НУТҚ ЛИНГВИСТИКАСИНИНГ ЎРГАНИШ ОБЪЕКТИ ХУСУСИДА

Хайруллаев Хуршид Зайниевич,

СамДЧТИ профессори, филология фанлари доктори

Калит сўзлар: нутқ бирлиги, нутқ сатҳи, нутқ лингвистикаси, иерархик муносабат, гап, жумла, мураккаб синтактик қурилма, матн, макро ва микро матн, абзац.

Гапнинг нутқ бирлиги эканлиги бугунги кунда синтактик қурилмалар таҳлилига бошқача ёндашишни тақозо этади. Нутқ лингвистикаси эса тилшуносликнинг алоҳида соҳаси сифатида эндигина оёққа турмоқда [Савченко А.Н.: 1986. 62-73]. Шу боис унинг том маънодаги таҳлил усуллари ҳам ҳали ишлаб чиқилгани йўқ. Одатдаги синтактик таҳлил усули, албатта, фаннинг бугунги ютуқларига таяниб қаралганда нутқ материали учун яроқсиздир. Демак, ҳозирги тилшуносликда нутқ бирликлари таҳлили усулларини илмий асослаш кечиктириб бўлмайдиган ўта долзарб масалалардан биридир. Фикримиз далилини Ю.В.Ванниковнинг қуйидаги сўзларида кузатиш мумкин: «Понятие предложения как предмета лингвистического исследования может быть сформулировано лишь после решения вопроса о принципах лингвистической организации речевого материала, о соотношении различных аспектов его организации» [Ванников Ю.Н.: 1979. 12.].

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нутқ бирликлари ва уларни белгилаш масаласи тилшунослигимизда тадқиқотлар кун тартибига ҳали ҳам том маънода қўйилгани йўқ, мавжуд баъзи ишларда эса масала тавсифи чегараси гапнинг синтактик таҳлилидан нари ўта олмаяпти. Тўғри, гап нутқ бирлиги сифатида алоҳида сатҳни ташкил этади. Бироқ нутқнинг гапдан катта бирликлари ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири нутқнинг лингвистик табиати нуқтаи назаридан изоҳланмоғи лозим деб ўйлаймиз.

Равшанки, тил бирликларининг иерархик муносабати қонунияти тилнинг нутқда реал қўлланишини таъминловчи асосий омилларни белгилаб беради. Бу соҳада, масалан, фонемалар морфема билан, морфемалар сўз билан, сўзнинг гап билан иерархик муносабат ташкил этиши бобида бирор бир ғализлик ёки изоҳталаб масала кўзга ташланмайди. Лекин бунда фақат тил бирликларининг иерархик муносабатини кўрамиз. Иерархик муносабатнинг нутқда содир бўлувчи кейинги босқичи ҳақида эса тилшунослик адабиётларида, айрим тадқиқотлардан ташқари, ҳозиргача ҳеч қандай материал берилмади дейиш мумкин. А.Н.Савченконинг таъбири билан айтганда, сатҳ (уровен) ҳақидаги мавжуд назариялар фақат тилга асосланади [Савченко А.Н.: 1986.71.].

Мавжуд назарияларда тил сатҳи деганда фонематик, морфематик, сўз ҳамда гап сатҳлари эътиборга олинади. Бироқ бу ўринда гапнинг тил сатҳи саналиши ва бунда қўшма ҳамда мураккаб гапларнинг ҳам шу сатҳ таркибида бўлиши бугунги кунда айрим эътирозлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бирчидан, гап тилнинг эмас, балки нутқнинг минимал бирлиги сатҳини ташкил этади. Иккинчидан эса, «қўшма гап» ёки «мураккаб гап» терминлари ўзлари атаётган синтактик қурилмалар лингвистик табиати билан мос келмаяпти. Шу боис ўз даврида А.М.Пешковский қўшма гап тушунчаси бир неча гапни бир гап деб атагани учун турли қийинчиликларга сабаб бўлаётганини тўғри таъкидлаган эди [Пешковский А.М.: 1956. 455-470.]. Бунга Б.Турниёзовнинг қуйидаги фикри орқали изоҳ бериш мумкин: «Дарҳақиқат, ҳар бир тил бирлигининг реал қўлланиши ўзидан катта бирлик оғушида амалга ошади. Демак, гапнинг фаоллашуви ҳам гап сатҳида эмас, балки матн таркибида рўй беради. Ана шу нуқтаи назардан «қўшма гап» терминининг нечоғлик тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўришга тўғри келади» [Турниёзов Б.: 7].

Кўринадики, тил ва нутқ бирликларини фарқламаслик нафақат сатҳ тушунчаси талқини учун, балки иерархик муносабат қонуниятлари тавсифи учун ҳам ўта ноқулайлик туғдирмоқда. Аммо шундай бўлишига қарамай, таниқли тилшуносларнинг ҳам мазкур масалага жиддий эътибор бермаганликлари афсусланарлидир. Фикримиз далилини В.М.Солнцевнинг қуйидаги мулоҳазаларида кўришимиз мумкин: «Предложения могут входить в сложные предложения или быть частями сложного синтаксического целого, или фразы» [Солнцев В.М.: 146.].

В.М.Солнцевнинг мазкур фикрида гап гапнинг ичида фаоллик олиши мумкинлиги таъкидланмоқда, зотан, қўшма гап деганимизда ҳам биз гапни тушунамиз. Агар шундай хулосага келадиган бўлсак, нутқ бирликларининг реал қўлланиши учун муҳим бўлган иерархик муносабат қонуниятига амал қилмаган бўламиз. Бу ўринда, албатта, иерархик муносабат қонунияти «қўшма гап» термини доирасида бузилмоқда.

В.М.Солнцевнинг келтирилган фикрида эслатиб ўтилган «сложное синтаксическое целое» термини қўлланилганда эса иерархик муносабат қонунияти бузилмайди, чунки мураккаб синтактик бутунлик гапдан катта бирликни тақозо этади.

Қўшма гап тушунчаси ва унинг лингвистик мақомга эга эмаслиги масаласи Б.Турниёзовнинг номзодлик диссертациясининг мавзусини ташкил этди. Мазкур ишда муаллиф «қўшма гап» терминидан фойдаланишни маъқулламайди ва бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Қўшма гап» термини фанимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида кўпчиликни қониқтирмаяпти. Чунки «қўшма гап» тушунчаси тил бирликларининг иерархик (поғонали) муносабати принципларининг бузилишига олиб келмоқда. М.В.Ляпон таъбири билан айтганда: «Агар қўшма гап (мураккаб жумла) икки ёки ундан ортиқ (коммуникатив салмоқли) тугал фикр англатаётган хабарлар бирикувини тақозо этар экан, унинг сатҳида матн ифодасининг жиддий белгилари кузатилади» [Турниёзов Б.Н.: 12.].

Ана шундан келиб чиқиб, Б.Турниёзов «қўшма гап» термини ўрнига микроматн мақомига эга бўлган «мураккаб синтактик қурилма» терминини таклиф этади ва бу билан қўшилиш мумкин.

Мураккаб синтактик қурилма нутқда шаклланади ва икки ёки ундан ортиқ гапларни ўз ичига олади. Бу, албатта, унинг гапдан катта нутқ сатҳи эканлигидан далолат беради. Бундай қурилмалар умумий лингвистик мақомига кўра муштарак бўлсалар ҳам, семантик жиҳатларидан бир-биридан фарқланади: тенг компонентли мураккаб синтактик қурилмалар, тобе компонентли мураккаб синтактик қурилмалар. Бироқ, қандай номланишидан қатъи назар, уларнинг ҳар бирида микроматн салмоғи кўзга ташланади. Албатта, бу ўринда микроматн тушунчасини нисбий деб билмоқ керак. Чунки матннинг бир сўз билан, сўз бирикмаси ҳамда мустақил гап билан ифодаланадиган турлари ҳам борки, улар ҳам энг кичик матнлар саналади.

Нутқнинг мураккаб синтактик қурилмалардан катта сатҳи абзацдир. Абзац ҳам нутқда шаклланади ва шу боис уни биз нутқ бирлиги тарзида талқин этмоқдамиз. Айни пайтда шуни ҳам айтиш лозимки, мураккаб синтактик қурилма ҳам, абзац ҳам ўз структур хусусиятига кўра нутқнинг минимал бирлиги – гапдан фарқ қилади. Равшанки, гап структурасини тил бирликлари, хусусан, сўзлар мажмуаси ташкил этади. Мураккаб синтактик қурилма ҳамда абзац структураларини эса нутқ бирликлари шакллантиради. Бошқача айтганда, уларнинг қурилиш материали сифатида, асосан, нутқ бирлиги - гап фаоллик кўрсатади. Тўғри, абзацнинг шаклланишида айрим нутқ муҳитида мураккаб синтактик қурилмалар қатнашиши ҳам кузатилади. Лекин бу, биринчидан, доимий эмас, иккинчидан, мураккаб синтактик қурилманинг ҳам қурилиш материали гапдир.

Абзац ўз лингвистик мақомига кўра мураккаб синтактик қурилмадан бир поғона юқори туради. Бироқ шуниси характерлики, мураккаб синтактик қурилма камида икки гапнинг ўзаро боғланишидан ташкил топади. Абзац эса бир гапдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Бу жиҳатларига кўра мазкур нутқ бирликлари сўз бирикмаси ва гап ўртасида мавжуд бўлган структур тафовутни такрорлайди.

Абзац неча компонентли бўлишидан қатъи назар, ҳар доим ҳам фикр ифодасининг тугаллигини кўрсатавермайди. Баъзан тугал фикр ифодаси икки абзац материалида берилиши ҳам мумкин. Бу унинг доимий бир хил бўлган модели йўқлигини кўрсатади. Ана шуни эътиборга олиб, О.И.Москальская уни тил бирлиги деб атаб бўлмайди, деган хулосага келади. Бундан ташқари, олима абзац ҳажми бир гапдан тортиб, бир неча саҳифагача етишини ҳам эслатиб ўтади [Москальская О.И.: 31-32.].

О.И.Москальская абзацнинг нутқ бирлиги эканлиги масаласига ишора қилган бўлса ҳам, буни рўйирост айтмайди. А.Г. Фридман эса уни нутқ бирлиги тарзида тавсифлайди [Фридман А.Г.: 30-52.]. Бизнингча, мазкур мулоҳаза билан қўшилиш қийин. Чунки абзац кўп жиҳатдан сўзловчининг нутқий услуби билан боғлиқ бўлади. Шундай бўлгач, унга тил бирлиги мақомини бериб бўлмайди. Бундан ташқари, абзацни грамматик-семантик воқелик деб аташ ҳам муаммо тавсифининг фақат маълум жиҳатларинигина ўз ичига олади. Е.А.Реферовская эса абзацни стилистик-семантик бирлик деб таърифлайди [Реферовская Е.А.: 91.]. Бу ўринда, албатта, унинг синтактик табиати эътибордан четда қолади. Шунинг учун абзацни биз синтактик бирлик деб аташ мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Абзац ўз лингвистик табиатига кўра мураккаб синтактик қурилмадан ажралиб туради. Буни Н.А.Левковская қуйидагиларда кўриш мумкинлигини таъкидлайди: « а) абзац матннинг муаллиф (сўзловчининг) прагматик нуқтаи назаридан субъектив бўлинишидир; б) мураккаб синтактик қурилма эса матннинг прагматик омиллари қуршовидаги бўлинишни тақозо этади» [Левковская Н.А.: 75.].

Ана шулардан келиб чиқиб, абзацни нутқнинг алоҳида сатҳини ташкил этувчи бирлик сифатида тушунамиз. Бунинг учун қуйидагиларга асосланиш мумкин: Абзац нутқ жараёнида шаклланади. Сўзловчининг нутқий услуби маҳсули саналади. Нутқнинг гап, мураккаб синтактик қурилма ва жумла (турли хил синтактик қурилмалар, иловали ва парцеллятив структуралар, эллиптик қурилмалар ва ҳ.к.) каби бирликлари воситасида воқеланади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, абзацдан катта бирлик – бобни макрообъект тарзида белгилаш ҳам мумкин. Бошқача айтганда, абзацнинг иерархик муносабатга киришуви масаласи ўзидан катта бирлик боб сатҳида талқин этилади. Қурилиш материали боб саналувчи нутқ бутунлиги эса супермакроматнни тақозо этади. Мазкур нутқ материалининг, шу жумладан, бобнинг ҳам лингвистик табиатини ўрганиш нутқ лингвистикасининг кейинги тараққиёт даврларида махсус монографик тадқиқотларнинг текширув объекти бўлиши мумкин.

Адабиётлар:

  1. Ванников Ю.Н. Синтаксис речи и синтаксические особенности русской речи. – М.: Русский язык, 1979, 295 с.

  2. Левковская Н.А. В чем различие между сверхфразовым единством и абзацем // Филол.науки, – М., 1990, – №7.-С.75.

  3. Москальская О.И. Грамматика текста.– М., 1981.

  4. Пешковский А.М. Русский синтаксис в научном освещении. – М.: Учпедгиз, 1938, 448 с.

  5. Реферовская Е.А. Лингвистические исследования структуры текста. –Л.: Наука, 1983, 214 с.

  6. Савченко А.Н. Лингвистика речи // Вопросы языкознания, –М., 1986, –№3, с. 62-74.

  7. Солнцев В.М. Язык как системно-структурное образование. –М.: Наука, 1971, 292 с.

  8. Турниёзов Б. Ҳозирги ўзбек тилида тенг компонентли мураккаб синтактик қурилмалар деривацияси: Филол. фан. ном. дис. ... автореф. – Самарқанд, 2006, 24 б.

  9. Фридман А.Г. Грамматические проблемы лингвистики текста. –Ростов н/Д, 1984.с. 30-52.

 

Хайруллаев Х. Об особенностях изучения объекта речевой лингвистики. В статье, наряду с предложением и его лингвистическим описанием, изложены взгляды на освещения речевых линий и составляющих их единицы. Здесь важное место занимают выводы на основе иерархических отношений речевых единиц. Были выдвинуты более новые механизмы исследования, как языковых, так и речевых. Как и предусмотрена максимальная единица языка, так же предусмотрена минимальная единица речи. Как большая единица, изучается сложная синтаксическая целостность и абзац. Также, выражено отношение о главе и иерархическом отношении в её структуре.

Hayrullaev H. About the features of investigating the object of speech linguistics. The article, along with the sentence and its linguistic description, sets out views on the lighting of the furnace lines and their constituent units. Here an important place is occupied by conclusions based on the hierarchical relations of speech units. Newer research mechanisms, both linguistic and speech were put forward. As the maximum language unit is provided, the minimum unit of speech is also expressed. In article there are studied complex syntactic integrity and paragraph as a big unit. Also, the attitude to the head and hierarchical relations in its structure is expressed.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati