Шайх Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарининг Огаҳий таржимаси қанчалик фазилатларга эга эканлигини англаш, ўзига хосликларини илғаш лисоний характерини яна ҳам чуқурроқ билиш учун унинг дунё тилларига таржималари ҳақида бир қадар маълумотга эга бўлишимиз керак. Жумладан, Усмонийлар даврида “Гулистон”нинг камида 7 марта таржимаси амалга оширилган бўлиб, уларнинг энг қадимийси 1391 ҳижрий йилга тегишлидир[1]. Асарнинг усмонли турк тилига таржималарини алоҳида мавзу сифатида ўрганиш мақсадидамиз[2].
“Гулистон”нинг Европа тилларига таржимаси хусусида гапирадиган бўлсак, 1636 йилда Парижда Андре де Райер (французча André du Ryer) Саъдий “Гулистон”идан парчани биринчи марта таржима қилиб, нашр эттирди. Бу таржима французларнинг Эрон шоирлари ичида ҳаммадан олдин Саъдий билан танишишига сабаб бўлди. Андре де Райер (1580 йилда туғилган) “Қуръон”нинг француз тилига биринчи марта маъно таржимасини амалга оширган таржимон. У Саъдий “Гулистон”ини биринчи бўлиб француз тилига таржима қилган ва шоирни Ғарб оламига танитиш ташаббускори бўлган.
1789 йилда Абе Гуден “Гулистон”ни Францияда учинчи марта таржима қилиб нашр эттирди. Танкваний (Tancoigne J. M.) таржимаси ҳам энг муҳим таржималардан бири ҳисобланади, чунки у 1807 йилда генерал Гардан Семле билан биргаликда “Гулистон”нинг тўлақонли таржимасини тақдим этган бўлиб, у аввалги таржималарга қараганда аниқроқ бўлган. 1807 (ҳижрий 1222) йилда у Наполеон Бонапарт томонидан Фатҳ Алишоҳ саройига кетаётган генерал Гардан бошчилигидаги делегация билан Эронга келган ва ўз кузатишлари натижаларини номаълум хонимга 36 мактубда ёзган. Танкваний Эронга келишидан олдин форс тили ва Эрон тарихи билан тўлиқ таниш бўлган, шунинг учун ҳам турли тоифадаги одамлар билан тўғридан-тўғри гаплаша олган ва “Гулистон”нинг бир қисмини француз тилига таржима қила олган кам сонли сайёҳлардан биридир. (Унинг “A Narrative of a Journey into Persia and Residence at Teheran, Containing a Descriptive Itinerary from Constantinople to the Persian Capital” асари ҳақида ҳаволага қаранг[3]).
Сиёсий сабабларга кўра ўлдирилган француз шоири ва таржимони Андре Шениер ҳам “Гулистон”нинг таржимасини тақдим этишни мақсад қилган. Шундан сўнг “Гулистон” кўп марта француз тилига таржима қилинган, энг машҳур таржимонлари Шарл (Чарлз) Дефремери (|Charles Defrémery ‒ 1822 йил 8 декабрда Кембрижда туғилган; 1883 йил 18 августда Сен-Маритимеда вафот этган, француз шарқшуноси, таржимони ва тарихчиси), Франс Туссен (французчада Franz Toussaint ‒ француз ёзувчиси, таржимони ва шарқшуноси. 1879 йил 3 октябрда Тулуза шаҳрида туғилган ва 1955 йилнинг 5 декабрида Сен-Жан-де-Луз шаҳрида вафот этган. Унинг Эрондаги шуҳратига Хайём рубоиётини таржима қилгани сабаб бўлган), Умар Али Шоҳ ва Жак Морис Гуденлардир.
Германияда Фридрих Аксенбах ва Адам Олеариус 1654 йилда “Гулистон”ни таржима қилганлар. Эронда форс тилини ўрганган Адам Олеариус Ҳақверди исмли эронлик (фикримизча, исмига қараганда асли ўзбек, туркман ёки озарбайжон миллатига мансуб одам) ёрдами билан “Гулистон”нинг немис тилига тўлиқ таржимасини нашр эттиради. Адам Олеариус (лотинча Adam Olearius), кўпроқ немисча Adam Ölschläger номи билан танилган (1603 йил 16 август ‒ 1671 йил 22 февраль) немис математиги, географи ва кутубхоначиси. У Голштейн герцоги томонидан Форсга (ҳозирги Эрон) ташрифи чоғида Шоҳ Сафий ҳузурига юборилган элчининг котиби ҳам бўлган. У Эронга қилган сафари ҳақида иккита китоб ёзган. Шунингдек, у 1654 йилда “Гулистон” ва “Бўстон”нинг немис тилига илк таржимасини нашр этди.
Кейинчалик Фридрих Рюкерт бу китобни 1847 йилда немис тилига таржима қилган, бироқ, унинг таржимаси ярим асрдан кейин 1895 йилда нашр этилган. Фридрих Рюкерт (Friedrich Rückert 1788 йил 16 май, Швайнфурт, Германия; 1866 йил 31 январда Кобург яқинидаги Невис шаҳрида вафот этган) немис шоири ва таржимони, немис шарқшунослиги асосчиларидан бири. Унинг отаси Иоган Адам Рокерт Шарқий Германиянинг Турингия штатидан эди. Фридрих Рокер номидаги адабий мукофот ҳам бор, у ҳар уч йилда муаллифларга берилади. Швайнфуртдаги лотин ўрта мактабини тамомлагандан сўнг, Рокер Вюрцбург университетида ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олди, бироқ, кейинчалик адабиёт, тилшунослик ва эстетика билан шуғулланади. Унинг фаолиятига таржимон Жозеф фон Ҳаммер Пургшталл билан учрашуви катта таъсир кўрсатган. Унинг фаолият доираси анча кенг[4].
“Гулистон”нинг инглиз тилига биринчи тўлиқ таржимаси 1888 йилда сер Ричард Френсис Буртон томонидан қилинган. Бироқ, бундан олдин, “Гулистон”нинг баъзи қисмлари вақти-вақти билан инглиз тилига таржима қилинган, биринчиси 1774 йилда Стивен Салливан томонидан “Гулистон”дан танланган аллегориялар ёки гуллар тўшаги”ни таржима қилган ва уни инглиз тилида сўзлашувчиларга тақдим этган. Шундан сўнг “Френсис Гладвин” ва “Жеймс Росс” ҳам “Гулистон”нинг айрим қисмларини инглиз тилида чоп этди. Жеймс Росс 1651 йилда Жорж Гентиус томонидан ёзилган таржиманинг лотинча версиясидан фойдаланган.
Америкалик шоир Ральф Валдо Эмерсон Саъдий билан фон Ҳаммернинг немисча таржималари орқали танишган. 1843 йилда у “Гулистон”нинг Америка адабиёти анъаналари асосида таржима қилинган вариантини тайёрлади ва уни улуғвор китоблардан бири деб ҳисоблади.
Болония университети форс адабиёти профессори, уч илмий журналнинг бош муҳаррири Карло Саконе томонидан Саъдий “Бўстон”ининг итальян тилига биринчи тўлиқ таржимаси 2018 йилда чиқарилган. Илгари “Гулистон” нинг бешта таржимаси итальян тилида нашр этилган эди.
“Гулистон” китобининг испан тилига биринчи тўлиқ таржимаси 2008 йилда Хоакин Родригес Вергас томонидан қилинган ва Испаниянинг Эл- Кобре нашриёт уйи томонидан икки минг нусхада нашр этилган. Таржимон бу китобни Саъдийнинг адабий, маърифий ва насиҳат усулини испан халқига таништириш ниятида таржима қилган. Албатта, “Гулистон” аллақачон инглиз тилидан испан тилига таржима қилинган эди, лекин, бу нашр биринчи марта форс тилидан испан тилига тўлиқ тўғридан-тўғри таржима қилинганлиги билан алоҳида қимматга эга.
Бу тиллардан ташқари “Гулистон” XIX асрда ҳинд, урду, араб, польяк, чех, рус ва румин тилларига бир неча бор таржима қилинган.
“Гулистон”нинг қардош тилларга таржимаси ҳам анча кенг кўламга эга. Асарнинг татар тилига таржималари бир қадар ўрганилган[5]. Мақолада Саъдийнинг “Гулистон” асарининг татар тилига таржимаси тарихи ҳақида сўз боради. Муҳими, йигирманчи аср бошларида форс адабиётининг татар мухлиси Муҳаммадсаид Ахмеджалиловнинг ижодий лабораторияси текширилиб, таржимага танқидчилар ва китобхонлар томонидан берилган шарҳларга муносабат билдирилган. М.Ахмеджалиловнинг “Гулистон” таржимасини илмий-танқидий ўрганиб, нашр қилиш зарурлиги таъкидланади. 1914 йилда “Гулистон” таржимаси Муҳаммадсаид Аҳмеджалилов томонидан амалга оширилди. Унинг мақолалари ва Шарқ муаллифлари афоризмларидан таржималарини ўша даврдаги татар даврий матбуот саҳифаларида тез-тез учратиш мумкин. Шунга қарамай, унинг ўзи ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. У Петропавловск (ҳозирги Қозоғистон Республикаси) шаҳри мадрасасида мударрислик қилгани, Олимжон Идрисий билан дўстона алоқада бўлгани маълум. Таржималари асосан “Шўро” журналида чоп этилган. Унинг остига ёзган “Муҳаммедсаид Ахмеджалилов”, “С. ММ. С., А.С.М. Ж., М.С.А.Ж., “Муҳаммадсаид Абдулжалилов” каби имзолар чекилган. “Шўро” журналининг бир неча сонида “Гулистон” таржимаси хусусида сўз кетади. Мазкур баҳс-мунозаралар, ўзаро фикр алмашишларга ўз вақтида Н.Комилов ҳам эътибор қаратган эди[6]. Шунингдек, бу манбалар В.Раҳмонов томонидан ҳам илмий таҳлил этилган[7].
Журнал саҳифаларида Н.Бадриддиннинг “Гулистон” таржимаси муносабати ила”[8], М.Абдулжалилов//Аҳмаджалиловнинг “Хўканд шаҳринда ҳурматли Аҳлуллоҳ афандига”, “Таржима ўрнига форсийдан туркийга”, Завқий (Абдураҳмон Саъдий)нинг “Гулистон”ни таржима қилувчига”[9] Олимжон Идрисийнинг “Гулистон” таржимаси муносабати ила”[10], С.Рамиевнинг “Гулистон” таржимаси ҳақинда”[11] Содиқ (татар шоири ва маърифатпарвари Муҳаммад Содиқ Имомқули)нинг “Гулистон”ни таржима қилувчига”[12], шунингдек, “Гулистон” тарҗимаси хақинда[13] мақолалари давр маърифий муҳити ҳақида ҳам, “Гулистон”, умуман, Шайх Саъдийга татар халқи ихлос ва эътибори ҳақида ҳам хулосалар чиқаришга асос бўлади.
Шу ўринда мазкур манбаларнинг айримларига мурожаат қилсак. “Шўро” журналининг 1914 йилдаги 10-сони титул варағида (“Гулистон”ни) “Таржима қиларға тилавчи” имзоси билан асардан бир парчанинг татар тилига таржимаси босилиб, мутаржим жамоатчиликдан “Шу тарзда таржима қилсам бўладими?” тарзида маслаҳат сўрайди. Шу йилнинг 12-сони 362-саҳифанинг пастида берилган изоҳ айтилганидек, “бу намуна “Шўро”нинг тишина босилған эди”. Шундай кейин журналнинг 12-сонида “Гулистон” таржимаси муносабати ила” мақоласи босилиб, унинг биринчи қисми Олимжон Идрисий томонидан ёзилган бўлиб, “Гулистон”ни таржима этувни тилавчи муҳтарам афандига” деб бошланиб, муаллиф унга “Эй фидокор” дея мурожаат қилади ва қатор холис фикрларини баён қилган. Мақоланинг Нажиб бин Бадриддин қаламига мансуб иккинчи ҳам мутаржимга қатор маслаҳатлар берилган ҳамда мулоҳазаларга бой. Журналнинг 16-сони титулида ҳам “Муҳтарам Олимжон ал-Идрисий бирла Нажиб афанди ал-Қозонийнинг 12-адад “Шўро”дағи машваратларини эътиборға олуб, “Гулистон” китобидан бир ҳикоят намуна” деб “Форсийдан туркийга учунчи дафъа таржима намунаси” берилди. Мана шу муносабат билан журналнинг шу йилги 19-сонидан Саъид Рамиевнинг танқидий руҳдаги “Гулистон” таржимаси ҳақинда мақоласи чоп этилди. Унда жумладан, шундай дейилади: “Мўътабар “Шўро” журналининг бу йилғи 16-нўмиринда “Форсийдан туркийга учинчи дафъа таржима намунаси” деб бир киши Шайх Саъдий ҳазратларининг “Гулистон”индан бир ҳикоятнинг бир таржиасини кўргаза (кўрсатади, ушбу иқтибсода қавс ичида берилган изоҳлар бизга тегишли ‒ Б.Р.)” ҳам таржима қилғанда шулай таржима қилғанда ярамий (шундай таржима қилса бўлмайдими?) дий (дейди). Мунга жавоб ичун ўла (жавоб ўлароқ) таржима фанининг (таржима назариясининг) қавоиди аввалиясидин (бирламси қоидаларидан) бир-иккисингина бўлса-да эсга олийқ (эсга олайлик). Иккинчи бир тилда босилған бир асарни ўз тилига таржиа қилғанда:
Мақола аввалидаёқ муаллиф “Бу таржимада мутаржим юқорида санадиғимиз аввалиёти асосиялар (бошланғич асосий қоидалар)ни риоя қилмаган” ‒ деб хулосасини эълон қилади. Фикрлар кескин танқидий руҳда баён қилинган учун ҳам таҳрирят мақолага қуйидаги фикрларини илова қилган: “Гулситон”ни таржима этувчи афанди тарифиндан бўлған машваратларнинг жавоблари бир ерда жийилсун ичун биз бу мақолани ушбу ҳолинда дарж этдик. Лекин бу зотнинг форсий лисонинда моҳир, ҳатто мутахассис бўлуви ўзининг мадраса дериклари, асмол ва ақронларнинг шаҳодатлари билан собитдур” ‒ деб холис баҳо беради[15].
Кўринадики, келтирилган ҳар бир манба Огаҳий таржимасидаги “Гулистон”ни ҳар томонлама ўрганишда муҳим фактлар тақдим қилиши мумкин.
Рузимбоев Б. О переводах "Гулистан" на языки мира. В статье дается обзор переводов «Гулистана» Саади на языки мира. В то же время сказано, что для того, чтобы понять качества перевода Агахи, понять его особенности и еще глубже познать его лингвистический характер, нам необходимо иметь некоторое знание его переводов на языки мира.
Ruzimboyev B. On the translation of "Guliston" into foreign languages. The article gives an overview of the translations of “Gulistan” by Saadi into world languages. At the same time, it is said that in order to understand the qualities of the Agahi’s translation of the work, to understand its peculiarities, and to know its linguistic character even more deeply, we need to have some knowledge of its translations into world languages.
[1]https://tarjomic.com/blog/2020/04/20;
https://www.aftabir.com/articles/view/art_culture/literature_verse/c5c1240310521_sadi_p1.php/
[3] https://archive.org/details/Travel1807to1808Tancoigne/page/n5/mode/2up
[4] https://ru.wikipedia.org/wiki /Рюккерт, Фридрих
[5] Ханнанова Г. М. К истории переводов «Гулистана» Саади на татарский язык // Филологические науки. Вопросы теории и практики. ‒ Тамбов: Грамота, 2014. № 9 (39). ‒ С. 192-194.
[6] Комилов Н. “Муҳаммадризо Огаҳийнинг таржимонлик маҳорати”. Филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация иш. ‒ Тошкент, 1970. ‒ Б. 80-81.
[7] Рахманов В. Узбекские переводи «Гулистана» Саади Ширази. Автреф. канд.дисс. ‒ Самарканд, 1968. ‒ С. 10.
[8] Бадриддин Н. “Гулистон” таржимаси муносабати ила // Шўро. 1914. № 12. ‒ С. 364-365.
[9] Абдулжалилов М. Хўканд шаҳринда ҳурматли Аҳлуллоҳ афандига // Шўро. 1915. № 2. ; Аҳмаджалилов М. Таржима ўрнига форсийдан туркийга // Шўро. 1914. № 10.
[10] Олижон ал-Идрисий, Нажиб бин Бадриддин. “Гулистон” таржимаси муносабати ила // Шўро. 1914. № 12. С. 363-364.
[11] Рамиев С. “Гулистон” таржимаси ҳақинда // Шўро. 1914. №19. ‒ С. 594-595.
[12] “Гулистон” тарҗимаси хақинда // Шўро. 1915. №1.
[13] Содиқ. “Гулистон”ни таржима қилувчига // Шўро. 1915. №3
[14] Рамиев С. “Гулистон” таржимаси ҳақинда // Шўро. 1914. №19. ‒ С. 594.
[15] Рамиев С. “Гулистон” таржимаси ҳақинда // Шўро. 1914. №19. ‒ С. 595.