Ҳакимов Ҳамидулло Инамович,
ЎзДЖТУ доценти, филология фанлари номзоди
Калит сўзлар: миллий қадрият, қўшма сўзлар, таржима жараёни, услуб, матн, трансформация, лекски-грамматик.
Аслият матнига мос ва тенг бўлган матн яратиш таржима жараёнининг негизини ташкил этади. Айни ўша мослик ва тенгликни таъминлаш аслият матнини тушунишдан бошланади ва мувофиқ таржима қилинган матнни яратиш билан тугайди.
Таржима мувофиқлиги турли лексик ва грамматик трансформацияларга муҳтождир. Аслият ва таржима бирликлари ўртасида бевосита алоқа бор бўлиб, бирламчи матндан қандайдир трансформациялар воситасида таржима бирликларини ҳосил қилиш мумкин.
Таржима трансформациялари деганда аслият бирликларидан тегишли маънода таржима бирликларига ўтишда қўлланиладиган таржима методлари тушунилади.
Таржима трансформациялари ва уларнинг таржима жараёнида қўлланиши борасида Э.Азнаурованинг “Translation theory and practice” асарида, П.Ньюмаркнинг “A Textbook of translation”, Ш.Сирожиддинов, Г.Одиловаларнинг “Бадиий таржима асослари” монографиясида маълумотларни учратишимиз мумкин.
Э.Азнаурованинг “Translation theory and practice”асарида таржима усуллари таржима трансформациялари сифатида талқин этилган. Ушбу асарда таржиманинг лексик ва грамматик трансформациялари ҳақида маълумотлар келтирилган1.
Л.Бархударов таржима жараёнида амалга ошириладиган трансформацияларни тўрт турга бўлади: 1) жойни ўзгартириш; 2) алмаштириш; 3) қўшиш; 4) тушириб қолдириш2.
В. Комиссаров, Л.Бархударов таснифлаган таржима трансформацияларини умумий равишда учга – лексик, грамматик ва лексик-грамматик турларга бўлади3. Таржима жараёнида қўлланиладиган лексик трансформацияларнинг асосий турлари қуйидаги таржима усулларини ўз ичига олади: 1. Транскрипция ва транслитерация усули. 2. Калькалаш усули. 3. Лексик – семантик алмашинув (конкретизация, генерализация, модуляция) усули.
Грамматик трансформацияларда қўлланиладиган таржима усуллари: 1. Синтактик ўхшатиш (сўзма-сўз таржима) усули. 2. Жумла тузилишини ўзгартириш (жумлаларни бўлиш ёки бирлаштириш). 3. Грамматик алмаштиришлар (сўз шакли, нутқ бўлаги ёки гап бўлакларини алмаштириш).
Комплекс лексик-грамматик трансформацияларга а) антоним таржима усули; б) экспликация (баёний таржима) усули; в) компенсация усули киради.
Энди юқоридаги усулларга шарҳ бериб ўтамиз: Транскрипция ва транслитерация, бу - таржима тили ҳарфлари ёрдамида аслиятнинг лексик бирликлари шаклини қайта тиклаш усулидир. Транскрипцияда бегона тилдаги сўзнинг товуш шакли, транслитерацияда эса сўзнинг график шакли (ҳарфий таркиби) қайта тикланади.
Бугунги кунда транскрипциянинг айрим транслитерация элементларини ўз ичига олган шакли етакчилик қилмокда. Тилларнинг фонетик ва график системалари бир-биридан анча фарқли бўлгани учун аслиятдаги сўз шаклини таржима тилида тиклаш тахминий ва шартли кечади. Масалан, absurdist - абсурдист, skateboarding - скейтбординг каби сўзлар фонетик ўгиришга, dorset ['dasit] - дорсет каби сўзлар график ўгиришга мисол бўлиши мумкин.
Калькалаш усули - бу аслиятдаги лексик бирликни унинт таркибий кисми - морфемалар ёки сўзларни таржима матндаги лексик мувофиқ сўзлар билан алмаштириш усулидир. Калькалашнинг моҳияти янги сўз ёки таржима матнда аслиятдаги лексик бирликнинг тузилишидан нусха олган ҳолда қатьий ибора ясашдир. Масалан, massculture - оммавий маданият термини калькалаш усули орқали таржима қилингандир. Айрим ҳолларда калькалаш жумла элементлари кетма-кетлигини бузиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Лексик-семантик алмаштириш усули деб аслиятдаги лексик бирликларни ўз маъносига тўғри келмайдиган, аммо мантиқан эквивалентликни таъминлашга хизмат килувчи лексик бирликлар билан алмаштиришга айтилади. Бундай алмаштиришлар конкретизация (конкретлаштириш), генерализация (умумийлаштириш) вамодуляция (маънони ривожлантириш) усуллари орқали амалга оширилади.
Конкретизация деб аслиятда кенг мазмун билан тушунтирилган сўз ёки сўз бирикмасини таржима матнда анча конкрет мазмунга эга сўз ёки сўз бирикмасига алмаштиришга айтилади. Масалан: At seven o'clock an excellent meal was served in the dining room. Соат 7 да ошхонада ажойиб дастурхон тузалди.
Генерализация деганда аслиятдаги тор маънога эга лексик бирлик таржима матнда кент маъноли сўз билан алмаштирилади. Бу усулни конкретизацияга нисбатан тескари трансформация деб аташ мумкин. Масалан, инглизча “weekend”“дам олиш куни” ёки“ шанба– якшанба”кунларини англатадиган сўз қуйидагича кенгроқ маънодаги сўз билан алмаштирилиши мумкин: Не visitsmepracticallyeveryweekend. У деярлиҳар ҳафта мени кўргани келади.
Айрим ҳолларда, агар контекстда бирор-бир предметнинг аниқ тавсифи рецептор учун муҳим бўлмаса генерализация усулини қўллаш хато бўлмайди.
Модуляция усулида аслиятдаги сўз ёки сўз бирикмаси таржима матнда мантиқан эквивалент маъно берадиган бирлик билан алмаштирилади. Масалан, I don't blame them (Мен уларни айбламайман) жумласи “Мен уларни тушунаман” тарзида бадиий таржима матнда қўлланиши мумкин.
Синтактик ўхшатиш усули сўзма-сўз таржима усули ҳам дейилади. Бунда аслиятдаги синтактик тузилиш таржима матнига айнан кўчади. Синтактик ўхшатишда таржимадаги тил бирликлари сони ва уларнинг жойлашиш тартиби аслиятдаги каби бўлади. Ўзбек тили синтактик қурилиши системасини шарқ тилларининг айримларидаги гaп синтактик курилишига мослаш мумкин. Аммо Ғарб тиллари, хусусан, инглиз тили гaп синтактик курилишига мутлақо тўғри келмайди. М: Мен ҳар куни университетга бораман – I go to the university every day.
Гапни бўлаклаш усули - аслиятдаги жумлани таржимада бир неча бўлакларга бўлиб ўгириш усулидир. Бундай усул таржимада аслиятдаги мураккаб кўшма гапларни адекват бериш оғир бўлган ҳолларда ишлатилади. Кўпгина ҳолларда ушбу усулнинг кўлланиши таржиманинг тушунарли ва пишиқ чиқишига хизмат қилади. Жумлаларни бирлаштириш усули юқоридаги усулнинг тескариси бўлиб, бунда аслиятдаги икки содда гап таржимада кўшма гапга айлантирилиши мумкин.
Грамматик алмаштириш усули аслиятдаги грамматик қурилмаларнинг таржимада ўзгариш билан келтиришдир. Масалан, инглиз тилидаги фақат кўпликда ишлатилиши мумкин бўлган сўзлар ўзбек тилида фақат бирлик сонда ишлатилади. Дейлик hairs - соч. Бу усулда хорижий тил гап қурилишлари тўлиқ ўзбек тили нормаларига туширилади. Бунда асосий ўзгаришга морфологик бирликлар учрайди. Масалан, от феълга, сифат отга айланиб кетиши мумкин. She is no good as a letter - writer. У яхши котиб эмас (сўзма-сўз: У хат ёзувчи сифатида яхши эмас).
Антоним таржима усули ҳам грамматик – лексик алмаштириш усуллари гуруҳига киради. Бунда аслиятда инкор шаклида келган сўз таржимада тасдиқ шаклини олади. Масалан: Nothing changed in my hometown - Менинг она шаҳримда ҳамма нарса илгаригидек.
Экспликация усули ҳам грамматик - лексик алмаштириш усулларидан бири бўлиб, баёний таржима усули ҳам дейилади. Бунда аслиятдаги лексик бирлик таржима матнда тўлиқроқ шарҳ ёки аниқлаштирувчи маъноли сўз бирикмаси билан алмаштирилади. Ушбу усул аслиятдаги эквивалентсиз сўзларнинг маъносини оширишда қўл келади. Масалан, conservationalist номини атроф-муҳитни ҳимоя қилиш тарафдори деб таржима килиш мумкин. Аммо, бу усулнинг заиф жойи шундаки, таржимада баён чўзиқ ва кўпсўзли бўлиб кетади.
Компенсация усули - бу, аслият матни таржимасида айрим элементларнинг маъносига дарз кетган тақдирда, унинг ўрнини бошқа восита орқали тўлдиришдир. Бунда ўша жумланинг ўзида тўлдириш шарт эмас. Йўқотилган маъно йўл-йўлакай кейинги сатрларда тўлдириб кетилиши мумкин.
Ҳарвей эса маданий бўёқдорликка эга терминларни таржима қилишнинг усуллари сифатида қўйидаги тўрт асосий таржима усулларини таклиф этади4. У таржима усуллари тушунчасига нисбатан “translation techniques” тушунчасини қўллайди:
Функционал эквивалентлик (Functional Equivalence): Бунда Таржима тили маданиятида Аслият тили маданиятидаги худди шундай вазифани бажарувчи сўзни қўллаш.
Шаклий эквивалентлик(Formal Equivalence) ёки “лингвистик эквивалентлик (linguistic equivalence)”. Бунда сўзлар сўзма-сўз таржима қилинади.
Транскрипция (transcription) ёки аслият тилидаги сўзни таржима тилида қўллаш (borrowing).
Тасвирий ёки изоҳловчи таржима(Descriptive or self-explanatory): У одатда умумий терминларга нисбатан маънони очиб бериш учун ишлатилади. Бу усул формал эквивалент унчалик самарали бўлмаган кенг турдаги контекстларда кўлланади.
Миллий қадрият тушунчасига жуда кенг қамровли тушунча ҳисобланади. Миллий сўзи барчамизга маълум хар бир халқнинг ўзига тегишли анъана, урф-одатлар, яшаш тарзи, дунёқараши каби тушунчалар мажмуини англатади. Қадрият сўзи эса, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қуйидаги маъноларни англатишини кузатдик. Қадрият (арабча. –қиймат, аҳамият; қимматбаҳо буюмлар; халқ бошлиғи) – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-аҳлоқий, маданий, маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган тушунча. Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, мас., эркинлик, тинчлик, адолат, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, моддий ва маънавий бойликлар ва бошқалар қадрият ҳисобланади. Аммо ошкоралик дегани кимсанинг хоҳлаган пайтда қадриятларимизни оёқости қилиш дегани эмас. Газетадан5. Демак, ўзбек халқи яратган моддий ва маънавий бойликлар, минг йиллардан буён инсонлар орасида яшаб келаётган анъана ва урф-одатларни биз ўзбек халқининг миллий қадриятлари сифатида талқин этамиз. Қуйида эса Адҳамжон Ашировнинг “Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари” монографиясида учраган баъзи бир қадриятлар ва улар англатувчи сўзлар, айнан қўшма сўзларни таржима хусусиятлари ва миллий қадриятлар маъносини сақлаш йўллари хақида фикр юритамиз. Ушбу китобда миллий қадриятларимиздан бири бўлган “куёвнавкар” сўзига дастлаб, эътибор қаратамиз. Ушбу сўз синтактик жиҳатдан икки “куёв” ва “навкар” сўзларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Ушбу сўз иштирок этган қуйидаги гапга эътибор қаратамиз: Унинг нигоҳи куёвнавкарлар ичидан Тўра акани топди(Ёшлик). Ушбу гап миллий қадриятни англатувчи куёвнавкар қўшма сўзи қатнашгани билан аҳамиятлидир. Ушбу гап инглиз тилига қуйидагича таржима қилинади: She looked at groomsmen and found Tura aka among them. Куёвнавкар сўзи инглиз тилидаги groomsman сўзига эквивалент бўлади. Бу ерда биз Ҳарвей томонидан миллий қадриятга оид сўзларни таржима қилиш учун таклиф этилган таржима усулларидан вазифавий эквивалент таржима муаммосини бартараф этади деб ўйлаймиз. Чунки, ЎТИЛда куёвнавкар сўзининг “тўй маросимида куёв билан бирга бўлувчи жўралар” маъноси мавжуд. Oxford Advanced Leraner’s Dictionary луғатида эса groomsman сўзига қуйидагича таъриф берилган: a friend of the bridegroom at the wedding, who has special duties. Бундан кўриниб турибдики, бу сўз икки тилда вазифаси жиҳатидан бир-бирига эквивалент бўла олади. Куёвнавкар сўзининг миллий қадриятни англатувчи сўз бўлишига сабаб эса, халқимиз бу сўз билан боғлиқ бир неча қадриятларимизни амалга оширади. Тўй маросимларимиз билан боғлиқ анъаналарга кўра, никоҳ куни кечки пайт куёв ўз яқин дўстлари билан ясан-тусан қилиб, қутловлар остида тўйхонадаги оқсоқоллар дуои-фотиҳаларини олиб, келин уйига “куёвнавкар”га борадилар. Куёв ўз дўстлари қуршовида, карнай-сурнай ва турли қийқириқлар садоси остида йўлга тушади. Ушбу амаллар фақат тўй шодиёнасини англатибгина қолмай ёвуз кучлар, инсу жинслардан сақловчи афсунгарлик воситаси ҳам саналган. Куёвнавкарлар дастурхон тузалган келин уйининг хонасига киришида остонага пояндоз ёзилган.
Тилимизда яна миллий қадриятни англатувчи белбоғ қўшма сўзи мавжуд бўлиб, бу сўзни таржима қилишда прагматик таржимага эришиш, миллий қадриятни таржима тилида ҳам сақлаб қолиш таржима жараёнида ўзига хос қийинчилик туғдиради. Белбоғ сўзи иштирок этган қуйидаги жумлага эътибор қаратсак. Нозим Зуҳранинг бошини аста силаб, ўз кўз ёшини белбоғи учига артди. Ушбу гап инглиз тилига қуйидагича таржима қилинади: Nozim caressed Zuhra’s head slowly and rubbed tears with his belbog’.Ушбу гапда иштирок этган белбоғ сўзини юқорида олимлар томонидан таклиф этилган тасвирий эквивалент усулида таржима қилинди. Агар таржимон ушбу сўзни инглиз тилида эквивалент сифатида belt билан таржима қилса, миллий қадрият сақланиб қолинмайди. Чунки, белбоғ сўзи инглиз тилидаги belt сўзига эквивалент бўла олмайди. Belt ўзбек тилидаги камар сўзини англатиши мумкин. Ваҳоланки, камарнинг учи билан кўз ёшини артиб бўлмайди. Бу ҳолатда таржимондан сўзнинг лексик-семантик ва лингвокультурологик хусусиятларини тўғри тушуниш талаб қилинади. ЎТИЛда белбоғ сўзининг қуйидаги маънолари мавжуд: 1. Белга боғланадиган, тўртбурчак рўмол шаклидаги гулли ёки гулсиз, четлари тикилган мато парчаси қийиқ, қийиқча. 2. Умуман, белга белбоғ каби боғланадиган нарса. 3. Ҳар нарсанинг ўрта белидан ўтган фаразий чизиқ ёки ҳалқа; экватор. Belt сўзининг эса Oxford Advanced Learner’s Dictionary луғатида қуйидагича маънолари бор: 1. Long narrow piece of leather, cloth, etc. that you wear around the waist. 2. A continuous band of material that moves round and is used to carry things along or to drive machinery. 3. An area with particular characteristsics of where a particular group of people live. 4. An act of hitting sth/sb hard. Демак, миллий қадрият маъносини англатувчи белбоғ қўшма сўзининг бош маъноси ЎТИЛдаги биринчи маъноси ҳисобланади. OSLD луғатидаги бунга яқин маъноси биринчи ва иккинчи маъноси ҳисобланиб, кўпроқ ўзбек тилидаги камар сўзига тўғри келади. Таржима жараёнида белбоғ сўзининг эквиваленти қилиб, Belt сўзининг олиниши таржимоннинг хатога йўл қўйиши ва миллий қадрият маъносини йўқотишига олиб келади. Бундай ҳолларда таржимон descriptive equivalent (сўзга таржима тилида тавсиф бериш) усулидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни belbog’ (it is piece of material sewed in form quadrangle kerchief and you wear around the waist).
Хулоса қилиб айтганда, миллий-маданий сўзлар қуйидагича таснифланди:экология - ўсимлик дунёси, ҳайвонот дунёси, шамол турлари, текисликлар, тепаликлар; хомашёни билдирувчи маданий бирликлар; озиқ –овқат; кийим-кечаклар; уйлар ва шаҳарлар; транспорт; ижтимоий соҳага оид маданият бирликлар – иш ва мароқ: ташкилотлар, расм-русумлар, машғулотлар, ишлаб чиқариш, тушунчалар; сиёсий ва бошқарув; диний; ижодий; имо-ишора ва одатлар.
Миллий қадрият англатувчи сўзлар билан бир қаторда ишлатиладиган миллий маданий сўзлар, реалиялар, лингвокультуремалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар келтирилди.
Маданий бирликларни таржима қилиш жараёнида қуйидаги таржима трансформациялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади: транслитерация; анъанавий эквивалент; бетарафлаштириш (вазифавий ёки изоҳланган эквивалент); сўзма-сўз таржима; мослаштириш; таркибий таҳлил; ўчириб ташлаш; жуфтлик; стандартлаштирилган таржима; изоҳлаш, шарҳ ва таснифлаш.
1E.S.Aznaurova. Translation theory and practice.“Ўқитувчи”. 1989. Pp-16-22.
2Бархударов Л.С. Язык и перевод. С.190.
3Комиссаров В. Теория перевода. М., 1990. С.172.
4Harvey, M. (2003). A beginner's course in legal translation: the case of culture-bound terms. Retrieved April 3, 2007 from http://www.tradulex.org/Actes2000/harvey.pdf
5Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти.- Тошкент, 2007. 3-жилд. 207-бет.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
E.S.Aznaurova. Translation theory and practice. “Ўқитувчи”. 1989. Pp-16-22.
Harvey, M. (2003). A beginner's course in legal translation: the case of culture-bound terms. Retrieved April 3, 2007 from http://www.tradulex.org/Actes2000/harvey.pdf
Бархударов Л.С. Язык и перевод. С.190.
Комиссаров В. Теория перевода.- М., 1990. С.172.
Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти.-Тошкент, 2007. 3-жилд. 207-бет.
Хакимов Х. Способы перевода сложных слов, обозначающих национальные ценности. Статья посвящается изучению различных способов перевода сложных слов, обозначающих национальные ценности, выявляет трудности, возникающие в процессе перевода и предлагает методы для устранения подобных проблем.
Khakimov H. Ways of translating compound words denoting national values. The article is devoted to investigation of various ways of translating compound words denoting national values, makes out difficulties, appearing in translation process and proposes methodology of overcoming similar problems.