СЎЗЛАШУВ НУТҚИНИНГ НУТҚИЙ АКТЛАР НАЗАРИЯСИ ЖИҲАТИДАН ЎРГАНИЛИШИ

Воқеликни лисоний ўзлаштиришда мавжуд бўлган қонуниятларнинг концептуаллаштириш нуқтаи назаридан нутқий актлар тузилмаси асосларини ишлаб чиқиш матн лингвистикасининг ривожланиши учун ўта муҳим ҳисобланади. Нутқий актлар назарияси уларнинг шаклланиши ва тадрижий тараққиётини очиб беришга асосланган ҳолда нутқни  вужудга келтирувчи лисоний-когнитив ҳаракатларни  қамраб олади (J. Аl1wооd).

            Иллокутив актлар нутқий актларнинг кейинги ривожланиш маҳсули бўлиб, “сен-мен” каби тенг ҳуқуқли шериклик асосида белгиланган шахслараро муносабатларни тақозо этади.

Перлокутив нутқий актлар ҳаракатни амалга оширишнинг прагматик омиллар билан боғлиқлигини тақозо этади: адресат томонидан розилик ёки ушбу ижтимоий муҳитда одоб-аҳлоқнинг умумий қоидаларга мос келиши. Ҳодисалар ва ҳолатлар тўғрисидаги мулоҳазалар иллокутив ва перлокутивлардан фарқ қилади. Уларга биринчи навбатда когнитив актлар киради (тасдиқламоқ, таъкидламоқ, айтиб ўтмоқ, хабардор қилмоқ, инкор этмоқ/йўл қўймоқ; айтиб бермоқ, тасвирламоқ, далил келтирмоқ).

Албатта, иллокутив ва перлокутив феълларни бир-биридан фарқлаш жуда мураккаб. Шу боис, хавф тўғрисида “огоҳлантирмоқ”,  “таҳдид қилмоқ” каби феъллар икки хил тарзда ишлатилиши мумкин. Боз устига, иллокутив вазифаларни бажарувчи баъзи констативларда икки тарафламалик кузатилади (Қиёсланг, «Leider regnet es» мисолида тасдиқловчи констатив акт ҳамда ушбу ҳолат бўйича ачинувчи иллокутив акт бир-бирига қўшилади).

Воқеликни нутқий ўзлаштиришга оид қонуниятларнинг концептуаллашуви билан шуғулланувчи имплицит тил назарияларини билиш ҳодисанинг нутқий ҳаракатга айлантиришининг аҳамиятли шарти ҳисобланади. Юқоридаги нуқтаи назардан коммуникатив компетенция прагматик тил меъёрининг бир бўлаги бўлиб, унинг вазифаси фикрларни пайдо қилиш ва уларни тушуниш устидан назорат қилишдир.

Коммуникатив компетенция турли босқичларда ўзини (бошқариш вазифасини) вазифасини қуйидагича иерархик тарзда амалга оширади: Фикрларни  баён қилиш→ нутқий актлар → дискурс турлари → лисоний вариантлар → индивидуал услублар.

            Лисоний воситалардан коммуникатив фойдаланишни  тартибга солувчи кучлардан бири субъектнинг когнитив афзаллиги ҳисобланади, яъни субъект ушбу иерархик сатҳда изчиллик билан ва беихтиёрий тарзда у ёки бу лисоний воситаларни афзалроқ деб билади.

Афзаллик нафақат тил воситаларининг танлаб олинишига, балки фикр баён қилинишига ҳам таъсир кўрсатади. Афзалликнинг тизимли қўлланилиши когнитив услуб деб аталадиган тушунчани ҳосил қилади. Мазкур жараён якка тарзда (ўзига хос когнитив услуб натижасида) ҳамда муайян жамият  контекстида (жамоавий когнитив услубни шакллантирган ҳолда) кечиши мумкин. Сўзловчининг коммуникатив компетенцияси субъект томонидан тил материалларидан фойдаланиш қоидаларини қўллашга оид ижтимоий-маданий шароитларни ҳамда инсоннинг когнитив афзаллиги фикрнинг баён этишга қўйилган чекловларни баҳолаш натижаси сифатида кўриб чиқилиши лозим.

            Диахрон ва синхрон жиҳатдан коммуникатив жараённинг ҳар бир босқичи энг кичик гапдан тортиб то монологик ёки диалогик оғзаки нутқ матнларининг номаълум чегараларигача бўлган тил тизимидан ижодий фойдаланиш натижасидир.

            Ахборот узатишнинг оғзаки шакли онгли равишда маълум маъно берувчи матнлар кўринишида амалга оширилади. Матн тамоман универсал восита бўлиб, ундан ҳам оммавий ахборот тизимларида (газетадаги ёки радиода эшиттириладиган матн), ҳам якка индивидуал таркибда (суҳбатдошларнинг ўзаро фикр алмашувларида) фойдаланилиши мумкин.

            Бирор мақсадга қаратилган ҳар қандай фаолият каби, мулоқот ҳам муайян мақсадга эга, хабар жўнатувчининг уни бошқа шахс тушунади, деган нияти (интенцияси) бўлади. Мазкур мақсадга маълум воситалар орқали эришилади. Инсонларга хос мулоқотнинг асосий воситаларидан бири – нутқ фаолиятидир (Ш.С.Сафаров ).

            Нутқий фаолият нафақат маълум ахборотни узатиб беради, балки муносабатлар мажмуи борлиқ (воқелик) орқали аниқланадиган объектив ва субъектив омилларни ўз ичига олади. Мулоқот яхлит бирлик ташкил қилган тарихий ва ижтимоий матннинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мулоқот жараёнининг кечиши ва унинг самарадорлиги унинг иштирокчилари мавжуд бўлган аниқ вазият билан чамбарчас боғлиқдир.

            Лисоний мулоқот – бу, авваламбор, тузилиш жиҳатдан ташкиллаштирилган, қандай бўлса шундай баён қилиш доирасида ҳам тил тизими бирликлари иштирок этган ахборот алмашинувидир.

            Фикрнинг нисбий маъно ва грамматик тугалланганлиги ҳар қандай онгли равишда бажарилган мулоқотнинг асосидир. Ҳар қандай тил бирлигининг истеъмолда бўлишининг табиий шарти оддий маъно ва шакл бирликларнинг асосий ва ёрдамчи сўз туркумларининг қонуний занжир орқали белгиланган тузилиш ва маъно тугаллигидир (W.V.О Quine).

            Коммуникатив жиҳатидан кўриб чиқилган илк лисоний бирлик айнан фикр ҳисобланади. Шу боис, фикр ҳар қандай лингвистик таҳлилнинг дастлабки категорияси сифатида эътироф этилган.  Тил бирликларнинг ўзаро боғлиқлиги эса ҳар қандай сўзни, қурилмани ва фикр ҳосил қилувчи жараённи шакллантириш матнидан бошқа нарса эмас.

Шунинг учун, ҳар қандай лисоний бирликнинг истеъмолда бўлиши унинг бевосита муҳитини, мисол учун, сўз бирикма сатҳида таърифлашни тақозо этади, бутун фикр баён этишнинг энг кичик коммуникатив бўғини сифатида таҳлил қилиш заруриятини туғдиради ва шундай қилиб ахборот бирлигининг бутун занжиридаги сўзлар ва сўз бирикмалари қаторида юзага келувчи барча алоқаларни  ўрнатиш заруратини талаб қилади .

Матн тилшуносликда кўп ҳолларда лисоний бирликларнинг, асосан, сўзлар ёки сўз бирикмалари ёки гаплар доирасидаги сўзларнинг алоҳида муҳити сифатида кўриб чиқилади. Бунда контекстнинг роли у ёки бу лисоний бирлик маъноларининг аниқланиши ёки тегишли маъноларнинг (коннотацияларнинг) намоён этилиш усули тариқасида таърифланади. Бу борада контекст бирмунча кенг планда  инсон коммуникатив фаолиятида кечадиган ижтимоий-маданий ва прагматик шароитларнинг йиғиндиси сифатида тадқиқ этилади. Умуман олганда, тилни экспрессив ва коммуникатив вазифалари уйғунлигида таърифлар эканмиз, биринчи навбатда, тилда ҳар қандай ўлчамдаги бирликлар алоҳида мавжуд бўла олмаслигини ҳамда тилнинг барча унсурлари ҳам синтагматик, ҳам парадигматик сатҳларда ўзаро боғлиқлигини тан олиш лозим.

Маълумки, сўз нарса ёки воқеани номлайди, бироқ, ўз семантикасини акс эттирувчи хусусиятига кўра, мазкур номинацияга ҳар доим ўз ва кўчма маъно ҳодисалар тоифаси оид бўлади. Табиийки, инсоннинг мантиқий фикрлаши айрим нарсалар, воқеа-ҳодисалар, жараёнларнинг мавжуд бўлиш қонуниятларини айнан бир хил акс эттиради ва бунинг учун тушунча категорияси сифатида оддий, лекин, структураси жиҳатдан шакллантирилган тафаккур бирлиги, ҳукмидан фойдаланади, унинг лисоний ифодаси нисбатан тугалланган мукаммал коммуникатив бирлик – фикрлаш, баён этиш орқали амалга оширилади.

            Мулоқот айнан фикр баён этишдан бошланади, чунки у ўз субъектив-коммуникатив тузилмасида айрим номинатив бирликларни (сўзлар ва сўз бирикмалар) боғлашга қодир. Мазкур бирликлар фақатгина мулоқот бирлиги сифатида қўлланилаётган мазмундор ахборот бирлигини яратади, бошқача айтганда, ушбу бирлик кишилар жамоасида онгли мулоқотни ташкил қила олади.

Шундай қилиб, фикр баён этиш биринчи поғона бўлиб, унда матн шундай тизимли бирликни намоён этадики, унда алоҳида сўз-ҳалқа ва сўз бирикмаси структуравий жиҳатдан тубдан мазмун унсурлари сифатида ўзгариб кетади ва шу зайл коммуникациянинг информатив бирлигига ўзининг бир хил маъноли ўрнини эгаллайди. Бинобарин, контекст ушбу сатҳда система (тизим) нинг кўшимча компоненти (таркибий қисми) бўлмай, балки зарурий қонуният ҳалқасидир, усиз тил бирликларининг амал қилиш тизимлилиги бузилган бўларди.

Бироқ, фикр баён қилиш коммуникация тузилишининг юқори чегараси эмас, балки унда фақат фикр баён этишнинг биринчи поғонасини эгаллайди ва ҳақиқий мулоқотнинг аниқ бўлакларида яхлит ҳалқаларни ҳосил қилади. Контекст ушбу иккинчи поғона тизимни ташкил этадиган омил ролини ўйнайди.

Алоҳида фикр баён этиш нисбатан тугалланган мазмунни ўз ичига олади, бироқ, мулоқотнинг ўзи суҳбатнинг маълум босқичи тугалланганлигини шартлаган ҳолда, фикрларнинг йиғиндисидан иборат воқеликда  қурилади.

            Мулоқотнинг энг кичик бирлиги сифатида мулоқот занжири, яъни анъанавий савол-жавоб шаклини ҳисоблаш мумкин.

Мураккаброқ мулоқот, ҳар сафар мулоқот иштирокчиларининг аниқ мақсади билан чегараланган, назарий жиҳатдан аниқлаб бўлмайдиган фикрлар сонини ўз ичига олади.

Фақат матн тариқасида таърифланадиган фикрлар йиғиндиси сатҳида унинг ўз ҳақиқий семантик маъносини матнда орттирувчи баъзи баёнлар ёрдамида сўзнинг ҳақиқий маъноси намоён бўлади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

  1. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. -Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси  Давлат илмий нашриёти, 2008. -286 б.
  2. Allwood J. A critical look at speech act theory // Look Pragmatiсs and Grammar. Ed. Dahl Ö. -Göteborg: Universität Göteborg, Department of Linguistics, 2007. -P. 53 -69
  3. Quine W. V. O. Word and Object. Cambridge, Mass.: MIT Press, 2004.-464 p.

 

Яхшиев А. Изучение разговорной речи с точки зрения теории речевых актов. Настоящая статья исследует языковые особенности разговорной речи применительно к речевым актам.

 

Yakhshiev A. The study of colloquial speech from the point of view of the theory of speech acts. This article explores the linguistic features of colloquial speech in relation to speech acts.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati