Таниқли адабиётшунос олим ва шоир Вадуд Маҳмуд шахсий архив манбалари орасида ўз даври ижодкорларининг қатор хат-ёзишмалари сақланиб қолган. Араб ёзувидаги бу мактуб матнларнинг бир қисми ўша давр ижодкорларининг Вадуд Маҳмудга ёзган хатлари бўлса, иккинчи қисми унинг дўстлари, ўша давр адабий муҳити вакиллари, масъул шахслар ва яқинларига ёзган хатларидир. Хат-ёзишмалар билан танишар эканмиз, дастлабки хатлар ўтган асрнинг 1919-1926 йилларида ёзилган бўлиб, ўша давр адабий муҳити ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бу матнлар орасида Самарқанд адабий муҳити ижодкорлари ҳам, хат орқали боғланиб турган Тошкент, Фарғона каби вилоятлардан, Озарбайжон, Туркия ва Россияда таҳсил олаётган талабаларнинг хатларини ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, ўз даври адабий муҳитининг ёш танқидчиларидан саналган Исмоил Садрий, Бектош ва халқимизнинг суюкли шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг Вадуд Маҳмудга ёзган мактублари сақланган. Бу матнларнинг ўша давр ижодкорлари томонидан ёзилган бир нечтаси хиралашиб қолгани сабабли тўлиқ ўқишнинг иложи бўлмади. Лекин, шу туркумдаги хатлар орасида Чўлпон, Бектош, Баҳром, Исмоил Садрий ва Иброҳим Мўминовлар томонидан ёзилган мактуб матнлари ҳамда Вадуд Маҳмуднинг қамоқдан синглиси, жиянларига ёзган мактублари яхши сақланган.
Буларнинг ичида энг аҳамиятлиси, Чўлпоннинг ўз қўли билан ёзган хати бўлиб, мактуб етти саҳифадан иборат, 20х30 см ўлчамида, қора сиёҳда ёзилган. Биринчи саҳифасининг юқори қисмида 1923 йил 24 октябрь санаси қўйилган. Матннинг дастлабки жумласидан Чўлпоннинг Вадуд Маҳмудга айтадиган анча гаплари, мулоҳазалари борлиги маълум бўлади: «Азизим Вадуд! Сенга бир хат ёзмоқ, сани ўзумнинг шу кунги ҳолатимдан хабардор қилмоқ ниятим хейлидан бери бор эди, ҳужжатлар билан овора бўлуб кетиб сира бўшай олмайман...[1]
Мазкур хат матни 1923 йилда ёзилганига қарамай, Чўлпоннинг буюк орзу-умидлари чилпарчин бўлган, ўта умидсизлик кайфиятидаги ҳолатини намоён этган: Менга қара! 20 ва 21 инчи йиллар эсингдаму? У ҳовлиқиб чопишлар, у интилишлар, у ҳаракатлар, у ўтдек порлаш, гуруллашлар....
«Бақирғучи, ўкиргучи бир кураш” деб бошланғон,
«Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш – йўқ яраш!”
деб тугайтурғон шеърларим ўшал вақтларнинг маҳсули...
Чўлпоннинг бу хатида совет ҳукумати олиб бораётган сиёсатидаги у маъқулламаган жиҳатлар, туркий халқларнинг ягона лотин имлосига ўтиши масаласи, Ватан озодлиги ҳақидаги орзуларининг ҳеч қачон амалга ошмаслигини тушуниб етгани ва ниҳоятда қаттиқ изтироб чеккани кузатилади:
Вадуд! Бу кунлар ўтуб кетди. Қайтмас, келмас бўлуб кетди. Энди «Кураш»ни бутун маъноси билан, Элбек[2], Ўктам[3], Ғози Юнус[4] ва Маннон Рамз[5] ўртоқларимға бердим» - дея умидсизлик гирдобига тушган ҳолатини кўрамиз.
Ўктамнинг «Ўрта Осиё имло конференсияси» тўғрисинда ёзғон мақоласини ўқуб, унда коммунистлар фирқасининг Ўрта Осиё бюроси шул имлони мажбурий қилиб бир қарор чиқорса экан деб ёлинғон бир ерига келгач қусуб юборғундай бўлдим... Куч билан қора қувват билан башарият қутулур эканми?
Меним ҳозирғи шеърларимни ўқу:
Қайнай-қайнай чарчаб қолғон бир тенгиз
Ўйнай-ўйнай ухлаб кетган олакўз....
Ва
Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига...
Дарҳақиқат, у «1923 йилдаёқ бир «сомон парчаси» мисоли ўзини «муҳит эрки»га топширди: Муҳит гирдобида бир сомон парча, Бир похол чўпидек оқиб бораман. Ҳар амал, ҳар ишни «ҳақ» деб бораман. Вазминим қолмади бир узук қилча... Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни... Кўзимда оғир бир «таслим» нури бор...[6]
Мактубида Чўлпон бу каби умидсизлик қаърига чўкиб бораётганини, «таслим» бўлганини ёзаркан, ўз фикрларини Вадуд Маҳмуднинг Фитрат асари таҳлилига бағишланган мақоласи асосида давом эттиради. Улуғ ҳинд ёзувчиси Тагор ва унинг «Зоҳид» – Санъяси (Санёси) пьесаси ҳақидаги мулоҳазаларини, бу орқали ўзининг айни дамдаги ҳолатини батафсил баён этади.«Маним аҳволим англашилғон бўлса керак. Чарчадим, бошқа ишка кўчаман. Хатингни кутаман. Сенга ҳурмат билан, салом билан Чўлпон”.
Бу мактуб матни Чўлпон шахсиятини ва ижодкор сифатидаги ўша йиллардаги руҳий –психологик ҳолатини ўрганишда қимматли манбалардан дейиш мумкин.
Мактуб-ёзишмалардан бири Исмоил Садрий томонидан ёзилган, унда ёш ва иқтидорли талабанинг моддий томондан анчайин қийналиб қолгани ва шу масалада Вадуд Маҳмуддан ёрдам сўрагани ёзилган:
Ба номи инсоният Нома
Муҳтарам қордошим Абдулвадуд афанди!
Юборилган очиқ мактубингиз етишди. Кўб мамнун бўлдим ...
Муовинат хусусинда эмди музокара қиламан деган экансиз. Воқиан музокара қилдингизми? Нечанчина беради? Қордошим! Мани бу ерда аҳволим ёмон десам бўладир. Зеро бирон ишга кириб машғул бўлсам дарсдан қоламан, машғул бўлмасам, маишат хусусинда маътал қоламан. Ҳеч бир чорасини тополмасдан сизга мактуб ёзган эдим.
Инсоният номина ражо қиламан, бирон чорасини топиб менга билдурингиз, афандим.
Бошқа ҳар хусусдан хотиржамлик. Биродарларга салом денгиз. Боқий эҳтиром маодингизга муҳтож: Исмоил Садрий.
Қатағон қурбонлари ҳақидаги адабиётларда «Миллий иттиҳод» ташкилотининг фаол аъзоси» деб кўрсатилган Исмоил Садрий шу йилларда Туркияда таҳсил олган. Унинг маблағ масаласида айнан Вадуд Маҳмудга мурожаат этишига сабаб, бу вақтда Вадуд Маҳмуд Самарқанд маориф мудири вазифасида ишлаётган эди. Бу хат мазмунидан Туркияда таҳсил олаётган талабаларга ҳукумат томонидан моддий ёрдам кўрсатиш масаласи юзасидан Вадуд Маҳмуд қандайдир келишув, музокара ташкил этишга ҳаракат қилгани маълум бўлади.
Унга ёзилган бир нечта хатларнинг остида исм ёки фамилия кўрсатилмасдан имзо қўйилганлари ҳам мавжуд. Афсуски, ҳозирча бу мактуб эгаларини аниқлай олмадик. Лекин, матнлардан муаллифларнинг ўша давр адабий муҳитининг кўзга кўринган вакиллари, юрт учун, миллат учун жон фидо этган ҳақиқий ватанпарварлар эканлиги аниқ кўринади. Шундай мактублардан бирида қуйидагиларни ўқиймиз:«...маним танқидим тошкантлиларга, айниқса, азиз дўстим Элбекнинг ўзига қандай таъсир бағишлағон, ёзиб билдирсангиз эди... Ҳар ҳолда Элбек инсофлик кишидир, эътироф этар... Бокудан Маъруфжон орқали келтуратурғон китобларимни навбат билан юбораман. Эсон афанди, Иброҳим афанди, Ғози Юнус, Жулқунбой, Элбек, Ўктам ва бошқа сўраганларни сўрарсиз. Ойбекни ҳам сўраб қўйинг. Салимхон[7]га ҳам қуюқ саломлар. Эҳтиром билан қордошингиз» (имзо).
Бу муаллиф томонидан юборилган иккита хатда ҳам илмий- ижодий муҳит ҳақида, чет эллардан, хусусан, Озарбайжон ва Туркиядан муҳим китоблар, дарслик ва ўқув қўлланмалар келтириш, Ўзбекистонда ҳам таълим сифатини ошириш, миллий кадрлар тайёрлаш масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Бокудан Бектош имзоси билан юборилган мактуб матнида худди шу масалаларда Бокуда бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида сўз боради: «Кўпрулузоданинг бир кўб асарлари нашр этилган. Энг муҳимлари «Туркия адабиёти тарихи», «Турк элининг мутасаввифлари», «Ўрта Осиё чиғатой адабиёти маншаи, даврлари, қаҳрамонлари» (уч жилд), «Темурийлар даврида Ўрта Осиё адабиёти». Мунлардан бошқа ғоятда аҳамиятлилари бор, локин оқча йўқ. Профессур Самойлович бизнинг мактабимиздадур. Шундан бироз истифода этиш йўлини тутганман. Исмоил Ҳикмат, Халил Фикрат каби муқтадир мударрислар бордурлар... »
Бошқа бир ижодкор мактубида Озарбайжондаги таълим хусусида гапириб, мактуб сўнгида шундай мулоҳазаларни баён этади:
«... Хулоса, таҳсили илм тўғрисинда Озарбайжон мутаҳсили кўб яхшидур. Ҳар ерда, ҳар бир илмий муассасалар халқ устида олий таҳсил кўрган кишилар қўйулғон. У ерда бировни бир ишка қўйуш учун ҳар нарсадан ул маълумоти билан ақлиға аҳамият берар эканлар. Бектош ва бошқа ўқувчиларимиз яхши фойдаланганлар. Улар ёзда ўзлари билан 4-5 нафар озарбайжонликларни олиб келиб, бу ерда очилатурғон вилоят муаллимлар курсларини давом эттирмоқчи».
Хат матнларидан адабий муҳитнинг ҳар бир вакилидаги жонкуярлик, ватани-халқи учун нимадир яхшилик қилиш, уларнинг билим савияси, маданий даражасини ошириш учун қўлларидан келгунича хизмат қилиш олий мақсадлари эканлиги очиқ –ошкора намоён бўлган.
Россиянинг Москва шаҳрида таҳсил олган таниқли ижодкор ва давлат арбоби Абдулҳай Тожиев[8] томонидан 1923 йил 21 декабрда ёзилган мактубда унинг Вадуд Маҳмудга бўлган алоҳида ҳурмати акс этади:«Дўстум Вадуд! Ўзингизни кўрмасам-да, ширин тил билан газетада ёзиб тургон мақолангизни ўқуб тураман» – деб бошланган мактубда дўстини соғинганини маълум қилгач, уч ҳафталик таътил бошлангани, кўп талабаларнинг уйига қайтгани, ўзи эса Петроградни кўриш учун боражагини ва Акмалхон (Акмал Икромов) билан бирга кетишини айтади. Охирида: «Самарқандга нима гап? Маориф атрофида аҳвол қалай? Агар Самарқандга хат ёзсангиз мендан Айний домулломизга, Зеҳний афандига ва ўзингиз маъқул кўрган кишиларга салом айтиб қўясиз. Боқи салом ва эҳтиром билан Абдулҳай».
Мактубларнинг бир қисми Вадуд Маҳмуднинг синглиси - Садриддин Айнийнинг турмуш ўртоғи Салоҳат хоним, жиянлари Камол ва Холида Айнийлар номига юборилган бўлиб, Архангельск ва Каргопольск лагерларидан юборилган. Бу мактуб матнлари жуда қисқа бўлиб, ижодкор, асосан, ўзининг соғ-саломатлиги, улар томонидан юборилган жўнатмаларга миннатдорчилик ва албатта, ҳар бир мактубда қайсидир бир асарни ўзига юборишларини илтимос қилгани ёки олган китобини ўқигани ҳақидаги хабар акс этади:«Здравствуйте Сестрёнка! Я жив и здоров. Желаю вашего здоровье. Получил посылку с наботом. Очень благодарен. Теперь можете несколько время отдохнуть. Потому что есть пока кое - что покушать и имеется деньги. Получил рассказы «Чордарвиш» что очень доволен. Уже половину прочёл. Продолжаю читаться удовольствием. Передайте всем привет. Напишите какие у вас новости». Ваш Вадуд.30.5. 52 г.
Адибга юборилган мактублардан яна бири таниқли олим, жамоат арбоби Иброҳим Мўминов[9]нинг Вадуд Маҳмудга йўллаган хатидир. Мактуб 1967 йил ёзилган бўлиб, унда икки жилддан иборат энциклопедия тайёрланаётгани хусусида сўз боради: «... Лазиззода[10] билан ман маданиятимизнинг юксалиши йўлида хизматлари сингган шахслар тўғрисида мумкин қадар кўпроқ маълумот беришда ёхуд ҳеч бўлмаса, шу орасинда унутилиб қолмасин деган мулоҳазада баъзи ёру оғайниларга таклиф бердик. Бунинг учун дўстлар бизни маъзур буюрурлар деб умид қиламиз. Сизнинг тўғрингизда Лазиззода бир нарса ёзмоқчи эди... Сиз ва Ўрунхўжаев[11] тарафидин Фитрат ва Беҳбудий тўғрисида юборилғон маълумотлар менинг қўлимда».
Вадуд Маҳмуд шахсий архивидаги хат-мактубларнинг барчаси ўша давр адабий муҳитининг таниқли ижодкорлари томонидан ёзилган, ҳар бир мактуб илм, маданият, юрт равнақи, миллат тақдири борасида бўлиб, бу йўлда улуғ ишларни амалга оширишни истаган халқимизнинг фидойи шахслари фаолиятини янада кенгроқ ўрганишга хизмат қилади..
Адабиётлар
Хуррамова З. Дух времени и мировоззрение автора в письмах из личного архива. В статье анализируются письма, хранящиеся в личных архивах джадида-просведителя Вадуда Махмуда, который вошел в литературный мир со своими критическими взглядами в начале прошлого века и подвергся гонениям в 1930-е гг. Наряду с письмами автора, доступны письма известных интеллектуалов, живших и работавших в Самарканде, Ташкенте, Андижане, а также студентов, отправленных на учебу из Узбекистана в разных городах Турции, Азербайджана и России. Особое значение среди этих текстов имеет письмо, отправленное Вадуду Махмуду знаменитым поэтом узбекского народа Чулпаном. В статье также исследуются тексты писем Бекташа, Бахрома, Исмаила Садри и Ибрагима Муминова, адресованные Вадуду Махмуду, которые дают информацию о деятельности джадидских интеллектуалов в литературном мире тех лет, их борьбе за развитие страны и нации.
Xurramova Z. Spirit of the epoch and articstic world view in private archives. This article analyzes the letters stored in the personal archives of Wadud Mahmoud, a Jadid creator who entered the literary world with his own critical views at the beginning of the last century and was persecuted in the 1930s. Along with the author's letters, there are letters from well-known intellectuals living and working in Samarkand, Tashkent, Andijan, and students from Uzbekistan sent to study in various cities in Turkey, Azerbaijan and Russia. The letter sent to Wadud Mahmud by the honored poet of our people Cholpon has a particular importance among these texts. The article examines the text of the letters of Bektash, Bahrom, Ismail Sadri and Ibrahim Muminov to Wadud Mahmud, and provides information about the activities of Jadid intellectuals in the literary world of those years, their struggle for the development of the country and the nation.
[1]Шу йилларда Чўлпон Ўлка ўзбек билим ҳайъати раиси ва Илмий ҳайъат раиси бўлиб ишлаётган вақтлар эди – (З.Х.)
[2]Ушбу маълумотларни беришда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди Қатағон қурбонларива уларнинг адабий-бадиий ҳамда публицистик мероси “Ўзбекистонда сталинча қатағонга учраган ва фаолияти кам ўрганилган маданият ва жамоат арбобларининг фаолияти ҳамда илмий-маърифий, ижодий меросининг истиқлол йилларида ўрганилиши” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари (2015 йил 15 апрелъ Тошкент)дан фойдаланилди.
Элбек- Машриқ Юнусовнинг адабий тахаллуси. 1939 йил 11 февралда Магаданда отувга ҳукм қилинган.
[3]Қаюм Рамазонов - Қаюм Рамазон, Ўктам, 1937 йил 12 июлда Тошкентда қамоққа олинган ва 1938 йил 4 октябрда отилган.
[4]Ғози Олим Юнусов- Ғози Юнус — тилшунос ва фольклоршунос олим. 1937 йил 3 июлда Тошкентда ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрда отилган.
[5]Маннон Рамиз (Рамзий - ёзувчи, адабиётшунос, публицист, давлат ва жамоат арбоби. 1937 йил 18 августда яна қамоққа олиниб, 1938 йил 27 апрелда отувга ҳукм қилинган.
[6] Б.Қосимов ва бош. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. –Тошкент: 2004. – Б. 289.
[7]Салимхон Тиллахонов (1900-1931) – жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири. Тошкентда зиёли оиласида туғилган. «Миллий истиқлол» яширин ташкилоти фаолиятида (1926—1929) муҳим роль ўйнаган. 1931 йил 23 июнда Москва шаҳрида отилган. 1989 йил 24 мартда оқланган.
[8]Абдулҳай Тожиев (1899—1938) —жамоат арбоби, журналист. Москвадаги Коммунистик университет (1920) ни тугатган. Қизил профессорлар институтида ўқиган. Турли юқори лавозимларда ишлаган. 1937 йил 3 августда Тошкентда қамоққа олинган ва Москвада 1938 йил 27 апрелда бўлган суд қарорига кўра отиб ташланган. Вафотидан сўнг оқланган.
[9]Иброҳим Мўминов (1908-1974) – файласуф, филология фанлари доктори, академик, Ўзбекистондаги тилшунослик мактаби асосчиси.
[10]Лазиз Азиззода (1895-1987) — маорифчи, илмий ходим. 1910-1917 йилларда мадрасада таҳсил олган. 1926 йили Москвага бориб, Шарқ халқлари коммунистик университетида ўқитувчилик қилган. Номзодлик диссертацияси ҳимоя қилин адиган куни ГПУ томонидан қамалган. 1954 йили озод этилган. 1956 йилдан Маданият вазирлигида, 1959 -1975 йиллар Ўз ФА Шарқшунослик институтида ишлаган.
[11]Таниқли жамоат арбоби Мирзахўжа Ўрунхўжаев (1897-1976). У кишининг хотиралари “Унутилмас кунлар” номи билан чиққан. Мемуарлар. –Тошкент: Ўздавнашр, 1961.