ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК ТИЛЛАРИДА КОНВЕРСИВЛИК ВА АНТОНИМЛИК ҲОДИСАСИ

Тилшуносликда айрим тадқиқотчилар конверсивларни антонимларнинг бир тури сифатида ўрганса, бошқалари эса уларни фарқли тарзда ўрганишни таклиф қиладилар.  Антоним ва конверсивларнинг қарама-қаршиликни ифодалаши, жуфтлик ҳосил қилиши, бир-бирига қарама-қарши туриши каби хусусиятлари олимларга уларни бир тур сифатида талқин қилишга асос бўлиши мумкин. Бироқ, бу ерда антонимлик ва конверсивлик ҳодисасига қандай ёндашишлик муҳим аҳамиятга эга. Конверсивлар ва антонимларни қиёсий ёки фарқлаб ўрганиш, умуман, антонимлик ҳодисаси асосида ҳосил бўладиган конверсивлар бўйича тадқиқотлар Ўзбекистон тилшунослиги ва таржимашунослигида ҳали талаб даражасида олиб борилган деб айта олишимиз қийин. Аммо, бу муаммо рус ва ғарб тилшуносларининг тадқиқотларида ўз аксини етарли даражада топган. 

Назарий семантиканинг энг муҳим муаммолари орасида лексик бирликларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш орқали ҳам, турли даражадаги сўзларни бирлаштириб, қўшимча компонентни қабул қилиш натижасида ҳосил бўлган тўлиқ ички семантик маънони очиб бериш жиҳатидан ҳам семантик муносабатларни ўрганиш алоҳида ўрин тутади. Бу борадаги тадқиқотлар, бир қарашда анча равшан кўринган ва анъанавий тилшуносликда ўрганилган умумлингвистик ҳодисалар бўлган синонимия, омонимия ва антонимия масалаларини қайта кўриб чиқишга замин яратмоқда.

Тилшуносликда антонимлик ҳодисаси, тилнинг семантик категорияларидан бири сифатида, узоқ вақтлардан буён тадқиқот объекти бўлиб келаётган бўлса-да, бироқ, бу муаммо ҳали ҳам ўз ечимини тўлалигича топмаган ва илмий мунозарали масала бўлиб қолмоқда. Антонимлик ва антонимларнинг ўзига хос илмий формулалари етарлича берилган ва антонимларни аниқлаш мезонлари тўлиқ мавжуд дея айта олишимиз мушкул масала.

Тилнинг лексик-семантик тизими категорияси бўлмиш антонимлик ҳодисаси реал воқелик билан боғлиқ. Сўзлар нарса, ҳодиса ва буюмларни, шунингдек, инсонлар томонидан яратилган мавҳум тасаввурларни ҳам ифодалайди. Табиатда эса бир-бирига қарама-қарши ҳодиса ва предметлар мавжуд. Бир-бирига ўзаро зид бўлган номлар антонимларни ҳосил қилади.

            Антонимлик ҳодисаси доирасида тез-тез диққатни ўзига тортиб турадиган тушунчалардан бири – бу конверсивлик. Ж.Лайонзнинг таъкидлашича “антонимлик” ёки “семантик қарама-қаршилик”нинг энг муҳим семантик муносабатлардан бири эканлиги аллақачон эътироф этилган.

Биз “қарама-қаршилик”нинг уч турини ажратиб, улардан фақат биттасига

“антонимлик” атамасини қўллаймиз дейди Ж. Лайонз [Ж. Лайонз, 1978: 343].

Тилдаги антонимликни ўрганар экан Ж.Лайонз қарама-қарши муносабатнинг учта турини аниқлайди. Булар - комплементарлик, антонимлик ва конверсивлик. Муаллиф конверсивликни қуйидагича таърифлайди: “оппозиция атамаси билан таърифланадиган учинчи семантик муносабат”, - бу buy “сотиб олмоқ” ва sell “сотмоқ” ёки husband “эр” ва wife “хотин” тушунчалари ўртасидаги муносабат. Buy сўзи sell сўзининг конверсив жуфти, sell сўзи эса buy сўзига конверсив [Ж.Лайонз, 1978: 343].

             Конверсивлар денотатив жиҳатдан ўхшаш гаплар яратишда қўлланилади. Бунда биринчи гапнинг предикати унинг конверсив жуфти билан алмаштирилади. Ўзаро алоқадор тескари боғланиш конверсивлик дейилади. Масалан, Мен Анвардан юз минг сўм қарз олдим. Анвар менга юз минг сўм қарз берди. Тилда конверсивлар ўзаро алоқадор оппозитивлар вазифасини бажаради. Ўзаро алоқадор қарама-қаршиликни ташкил этувчи иккита сўз конверсив бўлиши мумкин. Конверсивлик ҳодисаси бу – иккита турли хил сўзларнинг ўзаро алоқадор оппозитивлик вазифасини бажариш ҳолати ҳамдир. Кўпчилик тилларда конверсив оппозитивлик вазифасини феълларнинг аниқ ва мажҳул нисбат шакллари бажаради.

            Тилшуносликда Ш.Балли “avoir le droit” “ҳуқуқига эга бўлмоқ” ва “etre legitime” “қонуний бўлмоқ” типидаги бирикмаларга лексик синонимлар сифатида қараб, бу турдаги бирликларнинг тескари муносабатли синонимлар, яъни конверсивлик ҳодисаси эканлигига эътиборни қаратган. (Масалан, У эътироз билдириш ҳуқуқига эга эди. Унинг эътирози қонуний эди) [Ю.Д.Апресян, 1995: 256]. Ш.Балли нуқтаи назарича конверсивлик – бу бир бутунликка бирлашган иккита қарама-қаршилик.

О. Есперсен гапда ифодаланган бир хил фикрни икки субъектга қарама-қарши маънолар билан узатиш имкониятига эга феъллар тилда мавжудлигини қайд этиб ўтган. Конверсивлик, аввало, синтактик сатҳда, ундан кейингина  лексик сатҳда ўрганила бошланган. Мен китобни Раънога бердим. Раъно китобни мендан олди. Мен китобни Раънога сотдим. Раъно китобни мендан сотиб олди. Пахтакор Бунёдкорни ютди. Бунёдкор Пахтакордан ютқазди. Келтирилган мисолларда бермоқ – олмоқ, сотмоқ – сотиб олмоқ, ютмоқ – ютқазмоқ феъллари конверсив муносабатга эга феъллардир.

Лингвист олимлар Ш. Сафаров ва Т.Бушуйлар ўз тадқиқотларида конверсивликни гап таркибидаги аргументларнинг ўзаро муносабатларидан келиб чиқадиган ҳодиса сифатида талқин этиб, олим Г.Райхенбах назарияси асосида, қуйидагиларни ёзади: “Г. Райхенбахнинг (1948) фикрича, бир ўринли бўлмаган муносабатни бир аргументли фунция шаклида тасаввур қилиш кейинги предметнинг мураккаб функцияга сингдирилиши натижасидир. Бу ҳолда иккинчи аргумент яширин ифодага эга. Олим айтилган бир ўринли фунция ифодасини қуйидаги формулада кўрсатади:

q(x) = f(x,y1)

Бу ерда y1 - q(x) функциясининг яширин аргументидир.

Лекин Г.Райхенбах томонидан келтирилган гапни (“Х Вилямнинг ўғли”) икки ўринли функциянинг ифодаси сифатида талқин қилган маъқулроқ.

Биринчидан, гап структурасининг бу йўсиндаги талқини икки аргумент ўртасидаги муносабатни конверсив (тескари, биридан бирига кўчувчи) муносабат деб ҳисоблаш имконини беради. Конверсив муносабатлар саноқ бошига эга бўлганда юзага келади. Масалан, х ва y ўртасидаги муносабат “х y дан баланд” ёки “х y нинг ўғли” ифодаларида тўғри, деб ҳисобланса, “y х дан паст” ёки “y х нинг отаси” ифодаларида тескари конверсивдир. Муносабатларнинг конверсивлиги тушунчаси “катта-кичик” ифодасини бир бутунликка боғлаш имконини беради: “х y дан катта” ва “y х дан кичик”. Худди шунингдек, “ақллироқ – ахмоқроқ”: “х y дан ақллироқ” ва “y х дан ахмоқроқ”; “яхшироқ – ёмонроқ”: “Х Y дан яхшироқ” ва “Y Х дан ёмонроқ”. Ҳар қандай гап эга-кесим тузилишидаги структура сифатида талқин қилинганда иккинчи предметни фақатгина кесимнинг кенгайтирилиши кўринишида тасаввур қилиш мумкин. Лекин, бу ҳолда эга ва тўлдирувчини ягона бир муносабатдаги бўлаклар сифатида қараб бўлмайди.

Иккинчидан, гап структурасини муносабатлар тизими сифатида талқин қилиш икки предмет (аргумент) ўртасидаги муносабатнинг симметрик ва носимметрик турларини фарқлаш имконини беради. Агарда икки аргумент ўртасидаги муносабат симметрик бўлса, унда икки ўринли функциянинг ифодаси тўғри ва тескари йўналишда ўзгармасдан қолади. Масалан, “х y нинг акаси” ва “y х нинг укаси” тузилмаларида х, y эркак жинсидаги шахслар маъносини олади. Икки аргумент ўртасидаги муносабат носимметрик бўлган тақдирда тўғри муносабатнинг ифода усули ўзгаради. Масалан, “х y нинг ўғли” тузилмасида х нинг y га муносабати лисоний ифодаси “ўғли(дир)”. Бу тузилманинг конверсияси “y х нинг отаси” гапи билан ифодаланади ва бу ҳолда y нинг х га муносабати «отаси(дир)» шаклида ифода топади” [Т.Бушуй, Ш. Сафаров 2007, 165].

Конверсивлар камида икки валентли сўзлар бўлиши кераклиги сабабли, конверсивлик ҳодисаси, аввало, феъл сўз туркумига хос хусусият ҳисобланади. Феъллар конверсивликни ифодалашнинг махсус грамматик шаклини ҳосил қилади – улар феълнинг аниқ ва мажҳул нисбат шакллари. Масалан, Шифокорлар ҳаммани вакцина билан эмламоқда. Ҳамма вакцина билан эмланмоқда. Конверсивлик муносабатининг ривожланиши учун керакли хусусиятга эга яна бир сўз туркуми - бу иккита фаол валентликка эга боғловчилар. Масалан, Директор касал бўлиб қолганлиги сабабли йиғилиш ўтказилмади – Йиғилиш ўтказилмади, чунки директор касал бўлиб қолди. Гапда предикатнинг конверсивланиши ёки унинг ўзаро алоқадор қарама-қарши маъноли жуфти билан алмаштирилишига қарамасдан гап мазмуни ўзгармасдан қолаверади. Бундай алмаштиришлар денотатив адекват гаплар ҳосил қилади. Бироқ, бунда фақат предикатни унинг конверсив жуфти билан алмаштириб қўйиш билангина иш битмайди. Бу ерда объект-субъект, субъект-объект шаклидаги алмаштириш ҳам юз беради. Антонимлардан фарқли ўлароқ, ҳар бир конверсив турли субъектларга тегишли бўлган иш-ҳаракат ёки ҳолатни ифодалаб келади: Мен бердим. Раъно олди. Мен сотдим. Раъно сотиб олди. Агар қарама-қарши сўзлар битта субъектга тегишли бўлса, унда конверсивлик юз бермайди. Ҳосил бўлган иккита жумланинг маънолари ҳам турлича бўлади. Масалан, Мен китобни сотиб олдим. Мен китобни сотдим.  Мен китобни сотиб оламан ёки сотаман. Ушбу жумлаларда иш-ҳаракат битта субъектга тегишли ва уларнинг қарама-қаршилиги антонимликдан хабар бермоқда.

            Демак, конверсивларни антонимлардан ажратиб турадиган энг асосий хусусиятлардан бири бу уларнинг турли субъектларга тегишли бўлишидир. Конверсивлик муаммоси тилнинг турли соҳалари билан боғлиқ ҳодисадир. Конверсивлик каби денотатив жиҳатдан ўхшаш маъноли жумлаларни шакллантиришнинг бундай самарали ва мунтазам усулини таҳлил қилиш нафақат турли тил сатҳлари, балки семантик ва синтактик мезонларнинг синтези асосида ажралиб турадиган бир хил лексик сатҳнинг турли бирликлари билан ҳам амалга оширилади, бу муҳим ва ўз вақтида қўйилган вазифа бўлиб, унинг ечими лексик семантика соҳасидаги илмий ғояларни ривожлантиришга ҳисса қўшиши мумкин.

            Ф.Р.Палмер ўз тадқиқот ишида тилшунос олим Ж. Лайонз томонидан конверсивлик дея аталган тескари муносабатни “ўзаро алоқадор оппозиция” (relational opposition) номи билан атади. У конверсив сўзларни ўзаро алоқадор қарама-қарши бўлаклар (реляцион оппозициялар) деб атайди [Ф.Палмер, 1976: 82].

Л.Санжеева бир қатор жуфт отлар (эр-хотин, ота-бола) ҳамда замон ва маконда қарама-қарши йўналишларни ифодаловчи сўзлар (after-before, above–below) га конверсивлар дея ёндашиб, бир вақтнинг ўзида конверсивларнинг грамматик шакллари (аниқ ва мажҳул нисбат шакллари)ни ҳам изоҳлаб ўтади [Л. Санжеева, 2010: 158].

Конверсивлар ва уларнинг турларини аниқлаш масаласи галдаги ўз ечимини кутиб турган масаладир. Айрим ҳолларда конверсивларни аниқлаш тамойиллари аниқ эмас. Масалан, аждод - авлод; ота-она – фарзанд, дебютор – кредитор, ўнг-чап ва ҳоказолар. Кўриб турибмизки, бу тур конверсивларни таснифлаш ва танлаш учун аниқ тамойил ва мезонлар мавжуд эмас. Ўнг ва чап сўзлари йўналишни ифодаласа, дебютор ва кредитор сўзлари эса умуман, бошқа муносабатни ифодаламоқда. Худди шундай тартибда ота-она ва фарзанд сўзларини қайси мезон асосида ўзаро алоқадор конверсивлик деб аташимиз номаълумлигича қолмоқда. Бу тил бирликларининг ўзаро алоқадор конверсивлик хусусият касб этиши улар жумла таркибида келганда ойдинлашади. Масалан, Анвар Икромнинг фарзанди. Икром Анварнинг отаси. Бу икки жумлада  ўзаро алоқадор конверсивлар вазифасини фарзанд ва ота сўзлари бажармоқда. Бу икки жумлани яна бошқа кўринишларда ҳам талқин қилиш мумкин: Анвар Икромнинг авлоди. Икром Анварнинг аждоди. Икром Анварнинг отаси. Анвар Икромнинг ўғли (зурриёди).  Анвар Икромнинг насли. Икром Анварнинг насабидир. Бу турдаги жуфт жумлаларнинг сонини яна орттириш мумкин. Демак, ушбу ҳолатдан келиб чиқиб қуйидагича сўзлар жуфтлигини ҳосил қилиш мумкин: ота-ўғил, авлод-аждод, насл-насаб, ота-фарзанд ва ҳоказо. Агар конверсивликни гап даражасида таҳлил қилсак, унда бу жуфт сўзларнинг бир-бирига ўзаро алоқадор конверсивлар сифатида вазифа бажаришини эътироф этишимиз мумкин. Бу сўзларни антонимик сатҳда таҳлил қилсак ота-ўғил, ота-фарзанд сўзларига антонимик жуфтликлар сифатида қарашимиз мумкин.    

Зеро, ота–бола жуфтлигига конверсив сифатида қарасак, унда она–бола жуфтлигини ҳам конверсив жуфтлик сифатида қабул қилишга тўғри келади. Дилдора Мироншернинг онаси. Мироншер Дилдоранинг фарзанди. Дилдора Мироншернинг волидаси. Мироншер Дилдоранинг зурриёди. Ушбу жумлаларнинг ҳар бирида ўзаро алоқадор конверсивлик хусусияти мавжуд. Бироқ, қариндошлик муносабатини ифодаловчи атамалар орасида икки хил жинсли шахсни қамраб олувчи сўзлар ҳам учрайди. Масалан, инглиз тилида cousin, parent, child, spouse, sibling ва ўзбек тилида фарзанд, жиян, невара, эвара, чевара, қайлиқ, эгизак сўзлари ҳам қиз, ҳам ўғил қариндошни ифодалаб келади, яъни улар жинсига қараб фарқланувчи индивидларни бир ном билан атайди.

Ф. Палмер ўзаро алоқадор семантик қарама-қарши маънони яъни конверсивликни ифодалашда қариндошликни ифодаловчи атамаларнинг ўзига хос қизиқ жиҳатга эга эканлигининг икки сабаби борлигига эътиборни қаратиб ўтади.

Биринчидан, бундай атамаларнинг кўпчилиги нафақат қариндошликни, балки кишининг жинсини ҳам ифодалаб келиши билан ўзига хос аҳамият касб этади. Мана шу ерда конверсив сўзларнинг симметрик ва симметрик эмаслиги масаласи намоён бўлади. Масалан “father” (ота) сўзи эркак жинс, “daughter” сўзи эса қиз фарзанд ва ҳоказо. Бу ҳолат эса ўзаро алоқадор симметрикликни йўққа чиқаради. Чунки, Жон Сэмнинг отаси жумласи нафақат Сэм Жоннинг ўғли, балки унинг қизи ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабли жинсга қараб фарқланмаганда симметрик, фарқланганда эса носимметрик ўзаро алоқадор хусусиятга эга сўзлар ҳам мавжуд. Ака ва сингиллик муносабати ҳам бундан фориғ эмас. Чунки инглиз тилида агар Жон Сэмнинг акаси бўлса, бу Сэм Жоннинг укаси деган маънони англатмаслиги ҳам мумкин. Чунки Сэм Жоннинг синглиси ҳам бўлиши мумкин [Ф. Палмер, 1976: 83].

Бу ҳолатни биз ўзбек тили миқёсида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, Одина ва Гулшан Анварнинг укалари ёки сингиллари бўлиши ҳам мумкин.

Л.Санжеева, қариндошлик муносабатлари билан бирга, ўз тадқиқотларида, ҳар хил жинсли болаларнинг исмларини ҳам конверсивлик билан боғлаб ўрганади. Ушбу олим ҳар хил жинсни ифодалаб келувчи шахс номлари ёки индивидлар конверсив муносабат ҳосил қила олмайди дея ҳисоблайди. Сэм – қиз бола. Сэм – ўғил бола. Бироқ, Л.Санжеева таъкидлаб ўтадики, конверсивлик ҳодисасини предикатни субъект билан алмаштириш орқали ҳам ҳосил қилиш мумкин экан: Сэм – қиз бола. Қиз бола Сэм. Бу гаплар мазмунан ўхшаш ва уларнинг мазмунида қарама-қаршилик, яъни оппозиция мавжуд [Л.Ц.Санжеева, 2010: 158].  Умуман олганда, қариндошликни ифодалаб келувчи атамалар орасида, конверсивлик ҳосил қилувчи, оппозитив (қарама-қарши) хусусиятга эга атамаларни кўплаб учратишимиз мумкин. Масалан: келин-қайнона, куёв-қайнона, келин-қайнота, куёв-қайнота.

Ҳар хил тизимли тилларда қариндошлик атамаларининг қўлланилиши фарқ қилади. Баъзи тилларда мавжуд қариндошликни ифодалаб келувчи сўзлар бошқа тилларда учрамайди. Масалан, ўзбек тилидаги холавачча ва аммавачча сўзлари инглиз тилида фақат cousin сўзи билан ифодаланади холос. Ва аксинча, инглиз тилидаги nephew ва niece сўзлари ўзбек тилида битта жиян сўзи билан ифодаланади.  Ўзбек тилида мавжуд ва ўзида лингвомаданий хусусият касб этган қуда сўзи инглиз тилида мавжуд эмас.

Иккинчидан, дейди Ф.Палмер, қариндошлик атамасининг симметрик ёки симметрик эмаслиги ҳам муаммо туғдириши мумкин. Чунки инглиз тилида симметриклик хусусиятига эга конверсив сўзлар ҳам мавжуд. Инглиз тилида “to be married to” сўзи ҳам эркак жинсга ҳам, аёл жинсга бир хил симметрик тарзда ишлатилаверади, чунки бу сўз худди “spouse” сўзи каби жинсни кўрсатмайди. Лекин, бошқа тилларда бу фарқли. Масалан, ўзбек тилида эркак учун уйланмоқ, қиз учун турмушга чиқмоқ тарзида ифодаланади.

Кўриб турганингиздек, конверсивлик биз ўйлаганчалик оддий муаммо эмас. Конверсивлар ва антонимлар орасида жуда кўп параллель ҳолатлар мавжуд. Лекин, бу параллеллик барча конверсивлар антонимик характерга эга деган фактни тасдиқламайди. Симметрик муносабатларни конверсивлар билан ҳам ифодалаш ҳақида фикрлар мавжуд. Ва албатта, конверсивларда бундай симметриклик мавжуд.

Конверсивлар дея қаралаётган жуфт сўзларни таҳлил қилиш жараёнида антонимлик ҳодисасининг хусусияти орқали уларнинг жуда катта қисми антонимик жуфт эканлиги тасдиқланади. Бу эса, ўз навбатида, конверсив-антонимик параллелликни ҳосил қилади. Натижада, конверсивлар антонимларнинг бир турими ёки улар турли бирикмаларми қабилидаги баҳсли савол туғилади.

Конверсивлик муаммосига синтактик ва лексик жиҳатдан ёндашиш, албатта, ҳар хил натижаларга олиб келади. Конверсивлик учун синтактик сатҳ талаб қилинади. Икки сўзнинг конверсивлигини текшириш денотатив жиҳатдан бир хил маъноли гаплар тузиш асосида амалга оширилади. Бу хусусият синтактик сатҳда конверсивликнинг намоён бўлишини тасдиқлайди.

Конверсив муносабатлар тилшуносликда субъект-объект муносабатларининг турли шаклларини қамраб олади. Бундай муносабатга ўтимли ва ўтимсизлик, биргалик, қиёсийлик, аниқ ва мажҳул нисбат категорияларини киритиш мумкин. Конверсивлик ҳодисаси грамматик (синтактик) ва лексик сатҳларда юз бериши мумкин. Синтактик конверсивлик синтактик конструкцияларнинг бир-бирига ўзаро ўрин алмашишидир. Масалан, There is/are … қурилмаси қатнашган жумла, It has … қурилмаси билан, It is/was … who синтактик қурилмаси эса, He was the one who …  қурилмаси орқали конверсив жуфтлик ҳосил қилади: There are wonderful monuments in the city. = The city has wonderful monuments. Shaharda ajoyib tarixiy obidalar mavjud. = Shahar ajoyib tarixiy obidalarga ega. It was him that I told about it. = He was the one whom I told about it.  Bu haqida aynan unga aytgan edim. = U men bu haqida aytgan kishining o‘zginasi edi.

 Бу конструкциялар синтактик сатҳда бир-бирини алмаштирганда умумий мазмун ўзгармайди. Яъни, ўзгариш мазмун планида эмас, балки семантик сатҳда содир бўлади.

Лексик конверсивлар – ўзаро қарама-қарши жуфт сўзлар. Бу сўзлар ўз вазифаларини ва таркибий актантларини ўзгартириши, алмаштириши билан намоён бўлади. Бунда феъл валентлигида бузилиш кузатилади. Лексик конверсивлик ҳодисаси феълларда, отларда ва сифатларда қайд этилади. Бу хусусият феълдан ясалган сўзларда, айниқса, феълдан ясалган отларда кўпроқ кузатилади. Шу билан бирга, турли тизимга эга бўлган тилларда ҳам феълдан ясалган отлар даражасидаги фарқланиш ҳоллари учраб туради. Яъни, айрим тилларда конверсив жуфтликнинг ҳар икки томони феълдан ясалган отлардан иборат бўлса, бошқа тилларда бу ҳолат учрамаслиги мумкин.

            Конверсивлар худди антонимлар сингари қарама-қарши қутбларда жойлашган сўзлар сифатида намоён бўлади. Аммо, қарама-қаршиликнинг турига қараб даражаланувчи антонимлардан фарқли ўлароқ, конверсивларда даражаланиш (градация) мавжуд эмас. Конверсивларда оралиқ ёки нейтрал маънога эга сўзлар жуфтланмайди. Бунинг ўрнига конверсивларда бир-бирига қарама-қарши сўзларни бошқа сўзлар билан алмаштириш мумкин. Конверсивлар табиатан симметрик бўлади. Маъно яқинликларига қарамасдан, конверсивлар тасодифий жиҳатдан семантик тенг маъноли бўлади. Тилшуносликдаги семантик жиҳатдан тенг маъноли конверсивларга сотмоқ – сотиб олмоқ, қарз олмоқ – қарз бермоқ, олмоқ – бермоқ каби жуфтликларни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.  Семантик тенгликнинг бундай кам сонли ҳолатларида ҳар бир конверсив мустақил талқин қилиниши мумкин.

            Конверсивлар ва антонимлар қарама-қарши маъноли жуфт сўзларни қамраб олгани сабабли, улар бир-бирини белгиловчи сўзлар нуқтаи назаридан ўхшаш тушунчалардир. Аммо, улар бир хил эмас, балки турли хил тушунчалардир. Буни турли тилларнинг материаллари устида олиб борилган тадқиқотлар тасдиқлайди.

            Конверсивлар бир хил, антонимлар эса ҳар хил ролли тузилишга эга. Улар валентлик жиҳатидан ҳам фарқланади. Конверсивларнинг маънолари бир-бирига редукциялашган бўлиб, уларнинг ҳеч бири семантик жиҳатдан мураккаблик касб этмайди ва шунинг учун вазиятнинг тавсифи уларнинг ҳар бирига нисбатан қурилиши мумкин, бироқ, антонимлар эса семантик жиҳатдан ҳар доим ҳам тенглик касб этавермайди. Конверсивлар билан қиёслаганда янада торроқ нисбат семантикасига эга бўлган иш ҳаракатнинг субъекти (бажарувчилари) кам ҳолларда антонимик муносабат ҳосил қилади.

Аниқ ва мажҳул нисбат категориялари орқали ҳосил қилинган жуфтликларнинг барчаси ҳам антонимик хусусиятга эга бўлавермайди, чунки улар кўп ҳолларда қарама-қаршиликни эмас, балки комплементарлик вазифасини бажариб келади. 

Агар конверсив ва антонимларнинг валентлиги кўпинча бир-бирига тўғри келса, унда агент ва пациентнинг тўғри келадиган валентликлари жуда кам. Демак, конверсивлик ва нисбат категорияси семантик муносабатнинг хусусий турини ташкил этса, унда антонимлик билан улар эквивалент (мос, устма-уст) муносабатда бўлади.

Конверсивлар иккита асосий шартга жавоб бериши керак: 1) бир хил ҳаракат ёки ҳолатни ифодалаши ҳамда 2) тескари йўналишга эга бўлиши.

Юқорида келтирилган мисоллар асосида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, антонимлар ва конверсивлар ўртасидаги катта ўхшашлик ва параллелликка қарамасдан, улар турли тушунчалардир. Таҳлилдан маълум бўладики, конверсивларни ифодаловчи асосий восита феъллардир. Антонимларда эса сифатларнинг фаоллиги ва оппозицияси кенг миқёсда кузатилади.

Адабиётлар

1. Апресян Ю.Д. Лексическая семантик. Синонимические средства языка. Изд 2. Изб.труды том I. Восточная литература РАН. 1995. ст.472.

2. Бушуй Т.А., Сафаров Ш.С. Тил қурилиши: Таҳлил методлари ва методологияси. –Т.: Ўзбекистон Руспубликаси фанлар академияси. “Фан”, 2007. –278 б.

3. Есперсен О. Философия грамматики. –Москва: 1958.- 405 ст.

4. Лайонз Ж. Введение в теоретическую лингвистику. Москва: Прогресс, 1978. 399 c.

5. Санжеева Л.Ц. Конверсивные и антонимические оппозиции в поэтике эпического текста, их передача на русский и английский языки//Филологические науки. Вопросы теории и практики. БГУ, №2 (6) 2010, с.157-160. https://www.gramota.net/materials/2/2010/2/42.html

6. Palmer F.R. Semantics. Cambridge University Press. 1976. 170 p.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati