Элова Умида Рузимуродовна,
СамДЧТИ докторанти
Калит сўзлар: сентиментал бўёқлар, баллада, эпик асар, пародия, фалсафий оҳанг, поэма, Гаявата, спицифик колорит.
Elova U. The poetics of H.W. Longfellow. This article analyzes the ways of poem translations, the development of students translation skills, which is an important parts of the educational process in modern universities.
Элова У. Поэтика Генри Лонгфелло. Настоящая статья рассматривает способы перевода стихов, развитие способностей студентов переводить в процессе обучения в современных вузах.
Лонгфелло шеъриятининг айрим жиҳатлари (романтик-сентементаль бўёқлари, жанговар руҳнинг учрамаслиги, панд-насиҳат ва мушоҳадаларга бойлиги) уни Бостон шоирлари мактаби вакилларига яқинлаштиради, бироқ тилининг соддалиги, нафислиги, қалб кечинмаларининг тасвирланиши ва гуманизм ғоялари унинг шеъриятини бу мактаб доирасидан чиқариб, ҳақиқий улкан миллий шоирга айлантиради.
Ҳенри Водсворт Лонгфелло (Henry Wadsworth Langíellow, 1807—1882) Атлантика океани қирғоғида, унча катта бўлмаган Портленд (Мэн штати) шаҳарчасида, ўз аждодлари билан фахрланувчи адвокат оиласида дунёга келади. Онаси томонидан бобоси генерал Лонгфелло мустақиллик урушларининг қахрамони эди, тоғаси лейтенант Ҳенри Лонгфелло эса – денгиз лейтенанти – 1804 йилда душман қўлига асир тушмаслик учун кемасини чўктириб, командаси билан халок бўлади. Шоир оиласида унинг тарбиясига катта таъсир кўрсатган қахрамонлик анъаналари ҳукмрон бўлган.
Ҳали Боудойн коллежида талабалик чоғларидаёқ (бу ерда у билан Натаниэль Готорн курсдош бўлган) Лонгфелло ўз ижодини бошлайди. Коллежни тугатгач у Европага тилларни ўрганиш учун жўнайди ва у ерда уч йил яшайди (1826-1829йиллар),Франция, Германия, Италия ва Испанияда бўлади; ўз саёҳатларини “Уммон ортида” («Outre — Мег. A Pilgrimage beyond the Sea», 1835) очерклари китобида мамнуният билан тасвирлайди. Сафардан қайтгач ўзи таҳсил олган Будойн коллежида чет тилларидан дарс беради; 1834 йил уни Кембриждаги Гарвард университетига профессорлик лавозимига таклиф қилишади; у бу ерда ўн саккиз йил мобайнида талабаларга адабиётдан маърузалар ўқийди, адабий-тарихий мақолалар ёзади, француз, итальян, испан тилларини ўрганувчилар учун дарсликлар яратади, шу тиллардан шеърий таржималар қилади.
Европага 1835 йил иккинчи марта келгач (Германия ва Швейцарияга), саёҳатлар сўнгида “Гиперион” романини ва “Тун товушлари” («Voices oí the Night») шеърий тўпламини эълон қилади. Икки йилдан сўнг у “Баллада ва бошқа шеърлар”(“Ballads and Other Poems”) китобини чоп эттириб, шуҳрат қозонаётган америкалик шоирга айланади.
1842 йилда Европага амалга оширган учинчи саёҳатидан сўнг Лонгфелло ўзининг энг машҳур “Тутқунлик қўшиқлари” («Poems oí Slavery», 1842) китобини эълон қилади. У бу асари билан замонасининг энг катта аҳлоқий-сиёсий зиддиятларига муносабат билдирган эди.
Лонгфеллонинг қолган бутун умри Кембриж билан боғлиқ. У оиласи ва дўстлари даврасида ёпиқ турмуш тарзини танлайди, фарзандлари туғилиши ва китобларининг чоп этилиши унинг ҳаётида энг муҳим воқеалар бўлиб қолади.
40-йилларда шоир таржималар билан шуғулланиб “Европа шоирлари” (“The Poets and Poetry of Europe”) номли қизиқарли антологияни яратади, унга барча Европа халқлари шеърияти вакиллари киритилади, шеърларни унинг ўзи ва бошқалар таржима қилишади. Бу иш уни шунчалик қизиқтирган эдики, у бу иш билан қарийб йигирма беш йил шуғулланади ва 70-йилларнинг охирига келиб, АҚШда шу даврга қадар чоп этилган антологияларнинг энг муҳими бўлган “Жаҳон шеърияти” («Poems of Places») китоби ўттиз бир жилдда чоп этилди.
1846 йилда “Брюгге минораси ва бошқа шеърлар” («The Belfry of Bruges») тўплами эълон қилинади ва унга шоирнинг севимли “Ўқ ва қўшиқ” асари ҳам киритилган эди. Тез орада Америка адабиётининг эътиборга молик илк асари “Евангелина” («Evangeline», 1847) яратилади, унинг сюжетини Лонгфеллога дўсти Готорн айтиб берган эди. Бу асарга кейинчалик кўпдан кўп тақлидий асарлар яратилади, пародиялар ёзилади. Бу асарида Лонгфелло бадиий адабиётнинг абадий мавзуларидан бирига мурожаат қилади; севги мавзусига антик адабиётда ҳам, рицарлик романларида ҳам, Шекспирнинг “Рамео ва Жульетта”сида ҳам мурожаат қилинган. Гекзаметр вазнида пуританларча талаб ва қатъият билан тарбияланган Евангелина тўй оқшоми аскарликка олиб кетилган қайлиғидан ажралади. Уни урушдан излаб кетган келин, узоқ сарсон-саргардонликдан сўнг харбий госпиталдан ўлим арафасида ярадор аҳволда топади. Ўттиз йил мобайнида мазкур асарнинг сентиментал ва таъсирли воқеаларга бой бўлганлиги сабаб америкалик китобхонларнинг энг кўп ўқилган севимли асарига айланган эди.
Лонгфелло насрда ҳам ижод қилди. У “интеллектуал роман” намунаси бўлган «Кавана» («Kavanagh», 1849) номли кам ҳаракат ва персонажли асарни яратади. Турли йилларда ёзилган шеърларини жамлаб “Уммон ва ўчоқ олдида” («The Seaside and Fireside», 1849) номли шеърий тўпламини чоп эттиради, бу тўплам “Кема қурилиши” номли таъсирли ватанпарварлик руҳидаги шеър билан бошланади. Бу шеър шов-шувли тарзда машҳур бўлиб кетади; уни тинглаган уч минг кишилик аудитория руҳан йиғлаган эди. Асар президент Линкольнга совға қилинганда: -“Қандай мўъжизавий туҳфа – кишилар қалбини завқлантириш!”, - дея ҳайқирганлиги тўғрисида ҳикоя сақланиб қолган.
Лонфелло ижодига аста-секин ўтмиш тарихига бағишланган эпик асарлар кенгроқ кириб келади. “Олтин афсона” («The Golden Legend», 1851) поэмаси ана шундай асарлардан бўлиб, у ўрта асрларда яратилган Гартман дер Ауенинг “Бечора Генрих” номли достонининг қайта ишланган вариантидир. Ўша йиллар машҳур “Гаявата ҳақида қўшиқ” («The Song of Hiavatha», 1855) достони яратилади, “Майл Стендиш совчилиги” («The Courtship of Miles Standish») номли шоир аждодлари романтик тарзда улуғланган достон пайдо бўлади. Шоир ўз аждодларини қадимги юнонлар қиёфасида тасвирлайди – улар салобатли одмилик, олижаноблик патриархал аҳлоқ эгалари сифатида гавдаланади. Эпик монументал оҳангни ушлаб туриш учун шоирга мифологик образлиликка хос гекзаметр шеърий қолипига мурожаат қилишга тўғри келади.
Шоирнинг 1858 йил “Кўчманчи қушлар” («Birds of Passage») номли лирик тўплами эълон қилинди. Бу тўплам Лонгфелло ижодининг чўққиси хисобланади. Шеърлар ҳақиқатан ижтимоий мавзулари жиҳатидан чуқур, сермазмун ва фалсафий, ўта таъсирчан.
Лонгфеллонинг оилавий ҳаёти иккинчи рафиқасининг фожиали ўлимидан сўнг оғир кечади: ундан беш фарзанд қолади.
1863 йил “Йўл ёқасидаги меҳмонхона ҳикоялари” («Tales of a Wayside Inn») шеърий тўпламига шоирнинг илгари ёзилган шеърлари жамланиб эълон қилинади, уларда шоир услубининг реалистик эпик шаклга мойиллиги кузатилади.
1965-1967 йиллари шоир томонидан амалга оширилган улкан меҳнат ва заҳмат ҳосиласи Дантенинг “Илоҳий комедияси” таржимаси якунланади. Бир йилдан сўнг Лонгфелло Европага бориб Оксфорд университети профессорлик илмий даражасини олиш учун харакат қилади. Бу даврга келиб у машҳур шоир, Европа ва Американинг бешта нуфузли университети профессори, Россия фанлар академияси аъзоси, Испания Қироллик Академияси ва бошқа жамиятларнинг аъзоси эди.
Шоир тинимсиз ишларди – шеърлар, балладалар, драмалар ёзар, чет тиллардан таржималар қиларди. У умрининг сўнгги ўн йилида қуйидаги китобларини чоп эттирди: Учта шеърлар китоби (1878), апокрифик трагедиялари: “Иуда Маккавей”, «Пандора ниқоби» (1875), «Керамос» («Keramos and other Poems», 1878) ва ниҳоят лотин тилидаги «Ultima Thule»1 шеърий тўплами. Сўнгги асарига шоир Горацийдан эпиграф танлайди: “Менга соғлиқ берсин, ютуқларимга қувонмоқ учун, шарманда қилмай кексалик, онгим панд бермасин, жаранглаб лирам”. “Микеланжело” номли тугатилмаган асарида Шекспирнинг “Бўрон” фожиасида бўлгани каби санъаткор учун асосий муаммо – ҳаёт ва ижод муносабати масаласи тасвирланади.
Етмиш йиллик юбилейи кенг тантана билан нишонлангандан бир ой ўтиб Лонгфелло вафот этади.
Ижодининг табиати. Лонгфелло ўз даврининг энг билимли кишиларидан бири бўлиб, замонавий ўн иккита Европа тилларини, қадимги юнон, лотин, гот, провансаль тилларини чуқур ўрганган , кўплаб халқларнинг адабиётини ҳам билувчи серқирра қомусий ижодкор эди.
Лонгфелло насри. «Гиперион» (Hyperion) 1839 ва «Кавана» (Kavanagh) 1849 романлари унга шуҳрат келтирмайди, зеро у кўпроқ катта шоир сифатида танилган эди. Шунингдек, тажриб тарзида ёзган драматургия ҳам адиб иқтидорини намоён қила олмади.”Испан талаба” (1843) номли романтик пьесаси Сервантеснинг “Лўли қиз” асари мотивларига асосланган бўлиб, саҳнага мослашмайди, сюжет ва характерлар жадаллиги сустлик қилади.Ватани тарихи мавзусида яратилган айрим асарлари нисбатан муваффақиятли чиқади. “Жон Эндикот” ва “Гайл Корей, Сэйлемлик фермер” пьесалари “Англиянинг янги ҳаёти фожиалари” (1868) номи билан жамланиб чоп этилади; улардаги воқеалар ХVП асрда, “жодугарларни овлаш” замонасига тўғри келади. Адиб уларда диний фанатизмни қоралаб, бағрикенгликни тарғиб қилади.
Ижодкорнинг том маънода улкан иқтидори шеърият соҳасида намоён бўлади. Унинг шеърияти поэзиянинг умумқабул қилинган мезонларига мос келавермайди: унда романтизм ҳам, сентиментализмга хос унсурлар кўп учрайди ва шу билан бирга унинг асарларига чуқур дидактизм ҳам хосдир. Шунингдек, Лонгфелло шеърияти халқона ва илмий-китобий жиҳатларга ҳам бойдир. Агар адиб ижодининг тарихий тадрижини кузатсак, романтизмдан реализмга ўсиш сезилади. Аммо умрининг сўнгида илк ижодида бўлгани каби яна романтик кайфият, Ўрта асрлар афсоналари ҳамда христианлик мавзулари катта ўрин эгаллайди.
Лонгфелло ҳеч қайси адабий оқим, мактаб ё бирон бир йўналишга мансуб бўлмасада, бироқ унинг ижодида “бостонликлар мактаби” таъсири уфуриб туради.
Лонгфелло шеърияти мавзу, мазмун ва оҳангдорлик жихатдан жуда универсал.
Авваламбор, у панд-насихатга йўғрилган. Ўзи ўта тақводор инсон бўлган шоир, китобхонини ҳам диндорлар орасидан қидиради, асарларга диний қўшиқлар йўсинида тез хотирада қолувчи ном беради, ўзини устоз хисоблайди (“Ҳаёт псалмаси”, “Тун мадҳияси”), у ҳатто фалсафий оҳангдаги афоризмлардан фойдаланганида ҳам оддий ва соддаликни сақлашга уринади:
Турмуш жанглари майдонида,
Ҳар кунлик турмуш ташвишида –
Қул эмас, жўмард бўл,
Кўксинг жангда тобланган! (“Ҳаёт қаҳрамонликдир”)
Бироқ шоир панд-насиҳатлари тор доирада бўлмасдан, аксинча, кенглик ва чексизлик таассуротини қолдиради. Шоир инсон кучига ишонади, унга ҳаётини шундай қуришни таклиф этади:
Замонлар қуми аро
Бизнинг изимиз ҳам қолсин.
Лонгфелло шеърларида индиви-дуаллик қобиғида беркиниш йўқ – у шоир-ватанпарвар, шу сабабли ўзини халқи билан уйғун кўради ва шунга интилади:
Барчамиз – тақдир меъмори
Шул сабаб замон деворига
Ё кураш мардлигини,
Ё қўнғироқлар жарангини
олиб борурмиз.
(“Қурувчилар”)
Қадимги юнон шоирларидан аллегорик-образ “кема-давлат” тушун-часини ўзлаштириб, Лонгфелло ўта ҳаяжонлантирувчи “Кема қурилиши” шеърини яратади ва унда халқнинг давлат қурилиши йўлидаги тинимсиз ва олижаноб меҳнатини шарафлайди:
Кимники ишқ бошқарса,
Ул ҳар жойда мудом ғолиб.
Бундай афоризмлар тилга тушиб, оммалашиб кетган; “Кема қурилиши” асарининг Фуқаролар уруши йилларида шимолликлар ўртасида ниҳоятда машҳур бўлганлиги бежиз эмас.
Бироқ Лонгфелло шеърларида романтикларга хос манзилсиз олға интилишлар («Excelsior!»), бахт ваъда қилинган таскинлар («Эндимион») ҳамда ушалмаган орзуларга бағишланган романтик хасратлар («Кўприк», «Данте», «Танаффус», «Оқшом қўнғироғи») кўп учрайди. Лонгфеллони ҳақли равишда уй ўчоғининг шоири деб таъкидлашади. У болалар билан суҳбат жараёнини маҳорат ила тасвирлайди («Болалар вақти», «Очиқ деразалар», «Қасрлар бунёдкори»), лекин бундай шеърларнинг барчасига улкан хаёт, йўқотишлар алами ва қаршилик шиддати ёпирилиб киради:
Қўл кўтарайми? Асло!
Қурбонларнинг меҳнати бекормас!
(“Печдаги шамол”)
Табиатни асабий идрок этиш аксарият америкалик шоирларга хос кайфият: Лонгфелло ҳам бундан истисно эмас. Безакли баёнчиликдан ва танилган метафоралардан бошлаб (“ёвуз шамол қутурган онда”, “тонги нурларнинг қирмизи ёруғида”, “булутларнинг кумуш чордараси”, “сукунат коплаган ўрмонлар” ва ҳ.), йиллар ўтгани сари шоир табиат образлари тизимини тасвирлашда ўзгаришлар қилади, уларга фалсафий мазмун бағшлайди; улар мазмунан кенгайиб, залворлашади ва шоир улар учун чархланган сонет шаклини “кашф қилади” (“Сув кўтарилиши ва қайтиши”, “Денгиз бўйидаги ёз куни” ва ҳ.). Табиат тасвирлари бадиий қатламга сингдирилади, драматик функция-вазифалар юкланади, аллегоризмни кучайтиради (қушлар тириклик тимсолига, самарали санъат рамзига айланади); қизиқарли поэтик метаморфозалар пайдо бўлади – Оловнафас Эна маьбудларга қарши курашчи-титан Энкелад қиёфасида намоён бўлади, у гўё вулқон тагига кўмилган, аммо ҳамон тиранлар учун хавфли (“Энкелад”).
Лонгфелло шеъриятида фош этувчи мотивлар ҳам хос. “Ловелз-Понд олдидаги жанг”, “Овчи-ҳинду”, “Ҳинду Юз Ёмғирининг қасди” каби шеърлар муаллифи – ҳўрланган ва эзилган ҳинду халқининг ишончли дўсти, унинг маиший ва аҳлоқий ҳаёти тарихчиси, оқларга нисбатан бўлган ғазаб ва нафрат тасвирчиси. Лонфеллонинг қулликдаги жисмоний ва руҳий изтироб чекаётган негрларга муносабати ҳам қизиққон. “Тутқунлик қўшиқлари” туркум шеърлари моҳиятан инқилобий курашдан йироқ, аммо бунга қарамай улардаги тасвирлар шундайин кучга эга бўладики, ҳатто буржуа журналлари бу китобга тақриз эълон қилишдан чўчийди, асар номида “қуллик” маъноси зоҳир бўлгани сабабли. Туркум саккизта шеърдан иборат бўлиб, биринчиси Уильям Чаннингга – аболиционистик ғояларнинг оташин тарғиботчисига қарата шоир машҳур чақириқлардан воз кечмасликка ундайди: “Буцнда зандир, тамға ва қамчи Инсон рутбасини ҳақоратлайди!”.
Ҳар бир шеър аниқ сюжетга эга бўлиб, АҚШ негрлари хаётини реалистик акс эттиради. Негр эркаги ишдан ва офтобдан ҳориб пайкалда “ўроғини ачомлаганча” ухлаганида унинг тушларига она Африкаси, болалари киради, унинг ўзи мағрур отда сайр қилади. озодлиқ ҳақидаги туш қамчи зарбидан узилиб қолади: негрни қулдор эгаси шу ерда қамчилаб ўлдиради (“Қул туши”). Шоирнинг натурадан олинган бундай тасвирлари кўп:
Ётарди у, кишилардан беркиниб,
Батқоқ қамишзорида.
Кузатганча чироқлар нурин,
Тинглаганча уюр нафасин
Ва итларнинг вовуллашини.
Оқ танли плантатор ўз қизини қулликка сотади (“Квартеронка”); чўкиб кетган кемаларда “қуллар- жонли товар, занжирларда чириган қуллар” (“Гувоҳлар”), “Том амакининг кулбаси”даги Бичер-Стоу каби Лонгфелло инқилобий портлашни башорат қилади – негрлар Инжилдаги Самсон каби, мифологик Энкелад мисол, жамият асосларини ларзага келтиришади:
Ҳозирча у занжирбанд.
Бироқ кутинг! Пайдо бўлишин тўфон онида.
Муаллиф гўё бу портлашдан хадиксирайди; ҳар қалай бу туркумнинг якунловчи шеърлари “Огоҳлантириш”, “Тутқунлик қўшиқлари” Фуқаролар уруши бошланишидан ўн саккиз йил олдин ёзилган, ҳали қулдорлик ҳукмрон бўлган Жануб билан уруш хавфи йўқ дамлар эди. Уруш бошланганида эса, Лонгфелло дастлаб ҳарбий конфликтга қарши чиқади, аммо кейинроқ “оловни пуфлаш зарур” деган хулосага келади (унинг 1861 йил январидаги кундалик ёзувларида), яъни қўлга қурол олиб қулдорликка қарши курашиш лозим деб ҳисоблайди.
“Гаявата ҳақида қўшиқ”(“The Song of Hiawatha”,1855) достони ёзиш жараёнида, агар юзта қўлим бўлса ҳам шу асарни яратишга йўналтирардим, деб ёзади шоир. Зеро, асар чиндан муаллифига оламшумул шуҳрат келтиради. Ҳиндулар ижодига қизиқиш унда ўттиз йиллар муқаддам пайдо бўлган эди. У ҳали талабалик чоғларида бўлғуси асарга материал йиғади, ожибуэ ҳиндуларининг қабила бошлиғи билан учрашади; кўплаб ривоятлар, афсоналар, қўшиқлар ва маросимларни Ҳиндулар иши бўйича Давлат агенти Скулфрат ёзувларидан ўзлаштиради. “Ҳиндулар Эддаси” – адибнинг ўзи шундай номлаган асарига бир нечта қабиланинг афсона ва ривоятлари асос қилиб олинган. Бу афсоналарда ҳиндуларни касб-хунарга ўргатган ярим реал ва ярим афсонавий пайғамбар ва устоз тўғрисида ҳикоя қилинади, бироқ Лонгфелло яратган Гаявата орази фақат ҳиндуларга тегишли эмас. Унинг тимсолида Антик дунё қаҳрамонлари ва маъбудларининг (Орфей, Геркулес, Прометей, Дионис), Европа халқлари эпосларининг (Зигфрид, Беовульф, Рус баҳодирлари, финларнинг “Калевала” достони қаҳрамонлари ва ҳ. Поэма вазни – тўрт стопали ямбдан иборат хусусиятлари жамланган. Антик мифология ва Ўрта асрлар Европаси эпосларидан аллегориялар, вазиятлар, метаморфозалар, жанглар тасвири ўзлаштирилган.
Поэма чоп этилгач, муаллифга танқидчилар ҳужум қилади. Нуфузли ҳисоблаган Бостон газеталари "Гаявата"ни "ёввойи аборигенлар афсоналари", "китобхонларни қизиқтирмайди" каби ёрлиқлар билан номлашади. либерал танқидчилар Лонгфеллони "тамаддун ютуқларини" бўяб кўрсатишда айблашади. Поэма якуни чинданда талабчан кўринади: оқ танлилар ҳиндуларнинг биродарлари қилиб кўрсатилган. Ўлими арафасида Гаявата қабиладошларига ўзининг вигвамида жойлаштирган оқ танлиларга ғамхўрлик қилишни васият қилади. Шоир учун бу суньий идиллия тасвир нега керак эди? Азир унинг ўзи бошқа асарларида оқ танлиларга нисбатан ҳиндуларнинг нафратини тасвирлаган эди ("Майлз Стендиш совчилиги"). "Гаявата" нашридан уч йилдан сўнг эса "Юздаги Ёмғир исмли ҳиндунинг қасди" асарини чоп этади, унда шундай строфа мавжуд:
Бу қопқонга дара оралаб
Бошлаб келди уч юз аскарни.
Сариқ ёлли оқ тан бошлиқ
Ва яна уч юзта отлиқ жон берди,
Ўзгалар юртидан
Нафсин қондирмоқ бўлиб.
Лонгфелло икки ирқ Америка қитьасида тинч-тотув яшаб кетишига самимий ишонарди. Аммо у ерга борганларнинг аксарияти ҳиндуларга тегишли бўлган олтин, бошқа маъданлар, пахта, ер кабиларнинг асл эгаларидан тортиб олишганлиги унут бўларди.
Лонгфеллонинг яна бир мақсади Х1Х аср ўрталарига келиб АҚШ миллий адабиётини шакллантириш эди. "Гаявата ҳақида қўшиқ" эса миллий эпос яратилишидаги илк қадамлардан бўлиб. ҳиндулар фольклори америкача ўзига хос маданиятнинг бир бўлагига айланиши, унинг специфик колоритини белгилаши лозим эди. Поэмада оқ танлиларнинг ҳиндулар билан дўст тутинишининг сабаблари шу билан боғлиқ.
Машҳур рус шоири И.А.Бунин “ Гаявата ҳақида қўшиқ” достонини илк бора рус тилига ўгирди. Бу таржима асарнинг рус тилида ягона таржимаси бўлиб, у юксак маҳорат ила ўгирилган.Айнан шу таржима вариантида уни 1973 йил шоир Азиз Абдураззоқ ўзбек тилига таржима қилди.
Хулоса, машҳур америкалик шоир Лонгфелло “Гаявата хақида қўшиқ” достони орқали ўзбек ўқувчисига ҳам таниш бўлиб қолди.
Адабиётлар:
1.Longfellow H.W. The complete poet: cal works.- Boston: Cambridge univer.press,1916.-X.655 p.
2.Лонгфелло Г.У. Песнь о Гайвате. Поэты. Стихотворения.- М.:”Худож. Литература, 1987-414 с.
3.Лонгфелло Г. Гаявата ҳақида қўшиқ.Достон. Рус тилидан. Азиз Абдураззоқ таржимаси.-Т.:Адабиёт ва санъат нашриёти, 1973-188 бет.
4. Ронгонен Л.И.О фольклорных образах поэма Г.У. Лонгфелло.- “ Песнь о Гайвате”// Учен.зап.Латв.гос.ун-та, 1972.т.174.-С. 35-45.
5.Wgenknecht E.H.W.Longfellow. Portrait of an American hicmanist.- New York:Oxford univ. press,1966.-XII.252p.
6. Генри Лонгфелло// История американской литературы-М.: “Просвещение”,1971-с.185-193.
Интернет манбалар
1 «За пределами» (лат.).