Ҳозирги кунга қадар лингвистик адабиётларда «реалис» ва «ирреалис» ҳодисалари кўпгина ҳолларда майл ва модаллик категорияларга боғланган ҳолда талқин қилиб келинди. Мазкур ҳодисалар барча тилларга хос бўлган универсал ҳодиса сифатида тан олинса-да, улар мазмун ва маъно жиҳатдан тўлалигича ўзини оқламаслиги борасида қарашлар мавжуд (F.Palmer, 2001; 30-43; J.Bybee, 1998; 24-26, Т. Givon, 2001; 57-61; J. Roberts, 1990; Vol. 26, 47-49).
Гап шундаки, таъкидланган категориялар (майл ва модал) аксарият ҳолатларда мазмунан ва мантиқан нотўғри тасаввурни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам модаллик ва майл англатадиган маъноларга мос келадиган атамаларни танлаш назарий жиҳатдан альтернатив бирликлар танлашга мурожаат қилиш заруратини юзага келтиради. Майл ва модаллик категорияларининг муҳокамаси ҳолат ва вазият маъноларини тўлиқ қамраб ололмайди. Ваҳоланки, масаланинг ечими сифатида реалис/ирреалис атамалари доирасида таҳлил қилиш масала моҳиятини тўлиқроқ очиб бериш имкониятлари истиқболидан дарак беради.
Таъкидлаш жоизки, реалис/ирреалис ифодалайдиган маъно ва мазмун мантиқан муҳокама қилишга арзийди, деган фикрдамиз. Чунки, тилшуносликнинг ушбу сатҳларидаги реалис/ирреалис тушунчаларнинг киритилиши майл ва модал категориялари таъриф ва тавсифидан қониқмаслик натижасида юзага келган ҳодиса саналади.
Хусусан, К. Кристофаро таъкидлашича, бир томонлама кузатиладиган семантик (ёки концептуал) маъно ва шу маънони англатаётган грамматик категория ўртасидаги фарқни тушуниб олиш муҳим ҳисобланади. Биринчи ҳолат учун модаллик термини, иккинчи ҳолат учун майл термини ишлатилади. Мазкур муҳокамада семантик ҳолат ва грамматик категория ўртасидаги фарқ фундаментал ҳисобланади (C. Cristafaro, 2012; 30-43).
Қайд этиш лозимки, модаллик ва майл атамалари таърифи борасида ҳам якдил фикрга келинмаган. Жумладан, Ф. Палмер модалликни “вазиятни ифодаловчи гап статуси билан боғлиқ” деб таърифлайди (F.Palmer, 2001; 11). Бу юқорида қайд этилган майл ва модал категорияларининг вазият ва маънони тўлиқ қамраб олмаслигига оид қарашларга мос тушади. Сабаби, унинг айнан қайси ҳолат билан боғлиқлиги, қолаверса, гап статуси қайси ҳолат ёки вазиятга алоқадорлиги ноаниқ бўлади. П. Портнер томонидан берилган таъриф анча аниқ ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, “модаллик - бу лингвистик ҳодиса бўлиб, унинг воситасида ёки уларга асосланган ҳолда грамматика инсонларга маълум воқеалар тўғрисида гапириш имконини беради: уларнинг реал бўлиши шарт эмас.” П. Портернинг таъкидлашича, «реалис» терминини қай тарзда изоҳлаш дарҳол аниқ бўлмайди, бу изоҳ Ф. Палмернинг таъкидидан фарқли равишда амалда анча самаралироқдир (P. Portner, 2009; 21-35).
Бу борада кўпчилик изланувчилар модаллик масаласида семантик ифодани қисмларга бўлиш орқали ечим топишга ҳаракат қилишади. Масалан, Т. Гивон ва Л. Талми дастлабки таснифлашни пресуппозиция ва тасдиқ гаплар (assertion) ўртасида олиб боради, кейинчалик тасдиқ гаплар реалис ва ирреалисга бўлинади, реалис тасдиқ гаплар эса, ўз навбатида, бўлишли ва бўлишсиз турларга ажратилади (Givоn, Talmy, 1994; 265-337). Ф. Палмер (2001) эса анча анъанавий услубдан фойдаланган ҳолда пропозиционал модалликни (эпистемик ва далилий турларга ажратади) воқеа модаллилигидан (деонтик ва динамик турларга ажратиб) фарқлайди. Ниҳоят, Ж. Байби эса уни тўрт турдаги бўлинмаларга ажратади: агентга асосланган модаллик, сўзловчига асосланган модаллик, эпистемик ва итоатлик модалликлари. Ҳолбуки, Ж. Байбининг ёндашуви қолган фикрлардан фарқли равишда кўпроқ ҳақиқатга яқин кўринади. Унинг таъкидлашича, кўзланган модаллик бўлинмалари аслида тўрт мустақил семантик соҳа бўлиб, улар ўртасидаги боғлиқлик синхроник эмас, балки диахроник ҳисобланади (Bybee, 1998).
В.С.Храковский, Р.Диксон ва А.Айхенвалд тадқиқотларида грамматик категорияларнинг ўзаро таъсири, одатда, қуйидагича тушунилади: Х категориясидаги граммемалар сони айнан шу предикация таркибида иштирок этаётган У категориясидаги граммеманинг қўлланишига боғлиқ ҳолда фарқланади (В.Храковский, 1996; Р.Диксон, А.Айхенвалд 1998).
Шу билан бирга, Х категорияли граммемаларнинг танлови У категориясининг аниқ граммемасидан мустақил тарзда амалга оширилади. Граммемаларнинг қўлланишида феъл категориясининг гапда ишлатилиши бошқа феъл категориясининг айнан шу гапда қўлланишини тақозо қилади.
Маълум категориянинг бу каби шартлашиши мисоли - реалис ва ирреалис граммемаларида ифодаланган реалликка бориб тақалади. Мазкур категория граммемаларининг турли тилларда ифодаланишига кўра, уларни қуйидагича тасвирлаш мумкин:
Ирреалис:
|
императивлик, хортативлик, келаси замон, мажбуриятнинг модаллиги, шартли конструкциялар, қарама-қаршилик, инкор, ўтган замондаги одатийлик |
Реалис: |
Ҳозирги замон, ўтган замон |
Ушбу категориянинг илк хусусияти жадвалда кўриниб турибди. Мазкур граммемалар ўз маъносига эга эмас. Улар императив, одатийлик, келаси замон, инкорни ифодалаб, аллақачон тилда маълум семантик соҳаларнинг тегишли маъноларига эга бўлган грамматик контекстида белгиланади.
Бу, кўпинча, маълум феъл шаклларининг морфологик тузилишида ўз ифодасини топади: ирреалис ёки реалис кўрсаткичлари унинг қўлланиш турини белгиловчи кўрсаткичлар билан бирлаштирилиши мумкин. Мисол учун, ўзбек тилида ирреалиснинг ифодаланиши феълнинг асосий маъносини ифодаловчи кесимга таъсир этувчи эргаш гапларга боғлиқ. Боғловчи гап феълидаги реалликни ифодаловчи асосий маълумот кўрсаткич сифатида намоён бўлади:
The one who pulled the knife was clearly intending to hurt him, not frighten him off. Mr. Foxon himself was attacked with a crowbar at the same (british corpora).
We are not allowed to give drugs to shorten life, even if they relieve pain. (british corpora)
Келтирилган мисолларда реаллик феъл категориясининг асосий кўрсаткичида ифодаланган бўлса-да, эргаш гап индикатор вазифасини бажарган. Кўринадики, инглиз тилида шарт эргаш гапли қўшма гаплар мазкур вазифани бажариши мумкин. Структура жиҳатдан инглиз тилидан тубдан фарқ қилувчи ўзбек тилидаги реалиснинг қўшма гапларда ифодаланишига эътибор қаратамиз.
Агар шамол қўзғалса, қум тириклай кўмади (Абдулла Қаҳҳор. “Мастон”, 22-бет).
Агар кишилар билан яхши муомала қилсангиз, уларнинг қалбига йўл топа олсангиз, иш ўз-ўзидан юришиб кетаверади. (Х. Тўхтабоев. “Сариқ девни миниб”, 35-бет).
Агар мақсад муяссар бўлмаса, унинг дардини бутун умр ўзларига ҳамшира қиладилар (Ойбек. “Навоий”, 168-бет).
Агар зўрлик билан топширсанг, товонимга қоласан. (А.Қаҳҳор. “Жонфиғон”, 33 - бет).
Келтирилган мисолларда ирреалис ифодаланиши морфемалар учун хос. Мазкур маъноларни англатувчи бошқа қатор кўрсаткичларда ҳам (реалиснинг императив, келаси замон ва бошқалар) ўз ифодасини топиши мумкин:
Туринглар! Туринглар! Ўтирасизларми! Радио гапирди, ҳаммамизни отимизни айтди (А. Қаҳҳор. “Кампирлар сим қоқди”, 47 - бет).
Тур, жўхорингга қара! (А. Қаҳҳор. “Анор”, 12 - бет).
Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да! (А. Қаҳҳор. “Анор” 12 - бет).
Камбағалчилик ўлсин! (А. Қаҳҳор. “Анор” 14 - бет).
Феълда ушбу маъноларни ифодаловчи бирорта махсус кўрсаткичлар тилда мавжудлигини учратмаймиз. Бундай махсус кўрсаткичларнинг мавжудлиги реалис ва ирреалисни оппозиция тарзида тадқиқ қилиш учун асос бўлади, деб ўйлаймиз. Бу эса мазкур категориянинг кенг қамровли эканлигини характерловчи хусусият ҳисобланади.
Ирреалисни ифодаловчи белгиларга ўзбек тилида феълнинг грамматик категорияларидан ташқари, грамматик қўшимчаларни ҳам келтириш мумкин:
Ҳамсуҳбатлар, елкаларидан бир нима босгандай, паст чўкиб ўтирдилар (Ойбек. “Навоий” 85- бет).
Навоий, ширин тушдан айрилгандай, ҳасрат билан кўзларини очди (Ойбек. “Навоий” 403-бет).
Унсин яна ўтин қидирди, лекин, ҳар сафар ўтин қалаганида аланганинг гуркираши, чирсиллаши мудраб ётган арвоҳларни уйғотиб юборишидан қўрққандек, унинг устига ўзини ташлагудай бўлар эди (А.Қаҳҳор. “Даҳшат” 8-бет).
Менинг йўқлаб келганимни кўрса, далда бўладиган бирон сўз айтсам зўраки дармон бўлса, деб кутдим (Абдулла Қаҳҳор. “Минг бир жон”, 52-бет).
Одам боласи циркнинг оти эмас-ку, қамчи қарсиллаганда чўккаласа... (Абдулла Қаҳҳор. “Синчалак”, 68-бет).
Хотин киши раҳбарлик қилса, калавамнинг учини йўқотиб қўяман! (Абдулла Қаҳҳор. “Синчалак”, 83-бет).
Инглиз тилида ирреалис ифодаланишининг бундай морфологик шакллари мавжуд эмас.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўзбек тилида ушбу категорияни турли, алоҳида семантик гуруҳга (шартлилик, ўхшашлик) бириктириш мумкин. Шундай қилиб, танлов қуйидаги икки вариант ўртасида қолади:
- ирреалиснинг чегаралари модалликнинг семантик соҳаси чегараларига мос келади (J. Roberts, 1990; Vol. 26, 52-59, Т. Givon, 2001; 67-69);
- ирреалис чегаралари модалликнинг семантик соҳаси чегараларига, умуман, боғлиқ эмас (J.Elliot, 1996).
Келтирилган талқинларнинг қайси бири устун эканлигини аниқлаш учун турли тиллардаги реалис ва ирреалис ифода усулларини аниқлаш маълум самара бериши мумкин.
Анъанавий грамматикага оид қўлланмаларда бу ҳодисалар модаллик соҳасига киритилади (У. Фоли, 1997; 22-23, Р. Валин, 1999; 81-82, Т. Givon, 2001; 88-89, J. Roberts, 1990; 74-75), аммо, назарий адабиётларда ирреалисни модал маънонинг маълум бир тури ёки, умуман, модаллик соҳасининг ўзи билан боғлаш борасида турли, бир-бирига қарама-қарши фикрларни учратиш мумкин (J. Bybee, 1998; J. Elliot, 1996). Аммо, реалис ва ирреалисни модаллик категорияси доирасида ўрганиш қатор номутаносибликларни юзага келтиради. Биринчидан, ирреалис кўрсаткичларини белгилаш учун контекстдаги тил бирликларининг маъно кўламини белгилаш ҳамда бутун контекст мазмунига боғланиб кетиш эҳтимоли кучаяди. Ўз навбатида, инкор, умумий савол ва хабитуалис (одатийлик) лисоний ифода воситалари бунга мисол бўла олади. Иккинчидан, ушбу категориянинг икки граммемадан иборатлиги ва реалис граммемаси, одатда, модал бўлмаган маънолар билан ўзаро боғлиқлиги эътибордан четда қолади. Шунинг учун ҳам, ушбу категорияни махсус семантик турларга ажратишни таклиф этишимиз мумкин.
Вазиятнинг реал ифодаси феъл категорияларининг семантик, грамматик шаклланиши асосида ясалади. Агарда вазиятнинг кўп сатҳли ҳодисалигини ҳисобга олсак, феъл категориясининг бошқа категориялар орасидаги вазифасини аниқлашга уриниш вазиятнинг реал ёки ирреаллигини белгилашдаги муаммолар юзага келади. Уни соҳалар системаси ва уларнинг ички қарама-қаршиликлари асосида ясалган, деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ. Бу, шунингдек, замон, аспект, макон ва бошқа категорияларнинг алоҳида маънолари реалис ва ирреалис маънолари билан умумлаштирилган лисоний ҳодисани ташкил қилади.
Ваҳоланки, реаллик модалликдан ташқарида ҳамда алоҳида ҳодиса сифатида (бошқа семантик сатҳларга киритилмаган ҳолда) таҳлилга тортиш модаллик категорияси ҳамда реалис/ирреалис ўртасидаги тушунмовчиликларга ечим топиш имконини юзага келтиради, деган фикрдамиз. Бу эса ўз навбатида, кўрилаётган ҳодисани семантик майдондан ташқарида эмас, балки унинг таркибидаги қарама-қарши тушунчалар сифатида баҳолаш имкониятимизни оширади.
Кўпгина тадқиқотчилар - хусусан, Т. Гивон, М. Митун, Ж. Робертс, С. Флейман, В. Фолей, В. Чафе - реаллик категориясини модалликнинг семантик майдони билан боғлайдилар (Т. Givon, 2001; 47-48, M. Mithun, 2003, 54-56, J. Roberts, 1990; 74-75, C. Флейман, 2001, 54-55, В. Фолей, 2002, 36, В. Чафе, 1994, 75-76). Шунингдек, реалликни махсус семантик соҳага ажратиш борасидаги фикрлар ҳам мавжуд (J. Bybee, 1998; J. Elliot, 1996). Бир қарашда, реаллик категорияси ва модалликнинг семантик соҳаси ўртасидаги боғлиқлик жуда табиий ва аниқдек туюлади. Бундай ҳолатда ирреаллик тасвирланган ҳодиса фаразий маъно сифатида баҳоланади. Фаразий қараш оламни айнан модаллик кўринишида акс эттиради. Шу сабаб, реалис ва ирреалисни модалликнинг семантик соҳасига киритиш борасида тилшуносликда якдил фикрга келинмаган. Шунингдек, мутлақо қарама-қарши мулоҳазаларни ҳам учратишимиз мумкин (1-жадвалга қаранг).
Манба ва муаллиф |
Ирреалисни модалликнинг қайси турига киритади |
У.Фоли ва Р.Ван Валин |
Эпистемик модалликнинг барча кичик бўлинмалари |
Т. Гивон ва Ж.Робертс |
Умумий модалликнинг семантик майдони. |
Ж.Байби |
Бу типологик томондан, умуман, тўғри келмайди, чунки уни модаллик соҳаларидаги ҳеч қандай прототипик маъно билан таққослаб бўлмайди |
Modality in Grammar and Discourse тўпламида қабул қилинган концепция |
У модалликнинг семантик майдони билан биргаликда кўриб чиқилган, аммо, реаллик категориясининг унга қайси жиҳатдан боғлиқлиги кўрсатилмаган. |
Ж. Эллиот |
Ирреалис модаллик билан бевосита боғлиқ бўлмаган алоҳида семантик соҳани ташкил қилади. |
Ирреалис ва эпистемик модаллик ўртасидаги боғлиқлик борасидаги фикр ва мулоҳазалар бир тўхтамга келинмаганлиги боис, реаллик категорияси граммемаларининг шарҳи (вазиятнинг реал/ирреалликка ишораси) уларнинг айнан шу модал тури маъноларига яқинлиги борасида ўйлаб кўриш имконини юзага келтиради.
Мазкур таҳлиллар кўрсатадики, реаллик категорияси маълум оппозицияларга мойиллиги жиҳати билан модаллардан фарқ қилади. Одатда, ирреаллик категорияси инкор ва хабуталис маъносидаги келаси замон ҳолларида ишлатилади. Айни пайтда, ушбу маънолар, гарчи маълум бир модал компонентни ўзида мужассам қилса-да, аслида модал ҳисобланмайди.
Таъкидланганидек, реаллик категорияси бошқа феъл туркумлари асосида шаклланган бўлиб, реалис ва ирреалис граммемаларида турли семантик маъноларни мужассамлаштиради. Бундай иккиланиш турли тиллар кесимида турлича содир бўлиши мумкин, бунинг натижасида реалис ва ирреалис граммемалари ҳеч қачон аниқ бир семантик мазмунга эга бўлмайди. Аксинча, феъл шаклларининг реал ва ирреал тоифага ажратилишига қараб ушбу граммемаларнинг семантик мазмуни кўпгина тилларда турлича фарқланади.
Келтирилган фикр-мулоҳаза ва таҳлилларимизга таянган ҳолда инглиз ва ўзбек тилларида ҳам ирреалисни англатувчи бир қатор шакллар мавжуд: биринчи навбатда, бу модал маънога эга ва қарама-қарши шартли маъно мавжуд бўлган шакллар сифатида баҳоланади. Иккинчидан, замон ва инкор шаклларнинг реал ва ирреал ҳолатларга ажратилиши турлича амалга оширилганда кузатиш мумкин. Замон шакллари ва йўналиш шаклларини реалис ва ирреалис синфларга ажратишда вазиятнинг реал категорияга эга бўлган феъл тизимини барча категориялари билан алоқадорликда олиб бориш талаби юзага келади.
Шу давргача ирреалис категорияси ва инкор ифода борасида аниқ чегарани белгиловчи ёки улар ўртасидаги алоқадорликни белгилайдиган муносабатларни учратиш қийин. Инкор контекст билан боғлиқ ирреалис ифодаси қуйидагиларда намоён бўлади:
• содир бўлмаган ҳодисаларни тавсифловчи инкор гаплар семантикасида ирреалис ифодаси мавжуд;
• майдон, замон ва тус категорияларига нисбатан устун мавқени эгаллаб турувчи иборали категория бўлиб, у турли замон ёки тус кўрсаткичларидан фойдаланиш парадигмасининг тасдиқловчи қисмидан фарқли тушунчани ифодалайди.
• бўлишсиз гапларнинг коммуникатив функциялари бўлишли гапларнинг коммуникатив функцияларига нисбатан тубдан фарқ қилади. T.Гивон ишларида бўлишсиз гаплар суҳбатдошга маълум бўлган факт тўғрисидаги нотўғри маълумотни рад этишга хизмат қилиши, бўлишли гаплар эса янги маълумотларни етказишга хизмат қилиши борасидаги фикрларни учратиш мумкин (T. Givon, 1984; 98-102).
Шундай қилиб, ўзбек тилида ҳозирги ва ўтган замон шакллари реал соҳага, келаси замондаги кўплаб шакллар ирреал соҳага тегишлидир. Шу билан бирга, пропозициянинг салбий ёки ижобий бўлиши муҳим эмас, яъни ҳозирги ва ўтган замонда амалга ошмаган ҳаракатлар содир бўлган ҳаракатларга тенг бўлади. Шундай қилиб, ҳақиқатан ҳам ҳаракатнинг содир бўлган ёки бўлмагани эмас, балки сўзловчи ишонч билан баён қила оладиган ҳаракатнинг (ҳозирги ва ўтган) замонга тааллуқлилиги ёки сўзловчи фақат фараз қилиши мумкин бўлган чексиз имкониятлар ифодаси (келаси замон) муҳим ҳисобланади. Бундай тизимда реалис/ирреалис қарама-қаршилиги сўзловчининг ўзига бўлган ишонч даражасини белгиловчи гапнинг прагматик характеристикасига боғлиқдир.
Аммо, инглиз тилида воқеликнинг реал ёки ирреал ифодаси ҳар доим ҳам давомли замон шаклига боғлиқ эмас. Жумладан, ҳозирги давомли замон шакли реалис тарзида баҳоланади. Бироқ, ушбу шакллар ўтган замонда воқеа-ҳодисаларни амалга ошмаган ҳодисани билдирганлиги учун ирреалис кўрсаткичи билан белгиланади. Бундай тизимларда реалис / ирреалиснинг қарама-қаршилиги баённинг прагматик хусусиятлари билан эмас, балки тасвирланаётган ҳодисанинг содир бўлган ёки бўлмаганлигини мантиқий баҳоланиши билан боғлиқдир.
Адабиётлар:
Rasulov N. Lexico-grammar means of realis/irrealis expression in English and Uzbek languages. The article highlights issues related to the comparative analysis of realis/irrealis in English and Uzbek. Different ways of using lexoco-grammatical means of realis/irrealis in both languages are analysed.
Расулов Н. Лексико-грамматические средства выражения реалис/ирреалиса в английском и узбекском языках. В статье освещены вопросы, связанные со сравнительным анализом экспрессии реалис/ирреалиса в английском и узбекском языках. Проанализированы различные способы использования лексико-грамматических средств реалис/ирреалиса в сопоставляемых языках.