ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК ТИЛЛАРИДА ҲУҚУҚИЙ МУЛОҚОТГА ОИД ИБОРАЛАРНИНГ ЛИНГВИСТИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Абдурашитова Нигора Бобокуловна,

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ички ишлар академияси катта ўқитувчиси, подполковник

Калит сўзлар: ибора, юридик мазмун, ҳуқуқшунослик, қонуний, ижтимоий соҳа, инглиз жамияти, ўзбек жамияти.

Фақат мустақиллик туфайлигина ўзбек тили давлат миқёсидаги тилга, бошқа давлатлар билан музокараларда қўлланиладиган, қонунлар яратиладиган, илмий тадқиқотлар ёзиладиган тилга айланди. Тил ижтимоий ҳодиса бўлганлиги боис, ўзи оид бўлган халқнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ривожланади ва бойиб боради. Шундай экан, жамиятда кечадиган ҳар қандай ўзгариш, аввало, тилда ўз аксини топади. Тилда юз берадиган ўзгаришларни тартибга солиш, умуман, тил тараққиётининг тўғри йўлда бўлишини таъминлаш тилшунослик фани олдидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда асосан ривожланган демократик давлатлар тажрибасига, қолаверса, бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган миллий давлатчилигимиз тажрибаси асосида тўпланган бой меросга таяниб иш кўрилмоқда. Бошқа давлатларнинг ҳуқуқ тизимини ўрганиш, уларнинг бой тажрибасидан ижодий фойдаланиш тилшунослик фани олдига ўзбек ва чет тиллар юридик терминларини қиёсий аспектда ўрганишдек ўта муҳим бўлган масалани қўяди. Бундан ташқари, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан турли соҳаларда алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантиришга қаратилган шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришмоқда. Бундай муносабатлар, аввало, ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топади. Уларни ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилишига эришиш кўп жиҳатдан чет тиллар юридик терминологиясининг лисоний ҳусусиятларини ўзбек тили билан қиёслаш асносида таҳлил қилинган [3, Б.3].

Соҳавий лексиканинг ажралмас қисми бўлган юридик маънога эга бўлган инглиз ва ўзбек фразеологик бирликларни батафсил тавсифлаш ва таснифлаш замонавий тилшуносликнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Маълумки, фразеологик бирлик (ёки турғун ибора) дунё манзарасини акс эттирадиган лисоний воситадир. Инсоннинг маълум бир объектга бўлган муносабати иборалар орқали воқеланади, идрок этувчи шахс ҳиссиётини намоён қилади ва атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатини ифодалайди. Маълумки, турғун иборалар ҳар бир халқнинг ноёб бойлигидир. Иборалар авлоддан авлодга маданий меросни, қадриятларни етказадиган муҳим манба ҳисобланади. Уларнинг маъносида афсоналар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, удумлар, ҳаёт тарзи ва бошқа қимматли миллий-маданий ва маърифий-диний ахборот акс этади. Бундан ташқари, иборалар тарихий воқеалар ва тарихий шахслар билан ўзаро чамбарчас боғланган бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг мазмунида ҳатто диний билимлар ва динга оид тушунчалар ҳам ўз аксини топган.

Тилшуносликда аксарият ҳолларда ибораларга нисбатан фразеологик бирлик сифатида қаралади. Фразеологик тизимнинг миллий-маданий муаммолари ҳозирги кунга келиб, кўплаб тилшуносларнинг тадқиқот объектига айланаётганлиги бежиз эмас, албатта. Буни охирги йилларда “Тил ва маданият” муаммосига бўлган эътибор ва қизиқиш, шунингдек, замонавий тилшуносликнинг антропологик парадигмада ривожланиши билан изоҳлаш мумкин. Тилнинг инсон билан ўзаро, чамбарчас боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда унинг онги, дунёқараши, руҳий ва амалий фаолиятини ўрганишга йўналтирилган антропологик тилшунослик назариясининг фразеологик тизимга татбиқ этиш зарурияти табиий ва муҳим воқеликдир[7, Б. 12-13].

Э. Сепирнинг тадқиқотларида тил ва маданият мавзусига катта эътибор қаратилган эди. “Тил маданиятдан узилган ҳолда яшамайди... Тил – халқ маданиятининг кўрсаткичи, чунки унинг луғат бойлигида ўзи хизмат қилаётган халқнинг маданияти аниқ тасвирланган бўлади”, деб ёзади [5, Б. 194].

М.И. Расулова қайд этганидек, “фразеологик бирликлар халқнинг психологиясини акс эттиради ҳамда халқнинг тарихини ва маданиятини чуқур ўрганиш учун хизмат қиладиган манбадир” [4, Б. 207].

Фразеологизм муайян халқнинг аниқ ижтимоий-тарихий даврини акс эттирувчи муҳим манбадир. Бунда экстралингвистик омиллар ҳам катта роль ўйнайди [1, Б. 52].

Фразеологик бирликлар ёки, оддий қилиб айтганимизда, иборалар таркибида турли мазмунлар шаклланади. Мазкур мақоламизда юридик семантикага эга ёхуд юридик мазмундаги иборалар таҳлилга тортилди. Бундай иборалар жамият аъзоларининг ҳуқуқий билимини ва онгини, ҳуқуқшунослик фанининг мазмун-моҳиятини ва маълум бир жамиятда амалда бўлган ҳуқуқий қонун-қоидаларни аниқлашга кўмаклашади. Биламизки, ҳар бир миллий тил тизимида ўзига хос ҳуқуқий терминлар ва ҳужжатлар мавжуд. Инглиз ва ўзбек тиллари мисолида тайёрланган мақоламиз, шубҳасиз, бўлажак ҳуқуқшунослар, судьялар, қонун ҳимоячилари ва иш юритувчиларни инглиз тилини самарали ўрганишлари учун замин яратади. И.Х. Содиқова таъкидлагандек, мустақил Ўзбекистонда юқори малакали ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрлаб чиқариш, ҳамда республикамизда халқаро ва хорижий қонуншунослик амалиётини ҳисобга олган ҳолда миллий ҳуқуқий ривожлантириш борасида, турли соҳалар бўйича чет тилидан она тилига таржима қилишда ишлатиладиган ўқув терминологик луғатларни яратиш лозим [6, Б. 20]. Бундай луғатларга юридик маънога эга бўлган фразеологик бирликлар ҳам киради.

Юридик мазмундаги иборалар инсонларнинг ҳуқуқий муносабатларига оид нозик масалаларни акс эттиради.Бундан ташқари, мазкур мавзу ҳозиргача батафсил ва мажмуавий равишда тадқиқ этилмаган.

Инглиз тилидаги King’s (Queen’s) counsel (юрид.) – “Қиролича адвокати” [2, Б.56] ибораси Англиянинг монархик тузилмаси ҳақида маълумот етказиб бермоқда. Бу фразеологик бирликнинг ўзбекча муқобили мавжуд эмас. Чунки, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий бошқаруви демократик тамойилларга таянади, монархияга эмас. Худди шундай, the longer liver (юрид.) “тирик қолганлардан сўнггиси” [2, Б. 63] ибораси ўзбек тили фразеологиясида ўз муқобилини ёки аналогини топа олмайди, чунки у миллий хусусиятга эга. Шу боис, уни бир тилдан иккинчи тилга ўгиришда фақатгина лексик таржимага асосланиб, мазмунини тингловчига етказиш мумкин.

Баъзи юридик тушунчаларнинг семантикаси иккала тилда ҳам бир бирига мувофиқ келади. Масалан, инглиз тилида natural person [2, Б. 86] ибораси жисмоний шахсга нисбатан қўлланилади. Юридик шахс эса artificial person деб номланади [2, Б. 86]. Худди шундай юридик терминли иборалар ўзбек тилида ҳам учрайди: жисмоний шахс ва юридик шахс.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қонуний муносабатларда барча тилларда мерос ва меросхўр тушунчалари фаол қўлланилади. Улар инглиз ва ўзбек тилларида ҳам мавжуд. Масалан, жуда муҳим ва қизиқарли юридик маънога эга бўлган инглиз ибораси next to kin [2, Б. 82] “васиятнома йўқлигида меросга эгалик қиладиган энг яқин қариндош” маъносини англатади. Бундай фразеологизм ўзбек тилида мавжуд бўлмаса ҳам меросхўрлик талаби ҳолатига дуч келишимиз мумкин. Ўзбек тили фразеологик заҳирасида бундай меросхўрни ифодаловчи алоҳида тил бирлиги (ибора)йўқ, аммо унинг эҳтимолли муқобиллари сифатида қуйидаги юридик терминлар фаол ишлатилади: меросхўр, ягона меросхўр, қонуний меросхўр, мерос васиятномаси ва бошқалар.

Инглиз тилидаги фразеологик бирликлардан яна бирида муайян давлатларнинг номи мавжуд. Бироқ, улар умуман ўзгача маънони ифодалайди. Масалан: the Courtesy of England (Scotland) [2, Б. 20]. Унинг маъноси – “хотинидан қолган меросни қўлга киритган бева-эркак (албатта болалари бўлиши шарт)”. Шунингдек, инглиз тилида антропонимларни ўз ичига олган фразеологик бирликлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Бу эса, биринчидан, тарихий воқеалар, мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида машҳур шахсларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, улар бевосита коммуникатив жараёнда юзага келган фразеологизмлардир. Масалан: Jack Ketch – жаллод (XVII асрда машҳур жаллод номи билан боғлиқ); Teddy Boy – олифта (ўзига хос кийиниш услубиги эга бўлган инглиз қироли Эдуард VII номи билан боғлиқ); A smart Aleck – ўзига ишонган бетамиз, ишёқмас.

Ўзбек тилида эса, антропонимли фразеологик бирликлар асосан коммуникатив жараёнда юзага келган бирликлар бўлиб, салмоқли улушга эга эмас[7, Б. 139].

Баъзан юридик мазмунга эга турғун инглизча иборалар динга оид маросимларни ва диний тушунчаларни ифодалайди. Масалан, the devil’s advocate. Ушбу иборани сўзма-сўз таржима қилсак – “шайтоннинг ҳимоячиси (адвокати)”, лекин бу ибора кўчма маънода ишлатилади: “одамларнинг фақат ёмон хислатларига ва камчиликларига аҳамият берадиган инсон”. Бу иборанинг пайдо бўлиши ўрта асрлардаги Ватиканда руҳоний шахсни бир инсонни авлиё одам деб черков номидан тасдиқлаш маъросимида унга нисбатан эътирозли чиқиш сўзи билан боғлиқ. Мазкур иборанинг маъноси ва тузилишига ўхшайдиган фразеологизм the God’s advocate – “Худонинг ҳимоячиси (адвокати)”, ўрта асрларда Ватиканда бир инсонни черков номидан авлиё одам деб эълон қилиш учун сўзга чиқувчи ва бу инсонни ҳимоя қилувчи руҳоний шахсга нисбатан ишлатилган. Албатта, бу иборалар бугунги кунга келиб архаизмлар қаторига киради. Бироқ, ҳуқуқшунослик, тарих ва дин нуқтаи назаридан улар жуда сермазмун бўлиб, турли мулоқот вазиятларида муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юридик мазмундаги ибораларнинг тадқиқи жуда долзарб муаммо бўлиб, инсонларнинг қонун ва ҳуқуқшунослик билан боғлиқ билимларини аниқлашга замин яратади. Инглиз ва ўзбек тиллари мисолида бажариладиган бундай тадқиқот тил эгаларининг жамиятдаги ўзига хос қонуний ва юридик фаолияти хусусиятларини кузатишга имкон беради.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Маматов А.Э. Ўзбек тили фраземаларининг шаклланиш масалалари: Филол.фанлари доктори. ... дисс. автореф.– Тошкент, 1999. – 56 б.

2. Насруллаева Н.З. Англо-русско-узбекский словарь гендерно маркированных фразеологических единиц (Инглиз-рус-ўзбек гендер белгили фразеологик луғати). – Тошкент: Наврўз, 2018. – 112 б.

3. Нишонов П.П. Француз ва ўзбек тиллари юридик терминологиясининг қиёсий-типологик тадқиқи. Филол.фан.номзоди .... дисс. автореф. – Тошкент, 2009. – 26 б.

4.Расулова М.И. Основы лексической категоризации в лингвистике.– Тошкент: Фан, 2005. – 268 б.

5. Сепир Э. Избранные труды по языкознанию и культурологии. – Москва, 1993. –С. 20-203.

6. Садыкова И.Х. Принципы составления «Англо-русско-узбекского учебного словаря юридических терминов». Автореф. дисс. …. канд. филол. наук. – Ташкент, 1998. – 21 с.

7. Эргашева Г.И. Инглиз ва ўзбек тиллар фразеологизм ва паремияларида гендер аспектининг қиёсий-типологик тадқиқи. Филол. фанлари номзоди .... дисс. – Тошкент: ЎзМУ, 2011. – 154 б.

Абдурашитова Н. Лингвистические особенности английских и узбекских фразеологизмов юридического дискурса. Данная статья посвящается исследованию лингвистических особенностей английских и узбекских выражений с юридической семантикой. Автор приводит соответствующие тематике статьи выражения и демонстрирует прагматическую реализацию их юридического содержания. Теоретическая часть статьи подтверждается соответствующими примерами английских и узбекских выражений с юридическим смыслом.

Abdurashitova N. The linguistic peculiarities of English and Uzbek idioms of juridical discourse. The article is devoted to investigation of the English and Uzbek set expressions with juridical content. The author proposes a number of such phrases due to the theme of the article and analyzes juridical content in their structure. Theoretical part of the article is proved by corresponding examples of English and Uzbek set expressions with juridical content.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati