Сўнгги даврда тилшунослик фанида янги ва истиқболли йўналиш – неология шаклланди. У ХХ асрнинг 60- йилларида шаклланган бўлса, 70- йилларга келиб унинг таркибида неография йўналиши майдонга келди. Бугунги кунда неология ва неография тилшуносликнинг шиддат билан ривожланаётган соҳасига айланмоқда. Барча янги соҳаларда бўлгани сингари, унда ҳам ечимини топмаган масалалар бор. Улар сирасига мукаммал терминологик базанинг, шунингдек, неологиянинг объекти – неологизмнинг аниқ ва муфассал таърифининг мавжуд эмаслиги кабиларни киритиш мумкин. Л.П.Катлинская қайд этишича, «соф лингвистик нуқтаи назардан неологизм масаласи ҳануз ўз ечимини топган эмас» [1, б-7]. Е.В.Сеньконинг фикрича, неология тилшуносликда эндигина шаклланиб келаётган соҳадир [10, б-16].
Маълумки, ҳар бир фан ўз терминологик аппаратига эга. Афсуски, буни неология фани терминологияси борасида айтиш мушкул. Неологиянинг объекти – «янги» умумий семаси орқали синонимик қаторни ташкил қиладиган бир қанча номларга эга янги ясалма, новация, инновация, янги номинация, неономинация, янги ном, неологизм, окказионализм кабилардан иборат. Улардан айримлари аллақачон маълум, бошқалари энди истеъмолга янгидан кириб келмоқда. Бу терминлар орасида энг кенг тарқалгани неологизм бўлиб, у илк бор янги (ўзлашма) сўзни ифодалаш учун қўлланган. Бу термин этимологиясига кўра, тилда пайдо бўлган ҳар қандай янги сўзни ифодалар эди. Бироқ, вақт ўтиши билан неологизм деганда, турли хил янги тил бирликлари тушунила бошланди. Шу сабабли «неологизм» термини ўз маъносини сезиларли даражада кенгайтирди, терминга қўйилган асосий талаб, яъни бирмаънолиликни бажара олмай қолди. Бу ҳолат уни лингвистик тадқиқотлар ва луғатларда қўлланадиган ва ўзаро ўрин алмашадиган тўлақонли синонимлар сифатида юқоридаги терминлар билан бир қаторга қўйди.
«Инновация», «янги ясалма», «янги сўз» терминлари ўзаро мутлақ синонимлар сифатида изоҳланади. В.Г.Гак «инновация» ва «янги сўз» тушунчаларини бир маънода қўллайди: «окказионал ёки узуаллигидан қатъий назар ҳар қандай лексик-семантик янгиланишни ифодалаш учун кенг маънода «инновация» терминидан фойдаланамиз» [2, б-38]. Айрим тилшунослар юқорида келтирилган терминлардан биттасини қўллашни маъқул кўрадилар. В.Г.Костомаровнинг фикрича, «янги ясалма» ҳар қандай янги сўзни ифодалайди, қиёсланг: «янги ясалмалар орасида шахс номлари кўп...» [5, б-170]. С.В.Ильясова «инновация» терминини қўллайди: «Инновация деганда изоҳли луғатларда қайд этилмаган янги сўзларни тушунамиз» [3, б-12]. Р.Ю.Намитокова уларни ўзаро зид бўлган икки гуруҳга, неологизм ва янги ясалмаларга ажратади. Муаллиф фикрича, «янги ясалма» термини «окказионализм» тушунчасига синоним [7, б-13].
«Неологизм», «инновация», «янги ясалма» каби ўзаро яқин терминларни қўллаган айрим олимлар, уларнинг маъносини аниқлаштиришга ҳаракат қилади. Германист олим Е.В.Розен барча янги лексик бирликлар – янги луғавий бирлик, янги фразеологизм, янги маъно ва сўз қўллашнинг янги вариантларини битта умумий термин – «лексик инновациялар», неологизмларни эса тил тизимидаги «барқарор» узуал бирликлар сифатида «алоҳида ҳодиса», деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, «неологизм» ва «янги ясалма» терминлари бири иккинчисининг ўрнини боса олади. Қиёсл.: «тилда олдиндан ишлатилиб келинган алоҳида сўз ва элементлардан, шунингдек, уларнинг янгидан бирикишидан ясалган неологизмлар янги ясалмалар ҳисобланади ёки аксарият неологизмлар янги ясалмалардир» [9, б-61; 79].
«Рус неологияси ва неографияси» ўқув қўлланмасининг муаллифи Т.В.Попованинг фикрича, бу терминлар турлича ички структурага эга: «инновация» термини тилнинг барча сатҳларида содир бўлган янги ҳодисани ифодалаш учун қўлланади. «Янги ясалма» ички структурасига кўра «янгидан ясалган сўз» бўлиб, ё тилнинг ҳар қандай сатҳида содир бўлган инновацияга нисбатан ёки янги номинатив бирликларнинг бир гуруҳи – сўз ясовчи неологизмларга нисбатан қўлланади [8, б-8].
Неологизмнинг ихчам ва умумэътироф этилган таърифининг мавжуд эмаслиги тилшуносларнинг бу масала билан жиддий шуғулланишлари лозимлигини кўрсатади. Тилшуносликда бу терминларнинг маъноси ва қўлланиш доирасини аниқлаштиришга бағишланган ишлар мавжуд, бироқ бизнингча, бу етарли эмас. Сўнгги даврда неология соҳасида ҳимоя қилинган диссертациялар, ёзилган монография ва илмий мақолалар таҳлилининг кўрсатишича, деярли ҳар бир тадқиқотчи мазкур соҳада фаолият юритишни бошлашдан олдин юқорида тилга олинган терминлардан бирини танлаши ёки ўзиникини тавсия қилишига тўғри келади. Шу сабабли мазкур соҳа бўйича амалга оширилган ҳар бир тадқиқотда «ишимизда «неологизм» термини ... сифатида қўлланди» ёки «... каби олимларнинг фикрига қўшилган ҳолда неологизм деганда биз ... тушунамиз» ва ҳ.к. каби фикрларни учратиш, табиий ҳолга айланди. Албатта, якка тадқиқотчи бутун бир соҳа терминологиясини яратишдек мураккаб ишни амалга ошириши амримаҳол. Бизнингча, бу каби вазифани неолог олимлар уюшган ҳолда жиддий шуғулланиш йўли билан ҳал қилиши мумкин.
Бу йўналишдаги ишларнинг дебочаси сифатида Е.В.Сеньконинг «Неологиянинг назарий асослари» [10, б-39] номли асарини тилга олиш мумкин. Асарда муаллиф «инновация» ва «неологизм» терминлари орасидаги фарқни аниқлаштиришга ҳаракат қилади ва «неологизм» терминининг ҳаддан ташқари кенгайиб кетган маъносини торайтириш ҳамда этимологик маъносига («янги сўз») қайтариш таклифини беради. Муаллиф фикрича, неологизм – бу «соф лексик категория», шунинг учун унга сўз характерига эга бўлмаган, жумладан морфема ва сўз бирикмаси каби бирликларни киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Сўз, морфема, фразема тилнинг турли сатҳлари бирликлари, шундай экан уларни тегишли сатҳларни ўрганувчи тилшунослик соҳаларида тадқиқ этиш лозим: неологизм – неологияда, неоморфема – грамматика ва сўз ясалишида, неофразема – фразеологияда.
Сўз характерига эга бўлмаган бирликларни неологизмлар қаторига киритар экан, тилшунослар, табиийки бу – тадқиқот объекти ҳисобланган янги сўзнинг яхлитлигига зид эканини тушунадилар. Дарҳақиқат, С.И.Алаторцева шундай ёзади: «тилнинг номинатив имкониятлари кенгайиб бориши янги сўз бирикмаларисиз амримаҳол эканини тан олган ҳолда, ё янги сўзларнинг ушбу категориясини фақат шартли равишда «неологизм» тушунчасига киритишга ёки яхшиси бирмунча нейтрал ва кенг «новация», «инновация» тушунчаларини қўллашга мажбурмиз» [1, б-55]. Янги лексика таркибига сўздан ташқари сўз маънолари, шунингдек, идиомаларни киритган ҳолда тавсиф берар экан, Н.З.Котелова «неологизм» ўрнига «лексик инновация» терминини қўллашни маъқул кўради.
Неологлар «инновация», «янги ясалма», «неологизм» терминларини синоним сифатида қўллар экан, айни пайтда, улар айнан бир тушунча эмаслигини тан оладилар. Замонавий тилшуносликда тилнинг барча сатҳларида содир бўлган янги ҳодисани ифодалаш учун «инновация» терминини қўллаш одат тусига кирмоқда. «Янги ясалма» ички структурасига кўра «инновация» термини билан мос келиши мумкин, бироқ, «неологизм» термини билан мос келмайди. «Неологизм» кенг тушунча бўлиб, унга нафақат лексик ясалмалар, балки бошқа тилдан ўзлашган ёки янги маънога эга бўлган сўзлар ҳам киради. Бошқа томондан, ҳар қандай янги ясалма неологизм бўла олмайди.
«Неологизм» тушунчасининг кенг ва тор талқинлари мавжуд. Тор талқин тарафдорлари фикрича, неологизмга жамият ҳаётида пайдо бўлган янги реалияларга ном бериш учун яратилган сўзлар киради (янги реалия – янги ҳодиса – янги сўз) (А.А.Брагина, О.И.Ахманова, М.И.Фомина). Уларнинг фикри «Хорижий сўзлар луғати»да неологизмга берилган таърифга мос келади: «янги предмет ёки ҳодисани ифодалаш учун ясалган сўз ёки нутқий ибора» [14, б-341]. Бошқа бир гуруҳ олимлар неологизмнинг асосий белгиси сифатида унинг мутлақ янги сўзлигини кўрсатадилар (Р.А.Будагов, А.В.Калинин, Е.В.Розен, Н.М.Шанский ва б.). Айрим тадқиқотчилар «неологизм» терминини изоҳлашда вақт – асосий мезон, деб ҳисоблайди (В.В.Виноградов, Б.Н.Головин, Е.В.Розен, М.Н.Золотарева ва б.). Бу йўналиш вакиллари фикрича, неологизмларга уларни қўллайдиган авлод онгида пайдо бўлган янги сўзлар киради. Авлод эса, замонавий демография маълумотларига кўра, ҳар 30 йилда алмашади. Демак, ушбу концепцияга кўра янги сўзнинг неологизмлик мақоми ҳам 30 йилни ташкил этади. Бироқ, бу ҳам мунозарали, чунки неологизмнинг адабий тилга кириши турли хил бўлиши мумкин. «Янги лексик бирлик сифатида тан олинган, бироқ тилнинг фаол луғат заҳирасидан ўрин олмаган» сўзларни неологизмларга киритар экан, Н.М.Шанский қайд этади: «агар у ёки бу сўз, ҳатто тилдаги факт сифатида янги пайдо бўлган бўлса-да, умумтан олинса ва умумқўлланиш касб этса, тилнинг фаол луғат заҳирасидан ўрин олса, энди у неологизм ҳисобланмайди» [11, б-159].
Лингвистик адабиётларда неологизмлар тўғрисида билдирилган бошқа фикрларни ҳам учратамиз. Масалан, луғатларда қайд этилмаган янги сўзлар ҳам неологизмлар қаторига киритилган. Н.З.Котелова «маълум бир тилда муайян бир даврда узуал мавжуд бўлган, бундан олдинги муайян чегараланган даврда мавжуд бўлмаган сўз, сўз маъноси ва идиомаларни «лексик инновациялар»» деб атайди [6, б-22]. Бу таъриф неологизмни ижтимоий-тарихий категория сифатида тушунишга асосланган. С.И.Алаторцева Н.З.Котелованинг фикрига қўшилган ҳолда, ўз нуқтаи назарини баён қилган «... муайян даврда тил луғат таркибидан ўрин олган янги бирликлар сирасига ушбу тилда янгидан ясалган, бошқа тиллардан олинган, шунингдек лексика ва фразеологияда кўрсатилган даврда янгидан долзарблик касб этган сўз, сўз маъноси ва сўз бирикмалари киради» [1, б-48].
Н.Ожеговнинг изоҳли луғатида «неологизм» тушунчаси «янги сўз ва ибора, шунингдек эски сўзда ҳосил бўлган янги маъно» сифатида изоҳланади [15]. Немис тили лингвистик терминлар луғати тузувчиси Т.Левандовски (T.Lewandowski) неологизм деганда «истеъмолга тўлиқ кирмаган янги лисоний бирикма, янги сўз ва ибора»ни тушунади [13, б-744]. Фақат янгилик мезони неологизмнинг моҳиятини тўлиқ очиб бермайди. Тил тизимида луғат заҳирасидан ўрин олмаган ёки нисбатан тез истеъмолдан чиққан лексик бирликлар ҳам мавжуд. Бу ўринда гап, кўпинча адабий асарлар муаллифлари томонидан мақсадли равишда бадиий асар образлилиги ва таъсирчанлигини кучайтириш учун яратиладиган окказионал сўзлар ҳақида бормоқда. Бундай «муаллифлик неологизмлари» камдан кам ҳолларда контекст доирасидан чиқади, уларнинг аксарияти, асосан, индивидуал услуб доирасида қолиб кетади. Айрим тилшунослар окказионал сўзларни мазкур лингвистик категорияга киритади. Дарҳақиқат, В.Н.Ярцева муҳаррирлигида чоп этилган лингвистик терминлар луғатида қуйидаги фикрни учратамиз: «муайян тилда маълум бир даврда пайдо бўлган, шунингдек, қандайдир матн ёки нутқ актида бир марта қўлланган («окказионал сўз») сўз, маъно ёки сўз бирикмалари неологизмлардир (грек. «neos» – янги ва «logos» – сўз)» [12, б-81]. Гарчи окказионал сўзлар мазкур лингвистик категорияга киритилган бўлса-да, бизнингча, уларни неологизм, деб бўлмайди. Фикримизча, лексик бирлик неологизм мақомини олиши учун тил эгалари томонидан қўлланиши, яъни узуаллашуви ёки оғзаки ва ёзма нутқда қайта-қайта ишлатилиши керак. Неологизм мустақил қўллана олиши, аниқроғи муайян контекстга боғланиб қолмаслиги лозим.
Соҳа мутахассислари мазкур муаммони турлича ҳал этишга уринмоқда. Уларнинг фикрлари бир масалада ўхшаш: неологизмлар – аввало, маълум бир давр оралиғида тил эгалари томонидан янги сифатида ҳис қилинадиган лексик бирликлардир. Шунингдек, кўпчилик тилшунослар неологизмларга тилда олдиндан мавжуд бўлган, тил тараққиёти натижасида янги маънога эга бўлган сўзлар сифатида ёндашади. Неологизмга таъриф беришда янгилик хусусияти бирламчи ва энг муҳим мезон ҳисобланади.
Илмий адабиётларда неологизмларга берилган турли хил таърифларни ўрганиб, умумлаштириб, уларда берилган фикрларга таянган ҳолда неологизм терминига нисбатан ўз нуқтаи назаримизни тавсия қиламиз. Неологизм деганда шакли ва мазмунига кўра янги, тил тараққиётининг маълум бир даврида пайдо бўлган, тил эгалари томонидан умумтан олинган ва умумқўлланиш касб этган, ушбу даврда янги сифатида қабул қилинган, тил меъёрларига жавоб берадиган янги сўз, сўз маъноcи ва ибораларни тушунамиз.
Неологизмни тил тизимидаги бошқа инновациялардан фарқловчи асосий мезон, бизнингча қуйидагилар: 1) номинативлик (янги предмет, ҳодиса ва тушунчани номлаш); 2) шаклан ва мазмунан янгилик; 3) вақт кўрсаткичи (тилда янги сўзнинг пайдо бўлиш ва қўлланиш даврлари орасидаги чегара); 4) қўлланиш доираси (қўлланиш соҳалари ва жанрлари).
Тилшунос олимларнинг неологизмларга берган турли хил таърифларини таҳлил қилиш орқали хулоса қилиш мумкинки, ушбу мураккаб тил бирлигининг ягона, умумэътироф этилган таърифи ҳозирча мавжуд эмас.
Адабиётлар:
1. Алаторцева С.И. Проблемы неологии и русская неография: Дис. д-ра филол. наук. – СПб., 1998. – 311 с.
2. Гак В.Г. О современной французской неологии // Новые слова и словари новых слов. – Л.: 1978. – С.37-52.
3. Ильясова С.В. Новые ре алии общественно-политической жизни и их отображение в инновациях (на материале инноваций конца ХХ в.) // Филология и культура: Тезисы II междунар. конф. /Отв. ред. Н.Н.Болдырев: в 3ч. Ч.11, Тамбов: ТГУ, 1999. – 134с.
4. Катлинская Л.П. Живые способы создания русских слов. – М.: 1995. – С.7.
5. Костомаров В.Г. Языковой вкус эпохи: Из наблюдений над речевой практикой масс-медиа. – М.: 1994. – 247с.
6. Котелова Н.З. Первый опыт лексикографического описания русских неологизмов // Новые слова и словари новых слов. – Л., 1978. – С.5-26.
7. Намитокова Р.Ю. Авторские неологизмы: словообразовательный аспект. – Ростов н/Д: Изд-во Рост, ун-та, 1986. – 160с.
8. Попова Т.В. Русская неология и неография. – Екатеринбург, 2005. – 96с.
9. Розен Е.В. На пороге ХХ1 века. Новые слова и словосочетания в немецком языке. – М.: 2000. – 192 с.
10. Сенько Е.В. Теоретические основы неологии: Учебное пособие. –Владикавказ: Изд-во СОГУ, 2001. – 107с.
11. Шанский Н.М. Лексикология современного русского языка. – М.: 1964. – 327 с.
12. Ярцева В. Н. Количественные и качественные изменения в языке // Ленинизм и теоретические проблемы языкознания. – М.: Наука, 1970. – С.70-87.
13. Lewandowski T. Linguistisches Wörterbuch. Wiesbaden: – Quelle & Meyer, 1994. 6.Auflage.
Луғатлар
14. Словарь иностранных слов. – М.: 1979. – 341с.
15. Толковый словарь русского языка под ред. Ожегова С.И., Шведовой Н.Ю. – М.: 1992. – 874 с.
Ахмедов А. О лингвистическом статусе неологизма. В статье рассматриваются некоторые проблемы неологии. В частности, представлены разные точки зрения лингвистов на объект этой науки – неологизм.
Axmedov A. About the linguistic status of neologism. The article is devoted to some issues of neology, including the different views of linguists on neologism, which is the object of this study.