СЕЗИШ ҲИССИЁТИНИ ИФОДАЛОВЧИ ФРАЗЕОЛОГИЗМЛАРНИНГ СЕМАНТИК ТАҲЛИЛИ

Адашуллоева Гулноза Муҳайбиновна,

СамДУ филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Калит cўзлар: сезиш, ҳиссиёт, антропоцентризм, семантик майдон, фразеологик тизим.

 

Адашуллоева Г. Семантичеcкий анализ фразеологизмов выражения чувств, связанных с ощущением (на примере таджикского и узбекского языков). В статье приведена семантическая классификация фразеологических единиц выражения значения чувствa ощущения, являющихся частью микрогруппы фразеологизмов, выражающих личные особенности таджикского и узбекского языков.

Adashulloyeva G. Semantic analysis of phraselogisms expressing feelings dealing with sense (on the example of Tadjik and Uzbek languages). The article gives semantic classification of phraseological units expressing the meaning of sense, which is one of the micro groups of phraseologisms expressing personal features in Tajik and Uzbek languages.

Маълумки, “Олам бир бутун тизимдир. Унинг тизимлиги шундаки, у ўзаро шартланган, бир-бирини тақозо этувчи элементлар муносабатидан ташкил топган яхлитликдир. Бу яхлитлик кичик бутунликларга бўлинувчанлик хусусиятига эга. Элементлар маълум умумий белгиларига кўра синфларга бирлашади ҳамда синфга бирлашган элементлар шу синф таркибида бир-биридан фарқли белгиларига кўра ажратилади. Тилшуносликда майдон талқини бўйича Л.Новиков тил лексик системасининг ўзаро мураккаб муносабатлари, Г.Шур майдон назарияси муаммолари, А.Абувалиев синтактик сатҳнинг тўсиқсизлик категорияси, Т.Нарзиқулов функционал семантик майдоннинг морфемикага доир хусусиятлари, Ҳ.Ҳожиева ҳурмат майдони, Ш.Искандарова шахс микромайдони, А.Собиров семантик майдон ҳосил қилувчи бирликлар ҳақида тадқиқотлар олиб боришган [1].

Тилда мавжуд нарсаларнинг яхлит бир тизимни ташкил қилиши нуқтаи назаридан шахс хусусиятини ифодаловчи иборалар семантикаси масалалари ҳақида ҳам фикрлар билдирилган. Антропоцентризм нуқтаи назаридан, тил тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, шахс хусусиятини ифодаловчи аспект ўз таркибига, бир томондан, нутқ фаолияти мавжуд бўлмаган психолингвистик жараёнларни олса, бошқа томондан нафақат интуитив, балки онгли интеллектуал фаолиятга ёндашувчи ижодий фаолият билан иш кўришни тақозо этади. Бунда шахс хусусиятини ифодаловчи омил уч соҳада намоён бўлади: инсон психологик фикрлаш дунёси, инсон ички нутқи билан бевосита боғлиқ интеллектуал нутқни намоён қилиш, новербал воситаларни жалб этиш[2]. Олдинроқ ҳам таъкидлаб ўтилганидек, А.Маматов инсоннинг эмоционал ҳолатини ифодаловчи ибораларни шодлик (даҳонаш ба гӯшаш расид // оғзи қулоғига етди), таажжуб (гиребонашро гирифтан // ёқасини ушламоқ), қўрқув (нафасаш фурӯнишин гаштан // нафаси ичига тушиб кетди) сингари ўнга яқин фразеосемантик гуруҳга[3], Д.Худойберганова ўзбек тилида турғун ўхшатиш эталони асосида ҳосил бўлган ибораларни тилнинг лингвокультрологик хусусиятларини кўрсатувчи тил бирлиги сифатида[4] инсон аъзолари (чун шаҳриёр алифқомат // амирдек тик қомат), ташқи кўриниши (ҳамчун моҳ сафед // ойдек гўзал), жисмоний хусусияти (чун гул нозук // гулдек нафис), хатти-ҳаракати (монанди буз ҷаҳидан // эчкидай сакрамоқ) сингарилар билан боғлиқ бўлган бир қатор гуруҳларга бўлиб ўрганган.

Тожик ва ўзбек тиллари шахс хусусиятини ифодаловчи фразеологик бирликлари таҳлилида инсон ҳиссиётларининг тавсифи ва ўзига хос хусусиятлари юзасидан ишлаб чиқилган таснифдан келиб чиққан ҳолда инсон руҳий фаолияти унинг турли мураккаб ва кўп қиррали ҳиссиётларида намоён бўлиши маълум бўлди. Бунда инсон билим олиш жараёнлари (ҳиссиётлар, қабул қилиш, фикрлаш, тасаввур), иродавий ва эмоционал жараёнлар ҳамда шахснинг турли руҳий хусусиятлари (тавсифий ҳиссиётлар, ирода, тафаккур ва фикрлаш сифати), инсон руҳий ҳолати сингарилар билан боғлиқ ҳиссиётлар юзага келади.

Психология, этика ва лингвистика бўйича тадқиқотларга таянган ҳолда ва фразеологизмларни белгилашнинг дефиницион услубини қўллаш билан биз шахс хусусиятини ифодаловчи фразеологизмлар майдонини қуйидаги микрогуруҳлар асосида таҳлил қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз: сезиш (чашм давондан // кўз югуртирмоқ), хотира (ба ҳуш омадан // эсга келмоқ), фикрлаш (ба тарозу андохтан // тарозига солиб қўймоқ), тасаввур (пешомадро башорат кардан // келажакни олдиндан билиш), ҳиссиёт (қоматини тик қилиб юрмоқ // сар бардошта гаштан), ирода (ба гап истодан // ўз сўзида турмоқ)ни ифодаловчи микрогуруҳ. Бу микрогуҳлар ҳам ўз навбатида бир қатор кичик гуруҳларга бўлиниб кетади. Масалан, шахс хусусиятини ифодловчи микрогуруҳ – ростгўйлик (пӯсту каллаашро гуфтан // дангалини айтмоқ), айёрлик (равғани морро лесидагӣӯрдагӣ) // илон ёғини ялаган), кўрнамаклик (нонро пешпо задан // нон тепкилик қилмоқ), ғайирлик (бахилӣ кардан // бахиллик қилмоқ), икки юзламачилик (дурӯягӣ кардан // мунофиқлик қилмоқ) каби гуруҳларга бўлиб ўрганилиши мақсадга мувофиқдир. Мазкур мақолада сезиш билан боғлиқ ҳиссиётларни ифодаловчи фразеологизмларнинг таҳлилига оид фикр юритмоқчимиз.

Фразеология маълумотларига кўра, ҳиссиёт бу мувофиқ сезгичларга бевосита моддий таъсири остида организм ички ҳолатлари ҳамда моддий дунё ҳодисалари ва предметлари алоҳида хусусиятлари аксидан иборат бўлиб, содда психик жараёндир[5].

Ҳиссиётларга мувофиқ сезгичга таъсир натижасида юзага келиши сабабли, ҳиссиётлар таснифи, уларга таъсир этувчи ҳодисалар хусусиятларидан келиб чиқиб, уларга нисбатан сезгичларнинг таъсирланиш даражасидир. Сезгичлар акс этиши ва жойлашиши тавсифига қараб, улар қуйидаги гуруҳларга бўлинади: кўриш, эшитиш, ҳид сезиш, пайпаслаш ва таъм билиш. Сезиш ҳиссиётлари таркибига пайпаслаш ҳиссиётлари билан бир қаторда алоҳида ҳиссиётлар тури ҳам киради, яъни ҳароратни сезиш. Эшитиш ва пайпаслаш ҳиссиётлари орасидаги ҳолатни тебраниш ҳиссиётлари эгаллайди. Инсон ташқи муҳитида ориентацияланиш хабар-дорлигига мувозанат ва тезлашиш ҳиссиётлари катта аҳамиятга эга [5, 184-185].

Сезиш микрогуруҳи, атроф-муҳит ҳиссиётларини унинг барча шакллари ва турларида акс эттиради: товуш ва ранг сезиш қобилияти, ҳид ва ҳарорат сезиш қобилияти, катталик ва бошқалар. Мазкур микрогуруҳ, ўз навбатида, қуйидаги таггуруҳларга бўлиниб кетади:

1. Кўриш қобилиятини ифодаловчи кичик гуруҳ.

Мазкур таггуруҳ кўриш қобилияти жараёнлари орқали юзага келиб, бу ҳолат тожик ва ўзбек тилларида кўз лексемаси мавжуд бўлган фразеологик бирликлар орқали ёритилади. Бу табиий бўлиб, кўз кўриш органи, кўриш ҳиссиётлари доирасига киради: чашм давондан // кўз югуртирмоқ, чашмакӣ задан // кўз уриштирмоқ, чашм паридан // кўзи учмоқ ва бошқа.

Турли ҳиссиётларни акс эттирувчи фразеологик бирликларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар ҳар томонлама ҳиссиётларнинг сифати, жадаллаштируви, давомийлик ва маълум бир тўхтамга келишга олиб келади, яъни психологияда қабул қилинган барча ҳиссиётларнинг умумий хусусиятини ифодалайди[5, 184-216].

Мазкур тиллардаги кўриш қобилиятини билдирувчи барча фразеологик бирликлар учун характерли хусусият шундаки, улар кўриш қобилияти йўқотилиши, пасайиши, кутилмаганлиги, қисқа муддатлилиги каби асосий ҳиссиёт хусусиятларини ёрқин ва тўла равишда акс эттиради.

Тожик ва ўзбек тилларидаги кўриш ҳиссиётлари жадаллаштируви турли даражаси, таъсир феъллари ёки ҳаракат феъллари мавжуд бўлган лексик тузилмага фразеологик бирликлар орқали етказилади. Кўриш ҳиссиёти кутилмаганда пайдо бўлиш мазмунини етказувчи фразеологик бирликларда лексик таркиб таъсир феъллари мавжудлиги билан тавсифланади: чашм афтидан // кўзи тушмоқ, ба чашм афтидан // кўзга тушмоқ. Кўриш ҳиссиётларининг йўқотилиши қуйидаги фразеологик бирликлар билан ифодаланади: аз чашм гум шудан // кўздан йўқолмоқ, ба чашм нанамудан // кўзга кўринмай қолмоқ. Қуйидаги фразеологик бирликлар эса мақсадли тушунилган кўриш ҳиссиётлари мавжуд эмаслиги билан нофаоллик касб этади: чашмакӣ задан // кўзини ўйнатмоқ.

Баъзи фразеологик бирликлар кўриш ҳиссиётининг қисқа муддатли эканини билдиради: назар партофтан // кўз қирини ташламоқ.

Демак, тожик ва ўзбек тилларига хос шахс хусусиятини ифодаловчи иборалар, асосан, кўз лексемаси орқали ифодаланиб, инсон кўриш ҳиссиётларини очиб беришда умумийликка эгадир. Нима бўлганида ҳам, қиёсланаётган тилларнинг ҳар бирида ўзига хос лингвокультуремаларга эга иборалар мавжуд. Чашм сиёҳ задан // кўз олди қоронғилашмоқ қоронғилик мазмунига эга бўлиб, у, одатда, ҳеч нарса кўринмаяпти маъносида ишлатилади ва ўз таркибида қоронғилик лингвокуль-туремасини ифодалайди ёки иши юришмаслиги, тажрибасизлик жараёни чашм кофтан // кўзи ўйилди деб номланади.

2. Эшитиш ҳиссини ифодаловчи кичик гуруҳ

Фразеологик бирликларнинг мазкур кичик гуруҳи узоқдан келаётган товушларнинг эшитиш қобилиятига нисбатан таъсири мазмунини ифодалайди: аз таги гӯшаш бонг задан // қулоғининг тагида қўнғироқдай бақирмоқ.

Шахс хусусиятини ифодаловчи фразеологик бирликлар, асосан, товушнинг биргина хусусиятини, яъни баландлигини тавсифлайди: гӯшро ба қомат овардан // қулоқни қоматга келтирмоқ. Эшитиш ҳиссиётларини белгилаб берувчи фразеологик бирликларнинг асосий мақсади эшитиш жараёнида амалга оширилаётган мақсад мазмунини белгилаб беради: Гӯши касе рост шудан, гӯш ба қимор шудан // қулоғи динг бўлмоқ каби.

Таҳлил этилаётган тилларнинг бир қатор фразеологик бирликлари мавжудки, улар эшитишни қисқа вақт рад этиш жараёнини тавсифлайди: пардаи гӯшаш ғавс // қулоғини бекитиб олмоқ, қулоғи том битган, (тожикча гӯшашба қўрғошим бити кардагӣ варианти Самарқанд шевасида ишлатилади).

Мазкур гуруҳдаги фразеологик бирликларнинг бир нечтаси эшитишнинг сусайиши, тиниқлиги мазмунини белгилаб беради: гӯши касе тинч шудан // қулоғи тинмоқ.

Кўриниб турибдики, ушбу ибора қулоқ лексемаси орқали узатилаётган эшитиш мазмунини ифодалаб, доимий равишда эшитиш ҳиссиётлари ва уларни қабул қилиш мазмунидаги фразеологик бирликлар таркибида мавжуд. Фақатгина ба даҳони касе нигоҳ кардан // оғзига қарамоқ фразеологик бирлигида оғиз лексемаси қўлланилиб, у гапириш ҳолатини англатади. Унинг лингвокультуремаси эшитувчи ҳолатини белгилаб беради.

Иккала тилнинг фразеологизмлари учун умумий бўлган лингвокультурема товушларга нисбатан ҳайвонларнинг ҳаракати устидан кузатувларга асосланиб, қуйидаги фразеологизмлар билан ёритилган: гӯшашро парда гирифтан, кари ботил // қулоғи битмоқ, қулоғи динг бўлмоқ ва бошқа.

3. Пайпаслаш ҳиссини ифодаловчи кичик гуруҳ.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, пайпаслаш билан боғлиқ ҳиссиётлар таркибига тери билан ҳис этиш ва ҳарорат ҳиссини сезиш киради. Ҳарорат ҳисси билан биргаликда, пайпаслаш ҳиссиётлари ҳам тери ҳиссиётлари турига мансуб бўлиб, тери юзаси, инсон мулоқотда бўлган тана юзаси ҳақида ахборот етказади (силлиқ, дағал, ёпишқоқ, суюқ ва бошқа). Шу билан биргаликда, мазкур аъзоларнинг ҳарорат параметрлари ҳақида ҳам ташқи муҳитга ахборот етказилади [5, 136].

Ҳарорат ҳиссиётлари иссиқ, совуқ, ниҳоятда совуқ, қалтираш каби ҳиссиётларни уйғотиб, бу ҳолат қиёсланаётган тилларда қуйидаги фразеологик бирликларда ўз аксини топади: буз барин ларзидан // эчкидай қалтирамоқ, офтоб задан // офтоб урмоқ, мағзи устухонсӯхта рафтан // эт-этидан ўтиб кетмоқ ...

Юқорида тилга олинган фразеологизмларда орқа бўйлаб чумоли ғимирлаши тасвири мавжуд эмас, лекин унинг маъносини берувчи бошқа образ ифодаланган. Унда инсон танаси бўйлаб қалтираш мазмуни берилади: танаро ларза зер кардан // вужудини титроқ босмоқ, дасту пой суст шудан // қўл-оёғи сустлашмоқ ...

Ҳар икки тил фразеологизмларида ҳам жуда совқотиш мазмуни мавжуд. Мазкур гуруҳдаги қатор фразеологик бирликлар инсоннинг у ёки бу ҳолати билан биргаликда иссиқлик, совқотиш, қалтираш каби тушунчаларни ифодалайди. Тожик ва ўзбек тилида қаттиқ қўрқув, ҳис-ҳаяжонини айнан тиш тақиллаши орқали ифодаловчи фразеологик параллеллар ҳам кузатилади. Келтирилган барча фразеологизмлар ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, икки томонлама ҳиссиётлар мазмунини ифодалаб келади. Бир томондан, бундай ҳиссиётлар ҳақиқатнинг муайян ҳолатини белгилаб берса, бошқа томондан, организмнинг муайян ҳолатини тасвирлайди. Демак, пайпаслаш ҳиссиётларини узатиш билан боғлиқ бўлган фразеологизмларда кўпинча турли соматизмлар қўлланади: бош, юрак, бел, эт, тана, мия, тиш. Айнан шу ҳолат инсон ҳаётида ҳид сезиш қобилияти, кўриш, эшитиш ва умуман сезишга нисбатан етакчи ролга эга эмас [5, 200]. Масалан, сар ба осмон расидан // боши осмонга етди, дил така-пука шудан // юраги така-пука бўлмоқ, рўйсахт шудан // бети қаттиқ бўлмоқ, ба сар задан // мияга урмоқ, дилаш хун // юраги қон, чашм кушодан // кўз очмоқ ...

4. Очлик, ташналик, тўйишга хос кичик гуруҳ.

Очлик ва ташналик интероцептив ҳиссиётлар бўлиб, улар организмнинг ички ҳолатини акс эттирувчи тананинг ички тўқималари ва органларида жойлашган сезгичлар иши маҳсулидир. Очлик ҳисси мазмуни ҳар икки тилда мавжуд бўлган қуйидаги фразеологизмлар орқали белгиланади: шикам ноғора навохтан // қорни ноғора чалмоқ, шикам рехтан, шикам рафт // қорин кетди, мисли гурги гурусна // оч бўридай.

Ҳар икки тил фразеологизмларида оч бўри образи қўлланилади: мисли гурги гурусна гаштан // оч бўридай санқимоқ. Бўрининг очлиги, овчининг иштиёқмандлиги туфайли ов давомида овқат ейишга вақти йўқлигидан юқорида тилга олинган фразеологизмлар асосида лингвокультуремалар яратилган.

Тожик ва ўзбек тиллари фразеологизмларида ташналик мазмунида доимий соматизм компоненти, яъни томоқ қўлланилади. Шунингдек, ташналик ҳиссиёти қуруқлик семаси орқали ҳам ифодаланиши мумкин: ҳалқ қоқ шудан // томоғи қуримоқ. Шу билан биргаликда, қиёсланаётган тиллар фразеологиясида тўйиш ҳиссини билдирувчи фразеологизмлар ҳам мавжуддир: хук барин хӯрдан // чўчқадай емоқ, аз даҳону бини сер шудан // оғиз-бурундан тўймоқ.

5. Оғриқ ҳиссини ифодаловчи кичик гуруҳ.

Фразеологизмларда оғриқ ҳиссининг турли кўринишлари ифодаланади: Оғриқ ҳақидаги фразеологизмларда, оғриққа мувофиқ лексема-соматизмлар қўлланилади: дар гулӯ қатор шудан // томоққа тиқилмоқ, дил задан // юрак титрамоқ, дастам шикаст // қўлларим синди .

6. Чарчаш ҳиссини билдирувчи кичик гуруҳ.

Сезгичларга бўлган таъсирлар юзасидан келиб чиқадиган ташқи ва ички ҳиссиётлар турлича ва улар тана ички органлари ҳамда мушак, бўғимларда намоён бўлади. Бунда инсон чарчашни ҳам ҳис қилиши мумкин (чарчаш, кучсизланиш, организмнинг ишдан чарчаши). Бундай ҳиссиётлар нутқда, лексика ва фразеологияда ўз аксини топган.

Тожик ва ўзбек тиллари фразеологизмларида инсон чарчаш ҳолати қуйидаги соматизмлар ёрдамида очиб берилади:

Оёқ. Дар пойҳо ҷон намондан // оёқларда жон қолмаслик, аз по мондан // оёқдан қолмоқ, дар пойҳо базӯр рост истодан // оёқларда аранг тик туриш.

Кўз.Чашмонаш пӯшида шудан // кўзлари илинмоқ, чашми бозистод // кўзлари тинмоқ.

Фразеологизмларда қўл ҳам чарчаш маъносини ифодалайди: Инсон қўл меҳнатидан чарчаган бўлса, дасти касе шикастан // қўли толиқмоқ шаклидаги иборалар билан ифодаланади. Мазкур тилларга оид фразеологизмлар чарчаганидан ҳатто овқат ҳам ея олмайдиган инсон образини мадори хӯрокхӯрӣ намондан // овқат ейишга мадори қолмаслик каби иборалар орқали намоён этади.

Ушбу фразеологизмлар чарчаш ҳиссиётини ифодалаш бўйича тилларда бир хил, умуминсоний, универсал ҳисларни намоён этишга қодир. Чарчаш ҳиссини билдирувчи бирликлар, яъни оёқ компонентли фразеологизмлар билан ифодаланиб, оёқнинг чарчашини чўян оғирлигига тенглаштиради: ба пойҳояш занҷир бастагй барин // оёқларига занжир боғлагандай, мадори даҳон кушода намондан // оғзини очишга мадори қолмаслик ибораси ҳам жуда чарчаган инсон ҳолатини ифодаловчи ёрқин бирикма сифатида қўлланади. Унинг образли ифодаси сиқилган анор фразеологизмида намоён бўлади. Бу жараённи чарчаган ит қиёфаси билан қиёслаш ҳам ўзига хосдир: саг барин ҳалакй кардан // итдай чарчамоқ, мурданивор меҳнат кардан // ўлгудек ишламоқ, зада кўфтагй барин ҳалок шудан // дўппослаб ургандек чарчамоқ кабилар.

Умуман олганда, икки тилга хос фразеологизмлар ўртасида қисмлари жиҳатдан кескин фарқланиш йўқ.

7. Дид билан боғлиқ ҳиссиётлар кичик гуруҳи.

Бундай ҳиссиётларнинг мураккаб тизимли механизми, қулоқнинг ички қисми ва у билан боғлиқ асаб толалари, мия қобиғи ва мияча бўлишмаларини қамраб олади [5, 193-194].

Тана алоҳида қисмлари ҳолати ва ҳаракати билан боғлиқ тезлашиш ва мувозанат ҳиссиётлари организмнинг ички ҳолати ва ҳаракатга нисбатан организмнинг акс ҳаракати ҳақидаги ахборотни узатади. Тадқиқ этилаётган икки тилда бош айланиши орқали жуда чарчаш ҳиссиётини узатувчи фразеологизмлар мавжуд: сарчархак шудан // боши айланмоқ. Бошдаги сочлар ҳаракати эса фразеологизмларда кучли қўрқув ҳолатини англатади: мўйи сар рост шудан // тепа сочи тик бўлмоқ. Мазкур фразеологизмлардаги лингвокуль-туремалар катта ёки кутилмаган хавф остида кузатиладиган қўрқувга нисбатан акс таъсирга асосланган.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, мазкур гуруҳ фразеологизмлари кўриб чиқилаётган тилларда бир хил образлар орқали дид билан боғлиқ ҳиссиётларни англатади. Бу ҳолат табиийдир, чунки улар тана аъзолари физиологик вазифаси умуминсоний тавсифига асосланади.

Тожик ва ўзбек тилларида шахс хусусиятини ифодаловчи (сезиш ҳиссиёти билан боғлиқ) фразеологизмларнинг семантик тадқиқи қуйидаги хулосалар билан якунланди:

1. Нутқнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилувчи ибораларнинг ифодаланиши тарихи анча узоқ бўлиб, қадимдан донишманд ота-боболаримиз томонидан яратилган.

2. Тожик ва ўзбек тилшунослигида ўзлашма фразеологизмларнинг шаклла-ниши, бунда фразеологик калькалашнинг ўрни муаммолари махсус кузатишларни талаб қилувчи долзарб муаммолар қаторига киради.

3. Адъектив, компоратив фразеологик бирликлар ўз таркибида ўзбек тилида “худди” ёки “гўё”, тожик тилида “барин” ёки “мисли” қиёсий компонентига эга бўлиб, бунда асосий компонент сифатида сифатнинг ўзи, боғловчи компонент сифатида от сўз туркумлари келади. Иккала тилда тузилишига кўра гапга тенглаштирилган фразеологизмлар учрайди. Бундай тузилишдаги фразеологик бирликлар икки тилнинг субъект тавсифини беради. Мазкур фразеологик бирликларнинг асосий қисми содда гап тузилишига эга бўлади. Иккала тилда буйруқ маъносидаги содда гаплар ҳам алоҳида гапга ажратилган.

Умуман олганда, структур-грамматик таҳлил ўрганилаётган фразеологик бирикмалар ўхшашлигидан далолат беради, бу ҳолат тожик ва ўзбек тилларида деярли бир хил тарзда намоён бўлади. Шахс хусусиятини ифодаловчи иборалар яхлит бир майдонни ташкил қилади. Уни эса шахсга хос сезиш, хотира, фикрлаш, тасаввур, ирода сингари микрогуруҳ ва уларнинг семантик шохобчаси бўлган кичик гуруҳларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Тожик тилидаги шахс хусусиятини ифодаловчи ибораларни ўзбек тилига ўгиришда таржима тилининг грамматик ва услубий меъёрларига тўла риоя қилиш, ибораларни мумкин қадар аслига яқин тарзда беришга интилиш яхши самара беради. Шу боис ўзбек тилига таржима қилинган тожикча бадиий асарларни қайта кўздан кечириш, уларда йўл қўйилган айрим нуқсонларни бартараф этиш ва қайта нашр қилиш чора-тадбирларини кўриш бу икки халқ адабий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Кузатишлар ва таҳлиллар натижасида баъзан икки тилга хос иборалар бир маънони ифодалашида турли хил лексемалардан фойдаланилиши маълум бўлди: ба чашм // бош устига; рўзи сияҳ // оғир кун; хари халахўр барин // тепса тебранмас чўчқадай; умедро канда ангушти ҳайрат газидан // қўлини ювиб, қўлтиққа урмоқ ва бошқа. Келгусида тожик ва ўзбек тилшунослигида ўзлашма фразеологизмларнинг услубий этнологик, социологик хусусиятлари махсус тадқиқ этилиши лозим.

 

Адабиётлар:

  1. Новиков М.А. Семантика русского языка.-М.:Высшая школа, 1982; Щур Г.С. Теория поля в лингвистике.-М.: Наука, 1974; Абдувалиев А. Тўсиқсизлик майдони ва уни ташкил этувчи синтактик бирликлар//Ўзбек тили ва адабиёти. – Тошкент, 1988. -№4. –Б.62-66; Нарзиқулов Т. Ўзбек тили морфем парадигматикаси ва синтагматикаси масалалари: Филол.фанлари док.....дисс. автореф. - Тошкент, 1994; Ҳожиева Ҳ. Ўзбек тилида ҳурмат майдони ва унинг тузилиши. - Бухоро, 1998. –Б.102-107; Ш.Искандарова. Кўрсатилган асар; Собиров А. Ўзбек тилининг лексик сатҳини системалар системаси тамойили асосида тадқиқ этиш.-Тошкент: Маънавият, 2004. -232 б.

  2. Леденев Ю.А. Антропоцентрические и социоцентрические аспекти языка и реч // Антропоцентрическая парадигма в философии: Материалы междунар.науч. конф. – Ч.2: Лингвистика. – Ставрополь, 2003–С.5-10.

  3. Маматов А. Фразеологик стилистика масалалари. – Тошкент, 1992. – 120 б.

  4. Худойберганова Д. Антропоцентрик матн таҳлили. – Тошкент: Фан, 2013.

  5. Рубинштейн С.Л. Основы общей психологии. – СПб: Питер Ком., 1999.-720 с.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati