Қаюмов Олим Садриддинович,
Навоий давлат педагогика институти доценти
Калит сўзлар:фольклор, миф, шамон, тумор, қўл бериш, қайтарма, чил ёсун, ўқиш.
Манбалардан аниқланишича, туркий қавмлар орасида шамонлик касбини қўлга киритган, ўз қавми орасида буюк шамон сифатида танилган кишилар дастлаб эркак кишилар бўлишган1. Шамонлик касбини эркак жинсига мансуб кишилар томонидан қўлга киритилиши Сибирда истиқомат қилувчи туркийлар орасида қайд этилган. Ўзбекистонда яшовчи туркий қавмлар орасида шамонлик касбини асосан аёллар эгаллаши кузатилмоқда. Фақат профессор М.Жўраевнинг шахсий архивида сақланаётган «Бойсун баҳори» халқаро фестивалининг видео тасвирида шамон чолнинг зикрга тушганлиги, тилига қиздирилган капкирни босиб томошо кўрсатганлиги қайд этилган. Қизиғи шундаки, томоша кўрсатаётган кишининг қўлида бобосидан мерос қолган қамчи, тумор, пичоқ каби предметлар мавжуд. Холбуки, шамонларнинг зикрга тушиши, руҳларни чорлаш, уларни муайян мақсад сари йўллаш жараёнидаги экстаз ҳолат бўлиб, маросимда иштирок этаётган барча қатнашчиларни руҳан ўзига эргаштиради. Шамонлик эътиқодида зикр - ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида амалга оширилади. Қадимги шамонларнинг зикр тушиш ҳолати кейинчалик миллий санъатимизда рақс санъатининг майдонга келишига асос солган. Ҳатто ислом мифологиясида куй ва рақс оллоҳ томонидан берилган неъмат сифатида талқин қилинади. Куй ва рақснинг исломий талқини ўзбек ёзма адабиёти намуналарида ҳам қайд этилган. Ҳатто, Бобораҳим Машраб куйни «суннати Жаббордан»,- деб талқин қилади. Куйни ғайб оламидан инъом қилинган неъмат сифатида тасаввур қилиш шамонлик эътиқодига ҳам хос. Чунки шамонлар чилдирма (бубна) воситасида куй чалиб руҳларни чорлайдилар. 1996 йил биз томонимиздан Навоий вилояти Хатирчи тумани А.Ёрлақабов ширкат хўжалиги Жалойир қишлоғида истиқомат қилувчи қушноч Тўлғаной Мирзаевадан ёзиб олинган маълумотларда қушночнинг париларни чилдирма чалиб чақириши қайд этилган эди.2
Шамонликнинг эркак кишилар томонидан қабул қилиниши Ўзбекистонда яшовчи аҳоли ўртасида кам учровчи ҳодиса. Бироқ, афсунгарлик- дуохонлик, азайимхонлик касби борки мазкур касб эгаларининг беморларни даволаши, кишиларнинг мушкулларини осонлаштириши мақсадида афсунлардан фойдаланишлари кузатилади. Навоий вилояти Нурота шаҳарчасида эшонлар номи билан элга танилган Саид Аҳмаджон, Саид Шарофиддин, Саид Истамхон ва Саид Мансурхон эшонларнинг «Қўл бериш», «Ўқиш», «Қайтарма», «Чил ёсин» каби маросимларида ислом динининг муқаддас китоби «Қуръони карим» оятларидан афсун сифатида фойдаланганликлари кузатилди. Эшонлар томонидан ўтказиладиган ретуаль жараёнида араб тилидаги «Қаҳри кул», «Кимёи саодат» каби қасидалардан, соф ўзбекча шамон чорловларидан фойдаланганлигининг гувоҳи бўлдик. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, беморларни сўз сеҳри воситасида даволаш, йўқолган нарсаларни топиш ва мушкул ишларни осонлаштириш мақсадида магик айтимлар айтиш анъанаси нафақат Марказий Осиёда яшовчи туркий қавмлар, балки Сибирь ҳамда Кавказ туркий халқлари орасида ҳам кенг тарқалган. А.О.Булатовнинг ёзишича, табиблар даволай олмаган беморларни қўмиқ ва аварлар «алим»(олим. О.Қ.)ларга кўрсатадилар. Олимлар эса, уларнинг танасига жойлашиб олган жинларни қудратли афсунлар ёрдамида ҳайдайдилар.3 Омма эҳтиромига сазовор бўлган олимлар эркак кишилар эканлиги ўзбек халқи орасидаги азайимхон ва эшонлар каби афсунгарларнинг эркак кишилар эканлиги билан муштараклик касб этади.
Н.П.Диренкова телеут шамонлик эътиқодини кузатар экан, олтойликлар орасида қадимдан шамонликни эркаклар қабул қилганлиги, улуснинг энг эътиборли кишиси ҳам шамон саналганлиги, бу анъана ХХ аср бошларида ҳам қайд этилганлигини маълум қилади.4 К.Д.Уткиннинг фикрича, яқутларда шамонизм ота уруғи ҳукмронлигининг майдонга келиши ва ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, унинг шаклланиши неолит ва палеолит даври одамларининг ғоялари ва анъаналари билан йўғрилгандир.5 Шунингдек, тадқиқотчи Байкал қояларидаги суратларда акс эттирилган эркак шамон, аждодлар руҳи ва руҳ ниқобини кийган кишиларнинг тасвирларига таяниш Сибирь туркий халқларида шамонлик эътиқодининг қачон майдонга келганлиги борасида аниқроқ хулосага келишимизга асос бўлади, деб ҳисоблайди. Худди шундай мулоҳазаларни А.П.Окладников тадқиқотларида ҳам учратамиз. А.П.Окладниковнинг фикрича, «шамонлик тасаввурлари мажмуи жуда қадимий илдизларга эга бўлиб, палеолит ғояларига бориб тақалади»6. Биз томонимиздан 2003, 2004 йилларда Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳудудидаги Сармишсой дарасида олиб борилган экспедиция кузатишлари нажтижасида Сармишсой қояларига ўрта палеолит даврида ўйиб туширилган расмлар орасида ҳам йиғилишиб зикрга тушаётган қадимги одамлар тасвири мавжудлиги аниқланган эди.7 Биз мазкур ёдгорликларни қадимги амалий санъат намунаси сифатида эмас, балки ибтидоий давр шамонларининг ёзувлари сифатида ўрганиш лозимлигини қайд этган эдик8.
А.П.Окладников ва Н.П.Дыренковалар шимолий ҳудудларда истиқомат қилувчи туркий қавмлар шамонлик эътиқодига доир материаллар асосида хулоса чиқарганликлари кўриниб турибди. Бироқ биз томонимиздан 1996-1998 йилларда Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан ёзиб олинган этно-фольклорий материаллардан аниқланишича, ўзбек шамонларининг асосий ҳомийлари парилар саналади. Пари ҳақидаги халқ қарашлари мазкур образ борасидаги тасаввурларнинг адабий тафаккурда милоддан аввалги VII-IV асрларда шаклланганлигини кўрсатади.9 Бизнингча, шамон Марказий Осиёда яшовчи туркий қавмлар орасида дастлаб аёллар томонидан сайланган она боши бўлган. Чунки шамон аёлларнинг ҳозирга қадар фақат аёлларга қўл бериши анъанаси сақланиб қолган. Ўзбеклар орасида эркак шамонлар ота уруғининг ҳукмронлиги даврида майдонга келиб, ислом динининг кириб келиши билан деярли кам учрайдиган ҳолатга айланиб қолган. Туркий халқларда, хусусан, Сибирь туркий халқларида ҳозир ҳам эркакларнинг шамонлик касбини эгаллаш ҳолатлари кузатилади. Ўзбекистонда эса, биз Навоий вилояти Хатирчи тумани А.Ҳалимов фермерлар уюшмасига қарашли қишлоқлардан бирида истиқомат қилаётган Аслиддин қушноч, гарчи, эркак киши бўлса-да, шамонлик касбини эгаллаган. Аслиддин қушноч устози Жангил бахшидан қўл олган. Шунингдек, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Остонабобо қишлоғида яшовчи Довуд бобо ҳам бахшилик қилади. Айтишларича, Довуд бобо ХIV асрда яшаб ўтган машҳур Илёс Шайхнинг авлоди саналади. Шамонликнинг ислом мифологик тасаввурлари билан бойитилган вариантлари номлари юқорида зикр этилган шамонлар амалиётида учрайди. Шунинг учун ҳам афсунлардан фойдаланиш анъанасини ислом дини пешволари саналмиш эшонлар, азайимхонлар ҳам амалга ошириб келадилар.
Эшонлар томонидан амалга ошириладиган қайтарма маросимида ҳам айнан шамон чорловлари, шамон йўқловлари ижро қилинади. 2005 йил ноябрь ойида Биз томонимиздан ёзиб олинган Навоий вилояти Нурота шаҳрида истиқомат қилувчи Мансурхон эшон Шарафиддинхон ўғли томонидан ўтказилган қайтарма маросими матнида «Ёсин» сурасидан сўнг «Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ, ё Оллоҳ. Ё Муҳаммад, ё Муҳаммад, ё Муҳаммад. Саййид Аҳмаджон эшон, Саййид Истамхон эшон, падари бузрукворим – Саййид Шарафуддинхон эшонларнинг руҳлари қўлласин. Мени қўлим эмас, Саййид Аҳмаджон эшон, Саййид Истамхон эшон, падари бузрукворим- Саййид Шарафуддинхон эшонларнинг қўли»-, деб «Омин. Парвардигоро шу кишининг мушкулларини осон қилгайсан. Дардларига ўзинг шифо бериб, бало-қазолардан асрагайсан. Суф, суф, суф»,- деб олқиш айтиб дам урганлиги кузатилди. Шу ерда бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ислом дини вакили ва тарғиботчилари саналмиш эшонлар амалиётида руҳларга сиғиниш, улардан мадад сўраш шамонийлик ва исломий эътиқодлар диффузияси сифатида тавсифланмоғи лозим.
Юқорида зикр этилган марҳумлар руҳини ёд этиш шамонликка хос анъана бўлиб, шамон маросимлари фольклорининг йўқлов жанрига мансуб матнлардир. Шамон йўқловлари борасида кўйида алоҳида мулоҳаза юритамиз.
Бизнинг кейинги йилларда олиб борган кузатишларимиз шуни кўрсатадики, шамон маросимларининг мазмун-моҳиятига кўра, қўл олиш, суқ чиқариш, алас, қонлаш, боқиш, қоқим, қайтарма, кўчириқ, боғлаш, ёйиш, иссиқ-совуқ каби кўплаб кўринишлари мавжуд. Шундан келиб чиқиб ўзбек шамон маросимлари фольклорининг асосий жанрлар таркибини аниқлашда ретулларнинг вербал жиҳатини ташкил этувчи айтимларни синчиклаб ўрганиш ва уларнинг маросим жараёнида тутган ўрни, поэтикаси, ижро ўрни ва ижро усулига кўра гуруҳлаштириш лозим деб ҳисобладик.
Шамон маросимларини ўтказишда маросимларнинг биринчи босқичи шамон йўқловларининг ижроси билан бошланади. 2004 йил Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек ширкат хўжалиги Жалойир қишлоғида истиқомат қилувчи 41 ёшли Нозибуви бахшининг маълумот беришича, бахши боқим, қайтарма, суқ чиқариш, қоқим маросимларини ўтказишда аввало ишни «авлиё териш»дан бошлар экан. Ўтган улуғ авлиёларни ёд олиш, уларнинг руҳидан мадад олиш мақсадида шамонлар авлиёлар ва ўзларининг марҳум қариндошлари номини тилга олиб қўшиқ куйлайди:
Сўзим боши бисмилло,
Ишим боши бисмилло,
Алҳам боши бисмилло,
«Қуръон» боши бисмилло,
Руҳиятлар султони,
Мен сизларга сиғиндим.
Чодир чиммат тутганлар,
Чор томондан келганлар,
Қирқ бир чироқ берганлар,
Руҳиятлар султони-яй,
Мен сизларга сиғиндим.
Етмиш икки пирларим,
Мен сизларга сиғиндим.
Беш вақт номоз ўқиган,
Ўн икки имонларимга сиғиндим.
Олти юзи етмишта авлиёларга сиғиндим.
Етмиш икки пирлардан сўнг
Йигирма уч пайғамбарларга сиғиндим.
Руҳиятлар султони,
Мен сизларга сиғиндим.
Авлиёлар султони,
Мен сизларга сиғидим.
Баҳауддин болажон,
Нурли ота, Ҳасан-Ҳусан,
Қорахоний, Қалқон ота,
Хўжақул ота, Чилла ота,
Fойиб ота, Гадой Селкин ота,
Лангар ота, Афтош ота,
Имом Бухорий ота,
Шоҳи Зинда ота,
Ҳазрати Довуд ота,
Қўйлуқ ота, Чўпон ота,
Занги ота- авлиёлар султони,
Мен сизларга сиғиндим.
Ҳур қиз авлиё оналар,
Қирқ қиз авлиё оналар,
Етмиш икки парилар,
Ҳар қайсиси ҳар ишда
Етти пари оналар,
Мен сизларга сиғиндим.
Сариқ пари оналар,
Йўлим сариқ қилинглар,
Юзим сариқ қилинглар.
Қизил кўйлак кийиб келган
Қонхўр она,
Мен сизларга сиғиндим.
Бир ўнгири олдида,
Бир ўнгири орқасида
Марту она,
Мен сизларга сиғиндим.
Она бўлиб келганлар,
Чодир чиммат тутганлар,
Қирқ бир чироқ берганлар
Қирқ бир чилтонларимга сиғиндим.
Қамбар онам, Амбар онам,
Мен сизларга сиғиндим.
Етти пуштимдан ўтганларима сиғиндим.
Устозим Гулчеҳранинг пирларига сиғиндим,
Пирим Шарафиддину,
Тоғу тошни яратган
Одам ота, Момо ҳавони яратган,
Оллоҳимга сиғиндим.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида истиқомат қилаётган 38 яшар қушноч Нигора опадан 2004 йилда Навоий давлат педагогика институти Ўзбек филологияси факультети талабаси Қаҳҳорова Гавҳар томонидан ёзиб олинган материаллар орасида қушночнинг қисқагина йўқлови келтирилган:
Қалъаи азизон, Хўжаи Ҳасан,
Хўжаи Ҳусан, Хўжаи Бўстон,
Хўжаи Жаҳон, Хўжаи Fалғаладон
Авлиёлар, ёр бўлинглар.
Авлиёлар ёки марҳум бўлган қариндошлари, аждодлари руҳини ёд олиш, уларнинг номларини зикр этиш, улардан мадад кутиш шамон йўқловларининг характерли жиҳатларидан саналади. Сибирь шамонлари амалиётида мавжуд шамон афсоналари поэтикасини тадқиқ этган фольклоршунос Е.С.Новик ҳам шамонларнинг марҳум қариндошлари руҳига мурожаат қилишларини қайд этади.10 Новик томонидан эълон қилинган материаллар орасида шамонларнинг узоқ ўтмишда яшаб ўтган пирларининг руҳларидан мадад олиши ҳам таъкидланган.
Шамон йўқловлари беморларни инс-жинслар хуружидан халос этиш, суқ чиқариш, қонлаш, қоқиш, боқим, алас ва қайтарма маросимларида маросимнинг асосий олиб борувчиси-шамон (қушноч, парихон, қора қушноч, бахши) томонидан ижро қилинади. Шамон йўқловлари шамон чорловларидан, шамон қасидаларидан фарқ қилувчи мустақил фольклор жанридир. Шамон чорловларида шамоннинг ҳомий руҳларни чақириши етакчилик қилса, шамон қасидаларида руҳларнинг қудрати, сифатлари мадҳ этилади, Шамон йўқловларида эса, сиғиниш изҳори етакчилик қилади. Шамон йўқловларининг бошланғич қисми бисмиллодан бошланиш ҳолларини ҳам учратамиз. Йўқловлар авлиёларнинг номларини тилга олишдан олдин шамоннинг исломий «бисмилло» ақидасига амал қилиши албатта, бу ҳудудда узоқ муддатдан буён ҳукм суриб келаётган ислом дини таъсиридир. Шамон маросимлари ва айтимлари таркибида ислом дини таъсирида у ёки бу элементларнинг тушиб қолиши исломий атрибутларнинг ўринлашуви доғистонлик шамонлар репертуарида ҳам учраши А.О.Булатов тадқиқотларида қайд қилинган эди.11 Ислом эътиқодида марҳумларнинг руҳини безовта қилиш мумкин эмас. Шамонликда эса, марҳумларнинг руҳи шамоннинг мададкори, ҳомийси сифатида талқин қилинади.12 Хусусан, Ислом оламининг улуғ алломалари номининг шамон йўқловлари матнида учраши, инсон руҳининг барҳаётлиги борасидаги анимистик тасаввурлар маҳсулидир.
Шамон йўқловларида номлари зикр этиладиган авлиёларнинг барчаси ҳам тарихий шахслар бўлавермайди. Масалан, Нозибуви бахшининг маълумотида қайд этилган Шоҳи Зинда ота, Лангар ота, Афшот ота кабилар афсонавий образлардир. Қизилтепалик Нигора қушночнинг йўқловида қайд этилган «Қалъаи азизон»- ўз мазмуни билан азизлар, улуғлар қалъаси маъносини ифодалаб турибди. Аммо шамоннинг йўқловда бу қалъани тилга олиши ҳам бежиз эмас. Чунки, қалъаи азизонда кўплаб азизларнинг руҳлари мавжуд деган мифологик тасаввур мавжуд. Шамон ўз мақсадига эришишда ана ўша қалъада мавжуд марҳумлар руҳидан ҳам ҳомий сифатида фойдаланади. Бундан кўринадики, шамон йўқловларида магик моҳият касб этувчи қабр, тарихий обидалар, илоҳийлашган шахслар билан параллель равишда зикр этилади.
Шамон йўқловларининг образлар тизимида тарихан пайғамбар саналган Довуд алайҳиссалом- Довуд ота, оналар пири -Амбар она, буюк муҳаддис олим Имом ал-Бухорий- Имом Бухорий ота, халқ тасаввурларига кўра, кишиларга ёвузлик келтирувчи руҳ сифатида талқин қилинадиган демонологик персонаж Морту-Морту она тилга олиниб, шамон уларга сиғиниши, итоат қилиши таъкидланади. Телеут шамонлик эътиқодининг таниқли тадқиқотчиларидан бири Н.П.Дыренкова томонидан эълон қилинган шамон маросимлари матнида илоҳий оналарга сиғиниш мотиви сув онаси Сулайхан, ўттиз бошли олов она, халқ онаси -Енкей-хан (телеутларда Енкей-хан ернинг киндиги ёки ернинг ёриғида истиқомат қиладиган илоҳий мифологик аёл), Кан ада- Хон ота, Ерлик ота, уч тишли Бурул ота13 кабиларга сиғиниш телеут шамонлари репертуарида ҳам учрайди. Шамон йўқловларида муқаддас она ва оталар образининг учраши шамонлик эътиқодини сақлаб қолган барча туркий халқлар учун муштарак ҳодисадир. Ўзбек мифологиясида ёвуз куч ва эзгу кучлар сифатида талқин қилинувчи персонажларнинг шамон йўқловларида ўринлашуви қадимги оламнинг яратилиши билан боғлиқ дуалистик тасаввурлар маҳсули сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқдир.
Шамон йўқловларида зикр этиладиган асосий образлар таркибида қирқ бир чилтон, қирқ қиз, етти ёки етмиш икки париларнинг тилга олиниши бу жанрдаги асарларнинг ўзига хос магик моҳиятини белгилаб беради. Асосийси, тилга олинадиган персонажларнинг поэтик хоссаларида уларнинг ғайб олами вакили эканлигини эслатиб турувчи бадиий ташбеҳлар (бир унгири олдида, бир унгири орқасида Морту она ёки қизил кўйлак кийиб келган қонхўр она , қирқ бир чироқ берганлар, она бўлиб келганлар, чодир-чиммат тутганлар каби), шунингдек, ҳаммага маълум бўлган марҳумларнинг номларини келтириш кўзга ташланади.
Халқ қарашларига кўра, Морту бир кўкраги олдида, бир кўкраги орқасига жойлашган, одам зотига фақат ёмонлик келтирувчи демонологик образ. Қушноч Мортунинг ўзбек мифологиясидаги ташқи белгиларини қайд этиш билан бирга уни ўзининг ҳомийси сифатида талқин қилади. Шунингдек, қушночга ғойибдан чироқ берувчи чилтонлар ёки она бўлиб ғайб оламидан келганлар тингловчи кўз ўнгида илоҳий тасаввурларни ҳосил қилиш учун муҳим поэтик вазифани адо этади. Матндаги қонхўр она эса ёвуз руҳларга ишорадир. Руҳларнинг йўқлов матнида чодир-чиммат тутганлар сифатида тасвирланиши ҳам фақат шамон тасаввурларига хос тасвир усулидир. Шамонликларнинг тасаввурларига қараганда, шамонга чодир тутишни, чодир ичида чиллада ўтиришни фақат ҳомий руҳларигина буюради. Ўзбек шамонлари амалиётида учровчи чодир тутиб чиллада ўтириш анъанаси тувалик шамонлар амалиётида ҳам учраши М.Б.Кенин-Лопсан томонидан қайд этилган эди.
Хуллас, шамон йўқловларининг ўзига хосликлари қўйидагиларда кўринади:
Авлиёлар ва марҳум қариндошларининг номларини зикр этилиши ва уларнинг ёдга олиниши мотивининг етакчилик қилишида;
Шамон маросимларининг бошланғич қисмида ижро этилишида;
Матнда руҳлар ва арвоҳларга сиғиниш мотивининг устуворлигида;
Йўқлов матнида ғайб олами вакиллари: парилар, қирқ бир чилтон, қирқ қиз, морту, ажина каби мифологик персонажлардан мадад кутиш, уларни шамоннинг мифологик ҳомийси сифатидаги талқин этилишининг етакчилик қилиши;
Асосийси шамон йўқловлари шамонлар томонидан шамон маросимлари (момооши, сурпа ёйди, кўчириқ, қайтарма каби)ни ўтказиш жараёнида ижро этилади.
Адабиётлар:
1. Булатов А.О. Релекты шаманства у народов Дагестана… С. 218.
2. Дыренкова Н.П. Материалы по шаманству у тулеутов // Сборник музея антропологии и этнографии. Т.Х. - Москва , 1949. С. 136-138.
3. Новик Е.С. Обряд и фольклор в Сибирском шаманизме. - Москва, 1984. С. 237; Дыренкова Н.П. Материалы по шаманству у тулеутов // Сборник музея антропологии.
4. Қаюмов О. Ўзбек фольклорида пари образи (генезиси ва поэтикаси) Номзодлик дисс. Авт. Реф. - Тошкент, 1999.
5. Қаюмов О. Сармишсой пиктографларини ўқишга доир // «Давлат тили ва умуминсоний қадриятлар» мавзуидаги республика илмий анжумани материаллари. - Навоий. 2004. 16-18-бетлар.
6. Қаюмов О. Қояга битилган мактуб // Фольклоршунослик. Илмий мақолалар тўплами. 1- китоб. - Навоий, 2004.
7. Қаюмов О. Пари билан боғлиқ халқ карашлари // Ўзбек тили ва адабиёти. 1996, № 1, 45-47-бетлар.
8. Уткин К. Д. Якутский шаманизм в его древней первооснове// Истоки якутского шаманизма. - Якутск, 1994. С. 11. (Материал Интернет тизимининг www. Ruthenia.ru/folklor. сайтидан олинди).
9. Окладников А.П. Прошлое Якутии до соединения к Русскому государству. - Якутск, 1949. С. 32
10. Рапопорт Ю.А. Релегия Древного Хорезма // Этнографические обозрение. 1996, № 6; Кнозоров Ю.В. Шаманский зикр в подмелье Мазлумхан-сулу // Этнографические обозрение. 1994, №6; Басилов В.Н. Символика суфизма и народные верования (дополнение к статье И.И.Меликовой) // Этнографические обозрение. 1994, №6; Гусейнов ММ. Поклонение «высохщейголове» в Аварии // Этнографические обозрение. 1995, №3.
11. М.Б.Кенин-Лопсан. Шаманские ритуалы. - М., Наука, 1987.(Материал Интернет тизимининг Кенинг-Лопсан сайтидан олинди).
Каюмов О. Шамонские завоевания - фольклорный жанр. В этой статье рассматривается вера шаманизма связанная с ритуалами шаманского фольклорного жанра, которая раскрывает натуру, поэтику и его характерность.
Kayumov O. The Shamon conquests are the folklore genre. This article deals with events disclosing nature, poetics and typical peculiarities of folk songs related to the genre of sonshamanism belif.
1 Новик Е.С. Обряд и фольклор в Сибирском шаманизме.Москва, 1984. С. 237; Дыренкова Н.П. Материалы по шаманству у тулеутов // Сборник музея антропологии и этнографии. Т. Х. Москва 1949; Булатов А.О. Релекты шаманства у народов Дагестана // СЭ, 1991, № 6. С.117.
2 Қаюмов О. Ўзбек фольклорида пари образи (генезиси ва поэтикаси) Номзодлик дисс. Авт. Реф. Тошкент, 1999.
3 Булатов А.О. Релекты шаманства у народов Дагестана… С. 218.
4 Дыренкова Н.П. Дыренкова Н.П. Материалы по шаманству у тулеутов… С. 107.
5 Уткин К. Д. Якутский шаманизм в его древней первооснове// Истоки якутского шаманизма. Якутск, 1994. С. 11. (Материал Интернет тизимининг www. Ruthenia.ru/folklor. сайтидан олинди).
6 Окладников А.П. Прошлое Якутии до соединения к Русскому государству. Якутск, 1949. С. 32
7 Бу ҳақда қаранг: Қаюмов О. Сармишсой пиктографларини ўқишга доир // «Давлат тили ва умуминсоний қадриятлар» мавзуидаги республика илмий анжумани материаллари. Навоий. 2004. 16-18-бетлар.
8 Қаюмов О. Қояга битилган мактуб // Фольклоршунослик. Илмий мақолалар тўплами. 1- китоб. Навоий, 2004.
9 Бу ҳақда қаранг: Қаюмов О. Пари билан боғлиқ халқ карашлари // Ўзбек тили ва адабиёти. 1996, № 1, 45-47-бетлар.
10 Новик Е.С. Поэтика шаманских легенд // Обряд и фольклор в Сибирском шаманизме. Москва 1984.С.239.
11 Булатов А. О. Релекты Шаманства у народов Дагестана // СЭ, 1991. С.124.
12 Рапопорт Ю.А. Релегия Древного Хорезма // Этнографические обозрение. 1996, № 6; Кнозоров Ю.В. Шаманский зикр в подмелье Мазлумхан-сулу // Этнографические обозрение. 1994, №6; Басилов В.Н. Символика суфизма и народные верования (дополнение к статье И.И.Меликовой) // Этнографические обозрение. 1994, №6; Гусейнов ММ. Поклонение «высохщейголове» в Аварии // Этнографические обозрение. 1995, №3.
13 Дыренкова Н.П. Материалы по шаманству у тулеутов // Сборник музея антропологии и этнографии. Т.Х. Москва , 1949. С. 136-138.