СЕРГЕЙ ЕСЕНИН ИЖОДИ ЎЗБЕК ДАВРИЙ МАТБУОТИ ВА АДАБИЁТШУНОСЛИГИ ТАЛҚИНИДА

Сергей Есенин ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой олган шоир сифатида миллий шеъриятимиз ривожига ҳам сезиларли таъсир ўтказган ижодкорлардан бири ҳисобланади. Унинг серқирра ижоди ҳақида ўзбек матбуотида кўплаб мақолалар эълон қилинган, миллий адабиётшуносликда шоирнинг шеъру достонлари адабий таъсир нуқтаи назаридан ўрганилган.

Ўзбекистонда Есенин шахсиятига, унинг ижодий таржимаи ҳолига ўта ҳурмат билан ёндашилади. Тошкент кўчаларидан бирига Сергей Есенин номи берилган, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида Сергей Есенин номидаги вилоят кутубхонаси, 280-сонли ўрта мактаб мавжуд. Тошкентда Сергей Есенин номидаги адабиёт музейи 30 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Республикамизда буюк рус шоирига бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказиб келинади.

Ўзбек есениншунослигининг келиб чиқиши ХХ асрнинг биринчи чорагига тўғри келади. Сергей Есенин номи илк бор Туркистон матбуотида 1918 йилда учрайди. 1918 йил 16 январда Тошкентдаги “Озод Туркистон” газетасида шоир Александр Ширяевецнинг “Уч алп (халқ шоирлари ҳақида)” мақоласи босилиб, унда Н.А.Клюев, С.А.Кличков ва С.А.Есенин ижоди ҳақида қисқача маълумот берилган. Ширяевец ёш Сергей Есенин ҳақида ҳаяжон билан “бутун борлиғи билан рус, мардонавор ва жасур Есенин. У, ҳали ёш бўлишига қарамай, бу йил ўзининг “Радуница”си билан кўзга кўриниб қолди. Аммо унинг кучли овози бор, қуйма сатрларида қандай жарангдорлик бор”. 1918 йил 17 февралда “Озод Туркистон” газетасида А.Ширяевец Есенинга бағишлаб “Тўй” ҳикоясини эълон қилади.

Кейинчалик, шоир 1921 йил май ойида Тошкент ва Самарқандга ташриф буюрган, турли адабий кечаларда шеърлар ўқиб, маҳаллий шоир ва санъаткорлар билан учрашган бўлса-да, Туркистон матбуотида С.Есенин ҳақида сўз юритилмайди. 1924 йилдан бошлаб С. Есенин ҳаётидаги ушбу воқеалар ҳақидаги мақолалар Ўзбекистонда эмас, балки Москвада пайдо бўлди. Шоирни яқиндан билган шоир Валентин Иванович Волпин (1891 - 1956) 1926 йилда “С.Есенин хотиралари” тўпламида шоирнинг Тошкентга саёҳати, бу ердаги шеърий кечаларда “Пугачев” достони биринчи марта ўқилгани ҳақида маълумот беради.

Есениншуносликка қарши бошланган кампанияни ўша даврдаги расмий ҳокимият шоирнинг ижодий таржимаи ҳоли ёмонлиги билан изоҳлади ва натижада узоқ йиллар давомида Есенин номи ва шеърияти ҳақида матбуотда лом-мим дейилмади. 50-60-йилларда рус адабиётида шоир ижодий меросига жамоатчилик қизиқишининг қайта тикланиши ўзбекистонлик шеърият мухлислари томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Ўзбек есениншунослигининг илк қалдирғочи сифатида 1960 йилда “Звезда Востока” журналида москвалик адабиётшунос В.Земсков томонидан эълон қилинган “Сергей Есенин Тошкентда” мақоласини эътироф этиш мумкин. Ушбу мақола айрим қўшимча ва аниқликлар киритилиб кейинчалик Ўзбекистон журнал ва газеталарида икки марта қайта нашр этилган.

1965 йилда Ўзбекистонда Сергей Есенин таваллудининг 70 йиллиги шоир истеъдодининг мухлислари томонидан кенг нишонланди. Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом “Правда” газетаси саҳифаларида, сўнгра “Шарқ юлдузи” журналида Есенин шеъриятига юксак баҳо бериб, “Ҳақиқий рус шоири Сергей Есенин биз, ўзбеклар учун ҳам қадрдон бўлиб қолди. Агар Есенин Шарққа талпинган бўлса, энди Шарқ шоирлари унинг шеъриятига мафтун, ушбу поэзиядан ўзларига яқин ва керакли жиҳатларни ажратиб олмоқда”, дейди.

“Правда Востока” газетасида (1965 йил 3 октябрь) Есенин ҳақидаги махсус материаллар тўплами нафақат кенг жамоатчилик эътиборини Сергей Есениннинг шеърий таржимаи ҳолига жалб қилди, балки кейинги тадқиқотлар учун таянч нуқта бўлди. “Шоирнинг ҳаёти ва ижодий йўли машаққатли кечди, - деб ёзади адабиётшунос А.Акбаров “Шоир қалби хазиналари” мақоласида. - Аммо, тақдири қанчалик зиддиятли бўлмасин, шоир бутун умри давомида ўз Ватанига, унинг халқига сўнмас, оловли меҳр-муҳаббатни ўзида мужассам этган, ўз юртининг бахтли келажагига қалби билан ишонган. Бу оловли, эҳтиросли муҳаббат Есенин шеъриятини бизнинг меҳрибон ва абадий ҳамроҳимизга айлантирди.

Ўша газетада эълон қилинган “Есенин Тошкентда” номли эссесида журналист Г.Димов шоирнинг Туркистонда бўлгани ҳақида қизиқарли маълумотлар берибгина қолмай, Тошкентда урушдан кейинги йилларда унинг қизи, журналист ва ёзувчи, “Женя – ХХ аср мўъжизаси” романи муаллифи Татяна Сергеевна Есенина яшаб ижод қилганидан кенг жамоатчиликни хабардор қилди.

1965 йилдан кейин Ўзбекистонда С. Есенин ҳаёти ва фаолиятига оид турли материаллар мунтазам нашр этила бошланди. 2005 йилга келиб илмий, илмий-оммабоп, таржима ва ахборот нашрлари сони 400 дан ортди.

Ўзбек адабиётшунослигида Сергей Есенин ижодига расмана қизиқиш ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланади. Шу даврдан бошлаб есенинхонлик кечалари тез-тез ўтказиладиган бўлади. Шоир ва таржимон Э. Воҳидов шундай ёзади: “Эсимда, иккинчи курс студенти эдим. Пахта теримига ҳашарга чиққан кунларимиздан сўнг ётоқда, хира чироқ нурида ярим кечагача есенинхонлик қилар эдик. Ўшанда “Эрон тароналари”нинг бир қанча шеърлари ўзбек тилига таржима қилинди”[1].

Есенин шеърларининг ўзбек тилидаги илк таржимаси китобхонлар ва адабиётшунослар қўлига етиб бориши биланоқ шоир ижодига турли қарашлар ҳам бўй кўрсата бошлади. Жумладан, Есенин асарлари таржимони Э. Воҳидов шоир ижодига тўхталар экан, “У дунёга чақмоқдек келиб кетди. Лаҳзадек умрида бор нурини сочиб, бутун борлиғини намоён қилди”, дея таъкидлайди. Кейинчалик “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинган таржималарига ёзган сўзбошисида шундай хотирлайди: “Сергей Есенин менинг болалик дўстим десам, хато бўлмас. Ҳассос шоир ижодини мактаб ёшимдан яхши кўриб талабалик йилларимда таржима қилганман. Мени адабиётга олиб кирган устозларимдан бири ҳам Сергей Есенин. Мана, “Жаҳон адабиёти”нинг чорлови билан ўша ёшликдан кўнглимга жо бўлган еллардек шўх, шабнамдек тиниқ, ойдек ёруғ ва ғамнок сатрларга қайтмоқдаман. Есенин каби истеъдодлар ҳамма замон, ҳамма халқларнинг кўнгил мулкидир. Ўз она юртини Есениндек севган, кенгликларида ялангоёқ югуриб, қайғу-ғамларига фарёд чеккан дардли ва эрка шоир дунёда кам. Болалик тасаввуримда у мен учун ўзбек шоири эди, бугун ҳам шундай. Уни мен таржима қилмадим, у ўзи шеърларини ўзбек тилида шивирлаб қулоғимга айтиб турди[2]”.

Илмий есениншунослик Ўзбекистонда В. Коржан, Е. Малиновский, П. Тартаковский, И. Темкина ва бошқаларнинг саъй-ҳаракатлари билан бошланди. Фарғоналик адабиётшунос В.Коржан кўп йиллар давомида Есенин шеърияти ва рус халқ ижодиёти ўртасидаги турли боғлиқликларни тадқиқ қилди. Адабиётшунос “Русская литература” журналидаги (1965, №2.) “Есенин фольклоризмини ўрганиш масаласи” номли мақоласида “Есенин ва халқ ижодиёти” муаммоси ҳалигача ўзининг чуқур ва ҳар томонлама ечимини топгани йўқ, деган хулосага келади. В. Коржан умрининг охиригача Фарғона давлат университетида С.Есенин ижоди бўйича махсус курслар ўқиди, шоир ҳақида вилоят ва республика газеталарида мақолалар чоп этди.

Самарқандлик тилшунос олим Е.Малиновский С.Есенин асарлари тилининг образли ва поэтик воситаларини тадқиқ этган. Унинг илмий изланишлари Есенин шеърияти тилининг эволюцияси (илк ва кечки шеъриятда ранглар) ҳақида бўлиб, олим 1971 йилда “С.А.Есенин ижодидаги барқарор сўз бирикмалари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Есенин ва Шарқ мавзусини очиб беришга тошкентлик адабиётшунос П.И.Тартаковский ҳам катта ҳисса қўшди. Унинг шу масала бўйича “Дружба народов” журналида (1966, 1-сон) эълон қилинган “Пути содружества” номли мақоласида Есенин шеъриятининг Шарқ мумтоз шеърияти билан ижодий боғланишининг асосий босқичлари кўрсатилган. Тадқиқотчининг фикрича, “Ўзини “ишда, фикр ва сўзда осиёлик” санаган Сергей Есенин Шарқ мавзусига, “Форс тароналари”га кўҳнаТуркистон ҳақидаги ёшликдан ўзини мафтун этган орзулари орқали йўл очган.

1975 йилда Есенин асарларининг тинмас тарғиботчиси С. Зинин “Вечерний Ташкент” газетасида “Шоир ҳақида эслаб” мақоласини эълон қилиб, унда Ўзбекистон пойтахтининг шоир номи билан боғлиқ асосий эсда қоларли жойларини кўрсатади. Шоирнинг Тошкент ва Самарқандда бўлганлиги билан боғлиқ қарашлар С.Зининнинг “Сергей Есениннинг Туркистонга саёҳати” (2005) монографиясида ўз аксини топган.

2005 йил 23 декабрда Тошкентда “С.А. Есенин ва ҳозирги замон” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Хоразмлик олимлар, республика олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирок этган конференцияда А.Давшан, Г.Раҳматуллаева, В.Курнитская, Э.Каминская, А.Кучинский ва бошқаларнинг Есенин шеърий меросини замонавий таҳлил қилишнинг айрим масалаларига бағишланган маърузалари тингланди.

Есенин асарларининг ўзбек тилида оммавий равишда чоп этилиши кўплаб адабиётшуносларни бу жўшқин ва мардонавор шеъриятга қизиқишини оширди, бирин-кетин шоир ижодий кўлами ҳамда ундаги шарқона услуб, хусусан, “Форс тароналари” туркуми таҳлилига бағишланган мақолалар  чоп этила бошлади.

Ана шундай мақолалардан бири “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 1987 йил биринчи сонида “Есенин шеъриятида шарқона мотивлар” номи остида эълон қилинади. Муаллиф Бозорбой Илёсов ушбу мақолани давр, сиёсий муҳит таъсиридан келиб чиқиб тайёрлагани сезилиб турса-да, шоирнинг Шарққа бўлган қизиқиши, шеърларида шарқона оҳангларнинг жаранги “Форс тароналари” туркумининг яратилиши ҳақида батафсил маълумот беради.

Унинг фикрича, “Форс тароналари”нинг ёзилишида А.Шеряевецнинг (шоирнинг Тошкентда яшаган дўсти) 1919 йилда Тошкентда босмадан чиққан “Край солнца и чембетов” (“Қуёш ва чимматлар ўлкаси”) шеърий китобининг ҳам ҳиссаси бўлганлиги  эҳтимолдан холи эмас. Есенин 1920 йил 26 июнда Москвадан юборган хатида А.Шеряевецнинг Шарқ мавзуида ёзган шеърлари ҳақида фикр билдиради. Бу эса шоир А.Шеряевец 1919 йил Тошкентда нашр қилдирган китобининг мазмуни билан таниш эканлигини кўрсатади”.

Муаллиф юқоридаги фикрларини асослаш мақсадида Тартаковскийнинг ушбу масаладаги хулосаларини ҳам келтириб ўтади: “П.И.Тартаковский Шеряевец ва Есенин шеърларини мазмунан ва шаклан солиштиришни бир қанча шеърий ҳамоҳанг сатрлар ва бандлар асосида исботлайди. Масалан:

А. Шеряевец:

Скин постылую чадру

(Отгин жонга теккан чимматни)

С. Есенин:

Дорогая, с чадрой не дружись

 (Жоним, чиммат билан дўст бўлма).

Ушбу таҳлилдан Есенин “Форс тароналари” тўпламини  тошкентлик дўсти А.Шеряевецнинг “Край солнца и чембетов” тўплами таъсирида ёзган деган хулосага келмаслик керак, шоирни ушбу тўпламни яратишга ундаган куч кўҳна ва қадим Осиё ҳамда унинг Умар Хайём ва Ҳофиз каби шоирлари, улар яратган гўзал асарлардир.

Есенин ижодининг кенг қамровли, соф-илмий таҳлили, шубҳасиз, мустақиллик йиллари даврига тўғри келади. Ушбу даврга келиб адабий таҳлилнинг ғоявий тутқунликдан халос бўлиши кўплаб асарларнинг мағзини очиб беришга имкон яратган бўлса, Сергей Есенин шеъриятининг ўзбек тилида янада ёрқинроқ жилоланишига, чуқур тадқиқ этилишига хизмат қилди.

“Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 2011 йил 5 сонида адабиётшунос Баҳодир Раҳмоновнинг Есенин шеъриятининг гултожи саналган “Анна Снегина” достони таҳлилига бағишланган “Ҳаёт ҳақиқати ва тасвир маҳорати” деб номланган мақоласи эълон қилинади. Муаллиф достон таҳлилига илмий жиҳатдан чуқур ёндашади.

Дарҳақиқат, “Анна Снегина” автобиографик ва шоир ўзи таъкидлаганидек, “энг яхши асар”[3]. Б.Раҳмонов достон тарихий асосга эга деб таъкидлар экан, шоир ҳаётида 1918-1919 йилларда юз берган воқеаларни келтириб ўтади, унинг катта синглиси Э.А.Есенинанинг хотираларидан ўринли фойдаланади, бу эса мақоланинг илмий қимматини янада оширишга хизмат қилган.

Достон мазмуний ва ғоявий нуқтаи назардан қуйидаги уч йўналишга ажратилади: қишлоқ ва деҳқонлар, Анна Снегина, лирик қаҳрамон ва ниҳоят, Ватан тақдири. Зеро, достондан англашиладиган мазмун ана шу уч йўналиш кесишмасида вужудга келиб, инсон қадри, ночор аҳолининг ҳақ-ҳуқуқларини, эркинлигини тарғиб қилади. Россияда ушбу ғоялар кенг тарғиб қилинаётган инқилоб йилларининг шоирга ва унинг ижодига таъсири ҳақида муаллиф асосли фикрларни келтириб ўтади: “Есенин бир-бирига зид ижтимоий курашаётган тузум ўзгаришга юз бураётган ана шу йилларда яшади ва инқилоб шоир ижодига, тақдирига ўта жиддий таъсир қилиши муқаррар эди. Чунки Есенин бутун борлиғи билан рус қишлоғининг фарзанди. Ундаги оғир турмуш тарзи, эзилган деҳқонларнинг ўй-фикрлари, орзу-армонлари билан шаклланди. Шунинг учун ҳам жамиятдаги ҳар бир ҳодисани улар манфаати доирасида қабул қилди ва баҳолади[4]”.

Шоир қисмати халқ, ватан тақдири билан чамбарчас боғлангувчи қисматдир. Есенин ҳам ана шундай шоирлардан бири ҳисобланиб, адабиётшунослар тили билан айтганда, “деҳқон шоир” ҳисобланади.  Меҳнаткаш, мазлум халқ ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, уларнинг эркинлик учун кураши Есенин учун “Анна Снегина” достонини яратишга асос бўлади. Муаллиф буни англатиш учун достоннинг кириш қисмидан парча келтириб ўтади:

Эл-юрт нотинч,

Ҳа, замон ёмон.

Уруш-жанжал, тўполон ҳар ёқ.

Деҳқон билан муштлашар деҳқон,

Қишлоқ билан жанг қилар қишлоқ.

Бир-бирининг гўё душмани,

 Бир-бирини сўкар бегуноҳ.

Гоҳ Радова Криушани,

Криуша Радовани гоҳ[5].

Достон тарихий асосга эга эканлиги, қаҳрамонлари ҳам прототип асосида яратилганлиги таъкидланиб, Э.А. Есенинанинг хотираларидан фойдаланган ҳолда бунга ойдинлик киритади: “Ҳар ҳафта мужиклар иш ташлашга тўпланишарди. Буларга Мочалин Пётр Яковлевич бошчилик қиларди. Инқилоб йилларида у қишлоғимизда катта обрў ва ишончга эга эди. Нафақат қишлоқ ёшлари, балки катталар ҳам Мочалиндан миннатдор ва унинг йўриғига юрар эдилар. Мочалин шахси Есенинни қизиқтириб қўяди ва у ҳақда кўп маълумот тўплайди ҳам. Кейинроқ Мочалин “Анна Снегина”даги Оглоблин Прон ва “Петя деган чўпон бола ҳақида эртак”даги комиссар образларига прототип бўлиб хизмат қилади[6]”. Бироқ, достонда Анна Снегина қисмати ватандан айрилиш билан тугайди. Хўш, хулосачи? Муаллиф тили билан айтганда хулоса қуйидагича: “Ҳар қандай инқилоб, ҳар қандай тузум, ҳатто қурол билан енгилмас кучга айланмасин, инсон устидан фақат жисмонан ғалаба қозониш мумкин, лекин, унинг қалбини асло маҳв эта олмайди. Жисмонан мағлуб бўлган Анна Снегинанинг қалб туйғуларини нозик пардаларигача ҳис этиб тинглай олсангиз, табиийки, ундан бир мунгли куй-қўшиқ таралади. Зеро, қалбдаги эзгулик Ватан ва унда яшаётган одамлар ҳақида ўйлашдан бошланади[7]”.

Есенин ижодий оламига ана шундай сафарлардан яна бирини шоир Сирожиддин Саййид томонидан, юқорида эслаб ўтганимиз “Жаҳон адабиёти” журналининг 2012 йил 10 сонида  кўришимиз мумкин. “Доғлар кетмиш мажруҳ кўнгилдан ёхуд Хуросонда бир дарвоза бор” номли мақоласида муаллиф Есенин шеъриятининг ўзбекона оҳангини ифодалашга ҳаракат қилади. Эсдалик кўринишидаги мақолада Есенин ижодига ошуфта бўлиб қолган талабалик хотираларини эсга олиш асносида шоир ижодининг гўзал намунаси ҳисобланган “Аёлга мактуб”, “Шаҳинам, о менинг Шаҳинам”, “Гўдакликдан маълум ҳар одам”  каби шеърларини ўзига хос тарзда талқин қилади: “Бу шеъриятнинг мовий, зангор, заъфар ва фусункор оҳанглари мени ҳам бутунлай ғарқ этиб юборди. Рангин оҳанглару жозиб тароналар бир умрга мафтун этдилар. Мен – қалби жўшиб-жимирлаб турган ўсмир йигитча боқиб турган серюлдуз самонинг Шероз осмонидан кам жойи йўқ эди, зафар ё мовий юрт деса арзигулик гўзал диёрнинг боласи эдим. Пастки қаратегинлар яшайдиган қишлоқдаги Зумрад, Латофат, Наргиз исмли париваш қизлар дилрабо юзларини ҳали ҳам ниқоб остида тутар эдилар”. Бир қараганда ушбу таъриф Есенин шеърларида ифодаланган Туркистон ўлкасининг қиёсидир. Есенин шеъриятининг ўзбек ўқирманига яқинлиги таққослар якдиллигида кўринади гўё. С.Саййид Есениннинг “Замин дарғаси” китоби ҳақида тўхталар экан: “Муқоваси ярим қайинзор, ярим зангор осмонни эслатувчи кафтдеккина китоб. Тушкун, қийин пайтларимда менга ҳамдам, қанча нурсиз кечаларимга зиё бахш этган, ёлғиз изтиробли лаҳзаларда таскин-тасалли бериб, дўсту қадрдоним бўлган тўплам”. Шоир ва унинг ижоди учун бундан-да юксак эътироф бўлмаса керак. Сабабики, ўқирман қалбидан ўрин эгаллай олган, унга сирдош бўла олган асар умрбоқийдир. Ушбу тўплам ҳақида фикр-мулоҳазаларини давом эттирар экан, муаллиф тўпламни адабиётда тажриба ва маҳорат мактаби ўрнини боса оладиган китоб сифатида эътироф этади. Тўпламдан ўрин олган “Она ибодати”, “Ит ҳақида достон”, “Качаловнинг итига”, “Синглимга хат”, “Ҳаёт йўлим”, “Тонг отади беозор ва жим” каби шеърлар лириканинг барча талабларини қондира олганлиги юқоридаги фикрларни янада тасдиқлайди.

Есенин ўзбек адабиётига кириб келганига ярим асрдан ошганига қарамасдан шоир ижоди ва уни ўрганиш кўлами ҳанузгача сусайган эмас. Хусусан, “Форс тароналари” тўплами орқали бизга таниш ўша Шаҳина образи бугунги кунга қадар адабиётшунослар диққат-марказидан четлашгани йўқ. Чунончи, Ёшлик журналининг 2019 йил 4-сонида Анвар Жабборов Шаҳина образининг келиб чиқишини батафсил таҳлил этади. Дарҳақиқат, шоир ҳаёти давомида учратган аёлларининг ҳеч бири шоирга Шаҳина Талян сингари таассурот қолдирмаган. Рус тили ва адабиёти муаллимаси Шаҳина “муаллимлар орасида ажойиб ташқи кўриниши билан ажралиб турарди: тоза ва оппоқ бадани, оч жигарранг сочлари ва кўплаб ошиқларининг қалбларини поралаган катта-катта кўзлари” дея таърифланади. Муаллиф бевосита Шаҳаненинг эсдаликларини ҳам келтириб ўтади: “Мактабдан чиққач яна ўша шоирни аввал учратган жойимда кўрдим. Ҳавонинг авзойи бузуқ, денгиз томондан бўрон бошланган эди. Салом-аликдан сўнг Сергей Александрович мени хиёбон бўйлаб сайрга таклиф қилди. Бундай об-ҳавога унчалик хуши йўқлигини билдириб, яхшиси менга шеърларини ўқишини айтди. У “Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам…”ни ўқий бошлади, сўнгра менга икки букланган катак дафтар қоғозини берди, унда ушбу шеър ва имзо битилган эди: “С. Есенин”. Мақола орқали муаллиф “Форс тароналари” туркумининг йўлчи юлдузи бўлган Шаҳина билан бизни таништириб боради, Есенин ўз ижод намуналарини баҳам кўришга лойиқ топгани Шаҳаненинг ички ва ташқи қиёфасини кўрсатиб беради.

“Жаҳон адабиёти” журналининг ўша йилдаги 12-сонида Б. Раҳмонов томонидан яна бир мақола эълон қилинган бўлиб, бевосита Есенин ижодига эмас, балки шоир таржималари таҳлилига бағишланади. “Есенин бўлиб гапирмоқ бахти” деб номланувчи мазкур мақолада ўзбек адабиётида Есенин ўзига айни мос таржимон топган дея такидланиб, ушбу саодат Эркин Воҳидовга насиб этганлиги ҳамда таржималар ҳақида сўз юритилади. Таржималарни таҳлил қилар экан, муаллиф “Есенин бўлиб гапирмоқ бу жуда катта маъсулият. Чунки талантлар ҳар бир сўзни халқ кўз ёши тўкилган тупроқ мисоли олиб уни юрак қони билан қориб, бадиият хумдонида пишириб, сайқал бериб, сўнг тиклаётган шеърият қасрига мустаҳкам ва қойилмақом қилиб териб қўядилар. Таржимон, аввало, шу қасрнинг гўзаллигидан ҳайратланиши, унинг ҳар бир ғиштига юрагини қулоқ қилиб босиши керак. Шунда унинг бутун бир руҳий дунёсига мана шу қасрнинг сирли оҳанги қуйила бошлайди[8]”, дея хулоса қилади.

Бундан ташқари, ёш авлодни Есенин ижоди билан таништириш мақсадида мактаб дарслигига унинг шеърлари ҳам киритилган бўлиб, “Хуросонда бир дарвоза бор”, “Доғлар кетмиш мажруҳ кўнгилдан”, “Ит ҳақида достон” каби қатор шеърлари ўқувчилар дилидан муносиб жой олган.

Есенин ижодини ўрганиш жараёнини қардош халқлар адабиётшунослигида ҳам учратамиз. Жумладан, Хазар университети доценти Исахан Исаханлининг “Незадаром ему мигнули очи – Есенин в Баку” тадқиқотини кузатишимиз мумкин[9].

Шеър деб аталмиш юксак поғонага ҳар қандай қофия ва вазндан иборат асар кўтарила олмайди, бунинг учун шоирдан нозик дид, ўткир сезувчанлик, яратувчанлик, беназир изланиш, эстетик софлик, кенг дунёқараш ҳамда туғма истеъдод талаб этилади. Илҳом чашмасидан сув ичиб яратилган шеърлар боқийликка мансуб экан, Есенин шеъриятининг ҳам миллат, тил, замон, макон танламаслиги, шоир поэтик тафаккурининг юксаклигини, шахсиятининг улуғлигини кўрсатиб туради.

Есенин ижодига ёндашувлар табиати собиқ совет иттифоқи давридаги ва мустақилликдан кейинги даврларда ҳар хил бўлганини кузатишимиз мумкин. Биринчи ҳолатда, яъни соцреализм тамойиллари таъсирида, асосан, шоирнинг “Улуғ Ватан” бўйлаб юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлардан “боши осмондалиги” таъкидланса, мустақилликдан кейинги мақолаларда ҳатто унинг собиқ тузумдан норози кайфиятда юрганлигига кўпроқ урғу берилади. Бундай икки хил ёндашув, шоир шеърларининг бадиияти ва бетакрорлигини камсита олмаса-да, замонлар оша Есенин ҳақида турфа хил қарашлар бардавом бўлиб қолаверишини англатади.

Адабиётлар рўйхати

1. Воҳидов Э. Шоиру шеъру шуур. –Тошкент: “Ёш гвардия” нашриёти, 1987.

2. Есенин С. Собрание сочинений в двух томах. Том 1. 1990. – С. 346.

3. Есенин С. Собрание сочининий в трёх томах. Том 2, М, 1970. С. 426.

4. Есенин С. Лирика (шеърлар, достонлар). Эркин Воҳидов таржимаси, Тошкент, 1981.

5. Зинин С.И. С.А. Есенин и его окружение. Биобиблиографический   справочник. Электронный ресурс: http://zinin-miresenina.narod.ru/profile1.html. Дата обращения: 18.11.2021 г.

6. Илёсов Б. Есенин шеъриятида шарқона мотивлар. // Ўзбек тили ва адабиёти. 1987, №1.

7. Исаханлы Исахан. Незадаром ему мигнули очи – Есенин в Баку. - Баку: Хазарский университет, 2012. С. 313-340.

8. Хронологическая канва жизни и творчества Сергея Александровича Есенина. Электронный ресурс: http://www.museum-esenin.ru/tvorchestvo/1182. Дата обращения: 18.11.2021 г.

Худойбердиева Д. Творчество Сергея Есенина в интерпретации узбекской периодической печати и литературоведения. В статье анализируются исследования, проведенные узбекскими есениноведами - литературного наследия поэта, освещения жизни и творчества Сергея Есенина в узбекской прессе. Обосновано, что причиной повышенного интереса к поэзии Есенина в Узбекистане является уникальная личность поэта и написанные им произведения.

Khudoyberdiyeva D. The works of Sergei Yesenin in the interpretation of the Uzbek periodic press and critics. The article analyzes the study of the literary heritage of the poet, conducted by Uzbek specialists, the coverage of the life and work of Sergei Yesenin in the Uzbek press. It is substantiated that the reason for the increased interest in Yesenin's poetry in Uzbekistan is the unique personality of the poet and the works written by him.

[1] Вохидов Э. Шоиру шеъру шуур. Тошкент, “Ёш гвардия” нашриёти, 1987 йил, 50 б.

[2] “Jahon adabiyoti” jurnali 2012-yil, 1-son, 119-b.

[3] Есенин С. Собрание сочинений в двух томах. Том 1. 1990. – С. 346.

[4] “O’zbek tili va аdabiyoti” jurnali. 2011-yil. 5-son. 33-b.

[5] Есенин С. Лирика(шеърлар, достонлар) Эркин Воҳидов таржимаси, -Тошкент: 1981. 149-150-бетлар.

[6][6] Есенин С. Собрание сочининий в трех томах. Том 2.- М: 1970. - С. 425-426.

[7] “O‘zbek tili va adabiyoti” jurnali. 2011-yil. 5-son. 35-b.

[8] “Jahon adabiyoti” jurnali. 2019-yil, 12-son, 183-bet.

[9] Исаханлы Исахан. Незадаром ему мигнули очи – Есенин в Баку. - Баку: Хазарский университет, 2012.- С. 313-340.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati