Сергей Есенин – рус адабиётининг ёрқин вакили, Ватан ва халқ тақдирига ўта куюнчаклик билан ёндашган ҳассос шоир. Унинг тақдири, давр ва инсоний муносабатларнинг жами фожиавийлигини ўзига сингдирган шеърияти – ижод эркинлигини танлашга, баркамол шахсни шакллантиришга таъсир этадиган маънавий-руҳий озуқа. Шоирнинг улкан ҳиссий таъсирчанликка эга шеърлари, ҳар қандай одамни жўнбушга келтира оладиган туйғулари рози бошқа кўплаб халқлар миллий адабиётига ўз таъсирини ўтказган. Шеърларининг умумбашарийлиги, олижаноб инсоний хислатлар улуғланганлиги туфайли ўзбек китобхонлари ҳам Есенин шеърларини севиб ўқийдилар.
Сергей Есенин оддий деҳқон оиласида туғилди. Кейинчалик яхши таълим-тарбия олганига қарамасдан табиатга ошуфталик, қишлоқ ҳаёти, содда, самимий инсонлари унинг шеърларини тарк этмади:
Рязань деҳқонлари
Дон эккан замин,
Қўнғир тупроқ эди
Менинг ватаним[1]
дея эслайди шоир.
“Онамдан мактуб” шеърида шоир ўз онаси тимсолида соддадил қишлоқ аҳли турмуш тарзини очиб беради. Аммо, шоир инсонни буюк мақсадлар жарчиси сифатида кўради ва кейинги ўринларда шунга даъват этади:
Барча кўкламлардан
Мен севган кўклам –
Башар дилидаги буюк инқилоб.
Ўшанга интилиб чекарман алам,
Ўшани севаман, чорлайман шитоб.
Лекин, бор музлаган ер сайёраси.
Шундан мен нолалик шеър овораси. (“Форс тароналари”, 13-б).
Кўринадики, шоирнинг лирик қаҳрамони бир қарашда содда, самимий инсон, яна бир ўринда эса мураккаб давр кишиси. Аммо, шоир инсонни оддийликдан буюкликка олиб чиқиш илинжида.
Есенин мураккаб ҳаёт чизгиларини гўё соддадил болакай нигоҳи остида тасвирлайди, бироқ, унинг аксар шеърлари кишини катталарга хос мулоҳазакорликка чорлайди. “Абадий болакай ва буюк донишманд” шоир – Сергей Есенин башариятни шундай талқин қилади:
Биз барчамиз гўдакмиз бир оз,
Гоҳ кўзда ёш, гоҳ лабда кулгу,
Бўлмиш ушбу дунёда мерос
Барчамизга шодлик ва қайғу.
Талпинма кўп, девона кўнгил. (“Форс тароналари”, 23-б).
“Есенин – дунёнинг энг буюк шоирларидан бири, у дунёнинг энг ҳалол шоирларидан бири. У ўз ватанини яхши кўрарди. Есенин ҳамиша ҳаётни севадиган, гўзаллик ва ҳалолликни севадиган дунё халқлари билан бирга бўлди” ва шеърларида ҳам гўзалликка ошуфта инсон образини ўзига хос тарзда ёритди:
Оҳ, у оқ қайинлар,
Оппоқ қайинлар...
Қизлардек сарвиноз, сулув, хушқомат.
Севмаслиги мумкин уларни фақат –
Қувноқ навниҳолда кўрмаган самар. (“Форс тароналари”, 31-б).
Ушбу парчада сокин руҳий кайфиятни сезиш қийин эмас. Аммо унинг шеърларида шундай ўринлар ҳам учрайдики, шиддаткор, гўё олдидан чиқадиган ҳар қандай нарсани ямламай ютишга қодир кайфият сингдирилган:
Онажоним,
Келар бизга ҳам фурсат,
Келадир интизор
Кутганимиз дам.
Биз ахир турибмиз
Жангга бўлиб тахт,
Ким замбарак тутиб,
Ким тутиб қалам. (“Форс тароналари”, 13-б).
“У юраги ҳис қилган ҳамма нарсани: қувончни ҳам, аламни ҳам ёзди”, дейди Азиз Несин. У шеърларини ифодалашда эса табиат тасвиридан ғоятда гўзал тарзда фойдаланди. Қишлоқда туғилиб ўсган, айни дамда табиат ошнаси бўлган шоир шеърларида қалб туғёнлари, инсон руҳининг нозик товланишлари табиат гўзалликларига омухталашган ҳолда тасвирланади:
Тонг отади беозор ва жим,
Туман ичра бўзарар осмон.
Бугун яна сени эсладим,
Меҳрибоним, мунис онажон! (“Форс тароналари”, 32-б).
Ёки:
Далалар оқ кийган, оқарган ой ҳам,
Кафанга ўралиб ётибди ўлкам.
Ўрмонларда йиғлар оқ қайинлар жим,
Бу ерда ким ўлган? Балки мен ўзим?.. (“Форс тароналари”, 34-б).
Шоирнинг бутун борлиққа оқлик бериши бу мотам рамзи, хўш табиат нима сабаб мотам тутмоқда, нега оқ қайинлар йиғламоқда? Сабаби, уларнинг севимли шоири эҳтимол “ўлган”. Оддий кўз билан қарганда шеърда юқорида таъкидлаганимиздек, сокинлик кайфияти кўринади, аммо шеърнинг ҳар бир сатри қалбингизни жунбушга солади. Чунки ўлган кимса фақатгина шоир эмас, балки бутун инсоният мана шундай аянчли аҳволда, шундан оқ қайинлар мотам тутмоқда, йиғламоқда.
Ижодкор асарини, айтиш жоизки, ўз бағридан яратади, шу сабабдан асар ва унинг ҳар бир детали унга фарзандидек қадрли бўлади, айни дамда, ўша асарда ижодкорнинг бир парчасини кўриш мумкин бўлади. Сергей Есенин ижодида ҳам мана шундай боғлиқликни кузатиш мумкин. Есенин шеърлари қаҳрамони ҳам унинг ўзи сингари исёнкор, шиддатли. Бу ҳақда шоир шундай ёзади:
Мен Московлик бир далли йигит
Ўзига хон, танти, чапани (“Форс тароналари”, 5-б).
Кўринадики, шоир шеърларида инсонни кашф этиш ва унинг руҳий-маънавий оламини очиб беришда бадиий психологизм етакчилик қилади.
Сергей Есенин “Форс тароналари”даги шеърларида инсон ва унинг қадр-қимматини улуғлайди, айни дамда, унинг камчилик ва қусурларини аёвсиз танқид қилади:
Ўзгаларнинг овози билан
Тўтиқуш ҳам бийрондир, аммо,
Куйла фақат ўз созинг билан,
Қурбақадек бўлса ҳам ҳатто. (“Форс тароналари”, 25-б).
Ушбу парча орқали шоир инсонни ўз ҳолича, борлигича қабул қилишга чорлайди. Ўзгаларнинг “овози” билан куйловчи тўтиқушларни эса танқид қилади. Бундай дунёқараш Сергей Есениннинг нафақат шоирлар, балки бутун инсониятга дахлдор хулосаси бўлиб, шоир юқоридаги мисраларда инсоннинг маънавий қиёфасини шарқона оҳанг, қиёслар билан ёритади. Қуйидаги парчада ҳам шоир ҳар бир шахсни ўзига хосликда кўради ва кейинги икки мисра орқали фикрини исбот этибгина қолмай, китобхонни шунга даъват этади:
Ҳар кимда бир ўзгача эъзоз,
Ҳар кимда бор ўзгача ҳавас.
Гар Эроний куйлолмаса соз,
Билингки, у шерозлик эмас. (“Форс тароналари”, 22-б).
“Форс тароналари” (1924-1925) шеърлар туркуми ўзига хос поэтик тили билан ажралиб туради. Бир томондан, унда Шарқ шеъриятининг таъсири аниқ-тиниқ сезилиб туради. Иккинчи томондан, ҳаётининг сўнгги йилларида ёзилгани учун бўлса керак, унда шоирнинг поэтик маҳорати бор бўйича қад ростлагани кўриниб туради.
“Форс тароналари” адабиётшунослик нуқтаи назаридан чуқур ўрганилган. В.Г.Белоусов туркумдаги ҳар бир шеърнинг ёзилган вақти, жойига аниқлик киритган, уларнинг ёзилиш жараёнига батафсил тўхталиб, бош образлар, масалан Шаҳина образининг прототиплари кенг кўламда таҳлилга тортилган[2]. Мазкур туркумда лирик қаҳрамон талқини, инсон руҳиятига берилган чизгилар ўзининг бетакрорлиги, поэтик қуввати билан шеърият ихлосмандларини ҳануз ром этиб келадики, бунинг таҳлили Есенин поэтикасини чуқурроқ англатишга хизмат қилади.
Сергей Есениннинг ушбу тўпламга кирувчи шеърлари унинг 1924-1925-йилларда Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларига саёҳати даврида ёзилган бўлиб, шеърларида ҳам шарқона руҳият устунлик қилади. Шоир шарқ аёлларига мурожаат қилар экан, ҳижобга ўранган қизларни эркинликка даъват этиш баробарида, ғоят қисқа умрни мазмунли ўтказишга чақиради:
Ҳижоб билан дўст бўлма гулрў,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига,
Умр ўзи ғоят қисқа-ку,
Тўймоқ қийин толе шавқига,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига. (“Форс тароналари”, 18-б).
Есенин шеърларида фақат ва фақат озод, ҳур инсонни мадҳ этади. Чунки шоир қалби айнан шунга мойил, унинг ҳаёт йўли ҳам бунга исбот бўла олади, Есенин ҳар қандай чеклов занжирларни парчалаб, қалби амрига итоат этиб яшади ва буни лирик қаҳрамонига ва у орқали яратган идеал инсон образига сингдирди:
Шаҳарда ҳам қолмоғим маҳол,
На қишлоққа майл сезарман,
Бир йўл қолди; ўстириб соқол
Россияни дайдиб кезарман. (“Форс тароналари”, 4-б).
Афтидан, шоир “Форс тароналари” устида ишни йигирманчи йиллар бошида бошлаган кўринади. Ўша пайтлариёқ у форс шеърияти билан танишувдан таъсирланиб, ошуфталиги орта бошлаган эди. Аммо, бу даврда унинг ижоди шаклланиш жараёнини бошдан кечираётган бўлгани учун ҳали шоир услуби, поэтик тили сайқаллашиб улгурмаган эди. Унинг наздида “Форс тароналари” туркуми шоир ижодининг чўққиси бўлиши керак эди.
Дарҳақиқат, “Форс тароналари” Шарқ шеърияти “гавҳарлари”нинг энг сара топилмалари билан йўғрилган, муаллиф индивидуал услубини ярқиратиб юборган асар сифатида бўй кўрсатди. Ф. В. Лихолетов фикрича, “Форс тароналари” – “Туркистон осмони ва замини”дан таъсирланиш маҳсулидир[3].
Сергей Есенин “Форс тароналари”да инсон талқинига, унинг ички кечинмаларига, осуда туюладиган кўнгил тубида қайнаб турган пўртаналарга алоҳида эътибор қаратди. Унинг лирик қаҳрамонлари доимо муҳаббатга талпинадиган, унгагина топинадиган кишилар сифатида қад кўтарди. Биргина Шаҳина образини олиб қарайдиган бўлсак, шоир унинг сиймосида Шарқ ва ўз ватани аёлларини таққослайди, турли-туман ўхшатиш ва метафоралар орқали улар тийнатидаги тафовут ва ўхшашликларни кашф қилади.
Шаҳина образини илк бор “Шаҳинам, о мани Шаҳинам...” шеърида учратамиз. Шоирнинг лирик қаҳрамони Шарқ гўзалига худди ўз қайғу-аламларини, ватани ҳақидаги дил розларини эшитишга тайёр яқин кишисидек мурожаат қилади. Кейинроқ, “Дединг: Саъдий доимо ёрнинг...” шеърида Шаҳина образи яна кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бу шеърда шоир унинг гўзаллигидан ҳайратга тушади, қалбидаги ҳиссиётларини тўкиб солади:
Дединг: Саъдий доимо ёрнинг
Сийнасидан оларкан бўса.
Худо ҳаққи, шошма, дилдорим,
Қочмас ахир ўрганиш бўлса.
Дединг: – “Қуръон сўзи азалдан
“Алқасосу миналҳақ” тамом!”
Мен туғилган бўлсам Рязанда
Қайдан таниш бўлсин бу калом.
Сен куйладинг: “Фрот ортида,
Гуллар борки, қизлардан гўзал!”
Бой бўлсайдим қўшиқ бобида
Тўқир эдим бошқа бир ғазал. (“Форс тароналари”, 16-б).
Таъкидлаш жоиз, Шаҳина образи “Форс тароналари” туркумидаги деярли барча шеърларда баъзан билвосита, баъзида эса бевосита учрайди, асар меҳваридан ўрин олган бу образ ундан қизил ипдек бошдан-охир сизиб ўтади.
“Фирдавсийнинг мовий диёри...” шеърида лирик қаҳрамон Форс диёри ва ўзининг Шаҳинаси билан хайрлашаркан, у ҳақидаги хотираларини асрлар мобайнида ёдда сақлашга ваъда беради:
Сипқорурман энг сўнгги бора
Шароб янглиғ мушкин бўйингни,
Жоним Шаҳи, дилбар куйингни
Айриларкан сендан, начора,
Тинглагайман энг сўнгги бора! (“Форс тароналари”, 21-б).
Севги мавзусида ёзилган “Бир жуфт оққуш – жонон қўллари...” дея бошланадиган шеърида Есенин яна ўзининг “дилбар Шаҳина”сига қайтади. Бу шеърида у муҳаббат туйғуси ва шоир тутган йўлнинг бир-бирига тўғри келмаслигидан, номувофиқлигидан ёзғиради:
Қандай яшай энди, билмайман,
Ё Шаҳи-ла кечсин тунларим.
Қариганда ё қилай армон
Ишқни куйлаб ўтган кунларим. (“Форс тароналари”, 22-б).
Орадан кўп ўтмай шоир “Хуросонда бир дарвоза бор...” номли шеърида яна Шаҳина ишқида ўртана бошлайди:
Мардлигим не ишқ майдонида.
Айтинг, кимга қилай шархи ғам?!
Севмас бўлса Шаҳи жонидан,
Ул эшикни очолмас бўлсам,
Мардлигим не ишқ майдонида?! (“Форс тароналари”, 20-б).
Шарқ гўзали Шаҳина тимсоли ушбу туркум шеърларни бир ипга тизиб турган поэтик образ сифатида шоирнинг ер юзи аёлларига, нозик хилқат дея таърифланадиган ожизаларга муносабатини ифодалайди. Ушалмаган ишқ, амалга ошмаган орзулар, озурда кўнгил қисмати яққол сезилиб турадиган мазкур шеърларда шоирнинг бетиним сиймоси, ҳассос шахсияти кўринади, ўзга юртларни ватанига қиёслаётган, таққослар орқали ўзини овутишга уринаётган озурда жоннинг ҳароратли нафаси уфуриб туради. “Форс тароналари” туркумидаги “Нечук маъюс таратар зиё, Ой Хуросон чаманларига...” дея бошланадиган шеърида биз форс гўзалини сўнгги бор учратамиз:
“Не учун Ой маъюс нур сочур?”
Чечакларни тутдим сўроққа.
Улар деди: гулдан сўраб кўр
Саҳар пайти кирганда боққа.
Гул тебратди аста шохини,
Тилга кириб сўйлади гулбарг,
“Ўзга билан бўлди Шаҳина,
Ўпди бу кеч ўзгани дилбар”. (“Форс тароналари”, 22-б).
Шоир лирик қаҳрамони бирмунча қарама-қарши ва кўп қиррали. У шоир билан бирга ўзгарди, ўсди, одамлардан кўнгли қолди ва қайта жонланди. Шунинг учун айтиш мумкинки, Есенин шеъриятининг лирик қаҳрамони, асосан, автобиографикдир.
Сергей Есениннинг “Форс тароналари” тўплами ўзбек шеъриятида бу қадар шуҳрат топиши ва ўз ўрнига эга бўлишида тўпламни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган Эркин Воҳидовнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистон халқ шоири У. Азим таъкидлаганидек, Эркин Воҳидов шоир шеърларини баъзи ўринда “китобга қарамасдан” таржима қилган. Шу сабабдандир, Сергей Есенин шеърларида ўзбекона самимият, соддалик сезилиб туради. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бугунги китобхон уни ўз миллий шоиридек севиб ўқийди.
Аммо, Есенин шеърларида ва биринчи навбатда “Форс тароналари”да асосий нарса – бошқа миллий дунё билан учрашган қаҳрамоннинг лирик акси. Есенин лирик қаҳрамони жуда кучли ҳис-ҳаяжон эгаси. У теран ва ўта кучли ҳис-туйғулар қуршовида яшаётган маънавий бой одам. Севги унинг ҳаётида катта роль ўйнайди. Бошқача айтганда, бу – қаҳрамонга яшаш ва ижод қилиш учун куч беради.
Шу тариқа, “Форс тароналари”даги лирик қаҳрамон – муҳаббатга ошно ижодкор образи Есенин шеъриятининг меҳварида туради. Айтиш жоизки, Есенин лирик қаҳрамони ҳамиша ўзини қалбан ёш ҳис қилади, шунинг учун бўлса керак у вояга етганини, етукликни жуда оғриқли қабул қилади. Йиллар уни ортга қарашга, яшаб ўтилган умр ҳақида баъзи хулосалар чиқаришга мажбур қилади. Бирданига бўлмаса-да, лекин, у барибир борлиқ қонуниятларини қабул қила олади ва тушунади, ўзини ва ҳаётини баҳолайди, қайғу таъмини тортса-да, ўз хотиржамлигини топади.
Сергей Есенин шеърияти шоир яшаган қийин ва қарама-қарши даврнинг барча аломат-белгиларини ўзида мужассам этган. Бу шеърият шоир бошдан кечирган воқеаларни, ҳис-туйғулар, фикрлар, энг муҳими, унинг руҳиятини ўзида ифода этади. Айтиш мумкинки, шоирнинг фожиали тақдири унинг ижодида тўла-тўкис ўз аксини топган.
Адабиётлар рўйхати