Дунё таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар талабаларнинг креатив қобилиятларини ривожлантириш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларга тўлиқ тайёр комил шахснинг интеграл сифатлари ва креатив қобилияти ҳамда фаоллигини ривожлантириш муаммоларини илгари сурмоқда. Таълим олувчиларнинг интеллектуал фаоллигини ривожлантириш, уларнинг жамият фаолиятига тайёргарлик даражасини баҳолаш масалалари билан ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Европа университетлари Ассоциацияси, олий таълим сифатини таъминлаш Европа бўлими каби ташкилотлар шуғулланмоқда.
Бундай ёндашув комил шахс ривожланиши, замонавийлик ва ёш авлодда шахсий фазилатларнинг ривожланишига баниҳоят аҳамият касб этиб, замонавий таълим ва тарбия муаммолари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда талабалар ижодий (креатив) қобилиятларини оширишга хизмат қилмоқда. Республикамиз таълим тизимини ислоҳ қилишда хорижий тажрибаларга асосланган халқаро стандартларга мос келувчи замонавий ўқув дастурлари конигентини миллий таълим стандарти ва малака талаблари мазмуни билан мувофиқлаштириш олий педагогик таълим тизимини такомиллаштиришга асос бўлди.
Ўзбекистон шароитида миллий минталитетимиз, анъана ва урф-одатларимизни жаҳонга танитиш ва тарғиб қилишни мақсад қилган ҳолда, хорижий тажрибалар асосида таълим сифатини тубдан ислоҳ қилиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” да мамлакатимизда «....таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий қилиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш, илмий ва инновацион ютуқларни амалиётга жорий қилишнинг самарали механизмларини яратиш...»[1], кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, халқаро тажрибалар ва стандартлар асосида нафақат чет тиллар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши ва талабаларнинг креативлик қобилиятларини ривожлантириш, ёшлар аудиторияси билан иш олиб боришда интерфаол усуллардан самарали фойдаланиш, олий таълим академик ва илмий даражасини сифат жиҳатидан тубдан такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон шароитида нофилологик таълим йўналишлари талабаларига чет тилларни ўргатиш бўйича қуйидаги устувор йўналишларда тадқиқотлар олиб борилмоқда: Умумевропа CEFR талаблари асосида талабаларга чет тилларни ўргатиш механизмларини такомиллаштириш; ўқитиш мазмуни, таълим технологияларига асосланган (STEM, CLIL, CBI, SCAMPER ва ҳоказо) ўқитишнинг янги методикаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, назорат шаффофлигини кучайтириш; талабаларнинг таълим, илм ва фан соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш; аудитория ва аудиториядан ташқари таълимни ташкил қилиш каби вазифалар кўндаланг бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони, 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил августдаги «Чет тилларни ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда мазкур фаолият билан боғлиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича барча таълим муассасаларида бўлгани каби Навоий давлат педагогика институтида ҳам маънавий-маърифий, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот соҳаларида ишлар жадал олиб борилмоқда.
Институтда инновацион таълим ва ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида талабалар креатив қобилияти фаоллигини ошириш, шахсга йўналтирилган таълим муҳитини ташкил қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нофилологик йўналишларда чет тилни ўқитишда талабалар креатив фаоллигини оширишда талабаларга чет тилни ўқитишда креативлик, ижодкорлик тушунчалари бўйича қиёслаш, ижодий қобилиятлар таснифини модернизациялаш асосида талабалар креативлик фаолиятининг асосий жиҳатлари ва таркибий қисмларини аниқлаштириш; нофилологик олий таълим муассасаларида инглиз тилини ўқитиш жараёнида талабалар креатив фаоллигини ошириш мотивацияси, моҳияти, тузилиши, хусусиятлари ва илмий педагогик шароитларини аниқлаш;чет тил, хусусан, инглиз тилини ўргатишда танланган мезонларга мос ҳолда талабалар креативлик даражалари тизими, мазмуни ва омилларини аниқлаш, уларни ташҳислаш методикасини такомиллаштириш; нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тилни ўргатиш жараёнида талабалар креатив фаоллигини ошириш ва модернизациялаш моделини қўллаш самарадорлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бўлажак педагоглар креатив фаоллигини ривожлантириш бўйича кузатиш, материалларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, жамоавий ва якка тартибда талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлар, сўровлар (ёзма ва оғзаки) вақти-вақти билан ташкил этилиб турилмоқда.
Талабалар ва чет тил, хусусан, инглиз тилидан дарс олиб борадиган профессор-ўқитувчилар билан олиб борилган суҳбат ва кузатишларимиз натижасида нофилологик таълим йўналишлари талабаларига инглиз тилини ўргатиш коммуникативлик, креативлик компонентлари, ўз-ўзини баҳолаш, индивидуал ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тилни ўқитиш сифати, инновацион ва креатив фаолият компонентларини оптималлаштириш билан бирга ушбу таълим йўналишлари талабалари креатив фаоллигини ривожлантириш модели когнитив, ташкилий-фаолиятли, мотивацион мезонли омилларга асосланган ҳолда таҳлил қилиш ҳамда касбий лаёқатлар, амалий ва касбий билимларни аниқлаштириш орқали такомиллаштирилишига эътибор қаратиш долзарблигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Нофилологик таълим йўналишларида инглиз тилини ўргатиш ва талабалар креатив фаоллигини ривожлантириш бўйича турли ўқитиш дастурлари,ўқув-услубий мажмуалар кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилди. Навоий вилояти умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳам янги дастурлар (поғонали ўқитиш чет тил дастури) ишлаб чиқилди. Мазкур дастур нафақат талабалар, балки ўрта бўғин чет тил ўқитувчилари педагогик фаолиятида креатив ёндашишни таъминлашга хизмат қиладиган ўқув-услубий қўлланмалар, инглиз тилидан тест ва назорат топшириқлари, дидактик материалларни ўз ичига олган ўқув-услубий мажмуалар яратилди. Мажмуа дастурга киритилган мавзулар бўйича ролли ва креатив фикрлашга ўргатувчи ўйинлар, назорат топшириқлари, лойиҳа усуллари, дискуссия ва дебатлар, кейс-стади (машғулот режаси тузилиши, ўтказилиши) бўйича тавсияларни ўз ичига олган.
Келгусида мазкур дастур асосида ўқитиш нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тилни ўқитишда талабалар ва профессор-ўқитувчилар креатив фаоллиги сифатини оширишда янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш имконини беради, деб ишонамиз. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, дастур чет (инглиз) тилни ўргатиш жараёнида талабалар креатив фаоллиги структураси (компонентлари) ва моҳияти, нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тилни ўргатиш жараёнининг барча босқичларида талабалар ижодий (креатив) фаоллигини ривожлантириш хусусиятларини очиб беришга хизмат қилади.
Замонавий педагогик-психологик адабиётлар ва тадқиқотларда «шахснинг креатив салоҳияти» тушунчаси турлича таърифланган, масалан, шахснинг ижодий (креатив) салоҳияти:
а) фикрлаш ривожланишнинг юқори даражаси бўлиб, стереотиплик ва оригиналлик эмас, балки фаолиятнинг янги шароитларга, асосан, ҳаракат усулларини тез алмаштириш қобилияти (И.В.Смолярчук[2], Р.Х.Жураев[3]);
б) ўз фаолияти ва хулқини инновацион амалга оширувчи субъектив шартлари бўлган имкониятлар ва қобилиятлар (Сейтхалилов Э.А.[4], Капитонов Э.А[5].).
Шу билан бирга, ижодий фаолият – бу, аввало, талабалар мустақиллиги, бунда нафақат фикрлаш фаолияти хусусиятлари (фикр янгилиги, интуиция), балки ижодга бўлган ички интилиш, яъни омилнинг хусусиятлари (қизиқиш, шижоат, ирода, мақсадга интилувчанлик, илҳом ва ҳ.к.).
Ижодий ишлаш фаолиятига оид тадқиқотларда эришилган муваффақиятлар педагогика ва методика каби фанлар ривожланишининг асосий жиҳатлари билан боғлиқ. Натижада:
Креативлик фикрлаш, мулоқот ва бошқа фаолият турларида ноаниқлик, қарама-қаршиликларда ўзини намоён қилади. Креативликнинг асосий йўналишларига креативлик – маҳсулот, жараён, қобилият, шахсий фазилатни киритиш мумкин.
Инглиз тилини ўрганиш жараёнида кўриб чиқилган ижодий фаолият муаммосига оид материалларни назарий англаш ва умумлаштириш асосида қуйидаги компонентларни фарқлаш мумкин:
а) шахснинг ижодий-мотивация фаоллиги, мақсадга йўналганлиги;
б) шахснинг интеллектуал-мантиқий қобилиятлари;
в) шахснинг интеллектуал-эвристик, интуитив қобилиятлари;
г) шахснинг коммуникатив-ижодий қобилиятлари.
Таълим жараёни самарадорлигини баҳолаш мезонларини такомиллаштиришда интеллектуал қобилият, интеллектуал ташаббускорлик, интеллектуал ижод ва интеллектуал ўз-ўзини бошқаришни ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
1. Креативликка интилмаган талаба ўзининг имкониятларига ишонмайди, шу билан бирга, берилган ижодий топшириқларни бажара олмайди.
2. Суст ва бўш талаба ўз кучи ва имкониятларида иккиланади, ижодий топшириқларни фақатгина ўқитувчи ёрдамида репродуктив усул ёрдамида бажара олади.
3. Ўртача ўзлаштирадиган талабага ижодий топшириқларни бажаришда қўшимча омиллар зарур бўлади. Бунда талаба индивидуал креатив фаолиятга интилмасдан, кичик гуруҳларда ишлашни афзал кўриши муҳим.
4. Кучли талаба ўз кучи ва имкониятларига ишонади.
Талабалар ижодий ривожланишининг кенг тарқалган кўринишлари пассив-таништирув (ижодий фаолиятга қизиқиш ва ички эҳтиёж); ижодий-репродуктив (талабалар ижодий фаолиятга интилиши билан мос келиши ва унинг репродуктив характери); қисман ижодий (талабанинг фаоллиги тизимли истак ва хоҳишларни талаб қилади, унинг ижодий фаолияти изланувчи характерга эга); хусусий ижодий (талабанинг ўз фаоллигини бошқаришда унинг билишга оид фаолияти ижодга айланади)[6]. Чет тилни ўрганиш жараёнида талабаларнинг ижодий қобилиятлари ривожланишини тавсифловчи хусусиятларнинг асосий кўрсаткичлари:
а) ўз-ўзини ривожлантиришнинг аҳамияти; ўзига хос индивидуалликни сақлаш, бунда юксак маънавий даражага эга бўлиш, креативлик ва фаол ижтимоий позицияга риоя қилиши зарур;
б) таълим ва ўқишнинг аҳамияти; оила ва жамият ҳаётининг мавжудлиги;
индивидуал ижодий хусусиятлар билан касбга қизиқиш;
в) шахс креативлиги, мотивация аҳамияти; йўналиш, мулоқот ва хулқнинг
мослашувчанлиги;
г) образли креативликнинг аҳамияти; ижод образларининг
мослашувчанлиги, оригиналлиги ва ишланганлиги кўринишлари;
д) фаол ижодий фаолиятнинг аҳамияти; қизиқувчанлик ва топқирлик
кўринишларига қодирлик.
Педагогика фанининг бутун тарихи давомида амалиётга нафақат халқаро педагогик тажриба, балки Ватанимиз тадқиқотчиларининг тажрибаси асосида йўналтирилган психологик-методик моделларни татбиқ қилишга уринишлар давом этиб келади. Қуйидаги биз ушбу методик моделларни келтиришни маъқул топдик:
1) эркин модель (кескин педагогик ҳаракатларнинг йўқлиги);
2) шахс модели (мураккаб ўқитишнинг юқори даражаси);
3) ривожлантирувчи модель (талабанинг таълимий фаолиятини қайта
қуриш);
4) фаоллаштирувчи модель (талаба билиш фаоллигининг ўсиш даражаси);
5) шакллантирувчи модель (лаёқатни ўзлаштириш жараёнида мақсадли
бошқариш)[7].
Чет (инглиз) тилни ўқитишда муҳим педагогик-психологик хусусиятлардан бири фаоллик ҳисобланади. Фаоллик инсоннинг ижодий ҳаракатлари, унинг иродаси, оддий мулоқотида ҳам намоён бўлади. Талабалар креатив фаоллигининг асосий таркибий қисмлари қуйидагилар:
а) талаб ва эҳтиёжлар ва ижодий фаолиятга интилиш;
б) ўзгариб турадиган фаолиятга тайёргарлик;
в) ўрганилаётган фан, объект ва ҳодисаларга ўзгарувчан муносабат;
г) эвристик имконият;
д) шахсий ва ўзгарувчан фаолият.
Талабанинг ижодий фаоллигини биз, ўз ичига икки таркибий қисмни оладиган шахснинг интегратив чегара, чизиғи деб белгилаймиз:
1) талабаларнинг фаол ижодий фаолиятга интилиши (мотивацион таркибий қисм ҳисобланади);
2) ўзининг ижодий фаолиятини амалга оширишни билиши (операцион таркибий қисм ҳисобланади).
Чет (инглиз) тилни ўқитиш жараёнида талабаларда ижодий фаолликни ривожлантиришнинг уч асосий гуруҳга бирлашган омилларини алоҳида қайд қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Булар:
1) олий таълим муассасасидаги ички омиллар;
2) ташқи муҳит омиллари;
3) талабаларнинг шахсий фазилатлари.
Нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тилни ўқитишда ташқи мотивацияни ривожлантиришда қуйидаги педагогик шарт-шароитлар муҳим ҳисобланади:муваффақиятли вазиятни шакллантириш, талабаларнинг ўз кучига ишончини ривожлантириш; билимларни назорат қилишнинг мажбурийлиги, ўқитувчи томонидан белгиланган аниқ муддат ичида талабаларга берилган топшириқларни бажаришда уларнинг шахсий масъулиятини ривожлантирадиган «авторитар талаблар»[8] ва бошқалар.
Нофилологик таълим йўналишларида чет (инглиз) тили машғулотларида талабаларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, чет тилига оид нутқий фаолияти, педагогик мулоқоти ва қулай педагогик шарт-шароитлари ва дидактик технологиялар комплекси асосида бўлғуси фаолиятининг ижодий таркибий қисмини эгаллаш жараёнини талаба индивидуаллигини мақсадга йўналтириб амалга оширилиши муҳимдир.
Инглиз тилини ўргатиш жараёнида талабалар креатив фаоллигини ривожлантириш технологияси изчиллик билан амалга ошириладиган жараён бўлиб, қуйидаги босқичлардан ташкил топади:
1) ахборот-коммуникатив қобилиятини шакллантириш. Бунда бир вақтнинг ўзида ўрганилаётган тил ва фан мазмуни билан боғлиқ касбий лаёқатнинг когнитив, мазмунли-операцион таркибий қисмларини эгаллаш амалга оширилди;
2) талабаларнинг ўз касбий имкониятлари апробацияси (дидактик ўйинлар,тестлар ва тренинглар орқали);
3) тажрибаларни эгаллаш ва такомиллаштириш;
4) касбий компетентликнинг ижодий (креатив) аспектларини эгаллаш, лойиҳалаш ва тажрибадан ўтказиш;
5) касбий тайёргарлик натижаларини якунлаш (битирув малакавий ишининг асосий мазмунини инглиз тилида тушунтириб бера олиш малакасига эга бўлиш).
Инглиз тилини ўқитишда замонавий педагогик технологиялар нофилологик таълим йўналишлари талабаларининг креатив фаоллигини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади ва шу билан бирга нофилологик таълим йўналиши битирувчисида касбий кўникмалар; илмий-техник қобилиятни ривожлантириш; таълимий жараён мазмунини янгилаб туриш талаб қилинади.
Юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун талабаларга ижодий креатив фаолликни баҳолаш учун мезонлар белгиланади.Улар:
- когнитив (касбий тасаввурлари, унинг талабалар олдидаги талаблари, ҳамда унинг эгаллаётган касби талабларига мослигини англаш ва б.қ);
- ташкилий-фаолиятли (касбий компетентлигининг шаклланганлиги, ўз-ўзини такомиллаштиришга интилиши, касбий фаолиятда ижодийликка асосланиш, жамоада ишлашга ўзини сафарбар қилиш ва уни ташкил эта олишга йўналтириш);
- мотивацияли (касбий фаолиятни эгаллашга бўлган эҳтиёж, касбий фаоллигининг муваффақиятини таъминловчи мотивация ва компетенциялар).[9]
Инновацион технологиялардан энг истиқболлилари сифатида «кейс технологияси» (аниқ ўқув вазиятлари асосида ўқитиш); рефлексия (ўзини билиш ва ўзини баҳолаш), диагностик ва ривожлантирувчи; тренинг технологиялар (ишга алоқадор коммуникация, шахснинг ривожланиши, коммуникатив билимлар тренинги); лойиҳалаш, мультимедиа технологиялари; турли даражадаги ўқитиш технологиялари; модулли ўқитиш технологияси ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, чет (инглиз) тилда коммуникатив компетентликни ривожлантириш жонли (мулоқотда қўлланиладиган) тилдан фойдаланиш компетентлигини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, тил тузилишини эмас, балки лингвистик кўринишларни унинг коммуникатив функциялари (ахборот, эмоционал-баҳоловчи, регулятив, этикет) билан ўрганишга йўналтиради.
Ҳозирги даврда чет тилларни ўқитишда доимий равишда ўқитиш талабаларни бу жараёнга креатив ёндашиш ва билимига бўлган қизиқишини таъминлашни кўзда тутган янги методлар устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бунда метод танлаш қуйидаги шартларга бевосита боғлиқ:
Таълим тизимида ихтисослик йўналишидан қатъи назар ўқитиш ва ўргатишнинг фаол методлари ўйинли, ролли ва имитация турларига бўлинади.Тилларга ихтисослашмаган олий таълим муассасаларида инглиз тилини ўрганиш жараёнида талабаларнинг креатив фаоллигини ташҳислаш, олиб борилган таҳлиллар бўйича, қуйидагиларни аниқлаш имконини берди:
Нофилологик таълим муассасаларида чет (инглиз) тилни ўрганиш бўйича универсал комбинацияланган (турли даражадаги, дифференциялашган, жамоавий ўқитиш, кичик гуруҳларда ўқитиш, аралаш тип (blended learning) статистик, динамик, вариацион жуфтлик, ҳамкорлик, модулли ўқитиш ва бошқалар) каби технологиялар Ўзбекистон Республикаси таълим тизими талабларига жуда қўл келади, кадр тайёрлашда умумкасбий ва тил соҳаларининг интеграцияси асосида талабаларда креатив фаолликни ривожлантиришни юқори касбий даражага олиб чиқиш имконияти мавжуд, шунингдек, чет тилларни ўқитишда инновацион технологияларни татбиқ қилиш жараёни амалга оширилди, улар биринчи навбатда шахснинг аналитик ва ижодий қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, креативлик – бу фикрий ва амалий фаолият бўлиб, унинг натижаси - қонуниятлар, хусусиятлар, янги далилларнинг исботланиши, асл ва такрорланмас қадриятларнинг яратилиши, шунингдек, маънавий маданият ва моддий дунёнинг янгиланиши ҳамда тадқиқот усуллари демакдир.
Нофилологик таълим муассасаларида талабаларнинг креатив фаоллиги икки компонентни ўз ичига олувчи шахснинг интегратив тамойилларини аниқлаш имконини берди: Биринчиси, ижодий фаолиятга талабаларнинг интилиши (мотивацион компонент) бўлса, иккинчиси эса креатив фаолиятни амалга ошириш таълимоти (оператив компонент) компонент деган хулосага келинди. Нофилологик таълим муассасалари талабаларининг чет тилларни ўрганиш жараёнида креатив фаоллигини ривожлантириш учун қуйидаги шароитларни амалга ошириш зарур, деган хулосага келдик: а)коммуникатив – таълимий муҳитнинг мавжудлиги; б) таълимий жараённинг мавжудлиги (унинг вазифалари, мазмуни, ташкилланиши, тарбиявий аҳамияти); талабаларнинг креатив фаоллигини ривожлантиришда ўқитишнинг замонавий технологияларидан самарали фойдаланиш, лойиҳалаштирилган таълим, интегратив ва ахборот – коммуникатив технологияларни киритиш мумкин. Чет (инглиз) тилни ўқитиш жараёнида талабаларнинг ижодий фаоллигини ривожлантиришда коммуникатив – таълимий муҳитда натижа берадиган шароитларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.
Касбий компетентликни ривожлантириш фаол етук креатив шахсни шакллантиришда инсоннинг бетакрор эканлигини ҳисобга олган ҳолда мақсадга йўналтириш, таълим олувчиларнинг туғма ва орттирилган креатив қобилиятини ривожлантиришга ва ундан максимал фойдаланишга қаратилган таълим жараёнида касбий компитент ва креатив интеллектуал фаоллик даражасига етишни таъминлаш, айниқса, интеллектуаллик ва креативликдир.
Касбий жиҳатдан такомиллик кадрларни тайёрлаш улардаги креативликни ҳисобга олган ҳолда табақалаштиришни талаб қилади. Бу эса уларда қобилиятни, ўзининг руҳий дадиллигини ва ўз – ўзини идора этиш ўз ижодий ривожланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, нофилологик таълим муассасаларида ўқув дастурларини модернизациялашнинг замонавий тенденцияларини, талабаларда тилларни ўқитишда уларнинг креатив фаоллигини ривожлантиришда инновацион методлар татбиқ этишни талаб қилади.
Бугунги кунда хорижий тил таълими соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ ҳолда малакали кадрлар тайёрлаш имконияти мавжуд. Албатта, бунда тил ва умумкасбий соҳалар интеграциясини фаоллаштириш муҳим ўрин эгаллайди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Тухтаева К. Пути повышения творческой активности студентов в процессе изучения иностранного языка в нефилологических высших учебных заведениях. В статье исследуется роль творческой деятельности в изучении иностранного языка, основные факторы и особенности, характеризующие развитие творческих способностей студентов в процессе изучения иностранного языка, обучения английскому языку и развития творческой активности студентов в нефилологическом образовании.
Tuxtayeva K. Ways of enhancement of creativity in foreign language study to the students in non-philologic universities. The article examines the role of creative activity in the study of a foreign language, the main factors and features that characterize the development of students 'creative abilities in the process of learning a foreign language, teaching English and the development of students' creative activity in non-philological education.
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида / Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 6-сон, 70-модда.
[2] Смолярчук И. В., Толстошеина В. М. Педагогическое образование, клиническая психология /М-во образования и науки Российской Федерации, Федеральное гос. бюджетное образовательное учреждение высш. проф. образования "Тамбовский гос. ун-т им. Г. Р. Державина". - Тамбов: Изд-во ТГУ, 2016. - 351 с.
[3] Жураев Р.Х. Педагогик жамоада маданий ижодий муҳит яратиш лойиҳаси. Педагоглар ва психологлар учун илмий-методик қўлланма. – Ташкент: 2015. – 160 б.
[4] Қурбонов Ш.Э., Сейтхалилов Э. Таълим сифатини бошқариш. / -Т.: “Турон-Иқбол”, 2006.-592 б.
[5] Сейтхалилов Э.А. Педагогические основы учебно-воспитательного процесса в общеобразовательных школах. Автореф. дисс. д-ра пед. наук.-Т.; 2000.60с.
[6] Капитонов Э.А., Зинченко Г.П., Капитонов А.Э. - Корпоративная Культура: теория и практика. Издательство: Альфа-Пресс. - 352с.
[7] Жураев Р.Х. Педагогик жамоада маданий ижодий муҳит яратиш лойиҳаси. Педагоглар ва психологлар учун илмий-методик қўлланма. – Ташкент; 2015. – 160 б.
[8] Кадирова М.Р.Таълимда интегратив технологияларни қўллашнинг услубий асослари//Ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини оширишда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг корпоратив ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар мавзусидаги республика илмий – амалий анжуман материаллари.- Фарғона: 2016.- б. 268 – 271б.
[9] Ядгарова Л.Д., Эргашева Д.Б. Способы использования интерактивных методов в образовательном процессе // Academy. № 9 (60), 2020.