Турниёзова Шаҳноза Неъматовна,
СамДЧТИ ўқитувчиси, филология фанлари номзоди
Калит сўзлар: матн, синонимлар, абзац, фрейм, оператор, операнд, дериват.
Матн компонентларининг синтактик муносабати синонимик воситаларга асосланганда ҳам узвий синтактик боғланиш вужудга келади. Синтактик алоқанинг мазкур турида фақат лексик синонимлар эмас, балки бири иккинчисига маъно жиҳатдан тўғри келадиган, мазмунан муштараклик ҳосил этадиган воситалар ҳам фаол қўлланилади. Айни пайтда, лексик такрордан фарқли равишда, матн компонентларининг синтактик алоқаси узвийлик касб этишидан ташқари, жумлалар қўлланилишининг услубий равонлиги ҳам таъминланади. Зотан, улар таркибида айнан бир сўзнинг такрор қўлланилишига чек қўйилади:
Гулноз тугунни бир зумда уйга ташлаб чиқди. Ажабки, шу бир лаҳзада Йўлдош олиб келган совғалардан баланд пошнали оқ туфлини оёғига илиб,ним пушти шоҳи дуррани бошига танғиб олибди (Ҳ.Ғулом. Тошкентликлар).
Келтирилган матн икки компонентли бўлиб, мазкур компонентларнинг биринчисида зум, иккинчисида эса лаҳза сўзлари синонимлар (луғавий синонимлар) тарзида фаоллик кўрсатмоқда. Бу ўринда том маъноли синонимларни қайд этиш мумкин. Лекин аксарият пайтларда матн компонентлари ўртасидаги синтактик муносабат бир-бирига мазмунан яқин сўзлар иштирокида шаклланади.
Одатда дам олиш кунлари бундай соатларда бўм-бўш бўладиган гузарга одам сиғмасди.Кўприк ёнидаги толзорда - чойхона сўриларида эркаклар тўп-тўп ўтиришиб радиодан диктор қайта ўқиётган мурожаатни бошларини эгиб тинглашарди. Толзорнинг бери ёнида бир тўп хотин-халаж ва қизчалар ташвишли бир қиёфада тик туришар, тўдадан Қумрининг алланима деб гапираётгани қулоққа чалинар эди (Ҳ.Ғулом. Тошкентликлар).
Мазкур матн уч компонентли бўлиб, уларнинг биринчисида қатнашаётган одам сўзининг кейингиларида эркаклар ва хотин-халаж сўзлари синонимик ифодаларини ташкил этмоқда ва улар орқали матн компонентларининг синтактик муносабати шаклланмоқда. Бу ўринда, албатта, лексик (луғавий) синонимлар эмас, балки кенг маънода мазмуний муштараклик ифодалаётган синонимик воситалар ҳақида сўз юритиш мумкин. Қизиғи шундаки, айни пайтда бир - бири билан антонимик муносабатда бўлган сўзлар ҳам функционал қийматларига кўра бир хилликни ташкил этмоқда. Буни эркаклар ва Хотин - халаж сўзларида кўрамиз. Улар ички маъноларига кўра антонимлар бўлса ҳам, одам сўзига нисбатан синонимик маъно касб этмоқда. Синонимик воситалар ўзлари иштирок этаётган жумлалар таркибида турли хил синтактик вазифаларда келиши мумкин. Аммо уларнинг мазкур синтактик фаолликлари шу жумлалар доирасидагина аҳамият касб этади. Фикр далили учун қуйидаги мисолга мурожаат қилайлик:
Мирзо Улуғбек нечундир юраги увушиб, отининг жиловини тортди. Қуюндай учиб келган суворийлар кўпикка чўмилган арғумоқларини аранг тўхтатишди. Бўлиқ қорабайир минган, кўзлари қисиқ, мўғилбашара суворий камоли эҳтиром билан қўл қовуштириб, салом берди(О. Ёқубов. Улуғбек хазинаси).
Берилган матн доирасида от, арғумоқ, қорабайир каби сўзлар бир-бирлари билан синонимик ҳолатда келмоқда.Матннинг биринчи жумласи таркибида от сўзи қаратқич аниқловчи, иккинчи жумла сатҳида арғумоқ(лар) сўзи воситасиз тўлдирувчи, учинчи жумлада қорабайир сўзи ҳам воситасиз тулдирувчи вазифаларида фаоллик кўрсатмоқда.Бироқ уларнинг мазкур синтактик функциялари фақат ўзлари қатнашган жумлалардагина аҳамиятлидир, зотан, жумлалараро бўлган синтактик ҳудудда уларнинг алоҳида гап (жумла) доирасидаги синтактик вазифалари ўз кучини йўқотади.Бошқача айтганда, матн компонентларининг синтактик муносабатлари одатдаги «гап бўлаклари» терминига асосланмайди. Бунда гап бўлакларининг эмас, балки гапларнинг ўзаро синтактик боғланиши устувор аҳамият касб этади.
Юқоридаги билан бир қаторда шуни ҳам айтиш керакки, матн компонентларининг синонимик воситалар билан боғланиши семантик жиҳатдан олдинги саҳифаларимизда кўриб чиққан лексик такрор приёмидан анча фарқ қилади. Иккинчи ҳолатда такрорланаётган сўз матннинг мазмуний салмоғига путр етказмайди. Балки матн марказида турган тушунчани ажратиб кўрсатади, шу билан бирга матн компонентларининг синтактик жиҳатдан ҳам боғланишини таъминлайди. Синонимик воситаларнинг ҳам матн деривациясидаги синтактик вазифаси худди шундай бўлса-да, унда лексик такрордан фарқли ўлароқ матннинг марказидаги тушунча айнан бир хил сўз билан ифодаланмай, балки унинг маънодоши билан алмашиниб келади. Бу жиҳатдан синонимик воситалар олмошларга яқин туради:
Шу тирик одам мурдага айланиши керак. Бобур шунга фармон бериши керак. Нечун? Беклар бу Дарвеш говни гуноҳкор деб билиб, Бобурни ишонтиришгани учунми. Балки улар чиндан ҳам Бобурни алдашаётгандир. Балки бу бечора мироб чиндан ҳам гуноҳсиздир (П.Қодиров. Юлдузли тунлар).
Келтирилган матн олти компонентдан иборат бўлиб, унинг биринчисида одам, тўртинчисида Дарвеш гов, олтинчисида мироб сўзлари матннинг синтактик боғланишини таъминлаяпти. Деривацион нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, матндаги биринчи гап таянч гап ҳисобланиб, ундаги одам сўзи мазкур абзац қолипидаги матнда оператор вазифасини бажараяпти.
Айтиш жоизки, синоним сўзлар нафақат бир абзац доирасидаги жумлаларни, балки макроматнлар таркибидаги абзацларни ҳам синтактик жиҳатдан боғлаши мумкин. Бундай ҳолатда биз жумлалараро боғланишни эмас, балки абзацлараро боғланишни кузатамиз:
Бу ерда икки дарё кесишарди. Маҳаллий аҳоли бундай мавсумда бу ерга келишга ҳайиқарди. Уч томони пишқирган дарё билан ўралган, фақат бир томондангина кириш мумкин булган бу жойни ҳиндлар хосиятсиз дейишарди. Бобурнинг қўшини ана шу икки дарё кесишадиган жойда қўним топганди.
Аскарлар анча ҳолдан тойган бўлишига қарамай подшоҳларидаги шижоат уларга куч бағишлаб турарди (П.Қодиров. Авлодлар довони).
Келтирилган матнниг биринчи абзацида бу ер, бу жой каби бирикмаларни учратамиз. Мазкур абзацнинг марказида икки дарё кесишадиган, уч томони дарё билан ўралган, ҳиндлар хосиятсиз деб санайдиган жой турибди. Агар биз матнни фақат шу абзац доирасида таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи гап таянч гап, унинг таркибидаги бу ер бирикмаси эса матн деривациясининг оператори бўлиб хизмат қиляпти ҳамда мана шу сўзлар абзац таркибидаги жумлаларни синтактик жиҳатдан боғлаяпти. Демак, биз бу вазиятда синонимик воситалар жумлалараро боғланишни таъминлаётганини кузатамиз. Агар биз ҳар иккала абзацга эътиборимизни қаратсак, матннинг марказида Бобурнинг қўшини турганининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳолатда эса деривация операндлари икки абзац, оператори эса биринчи абзацда қўшин сўзи билан ифодаланаётган, иккинчи абзац бошида келган аскарлар сўзи саналади. Кўринадики, мазкур мисолда матн деривациясини синоним сўзлар юзага келтираяпти. Иккинчи вазиятда эса синоним сўзлар абзацлараро боғланишни таъминлаяпти.
Шуни ҳам айтиш керакки, синонимик восита ўзи алмаштираётган сўзнинг ҳеч қачон айнан муқобили бўла олмайди. Буни энг аввал синонимлар ўртасидаги прагматик жиҳатдан кузатиладиган фарқда кўришимиз мумкин:
Сиҳат-саломат инсон ишдан чарчамайди. Баъзан эса бақувват одам ҳам салгинага толиқади, иши юришмайди, ҳатто икки оғиз сўз айтгани ярамайди, тўғрироғи, биров билан гаплашгиси келмай, танҳоликни хоҳлайди (И.Раҳим. Оқибат).
Келтирилган матн таркибида қўлланилган инсон ва одам сўзлари синонимлар бўлиб, улар ўртасида, биринчидан, семантик тафовут, иккинчидан, прагматик тафовут мавжудлигини кўрамиз. Бу ўринда семантик тафовут шундан иборатки, инсон сўзининг маъноси кенглиги билан одам сўзидан фарқланади. Шунинг учун уларнинг қўлланишида ўзига хос фарқ мавжуд. Масалан, инсон тафаккури ва одам тафаккури тарзидаги бирикмаларни олайлик. Айни пайтда инсон тафаккури бирикмасининг қўлланишида бирор бир нуқсон сезилмайди. Бироқ одам тафаккури бирикмаси инсон тафаккури бирикмасининг бенуқсон ўринбосари бўлолмайди. Ёки одам бўлиш қийин жумласининг семантик жиҳатдан ҳам, синтактик жиҳатдан ҳам камчилиги кузатилмайди. Лекин унинг ўрнига инсон бўлиш қийин дея олмаймиз. Бу тафовутларнинг барчаси прагматик жиҳатдан аҳамият касб этади. Чунки айни пайтда биз сўзловчининг тил белгиларига бўлган муносабати билан тўқнаш келамиз.
Берилган мисолда биров сўзи ҳам бўлиб, у ҳам кенг маънода инсон сўзининг синоними бўлиб келмоқда. Бироқ мазкур сўз инсон сўзига нисбатан синонимик восита сифатида кенг контекстадагина қўлланила олади.
Кўринадики, берилган матнда учта сўз ўртасида синонимик муносабат мавжуд бўлиб, уларнинг биринчиси (инсон) бу ўринда деривация оператори вазифасини бажармоқда. Чунки матн деривациясида унинг биринчи компоненти аксарият ҳолларда етакчи мавқега эга бўлади. Матннинг бошқа компонентлари эса биринчи компонент замирида шаклланмоқда. Улар синтактик деривация операндларининг таркибий қисмларини ташкил этади. Бундай деривацион вазиятни синонимик воситалар қўлланилган ҳар қандай матнда ҳам кузата оламиз:
Аравакаш тўриқни эгарлаб, юганлаб, устига гулли тўқим бостириб олган эди. Тўриқ бутун бошли арава йўлини бир ўзи банд қилиб,йўрғалаб,қалин ёлини силкитиб келарди.От минган чавандоз эса чапани улоқчилардай... ўз-ўзича мамнун келарди (И.Раҳим.Оқибат).
Берилган мисолда, асосан, лексик такрорни кўрамиз.Бундан ташқари, бунда тўриқ ва от сўзлари ҳам бўлиб, бунда синонимик воситалар ҳақида сўз юрита оламиз.
Когнитив-прагматик нуқтаи назардан айни пайтда тўриқ сўзи матн шаклланишининг семантик марказида турибди ва шу боис мазкур сўз фрейм мақомида келмоқда. Кейинги гапдаги от сўзи фрейм бўла олмайди, чунки кейинги гапнинг олдингилари билан боғланишида, асосан, когерентлик ҳодисаси устувор аҳамият касб этмоқда. тўғри, бу ўринда от сўзи олдинги гапдаги тўриқ сўзи билан когезия доирасида боғланмоқда. бироқ айни пайтда когерентликнинг мавкеи баландроқ кўринади.
Шуни ҳам айтиш керакки, баъзи нутқ муҳитида матн шаклланишида асосий фреймдан ташқари тагфреймлар (субфреймлар) ҳам қатнашади, бундай вазиятда, албатта, тагфреймлар масала тавсифига янада кўпроқ аниқлик киритади:
Жавонларга жажжилар учун қуш патидан бошқа ҳамма нарса бежирим қилиб териб қўйилганди. Худди қўғирчоққа тикилгандай кўйлакча-ю, костюмчалар, қулоқчинли, гул ҳошияли кийимчалар (И.Раҳим.Оқибат).
Кўринадики, мазкур матн синтактик шаклланишида асосий фрейм ҳамма нарса бирикмаси ҳисобланади. Лекин унга синонимик воситалар мақомида келаётган кўйлакча, костюмча, қулоқчинли кийимлар, гул ҳошияли кийимлар тагфреймлар саналади. Аслини олганда луғат таркибидаги барча сўзлар фреймлардир [Қаранг: Касевич В.Б. Семантика.Синтаксис. Морфология. – М., 1988.- С.20], аммо бу ўринда биз масала тавсифига глобал нуқтаи назардан ёндашмоқдамиз. В.Б. Касевичнинг тўғри таъкидлашига кўра, тил хабар ифодасининг асосий унсурларидан бирини (эҳтимол, энг муҳимини) ташкил этади. Шунинг учун тил системаси фреймлар системасини ҳам тақозо этади, дейишимиз учун барча далилларга эгамиз. Чунки юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, фреймлар ўзаро муносабат тўрини ташкил этади [Қаранг: ўша асар, ўша бет.]
Адабиётлар:
Қаранг: Касевич В.Б. Семантика.Синтаксис. Морфология. – М., 1988.- 309 с.
Минский М. Фреймы для представления знаний.- М., 1981.152 с.
Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. – Жиззах, 2006. 92 с.
Турниязова Ш. Синонимы как средства межфразовой связи. В статье анализируются синонимические средства как один из главных атрибутов образующие межфразовую связь. А также рассматривается теория о том, что в порождении текста эти средства функционируют в роли оператора. Кроме того, автор подчёркивает, что синонимические средства могут связывать не только предложения в микротексте, но и абзацы в макротексте.
Turniyazova Sh. The synonyms as facility interphrase connection. Synonymous facilities are analysed in article as one of the main attribute forming interphrase connection. But in the same way theory is considered about that that in product of the text of this facility function in dug the operator. Besides, the author emphasizes that synonymous facilities can link not only offers in microtext, but also paragraphs in macrotext.