Каримова Сафия Расуловна,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди
Калит сўзлар: жадид, анъана, мувашшаҳ, девон, матлаъ, мақтаъ, ғазал, байт, жанр, салаф, назира, маснавий, мактуб, мухаммас, тахаллус.
Фурқатнинг маърифатпарварлик соҳасидаги анъаналарини ижтимоий ҳаёт материаллари асосида ижодий давом эттирган шоирлардан бири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдир.
Ёш Ҳамза адабиёт майдонига қадам қўяр экан, биринчи навбатда мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқланди. Аста-секин бу анъаналар янги маърифатпарварлик йўналиши туғилиши билан вужудга келган адабиёт- жадид адабиёти ғоялари билан уланиб кетди. Ҳамза - Ниҳоний ўз ижодининг илк даврларида Фурқат шеърларига эргашиб анъанавий ғазаллар ёзди.
Маърифатпарвар шоир Фурқат илмнинг аҳамияти тўғрисида шундай ёзади:
Жаҳон басту кушоди илм бирла,
Надир дилнинг муроди илм бирла.
Кўнгулларнинг сурури илмдандур,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандур .
Керак ҳар илмдин бўлмак хабардор
Бўлур ҳар қайси ўз вақтида даркор.
Ўз устозининг илғор анъаналарига содиқ бўлган Ҳамза ҳам илм ҳақида
махсус шеър ва публицистик мақолалар билан майдонга чиқди. У 1914 йилда ёзган «Илм иста» шеърида шундай дейди:
Оламнинг хуршиди кундир, одамнинг хуршиди илм,
Оламнинг зулмати тундир, одамнинг нодори илм...
Гар муроду мақсадингга етмоқ истарсан мурод,
Кўз очиб бедор бўл, даркор илм, даркор илм...
Ул ҳақиқат ошёнига сайқал истарсан Ниҳон,
Илм иста, илм иста, истагил зинҳор илм!
Диалог (икки кишининг савол-жавоби) приёми кўп шоирларнинг дикқатини ўзига тортган. Фурқатнинг «Кашмирли қизга» ғазалида шу усулда ёзилган ажойиб мисраларга дуч келамиз:
Айдим: «Эй жон офати, зулфунгга бўлмишман асир!»
Айди: «Бул савдони қўй, умринг ўтар занжирда».
«Нуқта лаб устида бежодур», -дедим. Айди кулиб:
«Саҳв қилмиш котиби кудрат магар таҳрирда».
Ҳамзанинг ишқий шеърларида ҳам салафларига эргашиб шу приёмга мурожаат қилиш ҳолларини кўрамиз.
Айдим: Пари, Ман хастага, мунча жафо даркор эмас,
Еткай қиё боқмаслиғинг , ортиқ жазо даркор эмас.
Деди кулиб: Эй хаста қул, маъшуқ элини хун шул,
Кел, деди, бер санга кўнгил, кет, можаро даркор эмас,
Дедим: Тараххум айлагил, ўлдурмоқа тутма ҳавас,
Ишқингда минг ўлган ўзим, ханжар манга даркор эмас.
Деди яна: Ошиқ элин ўлдурмоқ ўлган одатим,
Сандек манга жони ширин, қўрқоқ ако даркор эмас.
Қизиғи шундаки, Ҳамза - Ниҳоний Фурқатнинг шу ғазали йўлида янги бир мувашшаҳ-ғазал ҳам ёзди. Уни Фурқатнинг машҳур «Кашмирли қизга» ғазалига ёзилган назира ғазал дейиш мумкин:
Фурқатда:
Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,\
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.■<
Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи эскирда.
Ҳамзада:
Лола янглиғ оразини бир кўруб тасвирда,
Мубтало ўлмоқдиғим ёзмиш экан тақдирда.
Турфа савдолар бошимга тушди, кетди ихтиёр,
Ким ўтарга ўхшади эмди умр занжирда.
Айниқса, Ҳамза яратган мувашшаҳларда биз Фурқат мувашшаҳларининг таъсирини яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, Ҳ.Ҳ. Ниёзий ўз ижодининг дастлабки йилларида Фурқат мувашшаҳларига эргашиб, Ниҳоний тахаллуси билан ўндан ортиқ мувашшаҳ – ғазаллар яратган .
Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг «Девони Ниҳоний» сида ғазал ва мухаммаслардан ташқари ғазал шаклида ёзилган бир қанча мувашшаҳлар, мусалласотлар (учликлар), маснавий-саломномалар (шеърий мактублар) ҳам бор. Ҳамза лирикасини текширган олимлар ҳам «Девони Ниҳоний»даги ғазалларни таҳлил қилиш билан чекланганлар. Унинг ғазалдан бошқа шеърий жанрларда ёзган асарлари четда қолган. Профессор Р.Орзибековнинг «Ўзбек шеъриятида сирли-синкретик жанр ва шакллар» рисоласида биринчи бор шоирнинг мувашшаҳлар ҳам ёзганлиги айтилиб, унинг иккита ғазал-мувашшаҳи хусусида фикрлар баён этилади. Бизнинг изланишларимизга кўра Ҳамзанинг «Девон»ида саккизта мувашшаҳи бор. Демак, шоир бу жанрда ҳам ўз яқин ўтмишдошлари бўлмиш Муқимий, Фурқат, Завқийларнинг мувашшаҳ шеърлар ёзиш соҳасидаги тажриба ва анъаналарини давом эттирган. Унинг Раҳимхон исмига ёзилган
Раҳми йўқ, эй бевафо дилбар, билмайсан ҳануз,
Қоматингга бўлмишам хуштор, билмайсан ҳануз-
матласи билан бошланувчи етти байтли ғазалида ошиқона ҳис - туйғулар, маҳбубанинг висолида азоб чекаётган ошиқнинг дардлари ифодаланаётгандек. Шеър ғазал шаклида ёзилган, ғазалга хос поэтик белгиларга - матлаъ ва мақтаъ байтларига эга. Шеър мақтасида шоирниг тахаллуси ҳам берилган, худди ғазалларда бўладигандек якка қофия тартибига эга. (а а, ба, ва, га, да). Лекин ғазал байтларининг биринчи тоқ , мисраларининг биринчи ҳарфларини (Р, Ҳ, Е, М, X, О, Н) араб алифбоси шаклида бир-бирига қўшсак «Раҳимхон» исми келиб чиқади.
Раҳимхон деган киши Ҳамзанинг ёшликдаги дўстларидан бўлган. Ҳамза чет эл саёҳатларида бўлганида бу дўстига мактуб йўллаган экан. Бу фактни ҳамзашунос олимларимиз аниқлаганлар.
Девондаги бир мувашшаҳ - ғазал Алишер Навоийнинг машҳур «мубтало бўлдим санго» ғазали вазни ва услубида ёзилгандир. Бу ғазал - мувашшаҳда Ҳамза Навоий ғазалига тақлид қилади. Ўз шеърида Мирзаҳамидхон деган шахсни дилбар, маъшуқа сифатида таърифлайди. Худди унга ошиқ бўлиб қолган маъшуқдай хасрат-надомат қилади. Шеър катта ҳажмда - 13 байт.
Умуман айтиш керакки, мувашшаҳ шеърлар кўпроқ эркак кишининг номига бағишланарди. Худди уни маъшуқа ўрни ва қиёфасида мадҳ этиш, гўзаллигини ажойиб ташбеҳлар билан ифодалаш мувашшаҳ мазмунига хос хусусиятлардан биридир. Лекин бу ҳол бир анъана бўлган. Аслида эса шоирга яқин кишига бағишланган, унга бўлган дўстлик - биродарлик ҳислари тасвирланган. Навоий ғазали изидан бориб ёзган ғазал-мувашшаҳдан парчалар келтирамиз.
Бир кўриб ул кун жамолинг мубтало бўлдум санго,
Андалибдек фурқатингда пурнаво бўлдум санго.
Ёш оқиб икки кўзимдин Нуҳни тўфонидек,
Нолаи дилсўз ила хаддин фано бўлдум санго.
Раҳм қилмайсан на деб ман хастани бечорага,
Ман сани деб минг балога ошно бўлдум, санго...
Заррае инсоф қил, васлингдин эҳсон айлагил,
Мисли мажнундек эшикларга гадо бўлдум санго.
Номи ҳарфинг ҳар бирига қисса холим дарх этуб,
Не деган ўлсам Ниҳоний, ҳоказо бўлдум санго.
Бизнинг назаримизда ушбу мувашшаҳнинг матлаъ байтидаги биринчи мисра бошидаги «Б» эмас «М» ҳарфи билан бошланса керак. Чунки ўзбекларда «Бирзаҳамид» деган исм йўқ, балки «Мирзаҳамид» бор. Нашрда шундай хато ўтган ёки шу мисра нотўғри ўқилган бўлиши мумкин. Худди Муқимий ижодида «Адолхоним» номига ёзилган мувашшаҳ учраганидек Ниҳоний девонида ҳам аёл кишилар номига бағишланган мувашшаҳлар йўқ эмас. «Дилбархон» исмига ёзилган мувашшаҳ шундай. Ўқувчи уни мувашшаҳ хусусиятига эга, унинг белгилари бор исм яширинган деб ўйламаса худди ёрнинг васлига бағишланган шеърдек қабул қилиш мумкин. Аслида ундан мувашшаҳдан ном чиқариш қоидасига кўра ҳар бир байтнинг биринчи мисралари бош ҳарфларидан Дилбархон исми чиқади. Шеър етти байтли ғазал шаклида ёзилган, «Хараж» сўзи радиф бўлиб келади. Шоир мувашшаҳнинг сўнгги байтида «Дилбархон»нинг номи ҳарфини шеърда ифодаланганлигига китобхон эътиборини қаратган. Умуман барча мувашшаҳ шеърларда унинг мувашшаҳ эканлигига ишора қилинади. Бу хусусият мувашшаҳ шеърларнинг жанр белгиларидан биридир.
Албатта, мазкур ғазал-мувашшаҳда яхши ташбеҳлар бўлса-да уни бадиий жиҳатдан жуда гўзал, оригинал асар дейиш қийин. Чунки шеърнинг вазни, услуби, баъзи сўз ва ибораларнинг ўхшашлиги жиҳатидан Муқимийнинг «Рози дил айтай десам улфат қилолмай доғман» мисрали ғазалига тақлидан ёзилган. Шунинг учун Ҳамзанинг девондаги кўп шеърлари, шу жумладан, баъзи мувашшаҳлари шоирнинг классиклар меросини ўрганиш, ўзлаштириш, уларга эргашиб, тақлид қилиб юрган кезларининг маҳсулидир. Ниҳоний мувашшаҳлари ичида
Лола янглиғ оразини бир кўриб тасвирда,
Мубтало ўлмоқдиғим ёзмиш экан тақдирда -
матлам билан бошланиб, мақтаи
Номи ҳарфини Ниҳон этмоқдин улдур ҳавфлар,
Кўрса ногаҳ кўрмасин қаҳри келуб таҳқирда -
деб тугалланувчи ғазал-мувашшаҳ Лутфуллахон исмига ёзилган. Ўрни
келганда эслатиб ўтмоқлик лозимки, бу ғазал - мувашшаҳ Фурқатнинг
«Бир қамар сиймони кўрдум балдаи Кашмирда»
деб бошланувчи ишқий ғазали таъсирида майдонга келган. Фурқат ғазали ҳам, Ҳамза мувашшаҳи ҳам арузнинг рамал баҳри тармоқларидан «рамали мусаммани маҳзуб» вазнида ёзилгандир. Фурқатда ҳам, Ҳамзада ҳам "тасвирда, тақдирда, занжирда, тасхирда, таҳрирда, таҳқирда" каби сўзлар ҳар байт охирида қофия сифатида ишлатилади. Байтлар сони ҳам Фурқат ғазалига тенглашади.
Ҳ.Ҳ.Ниёзий Фурқат асарлари билан фахрланди, унга эргашиб, ундан таъсирланиб фурқатона асарлар яратди. У Фурқат маърифатпарварлигига хос илғор жиҳатларни замон талабларидан келиб чиқиб тараққий эттирди.
Фойдаланилган адабиётлар:
Ҳожиаҳмедов А. Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия . – Тошкент :“ Шарқ” нашриёти , 1998 .
Ўзбек адабиётида жанрлар типологияси ва услублар ранг – баранглиги . –Тошкент : Фан, 1983 .
Каримова С. Традиции Фурката в творчестве Хамзы. В статье рассмотрены вопросы продолжателей традиции Фурката, гордившихся и творивших фуркатовские произведения под влиянием творчества великого поэта в начале ХХ века. В частности, анализированы и научно доказаны произведения Хамзы, написавшим вслед за Фуркатом более десятка поэтических произведений в жанре мувашшах-газелей.
Karimova S. Furqat’s traditions in Hamza’s works. The article explains that Hamza, the poet of the beginning of the 20th century, was proud of Furqat’s works and followed his way, was deeply impressed and created works as Furqat. Particularly, it was proved and analyzed that at the beginning of his creative work Hamza followed Furqat’s muvashshahs (lyric poems) and wrote tens of muvashshahs – gazelles under the penname Nihoniy.