказионал сўз ва бирикмалар, номнинг турдан турга кўчирилиши, метонимик кўчим, сўз ясаш, алмаштириш усулида  ифодаланди.

Нутқнинг “нутқий ҳушёрлик” ҳолатини ифодаловчи сўз ва ибораларлитота риторик воситаси билан ифодаланиши мумкин.

А.Ҳожиев таъбирича литота (<  грекча.   litótés –  оддийлик) – “нарса, ҳодиса ёки белгининг ҳажми, кучи кабиларни камайтириб тасвирлаш. Масалан, кўп ўрнига  оз эмас, яхши ўрнида ёмон эмас формасининг қўлланилиши” [2. 52].

Демак, литота – бу:

Биринчидан, “риторик кичрайтириш” воситаси бўлиб, зид маънодаги антонимлардан иборат бўлади:

ўзбек тилида:  Буни тушуниш қийин эмас – буни тушуниш осон ;

рус тилида: “Нетрудно догадаться” – “Легко догадаться” ;

француз тилида:  “Рas mal”–  “bien” .

Иккинчидан, бу – мейозис, яъни бирор нарсанинг маълум-машҳур даражаси ёки хусусиятини камайтириб кўрсатувчи нутқ фигураси: мальчик с пальчик (тирноқдай бола).

Шундай қилиб, литота – бу қарама-қарши маънони зидлаш орқали алмашинган сўзнинг ижобийлашган, яхшиланган варианти. Бунда зиддийлик ташқи унсурлар воситасида белгиланади.

Сўзловчи ахборотидаги нохушлик, денотатва ифода ўртасидаги номутаносиблик  гипероним ва литоталар орқали юмшатилиб ифодаланади. Тил тизимида денотатга хос салбий қўшимча маъно, коннотация бу ерда текисланади, юмшоқ, силлиқ ифодага эга бўлади. Фикрни аниқ билдириш, айтилаётган хабарда қатъийликнинг йўқлиги билан стилистик самарага эришилади. Демак, “нутқий ҳушёрлик” услубининг  асосий талаби – акс эттирилаётган тушунчанинг негатив маъно компонентларини яшириш учун нарса, воқеа-ҳодиса  юмшоқ, пардали ифодалашдир.

“Нутқий ҳушёрлик”ни ҳосил қилишда  бу стилистик воситанинг аҳамияти катталиги ва кенг тарқалганлиги боис кўпчилик француз тилшунослари унилитотомания деб аташмоқда.Биз нутқий хушёр литоталарнинг қуйидаги  шаклий кўрсаткичларини аниқладик:

1) предметнинг маълум хусусиятини камайтириб беришга хизмат қилувчи pas   très,   ne   plus каби жуфт равишлардан фойдаланиш:

Аёл кишининг хунуклигини кўрсатиш учун “laide” сўзи ўрнига Elle n'est pas très belle (у жуда чиройли эмас);

Бирор кишининг катта ёшда эканлигини кўрсатиш учун “vieux” ўрнига Je n'ai plus 20 ans ; катта ёшни бевосита ифодалаш учун эса   Il (elle) n’est pas maigre  қўлланилади.

2)       Nоn-, dé-, sous-, in-, im-, anti-, mal- префикслари ва префикс унсурлари ёрдамида  яратилган янги сўзлар – неологизмларнинг пайдо бўлиши: 

Non префикси ёрдамида  ясалган “нутқий ҳушёр” литоталар ҳозирги француз тилида анчагина. Масалан:

ўлимни ифодаловчи “la mort” сўзи ўрнида янги la nоn-vie (айн.: “ҳаётмас”) пайдо бўлди;

ўликни ифодаловчи “mort” ўрнига  une personne non-vivante пайдо бўлди;

ногиронни ифодаловчи “un invalide”, “un handicapé” ўрнига une personne non-mouvante (айн.: – “ҳаракатланмайдиган киши”);

силлиқбош кишини ифодаловчи “un chauve” ўрнига  Un   non-peignant   (айн.:   “тароқ ишлатмайдиган киши”)  пайдо бўлди; 

мағлубият билан тугаган матчни ифодаловчи “un mauvais match” ўрнига “Un non-match” пайдо бўлди;

ҳийла, найрангни ифодаловчи “une dérobade” ўрнига Une non-réponse (“жавоб эмас”) пайдо бўлди;

мағлубият маъносидаги «un échec» ўрнига  Une non-réussite (айн.: “ютуқ эмас”) пайдо бўлди; 

“le chomage” (ишсизлик) ўрнига  Le non-travail (“иш эмас”) пайдо бўлди;

  “la   campagne”   (қишлоқ) ўрнига La   non-ville   (“шаҳармас”)  пайдо бўлди;  

“couples contre nature” (гомосексуал жуфтлик) ўрнига Des couples поп-traditionnels (“ноанъанавий жуфтлик”) пайдо бўлди;

префиксибевани ифодаловчи “un veuf ”  ўрнига Un conjoint involontaire (боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра эрсиз қолган аёл) пайдо бўлди;

pauvre (камбағал) ўрнига Un  favorise / un  désaxe  (нохуш шароитга тушиб қолган киши) пайдо бўлди; 

ёлғонни ифодаловчи “mensonge” ўрнигаUne   sinformation    (дезинформация) пайдо бўлди;  

“fоu”(телба) ўрнига Un stabilisé mental (ақлан ноқис) пайдо бўлди;      

ажралишни ифодаловчи “divorce” ўрнига Un mariage пайдо бўлди; 

тақиқни ифодаловчи “interdire” ўрнига conseiller пайдо бўлди;

“licenciements” (ишдан бўшатиш) ўрнига Un graissage пайдо бўлди ваҳ.

In-/im префикслари “grossiereté”  (қўполлик) ўрнига Indélicatesse

“grossier” (қўпол) ўрнига Impoli

“saleté” (лой) ўрнига Impureté

“faim” (очлик) ўрнига Insécuritéalimentaire

Mal префикси кар кишини ифодаловчи “un sourd” ўрнига Un mal-entendant (ёмон эшитадиган) пайдо бўлди;

ноқулай уйни ифодаловчи  “un taudis” (кулба) ўрнига Un mal-logement (ёмон уй) пайдо бўлди;

эси паст маъносидаги “un cou” (тентак) ўрнига Un mal comprenant (айн.: - “ёмон тушунадиган”) пайдо бўлди.

Sous префикси камбағал мамлакатларни ифодаловчи “des pays pauvres” ўрнига Des pays sous-développés пайдо бўлди;

Аҳолининг камбағал қатламини ифодаловчи “pauvres” ўрнига Des sous-privilegriés пайдо бўлди.

1. Мейозисдан фойдаланиш: miro (miraud) (сўзнинг туб маъноси “кўзи ожизроқ”).

2.Кичрайтириш -эркалатиш шакллари нохуш тасаввурни силлиқлаштиришга ёрдам беради: “семиз” маъносида grassouillet, rondelet, “озғин” маъносида maigrelet, sécot ишлатилади.

Бундан ташқари, муқобил сўзлар билан алмаштиришда қуйидагиларга эътибор қилинади:

1) мейозис муаммонинг даражасини камайтириш ва анча силлиқ самара кўрсаткичини таъминлашда қўл келади. Масалан, “касаллик” ўрнига malaise, indisposition, “оғримоқ” ўрнига être indisposé ишлатилади.

2) кекса одамга нисбатан қўлланган âgесўзи– мейозис ҳодисасини,ифодалайди, чунки бу сўз чекланган сифат даражасини билдиради.

3) семизлик ва озғинликнинг сўз ва иборалар билан ифодалашда белгининг интенсивлик даражасини камайтириб ифодаловчи  мейозис катта роль ўйнайди.  Масалан, “gros” ўрнига corpulent, replet, “obésité” ўрнига embonpoint,  “maigre” ўрнига sec ишлатилади.

Хулоса қилиб айтганда, француз тилида нутқ одоби доирасида нутқий ҳушёрлик тушунчасини ифодалашда  литота воситасининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Адабиётлар:

  1. Маматов А.Э. “Тилнинг энг муҳим 100 та функцияси”. -Т.:-2014. Bayoz. 5-бет
  2. Хожиев А. Лингвистик терминларнинг изоҳли  луғати. -Т.: Ўқитувчи,  1985 . - Б 168
  3. Dictonnaire de la langue francaise. Lexis. - Larousse, 1974. -2110p.
  4. Le Petit Robert. Dictionnaire de la langue francaise. - Paris.: Dictionnaire le Robert, 1997. - 2555 p.
  5. Розенталь Д.Э., Теленкова М.А. Словарь-справочник лингвистических терминов. - М.: Астрель, ACT, 2000. - 624 с.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati