ФРАЗЕОЛОГИЗМЛАР - ЮМОРИСТИК БИРЛИК СИФАТИДА (француз тили материалида)

Юмор - бу  инсонлар ўртасидаги ўзаро ижтимоий таъсирнинг барча турларида пайдо бўладиган фаолият шакли бўлиб, кишилар кун давомида унинг турфа  кўринишлари  ҳисобланган кулгили воқеа-ҳодисаларга кўплаб дуч  келишади.  Род A. Мартин ва Томас Фордларнинг фикрига  кўра, юмор оддий кулгили ҳазиллардан  иборат  бўлишига  қарамасдан когнитив, лингвистик, психологик ва ижтимоий характердаги бир қатор жиддий  функцияларга  ҳам эгадир [R.Martin, T.Ford: https://www.elsevier.com]. Бинобарин, юмор қадимдан  инсон дунёқарашининг мазмун-моҳияти бўлганлиги сабабли кўплаб изланувчилар, хусусан, тилшунос, адабиётшунос, файласуф, психолог ва маданиятшуносларнинг  диққат эътиборида  бўлиб келган. У асосий эстетик  категориялардан  бири сифатида, асосан, Платон ва Аристотель давридан бошлаб, камида икки ярим  минг  йиллик тарихга  эга.  

В.Девкин таъкидлаганидек,  тилшунослик  соҳасида юморга  бўлган муносабат  анча  кенг қамровли  бўлиб, ҳар  қандай  тил  бирлигини  “ҳазил”  тушунчаси билан  боғлаш  мумкин, яъни сўз, сўз бирикмаси, фразеологик  иборалар,  мақол  ва маталлар, клише  иборалар,  гап  ва  матнлар шулар жумласидандир. Тадқиқотчи ушбу бирликларни  умумлаштирган  ҳолда  юморемалар, деб  ҳам  атайди [В.Девкин: 71-76].

Маълумки, кулгили  ибораларнинг юмористик хусусияти нафақат улардаги образлиликка асосланади, балки сўзловчилар уларни том маънода  тушуниши орқали юзага  келади.  Ушбу  фикрга  қўшимча  тарзда А. Бергсоннинг  “dès que notre attention se concentre sur la matérialité d’une métaphore, l’idée exprimée devient comique” (Агар диққат-эътиборимиз  метафораларнинг  моддий  тушунчасига  қаратилган  бўлса, унда  ифодаланган  маъно  ҳақиқатдан  комик маъно  касб этади.) таърифини ҳам   келтириш жоиздир [H.Bergson:52]. Тилшуносликда  кулгили иборалар абсурд  ҳодиса  сифатида  ҳам  талқин  қилинади. Айнан “абсурд” тушунчаси замирида эса сўз бирикмаларининг ички тузилишидаги семантик  мослашувнинг номутаносиблиги  инобатга  олинади [Т.З.Черданцева: 21-27]. Шунга  кўра ясалиш  жараёнида  метафорик маъно асосидаги киноя, табассум  ёки кулгига асосланган фразеологик  бирликларни юмор ҳосил қилувчи, бошқача қилиб айтганда, юмористик  фразеологизмлар туркумига киритиш  мумкин.

Мазкур мақолада биз  ҳам кишига  табассум бахш этадиган  ва эстетик завқ  берадиган, шунингдек, коммуникатив-прагматик хусусиятга эга французча  юмористик  фразеологизмлар (кейинчалик ЮФлар) тўғрисида  фикр  юритмоқчимиз.

Маълумки, юмор  индивидуал  хатти-ҳаракатлар  ва мулоқот фаолияти  билан  ўзвий боғлиқ бўлган ижтимоий-психологик  ҳодиса сифатида талқин қилинади [М.Минский:281-309.]. Шундай экан, ҳар бир халқнинг ўзига яраша ҳазил ва мутойиба  усуллари  мавжуд  бўлиб, улар  мазкур  халқларнинг  ўзаро маданият  ва одоб-ахлоқ тамойилларига бориб  тақалади. Масалан, инглизлар ўзларининг иш фаолияти  ва қадр-қимматини  кулги  остига  олишни ёқтирса, французлар  эса ўзларини  масхара қилишни асло ёқтирмайдилар.  Бироқ, бошқалардаги ғайриоддий  ҳолатларга дуч келганда уларни ўта  истеҳзоли тарзда муҳокама қилишни  бошлайдилар. Улардаги табассумнинг  озгина  ишораси  ҳолатнинг  асл  моҳиятини очиб беришга ёрдам беради  ва рақибга  жавоб  бериш  учун  шароит ҳам яратади.

Француз фразеологиясига диққат  билан  эътибор қаратилса, юмористик, яъни  кулгили  фразеологик  бирликлар француз фразеологик фондининг кўпчилик қисмини ташкил  этади. Масалан, қуйида  уларнинг айримларини мисол  тариқасида  келтириш  мумкин:

 

 

Французча

ЮФлар:

Сўзма-сўз 

таржимаси:

Ўзбекча 

талқини :

Avoir les deux pieds dans le même sabot

Иккала оёқни ҳам бир ковушга тиқиб олмоқ

Икки оёқни бир  этикка тиқиб олмоқ

Parler français comme   une  vache  espagnol

Француз  тилини испан  сигирига ўхшаб гапирмоқ

Француз тилини бўзиб гапирмоқ

Clouer le bec de quelqu’un

Бировнинг  тумшуғини михлаб  қўймоқ

Бировнинг оғзини ёпмоқ

Donner sa langue au chat

Тилини мушукка  бермоқ

Шаҳар  бермоқ

Hautcommetroispommes;

Учта  олмадек  баланд

Пакана

Avoir un poil dans la main

Кафтида туки  бўлмоқ

Ишёқмас, дангаса бўлмоқ

 

 

Француз тилидаги феълли ЮФлар  асосан, идиомалар ёки унилатерал  иборалар тарзида намоён бўлади.  Уларнинг мазмун-моҳиятини акс  эттирувчи яхлитликдаги ажралмас субъект  ва объект бўлаклари  ўзларининг эркин синтактик коррелятларига эга  бўлиб, ўз  ифода  воситалари орқали  бир-бирларидан  ўзаро  фарқ  қилади. Улар ўзларида  акс  этган ҳаракат субъекти  ва объекти  нуқтаи назаридан қуйидагича ўзаро  муносабат  шаклларини  ифодалай  олади:

  • Субъект – шахс / объект – соматизм;
  • Субъект – шахс / объект – предмет;
  • Субъект – шахс / объект – мева;
  • Субъект – шахс / объект – ҳайвон;
  • Субъект – шахс / объект – ҳашарат;
  • Субъект – шахс / объект – қимматбаҳо модда ва бошқалар.

Агар ЮФлар  таркибидаги юқорида  келтирилган субъект ва объект  компонентларини  умумлаштирсак, уларни  қуйидагича тўртта туркумга ажратиш мумкин, яъни объект сифатида 1) шахс  компонетлари, 2) ижтимоий олам, 3) ҳайвонот олами  ва 4) ўсимликлар оламини  инобатга олиш  ьақсадга мувофиқ.

Французча феълли ЮФларнинг субъекти доимо шахс  билан  ифодаланиши, бироқ, уларнинг объектлари эса хилма-хилликдан  иборат бўлиши мумкин. Бундай турфа объектлар аксарият ҳолларда соматизмлар, предмет ва ҳайвон номларидан ташкил топади. Масалан,  субъекти фақат  шахсдан  иборат  бўлган феълли ЮФлар объектининг хилма-хил ифода воситаларига қуйидагиларни келтириш  мумкин:

 

 

Объект:

Французча

ЮФлар:

Сўзма-сўз 

таржимаси:

Ўзбекча 

талқини :

Соматизм

Clouer le bec de quelqu’un

Тешикдек ичмоқ

Упқондек сипқармоқ

Соматизм

Donner sa langue au chat

Тилини  мушукка  бермоқ

  Тушунарсиз  вазият

Соматизм

Mettre le pied dans le plat

Идишга оёғини солиб олмоқ

Хато  қилиб  қўймоқ.

Предмет

Être con comme un balai

Супургидек соқов бўлмоқ

Аҳмоқ бўлмоқ

Предмет

Se noyer dans un verre d'eau

Бир стакан сувга чукмоқ

Ишга шунғиб  кетмоқ

Ҳайвон

Peigner

la girafe

Жирафани  тараб  қўймоқ

Вақтни беҳуда  сарфламоқ

Ҳашарот

Avoirlecafard

Тараканга эга  бўлмоқ

Тушкунликка  тушмоқ

Мева

Tomber dans les pommes

Олма ичига  йиқилмоқ

Қочиб қолмоқ

 

 

Француз фразеологиясининг  юмористик категорияси кам ўрганилган  масалалардан бири саналади, деб  ҳисоблаш ноўрин бўлмайди. Чунки ҳозирги  вақтда француз тилининг ҳеч қайси фразеологик луғатида юмористик  фразеологизмлар тўғрисида маълумот берилмаган. Маълум бир халқнинг ЮФларини  ўрганиш ўша  халқ  маданияти ва уларга хос ҳазил-мутойиба  оламини кашф  этишга, шунингдек, улар мазмунини  янада  чуқурроқ  тушунишга  ёрдам  беради. Зеро, фразеологик ибораларда акс  этган  маънолар ва ҳаётий воқеликни  тасвирлашда юмор, яъни кулгили ёки  ҳазиломуз маънолардан  фойдаланишнинг  ўзи ЮФларнинг кулги билан  реал  олам  ўртасидаги ўзаро  боғловчи  воситалардан  бири  эканлигидан  далолат  беради.

Юмористик хусусиятга эга фразеологик  бирликларнинг энг муҳим  белгиларидан бири уларда ҳажвий  маънонинг мавжудлигидир. Бундай маъно  иборалардаги маълум бир эстетик, лингвистик ва қолаверса, психологик  хусусиятлар намоён бўлганда пайдо  бўлади. Ибораларга хос эстетик хусусиятлар уларнинг маънавий   барқарорлигини, лингвистик хусусиятлар  ибора маъносининг тилда акс этиш  воситаларини  ва психологик  хусусиятлар  эса иборанинг тингловчида ҳосил  қиладиган кулги рефлексини ўз ичига  олади. Ушбу  ўриндаги  кулги рефлекси  кулгили  воқеа-ҳодисаларни идрок  қилиш  ва унга нисбатан ҳиссий муносабат  билдириш қобилиятидир.

Кулги  ўз навбатида  икки  ҳил қарама-қарши шаклдан иборат бўлади, яъни тананинг яйраб кулиш ҳолати ва ақлий  кулги. Уларни бошқача  қилиб, тана  кулгиси  ва ақл  кулгиси, дейиш  ҳам мумкин. Тана кулгусида кишининг қувонч ва хурсандчилик ифодаси, ақл кулгисида воқеликни  кулгили  баҳолаш  ифодаси  акс  этади [Е.Хрущева: 13]. Айнан  реал-воқеа-ҳодисаларга нисбатан кулгили   фразеологизмлар орқали баҳо  бериш жараёнида   ақл  кулгиси намоён  бўлади.

Француз тили фразеологияси  юзасидан  олиб борилган мазкур  мақолада, яъни французча ЮФларнинг ҳар  томонлама ўзига хослик жиҳатларини ўрганиш давомида юқорида келтирилганидек, юмор тушунчаси нафақат фразеологик ибораларда, балки мақол, матал ёки ҳикматли сўз  ва ибораларда ҳам кенг учрайди. Фикримизнинг исботи  сифатида айрим  тилшунослар  фразеология  фондининг мақол, матал, афоризм, топишмоқ ва ҳатто маънавий-ахлоқий  эртаклар ҳам ҳазил-мутойиба орқали  воқеланиши мумкинлигини таъкидлайди [П.В.Середа, Ю.В. Маркевич:131].

Шу сабабли ушбу изланиш  материали сифатида нафақат иборалар, балки мақоллар ёки ҳикматли  сўзларга  ҳам эътибор қаратиш  мақсадга  мувофиқдир.  Француз  тилидаги бундай  фразеологик  бирликлар айрим манбаларда [https://www.correspondons.com/beaux-textes] қуйидаги атамалар билан  номланади :

 

 

 

 

Ҳикматли

сўз ва иборалар:

Кулгили

ҳикматли сўз ва иборалар:

  • les  expressions intelligentes
  • les expressions pleines de sens  philosophiques 
  • les plus belles expressions
  • les plus belles phrases 
  • les  magnifiques phrases 
  • les  citations 
  • les petits textes de sagesse
  • les  expressions  imagée 
  • les petites phrases philosophiques 
  • les petites phrases  morales pleines de sagesse
  • les expressions humoristiques mais philosophiques
  • les expressions drôle mais philosophiques
  • les expressions comiques
  • les  expressions  marrantes 
  • les  expressions  rigolotes

 

 

 

Француз тилидаги ҳикматли сўз, мақол ва ибораларни номлашда асосан  expression атамасидан фойдаланилгани   сабабли биз ҳам ушбу мақолада кулгили  мақол ва ҳикматли сўзларни ифодалаш  учун expressions humoristiques - юмористик  иборалар  (кейинчалик ЮИлар)  атамасидан  фойдаланишни мақсадга мувофиқ, деб  ҳисобладик.

Француз тилининг юмористик  иборалари  маълум  бир  ҳикматомуз  ва  доно фикрларни  юмор  орқали ифодалайди, бироқ, уларда акс этган  тушунча  фалсафий  нуқтаи  назардан чуқур маънога эга  бўлади. Масалан, шундай ЮИларга  қуйидагиларни мисол тариқасида  келтириш  мумкин:

 

 

Французча  юмористик  иборалар:

Ўзбекча  талқини:

On ne peut pas forcer à boire un âne qui n’a pas soif.

Эшак  чанқамаса унга  мажбурлаб сув  ичириб  бўлмайди. Бирор кимсани ўзи  хоҳламаса  фойдали ишни  қилишга  мажбурлай олмаслик.

L’expérience est comme un peigne fin pour un chauve.

Тажриба кал  киши учун нозик  тароққа  ўхшайди. Кексалар  томонидан  тўпланган тажриба ўзлари  учун кераксиздир.

Le coq chante bien mais il ne pond pas d’œufs.

Хўроз  яхши  қичқиради, лекин,  тухум  қўймайди. Жуда  кўп  гапирадиган, лекин,  қўлидан  бирор бир  иш келмайдиган  кишиларга нисбатан қўлланилади.

 

 

Юқорида келтирилган ЮИларни   ўзларида  маълум  бир  ҳикматли  маъно ва тушунчаларни акс эттиргани боис юмористик  мақоллар, деб ҳам номлаш  мумкин. Шунингдек, уларда фалсафий  маънолар  ифодаси  ёрқин  акс  этганлиги  билан  алоҳида ажралиб туради. Хусусан, бундай  ЮИлар  ҳикмат,  фалсафий  маъно ва юмор учлиги асосидаги умумий  йиғиндини акс эттирувчи  фразеологик  бирликлар  ҳисобланади.  Бундан  ташқари, улар асосан, француз тилига Шарқ  маданияти орқали кириб келган мақол,  афоризм ва иборалардан   иборатдир.

Бундай  турдаги французча ЮИлар  ўз ифодалаётган  маъно  кўламига  кўра  бир қанча  мавзуларни  акс эттириши  мумкин. Шундай  мавзулардан  бири муҳаббат  ва  ишқий муносабатлар мавзуси бўлиб, уларнинг кулгили тарзда юмор орқали  ифодаланиши реал воқеа-ҳодисаларнинг нечоғлик  ҳақиқий мазмун-моҳиятини  очиб  беришга  ёрдам беради.  Уларнинг  дастлаб кўзга ташланадиган  хусусиятларидан  бири  ифода  шакллари, яъни уларнинг структур-синтактик хусусиятлари алоҳида тадқиқотни талаб қилади. Масалан, улар орасида асосан, мақол шаклидаги ва феълли ибора кўринишидаги структур  турлари  кенг  учрайди. Масалан:

 

 

Юмористик  мақоллар :

Сўзма-сўз таржимаси:

Ўзбекча 

талқини:

Mariage plus vieux Mariage heureux !

Жуда  кекса  никоҳ

Бахтли никоҳ!

Кексаликдаги никоҳ – бахтли никоҳдир! Киши  қанчалик ҳаётни яхши ўрганиб, кеч  турмуш  қурса, ўша  оила бахтли бўлади.

Il n’y pas de belle rose sans épines.

Тикансиз чиройли атиргул бўлмайди.

Атиргул  тикансиз  бўлмайди. Гўзал  нарса ёки  гўзал кишининг  ҳам  дилни  хира  қиладиган  камчиликлари бўлади.

Donner son cœur à quelqu’un.

Ўз юрагини бировга  бериб  турмоқ.

Бировга юрагини бермоқ. Кимнидир  қаттиқ  севиш  унга тўлиқ  таслим  бўлишдир.

Demander la main de quelqu’un.

Бировнинг  қўлини сўраб олмоқ.

Бировнинг  қўлини  сўрамоқ. Бировдан  турмушга чиқиш  учун розилигини  сўрамоқ.

 

 

 “Муҳаббат” ҳақидаги фалсафий  маъноли юмористик мақоллар бошқа  мақоллардан  ўзларининг редупликатив ва  қофиявий хусусиятлари билан ажралиб  туради. Масалан, муҳаббат мавзусининг энг доминант лексик бирликлари  ҳисобланган mariage – никоҳ; femme – аёл;  aimer – севмоқ;  каби сўзлари бундай  мақоллар таркибида такрор тарзда  қўлланилиши  ёки  -eux; -ette; -it;  сингари  сўз  ясовчи морфемик  қўшимчаларнинг  лексик  бирликлар охирида қофиявий  тарзда  қўлланилиши ЮИлар  таркибидаги  маълум бир компонентларга мазмун  жиҳатдан урғу бериш  учун  хизмат  қилади. Бу  икки хил  структур  хусусиятнинг  бир  вақтнинг  ўзида бир ЮИ  таркибида  бирга  қўлланилиши ушбу мақол ва  ибораларнинг жарангдорлиги, тезда эсда сақланиши, оҳангдорлиги ва мазмуннинг етарли даражада тушунарли эканлигини  ифодалайди. 

Бундан ташқари, mariage – никоҳ; femme – аёл; лексемалари “муҳаббат” мавзусининг асл  субъектив компонентлари бўлиб, ЮИлар матнининг лексик актуализаторлари сифатида  хизмат  қилади [Л.В.Бородина: 6]. Шунга  кўра, бу иккала доминант лексемани “муҳаббат” мавзусидаги мақолларнинг доимий субъекти  сифатида  қабул  қилиш  мумкин. Ушбу мавзу доирасидаги  феълли ЮИлар эса  доимий субъект  шахсли  компонентдан иборат бўлади. Қуйидаги мисолларни кузатиш орқали юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар исботини кўриш мумкин:

 

 

Редупликатив хусусиятлар :

Қофиявий  хусусиятлар:

Mariage pluvieux - Mariage heureux ;  

Mariage plus vieux -Mariage heureux ;

Qui aime un jour, aimera toujours ;

Femme à lunettes, femmeà quéquette!

Mariage pluvieux- Mariage heureux ; 

Mariage plus vieux- Mariage heureux ;

Qui aime un jour, aimera toujours ;

Femme qui rit … bientôt dans ton lit ;

Femme à lunettes, femme à quéquette.

 

 

Бундай ЮИлар ифодалаётган  юмористик тушунча ва фразеологик  маъноларга эътибор  қаратилса,  иккаласида  ҳам субъект вазифасидаги “ижтимоий  ҳодиса” объект  вазифасидаги  “ижтимоий  ҳодиса” билан, “шахс омили” объект  вазифасидаги “шахс омили” билан  фаоллашади. Масалан, уларнинг қуйидагича турларига эътибор  қаратайлик:

  • Mariage pluvieux - Mariage heureux.(Ёмғирдаги никоҳ–бахтли никоҳ. Ёмғирли кунда турмуш  қуриш  севишганларга бахт олиб келади.)
  • Mariage plus vieux-Mariage heureux ! (Кексаликдаги никоҳ – бахтли никоҳ! Киши  қанчалик ҳаётни яхши ўрганиб, кеч  турмуш  қурса, ўша  оила бахтли бўлади.)
  • Femme à lunettes, femme à quéquette!(Кўзойнакли  аёл – ноз-карашмали аёл. Жуда  жиддий  ва ақлли кўринган  кўзойнакли  аёл эркак зотига  қизиқувчан  бўлади.)
  • Donner son cœur à quelqu’un. (Бировга юрагини бермоқ. Кимнидир  қаттиқ севиш - унга тўлиқ  таслим  бўлишдир.)
  • Demander la main de quelqu’un. (Бировнинг  қўлини  сўрамоқ. Бировдан  турмушга чиқиш  учун розилигини  сўрамоқ.)

Французча  mariage – никоҳ; femme – аёл; компонентлари муҳаббат  мавзусидаги ЮИларнинг лексик-семантик хусусиятларини  ҳам  акс  эттирган  ҳолда  юмористик  объектларнинг  субъекти  вазифасида   актуаллашади ва шунга  асосан уларнинг бирини ЮИлардаги  ижтимоий  ҳодиса (mariage – никоҳ;)  ва  яна  бирини  эса   инсон  омили  (femme – аёл;)    сифатида  ўрганиш  мумкин.

Француз  тилидаги  ЮИларнинг мавзу  кўлами таҳлил қилинганда нафақат “муҳаббат” мавзуси,  балки“бойлик”, “оила” ва  “оилавий  муносабатлар”  мавзуси доирасидаги  фалсафий  мазмунга  эга  бўлган юмористик  иборалар  ҳам кўплаб  учрайди. Масалан: 

 

 

“Бойлик” мавзусидаги ЮИлар:

“Оила”мавзусидаги ЮИлар:

  • L’argent ne tombe pas du ciel! (Бойлик осмондан  тушмайди. Бойлик учун тер тўкиб меҳнат қилиш кераклиги ва меҳнатнинг  самараси бойлик  эканлигига ишора қилинган.)
  • Être né avec une cuillère en or dans la bouche. (Оғзида олтин  қошиқ  билан  туғилмоқ. Бой ва бадавлат оиладан  бўлмоқ.)
  • Les chiens ne font pas des chats.(Итлардан мушук  яралмайди. Фарзандлар ота-оналарига ўхшайди. Яхши ота-онадан  ёмон  фарзанд  туғилмайди.)
  • Marcher sur les pas de son père. (Отасининг босган  изидан юрмоқ. Отаси  ҳаётда  қандай  бўлса, фарзанди ҳам шундай  бўлади.)

 

 

Кўриниб  турибдики, ҳар бир мавзу  доирасидаги ЮИлар ўзига хос махсус тадқиқот объекти бўла  олади. Масалан, “бойлик” мавзусидаги пулнинг осмондан тушиши, пулни деразадан  улоқтириш, юракнинг  қўл устида бўлиши, оғзида олтин  қошиқ  билан туғилиш, қўлида олтин бўлмоқ каби  кулгили  ҳолатлар  орқали бахт ва бойлик мавзуларининг ифодаланиши  юмор  ва лисоний  ҳодисалар ўртасида ўзаро муносабатлар мавжудлигидан  далолат беради  ва бундай муаммолар  тадқиқи  эса  тилшуносликдаги айрим  фразеологик  муаммолар ечимига сабаб  бўлиши  мумкин.

Бу иккала тушунчанинг ЮИларда воқеланиш  масаласини  ўрганиш  нафақат уларни воқелантирувчи фундаментал лексик актуализаторларни ажратиш,  балки фразеологик маъно ва юмор ўртасидаги лексик актуализаторларни ҳам ўрганиш муҳим саналади. Бу эса фразеология соҳасида  алоҳида  тадқиқотни талаб  этади.

Хулоса тариқасида шуларни қайд этиш лозимки, албатта, ушбу мақоладаги французча юмористик фразеологизм-ларнинг таҳлил остига олинган ҳар бир хусусияти кенг қамровли алоҳида изланишларнинг тўлақонли тадқиқот объекти  бўла олади. Хусусан, французча ЮФларнинг лингвомаданий  хусусиятлари, уларга хос юмористик хусусиятнинг семантик номутаносиблиги масаласи, юморни воқелантирувчи лексик актуализаторлар номентклатураси, юмор субъекти ва объектининг ўзаро муносабати, метафора  орқали ифодаланган  юмористик тушунча ҳамда фразеологик маъно ўртасидаги алоқадорлик каби  масалалар шулар  жумласидандир.

 Юқорида таъкидланганидек, юмор бизнинг назаримизда оддий кулгили ҳазиллардан иборат  бўлишига  қарамасдан, ўзига хос когнитив, лингвистик, психологик ва ижтимоий характердаги хусусиятлари орқали ҳар бир  тадқиқотчининг диққат-эътиборини кенг қамровли илмий изланиш томон йўналтириши  мумкин.

 

 

Фойдаланилган  адабиётлар  рўйхати:

 

  1. Бородина Л. В. Антропоцентризм юмористического дискурса: на материале русского и французского анекдота. Автореф.канд.фил.наук. –Волгоград, 2015. -18с. https://www.dissercat.com
  2. Девкин В. Д. Юморемы // Слово в словаре и дискурсе : сб. науч. ст. к 50-летию Харри Вальтера.- М.: Элпис, 2006. С. 71‒76.
  3. Минский М. Остроумие и логика когнитивного бессознательного // ГОЛ. Вып.ХХШ. Когнитивные аспекты языка. -М.: Прогресс, 1988. -С.281-309.
  4. Середа П.В., Маркевич Ю.В. Лингвокультурные особенности юмористического дискурса русского языка. // Научные труды КубГТУ, № 3, 2016. –С.129-137.https://elibrary.ru/item.asp?id=25793642
  5. Хрущева Е. Национально-культурная основа анекдота: сопоставительный анализ английского, французского и русского языков. Автореф.канд.фил.наук. –Москва: 2009 -28 с.
  6. Черданцева Т.З. Итальянская фразеология и итальянцы. -М.: ЧеРо, 2000. -304 с.
  7. Bergson H. Le rire. Essai sur la signification du comique // UQAC. Les classiques des sciences sociales.http://philo.breucker.org/Bergson_le_rire
  8. Les plus beaux textes à méditer et à partagerhttps://www.correspondons
  9. Martin R., Ford T., The Psychology of Humour. An Integrative Approach. Elsevier, Burlington.2018.https://www.elsevier.com

 

 

Сувонова Н.Н. Фразеологизмы - как юмористические единицы (на материале французского языка). В этой статье рассматриваются французские юмористические фразеологизмы и их свойства, которые могут быть изучены с логико-семантической точки зрения. В частности, был проанализирован лексико-семантическая диспропорция в процессе смешного представления событий и забавных пословиц и фраз в рамках определенных концептуальных тем.

 

Suvonova N.N. Phraseological units - as humorous units (in French material). This article examines logical and semantic properties of  French humorous phraseological units. In particular, it has been  analyzed the lexical and semantic disproportion in the process of funny representation of events and funny proverbs and phrases within the framework of certain conceptual themes.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati