Матн тилшунослик фанининг бугунги тараққиёт босқичида тадқиқотларнинг марказий объектини тақозо этмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Матнда инсон тафаккури, унинг билиш жараёни, фикрни узатиш ва қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муҳим жиҳатлар мавжуд экани сир эмас. Бу хусусда фикр билдирилганида Ш.Сафаровнинг қуйидаги қарашлари масала моҳиятини англаш учун муҳимдир: «Тил ва воқелик муносабати анъанага биноан турли ёндашувлар татбиқида муҳокама қилиниб келинмоқда. Шулардан бири тилнинг мустақил тизим сифатида талқин қилиниши ва тил бирликларининг мундарижаси ҳамда мазмуни аниқланиши билан боғлиқ» [Ш.Сафаров 2021: 5].
Т.ван Дейкнинг фикрига кўра матнда ахборотнинг ифодаланиши бир неча хил даражага эга [Т. ван Дейк, В.Кинч 1996: 153-211.;Т. Ван Дейк 2000]. Дарҳақиқат, бунда сўзловчининг, яъни инсон факторининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Бундан ташқари, матннинг мақсади, моҳияти билан боғлиқ ҳолда шаклланувчи турларининг ҳар бирига хос жиҳатлар ҳам бунда ўзига хос аҳамиятга эга экани ҳам ҳисобга олинмоғи лозим.
Матннинг глобал структура сифатидаги тадқиқи ҳақида фикр билдирганда Л.А. Долбунова унинг ўзига хос томонлари хусусида муносабат билдирар экан, глобал синтактик структурани ташкил этувчи компонентлар хусусида қимматли фикрларни келтиради ва ўз фикрларини илмий асослаб беради. У глобал структура ,асосан, сарлавҳа (Title),кириш-ахборот берувчи қисм (Intro), матннинг асосий мазмунини ифодаловчи қисм (mainpart), хулоса қисми (Conlusions),илова (Annexes) дан таркиб топиши борасида фикр юритади ва буни хуқуқий ҳужжатлар матни мисолида асослаб кўрсатади [Л.А.Долбунова 2016: 21-27].
Маълумки, синтаксис грамматик қонуниятлар асосида тилдаги нисбатан кичик ва содда структурали унсурлардан нисбий мураккаб тузилишли бирликларнинг ҳосил бўлишини ўрганишга эътибор қаратади. Бундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, сўзлардан сўз бирикмаларининг ҳосил бўлиши, ёки сўз ва сўз бирикмалардан гапларнинг ташкил топиши билан боғлиқ масалалар синтаксиснинг объектини ташкил этади. Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, синтаксиснинг ўрганиш объекти сифатида сўздан кичик унсурларнинг сўз таркибидан ўрин олиши ёки уларнинг горизонтал муносабати асосида сўз шаклланиши масалалари ҳам синтаксиснинг ўрганиш объектини ташкил этиши хусусида ҳам фикрлар илгари сурилган. Кўринадики, бу борада фикр юритилар экан, синтаксиснинг тадқиқ доираси нафақат гапни ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, ҳаттоки сўз, морфема сингари аввалда морфологиянинг текшириш объекти саналган бирликлар тадқиқига ҳам тегишли экани қайд этилмоқда. Албатта, бу борада фикр юритилганида морфосинтаксис тушунчаси ҳам илгари сурилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бундан ташқари, синтаксиснинг ўрганиш соҳасига гапдан катта бирликларнинг ҳосил бўлиши билан боғлиқ масалаларни тадқиқ этиш ҳам киритилмоқдаки, бунда, ҳеч шубҳасиз, дискурс ва матн назарда тутилаётганини яққол кўриш мумкин бўлади.
Бундай муносабатларнинг шаклланиши, бизнингча, масала моҳиятини тадқиқ этиш синтактикада мустақил ҳолатда эмас, балки семантик, семиотик ва прагматик масалалар билан узвийликда ҳал этилишига бўлган эҳтиёж билан боғлиқдир. Дарҳақиқат, формал-структур синтаксис муайян аниқ бирликларнинг ўзаро муносабати асосида нисбатан катта бирликнинг, ҳосила структуранинг шаклланишини тадқиқ этишга эътибор қаратади. Бу маълум бир синтактик структуранинг шаклланиши билан боғлиқ жараённи тасаввур этишга имкон беради. Бироқ, нутқнинг мантиқийлиги билан боғлиқ томонларини тадқиқ қилишда тилни тўғри тасарруф қилиш масалалари ҳам назарда тутилади. Шу боис ҳам бугунги кунда семантик-синтаксис ва прагматик ёндашувнинг авж олаётганини кузатиш мумкин. Синтактик-семантик йўналишда гапнинг ифода планидан ташқари, унинг приссуппозицион моҳиятини анализ қилиш устуворлик қилади. Бу эса, ўз навбатида, коммуникатив тилшунослик учун ниҳоятда муҳимдир. Демак, гап ёки жумла шаклланган фикрни шунчаки ифодалабгина қолмай, у мазкур фикрни акс эттиради ва тасвирлаб беради.
Ч.Моррис синтаксисни прагматик йўналишда ўрганар экан, тилнинг ички қурилиши ва инсон муносабати масалаларига диққат қаратди. Бунда, аввало, белгилар орқали сўзловчи томонидан етказилган маълумотларни стимул эканини, унинг тингловчида қандай реакция уйғотганини қайд этади. Унинг фикрига кўра, тил белгилари сўзловчи муносабатини, фикри ва мақсадини, хоҳиш-истагини тингловчига етказиш учун восита вазифасини бажариш билан чекланади. Бироқ, сўзлашдан мақсад эса, тингловчида кутилган реакцияни ҳосил қилишдан иборатдир [Ч.Моррис1983: 51].
Дунё тилшунослигида кейинги бир неча ўн йилликда синтактик масалалар тадқиқи борасида олиб борилган изланишлар, асосан, синтактик қурилмаларнинг ифодаланувчи томони, ундаги вазият ифодаси, жумланинг матннинг компоненти сифатидаги тавсифи, тил бирликларининг нутқий фаолиятдаги ҳамда нутқдаги ўрнининг тавсифи, сўзловчи мақсади ва унинг тингловчига таъсири масаласи, статик характеристикадан фарқланувчи нутқнинг ўзига хос табиатига узвий қарашларга асосланувчи динамик синтактик тавсифга эътиборнинг кучайиши, нутқий ҳосила структураларнинг нутқдан ажратиб олинган алоҳида кўринишини эмас, балки унинг нуқдаги бошқа компонентлар билан дистрибутив жараёнда тадқиқ қилиниши асосий ўринга чиқди.
Бундай муносабатларнинг шаклланишининг ўзига хос асослари, сабаблари ва шу билан боғлиқ эҳтиёжи бор экани соҳада изланишда бўлган мутахассисларга яхши маълум. Бунинг турлича изоҳланиши масала моҳиятига қандай ёндашишдан келиб чиқиши ҳамда муҳим ўрин тутгани ҳам эътиборлидир. Шундай экан, синтактик қурилманинг ифода планини ўрганувчи семантик синтаксис, гапдан катта бирликлар тадқиқини ўрганишни мақсад қилган дискурс ва матнни ўрганишга қаратилган синтаксис, тилнинг нутқда қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганувчи нутқий фаолиятни тавсифловчи соҳанинг шаклланиши, нутқий ҳосила структуранинг индивидуал антропологик хусусиятларини тавсифловчи ёндашувнинг шаклланиши, синтаксиснинг ўрганиш объектининг кенгайишини тавсифлашга асос бўлувчи бирликларнинг далиллаб берилишига олиб келувчи йўналишнинг вужудга келиши, шаклланишдан, ясалишдан тортиб булардан кескин фарқланувчи трансформацияга асосланган тадқиқнинг келиб чиқишигача бўлган жараёнларни бошқача талқин этишнинг, тушунишнинг имкони ҳам йўқ.
Кўринадики, тилшуносликнинг биргина синтактик муносабатларни тадқиқ этувчи соҳасида шунчалик кенгайиш, изоҳланаётган масалалар ечимининг нисбатан аввалгисидан фарқли бўлиб бораётгани соҳа тараққиёти динамикасининг юксалишини далиллайди. Бу, ўз навбатида, синтаксиснинг ўрганиш бирликлари сонини аниқлаш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг сифат жиҳатидан ҳам бир-биридан кескин фарқланишини далиллашга, улардаги моҳиятнинг, ички семантик хусусиятларнинг ҳам фарқли эканини кўрсатиб беришга эҳтиёж туғдиради ва буни асослаб беришга имкон ҳам яратади.
Айтиш жоизки, тилшуносликда предикативлик тушунчаси мутахассислар томонидан асрлар давомида гапга хос бўлган тушунча сифатида қайд этилди ва шу хулосага мувофиқ ўрганилиб келинди. Гап эса тил бирлиги сифатида тавсифланди. Бунда гапнинг предикатив белгиси унинг тилнинг бошқа бирликлари, жумладан, фонема, морфема, сўз, ҳаттоки сўз бирикмаси билан таққослаганда фарқловчи белгиларидан бири эканини фарқлашга асос бўладиган хусусият сифатида қайд этилди. Предикативликнинг фақатгина гапга хос экани узил-кесил хулоса мақомида қабул қилинди. Гапдан бошқа бирликлар предикатив белгига эга бўла олмаслиги қатъий айтилди.
Юқорида баён этилган фикрлар ўз даври учун қониқарли бўлгани изоҳталаб эмаслиги тушунарли, чунки айни фикрлар фанда шаклланган, ривожланган ва ўзининг қатъий фикр сифатидаги кучини сақлаб турган даврларда тилшуносликнинг ривожи бугунги кун даражасида эмас эди. Зотан, бугунги кунга келиб тилнинг моҳиятни ифодалаши, унинг инсон ҳаётининг коммуникатив хусусиятларини нафақат ифодалаб берувчи, балки уни ташкил этувчи, вужудга келтирувчи, шундай хусусиятларни ўзида аккумиляция қилувчи ва бу хусусиятларини доимий тўхтовсиз ҳолатда ривожлантириб борувчи динамик қудратни жамлаган қудрат манбаи экани тан олинмоқда. Бунга тилшуносликнинг нутқ, нутқий фаолият, инсоннинг билиш назарияси, ижтимоий эҳтиёж ва талабларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ўрганишни қамраб олувчи тармоқ ва йўналишлари пайдо бўлгани, уларнинг ютуқлар кўламининг тобора кенгайиб бораётгани сабаб бўлганини қайд этиш ўринлидир.
Тил ва нутқнинг узвийлиги, уларнинг чамбарчас экани кўплаб асарларда қайд этилган. Бироқ, бу тил ва нутқнинг, улардаги ҳодисаларнинг ўзаро фарқланишига нисбатан қийинчилик келтириб чиқарса ҳам, уларнинг узвийликдаги фарқли ҳодисалар эканини қайд этишга монелик қила олмайди. Бу юқорида қайд этиб ўтганимиздек, фан тараққиётининг бугунги босқичида тўла ўз исботини топмоқда.
Кўринадики, бир даврда мавжуд илмлар кўлами муайян ҳодисани мавжуд асосларга кўра маълум бир ҳолатда тавсифласа, давр ўтиши билан фан тараққиёти шу соҳадаги билимлар кўламини янада кенгайтириши сабабли мазкур тавсиф ўзгариши, бошқача изоҳланиши табиий. Шундай экан, тилшуносликдаги қарашларнинг ҳам ўзгариб бориши бундан мустасно эмас.
Биз матн тушунчасининг ўзи хусусида гапирар эканмиз, унинг барча синтактик қурилмаларнинг реал қўлланиши, намоён бўлиши учун макон вазифасини бажариши ҳақидаги фикр ва қарашларга тўлиқ қўшиламиз. Аммо, матннинг ҳажмига қараб унинг макро- ва микроматн деб ажратилиши борасида мавжуд қарашларда изоҳталаб ўринлар борлигини қайд этамиз [Х.Хайруллаев 2008]. Назаримизда, бундай фикрларнинг юзага келиши тил ва нутқ бирликларининг қатъий фарқланмасдан, ҳаттоки гапни ҳам тил бирлиги сифатида қайд этилган даврлар қарашларига асосланади. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, предикативлик тил бирликларига эмас, балки нутқ бирликларига хос лингвистик ҳодисадир. У коммуникатив жараён билан боғлиқ ҳолда юзага келади ва намоён бўлади. Унинг намоён бўлиши учун энг кичик бирлик гап эмас, балки жумладир. Чунки ҳар қандай гап жумла бўла олади. Шу боис ҳам ҳар қандай гапда предикативлик белгиси мавжуд бўлиши, шубҳасиз. Бироқ, ҳар қандай жумла гап мақомида бўла олмайди, аммо, унинг ҳар қандай турида ҳам предикативлик ифодаси мавжуд эканини қайд этиш мумкин. Буни инкор этиш қийин. Шундай экан, предикативлик тушунчасининг ифодаси гапга хос экани, гапдан бошқа бирликларнинг бундан мустаснолиги борасида айтилган фикр ва қарашлар бугунги кун фани учун ўз кучини йўқотганлиги ҳақиқатга айланмоқда.
Қайд этиш лозимки, жумла бир ёки бир неча сўз, бирор ибора,маълум турғун бирикмадан ҳам ташкил топган бўлиши мумкин. Мавжуд гап назариясига кўра бу бирор гап бўлагига мос келишини ҳам қайд этилиши ҳақиқат, аммо, жумла айни талабларга мос келмайдиган, ўзига хос кўринишда ҳам шаклланган бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этамиз. Бу эса бизга, аввало, гап ва жумланинг бир-биридан фарқли эканини, улардаги ўхшашлик белгиларидан бири предикативлик ҳодисасилигини кўрсатиб беради.
Демак, бу борадаги фикрларга муносабат билдирар эканмиз, нутқнинг минимал бирлиги мақоми фонеманинг нутқий варианти ҳисобланган фон ва аллофонга ҳам, ҳосила структура хусусиятига эга бўлган ватил бирликлари реаллашуви учун макон бўлишга қодир гапга ҳам тегишли бўлмай, бу мақом ҳақли равишда жумлага тегишлидир. Чунки ҳар қандай жумлада коммуникатив хусусият тўла мужассамдир. Жумла орқали фикр билдириш, ҳиссиётнинг ифодасини бериш, муносабат билдириш, сўраб билиш кабиларнинг барчасини амалга ошириш мумкин. Албатта, шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки, бундай имконият ва хусусиятларга гап ҳам эгадир. Бироқ, ҳар қандай гап ҳам жумла талабларига мос келади.
Нутқда келган алоҳида қўлланишга эга бўлган бирикма, сўз кабиларнинг ҳам коммуникатив хусусияти мавжуд эканлиги унинг нутқий белгисидир [Х.Хайруллаев 2008]. Шу боис алоҳида қўлланилган сарлавҳалар, номланишларни ифода қилувчи бундай бирликлар сўздан иборат бўлса-да, сўз эмас, балки бир сўздан ташкил топган жумла, бир бирикмадан таркиб топган жумла эканини тўғри англаш лозим бўлади. Демак, бундай қурилмаларга нисбатан умумий ҳолатда жумла сифатида қараш тўғри бўлади. Чунки улар гапнинг грамматик талабларининг барчасига том маънода жавоб бера олмайди, бироқ, жумла талабига мос келади. Энг муҳими, уларда фикр ифодаси, коммуникатив белги, предикативлик мавжуд бўлиши, шубҳасиз. Кўринадики, предикативлик ифодаси учун энг кичик объект бу – жумладир. Матн нутқ бирлигидир. Унинг энг кичик бирлиги эса, жумла ҳисобланади. Матн гаплардан эмас, аниқроғи, у жумлалардан тузилади. Матн ўзигача бўлган барча бирликларнинг қўлланишида макро характерлидир. Шу боис ҳам уни галобал синтактик қурилма сифатида қайд этиш лозим бўлади.
Зайниева М. О понятии глобальной синтаксической структуры. В исследовании описывается определение языковых и речевых единиц на сегодняшний день, и на этой основе формируются специфические взгляды на понятие глобальной синтаксической структуры и ее компонентов. Отмечается, что статус глобальной единицы, являющейся совершенным и сложным продуктом речи, имеет текст, и выделяется, в чем проявляются его основные черты. Доказано, что широкий спектр современных взглядов на эту тему является продуктом динамики научного развития. При освещении этого была проделана работа, основанная на феномене предикатива и объектах его выражения. В тексте обсуждается место предложения, его конкретные новые стороны. На этом основании в вопросе о максимальном глобальном строении речи и его наименьшей единице обнаруживается своеобразная взаимосвязь.
Zaynieva M. On the concept of global syntactic structure. The study describes the definition of language and speech units to date, and on this basis the specific views on the concept of globalsyntactic structure and its components. It is noted that the status of a global unit, which is a perfect and complex product of speech, is the text, and what its main features are manifested. It is noted that the status of a global unit, which is a perfect and complex product of speech, is the text, and what its main features are manifested. The wide range of current views on this subject has been proven to be a product of the dynamics of scientific development. In illuminating this, work has been done based on the phenomenon of predicative and its objects of expression. The text discusses the place of the sentence, its specific new aspects. On this basis, a peculiar relationship has been put forward in the question of the maximum global structure of speech and its smallest unity.