Деривация назарияси таксономик тилшунослик доирасида ҳал қилиш мумкин бўлмаган бир қатор назарий муаммоларни шакллантиришга ёрдам берди. У марказида шахс турган лингвокогнитология, текстология, тропология ва шу каби бошқа фанлардан иборат янги лингвистик йўналишларни яратишга туртки бўлиб хизмат қилди. А.А.Уфимцеванинг фикрича, “... лисоний номлаш фаолияти шахснинг типик тасаввури ва тил соҳиблари жамоасининг умумий тажрибаси билан боғлиқ, яъни сўзларнинг номинатив функцияси ижтимоий ва психологик асосга эга” [10: 43]. Шунга нисбатан, деривация жараёнининг кечишида ташқи оламдаги предмет-ҳодисаларнинг инсон онгида қандай ва қайси кетма-кетликда акс этишини аниқлаш муҳимдир.
Тилдаги эволюцион ҳодисаларни ўрганиш олдиндан мавжуд бўлган, қўйилган мақсадига кўра бир-бирини алмаштиришга асосланган анъаналарга таянади. Замонавий тилшунослик тадқиқотчилар олдига бир қатор мураккаб масалаларни қўймоқдаки, уларнинг орасидан, энг биринчи навбатда, деривациянинг ментал асослари ва ушбу асосларнинг тилнинг лексик ва грамматик таркибини шакллантиришдаги ролини очиб бериш муаммоларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Замонавий деривация назарияси муаммони анъанавий тушунишни тилшуносликда фаол ривожланаётган когнитив ёндашув билан синтезлаш сифатида талқин қилади, бунинг натижасида концептуал деривацияни ўрганишнинг услубий асослари шаклланади. Бунда лингвистик ўзгаришлар жараёнидаги концептуал тузилмаларнинг ўзаро таъсири ўрганилади, тил тизимининг турли сатҳларида деривацион жараёнларнинг боришини белгиловчи тафаккур жараёнлари аниқланади. Когнитивизмнинг марказий муаммолари билан қиёсланганда, дериватив тадқиқот парадигмаси унчалик кенг ўрганилмаган, шунинг учун тадқиқотларни турли лингвистик бирликлар доирасида олиб бориш кутилган натижани бериши мумкин.
Деривацион жараёнларнинг асосий сабаблари – бу, энг аввало тилнинг антропоцентриклиги билан боғлиқ, қолаверса, унинг эволюцияси, шунингдек, тежамкорликка интилишидадир. Воқеликдаги ўзгаришлар ҳам ташқи ахборотни концептуал ва категориал қайта ишланиши туфайли тилда ўзгаришлар содир бўлишига замин яратадиган омиллар ҳисобланади. Бунинг оқибатида янги (ёки янгиланган) объектнинг иккиламчи номланиши содир бўлади. Умуман олганда, деривацион потенциал концептуал ва лисоний тизимларнинг вақт ўтиши билан ички ва ташқи омиллар туфайли ривожланиши ва/ёки ўзгариши учун имкониятдир. Тил тизимининг дериватив салоҳиятини ўрганиш учун “деривацион тугун” тушунчасига мурожаат этилади, бу – ўсиб боришнинг махсус нуқтаси бўлиб, унда кейинги деривацион жараёнлар учун энг қулай шароитлар яратилади. Деривацион тугунлар айнан ментал кўринишда, яъни турли бирикмаларни ҳосил қилувчи асос, сўз ясовчи элементлар, бирикмалар компонентлари кўринишидаги концептуал белгиларда шаклланади.
Лексик тизимларнинг дериватив имконияти деганда лингвистик жараёнларнинг бутун мажмуи тушунилади, улар умуман тил тизимини қайта қуриш ва/ёки қайта ташкил этиш учун хизмат қилади, уларнинг натижаси лингвистик бирликларнинг ташқи (расмий) ва ички томонларини шакллантиришда акс этади. Концептнинг имкониятидан амалий фойдаланиш жараёни концептуал деривация деб юритилади.
Деривацион таҳлил техникаси қуйидаги босқичларни кўзда тутади: а) матнни дастлабки таҳлил қилиш, б) деривациявий моделни қуриш, в) тузилган моделнинг мувофиқлигини текшириш. Исбот турлари ҳар хил бўлиши мумкин: а) мантиқий (зиддиятсизликни исботлаш), б) фактик (фактларга мослигини исботлаш, мавҳум белгилар ўрнига аниқ белгиларни алмаштириш), в) экспериментал (психолингвистик ёки бошқа турдаги индивидуал она тилида сўзлашувчининг лингвистик онгининг фаразий моделлари билан мослигини текшириш учун тажриба).
Кейинги йилларда лисоний деривациянинг концептуал асосларини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Когнитив-дискурсив ёндашувнинг асосини ХХ асрнинг 60-йилларда шаклланган нолисоний воқеликдаги объектларнинг номланишини ўрганишга мўлжалланган ономасиологик ёндашув ташкил этади. Америка тилшуносларининг когнитив грамматика назарияси [6], концептуал интеграция [3] ва ажратиш назарияси борасидаги ғоялари ҳам бу соҳанинг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Тадқиқотчилар лисоний белгининг шаклланиши кўп босқичли жараён эканлигини кўп бора таъкидлашган. Ушбу жараённинг дастлабки босқичида оламдаги объектларни кўриш, сезиш орқали идрок этиш амаллари бажарилади, сўнг эса ушбу объектлар ҳақида тасаввур, тушунча юзага келади (яъни концептуал босқич амаллари бажарилади), ниҳоят энг охирги босқичда концептнинг лисоний воқеланиши билан боғлиқ амалларга эҳтиёж туғилади. Ушбу амаллардан энг асосийлари концептуаллашув амаллари бўлиб, улар воқелик ҳақидаги билимнинг аниқ тус олиши ҳамда лисоний белгининг танланишида етакчилик қилади [9: 19-34].
Деривацион имконият тил тизимининг онтологик концептуал хусусиятлари асосида ривожланиш/қайта қурилиш қобилияти сифатида ўрганилади. Деривацион имконият тил тизимининг бошқа имкониятлари билан, яъни талқин ва номинатив салоҳиятлари билан чамбарчас боғлиқ; ўзгаришларнинг табиати нуқтаи назаридан эса деривацион жараёнлар икки турга бўлинади. Биринчи турдаги деривацион жараёнлар умумлаштириш, конкретлаштириш, кенгайтириш, торайтириш, деталлаштириш ва чуқурлаштириш жараёнлари билан тавсифланади.
Умумлаштириш – бу умумлаштирувчи ва жамловчи маъноларга эга бўлган бирикмаларнинг ҳосил бўлиш жараёнидир. Ушбу бирикмалар бирламчи бирлик мансуб бўлган синф ёки турни билдиради.
Конкретлаштириш - бу объектларнинг умумий ва кичик турларини билдирувчи лингвистик бирликларни шакллантиришга қаратилган жараён. Умумлаштириш ва конкретлаштириш натижасида лексик-тематик гуруҳнинг ўзи миқдорий жиҳатдан кенгайишга тобе бўлади. Лексик-тематик гуруҳлар ҳажмининг пасайишига олиб келадиган тескари жараённи биз торайтириш деб атаймиз. Деталлаштириш эса – бу, одатда, метонимик хусусиятга эга бўлган турғун бирикмалар ҳосил бўладиган муайян вазиятни билдирувчи жараёндир. Чуқурлаштиришда, талқин қилиш билан бир қаторда деривацион имконият ҳам амалга оширилади. Бунда метафорик ва фразеологик бирикмалар (қотишмалар) ҳосил бўлади. Семантик деривация объект таркибидаги концептуал хусусиятларнинг фаоллашуви асосида амалга оширилади. Деривациянинг иккинчи тури от, сифат ва феъл категорияларининг лексик-тематик гуруҳларининг деривация салоҳиятини намоён этиш орқали ифодаланади, бунинг натижасини тилнинг синтетик деривацияси шаклида кузатиш мумкин. Синтетик деривация қўшимча концептуал белгиларнинг фаоллашуви ва уларнинг бирламчи лисоний бирликларнинг тузилиши билан интеграциялашуви орқали амалга оширилади.
Тил лексик тизимининг деривацион имконияти махсус деривацион тугунларни ташкил этувчи онтологик концептуал белгилар асосида амалга оширилади. Ушбу деривацион тугунларни ташкил этувчи асосий ва универсал концептуал хусусиятларга "локативлик (жойлашув)", "даврийлик", "қарама-қаршилик", "биргалик", "фойдалилик", "қайтарувчанлик", "инкор этишлик", "партативлик (бутуннинг қисми ёки бўлаги)", "салбий хусусийлик", "ижобий хусусийлик", "контейнер", "сусайтириш", "интенсивлик", "умумийлик", "вазифа", "эгалик" кабилар киради.
Иккиламчи бирликлар тузилишини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, улар асосидаги пропозиция ўзгариш хусусиятига эга. Пропозициянинг деривацион жараёнлардаги муҳим хусусияти бу инклюзивлик, яъни унинг кенгроқ концептуал соҳаларга қўшилиб кетиш қобилиятидир. Бу қобилият пропозициянинг тушунарли бўлишига ёрдам берадиган элементлар туфайли таъминланади. Аниқланган деривацион жараёнларни ўрганишда тадқиқотчилар бирламчи ва иккиламчи бирликларнинг нисбати, синтетик ва семантик деривацияларни фарқлаш ва бошқалар каби саволларга дуч келишади.
Бундай бирликларнинг тўрт тури аниқланган: 1) янги тил бирликлари; 2) бирламчи бирликли турғун ифодалар; 3) янги (иккиламчи) семантикага эга лисоний бирликлар; 4) cўз бирикмаси ясовчи элементлар орқали шаклланган янги лисоний бирлик. Тилнинг концептуал тизимининг деривацион имкониятларини ўрганишда ушбу усуллардан фойдаланиш асослари ва тамойиллари ишлаб чиқилган. Ҳар бир лисоний бирлик айни вақтда таркибига кирган элементларнинг хусусиятларини ўзида мужассамлаш-тиради, лекин, у ижтимоий-тарихий шароитларнинг ўзгариши натижасида ўз аҳамиятини йўқотган элементларни ҳам ўз ичига олади.
Сўз бирикмалари воситасида ифодаланилаётган концептуал тузилмаларнинг ҳосил бўлишини кўриб чиқамиз. Сўз бирикмаларининг мазмуний қурилмаси инсонлар тафаккур фаолиятининг бир мақсад сари йўналтирилишини акс эттиради. Юқорида қайд этилганидек, сўз бирикмалари деривацияси икки мустақил концептнинг ўзаро мослашуви ва бирикувини таъминлайди. Бундай деривация жараёни таянч концептнинг информатив қиймати мазмуннинг бойиши ва янги кўриниш олиши учун муҳим вазифани бажаради. Бунда, албатта, концептуал белгиларнинг доимийлиги ёки ўзгарувчанлиги ҳам ҳисобга олинмоғи лозим.
Баъзан сўз бирикмалари деривацияси жараёнида худди доимий хусусиятлар каби, ўзгарувчан хусусиятлар ҳам аҳамиятга молик бўлиши мумкин. Бу маълум бир гуруҳдаги концептлар учун хос бўлган алоҳида хусусиятларнинг информатив қиймати баъзан юқори даражада бўлишида кўринади. Масалан, бирор бир аслаҳанинг меҳнат қуроли бўлиши учун нимадан, қайси материалдан ясалганлиги муҳим хусусият бўлиши мумкин, аммо, бир вақтнинг ўзида бу аслаҳанинг ранги ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Ёки бўлмаса, сўз бирикмалари деривацияси жараёнида янги концепт яратилаётганида, идрок этилаётган объектнинг турғун, янги хусусиятларини ажратиб олиш ҳам, албатта, муҳим саналади.
Ҳозирги замон инглиз ва ўзбек тилининг турли услубларида N1+N2 андозасида ҳосил қилинган: apple juice – олма шарбати, wedding party – никоҳ тўй, lunch time – тушлик вақти каби Сўз бирикмаларининг жуда кенг миқёсда қўлланилиши маълум бўлсада, аммо, ушбу сўз бирикмалари семантик структурасининг тузилиши, бажарадиган вазифалари, қисмлари муносабатини ўрганиш методлари тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Ҳатто ушбу моделдаги сўз бирикмаларининг номланишида ҳам ҳанузгача барқарорлик кузатилмайди, улар тилшунослар томонидан турлича, яъни nominal compounds [4, 2], noun adjuncts [1], attributive nouns [5], adjective constructions [7] ва бошқа терминлар билан аталмоқда. Тадқиқотчилар томонидан ушбу сўз бирикмаларининг биринчи элементи мақомини аниқлашда қийинчиликларнинг юзага келаётганлиги, эҳтимол, терминларнинг бундай хилма-хил номланишига сабаб бўлаётган бўлса, ажаб эмас.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Даниева М. Взаимодействие концептуальных структур в процессе лингвистических изменений. В статье анализируются деривационные возможности лексических систем. Деривация - это целая совокупность лингвистических процессов, которые служат для перестройки и/или реорганизации языковой системы, результат которых отражается в формировании внешней (формальной) и внутренней сторон языковых единиц. В статье также было определено соотношение первичных и вторичных единиц в деривационных процессах.
Daniуeva M. Interaction of conceptual structures in the process of linguistic changes. The article analyzes the derivational capabilities of lexical systems. Derivation is a whole complex of linguistic processes that serve to restructure and/or reorganize the language system, the result of which is reflected in the formation of the external (formal) and internal sides of linguistic units. The article also determined the ratio of primary and secondary units in derivational processes.