«ПРАГМАТИКА» ТУШУНЧАСИНИНГ ТАЛҚИНИ ҲАҚИДА

Холматова Вазира Нарзуллаевна,

ҚарДМИИ тадқиқотчиси

Калит сўзлар: прагматика, семиотика, семантика, нутқий акт, матн.

 

Холматова В. О термине “прагматика”. Автор делает обзор дефиниций о термине “прагматика” и представляет своё мнение.

Xolmatova V. About the meaning of the term “pragmatics”. The author makes a survey of definitions of the term “pragmatics” and gives her opinion.

Прагматика америкалик олим Чарльз Пирс томонидан барча билим соҳаларини бирлаштирувчи фан сифатида қаралган семиотика доирасида юзага келди ва ривож топди (қаранг: Сусов 2006; Сафаров 2008). Прагматикани семиотиканинг алоҳида соҳаси сифатида қараш ҳақидаги фикрни биринчилардан бўлиб, Ч.Моррис билдирган эди. Лисоний белгилар таснифини яратган бу олим семиотикани уч мустақил қисм, яъни лисоний белгиларнинг предметга нисбатан муносабатини ўрганадиган семантика, белгиларнинг бир-бири билан муносабатини тавсифловчи синтактика ҳамда белгиларнинг улардан фойдаланувчи шахсларга бўлган муносабатини ўрганувчи прагматикага ажратишни таклиф қилди (Арутюнова, Падучева 1985: 8-9). Кейинги йилларда ушбу йўналишлардан семантика ва синтаксис жадал тараққий қилган бўлса, прагматикага эътибор сустроқ бўлди. Фақат ўтган асрнинг охирги чорагига келиб, прагматика тилшуносликнинг мустақил йўналиши сифатида шакллана бошлади.

Дастлабки нашрларда прагмалинг-вистиканинг объектини аниқлашда бир томонлама ёндашув устувор бўлиб, уларда тил бирликларининг таъсир кўрсатиш имкониятлари олдинги ўринда турган эди. Масалан, Л.А.Киселёва тилнинг прагматик ва таъсир кўрсатиш хусусиятларини тўлиғича тенглаштирган бўлса (Киселёва 1978:11), Г.Я Солганик лисоний воситалар танловини прагматик ҳодиса эканлигини қайд этади (Солганик 1981). Шунингдек, В.Л.Наер нутқий тузилманинг прагматик хусусиятини “сўзловчининг онгли равишда, мақсадли таъсир кўрсатиш истаги”, деб таърифлайди (Наер 1981:107).

Лисоний бирликлар воситасида тингловчи (ўқувчи)га таъсир кўрсатиш механизмлари Т.А. Дейкнинг ишларида ҳам эслатилган эди. Унинг талқинича, прагматик назариянинг асосий тамойили сўзловчининг тингловчи руҳий ҳолатига таъсир ўтказиши билан боғлиқ. Лекин олим прагматиканинг тор маънода талқин қилинишига қарши. “Прагматика, – деб ёзади у, – тилнинг вазиятли қўлланиши тўпламидир. Прагмалингвистика–тил эгасига нутқий тузилмалар қаторини маълум контекст билан боғлаш имконини берадиган қоидалар тизимини қолиплаштиришдир” (van Djik 1976:26).

Т.А. ван Дейк, шунингдек, прагматикани социолингвистика ва психолингвистикадан фарқлаш лозимлигини уқтиради. Бундан ташқари, тавсифий (дескриптив) прагматикада тилдан фойдаланишнинг амалий қоидалари шакллантирилса, назарий, “мавҳум” прагматикада эса кузатувлар асосида умумий категориялар ажратилиб, уларнинг ўзаро алоқаси ўрганилади. Оқибатда, прагматик тадқиқотларда дейктик иборалар ҳам таҳлил қилиниб, олмошлар ва at that time кўринишидаги бирликларнинг қўлланилиши сўзловчи нуқтаи назаридан тавсифланади. Олим томонидан нутқий актлар назариясини прагмалингвистиканинг ажралмас қисми, деб таърифланиши алоҳида эътиборга лойиқ.

Нутқий актларнинг прагматик тадқиққа тортилиши анъанага айланиб улгурди. Машҳур “Синтаксис ва семантика” сериясининг 3 ва 9 жилдлари шу масалага бағишланган, Ж.Остин, Ж.Сёрль, Ж.Саддок, Х.Грайс, Д.Вандервекин, В.В.Богданов, И.В.Кобозева каби кўплаб олимларнинг ишларида нутқий акт назариясининг асосий тамойиллари батафсил баён қилинган (Демьянков 1986;Демьянков 1995). Биз нутқий актлар таснифи масаласига кейинчалик батафсилроқ тўхталмоқчимиз, ҳозирча ушбу назария доирасида прагматика ва семантика муносабати алоҳида таъкидланганлигини эслатмоқчимиз.

Прагмалингвистика ривожининг дастлабки босқичларида прагматика ва семаника фарқланиши Г.Морриснинг семантик таълимотига асосланган эди: биринчиси лисоний белги ва ундан фойдаланувчи муносабати билан боғланса, иккинчисида эса, лисоний белгиларнинг номланаётган объект билан муносабати етакчи ўринга чиқади (Терентьева 1983; Азнаурова...). айтиш жоизки, ушбу ишларда ўрганиш предмети асосан луғавий бирлик–сўз бўлиб, бундай ҳолда сўзнинг маъносида нима акс топишини маълум даражада аниқ кўрсатиш имкони бор ва уни семантиканинг объекти сифатида қарашга ундайди. Сўзнинг номланаётган нарса–ҳодиса билан боғлиқ бўлмаган қўшимча маъноси эса прагматика ҳудудига қолдирилади.

Нутқий актлар доирасида, худди матн тилшунослигида бўлганидек, матн мазмуни ва узатилаётган ахборот мундарижасининг қайси қисми доимийлигини ёки муаллиф мақсадига боғлиқ ҳолда шаклланганлигини ажратиш қийин масала. Зотан, муаллиф мақсадининг нутқий тузилмада воқеланиши семантиканинг иштирокисиз кечмайди. Шу сабаб, семантика ва прагматикани “объектив мавжудлик–муаллиф томонидан киритилганлик” қарама-қаршилигида фарқлаш қийинлашади. Оқибатда, ушбу муаммо билан қизиққанларнинг хулосалари турлича: бир гуруҳ тадқиқотчилар (Т.А.ван Дейк, Г.Камп, А.Кашер, Г.Г.Почепцев, В.В. Богданов ва б.) нутқий актлар назариясини тўлиғича прагматика соҳасига оид, деб ҳисоблайдилар. Америкада нашр қилинган Syntax and Semantics (1978) тўпламининг муаллифлари семантика ва прагматикани нутқий формулалар қўлланишининг доимийлиги ёки фавқулодда эканлигига нисбатан чегаралаш йўлини қидирадилар. Бу эса нутқий актларнинг бевосита ва билвосита турларга тақсимлашга олиб келади.

Ш.Сафаровнинг қайдича, прагматикани кенг маънода англамоқ даркор, у тилшуносликнинг семантика ва синтаксис соҳаларида ўрганиладиган масалаларни ҳам қамраб олади ва ўзига хос умумлаштирувчи йўналиш вазифасини ўтайди. Шунга нисбатан, прагматик назария сўзловчи ва тингловчининг гап ёки матн пропозициясини бир хилда қабул қилишини эътиборга олади (Сафаров 2008:43).

Унутмайликки, семантика ва прагматика муносабати билан қизиққан тадқиқотчиларнинг қарийб барчаси ушбу муносабатнинг мураккаблигини ва фан тараққиётининг ҳозирги босқичида ушбу соҳаларни батамом чегаралаб ташлашнинг имкони йўқ эканини қайд этадилар. Бир пайтлар машҳур инглиз тилшуноси Ж.Лайонз, тил ва нутқ босқичларини қатьиян чегаралаш йўлидан бориб, бир томондан, матнгап ва тизим гап, гап–тил ва гап белги, иккинчи томондан, нутқий ҳолат ва нутқийҳосила, нутқий белги ҳодисаларини фарқлашни таклиф қилган эди (Lyons 1977:64). Бундай тақсимот гап маъносининг (пропозициясининг) семантик ҳудудига қолдириб, нутқий тузилма маъносини прагматика соҳасига қолдиришга ундайди. Г.Г.Почепцов қайд этганидек, “прагматик хусусиятлар кўплаб, қатор қўлланишлар маҳсули сифатида юзага келади ва мавжуд бўлади” (Почепцов 1985: 17). Демак, лисоний бирликларнинг бирор бир аниқ мулоқот вазиятида фаоллашуви прагматик таҳлил объектига айланади.

Тилнинг жамиятда бажарадиган муҳим вазифаларидан бири–мулоқот воситаси ролини ўташдир. Прагматик билим, ўз навбатида, инсон фаолияти давомида тўпланган тажриба натижасидир, ахборот алмашинуви жараёнида ушбу билим лсоний воқеланади ва шу йўсинда онгда сақланади. Лекин ҳар бир алоҳида нутқий мулоқот пайтида лисоний белги янгича мазмун ифодалай олиши мумкин.

Прагматикага оид муаммолар ҳозирги пайтда бошқа соҳаларга оид ишларда ҳам муҳокама қилинмоқда. Бинобарин, Луис Каммингз прагматиканинг кўпсоҳавий фан эканлиги ҳақида гапираётиб, унинг “сунъий интеллект” йўналиши билан боғланишига тўхталиб ўтади. Мутахассислар SCHOLAR деб аталадиган компьютер дастуридан каучук Гвинеяда ишлаб чиқариладиган маҳсулот бўлиши мумкинлигини сўрайдилар. Ушбу дастурда каучукнинг фақат Перу ва Колумбияда ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот бор. Мабодо Гвинеяда каучук дарахти бўлганида, дастурда бу ҳақидаги маълумот бўлиши керак эди. Ундай маълумот йўқ эканми, демак, Гвинея каучуки борасидаги фаразлар нотўғри (Cummings 2005:64-66). Бундай хулосага келиш прагмалингвистикада амалда бўлган қайдлардан фойдаланишни тақозо этади. Прагматик таҳлилга таржима жараёнида ҳам муҳтожлик туғилади. Шу сабаб аслиятдаги ахборотнинг таржима тилида муқобил равишда ифода топиши муаммоси устида бош қотираётган олимлар “таржима прагматикаси” тушунчасига мурожаат қилмоқдалар.

Лингвосоциопсихология соҳаси вакиллари прагматикани икки йўналишда, яъни матн–муаллиф ва матн–адресат муносабатларида тавсифлашни маъқул кўрадилар. Натижада, ахборотни узатувчи ҳамда ахборотни қабул қилувчи прагматикалари фарқланмоқда. Улардан биринчиси “статик” характерга эга, чунки матн фақат биргина талқинга, яъни муаллиф талқинига эга, адресат талқини эса, аксинча, динамик характердадир, зеро “матнни қабул қилувчилар сонига қараб, талқинлар ҳам давомсиз бўлиши кутилган ҳол” (Дридзе 1980:124-125). Психолингвистикада асосан нутқий таъсир механизмлари ёритилганлиги сабабли ахборотни қабул қилувчи прагматикаси олдинги ўринга чиқади. Ушбу йўналишдаги ишларда семантика ва прагматика муносабати муҳокама қилинмайди. Муаллифларнинг эътирофича, матн сатҳида бу масала муҳим бўлмасдан, балки уларнинг фаоллашуви ўзаро боғлиқликда кечади.

Прагматиканинг узатилиши ва қабул қилинишига нисбатан тақсимоти турли йўналишдаги тадқиқотларни умумий соҳа атрофида бириктиришга имкон яратади. Ч.Моррис берган таърифдаёқ прагматиканинг социолингвистика ва психолингвистикадан узоқ турмаслиги аён бўлган эди. Чунки инсонга таъсир кўрсатишнинг лисоний механизмлари тадқиқи бу йўналишларнинг барчаси учун бир хилда хосдир. Уларнинг барчаси ягона бир прагматик муносабатнинг турли жиҳатлари билан қизиқади. Аниқроғи, лисоний таъсир механизмларининг синов–тажрибалар орқали ўрганилиши (социолингвистика ва исихолингвистикада) қабул қилувчи прагматикасини ўрганиш учун қулай бўлса, нутқий актлар ва дейктик иборалар таҳлили эса ахборотни узатувчининг прагматикасини намоён қилади. Охирги ҳолатда асосий эътибор лисоний шаклнинг сўзловчи мақсадини ифодалашга нақадар мос келиши масаласи муҳимлашади. Матннинг прагматик имкониятларини билиш, ўз навбатида, бошқа мундарижадаги прагматикани, яъни ахборот ёки хабар прагматикасини юзага келтиради. Ушбу турдаги прагматик мазмун таржима прагматикасига ҳам тааллуқли.

Мазкур йўналишда, биринчидан, тадқиқ объекти матн бўлиб, тил бирликларининг матнда қўлланишида ҳосил бўладиган маъно хусусиятлари таҳлил қилинади. Албатта, бу матн прагматик хусусиятлари ва алоҳида луғавий бирликлар прагматик имкониятларни бир хил талқин қилинишига олиб келмаслиги керак. Лекин ҳар иккала ҳолатда ҳам таҳлил методлари умумий бўлиши мумкин.

Ушбу йўналишдаги тадқиқотларда сўзловчи (муаллиф) мақсади ва ўтказилаётган таъсир самараси ёрдамчи ролни ўтайди. Шунга нисбатан, прагматикага оид тадқиқотларда асосий таҳлил бирлиги тўлиқ шаклланган матн ёки бошқа турдаги нутқий, дискурсив тузилмалар бўлади. Зеро, лисоний бирликларнинг прагматик имкониятлари фақат уларнинг матн, дискурс шароитида фаоллашувида намоён бўлади. Маънонинг контекстдан ташқаридаги ҳар қандай таҳлили тўлиқ эмас ва лисоний бирликнинг туб моҳиятини аниқлашни қийинлаштиради.

Тил бирликлари воситасида бажариладиган таъсир ҳақида гап кетганида тадқиқотчилар “прагматика” терминига мурожаат қилишга ўрганиб қолганлар ва “прагматик маъно”, “прагматик ахборот”, “прагматик вазифа” каби бирикмаларда қўлланилаётган бу тушунчага изоҳ беришни ҳам ҳеч ким ўйлаб ўтирмайди. Прагматика тушунчаси, одатда, таъсир кўрсатиш имконияти билан боғлиқ ҳолда қаралиб, мулоқот шароитида юзага келадиган мазмун орқали англашинилади. Шунга биноан, биз прагматикани тилнинг ва унинг алоҳида бирликларининг, нутқий тузилмаларнинг адресатга таъсир ўтказиш хусусияти сифатини талқин қилишни маъқул кўрамиз. Шунингдек, прагматик мазмун нутқий бирликлар ёки матнда ифодаланган ахборотнинг адресат онгида янги тушунчаларни шакллантириш имкониятига эга бўлган қисмидир. “Прагматик воситалар” тушунчаси қўлланилишида эса маънони ёки унинг компонентларини ифодаловчи лисоний воситалар назарда тутилади, аммо ушбу воситаларнинг ассоциатив алоқалари матн, нутқий бирликларнинг прагматик мазмунини шакллантириши шарт.

 

Адабиётлар:

  1. Cummings L. Pragmatics: A Multidisciplinary Perspective. – Edinburgh: EUP, 2005. 336 p.

  2. Djik T.A. van. Pragmatics and poetics // Pragmatics of language and literature. – Amsterdam: North Holl. publ. comp., 1976. – p 23-57.

  3. Levenson S.C. Pragmatics. – Cambridge: Cambridge Univ. Press, 1984. – 419 p.

  4. Lyons J. Semantics. Vol. 2-3. – Cambridge: Cambridge Univ. Press, 1977. – 897 p.

  5. Syntax and Semantics. Vol. 9. Pragmatics. – N.Y.: Academic Press, 1978. – p. I-XIII.

  6. Арутюнова Н.Д. Прагматика // Языкознание: Большой энциклопедический словарь. – М., 1998. – с. 389-390.

  7. Арутюнова Н.Д. Речевой акт // Языкознание: Большой энциклопедический словарь. – М.: 1998. – С. 412-413.

  8. Арутюнова Н.Д., Падучева Е.В. Истоки, проблемы и категории прагматики // Новое в зарубежной лингвистике. Вып. 16. Лингвистическая прагматика. – М.: прогресс, 1985. – с3-47.

  9. Богданов В.В. Соотнесенность семантического и прагматического компонентов в высказывании // IV Международная конференция «Францi та Украiна» Матерiали. Т.I, . 1. – Днiрoпетровськ, 1997. – С. 11-12.

  10. Демьянков В.З. Доминирующие лингвистические теории в конце XX века // Язык и наука конца 20 века. – М.: 1995. – С.239-320.

  11. Дридзе Т.М. Язык и социальная психология. – М.: Высшая школа, 1980. – 224 с.

  12. Киселёва Л.А. Вопросы речевого воздействия. – Л.: Изд-во ЛГУ, 1978. – 160 с.

  13. Наер В.Л. Прагматический аспект английского газетного текста // Сборник научных трудов МГПИИ. Вып. 178. – М.: 1981. – С. 106-116.

  14. Попечепцов Г.Г. О месте прагматического элемента в лингвистическом описании // прагматические и семантические аспекты синтаксиса. – Калинин, 198. – С. 12-18.

  15. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. -Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2008. – 286 б.

  16. Солганик Г.Я. Лексика газеты … М.: Высшая школа, 1981. – 112 с.

  17. Сусов И.П.Лингвистическая прагматика. Винница, 2006. 138 с.

  18. Терентьева Л.П. Семантика и прагматика лексических окказионализмов. Автореф.дисс….. канд. филол. наук. – М.: 1983. – 19 с.

  19. Холматова Вазира. Об определении понятия “прогматика”. В стать вкратце рассматриваются процесс развития прагмалингвистики как отдельного направления языкознания.

  20. Kholmatova Vazira. About determination of the concept pragmatics.

  21. The article is about definition of the concept “pragmatics” and shortly description of pragmatics as an independent branch of the linguistics.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati