Шомуродова Шаҳло Жаҳоновна,
СамДЧТИ доценти, филология фанлари доктори (PhD)
Когнитив лингвистика нуқтаи назаридан олиб қаралганда, метафора бирор бир концептни бошқа бир концепт орқали тушунишни англатади. Ҳозирги кунда когнитив метафора назарияси метафоралашиш жараёнида манба (source) ва мақсаднинг (target) когнитив жиҳатдан ўзаро муносабатга киришуви қандай йўл билан кечишини тўлиқ асослаб бера олмайди. Бунинг асосий сабаби метафоранинг қўлланилишида мақсадни ифодаловчи билимларни баён қилишда умумий қоидаларнинг ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда маълумотларни қайта ишлаш тизимининг йўлга қўйилмаганлиги саналади. Маълумки, сўзловчининг А тушунча ҳақидаги фикрини В орқали ифодалаши ҳамда тингловчининг билдирилган фикрнинг асл моҳиятини тўлақонли англай олиши мураккаб жараённи шакллантиради. Бунда манбава мақсад ўртасидаги ўзаро узвий мутаносибликларнинг мос келиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга [Kövecses, 2005;3]. Чунки В концептни ташкил этувчи концептуал бирликлар А концептни ташкил этувчи элементларга мос келади. Масалан, юзага келадиган фикрлар ёки ғояларни маънавий озуқа концептига таққосланса, ижтимоий ташкилот ёки тузилмаларни ўсимлик концепти билан қиёсланади, назарий ғоялар бино концептига асосланади, ҳаёт тушунчаси саёҳат концепти орқали тушунтирилади ва мазкур чоғиштиришда ушбу мутаносибликлар яққол намоён бўлади.
Метафоралар одатда моддий, жисмоний, ижтимоий, маънавий асосларга эга бўлиши мумкин. Масалан, бахт тушунчаси маънавий жиҳатдан хурсандчилик, жисмоний жиҳатдан юздаги табассум ва хатти-ҳаракатлар, ижтимоий жиҳатдан жамиятдаги мавқе каби тушунчалар билан боғланади. Умумий метафорик концептуал тизим ўзаро мутаносиблик тамойилига амал қилиб, нутқ вазиятига боғланган ҳолда ифода планига кўчади ҳамда у ёки бу асоснинг танланишини белгилаб беради. Юқоридаги фикрларнинг исботи ўлароқ, Happy is up метафораси Good is up ва Healthy is up метафоралари билан ўзаро боғлиқликни вужудга келтиради. Умуман олганда, концептуал метафоралар бевосита инсон фаолиятининг, дунёқарашининг ва билимининг лисоний акс этиши сифатида баҳоланади. Шунинг учун ҳам турли объект ва ҳодисаларга алоқадор концептуал метафоралар юзага келади. Мазкур метафоралар биринчи навбатда этник, миллий-маданий, менталитет, ўша этнос истиқомат қиладиган табиий шароитга мос равишда шаклланади. Аммо, шундай бўлса-да, барча маданиятларга хос концептлар ҳам мавжуд. Мазкур концептлардан бири “инсон” тушунчаси бўлиб, у дунё тиллари ва маданиятлари кесимида энг кўп учраши исботланган. Жумладан, инсон тана аъзолари акс этадиган метафораларни мисол сифатида келтириш мумкин: The body of a man is not a home but an inn [Sommer, Weiss, 2001;46], Our bodies are gardens to which our wills the gardeners [Sommer, Weiss, 2001;45] каби мисоллар концептуал метафоралар ақлий фаолият, ижтимоий онг ва тафаккур маҳсули эканлигининг яққол намуналари сифатида хизмат қилади. Ўзбек тилида соғ танда соғлом ақллексик бирлиги таҳлил этилса, соғ тана манба сифатида соғлом ақл мақсад сифатида алоқага киришиши натижасида метафоралашиш жараёни вужудга келаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Мазкур мисолда соғ тана соғлом ақлга нисбатан ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам жисмоний хусусиятларни қамраб олган ҳолда бевосита ва билвосита манба сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу мисолнинг инглиз тилидаги эквиваленти сифатида The healthy body is a guest chamber for the soul, a sick body is a prison [Sommer, Weiss, 2001;45] метафорасини келтириш мумкин. Рус тилида инсон ижтимоий фаолиятини тасвирлашда бу каби метафоралар кўп учрайди. Жумладан, дўстлик концептини тасвирлашда рука об руку, адолат концептига око за око, зуб за зуб, сукут концептига держать язык за зубами, дангасаликни ифодалаш учун палец о палец не ударить каби метафоралар кенг қўлланилади.
Метафоралашиш билимларнинг ички таркибига кирувчи манба ҳамда мақсад каби когнитив структураларининг ўзаро муносабатига асосланади. Метафоралашиш жараёнида “мақсад”нинг айрим хусусиятлари “манба”нинг хусусиятларига мослашади. Бошқача қилиб айтганда, “метафорик проекция” (metaphorical mapping) ёки “когнитив кўриниш” (cognitive mapping) вужудга келади. Манба (source) таркибида мақсаднинг (target) қисман акс этиши инвариантлик гипотезаси атамаси билан юритилади [Kövecses, 2005:4].
Ж.Лакоффнинг таъкидлашича, “....метафора бизга мавҳум ёки ўз табиатига кўра тушунарсиз бўлган нарсаларни тушуниш имкониятини беради” [Lakoff, 1980;10]. Мазкур мулоҳаза асосланган ҳолда когнитив нуқтаи назардан метафорада манбага инсон ҳаётий тажрибаларининг жамланмаси сифатида қараш мумкин.
Масалан, They are not going anywhere гапида to go somewhere тушунчаси тақдир йўлларидан юришни англатгани ҳолда, мазкур гапда айнан манзили аниқ бўлмаган мақсад тушунчаси ифодаланган. Шунга кўра, мазкур метафора Ж.Лакофф келтирган Love is a journey концептуал метафораси туркумига киритилади [Lakoff, 1980;25]. Чунки гап саёҳат тушунчасининг 3 та таркибий унсурларини, яъни саёҳатчилар, саёҳат, манзил ёки тақдир каби таркибий қисмларни ўзида мужассам эта олган. Юқоридаги мисолнинг туб моҳияти контекст таркибида тўлиқ намоён бўлади ва таркибий элементлар қуйидаги талқинда англашилади:
Саёҳатчилар → севишганлар
Саёҳат → севги йўлидаги воқеа-ҳодисалар
Манзил →ишқий муосабатдан кўзланган мақсад
Юқоридаги мисолда асос тушунча мақсад тушунча билан тўла мутаносибликни вужудга келтирган. Жумладан, Бу йўл машаққатларга тўла гапи орқали англашиладиган концептуал маънони фақатгина муайян контекст орқали изоҳлашимиз мумкин. Контекстга кўра машаққат:
а).Илм йўлидаги машаққат;
б). Ҳаёт йўлидаги қийинчилик;
в). Севги йўлидаги тўсиқлар ва ҳоказоларни англатиши мумкин. Шунга кўра бу каби метафоралар кўпгина тилшунослар томонидан (Ж.Лакофф, Н.Купина, И.Крилова, С.Норманд, М.Жонсон, Ю.Нинг Ю.Матсуки ва бошқалар) концептуал метафоралар сифатида талқин этилади.
Ж. Лакофф ўзининг “Metaphors we live by” номли китобида метафораларни когнитив нуқтаи назардан ўрганишнинг асосларини баён қилган [Lakoff, 1980;5]. Аммо, когнитив ёндашувнинг асосий моҳиятини очиб берувчи тамойилларга шу кунга қадар фақатгина мазмуний жиҳатдан ёндашилган. Когнитив метафора назариясининг асосий тезисига кўра метафоралашиш жараёни замирида маълумот (билим)лар – фрейм ва сценарийлар – структурасини қайта ишлаш тизими ётади. Фрейм ва сценарийлар кўринишида намоён бўлувчи билим инсоннинг уни ўраб турган олам (ижтимоий ва материал) билан муносабатга киришувида юзага келувчи умумлашган тажриба маҳсули саналади. Инсоннинг материал олам билан муносабатга киришувининг ҳосиласи бўлган онтологик метафоралар кўринишида тилда акс этувчи тил бирликлари бу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади.
Муайян бир жамиятнинг тили ва маданиятидан ўрин олган манба ва мақсад ўртасидаги турғун мутаносибликлар “концептуал метафоралар” сифатида тан олинган. Европа халқлари маданиятидан ўрин олган метафораларга Вақт бу пул, Баҳс бу уруш, Ҳаёт бу саёҳат кабиларни киритиш мумкин. Аммо, Осиё, жумладан, ўзбек маданиятида концептуал жиҳатдан фарқланишни кузатиш мумкин. Мисол учун, ўзбек лингвомаданиятида вақт тушунчаси кўп ҳолатда инсон умри билан қиёсланади. Умр-оқар дарё, Вақт ўткинчи каби мисоллар миллий менталитетнинг акси сифатида йиллар давомида шаклланган.
Когнитив метафора назарияси ҳозирги кунда турли хил йўналишларда ривожланмоқда. Улардан бири бу дескриптив метафора назарияси саналади. Дескриптив метафора назариясига кўра, метафора бир нечта сигнификатив ва денотатив дескриптор (тасвирловчи) лардан ташкил топган ҳолда метафоралашган проекциянинг манба ва мақсадини ўзида мужассам этади. Масалан, Қонунлар жанги метафораси икки элементли (унсурли) қурилма ҳисобланади, яъни “жанг” ва “қонунчилик фаолияти, қонунчилик”ни қамраб олади. Бунда биринчи дескриптор “жанг” – сигнификат бўлса, иккинчи дескрипторлар “қонунчилик фаолияти ва қонунчилик” денотатив маънода келади. Мавзу уйғунлигига кўра бир бирига боғланган сигнификатив дескрипторлар “метафоралашган моделлар” (м-модел)ни ташкил қилади. Бир илдизли манбалар қисман инсоннинг ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қисман семантик нуқтаи назардан метафорик моделни юзага келтиради. Бу ҳолатда м-модель дескриптив метафора назариясига кўра “тилнинг метафорик моделини” ҳосил қилади.
Когнитив метафора назариясида асосий ўринлардан бирини муайян бир маданиятда борлиқни инсон томонидан англаш йўлларини изоҳловчи концептуал метафоралар эгаллайди. Дескриптив метафора назариясига кўра концептуал метафоралар м-модель таркибига кирувчи тасвирловчи жуфтлик, яъни сигнификатив ҳамда денотатив дескрипторларни ҳосил қилади.
Метафораларни изчил тадқиқ этиш турли хил дискурс доирасида кўплаб таҳлилларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Бу каби ишлар инглиз тилшунослигида “тилни танқидий ўрганиш” тенденциясига туртки берди. Халқ тилида умумистеъмолда бўлган метафораларнинг қўлланилишини илмий жиҳатдан асослашда дискурсив жиҳатдан метафоралашган моделларини тўлиқ ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Айнан шунинг учун метафораларни алоҳида танлаб олган ҳолда эмас, балки аралаш ҳолда таҳлил этиш кейинги вақтларда кўп учрамоқда ва ушбу ишларнинг натижаларини статистик нуқтаи назардан илмий асосланган деб ҳисоблаш мумкин.
Метафоранинг когнитив функцияларидан бири, бу унинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатишидир. Замонавий тадқиқотлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилиш жараёни қуйидаги асосий босқичларга бўлинади:
Метафора қарор қабул қилишнинг ҳар қандай босқичига у ёки бу даражада таъсир этса-да, муаммоли вазиятни ҳал қилишнинг муқобил вариантларини шакллантиришда асосий аҳамиятни касб этади.
Нутқда метафоралашган моделларнинг уйғунлиги бу когнитив системанинг яхлит ҳолда йўлга қўйилишининг омилларидан саналади. Шунга кўра янги метафоралар ўзига хос миллий-маданий дунёқараш асосида шаклланган ижтимоий қарашлар, ҳаётий тажрибалар маҳсули ҳам ҳисобланади. Аммо, янги метафораларнинг яратилишида ўзига хос қонун-қоидалар мавжудлигига ҳозирга қадар ойдинлик киритилмаган. Жумладан, Карбонелл метафорани компьютер моделлаштиришда тил белгиларини тўғридан-тўғри тушуниш имконияти бўлмагандагина турғун бирикмали матнни (шу жумладан, метафораларни ҳам) махсус қоидалар орқали таҳлил этишни таклиф этади [Carbonell,1981].
Объектлар ўртасидаги ўхшашликлардан фойдаланган ҳолда фикрларни ифодалаш жараёнида ушбу предметларнинг ўхшаш хусусиятларини аниқлаш муайян муаммоли вазиятда янги тил бирликларининг пайдо бўлишига ҳам замин яратади. Шунга кўра, метафоралар нафақат бизнинг кундалик ҳаётимизга, тилимизга, балки тафаккуримиз ва фаолиятимизни бойитишгахизмат қилади. Инсоннинг фикрлаш жараёнини бошқараётган тушунчалар шунчаки онг маҳсули бўлиб қолмасдан, балки тилда мавжуд далилларга таянган ҳолда юзага келади. Шунинг учун ҳам биз амал қилаётган концептуал системанинг катта қисми метафорик хусусиятга эга, деб баҳолаш мумкин.
Психолингвистик нуқтаи назардан олиб қаралганда, инсоннинг фикрлаши, умуман, тафаккур жараёни метафоралашган хусусиятга эга. Бу инсоннинг ўз фикр ва муносабатларини билдиришда концептуал метафораларга таянган ҳолда иш юритишини, қарорлар қабул қилиш жараёнида улардан фойдаланишни англатади. Шунга кўра, метафоралар тажриба маҳсули сифатида тан олинади. Чунки тилдаги мавжуд метафоралашган бирликлар тузилиши жиҳатидан метафорик тушунчалар билан узвий боғлиқ. Метафорик тушунчалар концептуал тизимга таянган ҳолда инсон фаолиятининг табиатини тўлиқ ифодалайди. Юқоридагиларга амал қилган ҳолда замонавий тилларда кенг тарқалган Вақт бу бойлик метафорик концептини таҳлил қиладиган бўлсак, бу миллий менталитетга боғлиқ ҳолда амалга ошади. Жумладан, ўзбек маданиятида ушбу концепт инглиз ва рус тилларидаги Time is money/ Время это деньги концептларидан фарқ қилади. Жумладан, ўзбек маданиятида вақт тушунчаси тўғридан-тўғри бойлик маъносида эмас балки, инсон умри ҳамда берилган вақтдан унумли фойдаланиш мазмунидаги концептни англатади. Қуйида Вақт бу бойлик метафораси билан боғланган мисоллар келтирилади:
Юқоридаги мисоллардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ўзбек менталитетида вақт тушунчаси қадрият даражасига кўтарилган. Ғарб маданиятида вақт мақсадларга эришиш йўлида сарфланадиган чекланган ресурс сифатида намоён бўлади. Масалан, I don’t have enough time to spare for that ёки He doesn’t use his time profitably. Мисоллардан кўриниб турибдики, вақт тушунчаси бевосита “ижтимоий фаолият” тушунчаси билан боғланган. Ўз навбатида ижтимоий фаолият иқтисодий манфаатга боғлиқ. Ушбу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда вақт тушунчаси маълум миқдорий жиҳатдан аниқлаштирилган. Жумладан, соатбай ҳақ тўлаш, ойлик маош, йиллик даромад каби. Замонавий жамиятда вақт тушунчаси шу йўл билан инсон фаолиятини бошқариб туради ва ҳар қандай шахс ўз кундалик фаолиятида вақтга чекланган ресурс ва ҳаттоки пулга тенглаштирилган қадрият сифатида қарайди. Бу ҳолат, айниқса, ғарб давлатларида тенденция тусини олган. Ўзбек маданиятида вақт инсон фаолияти, амалга оширилган ишлар (маънавий, ижтимоий) билан белгиланади. Инсон табиатига кўра пул, ресурс ва моддий қийматликлар ҳақидаги амалий билимларидан фойдаланган ҳолда вақт тушунчасининг моҳиятини очиб беришга, изоҳлашга ҳаракат қилинган. Шу боис юқоридаги бирликлар метафорик концептлар дея тан олинади. Вақт бу пул, Вақт бу чекланган ресурс ва Вақт бу бойлик концептлари ўзаро боғланган системани ташкил қилади ва глобаллашув жараёнининг таъсирига кўра мазкур концептлар ўзбек лингвомаданиятидан ҳам ўрин олмоқда. Чунки ривожланган жамиятда пул чекланган ресурс, чекланган ресурс эса ўз навбатида моддий қийматга эга бўлган бойлик саналади. Бу каби субкатегориал муносабатлар метафо-ралардаги изчиллик алоқаларини изоҳлаб беради.
Замонавий инглиз тилида Linguistic expressions are containers метафорасининг систем алоқаси таҳлил этилганда, сўз ва гаплар контекстларсиз ҳам ўз маъноларига эга эканлиги масаланинг моҳиятини очиб беради, яъни бу ҳолатда Ideas are objects метафораси ўзаро боғлиқлик занжирини шакллантиради. Унга кўра сўзларнинг мазмун-моҳияти одамларга ва контекстга боғлиқ бўлмаган тарзда ҳам мавжуд. Бу иккита метафоранинг мазмун-моҳиятини қуйидаги битта гапда асослаш мумкин: The meaning is right there in the words (Мазмун сўзлар ичра яширин). Аммо, бу каби ҳолатларда шуни таъкидлаш жоизки, бир-бирига яқин тушунчаларни ўзида мужассам этган метафорик структуралар кўпгина ҳолларда умумий эмас, қисман мутаносибликни юзага келтиради, яъни бир метафора компонентларининг мазмуни иккинчиси билан тўлиқ бир хил бўлмайди.
Метафораларнинг таҳлилига таянган ҳолда, улар миллий-маданий ва ижтимоий қадриятлар билан боғлиқ автоном хусусиятга эга. Улар инсон ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда метафоралашган тушунчалар билан бир бутунлик касб этади ҳамда бир-бирига мантиқан қарши бўлмаган ўзаро боғланган системани шакллантиради. Бунинг натижасида муайян бир халқнинг маданиятидан чуқур ўрин олган қадриятлар метафоралар тизими билан ўзаро боғланади. Умуман олганда, “паст-баланд”, “ички ва ташқи”, “фаол-суст” каби асосий категорияларни ўзида мужассам этган метафоралашган тизимлар барча маданиятларга хос бўлса-да, улардан англашилган тушунчаларнинг йўналтирилганлик даражаси ҳамда қай томонга йўналтирилганлиги барча миллатларда ўзига хосдир.
Адабиётлар:
Shomurodova Sh. The oretical aspects of conceptual metaphors. The article dwells on the syntactical structure and formation of conceptual metaphors from theoretical point of view.
Шомуродова Ш. Теоретические основы концептуальных метафор. Статья посвящена структурному анализу и теоретическому формированию концептуальных метафор.