ШИФОКОР - БЕМОР МУЛОҚОТИНИНГ ИНСТИТУЦИОНАЛ ВА ИНТЕРКОНТКСТУАЛ ХУСУСИЯТЛАРИ

Ҳар бир шифокорнинг бемор билан мулоқотида хушмуомалалик муҳити устувор бўлиши ва унинг изчиллигига эришиши учун, энг аввало, инсонпарварлик, сабр-тоқат, чуқур билим ва бурчга садоқат хислатлари, шунингдек, ушбу категориянинг лисоний ва нолисоний воситаларидан унумли фойдаланиш кўникмалари, ҳар қандай муаммоли вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда, уни юмшатиш имконини берадиган коммуникатив салоҳиятларни ўзида мужассамлантирган бўлиши лозим.

Зотан, инсонпарварлик туйғуси шахс фаолиятини тиббиёт билан боғловчи восита вазифасини ўтаса, сабр-тоқат соғлиқни сақлашда муҳим бўлган касбий билимларни пухта эгаллаш ва амалда қўллаш малакасининг шаклланишида, шунингдек, бурчга садоқат туйғулари ҳамда хушмуомалаликка оид лисоний ва нолисонийкўникмаларни эгаллаш учун имкон яратади. Шундай кўламдаги лингвокогнитив билим ва кўникмаларга эга ҳар қандай шифокор оперативлик, ориентация, вербал, этик ва эго салоҳиятлари орқали жамиятда ўз ўрнини топган ижтимоий ва лисоний шахс мақомларига лойиқ бўлади.

Тиббиётнинг бошқа соҳаларга нисбатан мураккаблиги унда касбий ва  лисоний билимлар кўламининг ниҳоятда кенглиги ва турли-туманлиги орқали кўзга ташланади. Бу бежиз эмас, зотан, инсон борлиқдаги ўта мураккаб физиологияга эга зот бўлиб, унинг хасталиги таъна аъзолари ва ички аъзолар, руҳияти ва асаб толалари, ҳар бир тўқимаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу боис, инсон умри, унинг тақдири билан чамбарчас боғлиқ бўлган ушбу касбни ва соҳани ҳар қандай шахс эмас, балки ўзида алоҳида иқтидор соҳибларигина орзу қилади ва танлайди.

Ана шундай кенг кўламли ва мураккаб билимларни ўзлаштириш ва амалда қўллашда инсонга ато этилган тафаккур ва тил ҳамкорлигига асосланувчи лингвокогнитив механизмларга таянилади. Бундай лингвокогнитив механизмлар нутқ шаклланишининг когнитив босқичида, хусусан, ботиний (ички) нутқ жараёнида бўлғуси нутқий тузилманннг намунавий қолиплари шакллантиришда намуналар тури сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Сўзловчининг вазифаси ушбу намуналардан шахслараро муносабатлар талабига мувофиқ келадиганини танлаш ва мулоқотга жалб қилиш ҳисобланади. Мулоқот қобилияти дейилганда, худди шу билимлар мажмуи назарда тутилади (Ш. Сафаров.2008:117).

Билимни тўплаш, сақлаш ва қўллашда когнитив ва прагматик аҳамиятга эга бўлган  пропозицияга таянилса, уларни мулоқот вазияти, муҳити ва ўрнига монанд ҳолда қўллаган ҳолда, тингловчига узатилаётган ахборотни тез ва осон етказишида релевантликка амал қилинади. Асосий мақсади соғлиқни сақлашкомпетенцияси билан боғлиқ ушбу институционал дискурс ўзининг интертекстуал хусусиятга эгалиги билан ҳам характерланади.

Тадқиқотларда адресатнинг кундалик маиший нутққа асосланувчи персионал дискурс ва муайян ижтимоий гуруҳ вакилларининг профессионал фаолиятига тегишли институционал дискурслар фарқланади (В.И.Карасик. 2000: 5-20).  Институционаллик, энг аввало, тиббиётнинг илмий, ўқув адабиётлари, расмий мантлари, илмий анжуман, ташҳис қўйиш ва даволаш мақсадида уюштириладиган консилиумлар каби оғзаки жанрларга хос хусусият ҳисобланади. Ушбу оғизаки ва ёзма жанрлар тиббиётнинг соҳавий ва ижтимоий ихтисослашган тил ва дискурс эканини далилловчи халқаро миқёсли терминологик базага асосланиши билан ажралиб туради.

Ҳар қандай мулоқотдан кўзланадиган асосий мақсад суҳбатдошларнинг бир-бирини тушуниши экан, мазкур жараён суҳбатдошларининг касбий ва коммуникатив компетенциялари тенглиги ёки бир-бирига яқинлиги асосида таъминланади. Коммуникаторлар ўртасидаги тенглик, яқинлик мезонлари номутаносиб бўлганида эса улар  ўз нутқини мулоқот вазияти, муҳити ва ўрнига мослаштиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, узатилаётган ахборот тингловчига тўлақонли даражада етиб бормаслиги мумкин.

Тиббий дискурс жанрларига хос институционаллик ҳам туб моҳиятига кўра  коммуникаторларнинг касбий ва коммуникатив компетенцияларидан келиб чиқадиган мулоқот кўникмаси ва тажрибасига асосланади. Хусусан, ўз касбий ва коммуникатив компетенцияларини талабаларга маъруза ўқиш, сабоқ бериш билан шакллантирган шахс учун бошқа бир вазият ва муҳитда фикр билдириш бироз қийин кечади. Бундай ҳолат унинг билимсизлиги ёки нўноқлиги туфайли эмас, балки ўз нутқини турли вазият ва муҳитларга мослаштирган ҳолда, фикрини тез ва осон етказиб бериш кўникмаси  шаклланмагани билан боғлиқ бўлади.

Нутқини турли вазият ва муҳитларга мослаштириш кўникмаси эса дискурсив фаолиятнинг интертекстуаллиги билан боғлиқдир. Бинобарин, “матнлараро кооперация”га асосланувчи интертекстуаллик сўзловчи нутқини “матнлараро муносабат ва маданиятлараро мулоқот” асосида шаклланиш ва хослаш имконини яратади (Д.Ю.Ашурова, М.Р. Галиева. 2016:98).

Шу нуқтаи назардан қаралганда, юқорида қайд этилган маиший нутққа асосланувчи персионал дискурс ва профессионал фаолият билан боғлиқ институционал дискурсларнинг мулоқот вазияти, муҳити ва ўрнига кўра ўзаро уйғунлашуви ҳам интертекстуалликка асосланиши маълум бўлади. Персионал ва профессионал дискурсларнинг интертекстуал уйғунлигини эса шифокор - бемор мулоқотида кузатиш мумкин. Тиббий дискурснинг ушбу оғзаки жанри туб моҳиятига кўра, “соғлиқни сақлаш” мақсадига хизмат қиладиган профессионал дискурслар билан муштарак бўлса ҳам, улардан интертекстуал уйғунлиги билан фарқланади.Тиббий дискурсга оид тадқиқотда ушбу фарқ: 1) экспертлар ҳамжамиятига хос (дискурс экспертного сообщества – ДЭС), 2) мунозарали (дискурс различий - ДР), 3) ижтимоий келишувга асосланувчи (дискур согласования – ДС)дискурсларни ажратиш асосида белгиланади (Т. Г. Карымшакова. 2015: 13).

Дарҳақиқат, касб ва коммуникатив компетенцияси юқори бўлган мутахассислар (ёки экспертлар) ҳамжамияти томонидан яратилган (дискурс экспертного сообщества – ДЭС) ёзма ва оғзаки жанрлар ўзининг тор доирада ихтисослашган мутахассисларга мўлжаллангани, тиббий терминлар талқинига асослангани, мулоқотнинг мураккаб илмий, расмий ва формал ифодаларини акс эттириши билан характерланади. Хусусан, инглиз ва ўзбек тилларидаги қуйидаги парчаларда экспертлар ҳамжамиятига хос профессионал дискурснинг типик намунасини  кузатиш мумкин:

Hemorrhoids, orpiles, areacommonproblem. These swollen veins inside the rectum or outside the anus can cause pain, anal itching and rectal bleeding. Symptoms often improve with at-home treatments but on occasion people need medical procedures. Eating more fiber can help prevent hemorrhoids. Hemorrhoids are swollen, inflamed veins around your anus or the lower part of your reсtum. There are two types:External hemorrhoids, which form under the skin around your anus. Internal hemorrhoids, which form in the lining of your anus and lower rectum.

Буйраклар поликистози аутосом доминант типда наслий ўтувчи касаллик бўлиб, унда иккала буйракда кўп сонли суюқлик тутувчи кисталар пайдо бўлади. Кисталар ҳисобига буйрак ўлчами катталашади, аммо, унинг иш бажарадиган паренхима қисми кичраяди.Сонографияда буйрак капсула (гиперэхоген), пустлоқ (гипоэхоген), мағиз (гипоэхоген) қаватлари ва коса жомлари (гиперэхоген) кўринади.

Мунозарали дискурслар (дискурс различий - ДР) тиббий мулоқотда муайян бир касалликка ташхис қўйиш ва муолажа қилиш усулларига оид врачлар ўртасида бўлиб турадиган баҳс, мунозаралар вазиятида содир бўлишига кўра ўзига хос бўлса ҳам, улар илмий ва оғзаки баён услубига, тиббий терминлар тавсифига, суҳбатдошларнинг тушуниш даражалари тенглигига асосланиши жиҳатидан мутахассислар ҳамжамиятига хос дискурслардан фарқланмайди. Хусусан, “New England Journal of Medicine”журналидан олинган қуйидаги парчада тананинг куйиш даражаси юқори бўлган беморларни даволаш бўйича олиб борилган тажриба-синовнинг амалдаги даволаш баённомаларидан самаралироқ экани ҳақида баҳс қилинган:

Our results were unexpected given the magnitude of the signal from previous trials of supplemental glutamine in burn-injured patients. Our trial differed from the previous trials in several important ways. First, the previous randomized, controlled trials were small, single-center trials ranging from 30 to 48 patients each. Our multicenter trial with a much larger sample showed no combined effect of reduced mortality and shorter hospital stay (the 95% confidence interval for the subdistribution hazard ratio for discharge alive [0.80 to 1.04] ruled out a clinically meaning benefit). Previous research has shown that the effect of intravenous glutamine was also subject to a single-center bias in which all the positive effects were seen in single-center, randomized, controlled trials, whereas larger, multicenter, randomized, controlled trials did not confirm a positive treatment effect (https://www.nejm.org/doi/full/10.1056/NEJMoa2203364).

Мунозарали дискурс ҳақида тасаввурга эга бўлишда қуйидаги  ҳажвий ҳикояга ҳам манба бўлиб хизмат қилиши мумкин:

Сигарет тутунга тўла катта хонада оқ халат кийган бир неча ўта жиддий қиёфадаги кишилар эрталабдан бери мунозора қилишади.

– Йўқ, йўқ. Мен ололмайман. Беморнинг дарди жарроҳлик эмас. Уни терапевт олсин, - деди саккизинчи марта сўз олган жарроҳ Жовлиев.

– Йе, нега энди? Бемор чисто инфекционний-ку?! Тағин изидан ҳеч кими йўқэкан. Уни юқумли касалликлар бўлимига ётқизиш керак. Тамом-вассалом, эътироз билдирди терапия бўлими бошлиғи хўппа семиз Қорбосдиев.

– Ҳеч қачонда. Беморнинг барча дарди ўпкасида-ку. Уни сил касаллар бўлимига ётқизиш керак. – деди инфекционист паша қўриётгандек қўл силтаб.

– Рентгентда сил белгиси кўрмадим. Дарди жигарида. У терапевтники, - деди ўнинчи марта тўнғиллаб Тўнғизбоев.

– Ҳечамда. Асли ҳамма гап юракдан. Уни кардиолог олақолсин. Палатаси бўшаб ётибди, - деди Қорбосдиев бошқаларга кўз қисиб.

– Причём бу ерда юрак. Беморнинг қорни таранглашган-ку?! Ясно. У жарроҳларники, - деди қошини сузиб кардиолог Курраев.

– Ҳа, айтганча, яхшиси беморни реанимацияга ётқизсак-чи?! – деди ниҳоят жарроҳ Жовлиев. - Ҳаммамиз навбат билан бориб кўриб турардик…

– Бекорларнинг бештасини айтибсиз. Ҳисобот-чи?! – деди мудраб ўтирган реаниматолог бирдан чийиллаб. - Ўлимнинг ҳисоботи яна менинг бўйнимга тушадими? Йўқ, йўқ, бўмайди. Сил бўлса, фтизиатр олсин-да-е…(https://ziyouz.uz/ozbek-nasri/safar-kokilov/safar-kokilov-konsilium-azhviya).

Тиббий дискурснинг ижтимоий келишувга асосланган (дискурс согласования – ДС) турини эса шифокор - бемор мулоқотига оид “тиббий маслаҳат” жанри мисолида кузатилади. Ушбу дискурснинг юқоридагилардан фарқли равишда ижтимоий келишувга асосланиши эса персионал ва профессионал дискурсларнинг интертекстуал уйғунлиги билан боғлиқдир. Масалан:

Врач: Сизнинг ўт халтангизда тош бор экан.

Бемор: Ҳа, мен буни аввалроқ бошқа бир духтирдан сўраб билгандим...

Врач:Хронический панкреатит эканми?

Бемор: Бу нима дегани?

Врач: Бу - ўт халтангизда сурункали шамоллаш бор, дегани.

Бемор: Тушундим, духтир.

Келтирилган суҳбатдан кўринадики, шифокор бемор билан мулоқотда имкон қадар тушунарли қилиб сўзлашга интилса ҳам, суҳбат жараёнида унинг касбий компетенцияси билан боғлиқ институционал воситалар “Хронический панкреатит эканми?” саволида беихтиёр юзага чиққан. Ушбу тушунарсиз вазиятни бартараф этиш мақсадида шифокор “Бу - ўт халтангизда сурункали шамоллаш” тарзида қўшимча изоҳ беришга мажбур бўлган.

Шифокор ва бемор ўртасидаги мулоқотнинг ўринли ва жўяли бўлишига олиб келувчи релевантликни таъминлашда энг аввало шифокор масъул бўлса ҳам, беморнинг тиббий саводхонлиги, унинг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни таҳлил ва бартараф қилишда муайян даражада аҳамиятга эга бўлади. Зотан, бундай ҳолда суҳбатдошларнинг иккала томонлама қониқишига асосланган ижтимоий келишув релевантлиги юзага келади. Масалан, қуйидаги диалогда шундай вазият ўз аксини топган:

 

 

Nurse : His name is Monty; he says he is HIV-positive.

Ҳамшира: Унинг исми Монти, у OIV

билан касалланганини айтди.

Dr. Lewis:Are you on any medications, Monty? AZT, DDI, Bactrim?

Доктор Луис: Монти, сиз бирор дори ичиб турасизми? AZT,  DDI, Bactrim?

Monty : AZT, and some white and red ones…

Монти:AZT, оқ ва қизил...

Dr. Lewis: Dilantin? Have you been taking them?

Доктор Луис: Долиантинми, сиз уларни доим олиб юрасизми?

Monty - Sometimes I forget.

Монти: Баъзида унутаман

 

 

Юқорида қайд этилганидек, мулоқотнинг бош мақсади суҳбатдошларнинг бир-бирини тушуниши орқали белгиланади. Тушуниш эса мулоқот жараёнида муҳокама қилинаётган маълумотлардан ҳар икки томоннинг бирдек хабардор бўлишига асосланади. Экспертлар ҳамжамиятига хос ва мунозарали дискурсларда суҳбатдошларнинг маълумотларданбирдек хабардорлиги ва тушуниш мувозанатининг тенглиги жиҳатидан фарқланмайди. Шифокор ва бемор мулоқотида эса “ахборот сўрови ва олинган хабар ўртасидагимувофиқлик”ка асосланувчи релевантлик номутаносибдир (М. X. Саидов, 3. Т. Тоҳиров. 2003: 250).

Тиббий нутқнинг персионал ва профессионал турлари бундай тафоввутни мулоқот жараёнида шифокор томонидан эътиборга олмаслик мулоқотнинг асосий мақсадини тақозо этадиган тушуниш мезонига путур етишига олиб келиши мумкин. Мулоқот жараёнида юз бериши мумкин бўлган ана шундай дискурсив хатоликни “Тез ёрдам” сериалидаги интерн- врачнинг бемор рафиқаси билан бўлган   мулоқотидаги     тажрибасизлиги

 

 мисолида кузатиш мумкин:

 

 

Lucy Knight: Mrs. Zwicki? My name is Lucy Knight and I'd like to talkto you about your husband. His condition could be very serious.

Люси Найт: Миссис Цвикки?  Мен Люси Найт, сиз билан эрингиз ҳақида гаплашиб олишим керак. Унинг ҳолати жуда оғирлашиши мумкин.

Mrs. Zwicki: What do you mean?

Миссис Цвики: Нимани назарда тутаяпсиз?

Lucy Knight: Well, with the hematuria there's a chance of renal vein

thrombosis... ...polycystic kidney disease, and renal or urethral...

Люси Найт:  Хўп,  катта эҳтимол билан унинг гематураси билан буйрак венасида...,  ...ёки буйрак поликистози ва буйрак ёки сийдик йўлларда тромбоз бўлиши мумкин...

Mrs. Zwicki: Wait, I don't understand this…

Миссис Цвики: Шошманг, мен буларни тушинмайман

Lucy Knight: Your husband wants to leave AMA. We'd like to check him in anddo more tests.

Люси Найт: Эрингиз AMA дан кетмоқчи. Биз уни текширмоқчимиз, уни  тестлардан ўтказинг...

Mrs. Zwicki: Tests?!

Миссис Цвики: Тестлар?!

Lucy Knight: Do an IVP. Get an abdominal CT. Check his urine for AFBs.Maybe check a PSA and possibly do a cystoscopy. It would just be a couple ofdays.

Люси Найт: Ҳа  IVP қилдиринг. Қорин бўшлиғини КТ қилдиринг. Унинг пешобида ҚУМ борлигини текширтиринг. Балки ПСАва цистоскопия ҳам қилиш керакдир. Бунга ҳаммасига атиги  икки кун кетади.

Mrs. Zwicki:  I think we're out this way.

Миссис Цвики: Менимча, биз ҳали шу ердамиз .

 

 

Келтирилган суҳбатнинг муваффақиятсизлиги ёш врачнинг ижтимоий келишув релевантлигига зид ҳолда, тингловчига мутлақ тушунарсиз бўлган олтита мураккаб тиббий термин ва бешта қисқартма атамаларнинг қўлланишида кўзга ташланади. Зотан, тингловчи: renal vein thrombosis –буйрак виноз тромбози,polycystic kidney disease – буйрак поликистози, renal – буйрак, urethral - уретрал,abdominal – абдоминал, urine –сийдик, cystoscopy –цистоскопия каби терминлар, AMA – against medical advice,CT –computer tomography,IVP – intravenous pyelogram,AFB – acetate free biofiltration,PCA – prostate specific antigen сингари қисқартма атамалар замирида ётган моҳиятни англаши учун тиббий мутахассисликка эга бўлиши талаб қилинади.

Шифокорнинг бемор билан мулоқотида қайд этилган релевантликларга амал қилмаслик, дори-дармон тавсияларини шунчаки ёзиб берган ҳолда, уни яхшилаб тушунтирмаслик оқибатини қуйидаги латифанамо диалог мисолида кузатиш мумкин:

Врач: Сизга дипроспан тавсия қилинганмиди?…

Бемор: Ҳа, ҳа, айтилганди...

Врач:7 мг. дипроспан олдингизми?...

Бемор: Ҳа, уйда келиним қилди...

Врач:У ҳамширами?... Томирдан юбордими?...

Бемор: Йўқ, укол қилишни билади, холос. Думбамга қилди, нима хато бўптими, духтиржон?

Врач: Безота қилмадими, ишқилиб?

Бемор: Бироз оғриганди-я, демак, хато бўпти-да, а?!

 Келтирилган суҳбатлар таҳлили шифокор-бемор мулоқотига асосланган дискурснинг персионал ва профессионал типларга хос хусусиятларнинг интертекстуалуйғунлигига асосланишини далиллаши билан бирга, ушбу дискурсив жараёнда шифокорларнинг ўз суҳбатдошларини мулоқот мавзусига оид маълумотлардан хабардорлик даражасига қараб муносабатда бўлиши лозимлигига ҳам ишора қилади.

Тиббиёт анчагина мураккаб соҳа бўлгани боис, мазкур дискурсив жараёнда мулоқот мавзусига оид маълумотлардан хабардорлик ҳар доим ҳам тушунишга олиб келавермайди. Шу боис, шифокорлик фаолиятидааввал суҳбатдошни тинглаб тушуниш ва ундан сўнг тушунтириш амалиётига риоя қилинади. Тушуниб тушунтириш амалиётнинг типик намунаси шифокор-бемор мулоқотида ўз аксини топади. Ижтимоий келишувнинг ушбу ўзига хос механизмига этиборсиз қараш эса “дипроспан” воқеасидаги сингари нохушлик билан якунланишига олиб келиши мумкин.

Мулоқотнинг бошқа соҳалардаги натижаси суҳбатдошларнинг моддий ва номоддий манфаат кўриши ёки кўрмаслиги билан белгиланса, тиббий мулоқотнинг натижаси соғлиқни сақлаш ёки йўқотиш билан ўлчанади. Айни зиддиятли натижа тиббий фаолият ва мулоқотнинг деонтологик нормалари ва биоэтиканинг патерналистик моделини устувор қилиб белгиланишига сабаб бўлган. Ушбу норма ва талабларга кўра, шифокор бемор билан мулоқотга киришар экан унинг самарали кечишига на фақат масъул, балки мажбурдир. 

 

 

Адабиётлар:

1. Ашурова Д.Ю., Галиева М.Р. Стилистика художественного текста. — Ташкент: Турон-Икбол, 2016.

2.Карымшакова Т. Г. Лингвистические технологии речевого воздействия в медицинском дискурсе. Автореф. кан. фил наук. Улан-Удэ -2015.

3. Карасик В.И. О типах дискурса // Языковая личность: институциональный и персональный дискурс: Сб. науч. тр. Волгоград: Перемена, 2000. - С.5-20

4. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2008.

5. Саидов М. X., Псрсгудов Л. В., Тоҳиров3. Т.. Олий таълим (луғат-маълумотнома). -Т.: «Молия» нашриёти, 2003.

6. https://asab.uz/jenciklopediya/458-bemorning-shikojatlarini-rganish.html

7.https://ziyouz.uz/ozbek-nasri/safar-kokilov/safar-kokilov-konsilium-azhviya

 

Раҳимов А., Ёрова С. Институциональные и межконтекстуальные характеристики общения врач-пациента. К концу прошлого века в результате критических оценок системно-структурной лингвистики возникли такие современные направления, как когнитивная, прагматическая, лингвистическая, социолингвистика, которые по существу вывели человеческий фактор в центр дискуссии. В этих направлениях стало широко обсуждаться понятие «языковая личность» наряду с другими аспектами языковой деятельности человека.Такой подход побудил определение социокультурных оснований медицинской речи начать с отношения врачей к статусу языковой личности. Поэтому каждый человек, наделенный способностью мыслить и общаться, также будет иметь возможность и потребность в общении. Соответственно, в данной статье, хотя каждого человека можно признать «языковой личностью», присутствуют такие возможности, как сортировка языковых единиц по речевой ситуации, использование их в соответствии с нормами и этикетом речевой культуры, создание текста, восприятие и прагматическая интерпретация требует различия обладателей статуса.

 

Rahimov A., Yorova S. Institutional and intercontextual characteristics of doctor-patient communication. By the end of the last century, as a result of critical evaluations of system-structural linguistics, modern trends such as cognitive, pragmatic, linguistic, and sociolinguistics emerged, which fundamentally brought the human factor to the center of discussion. Along with other aspects of human linguistic activity, the concept of "linguistic personality" began to be widely discussed in these areas. This approach prompted the determination of the socio-cultural foundations of medical speech to begin with the attitude of doctors to the status of a linguistic person.

This approach prompted the determination of the socio-cultural foundations of medical speech to begin with the attitude of doctors to the status of a linguistic person. Therefore, every person endowed with the ability to think and communicate will also have the ability and need to communicate. Accordingly, in this article, although each person can be recognized as a "linguistic person", there are potentials such as sorting language units according to the speech situation, using them in accordance with the norms and etiquette of the speech culture, text creation, perception and pragmatic interpretation requires the distinction of status holders.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati