НАЗАР ЭШОНҚУЛ “ТАҚИҚ МЕВАСИ” РОМАНИНИНГ НЕОМИФОЛОГИК ТАҲЛИЛИ

Диний манбаларда баён этилган илк гуноҳ асрлар давомида диний-ақидавий парадигма доирасида  асосан “дастлабки гуноҳ”ва инсоннинг бузуқ табиатига туртки бўлган тарихий воқеа сифатида англашилган. Бироқ ХХ аср ушбу мифни тушунишда кескин бурилиш ясади. Фалсафий, психоаналитик ва маданий изланишлар контекстида архаик воқеа тор маънодаги илоҳиётшунослик объекти мақоми чегараларидан ўтиб, антропологик тадқиқотлар учун бой таҳлил ва талқин материалига айланди. Хх асрда вужудга келганнеоми-фологизм ушбу мифни ўтмиш ҳақидаги ҳикоя сифатида эмас, балки имплицит тарзда инсон онгининг структураларида яшаб келаётган ва ҳозирги даврдаги шахсий ва жамоавий тажрибаларда намоён бўлаётган абадий архетипик модель сифатида олиб қарашни таклиф қилади. Бундай ёндашувда Одам ва Ҳаввонинг гуноҳга йўл қўйиши воқеаси шунчаки қадимий ҳикоят бўлмай, инсоний ўзликнинг ва маданиятнинг шаклланиши ҳамда ривожланишидаги инқирозли босқичларнинг чуқур рамзий тавсифи сифатида талқин қилинади. Шулардан келиб чиқиб, мазкур мақоламизда кўтарилган тадқиқотнинг долзарблиги замонавий инсониятнинг фундаментал муаммолари: экзистенциал хавотир, бегоналашув, инқирозлар ўзига хослиги ва инсон билан табиат ўртасидаги узилиш каби масалалар таҳлили учун илк гуноҳ мотивининг неомифологик талқини эвристик имкониятларини аниқлаш зарурати билан боғлиқ. Мақоланинг мақсади замонавий ўзбек насрида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаган муаллиф – Назар Эшонқул асарида талқин қилинган илк гуноҳ мотивининг неомифологик ёндашувнинг: когнитив, экзистенциал, психоаналитик ва адабий-танқидий каби асосий парадигмалари орқали таҳлилидан иборат. 

Илк гуноҳ мотивининг неомифологик талқинининг назарий асоси бўлиб, фалсафа, психология ва маданий анртропология ҳамда адабиётшуносликда ишлаб чиқилган ғоялар синтези хизмат қилади. Мифшунос олим Мирча Элиаденинг миф замонлар дебочасида юз берган сакрал (илоҳий, муқаддас) воқеанинг моҳиятини очиши билан бирга кейинги даврлардаги инсоний барча фаолият ва кечинмалар учун парадигмал модель вазифасини бажаради деган фикри фундаментал ҳисобланади. Мифологик замон такрорий даврий ва маросимларда қайта-қайта воқеланади, секуляр жамиятда эса – инсонлар ўзини тутиши ва руҳиятнинг онгсиз андозаларда намоён бўлаверади. Ушбу контекстда жаннат бўлиниш арафасидаги борлиқ билан ички алоқа ва мутлақ яхлитлик ҳолатининиг рамзидир. 

Шунингдек, Карл Густав Юнгнинг архетиплар назарияси ҳам муҳим рол ўйнайди, унга кўра жамоавий онгсизликда универсал, туҳма руҳий структуралар бор бўлиб, улар мифларда, тушлар ва ижодда ўз ифодасини топади. Бу тизимда ил гуноҳ мотиви онгсизликдан оғриқли, аммо зарурий бзлган шахсий “Мен”нинг шаклланишига ўтишнинг архетипик сценарийси сифатида тушунилади. Бу жараённи Юнг индивидуалликка эришиш деб атайди ва у руҳиятнинг турли босқичлари: Эго, Шарпа (йўлдан урувчи куч) ва Шахсият орасидаги зиддиятларни тақозо қилади.

Мартин Хайдеггер ва Жан-Пол Сартрларнинг асарларида ривожлантирилган экзистенционал нуқтаи назардан илк гуноҳ ҳақидаги миф инсоний мавжудлик усулида кескин бурилишни тавсифлайди. Тақиқ мевасининг ейилиши трансценденция, белгиланган чегаралрдан чиқиш ҳодисаси, шу билан бирга дастлабки уйғун мавжудликдан ҳам оғишдир. Бунинг оқибатида жаннатдан ҳайдалиш эса инсоннинг бу дунёга “ташланиши”, эркинлик, масъулият ва шулардан келиб чиқувчи муқаррар хавотир ҳолатларининг фалсафий таърифи деб тушунилади. Илк инсонлар ҳис қилган уят – экзистенциал ёлғизлик ва Ўзгани  баҳолашнинг илк белгиларидир.

Шу тарзда, неомифологизмнинг назарий тадқиқотлари илк гуноҳ мотивига кўп ўлчамли архетипик структура сифатида қарайди ва ушбу структура когнитив, экзистенциал, психологик ва адабий-танқидий назариялар воситасида таҳлил қилинганида ўзининг маъноларини очади. Бу эса қадимий мифни замонавий инсон ва жамиятнинг инқирозли ҳолатлари ташхиси учун кучли восита вазифасини ўтайди.

Неомифологизм мифда “эртак” ёки “адашиш”ни эмас, инсон онгининг фундаментал структурасини кщрадиган ХХ аср фалсафаси, маданиятшунослиги ва адабиётшунослигида вужудга келган йщналиш. Асосий тамойиллари: архетипиклик, замоннинг даврий (циклик)лиги, рамзийлик, долзарблик.

Анъанавий талқинда илк гуноҳ Одам билан Ҳаво Эзгулик ва Ёвузликни билиш Дарахтининг мевасидан ейиш тақиқини бузишади. Сабаби иблис томонидан йўлдан урилиш, кибр, худолар каби бўлишга интилиш кўрсатилади. Оқибати жаннатдан ҳайдалиш, ўлим ланъати, меҳнат ва машаққатга тўла турмуш, Яратган билан бевосита мулоқотдан маҳрумлик. Асрлар давомида инсон табиати, тийнатининг бузуқлигини бошлаб берган тарихий ҳодиса сифатида талқин қилинди.

Неомифологик талқинда тарихий ҳодиса экзистенциал муаммога эврилиши ва “ўшанда нима бўлганди” саволидан “ҳозирда нималар юз бераяпти” эътибор қаратиш кузатилади. Илк гуноҳ бир марталик ҳаракатдан инсон ҳолатининг архетипига айланади.

Адабий танқидчилар ва адабиётшунос тадқиқотчилар томонидан модернистик ўзбек насрнинг устоз намоёндаларидан бири сифатида этироф этиб келинаётган Назар Эшонқул ўз таъбири билан айтганда икки новелладан иборат “Тақиқ меваси” романида (роман ҳажми кичик ва уни қайсидир маънода мини-роман жанри намунаси ҳам ҳисоблаш мумкин) илк гуноҳ мавзусининг индивидуал муаллифона талқинига қўл уради.

Биз “Тақиқ меваси” романи матнида диний-мифологик манбаларда, жаҳон фольклори ва бадиий адабиётида ушбу мавзу билан боғлиқ барча персонажларни ўзгача талқинда учратамиз. Бунда бош қаҳрамон, ровий йигит ўзини Адам ҳисоблайди, Ҳаво унинг севгани, актриса қиз. Қизиғи, романда театрнинг режиссёри сифатида талқин қилинган Маъбуд образи воқеалар ривожи давомида Иблис ролини ҳам ўзи ижро этади.

Роман ровийнинг такрорланиб турувчи тушлари ёки хаёлларининг навбатдаги тасвири билан бошланади: “Айнан шу жойга келганда ҳаммаси бошқатдан бошланарди: яна қайта фаришталарнинг ҳам сўлагини оқизадиган даражада мевалари ғарқ пишган дарахт ёнида турган аёлни, унга мева узиб бераётган қоп-қора шарпани қайта-қайта тасаввур қилар, бу манзаранинг суратини ўзимча чизар эдим”[8,279]. Шундан кейин ҳам роман сюжети давомида ровий қаҳрамон бу манзарани кўп бора ҳам тасаввурларида, ҳам ҳаётда кўради. Адабиётшунос Санобар Тўлаганова ўзининг “Момокалонимиз” бўлган Клеопатра, такяга борган Навоий ва Иблисга исён қилган ёзувчи – замонавий ўзбек романчилигида нималар ҳақда ёзиляпти?” номли таҳлилий мақоласида ушбу роман ҳақида қуйидаги мулоҳаларни келтиради: “Асарда Одам Ато ва Момо Ҳавво, Иблис каби анъанавий тимсолларнинг ўзига хос талқинига гувоҳ бўласиз. Фалсафий кўламдорлик, эпик баёндаги шартлилик, ақлий ва ҳиссий билишдаги ўзаро уйғунлик мазкур асарда ўз аксини топган. Муаллиф асарда мазмунни метафорага сингдириб юборади, бадиий ғояни рамзга юклайди. Ёлғизлик ҳисси, жамиятдан қочиш, бегоналашув, ўзини-ўзи тергаш, ғайбий ҳодисаларнинг қаҳрамон руҳиятидаги изларига назар солиш каби ҳолатлар мазкур романнинг етакчи хусусияти саналади. Асар бир мунча мураккаб рамзий мажозий тилда сўзлайди, рамзлар воситасида ишораларга бой.”[3]

Дарҳақиқат, шу пайтгача кузатилган илк гуноҳ мавзусининг бадиий талқинларида Иблиснинг исёни ҳақидаги тасвирларни учратамиз. Инглиз шоири, ёзувчиси, драматурги Жон Мильтоннинг “Йўқотилган жаннат” асари бунга яққол мисол бўлади. Назар Эшонқул ҳам ўзининг “Тақиқ меваси” романида бу асарга алоҳида эътибор қаратади: “Ҳа, бу қанча истеъдодлару истеъдодсизларнинг ақлини олган, телба қилган, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир режиссёр, ҳар бир актёр зоти саҳнага олиб чиқсам, бир марта ўйнасам, кейин жон берсам ҳам армоним қолмайди деб орзу қиладиган, томоша эҳромининг энг юқори чўққиси саналган, кейинги эллик-олтмиш йил ичида театрларда саҳналаштириш ва ижро этиш фақат хаёллигича қолиб келаётган, фақат бизни эмас, дунё театрларини ҳам ҳамиша васвасага ва жунбишга солиб турадиган ўша машҳур “Жаннатдан қувилиш” томошаси эди”[8,281]. С.Тўлаганованинг фикрига қўшилган ҳолда айтишимиз мумкинки, юқорида келтирилган матн парчасида муаллиф “рамзий мажозий тилда”сўзлайди, “рамзлар воситасида ишоралар” билан Яратган ва Иблис ўртасидаги баҳс, Одам ва Ҳавонинг илк гуноҳи ва уларнинг жаннатдан қувилиши, иблиснинг инсон руҳини эгаллашга мунтазам ҳаракат қилиб келиши, ҳамма нарсадан хабардор Худонинг бунга йўл қўйиб бериши ва тақдири олдиндан битилган адашганларни жазолаши, бу дунёга инсон нега келиши ва нима мақсад билан яшаши масалалари жаҳонда тафаккур қилувчи барчани қизиқтириб келаётганини айтиб ўтади. Бироқ Н.Эшонқул талқинининг улардан фарқи шундаки, бу романда инсон ўз қисматидан норози бўлиб исён кўтаради: “Менинг чизиш-чизмаслигимдан қатъи назар, Аёл дарахт олдига боришини, ўша мевани ейиши муқаррарлигини билардим, билсам ҳам, ўжарлик билан ўзимча Маъбудга, унинг хоҳиш-иродасига қарши вақтни чўзиш билан муқаррарликка исён қилардим”[8,280]. Илк гуноҳ архетипик мотивининг неомифология нуқтаи назаридан когнитив таҳлили гуноҳни онгнинг туғилиши, англашнинг бошланиши сифатида талқин қилади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган Шодмонқул Саломовнинг Назар Эшонқул билан суҳбатида ёзувчи қуйидаги мулоҳазаларни келтиради ва бундан муаллиф асарларидаги образларнинг эволюцияси кузатилади “«Қора китоб» қаҳрамони эса унга қараганда фаолроқ. У ўзини англаб етди. Англаб етдигина эмас, ўзи ҳақида хулоса ҳам қилиб бўлди. Лекин у англаб етган хулоса, ҳаддан ташқари шафқатсиз эди. У ўзининг «мен»ини шу қадар фожеага олиб келган нарса нима, деган саволга жавоб излади. Жавоб излаш оқибатида ўзи яратганини қурбон қилди. Чунки у дафъатан ўзининг қурбон бўлганини билиб қолди. Кимнинг, ниманинг йўлида? Ким ва нима учун? Агар у кундалик ҳаёт тарзини бузмай яшаб келганида, ўзининг қурбон бўлганини ва қурбон бўлаётганини англамасдан, бошқалар каби яшаб ўтарди. Лекин у англаш сари юз тутди. Оқибатда ўзининг қайсидир ғоя йўлида қурбон бўлганини англаб қолди. У қурбон бўлганда ҳам масхараомуз тарзда қурбон бўлганди. У ниманики гўзаллик ва озодлик тимсоли деб сиғинган бўлса, сиғингани жаҳолат ва қатағон бўлиб чиққан эди. У ниманики эзгулик учун яратган бўлса, ёвузликнинг хизматкорига айланганди. У айбсиз айбдор бўлиб чиқди”[12].

Роман “Ҳаво”, “Малак”, “Аввал”, “Мунозара”, “Марсия” каби бобларга бўлинган ва уларда муаллиф изчиллик билан неомифологик сюжет яратиб келади: романда мифологик замонлар ва уларга тааллуқли воқеа-ҳодисалар ҳамда тимсоллар билан бир вақтда замонавий кишилар ва муаммолар ҳақида сўзланади. “Ҳаво” бобида театр хронотопидан фойдаланиб, Н.Эшонқул олам ва одам яралиши замонларида содир бўлган воқеаларга рамзий муносабат билдиради. Ровий инсон актриса Ҳавони севади, унинг жуфти бўлишини истайди. Бироқ уларнинг бахтига режиссёр Иблис қиёфасидаги Маъбуд тўсиқ бўлади: “Саҳнада Иблис қиёфасида Маъбуд пайдо бўлди ва у ўзининг Яратганга қарши исёнини намоён қилувчи нутқ ирод этди. Маъбуд деб билганимиз ва сиғинганимиз, аслида, Иблиснинг ролига жуда боп экан; у Иблис ролини худди ўзи уни аввалдан билгандай, у худди ўз дўстидай, ўз устозидай ёки унинг ўзидай ижро этарди. Унинг Маъбуд қиёфасидаги Иблис эканига энди менда заррача шубҳа қолмаганди. Ва ниҳоят Иблис ўзининг бутун ибтидодан бошлаб ўқиган, ўрганган, ўзлаштирган сеҳру жодусини, маҳоратини, билими ва истеъдодини ишга солиб Ҳавонинг қўлидан тутди, уни тақиқ дарахти сари етаклаб борди ва унга ўн саккиз минг оламнинг гуноҳи ва тазаррусига сабаб бўладиган мевани узиб берди...”[8,300]

Неомифологик талқинда илк гуноҳ – ахлоқий хато эмас, балки онгнинг ривожланишида улкан сакраш бўлиб, у мислсиз имкониятларни (маданият, илм-фан, ахлоқ) ҳам, оғир оқибатлар: бегоналашув ва экзистенциал юкни ҳам олиб келди. Эрих Фром ва баъзи бошқа экзистенциалчилар бу ҳодисада инсонга хос ёлғизликнинг бошланишини кўрадилар.  Психоаналитик талқинда Ҳавони йўлдан уриб, тақиқни бузишга етаклаган Иблис (илон) муқаррар, лекин инсон ҳаётидан сиқиб чиқарилган, онгга ёриб чиқадиган инстинктлар тимсоли Шарпа архетипидир. Яратганнинг тақиқлари ижтимоий меъёрлар, ботиний назратчи бўлган ахлоқ ва маданийлик. Илк гуноҳ инсон руҳиятидаги онгли ва онгсизликка бўлиниш деб тушунилади ҳамда уят билан қўрқув шу ҳолатнинг дастлабки белгилари саналади. 

Ёзувчи ўз романи саҳифаларига қатор архетипик тимсолларни киритади: аёл ва эркак (ровий ва Ҳаво, О исмли талаба йигит билан Ҳосила ва Малак), Шарпа (чўққисоқол устоз, биринчи новелла охирида фош бўладиган ички қиёфа), Донишманд Кампир (ровийнинг Момоси) ва бошқалар. Назар Эшонқул бугунги кунда: театрда томоша қўйилиши, талабалар ҳаёти, университетдаги дарс машғулотлари, пахта терими, касалхона, ижара уй, шаҳар хиёбонлари каби оддий, кундалик хронотопларда асар воқеаларини тасвирлар экан, бугуннинг мифини ҳам яратади – бугунда ҳам инсоннинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган ўша дарахт (ғарбона талқин бўйича ёзувчи уни олма дарахти деб белгилайди) ҳам, илк инсонларни гуноҳга бошлаган ва уларнинг ашаддий душмани ҳисобланган ўша Иблис ҳам мавжуд. Иблис чўққисоқол маърузичи бўлиб ровий ўқиётган гуруҳларга сабоқ беради. Ҳосила ва Малакни йўлдан уради – олмани едиради. Нияти охирги одамни дунёга келтириш деб талқин қилади муаллиф: “Унга момомнинг Иблиснинг Охирги одамни дунёга келтириши ҳақидаги афсонасини гапириб бердим.

  • Нега Иблис сўнгги одамни яратиши керак? – сўради у чўпчакнинг маъносини тушунмай.
  • Охирги одам билан одамзоднинг насли тугайди. Иблис азалдан шунга интилган”[8,329]. Ҳосила ҳам, Малак ҳам бу афсонани эшитишади ва Иблисни танишни ҳамда ундан охирги одамни туғишни мутлақо исташмайди, лекин қадимда юз берган ҳолат XXI асрда яна такрорланади: Ҳосила турмушга чиққан эркак Иблис бўлиб, унинг ҳомиласи эса иблисвачча бўлиб чиқади. Дарс беришга келган чўққисоқол, хушбичим, келишган устоз Малакни ўзига оғдириб олади ва дарахт тагига етаклаб бориб олма узиб беради. Романнинг бош қаҳрамони ровий йигит О. азалий қудрат – Иблиснинг ўзини енголмаслигига кўз етиб, ёвузликнинг режасини бузади: ўзи севган бу иккала қизни ҳам инсониятни асраб қолиш йўлида қурбон қилади: “Муҳими, мен бу марта Иблисдан ғолиб келдим”[8,362].

Назар Эшонқул талқинида архаик миф илоҳиёт соҳасидан универсал антропология сатҳига ўтказилган. Инсонни ўзини абадий гуноҳкор ҳис этишига ва абадий тазарру қилишига сабаб бўлган ҳодиса мифологик замонларда бир марта содир бўлмаган, у мана ҳозир ҳам ҳар бир инсон руҳиятида юз бермоқда ва инсонни улкан танлов олдига қўймоқда: меъёрларга амал қилиб, хотиржам мавжудлик ёки тақиқларни бузиб эркин, аммо ҳаммаси учун шахсий масъулият билан яшаш.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ёзувчи Назар Эшонқул мифологияда, диний таълимотларга тааллуқли манбаларда, халқ оғзаки ижоди ва жаҳон адабиётида энг кенг тарқалган ва кўп талқин қилинган архетипик мотивни ўз дунёқараши, ижодий ниятига кўра қайта ишлаб, замонавий мифни яратиб, инсонийлик фалсафаси, психологияси, маданияти нуқтаи назарларидан бугунги кун кишиси олдида турган экзистенциал саволларга ечим излаган. Инсоният ўз онги ва ақлига, иродасига эга бўлиши учун келтирилган қурбонлик талқини неомифологик адабиётнинг бош мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Жўраев М. Миф. Фольклор ва адабиёт/ Маматқул Жўраев, Манзура Нарзиқулова. – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006. – 184 б.
  2.  Жўраев М., Эшонқулов Ж. Фольклоршуносликка кириш. – Т.: Тафаккур бўстони, 2019. – 170 б.
  3. Тўлаганова С. «Момокалонимиз» бўлган Клеопатра, такяга борган Навоий ва Иблисга исён қилган ёзувчи – замонавий ўзбек романчилигида нималар ҳақда ёзиляпти? https://oyina.uz/kiril/article/1645
  4. Элиаде М. Аспекты мифа. – М.: Инвест-ППП, 1995. – 240 с.
  5. Эшонқул Н. Мендан “мен”гача: адабий-танқидий мақолалар тўплами, – Тошкент: Akademnashr, 2014. – 512 б.
  6.  Эшонқул Н. Ижод фалсафаси (“Мен”дан менгача-2) [Матн] – Тошкент: Akademnashr, 2018. – 416 б.
  7. Eshonqul N. Saylanma I (Hikoyalar) [Matn]: hikoyalar / Nazar Eshonqul. – Toshkent: Akademnashr, 2022. – 512 b.
  8. Eshonqul N. Saylanma II [Matn]: roman va qissalar / Nazar Eshonqul. – Toshkent: Akademnashr, 2022. – 576 b.
  9. Юнг К. Г. О современных мифах. – М.: Практика, 1994. – 252 с
  10.  Юнг. К.Г. Психология образа Трикстера // Юнг К.Г. Душа и миф. Шесть архетипов. – Киев: Гос. б-ка Украины для юношества, 1996. – 384 с.
  11.  Юнг, К.Г. Структура психики и архетипы / К.Г. Юнг. – М.: Акад.проект, 2015. – 328 с.
  12. https://ziyouz.uz/suhbatlar/l-r-sp-479353214

 

Рахматуллаев Н. Неомифологический анализ романа Назара Эшанкула «Запретный плод» Исследование раскрывает, как автор осуществляет художественный перевод архаического мотива Первого греха из религиозно-догматической плоскости в пространство универсальной антропологии. В работе рассматривается переосмысление ключевых архетипов (Адам, Ева, Иблис) и демонстрируется, как миф о грехопадении превращается в романе в вечно актуальную модель, описывающую кризисные моменты становления индивидуального сознания в условиях современности. Доказывается, что Н.Эшонкул создает современный миф, в котором извечный конфликт добра и зла, свободы и запрета разыгрывается в повседневных хронотопах, делая архетипическую историю инструментом диагностики состояния современного человека и общества.

 

Raxmatullaev N. Neomythological analysis of Nazar Eshankul's novel "The forbidden fruit". The study reveals how the author carries out an artistic transposition of the archaic motif of the Original Sin from the religious-dogmatic plane into the sphere of universal anthropology. The work examines the reinterpretation of key archetypes (Adam, Eve, Satan) and demonstrates how the myth of the Fall is transformed in the novel into a perpetually relevant model that describes the crisis points in the formation of individual consciousness under modern conditions. It is proven that N.Eshonkul creates a contemporary myth in which the eternal conflict of good and evil, freedom and prohibition, is played out in everyday chronotopes, turning the archetypal story into a tool for diagnosing the state of modern man and society.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati