Тил лингвомаданиятига хос концептларни ўрганиш тилшуносликнинг жадал ривожланаётган тадқиқот соҳаларидан биридир. Концептлар лингвистик, фалсафий, маданий ва бошқа кўплаб жиҳатлар нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Бундан ташқари концептларнинг кўплаб таснифлари, шарҳлари, изоҳлари ва тадқиқот усуллари мавжуд.
Замонавий тилшуносликда концептларни комплекс ўрганиш, яъни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатлари тадқиқини қамраб олиш холатлари учрамайди. Шу тариқа, муайян концептнинг лексик ифодалаш йўлларини аниқлаш осон иш эмас.
Ушбу мақоланинг мақсади ўзбек ва инглиз тилларининг лингвомаданиятида бахт концепти билан боғлиқ стереотипларни аниқлаш, лингвистик маконини ўрганиш, шунингдек, айрим адабий манбаларни таҳлил қилишдан иборат.
Концептни ўрганишга ўтишдан олдин тил ва маданият ўртасидаги яқин муносабатни таъкидлаш керакки, у аслида лисоний маданиятни ташкил этади ва инсоннинг дунёқарашини ўзида акс эттиради. Табиатдаги ҳар қандай ҳодисани ёки бирор асарни фақат сўзлар ёрдамида тасвирлаш ва идрок этиш мумкин. Бироқ, маданият ҳам, ўз навбатида, ривожланиши баробарида тилга таъсир кўрсатади.
Шу аснода атоқли немис филологи Вильгелм фон Ҳумбольдтнинг тил ва маданият ўртасидаги муносабатларга доир далилларини келтириш ўринлидир. У ўз асарларида ҳар бир маданиятнинг миллийлигини, унинг миллий характери эса тилда дунёқараш орқали ифодаланишини, тил эса ҳар бир алоҳида миллатга хос ички шаклга эга эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, олимнинг тилнинг ички шакли "миллий руҳ"нинг ифодасидир, деган ғояси ҳам муҳимдир. Хумбольдт тил инсон ва унинг атрофидаги дунё ўртасидаги узвий боғловчи деб ҳисоблаган. Аммо, инсонлар бир тилда сўзлашсалар ҳам, ўз дунёқараши ва маданияти таъсири туфайли бир-бирларини тушунмасликлари мумкин [3].
Маданият тилнинг тузилиши ва функционал ишлатилишига таъсир кўрсатади, тилнинг ўзини эса маданиятнинг бир кўриниши деб қараш мумкин. Тил маданий қадриятларимиз ва дунёқарашларимизга таъсир кўрсатади ва мустахкамлайди. Маданият ва тил ўртасидаги муносабатнинг бу даврийлик характери шуни англатадики, ҳеч бир маданиятни унинг тилини тушунмасдан туриб тўлиқ англаб бўлмайди ва аксинча.
Инсон тафаккури новербал бўлиб, у универсал предметлашган код ёрдамида амалга оширилади. Одамлар концептлар ёрдамида, яъни кодлаштирилган бирликлар асосида фикрлайдилар.
Концептология – бу концептлар хақидаги фан бўлиб, концептосфера дорасига кирувчи концептларнинг мазмунини ва ўзаро муносабатларини ўрганади. Концептология хам миллий, хам жамоавий, шунингдек, бадиий ва индивидуал концептосфераларни тадқиқ қилади. Концептология доирасида, бугунги кунга келиб лингвистик концептология – лингвистик воситалар ёрдамида тилда келтирилган концептларни тасвирловчи фан - ажралиб чиққан. Концептология – фанлараро когнитив фаннинг бир бўлимидир. Маданиятшунослик доирасида пайдо бўлган ушбу фан, ўзига психологларнинг, социологларнинг, сиёсатшуносларнинг, файласуфларнинг ва филологларнинг эътиборини жалб қилган.
Тил - тафаккур бирликлари сифатида тушунчаларнинг инсон онгига, унинг концептуал соҳасига, мазмуни ва тузилишига кириш воситаларидан биридир. Тил орқали онгнинг концептуал мазмунини идрок этиш ва очиб бериш мумкин. Концептлар - тил ифодаларига нисбатан концептуал тизимнинг бирликлари бўлиб, улар дунё ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Бу маълумотлар дунёнинг ҳақиқий ёки виртуал ҳолатини англатади. Концепт - бу дунёнинг бир қисмини ифодалайди. Ҳар қандай тушунча [образ, ғоя, рамз] умуммиллий хусусиятлар билан шаклланган бўлиб, улар индивидуал тажриба ва шахсий тасаввур хусусиятлари билан тўлдирилади. Концепт - бу индивидуал тушунча, тасаввур белгилари билан мураккаблашган миллий образ [ғоя, рамз]дир. Тил бирликларининг материали асосида тушунчаларни функционал аспектда ва уларнинг хусусиятлари воситасида тақдим этиш йўллари кўриб чиқилади. Концепт белгиси – бу умумий асос бўлиб, унга кўра баъзи бир-бирига ўхшамаган воқеа-ходисалар таққосланади.
Концептларни воқелантирувчи тил бирликлари семантикасини ўрганиш, концептлар мазмунини фикр бирликлари сифатида тадқиқ қилиш имконини беради. Тил бирликлари маъноларининг тўплами тилнинг семантик маконини ташкил этади. Концепт – тафаккур бирлиги, маъно - тилнинг семантик макон бирлигидир. Маъно концептнинг тафаккур бирлиги сифатида тил белгиси билан белгиланган мулоқот воситаси сифатидир.
Концептлар майдон принципига кўра ички ташкил этилади ва сенсор образ, ахборот мазмуни ва интерпретацион соҳани ўз ичига олади.
Инсоннинг ички дунёси концептларини ўрганиш методикаси бундай концептларнинг муайян хусусиятларини объектив тасвирлайдиган биликларнинг маъносини талқин қилишдан иборат; таснифий хусусиятларни [кўпгина концептларга хос бўлган] аниқлаш бу хусусиятлар билан ўрганилаётган концептларнинг умумий типологик хусусиятларини аниқлашдир.
Дунёнинг кўпгина мамлакатларида лингвоконцептологиянинг бир қанча йўналишлари мавжуд бўлиб, улар лингвистик концептология муаммолари устида илмий изланишлар олиб борадилар ва маълум тудаги концептларнинг тизимли тавсифини амалга оширадилар. Концептларни тушунишдаги айрим фарқларга, уларни тадқиқ этиш усуллари ва методларидаги фарқларга қарамай, бу мактаблар вакиллари концептнинг онгнинг асосий бирлиги эканлигини эътироф этишда ўхшаш нуқтаи назарни билдириб, концепт лисоний воситалар орқали моддийлашади (моддий тусга киради) деб қарашади; концептни объективлаштирадиган лингвистик воситалар тўпламини таҳлил қилиш орқали концептнинг мазмуни ва тузилиши ҳақида тушунча ҳосил қилиш ва бу концептни таърифлаш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда бундай тавсиф тўлиқ бўлмаса-да, чунки у фақат лингвистик маълумотларга асосланган, концептлар эса идрок бирликлари сифатида мазмуннинг новербал қисмини хам ташкил қилади; шу билан бир қаторда, лисоний маълумотлар орқали концептни тахлил қилиш уни тасвирлаш учун жуда бой ва энг ишончли маълумотни тақдим этади.
Лингвистик тўпламлардаги илмий мақолаларнинг нашрлар сонига қараганда, концептларни моделлаштириш замонавий филологиянинг энг фаол ривожланаётган йўналишларидан бирига айланди. С.A. Асколд-Алексеев бадиий концептларни қуйидагича ажратиб кўрсатади - "идрок концептлари - умумийдир, маданий концептлар - индивидуалдир" [1, 56]. Маданиятшуносликдаги концептни инсоннинг руҳий оламидаги маданиятнинг асосий ҳужайраси сифатида белгилаш мумкин. Концептлар шахс онгида фақат сўзларнинг луғавий маънолари асосида эмас, балки миллий маданий-тарихий ва шахсий тажриба асосида ҳам пайдо бўлади. Ушбу тажриба қанчалик бой бўлса, концептларнинг чегаралари шунчалик кенг ва ўз навбатида сўзнинг ҳиссий аурасини шакллантириш имкониятлари шунчалик кенг бўлиб уларда концептнинг барча қирралари яққол намоён бўлади [2].
Маълумки, бахт инсон ҳаётининг асосий тушунчаларидан биридир. Инсоннинг миллати, ирқи ёки эътиқодидан қатъи назар, бу тушунча борлиқнинг муайян тўлиқлигини, шахснинг пировард мақсадини англатади. Албатта, ҳар бир инсон уни ўзича талқин қилади ва турли қадриятлар билан боғлайди. Бахт муаммоси қадим замонлардан бери одамлар фикрини аллаб келган. Бахтга интилиш ҳақидаги ҳар хил тушунчалар Августин, Арасту, Сенека, Фома Аквинскийлар томонидан кўриб чиқилган. Замонавий концетологияда бахт концептининг тахлилини Фейербах, Милл, Гельвеций, Бентам ва бошқа олимларнинг асарларида учратиш мумкин. Поляк файласуфи В. Татаревич “Инсон бахти ва саодати” номли салмоқли асар ёзган. Шуни таъкидлаш керакки, этика билан шуғулланган деярли барча олим ва мутафаккирлар бахт-саодат ҳақида ўз фикрларини билдирганлар.
Турли даврлардаги буюк ва доно кишиларнинг бахтга ва унинг турли кўринишларига билдирган бу каби фавқулодда қизиқишлари бахтнинг ғояси маданиятнинг келиб чиқишида ётади, у индивидуал ва миллий онгнинг бир қисми сифатида талқин қилинишига сабабчидир. Бахтга бўлган муносабат ўз навбатида, шахс маънавий моҳиятининг асосий хусусиятларини белгилаб беради. Бу концепт этно-маданий ўзига хослиги туфайли маълум маданиятлар контекстларида турлича талқин этилади. Илмий тадқиқотимизда илмий қизиқиш "бахт"тушунчасининг икки ўзига хос маданиятида - ўзбек ва инглиз тилида, ўзбек маданиятининг инглиз тилига таржимасида намоён бўлишига қаратилган.
Шунинг учун бу концептнинг этимологияси ва семантикасини алоқасиз тиллардаги, яъни инглиз ва ўзбек тилларининг материалини қиёслаш орқали тадқиқ қилиш қизиқарли бўлар эди, деб ўйлаймиз. Демак, бахт концептини аввал инглиз тилида кўриб чиқамиз. Маъно жиҳатдан мустақил бўлса-да, бу концепт севги, қувонч, дўстлик каби тушунчалар билан узвий боғлиқ. Инглиз тилининг этимологик луғатларидан кўриниб турибдики, happiness сўзи қадимий скандинав тилидан ўзлашган от бўлиб, hap - (воқеа, омад) ўзагидан иборат [10, 45]. Инглиз тилининг барча изоҳли луғатларида бу лексема happy (бахтли) ва суффикслари орқали яратилганлиги кўрсатилади: happiness (бахт). Жумладан, “Oxford Advanced Learner’s Dictionary”, “New Oxford –New Oxford Dictionary of English” луғатларида лексеманинг қуйидаги қийматлари кўрсатилган:
Happy – feeling or expressing pleasure, contentment, бахтдан мамнунлик ҳисси: you don’t look very happy today; I won’t be happy until I know she is safe;
Happy – felling satisfied that smth is good, right etc, яъни қониқиш ҳисси: I’m not happy with his work this term;
Happy – in greeting, full of joy, яъни ўз-ўзини англаш, қониқиш хосил ҳисси:
birthday, happy christmas;
Happy – to do smth. Pleased or very willing to do smth, яъни адо этилган “мажбурият” хисси: I am (more than) happy to be of service;
Happy – fortunate, lucky, яъни муваффақият ҳисси, истиқбол: He is in the happy position of never having or worry about money;
Happy – (of words, ideas, behavior etc.) well suited to the situation, pleasing; not a very happy choice of words/ combination of colours. A happy event, the happy golden /many happy returns etc [11, 835].
Инглиз тилида happiness лексемасининг қуйидаги синонимларини келтириш мумкин: Happy, lucky, felicity, fortunate, bliss, pleasure, joy, delight, enjoyment [10, 36-85].
Инглиз тилининг кўпгина луғатларида бахт тушунчаси happy сўзи орқали ифода этилгани учун, унинг иштирокида яратилган кўплаб иборалар мавжуд: happy event – бахтли фурсат, воқеа (масалан, фарзанд туғилиши ёки тўй);
happy love– енг яхши қисм (масалан, бирор нарса танлашда), happy warrior– хормас-толмас курашчи, happy hour – бахтли дақиқалар (шуни айтиш лозимки, инглизлар, хатто, спиртли ичимликлар нархининг пасайишини хам ушбу тушунча билан ифодалайдилар);
happy family– бахтли оила (масалан, бир маконда тинч-тотув яшаш);
happy days– бахтли кунлар; happy-go-lucky – ҳеч нарсани юракка олмай, муаммосиз яшамоқ [10, 538].
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида бахт сўзи учун қуйидаги характеристика берилган. Бу тушунча форс тилидан олинган бўлиб, дастлаб улуш, тақдир, қисмат, пешана маъносини англатган.
Шу билан бирга, бу сўз вақтлар ўтиши билан фаолияти, муваффақиятлари, турмуш тарзи, истакларнинг бажарилиши, мақсадларга эришиш каби маъноларни ҳам билдириб, яъни ахлоқий, ахлоқий қадриятларга яқинроқ бўлган тушунчаларни хам англата бошлади. Мисолларга мурожаат қилайлик.
Ўз хаётидан тўла қониқиш ҳосил қилиш: Она-ер нафасига, меҳрига, инъомларига тўйиб яшашдан ортиқ бахт борми? – Саодат [6, 178].
Шу билан бир қаторда, мазкур лексема омад, толе, иқбол каби семантик синонимларга ҳам эга: Нега бошингга қўнган бахт қушни калтак олиб қувлайсан [8, 46].
Бахт концептининг қуйидаги синонимларини ҳам мисол тариқасида келтириб ўтамиз: саодат, омад, шодлик, хурсандчилик, иқбол, мамнунлик, бахтиёрлик, толе, мурод, ният, қобил [9, 15-30].
Азим Хожиевнинг ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғатида бахт концепти ва унинг синонимлари қуйидаги лексемалар орқали тақдим этилади: бахт, толе, саодат, иқбол ва ҳаётдан қониқиш ҳиссини ёки инсонга шундай туйғу бахш етувчи нарсаларни ифодалайди. Иқбол синоними асосан юқори услубга хос сўздир. Аксар холларда толе, иқбол, бахт синонимларига мазмунан омад варианти тўғри келади. Саодат синоними адабий тилга хос вариантдир ва тилда кам учрайди. Юқорида келтирилган синонимлардан ташқари бахтли, бахтиёр, саодатли, толели, масъуд каби синонимлар хам мавжуд. Масалан: Бахтиёр бўлган, бахти кулган. Саодатли китоб. Бахтли кўзим, мен ўйлаб боқсам, Икки баҳор кўрибди ёшинг [9, 50]. Масъуд синоними бугунги кунга келиб эскирган, архаик хисобланиб фақатгина юқори услубда ишлатилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бахт икки тилда хам инсонга хос бўлган хис-туйғунинг бир тури бўлиб инсон хаётини, борлиғини бахоловчи асосдир. Бахт концептининг лингвомаданий ғояси инсоннинг миллий ўзлигини белгилайдиган этноцентрик семантик тузилмадир. Бахт ғояси тарихан тадрижий ва ўзгарувчан бўлиб, бу турли даврларга мансуб турли типдаги матнларда ҳам тасдиқланган.
Адабиётлар