ХХ АСР ЭКЗИСТЕНЦИАЛИЗМ ИЖОДКОРЛАРИ РОМАНЛАРИДА МАКОН ВА ЗАМОН ТАСВИРИ

Турсунова Наргиза Хамрақуловна,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси

 

Альбер Камю фалсафаси ва эстетикаси, унинг адабий ижоди — бу ҳаёт мазмуни ва мантиғини излаш, асосий қадрият ва идеаллар: гўзаллик, эзгулик, ҳақиқат, адолат, озодлик кабиларнинг мағзини чақишга уринишдан иборат. Ушбу қадрият ва идеаллар ҳамиша инсон ҳаётий фаолиятининг, умуман, жамиятнинг асос-пойдевори, суянчиғи ва мақсади бўлиб келган.

Франц Кафкадаги “ривоят”-асарлар яратишга интилиш, Жеймс Жойсга хос “онг оқими”, шубҳасиз, А.Камю ижодида ўз ифодасини топади: «Модернист Пруст ва Жойсдан сўнг Кафка, уларнинг давомчисидир. Аммо, унинг омади камроқ бўлди, негаки, бу “муқаддас учлик”да унинг номи айнан учинчи бўлиб тилга олинади – улар модернизмнинг уч «наҳанг»ларидир [12]». Атоқли модернистлар ижодини В.В. Шервашидзе қуйидагича таърифлайди: «Онг ости оқимига, архетип-образлар орқали умум мавжудлик синоатлари, яъни инсоният мавжудлигида такрорланувчи қонуниятларни ифодалашга қизиқиш кучаймоқда. Миф ва афсоналар рамз ўлароқ умум ғоя ва ҳиссиётларни акс эттиради. Борлиқнинг абсурдлиги орқали ўтиб келаётган асосий коллизиялар  «абадийлиги»ни гўё таъкидлайди. Онг оқими техникаси (М. Пруст, В. Вулф, Ж. Жойс) келиб чиқиши турлича ҳиссиёт ва таассуротларни қайд этиш, онгнинг узуқ-юлуқ тасаввурида уларнинг мантиқсизлигини очиб беради. Онг оқими бўйлаб кетма-кет келувчи борлиқ оқими, асар услуби ва композициясини белгилаб, бадиий кенглик қурилишини таъминлайди. Модернистик парадигмага асосланган янги роман моделини яратган М. Пруст, Ф. Кафка, Ж. Жойс кабилар «Юксак модернизм»нинг дарғалари саналадилар [Шервашидзе, 2010]».

Ф.Кафканинг ижодидаги ...«чегара олди ҳолати» (қўрқув, умидсизлик ва “боши берк кўча”) таҳлили Кафкани экзистенциалистларга жуда яқинлаштиради [13]». Ф.Кафка ифода воситаларининг ўзига хослиги ҳақида В.В.Шеравашидзе шундай ёзади: «…Кафка насридаги кундалик ва фантастик ифодаларнинг мувофиқсизлиги, «туш сюжетлари» қонуниятига асосан юз беради: макон ва замон, сабаб ва натижа ўртасидаги алоқалар бузилади. Ушбу «туш кўриш» принципи, бадиий тасаввур ва структураларни бузган ҳолда анъанавий ва мантиқий ҳикоя усублари бирикиши натижасида, янги, ўзига хос услуб пайдо қилади. Қўрқинчли, ғайритабиий ва кундалик ҳодисалар ҳақида Кафка баён услубида ҳикоя қилади. Бу эса машҳур “Кафка эффекти”ни янада қуюқлаштиради, яъни “ҳаммаси аён, аммо ҳеч нарса тушунмайсан [Шервашидзе, 2010]”.

«Бегона» қиссаси дунё юзини кўргач (1943), Жан Гренье 1941 йилнинг 19 апрель санасида Камюга ёзган хати орқали «Бегона» ҳақида фикр билдириб, қиссанинг умумий руҳига Ф.Кафканинг таъсирини қайд этади. Камюнинг ўзи, 1941 йилнинг 5 майидаги хатида, «Кафкадан услуб эмас, айнан руҳ олгани»ни таъкидлаган [Гренье, 1999]. Чиндан ҳам, Кафка ва Камюнинг услублари, шаксиз, турлича, аммо уларни асардаги чуқур мазмунни ривоят-афсоналар воситасида бериш услуби бирлаштириб туради. Ҳар икки ёзувчининг асарлари ўқувчини тафаккурга ундовчи фалсафий мағизга эга… Камю ёзади: «У [Кафка] доимо табиийлик ва ғайритабиийлик, шахсий ва универсал, фожеавийлик ва кундалик, абсурд ва мантиқ ўртасида мувозанат сақлайди. Бу тўлқинлар унинг барча асарлари ичра ўтиб, уларга оҳанг ва мазмун бағишлайди. Абсурд асарни тушуниш учун барча парадоксларни саралаш, зиддиятларга куч бериш лозим [Камю, 1990: 94]». Шу тариқа, Франц Кафка фақатгина абсурд дунё муаммосини ўртага қўйса, Альбер Камю эса ижодида абсурд дунё – саноқ бошдан охиригача, воқеа ва жараёнларнинг туб илдизидир. Таниқли ирланд ёзувчиси, модернист ва постмодернизм йўналиши вакили Жеймс Жойс (1882—1941), «Бергсон усулига таянган ҳолда хатнинг янги услубини очди, унда бадиий шакл ғоявий, руҳий-психологик ва бошқа ўлчамларни ўзида жамлаган ҳолда мазмун ўрнини эгаллайди. Жойснинг бадиий ижодида нафақат «онг оқими», шунингдек, пародиялар, стилизациялар, ҳажвий приёмлар, мифологик ва рамзий мазмун қатламлари ҳам учрайди.  Тил ва матннинг аналитик ёйилмасига инсон сиймосининг ёйиқ шакли, структурализм принциплари асосида, ижтимоий аспектлардан деярли ҳоли бўлган янги атропология кўриниши уйғунлашган.  Ички нутқ адабий асар шакли сифатида ХХ аср адабиётшуносларининг янги термини сифатида муомилага кирди [12]». Жойс қаламига мансуб «Улисс» романи – ҳақли равишда модернистик йўналиш дурдонаси саналади. Қизиғи шундаки, бу роман Гомернинг «Одиссея»сига маҳорат билан бағишланган пародиядир (пародия – ҳазил ёки ҳажвий тарзда бошқа асарга тақлид қилиб ёзилган асар). Улисс – «Одиссея»нинг лотинча транскрипция). Воқеалар Дублинда кечади, барча ҳаракатлар эса – атиги бир кун ичида содир бўлади. Роман 18 эпизоддан иборат, уларнинг ҳар бири бизни кўҳна юнон эпоси эпизодига йўллайди. Леопольд Блум – «янги» Одиссей, шўрлик, хотинининг хиёнати туфайли уйидан чиқиб кетган. Стивен Дедал – «замонавий» Телемак ва ниҳоят, «янги» Пенелопа – эрига хиёнат қилган хотин Мэрион Твиди. Буларнинг бариси биргаликда — инсониятнинг ўзи, Дублин эса — бутун дунёни ифодалайди (универсализм). Атиги бир кун ичида, хиёнат ва уйдаги мебеллар ўрни ўзгаришидан бошқа нима ҳам юз бериши мумкин? Муаллиф жуда синчиклаб, катта аниқликда воқеалар жойи ва хронологиясини тасвирлайди. Жойс шаҳар кўчалари, жамоат муассасалари, уйлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга худди маълумотномага ўхшаш аниқ-тиниқ тавсиф беради. Савол туғилади: бу нега керак? Ўз-ўзидан тушунарлики, конкрет шаҳар муҳитининг объектив реал тасвирини тиклаш учун. Хронологияга келсак, муаллиф “вақт рамкалари”дан унумли фойдалангани боис, унга айнан хронометр асқотади. Шевелёв И.Л. шундай ёзади: «Алоҳида таъкидлаш лозимки, «Улисс» романини ўқиш ва ҳикоя қилиб бериш осон эмас, чунки у «онг оқими» жанрида ёзилган [Новиков, 1997]».

Қомусга мурожаат қиламиз: «Oнг оқими — ХХ аср адабиётининг асосан модернизм оқими усулларидан бири, руҳий оламни бевосита, жумла тузилишидан қатъи назар, бутун аломатлари билан акс эттириш усули. «Онг оқими» термини америкалик философ-идеалист Уильям Жеймсга тегишли: онг — бу оқим, фикрлар, ҳиссиётлар, хотиралар, фавқулодда таассуротлар дарёсида бир-бирини бўлиб, қоришиб, ғаройиб ва «мантиқсиз» суратда тўлқинланувчи кучдир («Психология асослари», 1890). «Онг оқими» кўпинча ички монологнинг сўнгги, якуний кўринишини акс эттиради, унинг реал муҳит билан аниқ алоқаларини кўпинча тиклаш мушкулдир [14]».

Филолог-тадқиқотчи Г.М. Ибатуллина «истиғфор (исповедальное слово)» тушунчалари ҳақида фикр юритаркан, шундай хулосага келади: «Истиғфор истагини жўшдирувчи ички ўзликни англаш жараёни «онг оқими», дегани эмас. Ваҳоланки, Ғарб экзистенциалист-ёзувчилари (А. Камю, Ж.-П.Сартр ва бошқ.) унга ана шундай таъриф беришга мойилдирлар… Экзистенциализм сўзи, Р.Барт ёзганидек, «хатнинг нулинчи даражаси», ибтидо сўз, англаш овози, дейиш мумкин [Ибатуллина,2012: 57-75]».

Ж.-П. Сартр, «Бегона» услуби ва фалсафа ўртасидаги алоқани англашга интилиб, шундай қайд этади: «Ҳар бир ибора оралиғида дунё барбод бўлиб, яна қайта тикланади: йўқликдан пайдо бўлган сўз, шу заҳоти ижод намунасига айланади; «Бегона» иборалари – худди кимсасиз орол мисол. Иборадан иборага сакраганинг сайин, борлиқ ва йўқлик ўртасида юргандек бўласан [Ерофеев, 1993: 9]». Р.Барт, Камю услубини шундай таърифлаган: «Оқ хатдан ортиқроқ алдамчи услуб топилмаса керак; у пайдо бўлганидан бери айнан озодлик барқ урган жойларда автоматик қабул қилиш ишга туша бошлайди; тош қотган шакллар сўзни ҳар томондан қисиб, унинг илк ҳолатига зарар етказади, оқибатда тайёр қолипларга тушмайдиган тил ўрнида яна хат пайдо бўлади [Барт, 1983: 344]». Шундай қилиб, юқоридаги тадқиқотчилар мулоҳазаларидаги мантиққа эргашган ҳолда, Камю ўз асари («Бегона»)ни «онг оқими» услубида, ушбу янги жанрни янада янги мазмун билан бойитган ҳолда яратган, дейиш мумкин.

Жеймс Жойснинг «онг оқими» услуби Уильям Фолкнерни ҳам бефарқ қолдирмаган. Фолкнер шунингдек, файласуф Анри Бергсоннинг, “вақт бир тўғри чизиқдан иборат эмас” деган ғоясидан ҳам кўп илҳомланган.

Ю.Ю.Новиков, «А.Бергсон фалсафасида вақт Концепцияси» номли мақоласида шундай ёзади: «А.Бергсон соат ва бошқа воситалар билан ўлчанувчи «илмий вақт»дан фарқли, воқеаларнинг жонли ҳамда фаол оқими – ҳаётнинг ўз йўналиши бўлмиш «тоза вақт»ни алоҳида тавсифлайди. Бу вақт бевосита бошдан кечирилади, унинг ичида эркин ҳаракат қилиш мумкин. “Илмий вақт”да эса фақат интеллект амал қилади. У асли ўзига тааллуқли бўлмаса-да, ҳолатнинг алоҳида, оригинал мазмун-моҳиятларини уюштиради ва концептуаллаштиради… Бергсон онг ва масофа ўртасидаги фарқни тушунтириб берди. Унинг таърифидаги онг оқими қуйидагича тузилишга эга: у хаотик эмас, онг бутунлиги эса жўшқин ҳиссиётлар йиғиндиси, инсон онгининг ҳар бир ҳолатида эса унинг шахси акс этади [Новиков, 1997]». М.М.Бахтин хронотопни «замон ва макон аломатларида аниқ ва хаёлийлик уйғунлиги [Бахтин, 2000: 10]», дея таърифлайди: «Бу ўринда вақт қуюқлашади, зичлашади, бадиий-кўринарли бўлади; макон эса барқ уриб, вақтга тарих сюжети ўлароқ тортилади. Вақт аломатлари маконда бўй кўрсатади, макон эса вақтда идрок этилади ва ўлчанади [Бахтин, 2000: 10]».

Уильям Фолкнер асарлари ичида, унинг илк ижодий циклига тегишли «Шовқин ва ғазаб» (1929) романи диққатни тортади. Фолкнернинг ўзи бу асарни «ижодий биографиясидаги энг қийини [15]» дея таърифлаган. Рус тадқиқотчиси Н.А.Мороз роман ҳақида: ««Шовқин ва ғазаб» романи доирасида, ўз қонунлари асосида параллель яшовчи яна тўртта бадиий дунё мавжуд. Бироқ, бутунлай мустақиллигига қарамай, уларни фақатгина воқеалар кечган вақт ва жойи, маиший деталлар, умумий сюжет асоси бирлаштирмайди. Бу ҳақда муаллиф романнинг 1933 йилги нашрига ёзган сўзбошисида таъкидлайди: «Мазкур қисса буткул биринчи бўлимда, Бенджи ҳикоясида мужассам [Фолкнер, 1985: 22]». Шундан келиб чиққан ҳолда, Компсонлар оиласининг бошқа аъзолари томонидан вақт ва маконни ўзига хос ҳис этишларини Бенджи онгида шаклланган, дунёнинг вақт-макон моделига қиёсан таҳлил этишга ҳаракат қиламиз [Мороз, 2006; 7]». У.Фолкнернинг бошқа асари қаҳрамонлари ҳақида: «…Фолкнер персонажлари одамлар ўртасида мулоқот бузилган дунёда яшашади. «Уайнсбург» – ёлғизликнинг ҳақиқий қомуси. Oдамлар ўз жиннилиги, художўйлиги ва фалсафий мушоҳадалари, ўз бетакрорлигига кучли ишончи натижасида бир-биридан айро яшашади. Ёлғизлик ўзининг фазовий (маконга оид) рамзига ҳам эга. Ўқитувчи аёл Кейт Свифтга кўра бу рамз – бўм-бўш ётоқхонаси; Пастор (руҳоний) Кёртис Хартман учун – кичик хонадан иборат [Мороз, 2006; 7]».

ХХ аср адабиётининг юқорида саналган барча муаллифларининг қаҳрамонларини нималар бирлаштиради? Ёлғизлик, улар реал “парчаланган душман ҳаёт”да барчалари ёлғиздирлар. «Улисс»нинг Дублиндаги мифологик шамойилли қаҳрамонлари ҳам ёлғиз. Кафканинг реаль борлиқ билан алоқани йўқотган, тунги даҳшатлар дунёсида қолиб кетган қаҳрамони – ёлғиз. Суд мажлислари чексиз давом этади, аммо, Қасрга етиш имконсиз. Камю (экзистенциалистлар)нинг ўлим билан юзма-юз келган, абсурд, ёвллашган ва бегона дунёда қолган қаҳрамонлари – ёлғиз.

 

Библиография:

  1. Барт Р. Нулевая степень письма // Семиотика / под ред. Ю.С. Степанова.- М.: 1983.С.344.
  2. Бахтин М.М. Формы времени и хронотопа в романe // Бахтин М.М. Эпос и роман. – СПб. 2000. - С. 10.
  3. Гренье, Ж. Альбер Камю (Воспоминания). – М.: Аст-пресс, 1999. – 101 с. С. 104.
  4. Ерофеев В. Мысли о Камю // Камю А. Счастливая смерть. Посторонний. Чума. Падение. Калигула. Миф о Сизифе. Нобелевская речь. -М.: 1993.С.9.
  5. Ибатуллина Г.М. Исповедальное слово и «поток сознания»: экзистенциальный текст как неосуществленная исповедь в «Постороннем» А. Камю. Вестник Томского государственного университета, №2(18). Стр.57-75.
  6. Камю А. Бунтующий человек. Философия. Политика. Искусство. – М.:Политиздат,1990. – 415 с. С.94.
  7. Мороз Н.А. Автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата филологических наук: Пространственно-временные отношения и внутренний мир героя в романах У.Фолкнера 1920-1930-х годов. –Москва:  2006. С.7.
  8.  Новиков В.И., Воробьева Н.К, Кондахсазова Д.Р. Все шедевры мировой литературы в кратком изложении. Сюжеты и характеры. Зарубежная литература XX века / Ред. и сост. В. И. Новиков. — М.: Олимп: ACT, 1997.Электоронная версия книга скачана с сайта royallib.com.
  9. Новиков Ю.Ю. Концепция времени в философии А. Бергсона. Российская народная академия наук, Метафизика, 2013, № 5 (7). С. 21-22.
  10. Фолкнер У. Предисловие к роману « Шум и ярость » (1933) / Пер. О.Сороки // Фолкнер У.Статьи, речи, интервью, письма - М.: 1985. - С. 22.
  11.  Шервашидзе Вера Вахтанговна. Западноевропейская литература ХХ века. Учебное пособие. — М.: Флинта, 2010. — 272 с.
  12. Источник: http://20v-euro-lit.niv.ru/20v-euro-lit/bilety/bilety-3/bilet11.htm
  13. Источник: http://17v-euro-lit.niv.ru/17veurolit/golovanova/modernizm.htm
  14. Источник: сайт dic.academic.ru
  15. https://www.livelib.ru/book/1000437236/reviews-shum-i-yarost-uilyam-folkner.

Турсунова Н. Пространство и время в романах писателей –представителей экзистенциализма ХХ века. В статье речь идёт о формировании эстетики А.Камю, в частности, о влиянии на творческое кредо писателя Ф.Кафки, Д. Джойса, У. Фолкнера.

Tursunova N. The image of space and time in the novels of the writers – representatives of existentialism of the XX century. The article deals with the formation of the aesthetics of A. Camus, in particular, the influence on the creative credo of the writer F. Kafka, D. Joyce, W. Faulkner.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati