Форс ва тожик адабиётшунослигида мумтоз поэзиянинг айрим жанрлари масаласида баҳсли фикрлар мавжуд. Масалан, ғазал мустақил шеърий жанр сифатида қасида туркумидан алоҳида жанр сифатида белгиланади. Шу тариқа қитъа ҳам аслида қасидадан бир парча сифатида баҳоланган. Чунки у алоҳида жанрга ёки шеъриятнинг мустақил жанрига киритилган. Бу тушунча ва тасаввурни, таъбир жоиз бўлса, қоидани мустақил қитъанинг луғавий маъноси (бирор нарсанинг парчаси) ва зоҳирий шаклининг унсурлари – қофияланиш тарзи (б-а\в-а\г-а) ҳамда унинг байтлари сони ва умуман ҳажми қасидага нисбатан кам бўлиши гӯё тасдиқлайди.
Мумтоз шеъриятнинг қадимги ва ўзига хос жанри – қитъа форс - тожик поэзиясида алоҳида ўрин эгаллайди. Адабиётшунослигимизда мазкур жанр тадқиқига доир айрим тадқиқотлар юзага келган бӯлса ҳам, бироқ адабий манбаларда, шунингдек, ҳозирги замон адабиётшунослигида қитъага асосан шеърий шакл ва қолип сифатида қараш ҳоллари мавжуд.
Ҳолбуки, қитъа фақат шакл жиҳатидан эмас, мавзу ва мундарижа хусусиятлари билан ҳам алоҳида шеърий жанр ҳисобланади. Қитъа жанр сифатида тожик адабиётшунослари Р.Ҳодизода, М.Муллоаҳмад, С.Саъдиевларнинг ушбу жанрга доир илмий мақолаларида кӯзга ташланади[1]. Шунга қарамай, қитъанинг барча жанрий ӯзига хосликлари ҳали тӯла ёритилганича йӯқ. Умуман, тожик адабиётшунослигида мумтоз шеърнинг бой мазмунга эга ва ниҳоятда жозибали жанри ҳисобланган қитъа жуда кам ӯрганилган, унинг ӯрганилиш даражаси муайян илмий мақолалар билан чегараланиб қолган.
Истилоҳий, яъни мустақил ғазалнинг фақат бир мавзу – ишқ-муҳаббат мавзусини қамраганлиги эътиборга олинса, унинг қасидадан пайдо бўлиши ҳақиқатга яқинроқ бўлиб чиқади. Лекин бу фикрни қитъага нисбатан айтиб бўлмайди.
Чунки бу шеърий жанр асарлари (бу масалада кейинроқ алоҳида тўхталамиз) турли мавзуларни қамраб олади, уларни (мадҳ, ишқ, табиат манзаралари тасвиридан ташқари) қасида мундарижасида деярли кўрмаймиз. Бу ҳам бир далилдирки, қасидадан алоҳида ақида ё тасаввурга, қитъанинг мустақил шеър шаклини олишга мос келмайди. Бизнингча, қитъа қасидадан вужудга келмаган, аксинча, мумтоз форс-тожик адабиёти тадқиқотчилари фикрича, энг қадимий бўлмиш бу жанрдан ҳам олдинроқ пайдо бўлган.
Ушбу фикримизни исботлаш учун дастлаб бир қатор шакли қисқа бўлган қитъага ўхшаш шеърларга мурожаат қиламиз. Ушбу шеърий шакллар адабий манбаларда форс шеъриятининг илк шоирларига нисбат берилиб, форс-тожик адабиёти тарихи бўйича ёзилган деярли барча китобларда таҳлил қилинган.
Форсий шеъриятнинг “илк шоирлари”га оид, энг аввало, Саффор хонадонининг илк ҳукмрони Яъқуб ибн Лайс (867-879 ҳукмронлик даври) саройида котиб бўлиб хизмат қилган ҳамда араб тилида ҳам шеърлар ёзган Муҳаммад бин Васиф номли сиистонлик шоир ҳақидаги манбалар ушбу масалага ечим топишда катта аҳамиятга эга. Муаллифи номаълум бӯлган «Сиистон тарихи» асарида ёзилишича, араб тилида ижод қилган ушбу шоир Яъқуб ибн Лайс учун илк марта форс тилида шеърлар яратган. Шунинг учун олимлар уни форс-дарий шеъриятининг “илк шоирлари” қаторига қўйишган. Лекин бунга шоирнинг яшаш замони нуқтаи назаридан қаралганда (ҳижрий 296-297, милодий 908-910 йилларгача мавсуф ҳаёт эканлиги ҳам маълум) уни форсий-шеъриятнинг «илк шоирлари» қаторига киритиш мантиқий жиҳатдан мос келмайди. Чунки у VIII аср ва IX асрнинг бошларида ижодий фаолият юритган ушбу шоирлар гуруҳидан анча кейин ҳаёт кечирган.
Бизнингча, агар “Сиистон тарихи”даги Ибн Васиф “форсий шеъриятининг илк шоири” эканлиги борасидаги маълумот форсий қасиданависликда илк шоир маъносида тушунилса, ҳеч қандай баҳсга ўрин қолмайди. Дарҳақиқат, қасида сарой шеъриятининг асосий тури бўлгани боис форс-тожик назмининг қадимги даврларида (IX–XII асрлар) қасидани умумий тарзда шеър деб аташган, яъни “қасида” атамаси ўрнига “шеър” атамаси ишлатилган. Бу фикр ӯша давр шоирлари шеърлари ва манбаларидан маълум. Жумладан, Муҳаммад Авфий Бухороий 1222 йилда ёзган “Лубоб ул-албоб” тазкирасида XII асрнинг қитъанавис шоири Шатранжий Самарқандий ҳақида маълумот бериб: “унинг ёзганларининг барчаси қитъадир ва ундан шеър ва ғазал ривоят қилишмаган”, - деб ёзади.
Бу ерда тазкира муаллифи “шеър” деб қасидани назарда тутган. Бинобарин, Яъқуб ибн Лайс Саффорийнинг котиби ва арабзабон шоир Ибн Васиф форс-дарий тилидаги илк қасидани ушбу эронлик ҳомийси хоҳишига кўра ижод қилган. Манбаларда унинг форсий қасидалардан иккита нотугал намуна келтирилган.
“Сиистон тарихи” асарида Ибн Васиф замондоши, Яъқуб ибн Лайс Саффорий саройининг шоирларидан бири Бассом Курд ҳам илк форсий қасиданинг муаллифига издошлик қилиб, ушбу тилда шеърлар битган, илк форсзабон шоирлар сафига киритилган. Бассом Курд ҳам Ибн Васифнинг форсий қасидаларига таяниб, шеър ёзишдан олдин араб тилида шеърлар ижод қилар экан. Бу ҳам форсий қасидаларга кўра, икки қадимги шоирнинг илк форсзабон шоирларга мансуб бўлишининг яна бир далилидир. Лекин ундан ушбу манбада келтирилган олти мисрали шеър мусарраъ қитъа шаклида, яъни, биринчи байтининг иккала мисраси қофиядош бўлиб, унинг қасидадан алоҳида парча эканини истисно қилади.
Шу тариқа, Ибн Васиф ва Бассом Курд илк форсий қасидаларни Яъқуб бин Лайс Саффорийнинг ҳукмронлик даврида, яъни IX асрнинг иккинчи ярмида ижод қилишган бўлса, уларни ҳеч қанақасига форсий шеъриятнинг илк шоирлари сафига киритиб бўлмайди.
Зеро, форс-дарий шеърияти улардан олдинроқ, яъни IX асрнинг биринчи ярмида Ҳанзала Бодғисий (ваф. 834-835) ва Маҳмуд Варроқ Ҳиравий (ваф. 835-836) каби шоирларнинг ижодий фаолиятида вужудга келган эди. Агар бу икки сўз санъати устаси, яъни Яъқуб ибн Лайс Саффорий саройига боғлиқ номи зикр этилган икки шоирдан олдин форсий қасида вужудга келмаган бўлса, “илк форсзабон шоирлар қайси шеърий жанр ёки шаклларда ижод қилишарди?”,-деган савол туғилади.
Мумтоз шеъриятнинг маълум жанрларидан ҳисобланган рубоий ўша даврда ҳам халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида қаралиб мумтоз шеърият жанрлари системасига кирмаган эди. Адабий манбаларнинг маълумотига таянадиган бўлсак, рубоийни илк марта Рудакий ўз ижодида қўллаган эди.
Истилоҳий ғазал, яъни мустақил шаклда яратилгани ҳам бу давр шеъриятида маълум бўлмаган. Шунинг учун машҳур тожик олими А.Мирзоев ўзининг “Рудакий ва X-XI асрларда ғазал тараққиёти” номли тадқиқотида қасиданинг ишқий насиби қасидадан ажралиб, мустақил ғазал шаклини олиш масаласи таҳлилида ўзининг мутлақ назарий мулоҳазаларини очиқчасига охирга етказиш учун Х асрдаги шоирлар асарларидан бирорта ғазални мисол тариқасида қўлламаган.
Аммо шундай туюладики, ғазал мустақил ишқий шеър маъносида форсий қасиданинг вужудга келишидан олдин илк форсзабон шоирлар ижодида алоҳида ўрин тутар эди. Бу фикр Ҳанзала Бодғисийнинг бизгача етиб келган асарларидан маълум бўлади. Ушбу шоирнинг бугунгача етиб келган иккита шеъридан бири нотугал ғазал бўлиб, уни ғазал жанрига мансуб деб айтолмаймиз. Лекин Ҳанзаланинг сақланиб қолган иккинчи шеърининг қофияланиши ва том маънодаги бадиий мазмуни қитъа жанрига мансублигига бирор шубҳа қолдирмайди.
Меҳтарӣ гар ба коми шер-дар аст,
Шав, хатар кун, зи коми шер биҷўй!
Ё бузургию иззу неъмату ҷоҳ
Ё чу мардон-т марг рўёрўй[2].
Мазмуни: Агар буюклик шер комида мавжуд бўлса, ўзингни хатарга солиб, уни шер комидан изла. Ёки буюклик, иззат ва неъмат-у мартабани танла, ёки эркаклардек юзма-юз ўлимни.
Бу қитъани унинг муаллифи яшаган давр (IХ асрнинг биринчи ярми) га нисбатан мансублигини инобатга оладиган бўлсак, Муҳаммад ибн Васиф ижодида илк форсий қасиданинг пайдо бўлиш давридан (IХ асрнинг иккинчи ярми) анча олдин яратилган. Демак, қитъа шеъри илк форсзабон шоирлар ижодида қасидадан олдин мавжуд бўлган. Шунинг учун “Рудакий асрдошлари шоирлари” (“Ашъори ҳамасрони Рўдакӣ”) тузувчилари томонидан Маҳмуд Варроқ шеърларини асоссиз равишда кейинги даврлар шоирлари ижодига мансуб деб эътироф этиб бўлмайди[3].
Маҳмуд Варроқнинг қўлимиздаги бир шеърини, гарчи у ўз вазни бўйича рубоийга яқин бўлса ҳам, қитъа жанрига мансуб дейишимиз мумкин.
Нигорино, ба нақди ҷон-т надҳам,
Гаронӣ дар баҳо, арзон-т надҳам.
Гирифтастам ба каф домони васлат,
Ниҳам ҷон аз кафу домон-т надҳам[4].
Мазмуни: Эй нигор, сени жон билан тенг баҳоламайман, баҳоинг қиммат туради, арзон бермайман. Қўлим билан васлинг этагини тутдим, жоним кетса ҳам, этагингни маҳкам тутиб тураман.
Ҳар ҳолда, Ҳанзаланинг икки шеъри ва Маҳмуд Варроқнинг бизгача етиб келган ягона шеъринингнинг ҳам қасидага ҳеч қандай алоқаси йўқ, яъни ундан ажралган алоҳида шеърий парчалар эмас. Аксинча мазкур шеърларни илк форсзабон шоирлар қитъа шеърий шаклида ижод қилганлигини кўрсатади. Айтиш мумкинки, айни замонда маълум ва исми номаълум бошқа илк форсзабон шоирлар ҳам ушбу шеърий шаклда ижод қилишган. Қасидалар эса ушбу шоирлардан IX асрнинг иккинчи ярмида, Саффорий ҳукмдорларнинг ҳукуматига боғлиқ бир неча шоирларнинг ижодида намоён бўлган.
Ҳанзала Бодғисий ва Маҳмуд Варроқ каби илк форсзабон шоирлар замонида форсий қасиданинг талабгорлари ва харидорлари ҳали ҳам майдонга чиқмаган эди. Саффорийлардан олдин тахт тепасига келган Тоҳирийларнинг илк эроний ҳукмдорлари ўзини ўзи англаш туйғусидан маҳрум эканлиги учун ўз она тили – форс-дарийда шеър айтишга рағбат қилишмаган. Бу ҳолда, форсийзабон шоирлар уларнинг ҳукмдорлари билан алоқада бўлиб, ҳукмдорлар мадҳига форс-дарий тилида қасидалар ижод қилолмасдилар. Юқорида номи зикр этилган икки шоирнинг сақланиб қолган шеърлари орасида сарой қасидасига боғлиқ мазмунга эга бўлган ёки давлат ҳукумати билан ўз муаллифларининг алоқасидан хабардор қилувчи, лоақал, бирор байт кўзга ташланмайди.
Тоҳирийлар даврида, умуман, янги форс-дарий тилида сарой адабиётининг илк намуналари вужудга келиши учун шароит бўлмаган эди. Шунинг учун Ҳанзала ва Маҳмуд Варроқни Тоҳирийлар ҳукмдорлари билан замондош деб кўрсатишса ҳам, улар бошқа илк форсийзабон шоирлар каби ҳукмдорлар билан умуман алоқа қилмаган. Бу ҳол эроншуносликда машҳур турғун бир ғоя – мумтоз форс адабиётининг подшоҳлар саройидан бошланганини ҳам инкор этади. Шунинг замирида қитъанинг шеърий шакли илк форсзабон шоирлар ижодида асосий мақом тутгани боис ушбу шеърий шаклнинг сарой қасидасидан вужудга келиши тўғрисидаги машҳур ақида ҳам рад этилади. Маълум бўладики, қитъа сарой қасидасидан ажраламаган, у шеъриятнинг ушбу мадҳиявий жанридан анча олдин, саройга мутлақо алоқаси бӯлмаган шоирлар ижодида пайдо бӯлган.
Мумтоз форс-тожик поэзияси илк намуналари қитъанинг шеърий шаклига мансублиги яна шуни кўрсатадики, бу назм лириканинг кичик жанрларидан бошланган.
VII - VIII асрларда форс тили шеваларида вужудга келган илк шеърлар форс адабиёти тарихи китобларида келтирилган, шунингдек, улар лирик поэзиянинг кичик шаклларига тааллуқлидир. Ушбу шевада ёзилган лирик шеърларни илк форс-дарий назмий асарлар пайдо бўлишининг бирламчи ва асосий манбаси деб эътироф этиш ҳам мумкин. Улардан бири Бағдод – араб халифалари пойтахтида Бармакийнинг (VII-VIII асрлар) келиб чиқиши эроний вазирлари хизматида бўлиб туриб, араб тилида шеър айтган самарқандлик шоир Абулянбағий Аббос ибн Тархон томонидан Самарқандни эъзозлаш ҳамда унинг вайронага айланишидан афсус чекишга бағишланган шеъридир. Унинг ўша давр Самарқанд халқи шевасига мутаносиб равишда ёзган қитъаси айни пайтда форс-тожик адабиёти тарихи тадқиқотчилари орасида машҳур бўлган ва бу шеър бор-йўғи икки байтдан иборат:
Самарқанди кандманд,
Бад-инат кӣ афканд?
Аз Чоч та беҳӣ,
Ҳамеша та хеҳӣ.
Мазмуни: Вайронага айланган Самақанд, ким сени бу ҳолга туширди? Сен Чоч (Тошкент)дан афзалсан, доимо яхшисан.
Шева кўринишидаги илк форсий шеърлардан бири Балх болалари тилидан айтилган қуйидаги тўрт мисрали ҳажвий шеърдир. Бу лаҳжадаги шеър Хуросон ҳокими Асад бин Абдуллоҳнинг 108 ҳижрий йилда (726-727 милодий йил) Хатлон вилоятининг ўжар ҳокимига қарши урушда мағлубиятга учраб, Балхга қайтиш тарихий воқеаси муносабати билан битилган. Балх болалари кўчаларда араб ҳокимининг шармандали мағлубиятини масхара қилиш ва ўз хурсандчиликларини ифодалашда бу ҳажвияни куйлаш билан баён этишган:
Аз Хуталон омадия,
Ба рў табоҳ омадия.
Хушку низор омадия,
Овор боз омадия.
Мазмуни: Хатлондан оғир аҳволда қайтиб келдинг, Ночор, заиф ва саргардон бўлиб яна келдинг.
Шу билан бир қаторда илк форсий шеъриятининг уч мисрали лаҳжа намунаси манбаларда араб шоири Язид ибн Муфаррағдан (VII аср) келтирилган. Бу шеърнинг яратилиш сабаби бир бойваччани ҳажв қилинганлиги тафсилоти, яъни Басра шаҳрида Убайдуллоҳ ибн Зиёд фармони билан бойваччага ширин шароб (набиз) билан ич сурадиган шабрам ўтидан тайёрланган дамламани қўшиб ичирилган воқеа тафсилотига бағишланган. Кейин унинг ёнига чўчқа билан мушукни ипга боғлаб қўйишган. Уни шундай маст ва лойга беланган ҳолатида шаҳар кўчаларида айлантиришган. Форсий забон болалар Язид орқасидан бориб “Бу нима? Бу нима?” деб сўрашганида шундай жавоб эшитишган:
Об асту набиз аст,
Асороти забиб аст,
Сумайа рўсабиз аст[5].
Мазмуни: Сув билан шаробдир, қуруқ узумнинг асоратидир. Сумая ёмон хотиндир.
Юқорида келтирилган шеърлар фақат VII-VIII асрларда вужудга келган форсий лаҳжалардаги илк шеърларнинг алоҳида намуналаридир. Аслида бундай шеърларга ўхшаш намуналар кўп бўлган, лекин улар ёзма манбаларда қолдирилмагани боис бизгача етиб келмаган.
Кўриб турганимиздек, ушбу лаҳжавий характердаги шеърлар мисраларининг қисқалиги ҳамда ўз вазн-оҳанги билан фольклор шеърларини эслатувчи кичик шакллар (одатда тўрт мисра) қолипида ижод қилинган. Улар мисралар миқдори жиҳатидан, тўрт мисрали кичик қитъаларга ўхшайди. Лекин кейинги давр адабий қитъалари билан ушбу лаҳжа шеърларининг ўхшашлиги тўлиқ маънода эмас. Илк лаҳжа шеърлари ўз зоҳирий шаклининг бошқа унсури билан бутунлай фарқ қилади. Агар Абулянбағий шеъри маснавий қофияланишида (а-а-б-б) ёзилган бўлса, Язид ибн Муфаррағ ва Балхиён шеърлари халқ тароналари қофияланишида (-а-а-а-а) ижод қилинган.
Кузатишларга кўра, илк лаҳжавий лирик шеърларда қофияланиш эркин, яъни турли шаклда учрайди. Эркин қофияланиш зоҳиран олганда бир шеърни маснавийга, бошқа шеърни таронага, учинчисини қитъага ўхшатган. Лекин шубҳа қилиб бўлмайдики, Абулянбағийнинг маснавий қофияланишида ёзган шеъри аслида лириканинг ушбу улкан жанрида ижод қилинган, унинг тўрт мисраси тугалланмаган ва ўзидан сўнг орадан йўқолган давоми бўлиши ҳам мумкин. Умуман, илк лаҳжа шеърларининг шакли ёки жанри аниқ эмас. Бундай шеърларнинг эркин қофияланиш тарзи шуни кўрсатадики, улар ҳанузгача аниқ жанр ёки шаклларга ажралмаган ҳамда улар учун аниқ қолиплар вужудга келмаган эди. Шу билан бирга, форс тилидаги илк лаҳжа шеърларини ўзининг зоҳирий шаклида кейинги даврлар адабий қитъаларига ўхшашлигини инкор қилиш мумкин эмас. Шунинг ўзиёқ IХ аср биринчи ярмидаги илк форсийзабон шоирлар ижодида мавжуд адабий қитъалар бундан олдинги даврда яратилган - лаҳжа шеърлар билан алоқадор бўлганлигини кўрсатади. Демак, илк лаҳжа шеърларининг мазмун-мундарижаси билан мумтоз поэзия қитъалар мазмунида мақтов, фахрланиш, ҳажв каби умумийликлар яққол кўзга ташланади.
Мумтоз шеърият қитъалари ўзининг арабчага таянган қофиядошлик тузилишига кўра, илк адабий шеърлардан ҳамда қитъанинг лаҳжа шеърларидан бутунлай фарқ қилади, лекин ҳажм жиҳатидан мазкур типдаги шеърларни эсга солади.
Мумтоз форс-дарий шеърияти қитъаси ўзининг қофия тузилишини арабий қасида ва қитъадан олган, лекин унинг жанрий хусусиятлари манбаси исломдан аввалги даврлардаги форс шеърияти ҳисобланади. Эрон адабиётшунослигида, шунингдек, Ш.Ёрмуҳаммедовнинг тадқиқотида қитъа ӯрта асрлар шеършунослигидаги каби шеърий қолип доирасида таҳлил қилинган. Ҳолбуки, қитъа фақат шакл жиҳатидан эмас, мавзу ва мундарижа хусусиятлари билан ҳам алоҳида шеърий жанр ҳисобланади. Уни мустақил шеърий жанр сифатида эътироф этиш учун фақатгина шаклий хусусиятлари эмас, балки мазмуний хусусиятлари ҳам эътиборга олиниши лозим.Улар мумтоз форс-дарий шеъриятида қасидадан олдинроқ намоён бўлиб, арабий қасида ва қитъалардан эмас, балки эроний тубжой аҳолисининг лаҳжа ва фольклор каби қитъа шеърларидан озиқланган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Муллоаҳмад М. Қитъа дар осори Рўдакӣ \ Донишномаи Рўдакӣ, ҷилди 3. - Душанбе; 2018. - C. 441-447;
2. Имронов С. Ибни Ямини Фарюмадӣ. Ҳаёт ва мероси адабӣ.-Душанбе: Ирфон, 1966;
3. Ёрмуҳамедов Ш.Р. Жанр китъа в творчества Анвари Абеварди. АКД.-Душанбе, 2011.
4. Ёрмуҳамедов Ш. Жанри қитъа дар эҷодиёти Анварӣ.-Душанбе, 2011,- c.11-12;
5. Саъдиев С. Жанри қитъа ба мавқеи он дар шеъри асрҳои X-XII \\ масъалаҳои филологияи тоҷик. Маҷмўаи мақолаҳои илмии муаллимони кафедраи забон ва адабиёти тоҷик ДДС.-Самарқанд. 1008;
6. Шерназаров А. Эҷодиёти даҳанакии халқи тоҷик. -Самарқанд: СамДУ, 2017;
7. Шерназаров А. Қашқадарё тожик маросим фольклорида икки тиллилик ва адабий таъсир. Филол. фан номз... дисс. Автореф. - Самарқанд, 2018;
8. Ҳодизода Р., Шукуров М., Абдужабборов Т. Фарҳанги истилоҳоти адабиётшиносй.-Душанбе: Ирфон, 1966, с.118.
Axmedova D. The origin of the qit'a genre in classical persian-tajik literature. This article focuses on the origins of the qit'a genre by analyzing early manuscripts of Iranian peoples and the initial folkloric poems resembling qit'a in the early Islamic era. It aims to identify and demonstrate the development and refinement of qit'a as a distinct genre in classical Persian-Tajik poetry during the 9th-10th centuries.
Ахмедова Д. Зарождение жанра китъа в классической персидско-таджикской литературе. Эта статья посвящена выявлению и изложению происхождению жанра "китъа" на основе рукописей иранских народов периода раннего ислама, а также первых фольклорных стихотворений, подобных "китъа", совершенствования "китъа" как отдельного жанра в классической персидско-таджикской поэзии IX-X веков.
[1]Муллоаҳмад М. Қитъа дар осори Рўдакӣ \ Донишномаи Рўдакӣ, ҷилди 3. - Душанбе; 2018. - C. 441-447; Имронов С. Ибни Ямини Фарюмадӣ. Ҳаёт ва мероси адабй.-Душанбе: Ирфон, 1966; Ёрмуҳамедов Ш.Р. Жанр кита в творчество Анвари Абеварди. АКД.-Душанбе, 2011. Ёрмуҳамедов Ш. Жанри қитъа дар эҷодиёти Анварӣ.-Душанбе, 2011,- c.11-12; Саъдиев С. Жанри қитъа ба мавқеи он дар шеъри асрҳои X-XII \\ масъалаҳои филологияи тоҷик. Маҷмўаи мақолаҳои илмии муаллимони кафедраи забон ва адабиёти тоҷик ДДС.-Самарқанд. 1008; Ҳодизода Р., Шукуров М., Абдужабборов Т. Фарҳанги истилоҳоти адабиётшиносй.-Душанбе: Ирфон, 1966, с.118
[2]Ашъори ҳамасрони Рӯдакӣ. Таҳияи матн ва луғату тавзеҳот аз Худоӣ Шарифов ва Абдушакур Абдусатторов. – Душанбе: Адиб, 2007. - С. 20
[3] Қаранг: Саъдрӣ Саъдиев. Маркази адабии Самарқанд дар шоҳроҳи таърих. Тошканд: Энсиклопедияи миллии Ўзбекистон, 2012. -С. 9-11
[4]Шу китоб, - Б. 21
[5] Ашъори ҳамасрони Рӯдакӣ. Таҳияи матн ва луғату тавзеҳот аз Худоӣ Шарифов ва Абдушакур Абдусатторов. – Душанбе: Адиб, 2007. - С. 14