МЕТАФОРИЗАЦИЯНИНГ ЎЗИГА ХОС АЙРИМ ХУСУСИЯТЛАРИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Тил ижтимоий ходиса бўлганидан  жамият билан, жамиятнинг ҳаёти билан узвий алоқададир.

Тил нутқ воситасида ижтимоий ходисага айланиб жамият аъзоларига  хизмат қилиш асносида ўзи ҳам турли ифода имкониятлари билан бойиб боради. Кейинги йилларда тилнинг нутққа муносабати, тил воситаларининг тилнинг нутққа  нутқий воситаланиш масалаларини ўрганиш оммалашди.

Ҳозирги даврда дунё тилшунослигида тил ва маданият муносабати тадқиқига эътибор кучайганлиги уларни ўзида яққол акс эттирувчи методлар тадқиқининг муҳим масала эканлигини кўрсатади. Шу маънода кўчкилар унинг марказида турувчи метафора ўзининг соф миллий табиати билан ажралиб туради. Унда миллий тилнинг борлиқни тасдиқлаш ва ўз манзарасида акс эттириш хусусиятлари мужассамлашган бўлади. Метофорада халқ турмуш тарзи, анъаналари, урф-одатлари, менталитети, яъни ўзига хос тафаккури, билиш жараёни каби қатор ҳодисалар ўз ифодасини топади.

Тилшуносликда нутқий шакллар тилнинг турли хил воситалари асосида ҳосил қилинади. Шундай воситалардан бири метафоризация усули ҳисобланади.

Метафора лексик маъно тараққиётини кўрсатувчи тил ҳодисаси бўлиб, у сўзларнинг кўчма маъноси асосида яратилади.

Метафорик маъно метафорик сўзлар дунёси барча тиллар учун универсал ҳодиса бўлиши билан бирга, оламнинг лисоний манзарасини ифодалашда кенг қамровли  ҳодиса, макон ва замоннинг миллий маданий инъикоси ҳамдир.

Дунё тилшунослигида турли тизимли тилларни қиёслаш асосида уларнинг лексик қатламлари генетик  илдизларининг қай тарзда ривожланганлиги, бир-бирига таъсирини луғавий таркибининг бойиб бориши, хусусан, терминология жиҳатидан  такомиллашиши масаласи муҳим  амалий вазифалардан ҳисобланади.

Метафоризация ҳодисасида  қиёслаш натижасидаги ўхшатиш ғояси ётади.

Тилшунос олим А.Абдуллаев ўз мақоласида қуйидаги фикрларни баён этади: нарсалар белгилар, ҳаракатлар орасидаги объектив боғланиш, ўзаро ўхшашлик ёки қарама-қарши томонлари мана шу қиёслаш жараёнининг маҳсули сифатида аниқланади [1, 10]. Масалан, қиёс объектига тош ва пахта олинса, бу икки предметнинг ўзига хос характерли белгилари – қаттиқлик ва юмшоқлик ўзаро қиёсланади, натижада мазкур белгилар орасидаги қарама-қаршилик аниқланади. Ёки инсонга хос ҳусусиятлардан бири хасислик тошдаги қаттиқликка қиёс қилинса, улар ўртасидаги ўхшаш томонлар аниқланади. Бу ўхшашлик айнан мос  келадиган ўхшашлик эмас, албатта. Лекин, инсондаги хасисликни бўрттириб ифодалаш истаги хасисликни ўта қаттиқликка тенглаштиришга, уларни ўзаро ўхшаш белгилар деб қарашга тенглаштиришгач, уларни ўзаро ўхшаш белгилар деб қарашга олиб келади. Натижада инсондаги хасислик хусусиятини бўрттириб ифодалаш имконияти туғилади.

Тулки одам бирикмаси, биринчидан, тулкига ўхшаган айёр, муғомбир одам деган маънонинг қисқартирилган ифодаси, иккинчидан, инсон онгиниг қиёслаш  натижасидир. Кўринадики, ўхшатиш инсон тафаккурининг қиёслаш жараёнида ҳосил қилинади. Метафоралар мана  шу ўхшатиш тамойили асосида сўз маъноларини кўчириш йўли билан ҳосил қилинади.

Демак, метафора қиёслаш жараёнининг ҳосиласи сифатида яратилади. Юқорида айтилганидек қиёслаш натижасида метафора нутқда қисқартирилган шаклда акс этади, яъни тошга ўхшаган қаттиқ одам эмас, тош одам тарзида қўлланилади.

Маълумки, сўз маъноларини ўрганишда унинг номинатив ва фигурал маънолари ҳисобга олинади. Номинатив маъно тўғридан тўғри воқелик билан боғланади. Фигурал маъно эса воқелик билан унинг номинатив маъноси орқали боғланади.

Метафора сўзларнинг фигурал маъноси асосида яратилади. Демак, метафорик қўлланган предмет, белги ёки ҳаракат билан ўзининг номинатив маъноси орқали боғланади. Метафорик қўлланган сўзлар предмет, белги, ҳаракат каби маъноларни ифодалайди. Предмет маъносини билдирган метафораларда бўёқдорлик, ҳатто образлилик ҳам бўлмайди (столнинг оёғи, деразанинг кўзи каби). Белги ва ҳаракат билдирувчи метафораларда эса бундай хусусият кучли бўлади (гул йигит, йигитнинг гули, ўйинни қийди каби). Кўринадики, столнинг оёғи, деразанинг кўзи кўринишидаги биринчи тур метафоралар йигитнинг гули, ўйинни қийди кўринишидаги иккинчи тур метафоралардан бўёқдорликка бўлган муносабатда кескин фарқ қилади, бу жиддий ва фарқ саналади.

Маълумки, метафоризация ҳодисаси сўз маъносининг ўзгариши ҳодисаси билан чамбарчас боғлиқдир. Сўз маъносининг ўзгариши одатда икки хил сабабларга кўра содир бўлади:

  • Тил фактлари билан боғли бўлган сабаблар;
  • Тилдан ташқари сабаблар.

Юқорида кўрсатилган метафораларнинг биринчи тури мана шу сабабга кўра ҳосил бўлган: стол, дераза, каби нарсалар жамият тараққиётининг анча кейинги даврида пайдо бўлганлиги ўз-ўзидан маълум. Уларни тилда акс эттириш четдан сўз олиш ҳисобига таъминланганлиги ҳам аниқ. Мана шу предметларнинг қисмларини ифодалашда эса ўша маъносини ўзгартириш усул-имкониятидан фойдаланилган дейиш мумкин, яъни оёқ, қулоқ каби аввалдан мавжуд бўлган нарса номларини улар англатган маънодаги ташқи ўхшашликларига суянган ҳолда янги нарсаларга ном қилиб қўчирилган:

столнинг оёғи, деразанинг кўзи каби. Хуллас, бу хилдаги метафораларнинг яратилиши жамият тараққиётида рўй берган ўзгаришлар сабаби билан боғлиқ.

Сўз маъносининг ўзгаришига тилдан ташқари сабаблардан яна бири фикрнинг ифода мақсадидир. Бунда икки мақсад фарқланади:

а) аффективлик [2, 60]– баён этиладиган фикрнинг таъсир кучини орттириш, тингловчида кучли таассурот уйғотиш мақсадида;

б) ифода таъсирини юмшатиш – тингловчига нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унда ёмон таассурот қолдирмаслик мақсадида.

Биринчи хил мақсад (аффективлик) натижасида йигитнинг гули, тулки одам, ўйинни қийди туридаги метафоралар ҳосил бўлади. Ифода таъсирини юмшатиш мақсадида эса эвфемизмлар туғилади.

Кўринадики, метафораларнинг икки хил тури (столнинг оёғи, деразанинг кўзи хилдаги ва йигитнинг гули, ўйинни қийди каби) ўзаро принципиал фарқ қилувчи ижтимоий сабабларга кўра ҳосил бўлади. Бу ҳодиса улар ўртасида яна бир қатор кескин фарқларни келтириб чиқаради. Бинобарин, биринчи ва иккинчи тур метафоралар ўртасида қуйидагича фарқларни қайд қилиш мумкин:

1) биринчи тур метафораларнинг яратилишидаги янги сўзга эҳтиёж сабаб бўлса, иккинчи турларининг ҳосил бўлишида ифода мақсади сабаб бўлади, бинобарин, биринчи турларининг яратилиши ва қўлланишида сўзловчининг воқеликка интеллектуал муносабати, иккинчи турларининг яратилиши ва қўлланишида сўзловчининг воқеликка субъектив муносабати намоён бўлади;

2) метафоранинг биринчи турида икки предмет бир ном билан (одамнинг оёғи – столнинг оёғи) ифодаланса (ҳар иккиси ҳам номинатив маънода), иккинчи турида бир тушунча камида икки сўз билан (бири номинатив маънода, иккинчиси фигурал маънода) ифодаланади, (гул йигит - яхши йигит, ёмғир савалади - ёмғир ёғди).

3) метафоранинг биринчи тури заминида предметлик тасаввури, иккинчи тури асосида эса белги (кенг маънода) ётади.

4) биринчи тур метафорага объект қилиб олинган нарса бирор характерли белгиси билан ажралиб турмайди, иккинчи тури учун объект бўлган нарса ёки ҳаракат ўзига хос белгиси билан характерланади. Масалан, тулки айёрлик, шер кучлилик, довюраклик, гул яхшилик, гўзаллик, ойна тиниқлик, мусаффолик каби белгилари билан ажралиб туради. Шунингдек, қиймоқ, саваламоқ каби феъллар интенсивлик хусусияти билан ажралиб туради. Мазкур сўзларнинг мана шу характерли хусусиятлари уларнинг фигурал маъноларига ва айни пайтда метафоризацияга асос бўлади.

5) метафоранинг биринчи турида сўзловчининг нейтрал ҳолати, иккинчи турида эса унинг аффектив ҳолати мавжуд. Бошқача айтганда, биринчи тур метафоралар нейтрал характерда бўлса, иккинчи турлари экспрессив характерда бўлади.

6) биринчи тур метафоралар ўзи номинатив маънода бўлганидан нейтрал

эквиваленти бўлмайди (масалан, столнинг оёғи бирикмасидаги оёқ сўзини бошқа бирор сўз билан ифодалаш умуман мумкин бўлмайди), иккинчи тур метафоралар сўзнинг фигурал маъноси асосида ҳосил қилинганлиги сабабли уларнинг нейтрал эквиваленти бўлади (бор): тулки одам – айёр одам, шер йигит – ботир (паҳлавон) йигит каби.

Метафора нутқда маълум стилистик мақсадлар учун хизмат қилади. Сўзларни метафорик кўчма маънода қўллашнинг асосий вазифаси нутқнинг образлилиги, тасвирийлиги ва шулар асосида нутқий шаклларни яратишдир.

Образлилик, тасвирийлик, нутқий шаклларни ташкил қилиш каби тушунчалар орасида маълум даражада яқинлик, умумийлик бор, лекин шунга қарамай, улар бир хил тушунчалар эмас. Нутқий шаклларни ташкил қилиш образлилик, тасвирийликни кучайтириш, айтилмоқчи бўлган фикрнинг таъсир кучини орттириш демакдир.

Образлилик, тасвирийлик каби тушунчалар асосий бадиий нутққа хос. Бадиий нутқда тилнинг эстетик функцияси намоён бўлади. Ҳар қандай сўз, ҳар қандай нутқ воситаси бадиий асарда мумкин қадар образлилик, тасвирийлик учун хизмат қилиши лозим.

Бадиий нутқ учун нутқий шакллар образлиликнинг олий даражасидир. Метафора асосан бадиий нутқда қўлланиб, образ яратиш учун, тасвирий восита сифатида хизмат қилади. Бу фикрни метафора фақат бадиий нутқда ишлатилади, деб тушунмаслик керак. Метафора сўзлашув нутқида ҳам, нутқнинг бошқа хил формаларида ҳам нисбатан озроқ бўлса-да қўлланади.

Метафоризация одатда ўзининг бирор характерли белги-хсусияти билан ажралиб турувчи предметларнинг номлари, шунингдек, ўзида ҳаракатнинг интенсив даражасини ифодаловчи феъллар асосида ҳосил қилинади. Кўринадики, метафоралар от ва феъл туркумларидаги сўзлардан тузилади. Шунга кўра уларнинг материали нуқтаи назаридан икки турга ажратиш мумкин:

а) от – метафора;

б) феъл – метафора.

Отдан тузилган метафоралар, гарчи улар нарса номлари бўлса-да, нарса маъносини эмас, балки белги маъносини билдиради. Чунки метафоризация учун ўша отларнинг характерли белги – хусусиятлари асос қилиб олинган бўлади. Масалан, булбул метафоризацияга объект қилинса, унинг қуш эканлиги назарда тутилмайди, балки хушовози, ёқимли сайраши назарда тутилади, бошқа бир ўринда эса “ошиқлик” разми сифатида тасаввур қилинади.

От – метафоралар махсус кучайтирувчи аниқловчилар билан қўлланиши ҳам мумкин. У ҳолда экспрессивлик яна ҳам ортади: порлаб турган қуёшмисан.

Феъл – метафораларда нутқий шакллар асосан ҳаракат, ҳолатнинг интенсивлиги нуқтаи назаридан бўлади.

Феъл – метафоралар ҳайвонот, парранда, ўсимлик, ҳашарот кабиларга хос ҳаракат, хусусиятларни инсонга кўчириш асосида ҳам яратилади. Бу ҳодиса ҳайвонот, парранда, ҳашарот, ўсимлик номларининг метафорага объект бўлиши билан чамбарчас боғлиқ ва ўшандан келиб чиқадиган ҳодисадир. Масалан, инсоннинг бирор ҳаракати парранда ёки бошқаларнинг ҳаракатини ифодаловчи сўз билан алмаштириладиган бўлса, инсон, аввало, ўша нарсага ўхшатилади. Чунончи, сайрамоқ сўзи инсонга нисбатан қўлланса у, яъни инсон биринчи навбатда булбул, тўти ёки шу каби қушлардан бирига ўхшатилади.

Бу хилдаги метафораларда нутқий шаклларни ҳосил қилиш сўзловчининг воқеликка ижобий, кўпинча салбий муносабати нуқтаи назаридан бўлади. Мунча сайрадинг, қулоқни единг-ку! (сўзлашув).

Ўзбек тилида бир қатор метафорик бирикмалар борки, улар нутқнинг ҳамма формаларида, айниқса, бадиий, публицистик услубда кенг қўлланади ва фикрнинг тасвирийлиги, образлилиги, экспрессивлиги учун хизмат қилади; ишнинг кўзи, жар ёқаси, айрилиқ ўти, бахтим чироғи. Ҳар қандай тилда метафоризация ҳодисасининг мавжудлиги тилнинг эстетик функцияси доирасини кенгайтиради, фикрнинг бой ва ранг-баранг буёқларда ифодаланишига катта имконият яратади.

Француз тилида метафоризация ва метонимик кўчим ҳодисасини   қуйидаги намуналарда кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

 Метафоризация жараёнининг сўзлашув нутқи ва аргода учрашини қайд этиш лозим. Метафора (истиора) нинг “нутқий ҳушёрлик” характеридаги қуйидаги моделларини кўрсатамиз:

1) маъсумалик – бу қандайдир бебаҳо нарса: capital;

2) маъсумалик – бу қандайдир лаззат: berlingot, berlingue.

Метафоризация жараёни қуйидаги моделлар орқали рўёбга чиқарилади:

1. Метафора баъзан метонимияга ўхшаб кетади. Бу метафтонимия ҳодисасини юзага келтиради, масалан, tourner de l 'oeil, fermer les yeux.

2.  Prendre de la bouteille (du flacon), avoir de la bouteille сўз бирикмалари кекса кишини хушхўр шароб билан қиёслаш асосига қурилган метафоралардир.   Бу ердаги метафора модели: кексаймоқ (эски) – йил сайин яхши бўлмоқ.

3. Метафораomelette soufflée сўзлашув тилида “ҳомиладор  аёл ” ни

билдиради.  У ҳомиладор бўлмоқ – ҳажми каттаймоқ (кўпчитилган тухумдай) модели асосида ясалган.

4. Метафоризация қуйидаги моделлар асосида юз беради:

1) касал бўлмоқ – синдирилмоқ, зарарланмоқ: “касал” маъносидаги patraque, “юқтирмоқ” маъносидаги attiger;

2) оғримоқ – тутиб олмоқ, касалликни олмоқ: attraper, paumer, prendre, piger, chopper;

3) юқтирмоқ – кимгадир касалликни бермоқ, касаллигига қўшмоқ:  filer, assaisonner.

5. Ушбу тушунчаларнинг метафоризацияси қуйидаги моделлар бўйича юз беради:

1) таносил касаллиги билан оғриган – ахлоқсиз, бузуқ: avarié таносил касал, s'arranger юқмоқ (сўзлашув тилида бу феъл “жароҳатланмоқ” ва “ифлосланмоқ”, “сувалмоқ” маъноларига эга);

2) таносил касаллиги билан оғримоқ – муваффақиятга эришиш учун ҳамма имкониятларга эга; ҳамма имконияти бор: avoir quinte et quatorze et le point.  Бу истиора киноявий характерда ва одатда бу касалликнинг барча турларига эга одамни ифодалайди

6. “Ичбуруғ” тушунчасини ифодалаш учун қуйидаги моделлардан фойдаланилади:

1) ичбуруғ – ичидагилардан холи бўлиш: se vider (comme un lapin), perdre ses légumes;

2) ичбуруғ – одамга нохушлик келтирувчи ҳолат: courante, cuisante, avoir les boyaux qui tricottent des napperons.

3. “Қабзият” (ич қотиш) тушунчасини метафора билан бериш учун фойдаланиладиган модель: қабзият чекмоқ (ич қотишдан азоб чекмоқ)– ишни узоқ муддатда бажармоқ: faire les cordes, travailler pour la marine.

4. “Қайт қилмоқ” тушунчасини метафора билан бериш учун фойдаланиладиган моделлар:

1) қайт қилмоқ – узун, чўзилувчан нарса: aller au refile, queue de renard;

2) қайт қилмоқ – отилиб, сачраб чиқувчи предмет (мушакбозликдаги каби): fusée, gerber.                

7. Сил касаллигини метафора билан бериш учун фойдаланиладиган модель:

сил касаллиги билан оғримоқ – ўпкаси касаллик туфайли йиртилган: cracher les poumons, avoir les éponges bectées, avoir les éponges bouffées aux mites (mitées), avoir les éponges rongées, avoir les éponges en passoire (аргода poumon сўзи ўрнига éponge ишлатилади).

8. Метафоризация муқобил сўзлар билан алмаштиришнинг асосий воситаси сифатида қўлланилади ва бунда қуйидаги моделдан фойдаланилади:

1) наркотик модда олмоқ – наркотик модда қабул қилиб маст бўлмоқ: узоқларга кетмоқ, сайр қилмоқ, бошқа оламда бўлмоқ: partir, s'envoyer en l'air, planer, voyager, наркотик мастлик маъносида voyage, наркоман маъносида voyageur;

2) наркотик модда олмоқ – ёмон ҳолатда бўлмоқ: наркотик модда қабул қилиб маст ҳолатида бўлмоқ défoncé, être défoncé;

3) наркотик модда олмоқ – наркотик моддага тўла: наркотикдан маст ҳолда être chargé.[4]

9. Метафоризация энг сермаҳсул йўл ҳисобланади.

Тўлалик тушунчасини муқобил сўзлар билан алмаштиришда қуйидаги метафора моделлари қўлланилади:

1) семиз – тўладан келган, эт қўйган, ўйдим-чуқурликлари йўқ: rond, petit pot à tabac;

2) семиз – мато билан тўлдирилгандай юмшоқ: rembourré, enveloppé.

10.Озғинлик тушунчасини муқобил сўзлар билан алмаштиришда қуйидаги метафора моделлари қўлланилади:

1) озмоқ – маълум даражада оғирлигини йўқотиб, доим қисқариб йўқ бўлмоқ: fondre;

2) озғин – фақат суякдан иборат: paquet d'os.

11. Метонимик кўчим қуйидагича ифодаланади:

1.  Seins сўзи ўрнида метонимик кўчим lоlо, loloche (сўзлашув нутқидаги “сут”) қўлланилади. Маъно предмет ишлаб чиқарадиган маҳсулотдан предметнинг ўзига кўчяпти.      

2. Метонимик кўчим:trousser (les   jupes   d'une   femme) (айн.:“юбка ичига кирмоқ”), pageoter (pager) – сўзлашув тилидаги pageot феъли  – кровать маъносида [5].

3. Метонимик кўчим:aimer (caresser, cultiver) la bouteillecaresserleflacon (шаклнинг ичидаги нарса, мазмунга кўчиши).

Ж.Вико таъкидлаганидек ҳар бир метафора кичкина мифдир [3, 146].

Шунинг ўзиёқ метафорани миллийлик бўёғидан холи тасаввур қилиб бўлмаслигини кўрсатади. Шу сабабли борлиқни муайян ва мавҳум ҳис қилиш амалга оширилади ва шунинг учун ҳам у тилда миф ижоддир.

Хулоса қилиб айтганда, метафоризация илмий руҳияти ва маънавий қадриятлар заминида амалга ошади. Маълумки, кўчим икки кўринишда бўлади.

а) лисоний кўчим;

б) нутқий кўчим.

Лисоний кўчим ижтимоий ўзгарганлиги туфайли унда кўчимдаги детонация кучайган ва коннотация бунинг эвазига маълум даражада сусайган бўлади. Нутқий кўчимда коннотация асосий ўринни эгаллаб, метафоризацияда кўзда тутилган асосий мақсад унинг асосан нутқий кўринишда амалга ошишидадир.

 

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Абдуллаев А. Метофоризация нутқий экспрессиялар ҳосил қилувчи восита сифатида. Тилшунослик масалалари Ўзбекистон ССР. “Фан” нашриёти. –Т.:1978. 10-бет.
  2. Ахманова О.С. Словарь лингвистических терминов. -М.:1966- с. 60.
  3. Вико Дж. Основание новой науки об общей природе наций. -Л.: 1940.- с. 146.
  4. Le Petit Pobert de la language francaise. Ediition. 2015. 28-38p.
  5. Le Petit Larousse illustre. 2017. 20-44p.

Маматкулов А. Размышления о некоторых особенностях метафоризации. В данной статье на материалах французского и узбекского языков, относящихся к разным системным языкам, использованы приемы, создающие явление метафоризации. Метафора – это средство языка, которое показывает развитие лексического значения и создается на основе переносного значения слов. В явлении метафоризации заключается идея сравнения как результата сравнения. Также метафоризация осуществляется через научную ментальность и национальные ценности.

 

Mamatkulov A. Considerations on some features of metaphorization. In this article, on the materials of the French and Uzbek languages, which belong to different systemic languages, techniques areused that create the phenomenon of metaphorization. Metaphor is a language tool that shows the development of lexical meaning and is created onthe basis of the figurative meaning of words. The idea of ​​comparison as a result of comparison lies in the phenomenon of metaphorization. Metaphorization is also carried out through the scientific mentality and national values.

 

 

 

 

 

 

 

  

 

 

 

 

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati