Бўриева Наргиза Қўчқоровна,
ЖДПИ мустақил тадқиқотчиси
Калит сўзлар: ренессанс, романтизм, лиризм, сонет, трубадурлар, актава, сестата, терцета, мусиқавийлик, қофия, тўртлик, иккилик.
Жаҳон шеъриятида сонет жанри XIII асрга келиб шаклланди. Ўтган даврлар мобайнида у янада сайқал топиб, ўзининг турли кўринишларига эга бўлди. Аслида илк сонетчилар қадим Прованс ўлкасида яшаган ўрта аср трубадур (провансча: trobador-топқир) шоирлари эди. XII асрнинг сўнггида Италиянинг Сицилия ва Тоскане вилоятларига келиб қўним топган трубадурлар маҳаллий шоирлар билан ижодий ҳамкорликда янгича шеърий жанр – сонет (италянча: sonetto-аниқ қолипли жарангдор шеър)ни кашф қилдилар. Кейинчалик “янги хуштаъб услуб” (италянча: dolice stil nuovo) дея ном қозонган бу шеърий қолипда буюк Данте ўз севгилиси Беатричега бағишланган ишқий мисраларини битади. Унинг издоши Петрарка ижодида сонет янада юксакликка кўтарилди. Шоирнинг маҳбубаси Лаурага бағишлаб ёзган сонетлари ўз муаллифи номини жаҳон шеърияти шоҳсупасига олиб чиқди. XVI асрда сонет Францияга кўчиб ўтди. Пйер де Ронсар ва дю Белле каби гуманист шоирлар ижодида сонет жанри етакчи ўрин тутганининг гувоҳи бўламиз.
Ва ниҳоят, XVI асрнинг сўнггида сонет инглиз шеъриятига ҳам кириб келди. Томас Уайет, Филип Сидней ва Эдмунд Спенсер каби гуманист шоирлар ўз ижодида сонет жанрини янада такомиллаштирдилар. Буюк шоир ва драматург Уильям Шекспир (William Shekespeare. 1564-1616) сонетнинг “инглизча шакли”ни яратиш билан бирга, уни ҳам мазмунан, ҳам бадииян юксак даражага кўтарди. Масалан, Данте ва Петрарка давридаги “классик сонет” шакли ўн тўрт қаторли бўлиб, у икки қисмдан – актава (саккизлик) ва сестата (олтилик)га бўлинган. Ўз навбатида актава иккита тўртликка, сестема эса иккита учлик (терцета)ка ажратилган. Сонетнинг Шекспир яратган янги шакли ҳам ўн тўрт қатор бўлса-да, аммо кўриниши “классик сонет”дан бирмунча фарқ қилади. Даставвал учта тўртлик қатор, охирида эса хулосаловчи икки қатор алоҳида мисра бўлиб келади. Қофиялар ўрни эса биринчи тўртликда abab, иккинчисида cdcd, учунчисида efef ва охирги иккиликда gg кўринишида бўлади.
Сонет жанри қоидасига биноан унда фақат бир сюжет ифодаланган бўлиши зарур. Дастлабки қатордаёқ мазмун баён қилиниб, кейинги сатрларда у ривожлантирилади, образлар талқини, контраст ҳолатлар ва ишқий кечинмалар меъёрига етказиб таърифланади. Сўнгги икки қаторда эса воқеликнинг ечими қарор топади. Хуллас, сонет муаллиф томонидан муайян бир шахсга: маҳбуба ёки дўстга йўналтирилган бўлиб, ўзида ишқий ёхуд аҳлоқий мазмун касб этувчи яхлит кўринишдаги асардир.
Шекспирнинг “Сонетлар” (Sonnets) китоби 1609 йил ношир Томас Торп тарафидан илк бор чоп этилганди. Аслида, шоир замондоши, адабиётшунос Франсиз Мерезнинг таъкидлашича Шекспир ўз сонетларини 1592-1598 йиллар орасида ёзиб тугатган. Юқоридаги нашрга шоирнинг 154 та сонети жамланган эди. Сонетлар мазмунидаги фалсафий теранлик, лиризм устуворлиги, кўтаринки кайфият ва мусиқавийлик ўқувчини ўзига ром этади. Лирик қаҳрамон, яъни шоир ўзининг алпжусса, хушсурат дўсти жаноб W.Н. га садоқатини ва қорасоч, буғдойранг юз хоним (the Dark Lady)га муҳаббатини ошкора баён айлайди. Қизиғи шундаки “Сонетлар” китобининг титул варағида: “Ушбу сонетларнинг ёзилиши (begetter)га асосий сабабчи бўлган пинҳоний дўстим, жаноб W.Н.га бахт-саодат ва узоқ умр тилаб қоламан”, деган ёзувнинг ечими устида шекспиршунослар то ҳозирга қадар бош қотирадилар. Шоирнинг сир тутган садоқатли дўсти ким бўлган-у, таърифини келтираётган маҳбубаси “қорасоч, буғдойранг юз хоним” ким эди. Дарвоқе, Шекспир сонетлари ҳақида дунё олимлари томонидан юзлаб мақола ва тадқиқотлар яратилган, Гёте, Вордсворд, Оскар Уайлд каби сўз усталари уларни таҳлил қилиб, юқори баҳолаганлар. Бироқ, улардан биронтаси ҳам шоир ўз сонетларида пинҳон тутган қадрдон дўсти W.Н.нинг, ёхуд кўнгли мойил бўлган “қорасоч, буғдойранг юз” хонимнинг исму шарифини аниқ айтиша олмаган.
Шекспиршунослар шоир сонетларини одатда икки қисмга бўлиб талқин қилишади. Биринчи қисмига 1-дан то 120-га қадар, яъни муаллифнинг “сирли дўсти”га бағишланган сонетлари, иккинчи қисмга эса 128-дан 152-гача яъни “қорасоч, буғдойранг юз”ли хонимга бағишланган сонетларини киритадилар. Хуллас, олимларнинг кўпчилиги биринчи қисмга мансуб сонетларида Шекспир ўзининг дўсти ва саройдаги паноҳи граф Суатгемптонни таърифлаган дейишса, бошқалари шоирнинг кенжа замондоши граф Уильям Херберт (W.Н. - бу ҳарфлар инглизчада унинг исми-шарифига мос келади -Н.Б.) тасвирланган, дея исботлашга ҳаракат қиладилар. Нима бўлганда ҳам сонетларда тасвирланган ёш, хушқомат ва малласочли истараси иссиқ бу йигитнинг шоир кўнглига яқин бўлгани очиқ сезилиб туради. Сонетларда таърифланганидек, шоир маълум бир вақт хуштаъб дўстидан йироқлашиб “қорасоч, буғдойранг юз”ли хонимга эргашади. Ниҳоят ўз маҳбубасининг бевафолигини англагач, ундан меҳри совуйди, муҳаббати сўна бошлайди. Шоир 139-сонетида рашк ва изтиробини маҳбубасига тавозе билан шундай баён қилади:
Феълингда пинҳонки ноҳақлик, ёлғон,-
Оқламоққа мажбур қилмоғинг бекор.
Ундан кўра синдир кучни куч билан,
Макр ила сен мени этма ярадор.
Ўзгани сев, аммо учрашган замон
Кўзларингни мендан олиб қочма ҳеч.
Ишқинг сақлагувчи кўксим беқалқон
Киприкларинг гарчи яланғоч қилич.
Кўзларинг қудрати ўзингга аён.
Мендан нигоҳингни узиб, оқибат-
Ўзгаларнинг кўксин оларсан нишон,
Ки менга кўрсатмоқ бўларсан шафқат.
О, шафқатингни қўй! Нигоҳинг майли
Ўлдирса ўлдирсин ишқим туфайли.
(Русчадан Ю.Шомансур таржимаси)
139-сонет инглиз тилида
O, call not me to justify the wrong
That my unkindness lays upon my heart;
Wound me not with thine eye but with thy tongue;
Use power with power, and slay me not by art.
Tell me thou lov’st elsewhere; but in my sight,
Dear heart, forbear to glance thine eye aside;
What need’st thou wound with cunning when thy might
Is more my o’erpressed defense can bide?
Let me excuse thee: ah, my love well knows
Her pretty looks have been my enemies;
And therefore from my face she turns my foes,
That they elsewhere might dart their injuries-
Yet do not so; but since I am near slain,
Kill me out right with looks and rid my pain.
Оқибатда шоир севгисига номуносиб бўлган бевафо ва енгилтак хонимдан воз кечишга уринади, ишқ азобида ғаму хасрат чекади, 142-152 сонетларда эса, қадрдон дўстига бўлган садоқатини тиклашга ҳаракат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Шекспир сонетларининг аксар қисми мазмунан лирик қаҳрамоннинг муҳаббат йўлидаги иқрорини, таъбир жоиз бўлса тоат-ибодатини мадҳ этади. Лирик қаҳрамон қалбида жўш ураётган ишқ тўйғулари унинг маънавий қиёфаси ва ўзи яшаётган жамиятга муносабати билан уйғунлашган ҳолатда тасвирланади.
Адабиётлар:
Shakespear's Sonnets. Edited by D. Bush. And A. Harbage. Baltimore, 1961.
Шекспир В. Сонеты в переводе С Маршака. –М:. «Советский писатель»:1948
Шекспир В. Сонетлар Русчадан Ю. Шомансур таржимаси. –Тошкент, 1978.
Шекспир В. Сонетлар. Инглизчадан Жамол Камол таржимаси. –Тошкент, 2010.
Аникст А. Творчество Шекспира. –М.: Гослитиздат, 1963.
Самарин Р. Реализм Шекспира. –М.: Наука, 1964.
Холбеков М.Н. Шекспирнинг хуштаъб сонетлари.// Ўзбекистон адабиёт ва санъати, 2009, 10 июль.
Буриева Н. Мастерство Шекспира в создании сонетов. В статье рассказывается о мастерстве создания сонетов Уильяма Шекспира, великого английского драматурга; анализируется структура сонетов и их художественные особенности.
Buriyeva N. Shakespear’s mastery in creating sonnets. The article describes the prominent English playwright William Shakespeare’s mastery in creating sonnets. The structure and aesthetic features of sonnets are analyzed in this article.