ФРАЗЕОЛОГИЯДА “ОҚ РАНГ”НИНГ ЛИНГВО-ПСИХОЛОГИК ТАЛҚИНИ (француз ва ўзбек тиллари материалида)

Қадим замонлардан буён инсонлар ранг ва уларнинг амалий, назарий ҳамда  маънавий, психологик хусусиятларига алоҳида қизиқиб келишган. Хусусан, антик  даврларда  машҳур файлусуфлар Эмпедокл, Демокрит, Афлотуон ва Аристотеллар  ранглар  борасида  илмий ва амалий  қарашларни илгари сурган, яъни улар ўша  давр эстетик нормаларидан  келиб чиққан ҳолда рангларни  табиий-илмий, диний ҳамда  мавҳум  рамзий   маънолари  нуқтаи назаридан  тавсифлаганлар [http://cvet-psy.ru/tsvet-v-antichnoj-kulture-drevnyaya-grets].

Ҳозирги кунда ҳам рангларни турли соҳа нуқтаи назаридан ўрганиш билан бир қаторда, улар тўғрисидаги илмий ғояни ривожлантириш масалалари  илмий  тадқиқотчилар диққат марказидан ўрин олмоқда. Хусусан, рангларнинг ўзига хос турли–туман ранг-баранглик асосидаги кўзни қамаштирадиган жилоси санъатшунослик, фалсафа, физика, физиология, психология ҳамда тилшунослик  фанлари нуқтаи назаридан кенг  тадқиқ  қилиб  келинган. Шундай экан, ранглар жилосини нафақат санъатшунослик соҳаси доирасида, балки, тилда ва психологияда акс эттириш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб  этади. Хусусан, кейинги ўн йил мобайнида  филология  соҳасида ранг ва унинг тилдаги  тасвири  муаммосига  бағишланган илмий  изланишлар кўпчиликни  ташкил этади. Яъни тилшуносликда рангларнинг коммуникатив, когнитив, прагматик ва лингвомаданий  хусусиятлари доимо  тадқиқот  марказида  эканлиги  ушбу соҳага нисбатан тадқиқотчилар  қизиқишининг  янада  ортишига  сабаб бўлмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, тилшунослик фани ҳам ранглар  масаласига  бошқа фанлар сингари  алоҳида  ўрганиш  объекти сифатида ёндашган. Рангларнинг психологик   турфа  жиҳатларини  лисоний  ҳодисалар билан  ўзаро  боғлаган ҳолда  тадқиқ  этиш  анча  кенг қамровли соҳалардан бири бўлиб ҳисобланади. Бинобарин, Р.М.Фрумкина таъкидлаганидек, “ранглар олами” – соф  психик ҳодиса ҳисобланиб, табиатда  мавжуд  ёруғлик  тўлқинлари  инсонлар  кўзи орқали  турли  хил жилоланиб, инсон миясига таъсир кўрсата олади [Р.М. Фрумкина: 6]. Шундай экан, ранг ва унинг реал  борлиқдаги сержило тасвирини психологик  ва  лисоний нуқтаи назардан  талқин  қилиш  фанда  ранг  борасидаги  ғоя  ва қарашлар  мазмунини  янада  бойитишга  хизмат  қилади.

Ранглар  маданияти  ва унинг бошқа фанлар, хусусан, психология, физиология  ва маданиятшунослик каби фанлар  билан  ўзаро  чамбарчас  боғлиқлиги  Н.В.Серовнинг “Цвет культуры. Психология, культурология, физиология” [Н.В.Серов: 672] номли китобида  кенг қамровли  тарзда  акс  этган  бўлиб, унда  рангларнинг маданий, ижтимоий-сиёсий, диний, психологик, семантик  ва бошқа хусусиятлари борасидаги  маълумотлар қомусий мажмуа тарзида  акс  этган.  Бироқ,  ушбу  масала  кейинги йилларда айнан  ноқардош  тиллар  кесимида бироз эътибордан четда  қолмоқда.

Ранг борасидаги мазкур  мавзуни тадқиқ  этиш  мақсадида  Ғарб  ва Шарқ  олами маданияти  ва тилини  қиёсий  ўрганишдан  келиб  чиққан ҳолда  бир-бирига нисбатан ноқардош  тиллар  ҳисобланган француз ва ўзбек тилининг “ранг” тушунчаси доирасидаги луғат  бойлиги ҳамда “ранг” хусусидаги психологик қарашлар  эътиборга  олинади. 

Ушбу  мақолада француз  ва  ўзбек  тилида  ранг тушунчасини тавсифлаш учун оқ ранг иштирокидаги фразеологик  бирликлар танлаб олинган. Ушбу рангнинг ўзига хос қонуниятларини турли тиллар асосида ўрганиш  борлиқни идрок этиш механизмини тўғри  тушуниш, баҳолаш ҳамда тафаккурнинг ўзига хослигини англаш  имконини беради. 

Оқ рангнинг психологик  тавсифига  эътибор қилсак, у поклик, айбсизлик, қувонч, садоқат, тенглик, очиқлик, равонлик ва осонлик тимсоли сифатида  талқин  қилинади [Psixologik ranglarning ma’nosi. https://uz.tierient.com/].Ушбу  ранг  ҳеч  қайси  манбада салбий   тавсифга  эга  эмас. Бироқ, оқ ранг  инсон  руҳиятини  ифодаловчи фразеологик иборалар  таркибида қўлланилганда юқорида  келтирилган тушунчаларга нисбатан батамом  тескари маъноларни  ифодалашга  ҳам хизмат қилади. Хусусан,  қўрқув,  саросима ва ғазаб  ҳолатлари шулар  жумласидандир [L. Doliyeva :129 -136]. 

Оқ рангнинг тиллардаги   маъноси хусусида  тўхталадиган  бўлсак, ушбу ранг француз тилидаги  фразеологик иборалар  таркибида blanc, blanche  сифати ва  blanchir  феълига  хос  грамматик  шакллар асосида жуда  кенг  тарзда қўлланилади ва у француз  фразеологиясида қўлланилиш  частотасига  кўра  ранглар  ичида қора рангдан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди [Л.Р.Гатауллина :18].

Мазкур кичик илмий  изланиш учун эса 150 га яқин  французча фразеологик  бирликлар таҳлил  қилинди. Таҳлил қилиш давомида оқ ранг француз  фразеологиясида турли хил маъноларда қўлланилиши кўзга ташланади. Масалан, унинг фразеологик иборалар ичида энг доминант маъноларидан бум-бўш, яъни тўлдирилмаган  ҳужжат, ёзилмаган варақ ёки ёзувда ташлаб кетилган бўш жой  каби маънолари кўплаб ўринларда  учрайди:

 

 

Французча  фразеологизмлар:

Талқини:

chèque en blanc ;

суммаси ёзилмаган чек;

signer en blanc ;

оқ қоғозга  имзо қўймоқ;

billet blanc ;

сайловдаги тўлдирилмаган бюллетень;

feuille en blanc ;

бир томонига ёзилган қоғоз;

à blanc ;

интервал;

laisser  un blanc ;

ёзувда  бўш жой  қолдирмоқ;

bureaux  en blanc ;

бўш  офислар ;

sortir avec le bâton blanc ;

икки қўли бум-бўш чиқиб кетмоқ;

Оқ ранг маъносидаги blanc сўзининг бум-бўш маъноси нафақат қоғозлардаги  ёзилмаган ҳолат, балки, бошқа объектларнинг ҳам бўшлигини  ёки суҳбат жараёнидаги  жим, сукунат ҳолатини  ҳам  ифодалайди. Масалан, қуйидаги мисолларга эътибор  қилайлик:

Французча  фразеологизмлар:

Ўзбекча  талқини:

bureaux  en blanc ;

бўш (эгасиз) офислар ;

avoir  un blanc ;

сукут  сақламоқ;

silence  blanc ;

сукунат;

laisser  une marge  blanche

жим сукут  сақламоқ;

blanche  mémoire

суст хотира  (бум-бўш хотира);

  Тилда оқ ранг маъносидаги лексик бирликнинг  қўлланиши ва улар билан боғлиқ экспрессив-эмоционал хусусиятларнинг айнан фразеология соҳасида ҳам тадқиқ этиш  инсон  ички кечинмалари ва руҳиятини ифодалашда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан,  фразеологик  ибораларда рангларнинг қўлланилиши   ички руҳиятни  ташқи  руҳиятда акс эттириш  жараёнини   анча осонлаштиради, яъни бошқача қилиб айтганда, руҳият оламидаги  ички ҳис-туйғунинг  рангин манзарасини «кўра олиш»га ёрдам беради. 

Тилда инсонларнинг ички руҳий  оламини  ранг лексемалари орқали экспрессив-эмоционал тарзда тасвирлаш жараёнида  руҳият ва ранглар  ўртасидаги ўзаро  муносабатлар уларнинг метафорик ва метонимик хусусиятлари доирасида амалга ошади. Турли хил  эмоционал вазиятларда  инсонлар юзининг  ранги қизариши, оқариши ёки кўкариши мумкин.  Бундай  ташқи руҳият  тасвирини  ифодалашда французча  blanc, яъни оқ ранг  маъносидаги сўз ўзига  яраша аҳамият касб этади. Хусусан,  бу ранг  иштирокидаги фразеологик  иборалар қўрқув маъноларини ифодалайди. Масалан:

 

Французча  фразеологизмлар:

Ўзбекча  талқини:

être  blanc  comme  un  linge ;

докадек оқариб  кетмоқ;

être  blanc  comme  un  mort ;

мурдадек оқариб  кетмоқ;

être  blanc  comme  un  mur ;

девордек оқариб  кетмоқ;

blanc  comme  un  linceul;

ниҳоятда  оқариб кетган;

blanc  comme  un  cire ;

ранги мурдадек оқариб кетган;

blanc  comme  un cachet  d’aspirine ;

ранги докадек  оқарган;

avoir les fois  blancs ;

жони ҳалқумига келмоқ;

Ушбу  мисоллар  қўрқув эмоционал  ҳолатининг ташқи руҳий  тасвирини  ифодаловчи  иборалар  ҳисобланса, яна бир  туркум иборалар мавжуд  бўлиб, улар ушбу ҳолатнинг ўзини  ифодаловчи номинатив  фразеологизмлар сифатида  хизмат  қилади. Масалан,  peur  blanche ; - даҳшатли  қўрқув; voix  blanche ; - қўрқувдан чиқмаган овоз; soldat  de fer  blanc ; - қўрқоқ одам кабилар  шулар жумласидандир. Эмоционал  ҳолатнинг  қўрқувдан  ташқари азоб  чекиш (cracher blanc) ; тушкунликка тушмоқ (être blanc) ; кўр-курона рашк (jalousie  blanche);руҳини кутармоқ (monter le blanc en neige );colère  blanche (қаттақ  ғазаб) сингари  маънолари  ҳам   кам сонли  бўлса-да,  оқ  ранг - blanc   орқали  ифодаланади.

Қуйида оқ  ранг маъносидаги blanc лексемасининг  фразеологиядаги яна бошқа салбий  ва ижобий  маъно  оттенкаларини келтириб  ўтамиз:

 

“blanc”  сўзининг    фразеологиядаги маъно  оттенкалари

Ижобий маъно:

Салбий  маъно:

Яхшилик ва эзгулик:

âme  blanc ; blanche  main ; magie  blanche ;

Сохталик:

sourire blanc ; mariage blanc; faire blanc de qch. ;

Айбсизлик:

sortir  blanc ;

Қадрсизлик:

raide à blanc;

Билимдонлик:

donner  dans le blanc ;

Алдов    :

traiter des  blancs ; messe blanche ;

Имтиёз :

carte blanche ; montrer patte  blanche;

Зўравонлик :

bâton  blanc ; armes blanches; être  tout à blanc armée ;

Бахт :

voir tout  en  blanc ; fils de la poule blanche ;

Мағлубият, омадсизлик:

arborer le drapeau blanc  de son épée; choux blanc; faire du blanc ;

Мақтов :

se faire blanc  de son épée;

Қатъиятсизлик :

aller  du blanc au noir ;

Тоза, янги:

eau blanche ;page blanche;

Қолоқлик:

n’avoir pas  du sang blanc; ne connaitre ni le blanc, ni le noir ;

Тантанали  :

marquer  de  blanc;

Ёмон

иллат:

oie  blanche; aigle  blanc;avoir une  ivresse  blanche;

Аъло, зўр  :

boule  blanche; 

 Зарар:

éléphant  blanc;

 

 

Азоб :

cracher blanc ;

 

 

Уйқусизлик :

nuit  blanche;

 

 

Тилшунос олим Ш.Сафаров  таъкидлаганидек, ташқи дунёдаги турли воқеа ва предметлар хусусий кўринишдаги белги, хусусиятларга эга. Лисоний тафаккур фаолиятининг когнитив босқичидан лисоний воқеланиш босқичига ўтишда қиёслаш, анализ ва синтез амаллари муҳим роль ўйнайди. Шу амаллар воситасида умумийлик ва хусусийлик фарқланади [Ш.Сафаров: 229].

Шунга  биноан, агар оқ рангнинг француз  фразеологиясидаги бу каби  семантик  маъно  оттенкалари умумий  тарзда таҳлил  қилинса, уларни икки катта гуруҳга, яъни  “ҲАЁТ  ЗАВҚИ” ва  “ҲАЁТ АЗОБИ” сингари туркумлаш  мумкин. Масалан, ҳаётда  кимгадир доимо яхшилик  қилиш (âme  blanc ; blanche  main ;), эзгулик  йўлидан бориш (magie  blanche ;), ўзининг айбсиз эканлигини исботлаш (sortir  blanc ;), ўткир зеҳн билан  ўз билимини намоён этиш (donner  dans le blanc ;), ожизлик устун бўлиб   турган бир  пайтда  бирор  имтиёз ёки  имконга  эга  бўлиш (carte blanche ; montrer patte  blanche), ҳаётда бахт нашидаси билан яшаш (voir tout  en  blanc ; fils de la poule blanche ;) бошқалар  томонидан  ўзингга  нисбатан мақтов  эшитиш (se faire blanc  de son épée;), ҳаётнинг завқли дамларини тантанали нишонлаш (marquer  de  blanc;), самимий  қилинган ҳаракат  учун аъло, зўр  натижага эришиш (boule  blanche;) каби  вазиятлар ҳақиқатан ҳам “ҲАЁТ  ЗАВҚИ” тушунчасини  ифодалайди. Ушбу маъноларнинг  акси  ҳисобланган, яъни ўзи била туриб, сохта  ишларни амалга ошириш (sourire blanc ; mariage blanc; faire blanc de qch. ;), ҳаётда  қадрсизланиш (raide à blanc;), яшашдан  мақсадсиз  тарзда қолоқ  инсонга айланиб  қолиш (n’avoir pas  du sang blanc; ne connaitre ni le blanc, ni le noir ;),  ҳар бир   ҳаракат ёки сўзда  қатъият  етишмаслиги  (aller  du blanc au noir ;), ҳаёт сўқмоқларида мағлубият ёки  омадсизликка дуч келиш (arborer le drapeau blanc  de son épée; choux blanc; faire du blanc ;), зўравонлик  қилиш (armes blanches; être  tout à blanc armée ;bâton  blanc ;), ёмонлик йўлидаги  алдовлар (traiter des  blancs ; messe blanche ;), бирор нарсадан зарар кўриш (éléphant  blanc;), ҳаёт  ташвишларидан азоб  чекиш (cracher blanc ;), турли хил  иллатларни  ўзига доимий одат  қилиш (oie  blanche; aigle  blanc;  avoir une  ivresse  blanche;), носоғлом турмуш тарзига хос уйқусизлик (nuit  blanche;)  каби  вазиятлар  эса,  бир сўз билан  айтганда “ҲАЁТ  АЗОБИ”  тушунчасини акс  эттиради. Яъни француз фразеологиясида  оқ ранг (blanc) маъноси параллелизм  асосидаги икки хил қарама-қарши тушунчани, яъни ижобий  маънода ҳаёт завқи ва салбий  маънода ҳаёт азоби  тушунчаларини ифода  эта олади.

Оқ ранг (blanc)иштирокидаги французча  фразеологик бирликлар орасида ижобий ва салбий  тушунчалардан ташқари, оралиқ, яъни  нейтрал  маънодаги  тушунчалар ҳам мавжуд.  Масалан, қоғозлардаги “бум-бўш” тушунчаси (бу хусусда юқорида  батафсил  тўхталиб ўтилди), бир қарорга кела олмасдан иккиланиш (dire  blanc  et noir ;),    жуда ёш бўлиш  (blanc bec;),  бирор  нарсани таг-томири билан тозалаш (couper un arbre  à blanc  estoc ; comme  une  tornade  blanche ; coupe  blanche ;), ҳар бир ишда эҳтиёткорона ҳаракат  қилиш (mettre des gants  blancs;), бирор нарсани синаб  кўриш (examen blanc; faire  passer  une col  blanche;) кабилар  шулар  жумласидандир.

Оқ ранг француз  тилида юқоридаги каби ижобий, салбий  ва нейтрал тушунчалардан  ташқари,  борлиқдаги мавжуд нарса ва ҳодисаларни метафорик ва метонимик  тарзда номлаш хусусиятига  ҳам эга. Масалан, оқ либос  ёки ички  кийим (vêtu de lin blanc ; magasin de blanc ;), касаллик турлари (mal blanc ; canne blanche; nègre  blanc; n’y voir que du blanc ;), касб номлари (les  hommes en blanc ; cornette blanche ; cul blanc ; col blanc ;), табиат ҳодисалари номи (marée  blanche; gelée  blanche;), объектларнинг оқлигига  ишора  қилинган  оқ ранг маъноси (cheveux  blancs ; loup blanc ;   sable blanc ; fromage blanc ; fée blanche ; un blanc lime ;), қиёсланган ва кучайтирилган оппоқ ранг тушунчаси  (blanc comme albâtre (blanc comme plâtre;   blanc comme neige; blanc comme un cygne) кабилар оқ  рангнинг номинатив  хусусиятларини намоён  этишга  ёрдам беради.

            Оқ ранг маъносини ифодаловчи сифат  ўзбек тилида “оқ” тарзида, ҳаракат маъносида эса “оқартирмоқ” феъли кўринишида  ифодаланади.   Ўзбек халқи оқ рангга яхшилик тимсоли сифатида қарайди. Шу асосда мазкур лексема ёрдамида, асосан, ижобий маъноли фразеологизмлар шаклланган [А.Маматов : 156].

Бироқ, бошқа  тиллардаги каби ўзбек тилида ҳам оқ  рангнинг ҳам  ижобий  ҳамда ҳам  салбий маъно  оттенкалари  мавжуддир:

 

 

Ўзбек тилидаги “оқ”  сўзининг 

  фразеологиядаги маъно  оттенкалари

Ижобий маъно:

Салбий  маъно:

Меҳр-оқибат:

оқ кўнгил;

оқ ювиб оқ тарамоқ; кўзининг оқи қораси; оқ йўл;oқ кўнгиллининг юзи кўркам;

Ғазаб :

кўзи ола-бўла бўлмоқ;

оғзига оқ ит кириб, қора ит чиқмоқ ;кўзларининг оқини ўйнатмоқ; кўзига оқ-қора кўринмаслик; оқ калтак-қора калтак бўлмоқ;

Баркамол улғайиш:

оқ-қорани танимоқ;  оқни оққа, қорани қорага ажратмоқ;

Фош бўлиш:

Оқ товуқ сомон сочар, ўз кетини ўзи очар;

Розилик :

оқ фотиҳа; она  сутини оқламоқ; тузини оқламоқ;

Норозилик :

оқпадар ; оқ қилинган фарзанд; оқ сутини оққа, кўк сутини кўкка соғмоқ;

Айбсизлик:

судда оқланмоқ; юзи оқармоқ; оқловчи;

Баракасизлик:

Косаси оқармаслик;

Ризқ :

оғзи оққа тегмоқ; оқлик  бор уйга оғриқ доримас;

 Лаган-бардорлик:

“оқ” деса-оқ, “кўк” деса – кўк;

Соғлик:

Оқи – оқ, қизили – қизил;

Хасислик:

  Оппоқ  бўлган оқ уйим, ош-нони йўқ қоқ уйим;

Бахт:

манглайи оқ бўлмоқ;

 

 

Ҳурмат:

соқолининг оқини ҳурмат қилмоқ;

 

 

 

Агар оқ рангнинг ўзбек  фразеологиясидаги бу каби семантик  маъно  оттенкалари умумий  тарзда таҳлил  қилинса, уларни икки катта гуруҳга,  яъни  “ФАЗИЛАТЛИ ШАХС” ва  “ИЛЛАТЛИ  ШАХС” сифатида  туркумлаш  мумкин. Масалан,ўзбек тилидаги “оқ” сўзининг    фразеологиядаги маъно оттенкаларидан инсонлар бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиши (оқ кўнгил; оқ ювиб оқ тарамоқ;), ҳаётнинг барча паст-баландликларини англаб етадиган баркамол шахс тарзида улғайиши (оқ-қорани танимоқ;), ота-онага  бўлган ҳурмат юзасидан яҳаёт мазмуни  сифатида ота-онани рози  қилиш (оқ фотиҳа; она  сутини оқламоқ;), ҳаётнинг қинғир  ишларидан ҳазар  қилувчи  софдил инсон (судда оқланмоқ; юзи оқармоқ;), ҳаётда  ризқ-насибали бўлиш (оғзи оққа тегмоқ; оқлик  бор уйга оғриқ доримас;), ўз танасига бирор дард – касал юқтирмасдан соғлом юриш (оқи – оқ, қизили – қизил;), бахтли инсон бўлиш, яъни Оллоҳдан бахт берилиши (манглайи оқ бўлмоқ;), ўзидан  катталарни ҳурмат  қилиш (соқолининг оқини ҳурмат қилмоқ;)  каби  маъно  тушунчалари  тасаввуримизда “ФАЗИЛАТЛИ ШАХС” образи гавдаланишига   ёрдам  беради. 

Ушбу  образнинг  қарама-қарши  акси  эса, ўзини ақл билан бошқара олмайдиган ғазаб талвасасига  тушиб қолиш (кўзига оқ-қора кўринмаслик; оқ калтак-қора калтак бўлмоқ;), ота-онасини норози  қилиш (оқпадар; оқ қилинган фарзанд;), ўз иши битгунча  лаганбардорлик  қилиш (“оқ” деса-оқ, “кўк” деса – кўк;), бировга бирор нарса беришни истамасдан хасислик  қилиш (Оппоқ  бўлган оқ уйим, ош-нони йўқ қоқ уйим;), ҳаётда ўз ёрига нисбатан бевафолик  қилиш (Оқ бошдан ўтин бўлмас, уйнашдан – хотин;), ўзини-ўзи кирдикорларини очиб, фош қилиши (Оқ товуқ сомон сочар, ўз кетини ўзи очар;), ҳаётда шунча  меҳнат  қилиб, кўп  пул   топса  ҳам оила ва рўзғорда Оллоҳ  марҳаматининг йўқлиги(косаси оқармаслик;) каби  инсонларга хос  салбий  хусусиятлар тасаввуримизда “ИЛЛАТЛИ  ШАХС” образининг гавдаланишига  ёрдам  беради.

Бундан  ташқари,  ўзбек тилида ҳам нейтрал тушунчаларни ифодаловчи фразеологизмлар мавжуд бўлиб, улар қаторига “сир сақлаш”ни ифодаловчи (Оқ туя кўрдингми йўқ, кўк туя кўрдингми йўқ;  тишининг оқини кўрсатмаслик), “кишининг асл  кимлиги”ни кўрсатувчи (Оқ бадан, қора бадан сувга  тушганда маълум; Оқ уйда бўлган киши олачиқда ҳам бўлади; Оқ ит қора ит барибир ит; Оқ қўй ҳам ўз оёғидан осилади, қора қўй ҳам), “қора кунга оз-оздан  маблағ тўплаш”  маъносидаги  (Оқ танга – қора  кунга;),  “ҳар бир киши ўз тенги билан дўст тутиниши” лозимлиги (Оқ  иштоннинг балоғи қора иштонга ярашмас;), “кишилар ўртасидаги ижтимоий фарқ” маъносидаги (оқ танли; оқсуяк;), аёлларда кўп учрайдиган таннозлик ёки нафислик хусусияти (оқ бадан; оқ юзли; оқ билак;), кексайиш жараёни (сочи оқармоқ; сочига оқ ораламоқ;),  табиий жараён сифатида тонгнинг ёришиб отиши (ғира-шира оқармоқ;), янги, тоза ва покиза (оққа кўчирмоқ; оқсув;) каби маъноларни ифодаловчи ибораларни киритиш мумкин.

Оқ ранг ўзбек  тилида ҳам ижобий, салбий ва нейтрал тушунчалардан  ташқари, борлиқдаги мавжуд нарса ва ҳодисаларни  метафорик ва метонимик  тарзда номлаш хусусиятига  ҳам  эгадир. Бунда фразеологик бирликларнинг ясалиши  нарса ёки воқеа-ҳодисаларнинг оқ рангли хусусиятига  асосланган ҳолда амалга ошади. Масалан,  қор  ёққанда  ишлатиладиган ерлар оқармоқ; пахта толаси учун қўлланиладиган  оқ олтин; тоғда ўсадиган ўсимлик номи  оқпарчой; оққуйруқ;   кишиларнинг юз ва соч рангидан келиб  чиққан оқ-сариқ; оқ соч каби  иборалар шулар  жумласидандир.

Француз тилида оқ ранг ҳаётдаги   кенг қамровли ижобий  ва салбий вазиятлар ифодаси учун  қўлланилса,  ўзбек тилида эса асосан, шахс  фазилати ва иллатига хос тор  доирадаги  вазиятлар  ифодаси учун ишлатилади. Бошқача қилиб айтганда, француз тилидаги “blanc” сўзи ёрдамида ҳосил бўлган фразеологик бирликларнинг семантик маъно майдони умумий объектда (ҳаётнинг турли жабҳасида)  фаоллашса, ўзбек  тилидаги “оқ” сўзи ёрдамида ҳосил бўлган фразеологик  бирликларнинг семантик  маъно  майдони  эса хусусий  объектда  (фақат шахс  фаолияти  доирасида) фаоллашади.

Француз  ва ўзбек тилидаги “blanc” - “оқ”  сўзининг  фразеологиядаги нейтрал  маъно оттенкалари қиёсий таҳлил  қилинганда эса қўйидагича  ҳолат намоён  бўлади:

 

 

 

 

 

Француз тилида :

Ўзбек  тилида:

Бум-бўшлик

Тенглик

Сукунат

Сир сақлаш

Иккиланиш

Эртани ўйлаш

Тажрибасизлик

Поклик

Тозалаш 

Ижтимоий фарқ

Эҳтиёткорлик

Таннозлик/ нафислик

Синов

Кексалик

Моҳият

Моҳият

 

Янги

 

Ёруғлик

Умумий маъно:

МАВЖУДСИЗЛИК

Умумий маъно:

ИЖТИМОИЙЛИК

 

 

Француз тилидаги оқ ранг иштирокидаги нейтраллик тушунчаси  асосидаги фразеологизмларда асосан,  “мавжудсизлик”,  яъни  “йўқлик” маъноси  ҳукм суради. Бинобарин, юқорида келтирилганидек, “бум-бўш”, бир қарорга кела олмасдан “иккиланиш”, жим-житликдаги “сукунат”, “тажрибанинг йўқлиги”, бирор нарсани таг-томири билан “тозалаб йўқотиш” каби  тушунчаларнинг туб моҳиятида “мавжудсизлик” тушунчаси  акс этган.   Ўзбек  тилида эса маълум бир объект, яъни шахсга   қаратилган  турли хусусият, ҳолат  ва вазиятлар   ўз ифодасини топган. Хусусан, инсонлар  ўртасидаги “тенглик”, “сир сақлаш”, “эртани ўйлаш”, “поклик”, “ижтимоий фарқ”, “таннозлик”, “нафислик” ва “кексалик” каби тушунчалар умумий маънода “ижтимоийлик” тушунчасини ифодалай олади.

Оқ ранг турли хил халқ  маданиятида турлича талқин қилинади. Масалан, Америкада “тозалик”, Францияда “нейтраллик”, Мисрда “шодлик”, Ҳиндистонда “мотам”, Хитойда эса “мотам / тозалик” маъносини  англатади, дейди А.Хроленко [А.Т. Хроленко: 18].  Ушбу   рўйхатни  мантиқан  давом эттирган ҳолда юқоридаги таҳлилдан келиб  чиқиб, оқ ранг  ўзбек  халқида асосан, “яхшилик”  тушунчасини  ифодалайди, деган хулосага келиш  мумкин. Француз халқида эса оқ ранг  “нейтраллик”ни ифодалаши юқорида  таҳлил қилинганидек,  аксарият  французча  фразеологик иборалардаги қоғоз ва ҳужжатларга нисбатан “бум-бўш” маъносида кенг тарзда ишлатилиши, шунингдек, ҳам ижобий  ва ҳам салбий  тушунчаларни  ифодалаши ушбу  фикрни  янада мустаҳкамлайди. Турли миллат  эгаларининг оқ рангга нисбатан бундай  қарашлари мазкур халқларнинг ўз  қадриятлари асосидаги миллий  қарашлари замирида пайдо бўлган. Хусусан, олим Ш.Сафаровнинг таъкидлашича, инсон фаолияти маълум миллий маданият  ва миллий муҳит доирасида кечади. Шу сабабли ҳар қандай турдаги билиш жараёнига оид структуралар ва  тузилмаларда миллий колорит мавжуд бўлиши ҳам табиийдир [Ш.Сафаров: 54].

Оқ  рангнинг  тил (француз ва ўзбек тили) ва психология соҳаси жиҳатдан  ифодалаган маъно  оттенкалари  ўзаро  таққосланганда  таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, ушбу рангнинг ифодалаётган маъно турлари тилда  анча хилма-хил хусусий  маънолардан  иборат  бўлиб, улар психологик нуқтаи назардан анча  умумийлашган тарзда  акс этади. Бошқача  қилиб айтганда, оқ ранг орқали  ифодаланган инсонларга хос хусусий  фазилатлар фақат ижобий хислатлар  нуқтаи назаридан олиб қаралганда психологияда  маълум даражада  умумлашади. Масалан, ўзбек тилидаги инсонларга хос меҳр-оқибат, ҳурмат, баркамоллик, рози-ризолик, айбсизлик, бахт, соғлик ва ризқ-насиба каби маънолар ҳамда француз тилидаги эзгулик, яхшилик, айбсизлик, билимдонлик, бахт, мақтов ва имтиёз  тушунчалари психологияда умумлашган ҳолда қалб поклиги, яхшилик ва эзгулик маъноси  остида  жам  бўлади. Яъни оқ  рангнинг “шахс” ва “реал борлиқ” ўртасидаги изчил ифодаси психологик ва тилга хос  характерларда кетма-кет тарзда фаоллашган  дейиш  мумкин.

Юқорида келтирилган ушбу  таҳлил оқ рангнинг ижобий хусусиятларига  асосланган. Бироқ, унинг салбий хусусиятларига келсак, оқ рангнинг салбий маънолари психологияда мавжуд эмас. Фақат тилдагина оқ рангнинг салбий   маънолари мавжуддир. Нейтрал маънолар  хусусида тўхталсак, оқ рангнинг лингвистик  ва психологик талқини  анча  хилма-хил бўлиб, уларни маълум бир  маънолар  туркумида  умумлаштириш  эса  мумкин эмас.

Шуни қайд этиш лозимки, оқ  ранг   ифодалаётган маънолар кўлами фақат, ҳаётнинг турли хил вазиятларида ва шахсларнинг турли характер шаклларида ўз аксини топади. Бошқача қилиб  айтганда, оқ ранг асосан  “ижтимоий  ҳаёт”  ва “шахс” категорияларини ифодалаш  учун  хизмат  қилади.

Табиатда мавжуд турфа  ранглар  ва уларнинг ҳар бирини тилшунослик, психология ва бошқа фанлар билан  юқоридаги сингари қиёсий тарзда  ўрганиш орқали тилшунослик фанида   “ранглар олами” ҳамда “ранглар тили”ни кенг тадқиқ этиш имкони янада кенгаяди  ва ранг лингвистикаси соҳасини қиёсий  аспектда чуқурроқ ўрганишга  доир  айрим муаммолар ўз ечимини  топиши  мумкин.

Адабиётлар:

  1. Гак В. Г. и др. Новый большой французско- русский фразеологический словарь -  Le nouveau grand dictionnaire phraséologique français-russe : более 50000 выражений (под ред. В. Г. Гака. )- Москва: Рус. яз. - Медиа, 2005. – 1624 с.
  2. Гатауллина Л. Р. Роль цветообозначений в концептуализации мира: на материале фразеологизмов английского, немецкого, французского, русского и татарского языков. Автореф. диссер. кан. филол. Наук. – Уфа, 2005. -25 с.
  3. Маматов А. Ўзбек тили фразеологияси. –Тошкент: Наврўз,  2019.  -260 б.
  4. Маҳмуд Саттор. Ўзбекнинг гапи қизиқ. –Тошкент: Тафаккур қаноти, 2011. –148 б.
  5. Рахматуллаев Ш. Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик  луғати. –Тошкент: Ўқитувчи, 1978. – 407 б.
  6. Сафаров Ш. Когнитив  тилшунослик. –Жиззах:  Сангзор, 2006. – 92 б.
  7. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. – Тошкент: Ўзбекистон миллийэнциклопедияси, 2008. -318 б.
  8. Серов Н.В.Цвет культуры: психология, культурология, физиология. – Санкт-Петербург: Речь, 2003.  -672 с.
  9. Фрумкина Р.М. Цвет, смысль, сходство (аспекты психолингвистического анализа). –Москва: Наука, 1984. – 176 с.
  10. Хроленко А. Т. Основы лингвокультурологии. [Электрон ресурс] : учеб. пособие – Электрон. дан. – Москва : ФЛИНТА, 2016.  – 181 с. –URL: https://e.lanbook.com/book/
  11. Шомақсудов Ш., Шарахмедов Ш. Маънолар маҳзани. — Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001. - 477 б.
  12. Цвет  в античной  культуре. Древняя Греция и Древний Рим. http://cvet-psy.ru/tsvet-v-antichnoj-kulture-drevnyaya-grets
  13. Doliyeva L. Fransuz  frazeologiyasida rang  va  ruhiyat  oppozitsiyasi. // Хорижий филология №4, 2020.  – B. 129 -136 [Электрон  ресурс: http: // samxorfil.uz / maqola / arxiv]
  14. Psixologik  ranglarning ma’nosi/ https://uz.tierient.com/
  15. Rey A., Chantreau S. Dictionnaire des expressions et locutions. -Nouv. ed. rev. etaugm. – Paris, 1984. –1035 p.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati