Холбеков Муҳаммаджон,
СамДЧТИ профессори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларга таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисида 2018 йил 18 майдаги 376-сон қарорининг қабул қилиниши айни муддао бўлди, адабий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Ўтмиш тарихимизга назар ташлагудек бўлсак, таржима адабиёти ватан адабиёти билан вобаста тараққий этиб келмоқда. Таржима амалиёти ва унинг назарий муаммолари борасида ҳам бой тажрибага эгамиз.
Ўтган ХХ аср давомида таржима асарларининг жуғрофияси янада кенгайди. Аср бошида адабиёт саҳнасига чиққан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби адибларимиз жаҳон адабиётидан таржима қилиш тажрибасини бошлаб бердилар. Чўлпон қаламига мансуб Шекспирнинг “Ҳамлет”, Усмон Носир ўгирган Лермонтовнинг “Демон” асарлари таржимаси ҳанузгача ўз қимматини йўқотгани йўқ. Улар ортидан адабий жараёнга кириб келган Ойбек, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, М.Шайхзода, Миртемир, М.Исмоилий сингари қаламкашлар таржима қилган асарлар ўзбек таржимачилигининг муҳим ютуқлари саналади. Масалан, орадан саксон йил ўтган бўлса-да, Ойбек ўгирган “Евгений Онегин” романи ҳанузгача ўқувчиларга манзур бўлиб келмоқда. Ёки, Эркин Воҳидов қаламига мансуб Гётенинг “Фауст” фожиаси таржимаси, Абдулла Орипов томонидан ўгирилган Данте “Илоҳий Комедия”сининг “Дўзах” китоби, Иброҳим Ғафуров таржима килган Ф.Достоевский ва Э.Хемингуэй романлари ўтган аср таржима амалиётининг нодир нусхалари бўлиб ҳисобланади.
Хуллас, жаҳон адабиётининг номдор адиблари асарлари тилимизга мунтазам таржима қилиниб келинмоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида ватанимизда таржима адабиётига эътибор янада ортди. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ташаббуси билан нашр юзини кўрган “Жаҳон адабиёти” журнали ўтган йигирма йил ичида хорижий мамлакатлар адабиёти билан ўзбек китобхонини таништиришда муҳим роль ўйнаб келмоқда. Бу йилларда устоз таржимонлар Қодир Мирмуҳаммедов, Иброҳим Ғафуров, Жамол Камол, Низом Комилов, Муҳаммад Али, Абдулла Шер, Янглиш Эгамова, Мирпўлат Мирзо, Амир Файзулла, Мирзаали Акбаровларнинг шижоатли меҳнати туфайли жаҳон адабиётининг ўнлаб намуналари китоб жавонимиздан ўрин олди. Шу ўринда, устоз таржимон Иброҳим Ғафуровнинг Ф.М.Достоевский, Ф.Ницше, Ж.Жойс, Ч.Айтматов ижодидан қилган таржималарини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим. Масалан, ирланд ёзувчиси Жеймс Жойс қаламига мансуб “Улисс саргузаштлари” романининг Иброҳим Ғафуров томонидан тилимизга таржима қилингани муҳим воқеа бўлди. Қолаверса, адабиёт аҳли буни “катта жасорат” дея баҳолашмоқда.
Энг қувонарлиси, сўнгги йилларда билвосита таржима амалиётидан бевосита таржима амалиётига ўтиш даври бошланди. Бевосита аслиятдан таржима қилаётган маҳоратли таржимонларимизнинг меҳнати кўзга кўрина бошлади. Масалан, Мирзаали Акбаров, Бегойим Холбекова, Алишер Отабоев, Ойбек Остонов, Аъзам Обидов кабилар ўз таржималари билан жамоатчиликка яхши танилдилар. Кейинги пайтда бадиий таржимага иштиёқи баланд ёшларнинг бўй кўрсата бошлагани кишида мамнуният ҳиссини уйғотади. Ҳилола Рўзиева, Қандилат Юсупова, Шаҳло Облоқулова каби истеъдод соҳибларининг жаҳон адабиётидан амалга оширган таржималари матбуот саҳифаларида эълон қилинмоқда.
Ўзбек адабиётининг чет тилларга таржимаси ва хорижда ўрганилиши тарихига тўхталадиган бўлсак, бу борада ҳам бой тажриба тўпланган. Масалан, француз олими Бартолемей д`Ербеллонинг 1697 йил Парижда чоп қилинган “Шарқ кутубхонаси” (La Bibliotheque orientale) қомусида илк дафъа ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида мақолалар берилганди.1 Шундан сўнг европалик олимлар Навоий, Бобур ва Абулғозихон ижодини ўрганиш, улар асарларини француз, немис ва инглиз тилларига таржима қилиш билан жиддий шуғуллана бошладилар. Натижада, ҳазрат Навоий “Хамса”сига кирувчи айрим достонлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ва Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарларининг французча, немисча ва инглизча таржималари Европа бўйлаб кенг тарқалди. Улар ҳақида тадқиқотлар ёзилди.
Ўтган ХХ асрда ҳам ўзбек адабиётидан хорижий тилларга таржима қилиш анъаналари давом этди. Бу даврда таржима амалиётида асосан рус тили воситачилик вазифасини бажарди. Яъни, етук адибларимиз Абдулла Қодирий, Ойбек, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Зулфия, Ш.Рашидов, А.Мухтор, П.Қодиров, О.Ёқубов, Э.Воҳидов, А.Орипов асарлари дастлаб рус тилига, сўнгра рус тилидан хорижий тилларга таржима қилинди. Бу таржималар нечоғлик аслиятдан узоқ бўлмасин ўзбек адабиётини хорижда танилишида муҳим роль ўйнади.
Мустақиллигимизнинг илк даврида ўзбек тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан ўзбек тилига бевосита таржима амалиётига ўтиш борасида ҳам илк қадамлар ташланди. Жаҳон адабиёти намуналарини бевосита аслият тилидан таржима қилишга дастлаб Жамол Камол, Абдулла Шер, Шавкат Раҳмон, Янглиш Эгамова,Амир Файзулла,Тоҳир Қаҳҳор, Мирзаали Акбаровлар киришган бўлсалар, эндиликда улар изидан бораётган таржимонлар сафи ортиб бормоқда. Айни пайтда, хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ёшларимиз ўзбек адабиёти намуналарини инглиз, немис, француз, хитой, япон, корейс тилларига таржима қилишмоқдалар. Бу ўринда, албатта таржимонларимизнинг хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётганлари самарали натижа бераяпти. Бунга Носир Қамбаров, Бегойим Холбекова, Ойбек Остонов, Илҳом Тўхтасинов, Аъзам Обидов, Муродхон Эргашев каби таржимонлар фаолиятини мисол келтириш мумкин.
Сўнгги йилларда бу тажриба Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида кенг жорий қилинмоқда. Масалан, тилшунос олим, ЎзДЖТУ профессори Носир Қамбаров Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига, профессор Омон Мўминов ва доцент Илҳом Тўхтасинов Ойбекнинг “Навоий” романини, Илҳом Тўхтасинов ва И.Йўлдошев Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” повести ҳамда А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ўзбек тилидан бевосита инглиз тилига таржима қилишди. Шунингдек, таржимон ва шоира Бегойим Холбекова Алишер Навоийнинг 100 та ғазалини аслиятдан бевосита инглиз тилига таглама таржималарини амалга оширди. Навоий ғазалларидаги маънолар хилма-хиллиги, сўз ўйинлари ва илоҳиётга оид сўз ва ибораларни инглиз ўқувчисига тушунарли бўлиши учун таржимон тагматнда уларга изоҳлар берган. Қувонарлиси шуки, И.Тухтасинов ва У.Йулдошев томонидан бажарилган мазкур таглама таржималар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими томонидан хорижлик ижодкорларга таҳрир учун юборилди. Масалан, ушбу ижод маҳсули, хусусан, америкалик олим ва ижодкор Денис Дели қалбида улуғ бобомиз ижодига бўлган меҳру муҳаббатни янада орттирди.
Албатта, адабиётимизнинг бу каби йирик ва жиддий намуналари таржималарини амалга ошириш, таҳрир ва нашрини таъминлаш осон кечмайди. Таржималарни нашрга тайёрлашда хорижлик мутахассисларнинг ёрдами керак бўлди. Масалан, И.Тўхтасинов ва И.Йўлдошев томонидан бажарилган Ойбекнинг “Навоий” романи ва Ғ.Ғуломнинг “Шум бола” повести таржималарига америкалик олима Элиза Бриттэн муҳаррирлик қилди. Натижада ҳар иккала таржима ҳам муваффаққиятли чиққан. Шу ўринда, Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаноб Кристофер Аллан “UzReport” телеканалига берган интервьюсида “Навоий” романининг инглизча таржимаси ҳақида илиқ сўзлар айтиб, китобни ўқиркан ўзини Навоий асрига тушиб қолгандек ҳис этганлигини таъкидлаганди. Ёки, “Шум бола” (A Naughty Boy) повестининг инглизча таржимасини ўқиган мутахассисларнинг фикрича, таржима матни бир қадар содда, болалар тилига яқин, ундаги сўз ва иборалар изоҳталаб эмас, деган фикрни айтишаяпти. Шу каби ижобий баҳони “Ўтган кунлар” романининг таржимаси хусусида ҳам айтиш мумкин. Бу таржималарнинг сифати, ютуқ ва камчиликлари хусусида матбуотда фикрлар билдирилади деган умиддамиз.
Шу каби ижобий баҳони сўнгги йилларда таржима соҳасида фаол ижод қилаётган Шоазим Миноваров тажрибаси хусусида ҳам айтиш мумкин. Француз тили ва адабиёти илмини мукаммал эгаллаган таржимон даставвал Франсуа Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескьенинг “Форс номалари” (ҳамкорликда) романларини, Ле Клезионинг “Монде ва бошқа ҳикоялар”ини ўзбек тилига бевосита ўгирган бўлса, кейинги йилларда таниқли адибимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва бир қатор ҳикояларини ўзбек тилидан французчага таржима қилиб Европага танитди. Ушбу таржима 2015 йил “Adieu aux contes de fées” (“Сеҳрли эртаклар билан хайрлашув”) нашр қилинди ва Парижда ЮНЕСКО қароргоҳида унинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёки, ёш истъедодли таржимон Ойбек Остонов ҳам сўнгги йилларда ўзбек адабиёти намуналарини немис тилига таржима қилиш борасида фидойилик кўрсатмоқда. У Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарларини, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини немис тилига таржима қилди. Бу таржималар ҳам олмониялик ўқувчилар тарафидан илиқ кутиб олинди. Хулоса қилиб айтганда, бизда ҳам жаҳон адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек адабиётидан хорижий тилларга таржима қилиш борасида бой тажриба тўпланган. Эндиги вазифа, бой тажрибага таяниб, ўзбек адабиётининг сара асарларини чет тилларга, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилувчи малакали таржимонларни тайёрлаш, таржима асарларини тарғиб қилиш ва улар танқидини йўлга қўйишдан иборат.
Шу ўринда, мен таржима амалиётини “юксак санъат” даражасига кўтариш, таржимашунослик илмини жаҳон андозасига олиб чиқиш хусусида ўз таклифларимни билдирмоқчиман.
Бугунги кунда, жаҳон адабиётидан ўзбек тилига ва ўзбек адабиётидан хорижий тилларга энг сара асарларни танлаб таржима қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда, аввало, хорижий тилларни мукаммал билувчи ёш таржимон кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим бўлади. Демак, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги таржимонлик факультетлари фаолиятини тубдан янгилаш, ўқув ва илмий режаларини замон талабига мослаштириш зарур.
Бу таълим даргоҳлари ўқув режасига Жаҳон адабиёти тарихи, Адабиёт назарияси, Адабиётлараро алоқалар, Бадиий матн таҳлили, Таржима назарияси ва амалиёти каби фанларни киритиш зарур. Ушбу фанлар йўналишига мос кафедраларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги ўқув масканлари билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида алоқани мустаҳкамлаш: таниқли таржимонлар, ёзувчи ва олимларни таржимонлик факультетларида маъруза ва амалий дарсларни ўқишга жалб қилмоқ керак.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган давлат нашриётларида таржима адабиёти таҳририятларини ташкил этиш, у ерда хорижий тилларни билувчи муҳаррирларнинг ишлашига шароит яратиб бериш зарур.
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хориж элчихоналари билан Ёзувчилар уюшмаси, нашриёт ва журналлар таҳририяти ўртасида яқин алоқа ўрнатилса, ўзбек адабиётини чет элларда тарғиб қилиш, таржималарини чет тилларда нашр этишга кенг имкон яратилган бўларди.
“Жаҳон адабиёти” журналининг нашрига алоҳида эътибор бермоқ лозим. Унда пала-партиш қилинган таржималарни чоп этишни тўхтатиш, журналнинг йиллик нашр режасини пухта ўйлаб, жамоатчилик кенгашининг муҳокамасидан ўтказган ҳолда амалга ошириш зарур. Шунингдек, журналда эълон қилинган таржималарни баҳоловчи тақризларни матбуотда эълон қилиб бориш, журналнинг ўзида эса таржима назариясининг бугунги долзарб муаммоларига бағишланган мақолаларни чоп этиб бориш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.
Айни пайтда ўзбек адабиётининг энг сара асарларини хорижий тилларга таржима ва тарғиб этиш мақсадида “Жаҳон адабиёти” журнали каби янги нашр ташкил қилинса, унинг сонларида навбатма-навбат инглиз, немис, француз, хитой, япон, корейс тилларига қилинган таржималар эълон қилиниб борилса нур устига аъло бўларди. Қолаверса, хорижий тилларни мукаммал эгаллаган ёш таржимонлар учун бу нашр маҳорат мактабига хам айланарди.
Кейинги йилларда бизда таржима назарияси ва таржима танқиди бирмунча оқсаб қолди. Масалан, Халқаро таржимонлар уюшмаси (ФИТ) билан алоқамиз йўқ, унинг сўнгги йиллардаги фаолиятидан бехабармиз. Шу ўринда Ёзувчилар уюшмаси тез орада ФИТ билан яқин алоқа ўрнатса маъқул бўларди. Бу ташкилотнинг халқаро симпозиумларида таржимон ва таржимашуносларимиз иштирок этиб борса фойдадан ҳоли бўлмасди.
Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими Республика телевидениеси “Маънавият ва маърифат” канали билан ҳамкорликда “Таржима-юксак санъат” мавзусида мунтазам кўрсатувлар ташкил қилиб бориши зарур. Унда етакчи таржимон ва таржимашуносларимиз иштироки таъминланса, худди шунингдек, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида давра суҳбатлари уюштириб борилса маъқул бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 18 майда “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисида қарорининг ижросини таъминлаш ва амалга ошириш Республикамизда таржима амалиётини янада тараққий эттириш ҳамда таржимашунослик илмини жаҳон андозаси талаби даражасига кўтариш борасида муҳим аҳамият касб этиши муқаррар, деб ўйлайман.
1қаранг: Холбеков М. Узбекская классическая литература во французской культуре XVII-XXвеков. – Ташкент: «Mumtoz so`z», 2016. С. 40-88.