(немис ва ўзбек тиллари материаллари асосида)
Мўминова Азиза Одиловна,
СамДЧТИ 1- босқич (PhD) докторанти
Таянч сўзлар: аспектуал, акционал, аспект семантикаси; чегараланган, чегараланмаган ва лимитатив нейтрал феъллар; чегарага етганлик/етмаганлик, семантика.
Феълнинг аспектуал семантикаси деганда, бир томондан феълнинг чегараланганлиги/чегараланмаганлиги, иккинчи томондан, феъл ифодалаган ҳаракатнинг ушбу чегарага етганлиги ёки етмаганлиги, яъни ҳаракатнинг тугалланганлиги ёки тугалланмаганлигини тушунамиз. Ушбу маъноларни фарқлаш учун биз, феълнинг чегараланганлик /чегараланмаганлик хусусиятларини акционал семантика, чегарага етганлик/етмаганликни эса, аспект семантикаси деб атаймиз. Акционал ва аспект маъноларни юриш-ҳаракат феъллари доирасида олганимизда, акционал маъно деганда субъектнинг муайян объект ёки мўлжалга интилиши тушунилса, аспект маъно деганда субъектнинг ушбу нуқта ёки мўлжалга етганлиги/етмаганлиги тушунилади.
А.В.Бондарко, Ю.С.Маслов ва бир қатор олимлар феълнинг чегараланганлиги тўғрисида шундай фикр билдиради: “Чегараланганлик - феъл семантикасига тегишли бўлиб, берилган ҳаракатнинг ўз табиатида кўзланган ички чегарасига йўналма ҳисобланади. Чегараланмаганлик - эса ўша ички чегаранинг йўқлигидир (Ю.С.Маслов, 1984:111). Демак, чегараланганлик феълнинг лексик-семантик хусусияти бўлиб, унда феъл ички тугал чегарасининг мавжудлиги билан чегараланмаган феъллардан фарқ қилади. Феълларни акционал жиҳатдан уч гуруҳга, яъни чегараланган, чегараланмаган ва икки акционал хусусиятли (лимитатив нейтрал) гуруҳига бўлиш мумкин. Юриш-ҳаракат феълларини уч гуруҳга ажратиш тамойилини аспектология соҳасида илмий изланишлар олиб борган Б.Х.Ризаев [1999: 57-58], Э.С.Рахманкулова [2004: 3-14], Ғ.Қ.Мирсановларнинг [2009: 46] ишларида кўришимиз мумкин. Мақоламиз объекти бўлган gehen феъли айрим олимлар томонидан чегараланган, бошқа тадқиқотчилар ишида нейтрал феъл сифатида эътироф этилади. Жумладан, Б.М.Балин ва унинг издошлари gehen феълини тилнинг семасиологик жиҳатидан келиб чиқиб, чегараланмаган феъл сифатида эътироф этадилар, бунда gehen феълининг контекстдаги эмас, балки инфинитив шаклида ифодаланаётган маъноси назарда тутилади. С.Г.Андерссон ушбу феълни лексиматик нейтрал феъл деб эътироф этади, бунда у gehen феъли иштирок этадиган минимал фразаларни ҳисобга олади. Б.Х.Ризаев gehen феъли семантикасида ҳам чегараланганлик, ҳам чегараланмаганлик имконияти мавжудлиги сабабли уни лимитатив нейтрал феъллар қаторига киритади (Б.Х.Ризаев,1999:57). Биз ҳам ўз таҳлилимизда gehen феълини лимитатив нейтрал феъл сифатида эътироф этамиз.
Gehen феълининг акционал маъноларини аниқлаш учун немис тилининг изоҳли луғати (Langenscheidt, 2009:336) да ушбу феълнинг берилган асосий маъноларини таҳлил қиламиз:
gehen – 1. sich aufrecht auf den Füssen mit relativ langsamen Schritten bewegen (barfuss, gebückt, langsam, schnell gehen) –“Willst du im Auto mitfahren? “ – “Nein, ich gehe lieber”.
Ушбу изоҳда gehen феъли субъектнинг оёқлар воситасида секин қадам билан мақсадсиз ҳаракатланиши маъносини ифодалаган.
2. irgendwohin gehen; gehen + Inf sich irgendwohin bewegen, um etw zu tun (ins/zu Bett gehen; nach Hause gehen); Ich muss bald zum Arzt gehen. “Gehst du mit mir ins Kino?”
Келтирилган изоҳда субъектнинг бирор мақсад билан муайян объект томон ҳаракатланиши маъноси берилган.
3. nicht bleiben, sondern einen Ort verlassen (weggehen) –“Willst du schon wieder gehen? Du bist doch gerade erst gekommen.
Ушбу маънода субъектнинг бирор жойни тарк этиши (йўлга тушиши) ифодаланган.
4. irgendwohin gehen regelmäßig in einer Schule ~ etwas besuchen: in den Kindergarten, zur/in die Schule, aufs/ ins Gymnasium, auf die Universität gehen. Ушбу ҳолатда субъектнинг бирор манзилга доимий қатнаши (бориб-келиши), ҳаракатнинг такрорийлиги маъноси ифодаланган.
Акционал жиҳатдан gehen феъли (1) изоҳда ҳаракат усулини, субъектнинг мақсадсиз ҳаракатини ифодалаб, чегараланмаганлик хусусиятини билдирмоқда, (2) мақсадли, йўналишли, (3) объектдан узоқлашиш, (4) маълум нуқтага яқинлашиш маъноларини ифодалаганлиги сабабли чегараланганлик хусусиятини кўрсатмоқда. Шунинг учун ушбу феъл икки акционал хусусиятли (лимитатив нейтрал) феъл сифатида эътироф этилади.
Ўзбекча-немисча луғатда gehen феъли ифодалаган маънолар ўзбек тилига бормоқ, кетмоқ, юрмоқ, қатнамоқ, ҳаракат қилмоқ каби феъллар ва феъл бирикмалари орқали берилган (З.Бутаев ва б. , 2007: 62).
Қуйида ушбу феълларнинг маъноларини ўзбек тили изоҳли луғатидан кўриб чиқамиз.
Бормоқ 1. Сўзловчи ёки кузатувчининг турган жойидан, ёнидан узоқлашмоқ, нари кетмоқ, манзил томон ҳаракат қилмоқ; Ҳозир вокзалга бораман – Нима бўлди сизга? – Қаёққа борасиз? – Марғилонга. (А.Қодирий. Ўтган кунлар).
Бу ерда субъектнинг бир нуқтадан иккинчи нуқта томон ҳаракатланиши ифодаланган.
2. Бирор манзилга етмоқ; Шу ердан Шайҳонтохургача қанчада борасиз? – Кўз очиб юмгунча. (Ойбек. Қутлуғ қон).
Келтирилган изоҳда субъектнинг маълум бир нуқтага етиб бориши ифодаланган.
3. Транспорт воситасида нари томон юрмоқ; Поезд … бепоён саҳродан борар эди, эртасига эрталаб бирор соатга яқин тўхтаб қолди. (А.Қаҳҳор). Ушбу мисолда субъектнинг муайян маконда мақсадсиз ҳаракатланиш маъноси ифодаланган.
4. Бирор жой, объект ёки шахс томон йўналмоқ, ўша жойда ёки шахс ҳузурида бўлмоқ; ташриф буюрмоқ. Тўйга борсанг туйиб бор. Мақол. Тағин бир марта Талъатнинг олдига боришига тўғри келади. (Ў.Ҳошимов). Келтирилган мисолда субъектнинг маълум мўлжал ëки объект томон ҳаракатланиш маъноси берилган.
5. Бир йўналишда нари томон ҳаракат қилмоқ, илгариламоқ; Намангангача машинада борсангиз у ёғи яқин деди. (А.Қаҳҳор. Қўшчинор). Ушбу изоҳда субъектнинг ўз турган нуқтасидан узоқлашиш ҳамда муайян мўлжалга етиб бориш маъноси берилмоқда.
6. Доимо бир йўналишда юрмоқ, қатнамоқ. Ишга бормоқ. Ғижим рўмол тўқийман, Мактаб бориб ўқийман (Қўшиқдан). /ЎТИЛ, 2006; 1 ж. 316-317/.
Берилган изоҳдаги бормоқ феъли семантикасида субъектнинг (доимий), такрорий, чегараланган ҳаракати ифодаланган.
Кўриниб турибдики, келтирилган изоҳларда бормоқ феълининг (1) маъносида субъект юриш-ҳаракатининг бир нуқтадан иккинчисига яқинлашиш, (2) маълум нуқтага интилиш, (3) мўлжалсиз юриш-ҳаракат, (4) маълум нуқта томон ҳаракатланиш, (5) ўз турган нуқтасидан узоқлашиш, шунингдек, (6) чегараланган такрорий ҳаракат маънолари берилган.
Шундай қилиб, (1), (2), (4), (5), (6) да чегараланганлик ва (3) да чегараланмаганлик маъноларини кўриш мумкин.
Демак, бормоқ феълида чегараланганлик /чегараланмаганлик хусусияти мавжуд бўлиб, бу феълни икки акционал хусусиятли феъллар гуруҳига киритиш мумкин. Бормоқ феъли айрим ишларда ҳам икки акционал хусусиятли (лимитатив-нейтрал) феъл сифатида эътироф этилган (Ғ.Қ.Мирсанов, 2009: 56-57).
Немис тилидаги gehen феълига мос келиши мумкин бўлган яна бир феъл юрмоқ ҳисобланади. Юрмоқ феълининг акционал хусусиятларини аниқлаш мақсадида ўзбек тилининг изоҳли луғатига мурожаат қиламиз:
Қадам ташлаб олға босмоқ, қадамлаб жилмоқ: тез юрмоқ. Секин юрмоқ. Оқсаб юрмоқ. Кампир юрганда ҳеч қандай овоз чиқмасди. Оёғи худди пардек ерга беозор тегарди. (С.Аҳмад).
Ушбу ҳолатда юрмоқ феъли субъектнинг муайян макондаги юриш тезлиги ҳамда усулини ифодаламоқда.
2. Юриш-ҳаракатни бажара олиш қобилиятига эга бўлмоқ. Гўдак саккиз ойдаёқ юриб кетди;
Бу мисолда, бизнинг фикримизча, субъект юриш-ҳаракатининг бошланиши ифодаланган. Чунки, мисол таркибида юрмоқ феъли кетмоқ кўмакчи феъли билан бириккан ҳолда юриш-ҳаракатнинг бошланишини билдирмоқда.
3. Маълум йўналишда ҳаракат қилмоқ, бир жойдан бошқа жойга жилмоқ, бормоқ, кетмоқ (асосан транспорт воситаси ҳақида) Машина чап томонга юрди.
Бу ерда юрмоқ феъли маънолари жилмоқ, бормоқ, кетмоқ феъллари орқали ифодаланиб, субъектнинг транспорт воситаси ёрдамида маълум томонга ҳаракатланиш маъноси берилган.
4. Умуман бир жойдан жилмоқ, силжимоқ (сузмоқ, судралмоқ). Ҳовузчада ўнтача балиқ юрибди. Дастурхон устида чумоли юрибди.
Ушбу мисолларда юрмоқ феъли субъектнинг мақсадсиз, йўналишсиз юриш-ҳаракатини билдиради. Аммо изоҳли луғатда юрмоқ феъли маънолари жилмоқ, силжимоқ, сузмоқ, судралмоқ феъллари орқали изоҳланган, лекин булар акционал жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Жумладан силжимоқ, жилмоқ субъектнинг муайян нуқтадан узоқлашиш маъносини ифодаласа, судралмоқ феъли субъектнинг юриш усулини, тарзини, ёки маълум бир сатҳда шунчаки мақсадсиз, йўналишсиз ҳаракатини ифодалайди, сузмоқ феъли семантикасида икки акционал хусусият мавжуд, чунки ушбу феъл контекст таъсирида баъзида чегараланган, баъзан чегараланмаган акционал маънони ифодалаши мумкин (Ғ.Мирсанов, 2009: 57).
5. Кўп кезмоқ, саёҳат қилмоқ. Шаҳарма – шаҳар юрмоқ. Эшикма-ешик юрмоқ.
Бу ерда субъектнинг мақсадсиз, йўналишсиз юриш ҳаракати ифодаланган.
6. Бирор транспорт воситасида бирор жойга бормоқ; Автобусда юрмоқ.
Ушбу изоҳда субъектнинг бирор нуқта томон ҳаракатланиш маъноси берилган, аммо бизнинг фикримизча, келтирилган мисолда субъектнинг транспорт воситаси ёрдамидаги умумий, мақсадсиз юриш-ҳаракати ифодаланган.
7. Қатнамоқ. Марказдан қишлоғимизга автобус юради. /ЎТИЛ, 2006; 5 ж. 92/.
Ушбу изоҳда такрорий, чегараланган юриш-ҳаракат маъноси ифодаланган.
Юқорида кўриб чиқилган изоҳлардан келиб чиқиб, юрмоқ феълининг акционал маъноларини таҳлил қиламиз. (1), (4), (5) маъноларда феъл ифодалаган ҳаракатнинг бирор мўлжалга интилганлик белгиси мавжуд эмас, яъни бу ерда субъектнинг йўналишсиз, мақсадсиз ҳаракати ифодаланган. Демак, ушбу холларда юрмоқ феъли чегараланмаган акционал хусусиятга эга. (2), (3), (6), (7) изоҳларда феъл ҳаракатининг йўналиш нуқтаси мавжудлиги сабабли чегараланганлик маъносини билдиради.
Демак, юрмоқ феълида чегараланган/чегараланмаган акционал хусусиятнинг мавжудлиги сабабли, уни икки акционал хусусиятли феъллар гуруҳига киритишимиз мумкин. Gehen феълига синоним сифатида қўлланадиган яна бир феъл кетмоқ бўлиб, ўзбек тили изоҳли луғатида унга қуйидаги маъно изоҳлари келтирилган:
1. Ўз турган жойини тарк этмоқ, ўз турган жойидан бошқа томонга йўл олмоқ; бормоқ. Бу ердан ҳеч қаёққа кетмайман. Агар ораларингизга совуқчилик тушадиган бўлса, сен ўчакишиб юрма, яхшиси… бу уйдан кетиш ҳаракатини қил (А.Қодирий).
Ушбу изоҳда субъектнинг маълум нуқтадан узоқлашиш (маълум жойни тарк этиш) маъноси ифодаланган.
2. Муайян мақсад ёки сабаб билан бирор жойга, иш-фаолият ва ш. к. жойга, томонга йўл олмоқ; жўнаб кетмоқ. Қишлоққа кетмоқ. Армияга кетмоқ. Ишга кетмоқ. Тўйга кетмоқ. Кунига оқшом тушса, Мартиндан қўрқиб, кўчага чиқмай, тузсиз макарон чайнаб юрганча, шаҳримга кетаман (С.Сиёев). /ЎТИЛ, 2006; 5 ж. 359/.
Берилган изоҳда кетмоқ феъли субъектнинг маълум мўлжал ёки объект томон ҳаракатланишини ифодаламоқда.
Акционал жиҳатдан кетмоқ феъли иккала ҳолатда ҳам чегараланган аспектуал маънога эга.
Демак, немис тилидаги икки акционал хусусиятли юриш-ҳаракат феъли gehen га ўзбек тилидаги икки акционал хусусиятли (лимитатив нейтрал) юрмоқ, бормоқ ҳамда чегараланган акционал хусусиятли кетмоқ феъллари синоним сифатида қўлланилиши мумкин.
Адабиётлар:
Бутаев З., Исмоилов Ю., Каримов Ш. Немисча-ўзбекча луғат. – Тошкент.: Фан, 2007.- 224 б.
2. Маслов Ю.С. Очерки по аспектологии. Изд-во Ленинградского ун-та, - Л., 1984. - 262 с.
3. Мирсанов Ғ.Қ. Инглиз ва ўзбек тилларида юриш-ҳаракат феълларининг акционал ва аспектуал хусусиятлари: Филол. фан. номз. дисс. – Самарқанд., 2009.- 155б.
4. Рахманкулова Э.С. К вопросу о теории аспектуальности // Вопросы языкознания. – М.: Наука, 2004. - № 1. – C. 3-28.
5. Ризаев Б.Х. Проблема аспектной семантики временных форм немецкого глагола. Аспектная семантика претерита. – Т: “Фан “. 1999.- 121 с.
6. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 – жилд – Т: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. Давлат илмий нашриёти, 2008.- 592 б.
7. Langenscheidt. Grosswörterbuch.// Deutsch als Fremdsprache. Berlin/ München/ Wien/ Zürich/ Nyu – York. Auflage 5. Berlin u. München., 2009. – 1122 S.
Муминова А. Аспектуальная семантика глагола gehen. В статье речь идёт об употреблении глагола движения gehen, при этом автор рассмотривает своеобразние и различные стороны глагола gehen в узбекском варианте, также анализируется аспектуальная семантика глагола gehen .
Muminova A. The aspectual semantics of the verb gehen – to go. In this article is looked round the usage of the verb gehen – to go the verb of action and it’s peculiar variants in Uzbek translation, differences and also aspectual semantics.