Давлатова Муҳайё Ҳасановна,
ТИҚХММИ Бухоро филиали ўқитувчиси
Калит сўзлар: результативлик, каузативлик, объект, пациенс, семантика, тузулма.
Феъллар тизимининг тадқиқи феълларнинг лексик-семантик ва грамматик жиҳатларини ёритиш ҳамда феълнинг синтагматик хусусиятларини ўрганиш билан уйғунликда олиб борилади. Тилшуносликда тилнинг функционал томони, унинг тузилиши ва ривожига таъсир кўрсатиши кўп жиҳатдан тан олинган, зеро тил нутқда яшайди ва ривожланади. Демак, тилнинг ривожланиши унинг функционал томони билан ҳам боғлиқ. Тил функционал намаён бўлишида муҳум ўрин тутган феъл бошқа сўз туркумларига нисбатан полисемялиги, шакл ясашдаги турлилиги, семантик бойлиги, бирикмалар ҳосил қилиши ва улардаги маъноларни фарқлаши ҳамда маъно ўзгартира олиш хусусиятлари билан фарқ қилади.
Феъл маъноси тилда мавжуд бўлган барча воситалар билан синтактик-семантик муносабатда бўлади. Феълни атрофида турган барча сўзлар ва синтактик воситалар феъл лексемасининг реалликдаги маъноларини очиб беради. Алоҳида сўз табиий тилда бошқалардан айри ҳолда учрамайди. Албатта, ҳар бир лексик бирликнинг синтактик сатҳда грамматик категориал маънолари ўзгаради. Мазкур хусусият инглиз тилидаги каузатив феъллар туркумига хос жиҳат саналади. Каузатив феъллар маълум пациенс билан бириккан ҳолда результатив қурилмаларни ташкил қилади.
Инглиз тили результатив қурилмалари синтактик-семантик сатҳ доирасида кўплаб тилшунослар (Rosen, 1984; Rappaport Havov and B. Levin, 2005;Croft, 2009) эътиборида бўлиб келган. Улар диққатини VP NP синтактик бирикмаларини семантик хусусиятларига қаратишган. Синтактик-семантик сатҳни ўрганишнинг муҳим асоси сифатида “гап синтаксисида предикатор маъноси белгиловчи восита сифатида баҳоланиши” (Levin & Rappaport, 1996) саналади. Мазкур фикрга кўра, гапда иштирок этадиган от ёки отли ибора маъносининг тўлиқ амал қилиши феълнинг лексик маъносига боғлиқ бўлади. Бу борада Ч. Филмор ўтимли феълларга тегишли бўлган hit, break турли синтактик позицияда ҳар хил каузатив ўзгаришга учраши мумкинлигини таъкидлайди.
I hit his leg. ↔ I hit him on the leg
I broke his leg. ← I broke him on the leg ˟.
John broke the window. ↔ The window broke.
John hit the window. ← The window hit ˟.
Филморнинг таъкидлашича, бу каби синтактик алоқалардаги фарқланиш маълум индвидуал феълларга хос хусусият бўлиб қолмасдан, улар алоҳида гуруҳларни ташкил этади. Жумладан, bend, shatter, fulfill феъллари break феъли каби хусусиятга эга бўлса, scribble, wipe, scrub кабиларда hit феълидек синтактик ифода мавжудлиги айтилади ().
Гап таркибидаги отли аргументнинг семантик ифодасини амалга ошишида ва семантик-синтактик таркибни ҳосил қилишида феълнинг луғавий маъноси муҳим эканлиги кўзга ташланади. Бу эса каузатив маънога эга бўлган феълларнинг синтактик муносабатга кириша олиш имкониятига қараб таснифни амалга ошириш муҳимлигидан далолат беради. Аммо, мазкур таснифни амалга ошириш учун ушбу масалани маълум тиллар қиёсида кўриб чиқиш унинг моҳиятини тўлароқ ёритишга имкон беради. Хусусан, қиёсий таҳлил тасниф қилинаётган феълларнинг синтактик муносабатлари ёки феълнинг лексик-семантик маънодан қайси бири муҳим ўрин тутишига аниқлик киритади. Бу каби таҳлил ташқи сатҳ (interface theory) назарияси доирасида амалга оширилади. Ташқи сатҳ назариясида феълнинг лексик маънолари, синтактик муносабатларига кўра, уч гуруҳга ажратиш мумкин: маъно нуқтаи назаридан ёндашув, аспектуал маъно нуқтаи назаридан ёндашув ва ушбу иккала жиҳатларини ўзаро боғлаган тарздаги ёндашув. Маъно нуқтаи назаридаги ёндашувда феълнинг лексик маъноси отли аргумент иштирокини белгилашига эътибор қаратилади. Аспектуал маъно ёндашувида феълнинг аспектуал хусусияти отли бирикма таркибида аргумент ифодаланишини бошқаради. Иккала жиҳатни ҳам эътиборга оладиган ёндашувда феълнинг лексик маъноси ва аспектуал хусусият отли аргумент маъносини белгиловчи омиллар сифатида талқин этилади. Бунда феъл ифодалаган маъно натижавий ҳодиса сифатида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, инглиз тилидаги мураккаб синтактик позицияга эга бўлган каузатив феълларини ўзбек тилидаги эквивалентлари билан чоғиштириш орқали уларнинг синтактик муносабатларига ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Кўплаб тилларда каузативлик махсус морфологик ва лексик бирликликларда намоён бўлади. Аммо, инглиз тилида каузатив маъно, қатор лексик бирликлардан ташқари, маълум тузилмалар ёрдамида ифодаланишини кузатиш мумкин.
Инглиз тилида каузал результатив конструкцияларда ядро предикат (NP) томонидан ифодаланган ҳаракат объектга таъсир ўтказиш натижасида иккиламчи предикатдаги ўзгариш натижасини ифодалайди. Масалан:
Jack hammered the metal flat↔ The metal became flat
The extra cargo made the ship sink ↔ The ship sank
His actions saddened his mother. → His mother was (made) sad.
Инглиз тилидаги результатив тузилмалар ўзига хос синтактик ва семантик ифодага эга. Синтактик нуқтаи назардан результатив қурилма объектга нисбатан иккиламчи предикат вазифасида келади. Семантик жиҳатдан субъектнинг ҳаракати объектнинг ўзгариши, маълум натижага эришилиш маъноси юзага келтиради. Биринчи мисолда металнинг болғаланиши уни текис ҳолатга келиши натижасини кўрсатади. Кейинги мисолдаги қўшимча юк кеманинг чўкишига сабаб бўлган натижа сифатида баҳоланади.
Baldy emptied his glass to the ratification of his Warwick pose.(O’Henry, 86);
Tildy had thrown herself flat upon a table (O’Henry, 85).
Келтирилган биринчи гапда пациенсга таъсир натижасида результатив (стаканнинг бўш ҳолатга келиши) ифодасиҳосил бўлса, иккинчи мисолдаги результатив ифода субъектнинг ҳолат ўзгариши билан боғлиқ. Иккала мисолда ҳам результатив маъно каузация маҳсули саналади. Мазкур ҳолларда каузативлик ҳаракати субъект томонидан амалга оширилади ва феълнинг асосий маъноси сифатида объект ҳолатининг ўзгаришига таъсир этади.
Тилшунослар томонидан инглиз тили результатив тузилмаларининг асосий хусусияти натижага эришилганлик, тугалланган маъносига эга бўлиши ҳамда асосий ва иккиламчи предикатлар мазкур маънони тўлалигича акс эттириши зарурлиги таъкидланади (Goldberg and Jackendoff, 2004).
Каузативли тузилмаларга хос мазмун- объектга таъсир ўтказишдир. Аммо, семантик жиҳатдан улар турлича маъно ифодалаши мумкин. Қуйидаги мисолларга эътибор қаратамиз:
Terry wiped the crumbs off the table (contact verb)- Terry removed the crumbs from the table by wiping the table.
Kelly broke the dishes off the table (change of state). – Kelly removed the dishes from the table by breaking.
I jabbed each elbow in a fireman's face, kicked the bark off of one citizen's shin, and tripped the other one with a side hold.(O’Henry, 110) (change of state with the help of contact verb).- I removed the bark by kicking.
Келтирилган биринчи мисолда каузация феълнинг контактга киришиш маъноси билан боғлиқ бўлса, иккинчи мисолда объектнинг ҳолати ўзгаришига таъсир этиш маъноси юзага келган. Учинчи мисолда эса контактга кириши ва объект ҳолатининг ўзгариши маъноларининг иккаласи биргаликда ифодаланган. Аммо, биринчи мисолда результативлик объектнинг макондан кўчиши натижасида юзага келган. Кейинги мисолларда результативлик объект шаклининг ўзгариши билан боғлиқ.
Каузативли конструкциялар каузатор + пациенс+ результативлик таркибни ташкил этади.Мазкур таркибдаги результативлик ҳаракатнинг охирги нуқтага етиши билан изоҳланади.
Шундай қилиб, инглиз тилидаги результатив тузилмалар таҳлили икки сатҳ доирасида амалга оширилади ва булар аспектуал ҳамда лексик сатҳлардир. Аспектуал сатҳ предикатларнинг аспектуал маъносини белгилаш учун хизмат қилса, лексик хусусият предикат иштирокчиларининг лексик маъноси ифодасини аниқлашга қаратилади. Аммо, иккала сатҳ бир-биридан мустақил тарзда амал қилмайди, балки улар пациенс маъносини ёритишда бир-бирига узвий боғланган ҳолда фаоллашади. Аспектуал сатҳ вақт ва макон доирасида ифодаланадиган ҳаракат ҳамда ҳолат кечимига аниқлик киритади. Хусусан, результатив тузилмаларда аспектуал маъно каузатив таъсир натижасида юзага келган тугалланганликни англатади. Мазкур тугалланган ифода иккиламчи предикат вазифасидаги аттрибутнинг каузация таъсирида юзага келганлиги билан изоҳланади. Бу жараёнда иккиламчи предикат вазифасида келган элементнинг лексик маъноси сақланади ва ушбу маъно каузациянинг натижаси сифатида қаралади.
Предикат таъсири натижасида пациенс шакли ёки ҳолати ўзгаради ва қуйидаги шаклларни олади:
а) Пациенснинг макондаги жойлашуви ўзгаради;
б) ташқи таъсир натижасида пациенс ҳолати янги кўринишга келади.
Aдабиётлар:
1. Goldberg A and Jackendoff R. The English resultatives as a family of constructions // Language 80. 2004. –P 532-568.
2. Croft W. Aspectual and casual structure in event representations // Routes to language development. New Jersey, 2009. –P 66-139.
3. Rappaport Havov, M. and Levin B. Change-of-state verbs: implications for theories of argument projection // The syntax of aspect. Oxford University Press. 2005. –P 247-286.
4. Rosen C. The Interface between Semantic Roles and Initial Grammatical Relations // Studies in relational grammar 2., University of Chicago Press, USA. 1984. –P 38-77.
Давлатова М. Каузативно-резултативные конструкции английского языка. В данной статье анализируется каузативно-результативние конструкции английского языка. В ходе анализа обосновються что значение результатива происходить на основе каузативного значения глагола.
Davlatova M. Causal-resultative constractions of the English language. The article deals with the problem causal –resultative constructions in the English language. It is justified that the resultative meaning is based on the causative feature of the verb plays.