ҲИНДИЙ ТИЛИДАГИ СОНЛАРДАН ЯСАЛГАН ЛЕКСЕМАЛАРДА САНДҲИЙ ҲОДИСАСИ

Нурматов Сирожиддин Султанмуратович,

ТошДШУ докторанти, филология фанлари номзодиМазкур мақола ҳиндий тилидаги сандҳий ҳодисасини сонлардан ясалган двигу сўзлари мисолида атрофлича ўрганиш масалаларига бағишланади. Маълумки, ҳинд-орий тиллари гуруҳига оид ҳиндий тили лексикасидаги аксарият сўзлар қадимги ҳинд-орий тилларига хос бўлган санскрит тилидан келиб чиққан. Илмий манбаларда қайд этилишича, санскритдан ҳеч қандай имловий ўзгаришларсиз ҳиндий тили лексикасига бевосита кириб келган сўзлар татсама сўзлари ҳисобланиб, улар санскритда қандай маъно хусусиятига эга бўлган бўлса, аксарият ҳолларда ҳиндий тилида ҳам шу маъноларни беради. Ушбу мақолада сандҳий ҳодисасининг ўзига хос хусусиятлари двигу сўзлари [2: 281], яъни биринчи компоненти сонлардан, иккинчи компоненти эса от, сифат ёки баъзи ҳолларда аффиксал морфемалардан ясалган лексемалар мисолида атрофлича ўрганилади. 

Ҳиндий тилидаги барча лексемалар келиб чиқишига кўра  4 та асосий гуруҳга бўлинади. 1) санскрит тилидан бевосита адабий йўл орқали ўзлаштирилган ва имловий шаклини сақлаб қолган татсама сўзлари; 2) санскрит тилидан то ҳозирги хинд-орий тиллари даврига қадар узоқ давом этган товуш ўзгаришлари мобайнида пракрит ва апабҳаранша босқичларидан ўтиб морфонологик ҳодиса туфайли содир бўлган тадбҳава сўзлари; 3) маҳаллий тиллардан, хусусан, дравид ва мунда сарчашмаларидан кириб келган дешйя сўзлари; 4) араб, форс, инглиз ва бошқа тиллардан ўзлашган видеши сўзлари [3: 39].

Сандҳий ҳодисаси санскрит сўзларидан адабий йўл орқали ўзлаштирилган ва имловий шаклини сақлаб қолган татсама сўзларида кўп учрайди. Мақолада двигу сўзлари, яъни биринчи компоненти сонлардан ташкил топган лексемалар таҳлилга тортилди.

Даставвал сандҳий атамасига изоҳ бериб ўтсак. Ушбу атама ҳинд тилшунослигига доир илмий асарларда кенг қўлланилган. Сандҳий атамаси бу санскритча сўз бўлиб, у “қўшилиш” деган маънони англатади [1: 29]. Яъни, иккита сўзнинг қўшилиши натижасида янги сўз ҳосил бўлганида, биринчи сўзнинг ёки морфеманинг охирги ҳарфида ҳамда иккинчи сўзнинг ёки морфеманинг биринчи ҳарфида морфонологик ўзгаришлар содир бўлса, унда сандҳий  ҳодисаси юз беради [5: 141].    

Сандҳий ҳодисаси асосан қуйидаги 3 та қоидага мувофиқ рўй беради.

1. Унли товушларда сандҳий ҳодисаси (бирон-бир сўзнинг ёки морфеманинг охирги унли товуши бирон-бир сўзнинг ёки морфеманинг биринчи унли товуши балан қўшилиши натижасида содир бўлади).

2. Ундош товушларда сандҳий ҳодисаси (бирон-бир сўзнинг ёки морфеманинг охирги ундош товуши бирон-бир сўзнинг ёки морфеманинг биринчи ундош ёки унли товуши балан қўшилиши натижасида содир бўлади).

3. Висарга товушида сандҳий ҳодисаси (висаргадан сўнг унли ва ундош товушларнинг келиши натижасида содир бўлади) [1: 29].

Юқорида келтирилган сандҳий қоидасига асосланган ҳолда двигу сўзларидан иборат кўплаб лексемалар таҳлил қилинди. Олиб борилган таҳлил натижалари қуйидаги моделларга тақсимланди.

I гуруҳ. Двигу сўзларидаги унли товушларда сандҳий ҳодисаси. Ушбу гуруҳга оид  мисоллар жами 55 та мисолни ташкил этган бўлиб, улар қуйидаги моделларга бўлиб ўрганилди.

1-модель. Мазкур гуруҳга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги қисқа “а” товуши, иккинчи сўзнинг биринчи қисқа “а” товушига қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бермоқда ва натижада узун “аа” товуши ҳосил бўлмоқда. Масалан:

एक eka “бир” + अक्ष aksha “кўз”=  एकाक्ष ekaakshaa “бир кўзли (бир кўзи кўр), бир ўқли (битта ўққа эга бўлган ғилдирак ўқи)”.

एक eka “бир” +  अक्षर akshar “”ҳарф”  =  एकाक्षर  ekaakshar “моносиллабик, бир бўғинли, қисқа, лўнда”.

एक eka “бир”  +  अग्र agra “олдинги, афзал, сара, олдинда” =   एकाग्र ekaagr “диққат-эътиборли, зийрак, ҳушёр; илтифотли, марҳаматли, жонкуяр”.

एक eka “бир”  +  अधिक adhik “катта, анча, кўпроқ” =   एकाधिक ekaadhik “бир неча, бирмунча”.

एक eka “бир”  +  अधिकार adhikaar “ҳокимият, ҳокимлик, эгалик, ҳақ” =   एकाधिकार ekaadhikaar “монополия”.

एक eka “бир”  + अनुरूप anuruup “мос, ўхшаш” =   एकानुरूप ekaanuruup “ўхшаш”.

एक eka “бир”  + अयन ayan “йўл”   =  एकायन ekaayan “хилват жой”.

एक eka “бир”  +  अर्थ arth “маъно” =   एकार्थ ekaarth “бир хил маъноли, маънодош” [4: 286].

अष्ट         aShTa “саккиз”  +  अध्याय  adhyaay “боб, бўлим” + ई  ii “аффиксал морфема” =   अष्टाध्यायी aShTaadhyaayii “саккиз қисмдан (бобдан) иборат” (саккиз қисмдан иборат Панинининг грамматик асари) [8: 120].                                      

Модели: + =   ( a + a = aa )

2-модель. Мазкур гуруҳга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, улар таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги қисқа “а” унли товуши ва иккинчи компонент вазифасини бажараётган морфеманинг биринчи қисқа “а” унли товушларининг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бериб, натижада узун “аа” унли товуши ҳосил бўлмоқда. Жумладан:

एक eka “бир” + अकार  akaar “аффиксал морфема” (“a” ҳарфи”)  = एकाकार ekaakaar “ўхшаш, бир хил; бир хиллик, бараварлик, бирдайлик”.

एक eka “бир” + अकी akii “аффиксал морфема”  = एकाकी ekaakii “ёлғиз, ягона, танҳо”.

एक eka “бир” + अत्म atm “аффиксал морфема” = एकात्म  ekaatm “бирлашган, бўлинмас”.

एक eka “бир”  + अध  adh “аффиксал морфема”  = एकाध ekaadh “бир неча, бирмунча”.

एक eka “бир”  +  अह ah “аффиксал морфема”  = एकाह ekaah “бир кунда бажариладиган иш” [4: 287].

Модели: + =   ( a + a = aa )

3-модель. Ушбу гуруҳга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги қисқа “а” товушига иккинчи сўзнинг биринчи “e” унли товушининг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бермоқда. Жумладан:

एक eka “бир”  + एक eka “бир”   = एकैक ekaik “кимсасиз, ёлғиз, танҳо”.

Модели: + =   (a +e = ai)

Юқоридаги таҳлилга тортилган мисолларнинг барчасида иккита унли товушларнинг қўшилиши натижасида сандҳи ҳодисаси содир бўлаётган бўлиб, улар асосан एक eka “бир” саноқ сонидан ясалган двигу сўзлари таркибида учрамоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги адабий ҳиндий тилидаги “бир” саноқ сони талаффуз қилинганида, ундаги “к” товушидан сўнг қисқа “а” унли товуши талаффуз қилинмайди. Лекин, қадимги ҳинд-орий тилларига хос бўлган санскрит тилида ушбу сонда “к” товушидан кейин қисқа “а” унлиси ҳам талаффуз қилинган. Яъни, एक ek эмас, एक eka деб талаффуз қилиниши лозим. Қолаверса, сандҳий ҳодисаси асосан татсама сўзларида ҳосил бўлади. Айнан шунинг учун ҳам  एक eka шаклининг сўнгги қисқа “а” унлиси бошқа сўзларнинг ёки морфемаларнинг бошида келаётган қисқа “а” унлисига қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юзага келган. Шунингдек, ушбу гуруҳга оид мисоллар таркибида қисқа “a” унлиси билан “e” товуши қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси рўй берган. Уларнинг қўшилиши натижасида “ai” дифтонги ҳосил бўлган. 

Ушбу гуруҳга оид яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, таҳлилга тортилган мисолларнинг барчасида сонлар препозиция ҳолатида келган бўлса, баъзи ҳолларда сонларга оид лексемалар постпозиция ҳолатида ўз ифодасини топганлиги ҳам кузатилади. Улардаги унли товушларнинг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси содир бўлган.  Масалан,  प्रति prati “ҳар”  + एक ek “бир”   = प्रत्येक pratyek “ҳар бир, ҳар қайси”. Ушбу мисол इ + ए = ये (i + e = ye) моделига хос бўлиб, унинг биринчи компонентидаги “i” унлисига иккинчи компонентидаги “e” унли товушининг қўшилиши билан сандҳий ҳодисаси юз берган ва натижада “ye” ярим унлиси ҳосил бўлган. 

II гуруҳ. Двигу сўзларидаги ундош товушларда сандҳий ҳодисаси. Ушбу гуруҳга оид  мисоллар жами 23 ташкил этган бўлиб, улар қуйидаги моделларга бўлиб ўрганилди.

1-модель. Мазкур гуруҳга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги “T” церебрал товуши иккинчи сўзнинг биринчи “d” ундош товуши билан қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бермоқда. Жумладан:

षट् ShaT “олти” + दर्शन darshan “фалсафа”  = षड्दर्शन shaD darshan “ҳинд фалсафасининг олти тизими” [8: 1386].

Модели: ट् + = ड्  (T + d = D)               

2-модель. Ушбу моделга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги “T” церебрал товуши ва иккинчи сўзнинг биринчи “m” ундош товуши билан қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бермоқда. Масалан:

षट् ShaT “олти” + मास maas “ой” =  षण्मास ShaNmaas “олти ой” [1: 33].

Модели: ट् + = ण्  (T + m =N)

3-модель. Ушбу гуруҳга оид мисоллар икки компонентдан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги церебрал “T” товуши билан иккинчи сўзнинг биринчи қисқа “а” унли товуши қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси содир бўлган. Жумладан:

षट् ShaT “олти” + अंग ang “аъзо, бўлак, қисм” = षडंग shaDang “олтита қисм, олти бўлак” [8: 1385].

Модели: ट् + =   (T + a = D)

Таҳлилга тортилган мисолларнинг аксариятида иккита ундош товушларнинг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бераётган бўлиб, улар асосан бирликларга хос бўлган षट् “олти” саноқ сонидан ясалган двигу сўзлари таркибида учрамоқда. Биринчи моделга хос мисоллар таркибида “T” церебрал ундош товуши билан иккинчи сўзнинг биринчи “d” ундош товушларининг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз бермоқда ва церебрал “D” ундош  товушини ҳосил қилмоқда. Иккинчи моделга хос бўлган мисоллар таркибида эса “T” церебрал ундош товуши билан иккинчи сўзнинг биринчи “m” ундош товушларининг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси содир бўлган ва натижада бурунли “N” ундош товуши юзага келган.

Эътиборли жиҳати шундаки, учинчи моделга хос бўлган мисоллар таркибида иккита ундош товушнинг бирикиши натижасида эмас, балки биринчи сўзнинг сўнгги “T” церебрал ундош товушига иккинчи сўзнинг дастлабки қисқа “а” унли товушининг қўшилиши орқали сандҳий ҳодисаси содир бўлган. Натижада у церебрал “D” ундош товушига айланган ҳамда лигатура шакли ўз кучини йўқотган.  

Юқоридаги таҳлил натижаларига кўра қуйидаги умумий хулосаларни келтириб ўтишимиз мумкин:

1. Ҳинд-орий тилларига хос бўлган ҳиндий тилидаги татсама сўзлари ўрганилиши натижасида, уларга доир двигу сўзларининг ясалишида сандҳий ҳодисаси рўй берганлиги аниқланди ва уларнинг ўзига хос лисоний жиҳатлари атрофлича ўрганилди. Тўпланган мисоллар 3 хил, яъни унли товушларда сандҳий ҳодисаси, ундош товушларда сандҳий ҳодисаси ҳамда висарга товушида сандҳий ҳодисаси каби гуруҳларга бўлиб таҳлил қилинди.

  2. Таҳлил натижаларига кўра двигу сўзларидаги унли товушларда сандҳий ҳодисаси нисбатан кўп содир бўлган. Асосан एक eka “бир” саноқ сонидан ясалган мисолларда кўпроқ сандҳий ҳодисаси рўй берган. Уларнинг таркибидаги иккита қисқа  “а” товушининг қўшилиши натижасида узун   “аa” унли товуши ҳосил бўлган. एक eka “бир” саноқ сонидан  ташқари бирликларга оид бўлган фақатгина अष्ट aShTa “саккиз” саноқ сонидан ясалган биттагина лексема таҳлилга тортилган бўлиб, уларнинг барчаси + =   ( a + a = aa ) моделига хос деб топилди. Шунингдек,  мазкур гуруҳга оид баъзи мисолларнинг иккинчи компонентида лексик морфема эмас, балки аффиксал морфемалар иштирок этганлиги ҳам маълум бўлди. Улар таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги қисқа “а” унли товушига иккинчи компонент вазифасини бажараётган аффиксал морфеманинг биринчи қисқа “а” унли товушлари қўшилиши натижасида ҳам сандҳий ҳодисаси юз берган ва натижада узун   “аa” унли товуши ҳосил бўлган. 

3.  Унли товушларда сандҳий ҳодисаси двигу сўзларига хос бўлган бошқа лексемалар таркибида ҳам учради. Биринчи сўзнинг сўнгги қисқа  “а” товушига, иккинчи сўзнинг биринчи “e” унли товушининг қўшилиши натижасида ҳам сандҳий ҳодисаси  юз берганлиги ва улар + =   (a +e = ai) моделига хос эканлиги аниқланди.

4. Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра ундош товушларда ҳам сандҳий ҳодисаси содир бўлганлиги маълум бўлди. Двигу сўзлари таркибидаги биринчи сўзнинг сўнгги церебрал “T” товуши иккинчи сўзнинг биринчи қисқа “а” товуши билан қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси содир бўлган ва ушбу гуруҳдаги мисоллар ट् + =   (T + a = D) моделига хос деб топилди. Двигу сўзларининг биринчи компонентига хос бўлган сўнгги “T” церебрал товуши иккинчи компонентидаги биринчи “d” ундош товуши билан қўшилиши натижасида ҳам сандҳий ҳодисаси рўй берган бўлиб, уларнинг модели ट् + = ड्  (T + d = D) шаклига эга. Шунингдек, биринчи сўзнинг сўнгги “T” церебрал товуши ва иккинчи сўзнинг биринчи   “m” ундош товуши билан қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз берганлиги ҳам аниқланди ва улар ट् + = ण्  (T + m =N) моделига хос деб топилди.

5. Двигу сўзларидан ясалган сонларга хос лексемалар таркибида сандҳий ходисаси содир бўлган энг маҳсулдор қолип  + =   (a + a = aa ) моделига хослиги аниқланди. Шунингдек, таҳлилга тортилган мисолларнинг 70,5 % ида унли товушларнинг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси ҳосил бўлган бўлса, қолган 29, 5 % мисолларда  ундош товушларнинг қўшилиши натижасида сандҳий ҳодисаси юз берган. Висарга товушининг қўшилиши натижасида содир бўладиган сандҳий ҳодисаси двигу сўзлари орасида учрамади.

Адабиётлар:

  1. Дымщиц З.М. Грамматика языка хинди. Т I. -М.: Наука, 1986.
  2. Камтапрасад Г. Грамматика хинди. Часть II. Пер. с хинди Г.А. и Р.И.Баранныковых. Под ред. И с предисл. Проф. Б.А.Ларина. -М.: Изд-во иностранной лит-ры, 1962.
  3. Шоматов О.Н. Жанубий Осиё тилларига кириш. I қисм. -Т.: ТошДШИ нашриёти, 2003.
  4. Хинди-русский словарь. Составители   А.С.Бархударов,  В.М.Вескровный,  Г.А. Зограф, В.М.Липеровский. Под ред.  В.М.Бескровного.  Т I. -М.:  Советская  Энциклопедия,    1972.
  5. धीरेंद्र वर्मा -हिन्दी भाषा का विकास। -दिल्ली, 1962.
  6. भोलानाथ तिवारी - हिन्दी भाषा। -इलाहाबाद, 1972.
  7. हरदेव बहरी। भाषा का विकास। -दिल्ली, 1992.
  8. बृहत हिन्दी कोश। -ज्ञानमण्डल लिमिटेड, वाराणसी, 2009. 

Нурматов С. Феномен сандхи в лексемах составленных из числительных на языке хинди. В этой статье подробно рассматривается феномен сандхи, который проявляется в словах двигу составленных из числительных на языке хинди. Исследованы их специфические лингвистические аспекты. Фонетические изменения происходящие феномена сандхи, анализируются на примере слов двигу.

Nurmatov S. The sandhi phenomenon in lexemes made up of numerals in Hindi language. This article discusses in detail the phenomenon of sandhi, which manifests itself in the words dwigu composed of numerals in the Hindi language.  Their specific linguistic aspects are investigated. Phonetic changes occurring during the sandhi phenomenon are analyzed using the example of the words dwigu.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati