Инсоният яралибдики, мифга бўлган қизиқиш ҳеч қачон сусаймаган. Мифлар субстратлари ва архетиплари юзага келган давр ларда, улар ўша замон ва макон билан боғлиқ, инсон мавжуд воқеликдан келиб чиқиб тафаккур этган, хоҳиш-иродасини ифодалаган, халқ оғзаки ижодининг афсона, эртак каби жанрлари мифларга хос хусусиятларни ривожлантирган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ибтидоий жараёнларда яратилган мифлар асрлар ўтса ҳамки, ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, кишилик жамияти ХХ асрда ҳар хил измларга бўйсуниб олам ва одам муносабатларида, қитъалар ва давлатлар ўртасида юзага келган геосиёсий зиддиятларда ечимлари глобал муаммоли бўлган ҳолатлар бадиий ижод аҳлини мифларга бўлган қизиқишини, уларни бадиий асарда трансформация қилиш (қайта ишлаш) услубларини юзага келтириш натижасида бадиий адабиётда мифопоэтика методи шаклланди. Айниқса, мифологик субстратлар ва архетиплар, сюжетлар ва мавзулар репрезентацияси ХХ аср бадиий адабиёти тарихида фаол қўлланила бошланди. Жаҳоннинг энг етук адабиётларида ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб жамиятда юзага келган ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий, маънавий таназзуллар ифодаси сифатида мифологик рамзлар талқинига эътибор қаратилди.
Масалан, ўзбек ёзувчилари А.Қодирий, А.Чўлпон романларида мифологик унсурлар фаол қўлланилди1. Рус ёзувчилари М.А. Булгаков, А. Платонов романларида ҳам мифопоэтика бадиий мукаммал қайта ишланди.
Ҳар бир асрлар оралиғи ўтиш даврида кишилик жамиятида юзага келаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий мафкуравий бўҳронлар гўёки ҳар бир жамиятда такрорланади. XIX-XX асрлар ва XX-XXI асрлар оралиғида юзага келган бундай жараён тобора глобаллашиб борганига амин бўламиз, бу айниқса, милениумлар оралиғида янада аниқ бўлади. Айнан янги минг йиллик остонасида инсон есхатологик2 огоҳлантиришлар орасида замон ўртасидаги барқарор алоқани топиш зарурлигини ҳис қилди.
Ибтидоий инсон тафаккур этган миф архетиплари замонавий ҳодисаларни бадиий талқин этишда рамз вазифасини ўтайди, мифологик мотивлар адабий сюжетлар генезисида муҳим роль ўйнайди, мифологик образлар бадиий адабиётда ҳамиша қайтадан ишланган. Ҳар бир давр мифологиядан ўзининг муаммоларига жавоб берадиган муҳим бир ечимни топади. Мифопоэтиканинг ўзига хос хусусияти бадиий тафаккур ва мифологик тафаккур синтезида намоён бўлади.
Миф архетип ва сюжетларининг бадиий адабиётда репрезентация қилиниши неомифларнинг яратилишига замин тайёрлайди. Неомифлар ёки муаллифлик мифлари мифлар архетипини тўғридан-тўғри трансформация қилмайди, балки муаллиф бадиий концепциясига ҳизмат қиладиган мифологемалари танлаб олиниб қайтадан ишланади.
Адабиётшунос С.Л.Скопкарёва неомифни “ҳозирги кунда мифнинг фаоллашуви унинг поэтикасидаги ўзгаришлар билан боғлиқ юзага келадиган инсонни ва оламни тасвирлаш учун янги бадиий имкониятлар берадиган янги мифнинг яратилиши билан боғлиқ. Неомиф қадимги миф билан боғлиқ эмас. У қайтадан яратилмайди, балки янги шароитларда қайтадан юзага келади. Неомиф таркибида туш, ҳар хил ғайриоддий нарсаларни кўриш, онг ости талқинлари мавжуд бўлади. Замонавий неомифологолаштириш хусусида гапирар эканмиз, образни турли хил талқин этиш мифнинг кўпмаъноли бўлишига таъсир қилади. Шу билан бирга, кўплаб замонавий талқинлар қадимги даврлардаёқ ўз асосига эга бўлганлигини унутмаслик керак”, - деб таърифлайди3.
Жаҳон адабиётшунослигида миф муаммоларига бағишланган кўплаб тадқиқотлар яратилган. Мифопоэтика масалалари А.Афанасьев, А.Лосев, В.Топоров, О.Фрейденберг, Е.Мелетинский, А.Косарев, Ю.Борев, Э.Ф. Шафранская4 каби назариётчи олимлар ишларида ўз аксини топган.
Ўзбек олимларидан Ф.Сулаймонова, Б.Саримсоқов, М.Жўраев, П.М.Мирза-Ахмедова, Ж.Эшонқул тадқиқотлари ҳам мифология тадқиқотига оид5.
Х.Л. Борхес, У. Эко, М. Павич, А. Байетт каби Ғарб ва Лотин Америкаси ёзувчилари, В. Сорокин, В. Пьецух, Т. Толстая, В. Пелевин, Е. Водолазкин каби рус адиблари, Х. Дўстмухаммад, У. Хамдам, Н. Эшонқул каби замонавий ўзбек романнавислари ижодида репрезентация қилинган мифлар неомифларга асос бўлди. Айниқса, инглиз адибаси А. Байеттнинг “Эгалик” (“Possision”), Е. Водолазкиннинг “Дафна”, Х. Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романларида репрезентация қилинган трансмаданий мифлар бир вақтнинг ўзида ҳам неомифни, ҳам ҳар бир адабиётга хос постмодернизмни намоён қилади.
Ўзбек ёзувчиси Хуршид Дўстмухаммаднинг “Донишманд Сизиф”[1]6 романига хос синкретик хусусият миф репрезентацияси шаклида талқин этилса, рус ёзувчиси Евгений Водолазкиннинг “Дафна” романига Инжил сюжетлари метаморфозаси қўлланилади. Инглиз адибаси А.Байеттнинг “Эгалик” (Обладать) романида Инжил сюжетлари трансформация этилади. А.Байеттнинг ХХ асрнинг 60-80-йилларида яратилган ҳар бир романида “Эгалик” романида қўлланилган полистилистикани учратиш мумкин. Жаҳон адабиётида яратилган постмодернистик асарларга хос интерматн, деконструкция, демонтаж услубларини посмодернист А.В. Байетт янгилади. У “метаматн” услубнинг эксперемент даражасидан метод (услуб) даражасига кўтарди ва “Метоматн инглиз постмодернизмининг асосий услуби” деган назарий хулосага келишига сабаб бўлди.
Адабиётшунос П.Во инглиз постмодернизмига хос “метаматнлилик”ни “метаадабиёт” термини билан изоҳлайди. Замонавий инглиз романчилиги инглиз классик романи анъаналарини давом эттириб, уни янги метаматн билан тўлдиради ва инглиз адабиётида ҳам метод, ҳам йўналиш билан исботлайди. А.Байетт ушбу адабий жараённи ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослади.
А.Байеттнинг ушбу романи инглиз тилида “Роssesion romance” номи билан 1990 йилда чоп этилган. Рус тилида илк бор 2002 йилда “Обладать: романтический роман” шаклида чоп этилди7 [Байетт 2022:].
“Эгалик” романида А.Байетт полистилистикани қўллаб инглиз постмодернизмига метоадабиёт стилистикасини тақдим этади. Ушбу романда ёзувчи услуби синтезлашган бадиий филологик матнни ҳам кўрсатиш жоиз. “Эгалик” романигача яратилган асарлардаги ёзувчи қўллаган услублар айнан ушбу романда маромига етказилиб қўлланилади ва биринчи навбатда адабиёт аҳлини ўзига жалб қилади. “Эгалик” романи, шу билан бирга жозибадор услубда яратилган эди.
Замонавий рус ёзувчиси Евгений Водолазкиннинг “Дафна” романида мифопоэтика мифологик мотивлар, архетиплар ва рамзлардан фойдаланиш, шунингдек, маданиятнинг архаик қатламларига мурожаат қилиш орқали намоён бўлади. Унинг асарлари, шу жумладан, "Дафна" романи ҳам анъанавий сюжетлар ва образларни қайта кўриб чиқишга, муаллифлик неомифларини яратишга ва уларни замонавий мазмун билан тўлдиришга асосланган8.
Маданиятнинг архаик қатлам-ларини Евгений Водолазкиннинг барча романларида учратиш мумкин. Ёзувчи қадимий мифлар, эртаклар ва диний матнларга асосланган мотив ва образлардан фаол фойдаланади. Бундай услуб ёзувчига романларида кўпмаънолилик ва кўпқатламлиликни яратишга хизмат қилади. Масалан, “Дафна” романида насронийлар авлиёлари ҳаёти тасвирига бағишланган агиографлар ҳамда муқаддас Инжилга киритилмаган ва черков томонидан тан олинмаган яҳудий ва насроний диний адабиёти манбалари - апокрифлар таъсири сезилиб туради.
Евгений Водолазкин романларига хос энг муҳим жиҳат – фалсафийлик ва мифологик мотивлар ва архетипларнинг синтези ҳисобланади. Унинг романларида мифологик архетипик образлар роман қаҳрамонлари мансуб хронотоп билан сингишиб кетади: маконлар ва замонлар, реаллик ва ирреаллик оламлари, тириклар ва ўликлар ўртасидаги тавофут гуёки йўқолиб кетади. Унинг романлари кўпмотивлилик хусусиятига эга бўлиб, айниқса, саёҳат, турли хил синовлар, ўлим ва қайта туғилиш мотивлари ёзувчи концептуал ғоясини очиб беришга хизмат қилади ва янги неомиф яралишига хизмат қилади.
Мифлар ёзувчи ижод манбаи, универсал тасвирлар ва рамзларни яратиш воситаси, шунингдек, олам ва одам муносабатларида инсон психологияси ва маданиятини бадиий талқин этиш индивидуал восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бадиий адабиётда миф репрезентация қилинганда мотив ўзгаради, баъзи адабиётшунослар бундай асарга “неомиф” ёки “роман-миф” деб ўзгартириш киритишади. “Сизиф ҳақидаги миф” репрезентация қилинган Х. Дўстмухаммаднинг “Донишманд Сизиф” романи жанрига адабиётшунос И. Якубов “роман-миф” деб аниқлик киритади.
Адабиётшунослар D. O‘rayeva, M. Otajonova, S.Nurullayevalar “Неомиф (“нео” – “янги”) муайян ижодкор томонидан яратилган субъектив миф ёки мифологик тафаккур асосида шаклланган бадиий асар қурилмаси, мифологик образ, мифологемалар, сюжет ва мотивлар неомифни ташкил этади”, - деб аниқлик киритади9.
Албатта, постмодернизм инсо-ниятнинг янги ижтимоий-маданий даврини шакллантирмоқда, сўз санъаткори олдига янги вазифаларни қўймоқда: хусусан, дунё ва инсоннинг янги моделини, янги дунёқарашни, янги неомифни яратишга фаол уринишлар қилинмоқда. Бу, биринчи навбатда, дунёни янгидан космологизация қилиш учун глобал катаклизмлар бетартиблигида йўқолган шахснинг эҳтиёжи билан боғлиқ. Чегара даврининг ноинсоний бошланишидан фарқли ўлароқ, ҳар доим инсонга, унинг ички моҳиятига қаратилган янги миф тафаккури шундай шаклланади. Постмодернизм асарларида неомифнинг тузилиши органик равишда мужассамлашган.
Юқорида зикр этилган уч роман қиёсан ўрганилганда ҳар бир роман неомифнинг ўзига хос жиҳатларини намоён этишига амин бўламиз.
Шу сабабдан ҳам кўплаб адабиётшунослар мифопоэтика тадқиқига алоҳида эътибор берди ва мифопоэтиканинг концептуал моҳиятини етук ёзувчиларнинг асарлари мисолида очиб берди. Ўзбек адабиётшуносларидан Д.Қуронов (Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи мисолида), З.Пардаева (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф, Улуғбек Ҳамдамнинг “Йўл” романи мисолида), М.Қўчқорова (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романи мисолида); рус адабиётшуносларидан Я.В. Солтадкина (1930-1950 йиллар рус насрида мифопоэтика), (А.П.План-тонов, М.А. Шолохов, Б.Л. Пастернак); Д.В.Иванова (И.А.Бунин насрида табиат образини гавдалантиришнинг мифопоэтик ва фаслафий ва эстетик жиҳатлари) каби тадқиқотлар яратилган бўлса, инглиз адабиётшунослари ҳам мифопоэтикага бағишланган кўплаб тадқиқотлар олиб борди.
А.Байетт ҳикоя ва романларида бўй кўрсатган неомиф бадиий эстетик ҳусусиятларига бағишланган рус адабиётшуносларининг кўплаб тадқиқотлари яратилди. Янги давр ўзбек адабиётшунослигида ҳам А.Байетт ижодида баҳоли қудрат эътибор берилди 10.
ХХ аср жаҳон адабиёти, шу жумладан, миллий адабиётимизда неомифларнинг бетакрор бадиий намуналари яратилди, адабиёт-шуносликда уларга бағишланган тадқиқотлар яратилди. XXI асрнинг биринчи чорагида ушбу жараён бирмунча фаоллашди, неомифларнинг жанрий-услубий хусусиятларига, уларнинг бадиий-эстетик функцияларига ойдинлик киритилди.
Замонавий ўзбек адабиётида яратилган неомифларни жаҳон адабиёти контекстида тадқиқ этиш зарурати юзага келди. Миф ва бадиий адабиёт синтези илмий тафаккурда интеграцион ҳодисаларни тадқиқ этишнинг мифопоэтик концепцияларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Ушбу мақола ҳам соҳада юзага келган неомифологик муаммолар ечимига қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Пардаева З. Неомиф: интерпретация и исследование. В статье рассмотрены вопросы жанра неомифа, факторы возникновения, особенности поэтики. Особо отмечены субстраты и архетипы мифа, воздействующие на формирование неомифа. В сравнительном аспекте рассмотрена мифопоэтика А. Байетт, Е. Водолазкина и Х. Дустмухаммада, а также некоторые исследования неомифа указанных авторов.
Pardayeva Z. Neomif: interpretation and research. The article discusses the issues of the neo-myth genre, the factors of its origin, and the features of poetics. The substrates and archetypes of myth that influence the formation of the neomyph are particularly noted. The mythopoetics of A. Bayette, E. Vodolazkin and H. Dustmuhammad, as well as some studies of neomif by these authors.
1 Қуронов Д. “Ўтган кунлар”: мифопоэтик таҳлил тажрибаси” // Филология масалалари. 2015. №4. – Б. 10 – 16; Владимирова Нинель. Клеопатра Чўлпон талқинида // Ўзбек тили ва адабиёти. 1992. №2.
2 Есхатология (юнон тилидан олинган бўлиб ἔσχατος — “чегара”, “охирги” ва “таълим”, “билим”) — бу инсон, дунё ва мавжуд бўлган барча нарсаларнинг якуний тақдирини ўрганадиган илоҳиёт ва фалсафанинг бир бўлими. Унга individual есхатология (руҳнинг кейинги ҳаёти ҳақидаги таълимот) ва universal есхатология (охирзамон, тарих маъносининг йўқ бўлиб кетиши ва абадийлик бошланиши ҳақидаги таълимот) киради.
3 Скопкарёва С.Л. Неомиф в контексте современной русской литературы // Вестник удмуртского университета. Филологические науки 2007. №5 (1). – 4 с.
4 Афанасьев А.Н. Поэтические воззрения славян на природу: опыт сравнительного изучения славянских преданий и верований, в связи с мифологическими сказаниями других родственных народов: [Т. 1-3] http://az.lib.ru/a/ afanasxewan/text_865poetvozzrenia_slavyan1.shtml; Лосев А.Ф. Диалектика мифа / Миф. Число. Сущность. – М., 1994. – С. 5-217; Топоров В.Н. Миф. Ритуал. Символ. Образ: Исследования в области мифопоэтического. – М., 1995. – 624 с.; Фрейденберг О.М. Миф и литература древности. 2-е изд., испр. и доп. – М., 1998. – 800 с. (Исследования по фольклору и мифологии Востока); Мелетинский Е.М. Поэтика мифа. 3-е изд., репринтное. – М., 2000. – 407 с.; Мелетинский Е.М. От мифа к литературе. Учеб. пособие по курсу лекций «Теория мифа и ист. поэтика повествоват. жанров». – М., 2000. – С. 167; Косарев А.Ф. Философия мифа: мифология и ее эвристическая значимость. – М., 2000. – 304 с.; Борев Ю.Б. Эстетика: Учебник. – М.: Высшая школа, 2002. – 511 с; Шафранская Э.Ф. Мифопоэтика иноэтнокультурного текста в русской прозе ХХ-ХХI вв. Дисс. … доктора филол. наук. – М., 2008. – 160 с.;
5 Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб (Қадимий ва ўрта асрлар маданий алоқалари). – Т.: Ўзбекистон, 1997; Саримсоқов Б. Бадиийлик асослари ва мезонлари. – Т.: Фан, 2004; Мирза-Ахмедова П.М. Творчество Абдурауфа Фитрата и литературно-художественная мифология XX века. – Т.: Фан, 2009. – 160 c.;
6 Дўстмуҳаммад Хуршид. Донишманд Сизиф. Роман. - Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2016.
7 Байетт, А.С. Обладать / А.С. Байетт. пер. с англ. В.К. Ланчикова, Д.В. Псурцева. - М.: 2022. - 656 с.
8 Водолазкин Е. Лавр. Аст. 2012. – 386 с.
9 O‘rayeva D., Otajonova M., Nurullayeva S. Mif va badiiy ijod. O‘quv qo‘llanma. – Buxora, Fan Ziyosi, 2024. – 208 bet.
10 Файзиева М.С Проблема лирическова женсково в рассказе “Китайский Омар” Антонии Байетт // зборник материалов Ташкенткого литературовического форума. – Ташкент.-2025. С.91-94.