СамДУ доценти
Хўжамқулов Анвар Жозилович,
СамДУ ҳузуридаги ХТХҚТМОҲМ ўқитувчиси
Калит сўзлар: Фольклор, достон, мақол, эртак, топишмоқ.
Бугунги кунда деярли барча мустақил ҳатто ёрдамчи сўз туркумларининг функционал-стилистик, лингвостатистик, когнитив, семантик имкониятлари монографик йўналишда тадқиқ этилгани ўзбек тилшунослигининг ютуқларидан биридир [6;7;8]. Бироқ ўзбек адабий тили алоқа имкониятларининг кенгайиб бораётганлиги равишнинг функционал-стилистик хусусиятлари борасида йўл-йўлакай айтилган фикр-мулоҳазаларнинг етарли эмаслигини кўрсатади. Бу эса барча сўз туркумлари қаторида мазкур туркум сўзларининг ҳам фонетик, лексик, грамматик-стилистик имкониятларини янада чуқурроқ ўрганиш заруратини юзага келтиради.
Равишлар бирон сўз билан грамматик алоқага киришганда, ўз шаклини ўзгартирмайди, ҳеч қандай аффикс олмайди. Шакл жиҳатдан ўзгармаслик равишнинг хусусиятларидан биридир1. Равиш лингвистик табиатига кўра маълум бир белгини номловчи, мустақил сўз бўлиб, вазифа жиҳатидан бошқа луғавий маъноли сўзлар (одатда, феъл)нинг муайян хусусиятларини конкретлаштиради (Қиёсланг: Эшик очилди – Эшик тўсатдан очилди)2. Қолаверса, равиш сўзларнинг умумий маънолари остидаги хусусий кўринишларни – матндаги маъно нозикликларини, шунингдек, оралиқ маъноларини белгилаш равишни назарий жиҳатдан чуқурроқ таҳлил этишга ҳам қўл келади. Ўз семантик ва грамматик белгилари жиҳатидан фольклор асарларида қўлланилаётган равишлар адабий тилдагига, асосан, мосдир. Аммо фольклор асарларида адабий тилдаги равишларнинг айримлари ишлатилмаслиги ва адабий тилдагидан бошқа шакллар билан фарқланиши мумкин.
Фольклор асарлари тилидаги равишлар иш-ҳаракатнинг белгисини билдириб, ҳолат, ўрин, пайт, мақсад, миқдор-даража маъноларини ифодалайди. Бу қуйидагилар:
Давомли, йўл бўйи бажарилган ҳаракат: Йўл-йўлакай йўлга гулмих тўктирсанг, // Авайлаб узади ўзбакнинг оти (Достон.123). Икковлари ёнма-ён айландилар (Эртак.138).
2) Ҳаракатнинг галма-гал бажарилиши: Кейин уларнинг ҳаммасини бир жойга йиғиб, бирин-кетин ҳушига келтириб, тепиб-тепиб қўрқитиб қўйибди (Эртак.160). Икки сафга тизилдик, Бирин-кетин узилдик (Топишмоқ.36). Ҳамма бирин-кетин ётиб уйқуга кетди (Эртак.235).
3) Шунчаки, жуда ҳам секин: Сизлар аста-аста кета беринглар, - деб ўтаберди (Достон.89). Ўз юртига бориб даврон сурмайми, // Мастонмисан, жўн ўтирсанг бўлмайми? (Достон.47). Жўн “тўғри”, “шунчаки” маъноларини ифодалаган.
4) Ниҳоятда, жуда ҳам: Остидаги зап мастонлар,// Гоҳ йўлларда олиб қочиб (Достон.213). Зап уйим бор, Эшиги йўқ (Топишмоқ.129). Ҳой-ҳаяси бордир шунинг, Зап дояси бордир шунинг (Қўшиқ.53). Бизни ота-онамиз зап сизларга бойлаб кетган экан-да (Эртак.34). Фольклор асарлари тилида қипчоқ шевасига оид зап сўз шакли қўлланилиб, зап “ниҳоятда”, “жуда ҳам” маъноларини англатади. Бу сўз ўзбек адабий тилида учрамайди.
5) Иш-ҳаракатнинг бажарилиш ҳолати: Алпомиш Қўлтойнинг кийимларини кийиб, елкасига жанда-жундани қўйиб, кебанакни устидан елбагай кийиб, сиртидан белини бўғиб... (Достон.333). Елбагай сўз шакли ҳам қипчоқ шеваларида ишлатилиб, кийимини киймасдан елкасига солиб юриш маъносини англатади.
Элликта мардона бўлди, қирқта заифона бўлди, ўн бешта бачкона бўлди (Топишмоқ.95). Форс-тожик тилидан ўзлашган сўз ва аффикслар ҳам сийрак бўлса-да учрайди. Мисолдаги заифона (заиф – ф.т. аёл), мардона (мард-ф.т.эркак), бачкона (бача – ф.т.бола) сўзлари –она форс-тожикча аффикс билан ҳосил бўлиб, тақлид ва ўхшатиш маъноларини англатади.
Меҳнатнинг зўридан, Тос тебадан шох ёрган (Қўшиқ.274). Тос қипчоқ шеваларида тоз вариантида ҳам қўлланилиб, “бошнинг сочсиз тақир ёки кал ери3” маъносида ишлатилади. Матнда “тепаликнинг яланглик ери”, яъни “меҳнат шунчалик кучли бўлганки, бошнинг кал, соч чиқмайдиган еридан ҳам соч чиққан” деганидек, “тинмай меҳнат қилиш натижасида ўт ўсмайдиган тепаликдан ҳам шох чиққан” маъносида қўлланилган. Сичқон ухлар, миқ этмас (Қўшиқ.38). “Миқ этмаслик” асосан сўзлашув нутқида қўлланилиб, “ҳеч гапирмаслик, бутунлай индамаслик, овоз чиқармаслик4” каби маъноларини ифодалайди. Матнда “овоз чиқармасдан ухлаш” маъносида қўлланилган.
6) Иш-ҳаракатнинг бажарилиш ўрни: Тағин келиб қалмоқ билан // Шаҳар ичра аралашди (Достон.292). Нарёқ бети чуқур зиндон кўрибди тойиб тушган ери белгили турибди (Достон.258). Бир ёқдан от қўйди қалмоқ // Бунда ажаб уруш бўлмоқ (Достон.180).
7) Иш-ҳаракатнинг юзага келиш пайти: Боғонағи сўзимни айтманг турама (Достон.120). Ўйлаб турса менинг кўнглим бояғи (Достон.384). Мен билдим, янгитда сўраб тураман (Достон.272). Сиз ҳозир олтмишга кирибсиз, ҳаддингизга қаранг! (T.189). Бир пилла уҳ деб далага чиқди (Достон.37). Кел-е, мен токай хўрлик тортаман, шу хўжайинникидан кетсам нима бўлар эди? (Эртак.49). Шаҳзода андек сабр қилиб турибди (Эртак.10). Ҳозир ишлашга палла-яй, Ишларни тамом қилиб кейин қиламиз, ялла (Қўшиқ.22). Янги кеп кўргансан қалмоқ элини (Достон.133). Ҳозир бор ишимиз бежой бўлади (Достон.135). Бу хатни янги келган сардор юборибди (Эртак.270). Қизим боятдан бери етти ийлик ип йигирдим, деб кетди (Эртак.304). Бояги-бояги, бой хўжанинг таёғи (Мақол.346).
Ҳозир, бояғи, боғонағи, боятдан, янги, янгитда сўз шакллари синонимик қаторни ташкил қилиб, ҳозир “китобийлик, оммабоплик” ифода маъносида, боғонағи, бояғи, янги, янгитда“ достонлар тилига хослик”, бояги, боятдан “эртак, мақол тилига хослик” маъносида кўпроқ қўлланиши кузатилади. Бундан ташқари, уларнинг маъносида ҳам қисман фарқ мавжуд. Ҳозир нутқ сўзланиб турган пайтнинг ўзида, янги нутқ сўзланиб турган пайтдан сал олдин, бояғи, боғонағи сўз бораётган пайтдан бирмунча олдин каби маъноларни билдиради. Янги, янгитда ҳам, боя, бояғи, боғонағидан сўзлари маъносига кўра ҳам фарқ қилади. Янги ҳозирни, янгитда ўтмишни ифодалайди.
8) Иш-ҳаракатнинг миқдорий сифати, даражаси: Энди бир сўзим бор, агар хўп десангиз, айтайин, зора-мора қутулсак дебди (Эртак.12). Бу гапни Алпомиш айтди, карвонларга пича ботиб кетди (Достон.313). Ҳайбати салмоғи унинг анча бор (Достон.363). Бир сими бор хўп узун, Кетган жуда узоққа (Топишмоқ.202). ...ширин сути билан болаларини хўп туйғизар экан (Эртак.56). Хўппа семиз, бир туки йўқ, Териси қалин, жуни йўқ (Топишмоқ.97). Хўп сўз шакли “ниҳоят даражада”, “роса” маъносини англатади, хўппа сўзшаклида эса орттириш даражаси, хўпга нисбатан юқори бўлиб, тасвирланаётган шахс ўта даражада семизлиги тасвирланяпти.
9) Фақат, нуқул: Камликни кўрмаган сатта бойбачча (Достон.14). Бошланади шўх дарё, Суви мўл денгиз гўё, Нуқул қатор қоятош, Булутларга чўзган бош (Топишмоқ.252). Тоғда нуқул ўсади, алла, қарағай билан арча, алла (Қўшиқ.39). Сатта, нуқул сўз шакллари синонимик қаторни ташкил қилиб, сатта “достонлар тилига хослик” ифода маъносида, нуқул “топишмоқ, қўшиқ тилига хослик” маъносида кўпроқ қўлланиши кузатилади. Сатта шеваларда сатти шаклида ҳам қўлланилади5, “нуқул, фақат”, “ҳадеб, ҳамиша”каби маъноларни ифодалайди. Юқоридаги мисолда“нуқул, фақат” маъносида эмас, балки “жуда, жуда ҳам” маъносида қўлланилган.
10) Жуда, роса: Сен билмайсан, қуллар оша зўрабор, // ҳаммаси ҳам бўлиб кетди ҳукмдор (Достон.333). Бунисида ҳаммасидан ҳам зиёда чиройли нарсалар кўрди (Эртак.123). Жайрағирга бир бало бўлди деб, // Шапақдан ўтмади, тоза ўлди деб (Достон.147). Оз сўзлаган боз сўзлар, Боз сўзлаган соз сўзлар (Мақол.285). Алпомиш бу хонга харба қилмади,// қайта бошдан яна чохга тайлади (Достон.304). Яна, тағи (тағин), боз синонимик қатор ҳосил қилиб, яна “китобийлик, оммабоплик”, “замонавийлик” ифода маъносида қўлланса, тағи(тағин) “сўзлашув нутқига хослик”, “янгилик”, боз “достонлар тилига хослик”, “эскирганлик” маъносида кўп қўлланади. Мендайин ойимнинг холин билганга,// Мени излаб оша элдан келганга (Достон.121). Оша сўзшакли бу ўринда “узоқ”, “бегона” каби маъноларни англатиб, равиш вазифасида келмоқда. Бундан ташқари у “роса”, “жуда” маъноларини англатади.
Хуллас, фольклор асарлари тилида равишларни ўрганиш қуйидаги хулосаларга келишимизга имкон беради:
а) фольклор асарлари тилида равишларнинг жуда ранг-баранг ва мураккаблиги, бир томондан, шеваларнинг, иккинчи томондан ёндош тилларнинг таъсири билан боғлиқ. Жумладан, Самарқанд, қипчоқ, айрим ўринларда ўғуз шевалари, форс-тожик тили таъсири кабилар.
б) фольклор асарлари тилидаги равишлар ўзининг семантик ва грамматик белгиларига кўра адабий тилга деярли мос келади;
в) фольклор асарлари тилида ишлатилаётган равишлар қўлланиши, айрим морфологик кўрсаткичларни қабул қилиши, турли фонетик позицияларда ҳар хил шаклларга кириши, мавжудлиги ёки адабий тилда ишлатиладиган равишларнинг айримлари фольклор асарлари тилида ишлатилмаслиги ва акси, фольклор асарлари тилида фаол ишлатиладиган айрим равишларнинг адабий тилда ишлатилмаслиги каби хусусиятлар билан фарқ қилади.
Адабиётлар:
Alpomish. Fozil Yo‘ldosh o‘g‘li. - Toshkent: «Sharq» nashriyoti-matba akonserni bosh tahririyati, 1998.
Boychechak. - Toshkent: G‘.G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, 1984.
O’zbek xalq ertaklari. I tom. Toshkent: “O’qituvchi” nashriyot-matbaaijodiyuyi,2007.
O’zbek xalq maqollari. -Тоshkent: «Sharq» nashriyot-matbaa aksiyadorlik kompaniyasi bosh tahririyati, 2005.
Тopishmoqlar.- Toshkent: G‘.G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, 1981.
Асадов Т.Ҳ. Сўз туркумлари тизимида равиш. Фил.фан.номз... дис. – Тошкент, 2009.
Асадов Т.Ҳ. Ҳолат равишларининг феъл билан бирикиш имкониятлари. Илмий-назарий анжуман материаллар тўплами. –Бухоро, БухДУ, 2009.
Пардаев А.Б. Ҳозирги ўзбек тилида кўмакчиларнинг функционал–стилистик хусусиятлари. Фил.фан.номз... дис.автореф. – Самарқанд, 2005.
Қўнғуров Р., Бегматов Э., Тожиев Ё. Нутқ маданияти ва услубият асослари. – Тошкент: Ўқитувчи, 1992.
Urinbayeva D., Xo’jamkulov A. Stylistic peculiarities of adverbs. The article deals with the stylistic peculiarities of adverbs in folklore such as dastans, fairy tales, proverbs, quizzes, and songs. It examines stylistic peculiar features of adverb in folklore.
Уринбаева Д., Хужамкулов А. Стилистические особенности наречий. В статье рассматриваются стилистические особенности наречия в текстах фольклора: вдастане, сказках, пословицах, загадках и песнях. Рассмотрены стилистические возможности наречия в текстах фольклора.
1Ҳозирги замон ўзбек тили. – Тошкент, 1957.- 469 б.
2 Асадов Т.Ҳ.Сўз туркумлари тизимида равиш. Фил.фан.номз... дис. – Тошкент, 2009, 6-бет.
3Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилд. –Тошкент, 2008, 132-бет.
4Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилд. –Тошкент, 2008, 604-бет.
5Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилд. –Тошкент, 2008, 459-бет.