Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув жараёни, халқаро муносабатларнинг турли йўналишларида ташқи алоқаларнинг жадал суръатда ривожланиши мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш билан бевосита шуғулланадиган фан ва таълим тизими олдига ҳам муҳим вазифалар юкламоқда.
Шу борада Республикамиз Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони, 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълимни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-4958-сонли Фармони, 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2909-сонли Қарори, 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларнинг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сонли Қарори, 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сонли Қарорлари ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий хужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси ҳам астойдил ҳаракат қилмоқда.
Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари, меҳнат бозорининг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кейинги йилларда институтда Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили), Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили) таълим йўналишлари, Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили), Лингвистика (испан, итальян, хитой тиллари), Қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик (инглиз, испан, япон, хитой, араб тиллари) мутахассисликлари очилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва инфраструктура лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3507-сонли Қарорига асосан институтнинг 2 та 1450 ўринли ўқув биноси тўлиқ реконструкция ҳамда 1 та 625 ўринли талабалар турар жойи биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Институтда илғор тажрибаларни ўрганиш ва таълим жараёнига жорий этиш мақсадида ЎзДЖТУ, ТДШИ, ТДПУ, ЎзМУ ҳамда АҚШнинг Вебстер, Индиана университетлари, Буюк Британиянинг Норвич чет тилларни ўқитиш институти, Астон ва Лондон Метрополитен университетлари, Франциянинг Қуйи Нормандия Кан университети ва Версаль Академияси, Германиянинг Гумбольдт ва Фрайбург университетлари, Италиянинг Сиена хорижликлар Халқаро университети, Испаниянинг Кадис, Сантяго де Кампостела университетлари, Европа Испан тили ўқитувчилари Ассоциацияси, Португалиянинг Порту университети, Россия Федерациясининг Москва давлат лингвистика университети, Тюмен давлат университети, Воронеж давлат университети, Ярославл давлат педагогика университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Челябинск давлат маданияти ва санъат университети, Белоруссиянинг Плоцк давлат университети, Украинанинг В.О.Сухомлинский номидаги Николаев миллий университети, Киев миллий лингвистика университети, Япониянинг Цукуба, Шиншу университетлари, Жанубий Кореянинг Кёнгсанг миллий университети, Чонбук миллий университети, Конгжу Миллий университети, Ҳанбат миллий университети, Корея миллий транспорт университети, Пукёнг миллий университети, Чежу миллий университети, Жунгбу, Чоданг, Тэгу Хани, Гачон, Сан Мун, Ҳансунг, Кеймюнг, Донгук, Чоннам университетлари, Сукмёнг аёллар университети, Ҳангкук хорижий тиллар университети, Хитой Халқ Республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети, Синьцзян педагогика университети, Сиан Халқаро таълим университети, Ҳиндистоннинг Пуна университети, Малайзиянинг Султан Идрис номидаги педагогика университети, Индонезиянинг Гунадарма университети, Тожикистоннинг Тожикистон миллий университети, С.Улуғзода номидаги Тожикистон давлат тиллар институти, Тожикистон педагогика институти, Тожикистон давлат ҳуқуқ, Қозоғистон бизнес ва сиёсат университети, Қозоғистон миллий университети, Х.А.Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети ва шу каби хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан таълим, илмий-тадқиқот ва маданий соҳаларда ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.
Олий таълим сифатини таъминлаш борасида Самарқанд давлат чет тиллар институтида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик: жумладан, институт жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги 50 дан ортиқ етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан таълим, илмий-тадқиқот, малака ошириш каби соҳаларда самарали ҳамкорлик шартномалари тузди. Ҳозирги кунда жаҳоннинг юқори рейтингга эга университетларининг 15 нафар хорижлик малакали мутахассислари инглиз, хитой, корейс, япон, индонез, итальян, турк, япон, француз ва араб тилларидан институтда талабаларга таҳсил бериб келмоқда.
Институтда жаҳон стандартларига мувофиқ 5111400-Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили), 5112200-Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили), 5120100-Филология ва тилларни ўқитиш (инглиз, немис, француз, испан, итальян, корейс, хитой, япон, араб тиллари), 5120200-Таржима назарияси ва амалиёти (инглиз тили) таълим йўналишлари ҳамда 5А111401-Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили), 5А120102-Лингвистика (инглиз, немис, француз, испан, итальян, корейс, хитой тиллари), 5А120201-Қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик (инглиз, испан, япон, хитой, араб тиллари) мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашни таъминлаш мақсадида таълим жараёнининг стратегик мақсади қилиб таълим фаолиятини такомиллаштириш бўйича талабаларнинг чуқур билим, касбий малака ва кўникма олишлари учун ўқув, илмий, инновацион фаолият бирлигини таъминлаш борасида кейинги йилларда ўқув-услубий базаси замон талабларидан келиб чиққан ҳолда мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида бугунги кунда 4 та факультет, 20 та кафедра мавжуд бўлиб, уларда 324 нафар профессор-ўқитувчилар, жумладан, 16 нафар фан докторлари, 57 нафар фан номзодлари фаолият кўрсатмоқда, институтнинг илмий салоҳияти бугунги кунда 24,7 % ни ташкил қилади. 5 нафар профессор ва 22 нафар доцент илмий унвонига эга юқори малакали олимлар бор. Агар кечаги тарихга эътибор қаратгудек бўлсак, 2017-2018 ўқув йилида институтга бакалавриатнинг 3 та йўналишига 604 та, магистратуранинг 3 та мутахассислигига 66 та квота ажратилган бўлиб, вахоланки, қўшимча қабул натижасига кўра йил якунига қадар 830 нафар бакалавр ва 74 нафар магистрлар талабаликка қабул қилинган. Жами қабул 904 нафарни ташкил этди, шундан докторантурага 5 нафар тадқиқотчи 5 та ихтисослик бўйича қабул қилинган эди.
2018-2019 ўқув йилида эса бу кўрсаткич 40%га ошган бўлиб, жами қабул 1249 нафарни ташкил этиб, улардан 1141 нафари бакалавр, 108 нафар магистратурага қабул амалга оширилди. Профессор-ўқитувчилар контингенти ҳам шу тарзда асосийлари 224 нафардан 295 нафарга кўпайди. Бу эса илмий салоҳиятнинг статистик ҳолатининг кўтарилишига олиб келди.
Энг ачинарлиси профессор-ўқитувчилар салоҳиятига эҳтиёж юқори бўлган бир вақтда докторантурага қабул квотаси кескин камайиши барча олий таълим муассасалари учун салбий таьсир кўрсатди. Бироқ таянч докторантура ва мустақил тадқиқотчиликка талабгорлар сони кескин ошди. Бу ҳолатни 2018-2019 йилги қабул натижасида яққол кўриш мумкин. Талабгорлар сони юқори бўлса-да, квота кам ажратилса, қандай қилиб илмий салоҳиятни кўтаришимиз ва дунё рейтингига чиқа олишимиз мумкин деган савол ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Институт Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 1 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳалар ҳамда 5 та халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Институтда профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари томонидан сўнгги уч йил ичида 12 та фойдали моделларга патент ва 22 та муаллифлик гувоҳномлари олинган. Импакт-факторли хорижий журналларда 189 та, Олий аттестация комиссияси рўйхатидаги журналларда 510 та илмий мақолалар чоп этилган. Шунингдек, 2018 йилда 1 та халқаро миқёсда, 5 та республика миқёсида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Сўнгги йилларда институт факультетлари (“Инглиз филологияси” ва “Таржима назарияси ва амалиёти”) ва улар ҳузуридаги кафедраларда ўқув-услубий, илмий-татқиқот ва маънавий-тарбиявий йўналишларда олға силжишлар кўзга ташланмоқда. Масалан, ўқув-услубий жараёнда институт ўқув бўлими томонидан янги инновацион технологиялар ишлаб чиқиш ва буни ўқув жараёнига татбиқ этиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда:
Институтда кейинги икки йил ичида илмий-тадқиқот йўналишида ҳам маълум ютуқларга эришилди. Масалан, 10.00.11 – “Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси” йўналишида Ғанишер Худойқулович Раҳимов ва Хуршид Зайниевич Хайруллаев докторлик диссертацияси (DSс)ни муваффақиятли ҳимоя қилдилар. 10.00.06 – “Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик” йўналишида Нафиса Зафаровна Насруллаева докторлик диссертацияси (DSc)ни ҳамда 2 нафар тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди.
Учинчи йўналиш: 10.00.04 – “Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти” йўналиши бўйича Улжон Давировна Қаршибоева докторлик диссертацияси (DSc)ни ва 2 нафар илмий тадқиқотчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди.
Тўртинчи йўналиш: 13.00.02 – “Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси” йўналиши бўйича Илҳомжон Мадаминович Тухтасинов докторлик диссертацияси (DSc)ни муваффақятли ҳимоя қилди.
Шунингдек, фалсафа тарихи, ўзбек тилшунослиги ва ўзбек адабиёти йўналишларида 4 нафар тадқиқотчи (PhD) диссертацияларини ҳимоя қилдилар.
Институтимизда Олий Аттестация Комиссиясининг (ОАК) филология фанлари бўйича зарурий нашрлар рўйхатига икки журнал: “Хорижий филология: тил, адабиёт, таълим” (Бош муҳаррир профессор Ш.С. Сафаров) ва “Сўз санъати” халқаро электрон журнал (Бош муҳаррир профессор М.Н. Холбеков) фаолият кўрсатиб келяпти.
Яқин келажакда институт ва минтақа олий ўқув юртларида илмий салоҳиятни ошириш режасини тузсак, унда албатта институт ҳузурида 13.00.02 – “Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси”, 10.00.11 – “Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси”, 10.00.04 – “Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти” ҳамда 10.00.06 – “Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик” филология ихтисосликлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи минтақавий ихтисослашган Илмий Кенгашлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4091-сонли қарори олий таълим тизимидаги барча бўғинлар учун катта имкониятлар эшигини очиб берди десак адашмаган бўламиз. Ушбу яратилган имкониятлар замирида амалга ошириладиган ишлар Республикамизнинг ҳар томонлама ривожланишига, энг муҳими, ёш авлодга халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий кадрлар тайёрлашда асосий механизм вазифасини ўтайди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси малака ошириш, стажировка, докторантура ва магистратура дастурлари бўйича танловлар эълон қилди. Хориждаги таниқли илмий-тадқиқот, таълим муассасаларига малака ошириш, стажировка, докторантура ва магистратура дастурларига катта илмий ва амалий тажрибага эга бўлган институт профессор-ўқитувчилари, докторант ва магистрантлари – жами 44 нафар номзодлардан аризалар келиб тушди.
Келажакда ушбу дастурлар бўйича стипендияларни қўлга киритган профессор-ўқитувчилар хорижнинг нуфузли ОТМларида ўз билим ва малакаларини ошириб қайтганларидан кейин институт ривожига ўзларининг катта ҳиссасини қўшади.
Қарорда назарда тутилган яна муҳим бир жиҳат хориждаги таниқли илмий-тадқиқот, таълим муассасаларида ўз фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизни юртимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиш учун жалб қилиш кўзда тутилган. Бу борада институт жамоаси олдида хориждаги таниқли илмий-тадқиқот, таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ватандош олимларни институтга таклиф қилиш бўйича амалий ишлар қилишдек вазифа турибди.
Хулоса қилгудек бўлсак, институт кафедраларида тилшуносликнинг долзарб муаммоларини ўрганувчи ўзига хос 5 та илмий мактаблари шаклланган (Дериватология мактаби, Умумий ва роман-герман тилшунослиги мактаби, Гапнинг ички ва ташқи қурилмаси ва унинг қиёсий типологияга татбиқ этиш муаммолари, Лисоний фаолиятнинг ижтимоий хусусиятлари, Жамият ривожланишининг ижтимоий-фалсафий муаммолари). Ушбу илмий мактабларга соҳанинг кўзга кўринган тилшунос олимлари раҳбарлик қилиб келмоқда. Мазкур илмий мактабларда “Устоз-шогирд” асосида барча йўналиш ва ихтисосликлар бўйича 64 нафардан ортиқ таянч докторантура ва мустақил изланувчилар, 9 нафар фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий тадқиқот ишлари олиб боришмоқда.
Шунингдек, институтда Ёш олимлар кенгаши тузилган бўлиб, кенгашга 14 нафар ёш олимлар аъзо, ёш олимлар томонидан ёш ўқитувчилар ва талаба-ёшларни илм-фанга йўналтириш ишлари кенг йўлга қўйилган.
Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда институт жамоаси хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларига бориб ўз билим ва малакаларини ошириб келиб институтимиз, қолаверса республикамизнинг ҳар томонлама ривожланишига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшади деган умиддамиз.
Келажакда бу ишларнинг кўламини янада кенгайтириш, шу билан бирга сифат даражасига олиб чиқиш учун барча имкониятлар, куч ва билимларимизни ишга солиб фаолият юритамиз.
СамДЧТИ ректори, педагогика
фанлари доктори И.М. Тухтасинов