ХХ АСР БОШЛАРИ ТОЖИК ЖАДИД ШЕЪРИЯТИ ЭВРИЛИШИНИНГ АЙРИМ ТАМОЙИЛЛАРИ

ХХ аср бошларида Ӯрта Осиё халқлари ҳаётидаги сиёсий, тарихий, ижтимоий ва илмий-маърифий эврилишлар барча соҳалар каби бадиий адабиётнинг тадрижий такомилини таъминлаб берди. Шеърият ва умуман адабиётга бӯлган ӯзгача ёндашувлар, янгича мавзу ва мазмун талқини, хусусан, бадиий ижод моҳиятидаги функционал ўзгаришлари, бадиий тафаккурнинг тадрижий такомили каби масалалар адабий жараёнда муҳим ва долзарб масалалар сифатида юзага келди. Бу каби адабий-инқилобий ўзгаришларни кӯпгина ӯзбек жадид шоирлари қаторида Мирзо Сирож Ҳаким Бухороий, Мирзажалол Юсуфзода, Мирзо Азим Самий, Абдурауф Фитрат, Абдулвоҳид Мунзим, Абдулқодир Шакурий ва Садриддин Айний каби етук тожик маърифатпарвар ижодкорлари шеъриятида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Айнийнинг юксак шоирлик қобилияти ва истеъдоди ӯша даврдаёқ ӯз замондошлари томонидан эътироф этилган бўлиб, унинг мураббий ва маънавий устози Садри Зиё Айний шеъриятини насрий ижодидан устун билган эди. Пайванди Гулмуродзода ўзининг «Айний шеърияти ва ҳаётий воқелик” номли мақоласида: «Устоз Айний ўзининг бир қатор шеърларида мактабни васф этиб, мамлакат аҳлини билим олишга даъват этади, зеро, янгилик ва эскилик тарафдорлари бўлган икки тоифа кишиларнинг ғоявий қарама-қаршилигининг шиддат касб этиши даврида бу фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Унинг мактабни “сув” ва “нон” деб билиши, ўша давр маърифатпарварлик ғояси, янги даврда аста-секинлик билан шаклланаётган адабий-эстетик қарашлар асосида келиб чиқади [3, 41]. Бу ғоя эса Аҳмад Дониш туфайли вужудга келган ва унинг маслакдошлари, салафлари ва издошлари туфайли даставвал Бухорода, кейинчалик Самарқанд ва унинг теварак-атрофида ривож топган эди.

 Эрон олими Зиё Бараҳоний фикрича “янги аср бӯсағасида, янгича ашё ва унсурларнинг шеърият ва адабий тилга кириб келиши табиий ва мӯътадил ҳолат”. Айтиш мумкинки, тожик шеъриятида “ислоҳот”, “мактаб”, “маърифат” (илм), “таждид” (янгилик), “иршод” (дастур), “ирфон” (билим), “истиқлол”, “ҳуррият” (озодлик), “рууннат” (нодонлик), “жаҳолат” (нодонлик) каби янгича ижтимоий мотивдаги талқинлар, ӯзгача тимсоллар, мафкуравий қарашлар, эскилик ва маънавий сарқитлардан халос бӯлишга интилишлар, ХХ аср бошларида замонавий илм-фан тараққиёти ва дунёвий ҳаёт тарзини тарғиб ва ташвиқ этиш каби мотивлар, бадиий асарларда мутлақо жадидона туркум бадиий тасвир воситаларини, янгича бадиий ифода ва талқинлар юзага келишини таъминлаб берди. Ушбу давр шеъриятининг асосий мундарижасини юқорида тилга олинган муҳим ғоявий тематик мотив ва пафослар, тил қисмати, миллат тақдири, покиза эътиқод, саводхонлик масаласи ва дунёвий маърифат тарғиби каби глобал масалалар ташкил этди. Мумтоз поэтиканинг бадиий қолип меъёрлари дарз кетди.

Бу даврда бадиий адабиёт жамиятнинг иллат ва нуқсонларини фош этишда асосий мавқе касб этганлиги, том маънода халқнинг реал ҳаётининг ифода воситасига айланганлиги, адабиётдаги мазмун, мавзу, ғоя, услуб ва шу асосда шакл унсурлари ва бадиий ифода воситаларининг синхрон тарзда ўзгариб бориши кузатилади. Зеро, маърифатпарвар зиёлиларнинг асл мақсад-муддаоси, дунёқараши, улар илгари сурган ғоялар уларнинг асарларида ўз аксини топди. Тожик адабиётининг «рихват ва рукуд» (таназзулга юз тутиш, маънавий карахтлик) давридан  кейин ХIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бадиий адабиётда янгича йўналишлар ва тамойиллар юзага келди. Аслида бу янгиланиш жараёнининг туб моҳияти маърифатпарварлик ҳаракати ва унинг асосий ғоялари билан боғлиқ эди.

Маълумки, янги маърифатпарварлик ғояларининг пайдо бўлиши XIX асрнинг иккинчи ярмида бутун Шарқ мамлакатларида янгича  адабиётнинг юзага келишига сабаб бўлди. Халқ ва ундаги  зиёли табақа айнан ҳаётнинг муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳамда адабий жараён масалалари ечимини шунда топди. Нафақат тожик, балки бутун яқин Шарқ халқлари адабиётида вужудга келган янгича тамойил ва йўналишлар адабиётнинг ўзига хос мазмун ва мундарижаси шаклланишида муҳим роль ўйнаган бўлса, кейинги босқичда жадид адабиётининг юзага келишини таъминлаб берди ҳамда миллий уйғониш мафкураси сифатида бутун адабиётни ўзининг улуғвор ғоялари тарғибига бӯйсундирди. Бошқача қилиб айтганда, адабиёт ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан ўзгаришларга учради. Масалага чуқурроқ назар ташланса, нафақат ХХ аср бошларида, балки ундан аввалроқ, ХIX асрнинг иккинчи ярмида ҳам тожик адабиётида янги ғоялар куртак ҳолида вужудга келаётганлигини кузатиш мумкин. Қисқа бир муддатда адабиётда илгари мисли кўрилмаган адабий жанрларнинг тадрижий тарзда шаклланиши юзага келиб, адабий жараён янгича қонуният ва тамойиллар асосида тараққий эта бошлади.  Бу даврда тавсифий ва мадҳий мазмундаги адабиётдан, воқеликка танқидий назар билан қаровчи, ҳаёт ҳақиқатини ифодалашда реалистик унсурларга таянувчи, мумтоз адабиёт поэтик меъёрларига парадоксиал андозалар кӯринишдаги адабий жараён ва йӯналишларни кузатиш мумкин. Таҳлилий ва танқидий мотивлар шеърий жанрларда учрагани каби насрда янги услубдаги асарларнинг юзага келишини таъминлади. Худди шу жараён янги бадиий шакллар, бадиий асарларда янгича услубнинг шаклланишини тақозо этди. Дарҳақиқат, бундай даъват ва хитоблар бадиий ижодга таъсир этмасдан қолмасди. Сиддиқий Ажзий ўзининг бир ғазалида:

    Ба сар чоҳе кан, обе каш зи баҳри манзилободий,

    Хаёли осмонгарди макун бош аз заминиҳо..[8,33]

(Мазмуни: “Юрт ободлиги учун бош (ақлу тафаккур) инг билан бўлса-да қудуқ қазиб сув чиқар, осмонларда сайр этишни хаёл этма, ерга туш ва бу ердаги кишилар каби бўл” деб куйлаганида, маъшуқанинг ҳусну жамолини тасвирлаш, мавҳум ва мубҳам такаллуфпардозликдан воз кечиб, ғафлатда қолган миллатнинг манфаати йўлида ижод қилишни, мамлакат озодлиги ва ободлиги учун саъй-ҳаракат қилишни назарда тутган эди. Ёки Абдурауф Фитратнинг “Фарёд” номли қуйидаги шеърида (1912 йил 29 июнда «Бухорои шариф»да чоп этилган) шунга яқин бӯлган оҳангдорликни кузатишимиз мумкин:

Фарёд, ки зору нотавонем,

Берўҳтарин мардумонем.

Нашкуфта ба гулшани тамаддун,

Афсурдаи меҳнати хазонем.

Сармояи мардумӣ надорем,

Лекин ба қатори мардумонем.

Не ҷуръати он, ки як қадам пеш

Дар ҷодаи мардумӣ бимонем,

Не тоқати ин ки хештанро

Беғайрату беҳунар бихонем…

Эй панҷаи беамони ғафлат,

Моро зи чӣ рў хароб кардӣ..... [6, 3].

Бу шеър ҳам ӯзининг мазмун ва моҳияти нуқтаи назаридан ва услубий хусусиятлари борасида ХХ аср бошлари маърифатпарвар ва жадид адабиёти намояндаларининг ижодиёти анъанавий жанрларни қўллаш масаласида мумтоз адабиёт вакиллари ижодидан тубдан фарқ қилишга ёрқин далилдир. Бу фарқ шундан иборатки, мумтоз адабиётдаги ғазал, маснавий, қитъа, қасида, рубоий, дубайтий, мухаммас, таржеъбанд ва бошқа лирик жанрларда романтик тасвир услуби яққол устунлик қилса, ХХ аср бошлари маърифатпарварлик адабиёти лирик шеърлари мазмун-мундарижасида ижтимоий-воқеий муаммоларнинг бадиий талқини ёхуд, бир сӯз билан айтганда, ҳаётий прагматик тамойиллар устуворлик қилади. Аслида мазкур шеър ҳажм нуқтаи назаридан анча катта. Лекин, унинг кейинги бандларида келтирилган фикр-мулоҳазалар ҳам аслида ҳар бир банд охирида такрорланиб келган байт мазмунини қувватлайди, яъни жоҳиллик ва нодонлик оқибатида маҳаллий халқнинг маънавий таназзулга юз тутганлиги танқид қилинган.  

Мазмун шаклга нисбатан тез ўзгарувчан бўлиб, унинг ўзгариши асосида шакл ҳам ўзгаришларга учрайди. Бадиий асар шакли ва мазмуни ўзгаришининг диалектик муносабати ҳам шунда. Бадиий асарларда бу ҳолат жанр имкониятлари, ижодкорнинг тасвир маҳорати билан боғлиқ бўлади. Бу эса даврнинг ижтимоий ва маданий ўзгаришлари билан алоқадор бўлиб, у ўз навбатида, адабий жараён йўналишининг ҳам ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бадиий асарнинг мавжуд барча шакл хусусиятлари мазмунга нисбатан устувор саналиб, мазмун ўзгаришлари маълум муддатда жанрлар такомилида ўз ифодасини топади. Шу нуқтаи назардан давр адабиётининг энг муҳим жиҳатларидан бири, мумтоз анъанавий қолип ва андозаларнинг барҳам топиши ёки тамоман янгиланиши, янги бадиий ижод усуллари ва шаклларининг вужудга келиши билан характерлидир. Давр адабиётидаги ўзгаришлар, лирик ва эпик асарлардаги поэтик хусусиятларнинг янгиланишида фикрий инқилоблар катта таъсирга эга бўлди. Зеро, фикрий инқилоб, янги тафаккур тарзи, бадиий мафкура тадрижи, шеърий ва насрий асарнинг шакл хусусиятларини ҳам ўзгартирди. Адабиётшунос олим Ш.Раҳмонов таъбири билан айтганда: “Бу ҳолат оригинал шоирона мавзу ифодалари, янги маънавий қуймаларни юзага келтирди. Унинг янги ва оригиналлигини фақат анъаналар ва даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисалари билан боғлиқ ҳолда тушуниш мумкин” [5,133]. Ўрганилаётган даврда анъанавий шеърият поэтик архитектониясининг ўзгариши ижтимоий муҳит, замон ва  лирик қаҳрамон табиати билан уйғун ҳолда юзага келди. Зеро, лирик асарларда вазн ва қофия, бадиий образлар, бадиий тасвир усуллари мумтоз адабиётнинг энг яхши анъаналаридан баҳраманд бўлиш баробарида замонавий Шарқ ва Ғарб шеъриятидаги илғор тенденциялар, улардаги руҳият ва тасвир воситаларининг кириб келиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Давр маърифатпарварларининг асосий даъволари бадиий ижод тамойиллари такомилига қаратилган эди. Шу даъво таъсири ўлароқ, баъзи лирик жанрлар мазмун ва моҳият нуқтаи назаридан бу даврда ўзгаришга учради. Зеро, маърифатпарварлик шеърияти моддиюнчилик (материалистик), дунёқарашнинг бир ифодаси бўлиб, унда моддий олам унсурлари тавсифи ва реалистик тасвир тарзи катта мавқега эга бўлди, шу жиҳатдан у руҳ ва руҳият олами тасвирига таянувчи мумтоз шеъриятдан жиддий фарқ қилди. Асрлар давомида инсон руҳияти ва қалбига хос ҳис–туйғуларни ифода этган форс–тожик лирик жанрлари XX аср бошларида ақл ва тафаккурга таянувчи борлиқ ва воқелик, инсон турмушининг реал муаммоларини ифода этувчи, ижтимоийлашув жараёнини бошдан кечираётган тарғибот ва ташвиқот минбарига айланди. Бир томондан, бундай янги ижтимоий оҳанглар, танқидий ва тарғибий мазмун ва ғоялар, кучли сафарбарликнинг сиёсий қуввати, ижтимоий арздодлик оҳанглари мазкур давр тожик шеъриятининг таъсир қувватини оширган бўлса, бошқа томондан, анъанавий лирик жанрларни инкор этиш, бадиий тасвир қонуниятларидан воз кечиш, ишқий жанрларнинг жадал тарзда шаклланмаганлиги «миллий шеър»нинг ривожланишига сабаб бўлди. Баъзи лирик жанрлардаги шакл ва мазмун номутаносиблиги анъанавий шеъриятдан узоқлашиш натижасида юзага келди. Ш.Раҳмонов фикрича, «Бегоналик, миллий маънавиятга шубҳа билан қараш, кечаги жанрларни бугунги замонга мувофиқ қила олмаслик кўпчилик анъанавий жанрларнинг аҳамияти ва мавқеини пасайтирди» [5,9].

Бироқ, барча анъанавий адабий жанрлар ҳам қайта шаклланиш ва янгиланиш масаласида бир хил сатҳ ва даражадаги эврилишга эга эмас. Янги ижтимоий мавзу ва мазмун ҳамда ғоявий мундарижа тузилиши жиҳатидан жанрий белгилари шу янгиланишларни акс эттириш учун нисбатан мослаша олган жанрлар асосий мавқега эга бўлди, холос. Амалда тадрижий равишда юксалиб бораётган ижтимоий мафкура ва янги ғоялар тарғиби бадиий адабиётда юксак доирада ўз аксини топди. Шу жиҳатдан, ХХ аср бошлари маърифатпарварлик адабиётида муҳим ижтимоий-маърифий масалаларни таҳлил, талқин, тарғиб ва ташвиқ этиш имконияти кенгроқ бўлган адабий жанрлар истеъмолда бўлди. Жумладан, бу даврда лирик жанрлардан ғазал, мухаммас, мусаддас, янги типдаги маснавий адабиётнинг асосий анъанавий жанрлари бўлиб, қасида, қитъа, рубоий, дубайтий, фард каби жанрлар асосан сарой адабиёти ва анъанавий йӯналишдаги адабиёт вакиллари ижодида муҳим мавқега эга бӯлди. Масалан, қасида анъанавий жанр сифатида маърифатпарварлик ва жадид адабиётида катта мавқега эга бўлмаса-да, баъзи шоирлар ижодида қўлланди. Адабиётшунос олим Ш.Раҳмонов таъкидлайдики, «Эрон инқилобининг аввалги йилларида Ориф Қазвиний, Абулқосим Лоҳутий, Маликушшуаро Баҳор, Мирзодаи Ишқийнинг инқилобий шеърлари тасниф қолипи ва тарзидаги шеърлар сифатида яратилган. Тасниф шеърнинг бир тури бўлиб, содда ва самимий, қизғин, шўх, ўйноқи оҳангда ёзилади, бениҳоя ошиқона, жозибали оҳангга эга бўлиб, ҳажв ва танқид мазмунида ҳам қӯлланилиши мумкин, халққа завқ ва ҳаяжон бахш этади» [5, 70].

Али Асғар Буванди Шаҳриёрийнинг «Тожик поэзиясида «янги шеър» шаклланиши» рисоласида мумтоз шеърият жанрларининг истеъмолда эканлиги, умуман, мумтоз жанрларнинг саристеъмоллиги масаласи муҳокама этилган. Тадқиқотчи қиёслаш ва далиллаш учун шу давр Эрон ва Афғонистон адабиёти материалларига мурожаат этади ҳамда Эрон маърифатпарварлик адабиётида ҳам сўз усталари «ўзларининг ўша амалдаги жанрлари – қасида, ғазал ва маснавий ва рубоий каби қолиплардан кўпроқ фойдаланганликларини таъкидлайди. Олимнинг фикрича “Мусаммат турлари, мустазод, таржеъбанд ва таркиббанд каби бошқа шеърий шакллар камроқ ривожланди ва камроқ истеъмолда эди. Ҳатто, Эрон ва афғон маърифатпарварлик адабиётида ижодкорлар ўз бадиий ниятини баён этиш учун энг кўп мурожаат этадиган шеърий қолиплар анъанавий шеърий шакллар -қасида, ғазал, маснавий, рубоий, мухаммас ва таърих эди» [2, 14].

Шу тариқа, давр адабиётида жанрлар тараққиётига ва янгиланишига сабаб бўлган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий ва маданий ҳаётда юзага келган тарихий шароит, давр воқелиги ва янги ижтимоий ва адабий жараён;  миллий матбуотнинг юзага келиши, маърифатпарварлик ғояларининг таъсири ва кенг миқёсда ёйилиши, инқилобий тафаккур, адабий-эстетик қарашларнинг шаклланиши; адабий жанрларга бўлган ўзгача муносабат, адабиётнинг ички қонуниятлари, бадиий ижод принципларининг ўзгариши, маърифатпарварлик реализмнинг ижодий метод сифатида вужудга келиши; бошқа халқлар маърифатпарварлик адабиётининг таъсири, бадиий ижодга халқона оҳанг ва мотивларнинг кириб келиши муҳим тамойиллар сифатида белгиланади.

Шунингдек, XIX аср охири ва ХХ аср бошлари адабиёти янги тарихий шароит, янги сиёсий–ижтимоий ҳаёт, барча жабҳалардаги изчил ислоҳотлар, давр воқелигининг турли соҳалардаги умумий ўзгаришлар маҳсулидир. Маърифатпарварлик адабиётида ғазал, қитъа, қасида, маснавий, мусаддас, мухаммас, таржеъбанд каби анъанавий лирик жанрлар янгича мазмун, ўзгача функционал хусусиятлар касб этди. Лирик шеъриятда мазмун ва шакл компонентлари, поэтик тимсоллар янгиланди, тасвир тарзи, шеърнинг тузилиши, архитектоникасида жиддий ўзгаришлар юзага келди ва вазн ҳамда қофия тузилиши жиҳатидан янгиликка юз тутди.

Адабиётлар:

  1. Айний С. Куллиёт, Ҷ.7. – Душанбе: Нашр. Давл. Тоҷик, 1962. –  646 с.
  2. Али Асғар Буванд Шаҳриёрӣ. Становление «новых стихов» в таджикской поэзии. АКД. – Душанбе: ДМТ, 2002. – 22 с.
  3. Гулмуродзода П. Маорифпарварони тоҷик ва матбуот. //Журналистика ва ҷомеа. – Душанбе: Эҷод, 1999. – 59 с.
  4. Қосимов Б., Юсупов Ш., Долимов У., Ризаев Ш., Аҳмедов С. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. – Тошкент: Маънавият, 2004. – 461 б.
  5. Раҳмонов Ш. Сухане чанд аз лирикаи форсии тоҷикӣ. - Душанбе: Шарқи озод, 1999. -  С. 133.
  6. Фитрат (Абдурауф). Фарёд! //Бухорои шариф, 29 июн– 3 июл (7 июл) –и 1912. – С. 4.
  7. Шарифов Х. Шоир ва шеър (Маҷмўаи мақолаҳо). //Мазмун ва шакл дар шеъри имрўзаи мо. – Душанбе: Адиб, 1998. – 216 с.
  8. Ҳаёт Неъмат. Сипеҳри орзу. (Намунаи адабиёти тоҷики Самарқанд дар асри 20 ва ибтидои асри 21). – Душанбе: 2019. Иборат аз 400 саҳ.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati