Эркинов Сухроб Эркинович,
СамДЧТИ ўқитувчиси
Калит сўзлар: касбий тил соҳаси (КТС), махсус лексика, профессионализмлар, номинация, атама, нутқий мулоқот, норасмий даража, махсус тил, сленг, жаргон, арго.
Ҳар бир ривожланган замонавий тилда махсус лексика ажралиб туради. Ушбу соҳага асосан муайян фан ёки касб вакиллари томонидан фойдаланиладиган сўзлар киради.
Махсус лексикага биринчи навбатда атамаларни, яъни илмий, техник, ҳарбий соҳа сўзлари ва сўз бирикмаларини киритиш лозим.
Атама бошқа сўзлардан (атама бўлмаган) асосан бир маънони англатиши билан фарқланади. Бироқ бир маънолик ҳақида фақат мазкур терминология доирасида сўз юритиш мумкин. Агар бирор сўз, умуман олганда, кўп манога эга бўлса, муайян бир терминологиядан ташқарида у бошқа маъноларни ҳам англатиши мумкин. Мисол учун, derivation сўзи баллистикада снарядлар ва ўқларнинг учиш жараёнида йўлдан оғишини билдирса, гидротехникада канал бўйлаб сувни бош ирмоқдан ажратиб олиш маъносини билдиради[1, 101]; face – “олдиндан кўриниш” ва ҳарбий соҳада “фас”, “душманга қаратилган мудофаа қисм”.
Бундан ташқари, махсус лексика таркибига профессионализмлар киради. Атама ва профессионализмнинг фарқи шундаки, атама бу расмий, муайян фан ва хўжалик-ишлаб чиқариш соҳасида қабул қилинган номинация, бирор-бир тушунчанинг номи бўлса, профессионализм эса ярим расмий сўз бўлиб, муайян касб вакиллари ўртасида (кўпроқ оғзаки нутқда) тарқалган, тушунчанинг қатъий, илмий ифодаси бўлмаган сўздир.
Тил ва нутқнинг ижтимоий-услубий (фарқланиши) таснифи муаммолари ҳозирги замон тилшунослигида аҳамиятли ўрин эгаллайди 2, 124-125; 7, 312-314]. Хусусан, миллий тилнинг махсус соҳалари қаторида касбий тил соҳаси ажралиб (КТС) туради. У тил соҳиблари касбий ишлаб чиқариш ва ижтимоий қатламларининг ўзига хос манфаатлари билан белгиланади. Масалан, бу, бир томондан, компьютерчилар, ҳарбий хизматчилар, шахтёрлар, полиграфистлар, балиқчилар тили бўлса, иккинчи томондан, ушбу тоифага спортчилар, овчилар, гиёҳвандлар тилини ҳам киритиш мумкин [8, 295; 4, 218].
КТСни ажратиш имконини берадиган тилдан ташқари (ижтимоий) ва соф тил (лингвистик) омиллари ўзаро боғлиқ. КТСнинг меъёрийлиги/ номеъёрийлиги масаласига эътибор қаратсак, у КТСнинг назарий ва амалий ўрганишга боғлиқ эканлиги келиб чиқади.
Барча касбларда профессионализмлар атамалар билан бирга муомалада бўлади. Бироқ шундай соҳалар борки, уларда профессионализмлар махсус лексика тури бўлади ва уларда профессионализмлар атамалардан камроқ. Гап шунда-ки, атама бирор нарсанинг жуда аниқ ва қатъий номланишидир (кўпинча илмий ёки техник соҳада). Шунинг учун “атама” тушунчасининг, фикримизча, ов, балиқчилик, ҳарбий нутқ соҳаларида қўлланилиши мушкул. Бунда профессионализмларнинг келиб чиқиши уларнинг фаол нутқий мулоқотда норасмий даражада қўлланилиш эҳтиёжи билан тақозо этилади. Бу ерда табиийки ўз номинатив-коннотатив вазифалар умумхалқ ва терминологик тил бирликлари иштирокида ечимини топади.
Қатор илмий ишлар мавжудлигига қарамасдан [В.Д. Бондалетов, 1966; Т.Г. Голопольский, 1987; И.М. Полякова, 2006; М.Е. Умархужаев, 2010, с. 73; ва бошқалар] лингвистикада ҳали-ҳануз КТС хусусида умумий фикр йўқ. Муайян даврда ҳаттоки ушбу тил соҳасида унутилган эди [5, 298-299]. Бундан ташқари, КТС атамаси турли хил ва кўпинча ноаниқ маъноларда қўлланилади. “Жаргон, арго, махсус тил, сленг ва шунга кўплаб ўхшаш тушунчалар таърифда зарурий терминологик қатъийлигига эга эмас. Улар асосан тартибсиз қўлланилиб, бир-бири билан ўрин алмашишади ёки аниқ бир маънони ифодаламасдан, баъзи ҳолларда тескари талқин этилади” [6, 440-441].
Шундай қилиб, муаммонинг қийинчилик туғдирадиган жиҳати тилшуносликнинг мазкур қисмида терминологик якдилликнинг йўқлигидир. Шу боис, КТС масаласининг, хусусан, инглиз тилида етарли даражада ишлаб чиқилмаганлигини эътироф этиш мумкин.
Махсус тил соҳаси структурасининг мураккаблиги (бунга турфа хил маркировка қилинган нутқий дискурслар, социал шевалар, арго, жаргонларни киритиш мумкин) ва унинг талқинидаги ҳар хил ёндашув қуйидаги терминологик тушунчалар ишлатилишига олиб келди: касбий тил, касбий арго, касбий оддий халқ тили, касбий нутқнинг арготик сўзлари, касбий (терминологик) жаргон, касбий лаҳжалар, касбий шева, махсус сленг ва бошқалар.
Бир гуруҳ тадқиқотчилар КТС моҳиятини англашга уринсалар, қолганлари уни таърифлаш, ундаги релевант семантик-грамматик белгиларни аниқлашга интиладилар.
Бир қатор лингвистлар томонидан КТС тизимида сўз ҳосил қилиш масалалари унинг оддий халқ нутқи нуқтаи назаридан пасайтирилиши жиҳатидан кўриб чиқилди.
КТСнинг табиати тиллараро ҳамкорлик жиҳатидан ҳам кўриб чиқилди.
Ёзувчилар тили ва услуби таҳлилига бағишланган тадқиқотларда ҳам КТС муаммоси атрофлича ўрганилди [4, 418].
Бироқ шу вақтга қадар КТСнинг миллий тил соҳасидаги ўрни ва роли, унинг табиати хусусида умумий нуқтаи назар шаклланмади. Миллий тилнинг КТСга нисбатан (худди тескариси каби) муносабати ҳам тўлиқ аниқланмаган, унинг бошқа релевант ўзига хос қирралари ўрганилмаган. Буларнинг барчаси КТС турларини янада чуқурроқ тадқиқ этишни тақозо этади.
Баъзи тадқиқотчилар томонидан КТС луғат элементларининг онгли равишда фақатгина услубий нуқтаи назардан, жумладан, ифодалилик ва янгилик мақсадида фойдаланилиши сифатида кўриб чиқилади.
Кўпинча КТС тил бирликлари тил соҳиблари алоҳида ижтимоий ва саноат-касбий гуруҳларнинг индивидуал (ёки индивидуал-корпоратив) ижодининг маҳсули сифатида талқин этилади. Бошқача қилиб айтганда, бу бирликлар у ёки бу мулоқот муҳитига мансуб кишилар дунёқарашининг тил ифодаси сифатида хизмат қилади.
Адабий тилга нисбатан айрим тадқиқотчилар КТСнинг адабий муомала чегарасида туради, деб ҳисоблашса, бошқалари уни адабий ифоданинг белгиланган меъёрлари ва воситалари чегарасидан ташқарига олиб чиқишади, учинчи гуруҳ олимлари эса КТС лексикаси ва фразеологиясининг аксар қисмини адабий тилга киритишади.
Қатор олимлар КТСнинг дифференциал белгиларини тавсифлашда унинг ўзига хос лингвистик табиатини назардан четда қолдиришади ва фақат социологик позициялардан келиб чиқишади, яъни КТС талқинининг асосий босиқчларидан бири ўлароқ бу тил ҳодисасининг “иқтисодий базасини” кўрсатишади.
КТСни англашда оптимал вариант бу уни терминология ва умумадабий содда тил ўртасидаги бирор бир касб қирралари билан чегараланган махсус тил соҳаси сифатида кўриб чиқиш ҳисобланади.
Касбий тил соҳаси лексикаси (фразеологияси) терминологик (махсус) ва содда тил соҳаости гуруҳларини фарқлаш заруратини қатор олимлар эътироф этишган [7, 14-15; ва бошқалар]. Шу муносабат билан П.Дж. Митчелл [8, 64-73] КТСнинг асосий белгилари сирасига махсус ёпиқлик мавжудлиги, ижтимоий алоқалар ва ўзига хос эмоционал тўйинганликни киритади.
Н.Диттмар профессионал (балиқчилар, дурадгорлар, овчилар) терминологияни идиоматик ибораларга бой ўзига хос образли терминологияга қарши қўяди. Уни олим “касбий жаргонлар соҳасига” киритади. Қиёслаш учун инглиз тили спорт касбий соҳасидаги фразеологизмларни келтиради:
jump the gun [“спорт тўппончаси отилишидан олдин югуришни бошламоқ”],
hit below the belt [“белдан пастга уриш”],
come up to the scratch [“старт чизиғига яқинлашиш”] ва ҳ.к.
КТСни ўрганишда касбий (терминологик) жаргонизмлар ва соф атамаларни фарқлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда уларнинг дифференциациясидаги асосий мезонлар сифатида номинация объектлари характерини кўрсатиш мумкин. Агар атамалар фақат ишлаб чиқариш тушунчаларини ифодаласа, жаргонизмлар нафақат мутахассислик соҳасидаги, балки маиший соҳадаги, бошқа семантик майдонларга мансуб тушунчаларни ҳам ифода этади. Жаргонизмларнинг атамаларга нисбатан қўлланилиш соҳаси анча кенг.
КТС конгредиентлари тўқ эмоционал бўёқдорлик билан тавсифланса, профессионализмлар эса экспрессиядан холи. КТС ўзида профессионализм элементларини сақласа-да, у бундан ташқари объективликка ҳам эга.
КТС воситалари ёрдамида нутқ сўзловчи ўзининг воқеликка бўлган муносабатини ифода этади. У нутқ объектига нисбатан ҳайратини ёки, аксинча, нафратини билдириши мумкин.
Атамалар нутқ объектига субъектив баҳо бериш имкониятига эга эмас. Улар асосан махсус матнларда қўлланилади. Профессионализмлар экспрессив эквивалентларининг (синонимларининг) қўлланилиш соҳаси эса – касбий содда тил, бу ердан улар умумий нутққа кириб, бадиий адабиётнинг муайян жанрлари тилида ўз ифодасини топади. Бу хусусда ҳарбий терминология тадқиқотчиларининг бири шундай дейди: “Тартибга солинмаган ҳарбий терминология аввало кундаликлар, мактублар ва ҳарбий хизматчиларнинг оғзаки нутқида, шунингдек, бадиий адабиётда, қисман, даврий нашрларда ишлатилади”.
КТСни ўрганишда ҳам ифода, ҳам мазмун жиҳатларини инобатга олиш керак. Хусусан, бунда бир томондан муайян тил муҳитининг моддий ресурсларини кўриб чиқиш керак бўлса, иккинчи томондан аниқ турдаги ўзига хос тил соҳасининг (касбий содда тил, арго, жаргон) турли хил конгредиентлари шаклланишида у ёки бу даражада иштирок этадиган адабий-меъёрий тилнинг семантик, грамматик ва бошқа жиҳатларини кўздан кечириш лозим.
Муайян турдаги КТСнинг бадиий адабиёт тилига ўтишини тадқиқ этиш алоҳида аҳамият касб этади. Бунда махсус тил (ҳарбий, спорт ва ҳ.к.)нинг ўзидаги нутқ ва тил ҳосилаларини фарқлаш лозим. Худди шундай умумистеъмолдаги содда тил ва касбий содда тил ўртасидаги аҳамиятли фарқланшни ҳам инобатга олиш зарур.
Бир томондан, улар ўртасидаги ўхшашлик шундан иборатки, умумистеъмол ва касбий содда тиллар ҳосил бўлишида принципиал фарқ йўқ. Ушбу тил соҳалари ривожланиши тилнинг “нормал” қоидалари бўйича амалга ошади.
Иккинчи томондан эса улар орасидаги фарқ умумистеъмол содда тилнинг касбий содда тил тушунчасидан кенгроқ эканлигида намоён бўлади. Яъни касбий содда тил умумистеъмол содда тилининг касб хусусиятлари билан чегараланган бир қисми ҳисобланади.
Шундай қилиб, КТС учун ишлатилишнинг тор соҳаси ўзига хосдир. Шуни инобатга олиш керакки, КТС сўзловчи индивидумларнинг жуда тор гуруҳига тегишли бўлиб, жамиятнинг барча қатламлари томонидан ишлатилмайди. Умумистеъмол содда тил эса анча кенг қўлланилиш соҳасига эга.
Умумистеъмол содда тилнинг асосини сўзлашув-маиший лексика ва фразеологиянинг экспрессив элементлари ташкил этади, КТСнинг асосига эса соф касбий лексик-фразеологик негизли соф сўзлар ва фразеологизмлар киради.
Касбий содда тил ўзига хос эмоционал бўёқдорликка эга бўлиб, салбий баҳо бериш (қўпол) элементларига бой. Шу боис, “эмоционал экспрессивлик тамойилларига” бўй сунган КТСда, Э. Колби таърифига кўра кодлаш (онгли махфийлаштириш мақсади билан) асосий ва бирламчи мақсад эмас.
КТС умумистеъмол содда тил бойишининг асосий фаол манбаларидан бири ҳисобланади ва сўзлашув-маиший тил негизида ривожланади. КТСнинг келиб чиқиши борасида кўпчилик тадқиқотчилар якдиллик билан шуни таъкидлашадики, бунда иш зарурати эмас, балки ёрқин эмоционал экспрессивлик, жозибадорликка интилиш асосий роль ўйнайди.
Касбий содда тил лексикасининг бойиш манбалари турфа хил. Бунда КТС ҳажми касбий тилнинг амалиётдаги иштирокининг жадаллиги билан боғлиқ. КТСнинг ассий манбаи сифатида мазкур миллий тил соҳиблари ижтимоий-ишлаб чиқариш корпорацияси мулоқотидаги профессионализмлар ва терминологизмлар хизмат қилади. Ижтимоий-ишлаб чиқариш тил турларининг (аввало яқинларининг) ўзаро таъсирини ҳам инобатга олиш керакки, улар КТС шаклланиши, ривожланиши ва фаолиятида ўзаро кесишади. Бундан ташқари, миллий тилнинг турли хил лаҳжалари, шевалари ва маҳаллий диалектлари ҳам муҳим ўрин тутади.
КТС ни, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасига кўчирилган техник тушунча ва сўзлар ҳам бойитади. Мисол тариқасида ҳарбий-касбий тил соҳасини кўриб чиқиш мумкин (ҲКТС):
be on the wrong tack [“нотўғри йўлда турмоқ”; “ноқулай галс билан юрмоқ”( хавфли касалга йўлиққан ёки қийин аҳволда қолган одам ҳақида)]; ёки Америка ҳарбий содда тилида қиёсланг [учувчиларда]:
fuselage [“фюзеляж”] → stomach [“қорин”];
blades [“винт парраги”] → hands [“қўллар”];
landing ground [“қўниш чизиғи”] → bald spot [“кал, тақир”];
covering [“қоплама”] → face [“юз”] ва ҳ.к.
Фойдаланилган адабиётлар:
Rose Howard N. A Thesaurus of Slang. The Macmillan Company. Length, 2004. – 120 p.
Austin J.L. The Meaning of Words. – New York, 2008. – P.440-442.
Bates E. Language in, on, and about time. – Chicago: The University of Chicago Press, 2006. – P.201-229.
Pride J.B., Holmes J. On Communicative Competence Sociolinguistics. Selected Readings. Harmondsworth: Penguin, 2012. – P.269-293.
Эргашева Ф.И. Способы образования английских военных терминов // Преподавание языка и литературы. – Ташкент, 2010 . - № 8. – С. 36-44.
Abraham S., Kiefer F. A Theory of Structural Semantics. – Hague, 2009. – 488 p.
Bates E. Language in, on, and about time. – Chicago: The University of Chicago Press, 2006. – P.201-229.
Митчелл П.Дж. Английский военный сленг: понятия, способы образования и тематическая классификация // Язык и культура. – Томск, 2014. - №3. – С. 64-73.
Эркинов С. Слово в качестве профессионализма. Настоящая статья посвящается общелингвистическим проблемам профессиональной лексики, в ней акценцируется внимание на слове в качестве профессионализма.
Erkinov S. Word as professionalism. This article is about the problem of general linguistics of professional language sphere. In this article is talk about the usage of word as a professionalism.