ТАРЖИМА МАТН ИДРОКИ МАСАЛАЛАРИ ЛИНГВОПОЭТИК ТАҲЛИЛ АСПЕКТИДА

Кенжаев Аваз Латипович,

СамДЧТИ таянч (PhD) докторанти

Калит сўзлар: бадиий матн, эстетика, лингвопоэтик, семантик, метасемиотик, аслият, таржима, таҳлил, полифония.

Инсоният нутқий фаолиятининг ўзига хос ноёб тури бу бадиий адабиётдир. Унинг тилини ўрганишда, тадқиқ этишда лингвопоэтик таҳлил муҳим ўрин тутади. Лингвопоэтикани бадиий контекст эстетик хусусиятларини ўрганувчи филологиянинг бир бўлими сифатида идрок этиш мумкин. Муаллиф ўзининг ғоявий-бадиий мақсадини амалга ошириш учун бадиий асарда фойдаланган тил воситаларининг йиғиндиси лингвопоэтиканинг предмети бўлиб хизмат қилади. Асарнинг эстетик таъсири матнда нима ҳақида гапирилаётганига эмас, балки қай йўсинда баён қилинаётганлигига боғлиқ. Муаллиф томонидан бадиий ижод жараёнида у ёки бу тил бирлиги қандай ишлатилаётганлиги, у ёки бу сўз бирикмаси қай тарзда эстетик самара ҳосил қилишини аниқлаш айнан лингвопоэтик таҳлил мақсадини белгилайди.

Бадиий матнни тўлақонли филологик жиҳатдан идрок этиш учун тил лингвистик воситаларнинг ўзаро мутаносиблиги ва уларнинг бадиий адабиёт контекстида эстетик фаоллашуви масаласи фавқулодда муҳим ҳисобланади. Матннинг эстетик шаклланишида семантик, метасемиотик ва лингвопоэтик сатҳ бирликлари иштирок этса-да, сўз асосий тил бирлиги сифатида бош вазифани бажаради; унинг атрофида барча қолган бирликлар ва адабиётшунослик фанининг атамалари билан шарҳланувчи бошқа унсурлар жамланади. Бошқа тил бирликлари аҳамиятини мутлақо инкор этмасдан тилнинг бадиий таъсирчанликни шакллантиришдаги ядровий ўрнини таъкидлаш жоиз. Бадиий матн нафақат реал борлиқни акс эттиради, балки бадиий асарда ижодий яратилган оламнинг ўзагини ташкил этади. Муаллиф яратган, юклаган бадиий вазифа билан шартланган сўз, эстетик жиҳатдан мазмунан бойийди, мураккаб эстетик яхлитлик қонуниятлари билан яшай бошлайди. Сўз ўзининг мавжуд барча бўёғи, оҳорлари билан намоён бўлиб, образли тафаккур қуролига айланади. Шу сабабли бадиий матн таркибидаги сўзни идрок этишда унинг бир вақтнинг ўзида камида учта турлича сатҳда фаолият кўрсатишини унутмаслик зарур. Демак, бадиий сўз ўз-ўзидан уч хил таҳлил объектига айланиши мумкин. Семантик ва метасемиотик таҳлиллар лингвостилистика соҳасига тегишли бўлиб, маъно мазмуни сўз семантикаси ва унга юклатиладиган эмоционал-экспрессив ҳамда баҳолаш оҳорларини, бошқача айтганимизда, коннотацияларни қамраши билан чегараланади.

Учинчи, лингвопоэтик сатҳда (даража, қатлам) идрок этилганда сўзнинг мураккаброқ ва нозикроқ эстетик хусусиятларига дуч келинади; улар бадиий асарнинг ғоявий-бадиий мазмунига алоқадордир. Лингвопоэтик таҳлил универсал хусусиятга эга бўлиб, у ҳар қандай бадиий нутққа нисбатан, услубидан қатъий назар, қўлланилиши мумкин. Бу таҳлил услубининг умумий характерга эгалиги, таҳлилга жалб этилаётган бадиий матнни фарқламайди, уларни бир сатҳда кўради. Бироқ, айнан лингвопоэтик таҳлилгина бадиий матннинг сўз санъати намунаси сифатидаги ролини ёритиш ва асослаш имконини беради. Бадиий матнда сўз асосий тил бирлиги сифатида бош вазифани бажарар экан, шу ўринда филология фанлари доктори, профессор Ш.Сафаровнинг бу борадаги фикрини келтириб ўтиш ўринли: “Сўздаги маънолар бойлигини “сочиб юбориш”, улар воситасида туйғуларни жилолантириш ижодкорнинг маҳоратига боғлиқ. Ўзбек шоири Фахриёрнинг “Куймоқ бўлди менинг насибам, бахтиёрлик – сенинг қисматинг” сатрларини таҳлил қилган адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев шоирнинг маҳоратини унинг сўзлар ташийдиган одатий маъноларни тубдан ўзгартириб юбориб, уларга тамомила янги маъно ва сезимлар юклай олишида кўради. “Насиба” луғатда ижобий маънога эга ва одатда насибадор одамнинг мамнунлигини ифода этади. Шеърда эса шоир бу сўзга салбий маъно оттенкасини юклаб, куйиш (бу сўз ҳам кўчма маънода қўлланилмоқда) ҳолати билан боғламоқда. “Қисмат” сўзи замирида эса, табиий равишда, чорасизлик, маҳкумлик маънолари ётади. Юқоридаги сатрларда қисмат бахтиёрлик билан боғланиб, ифодага ўзгача рангинлик беради”1.

Лингвопоэтикани, тил бирликларини бадиий контекстда ҳосил қиладиган эстетик хоссаларини ўрганувчи филология фанининг бўлими сифатида белгилаш мумкин. Тадқиқотчи бадиий бўлмаган, сўз санъатига дахли йўқ нутқ билан ишлар экан, унда унинг идрокини умумий тарзда, тил бирликларини мазмун ва ифодасига кўра яхлитликда тўғридан-тўғри англаш, деб тавсифлаш мумкин. Агар бадиий матнни ўқиш назарда тутилса, унда бизнинг идрокимиз лисоний идрокнинг бир томонидан бошқасига кўчади, силжийди, янги сатҳга юксалади. Тилнинг турли-туман унсурлари сўз санъати – бадиий ижод соҳасига киритилгач, ўзига юкланган эстетик вазифа имкониятини намоён қилиш мобайнида ўзгаради. У ёки бу сўзлар тадқиқ этилаётган матнда муаллиф ғоясига мос равишда эстетик жиҳатдан ўзгаришларга учрагач, лингвопоэтик таҳлил предметига айланади.

Бошқача айтганда, лингвопоэтика предмет бўлиб, муаллифнинг ғоявий-бадиий қарашларини ўзида мужассамлаш учун зарур бўлган, улар кўмагида ижодкор эстетик таъсирга эришадиган, бадиий асарда қўлланган тил воситаларининг жамланмасига айтилади. Маълумки, бадиий матн таъсирчанлигига унда нима ҳақида гапирилганлиги билан эмас, балки қандай гапирилганлиги билан ҳам эришилади. Лингвопоэтик таҳлилнинг мақсади, айнан, муаллиф матндаги сўз санъати – бадиий ижод жараёнида у ёки бу тил бирлиги (бизнинг ҳолатда – сўз) қандай тарзда бадиий истеъмолга киритилиши, у ёки бу сўз бирлиги муайян эстетик самарадорликни беришини аниклашдан иборат. Бунда юқорида санаб ўтганларимиз, тилнинг уч сатҳи ўртасидаги муносабат ҳақида савол пайдо бўлади.

Семантик сатҳда тил бирликлари ўз ҳолича тўғри маънода ўрганилишни назарда тутади; бу матн яратилган тилдаги сўзни лингвистик таҳлилидир. Метасемиотик сатҳда, биз уларни нутқда фаоллашув жараёнини ўрганишга ўтамиз (бунда асосий эътибор уларнинг бевосита нутқда ҳосил қиладиган қўшимча мазмуни, коннотацияларга қаратилади).

Мазкур илмий мақоламизда сўзнинг ўз эстетик позициясини қандай амалда намоён қилишини, қай тарзда образли тафаккур қуролига айланишини, буюк рус шоири А.С.Пушкиннинг романтик поэмалари ҳамда уларни ўзбек тилига қилинган таржималари мисолида кўриб чиқамиз. Олимларнинг таъкидлашларича, у ёки бу матннинг эстетик таъсир доираси кўламини унинг бир нечта тилларда таржимаси асносида идрок этилишини ўрганиш имконияти самарали натижа беради. Икки, ҳатто уч тил доирасида матнни тадқиқ этилиши унинг бир тилда намоён бўлмаган хоссаларини аниқлаш имконини беради. Эҳтимол, матн таржимаси асосида унинг хоссалари ҳамда моҳияти тўғрисида янгидан-янги маълумотлар бермаслиги мумкин, аммо таржима ёрдамида матнга чуқурроқ ёндашиш таассуротларини олиш мумкин бўлади. Зеро, таржимонларнинг бир неча авлоди томонидан бойитилган таржима матни, шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади, бунда энг яхши таржималар қатори муваффақиятсиз тажрибалар ҳам катта аҳамиятга эга. Л.Н.Толстой бу маънода шундай мисолни келтиради: у Пушкиннинг “Лўлилар” поэмасини француз тилида ўқигачгина матн мукаммаллигини тушуниб етади: қиёслаш эса, буюк адибга поэманинг кутилмаган, янгидан-янги эстетик хусусиятларини очиб беради.

Кўп маъноли, полисемантик сўзлар катта эстетик ифодалаш таъсир кучига эга. Полисемантиклик тўғрисидаги таълимот асосида доимо сўзнинг ҳар бир алоҳида контекстда ўз маъноларидан бирини акс эттириши масаласи туради. Контекст сўзи қайси маънода ишлатилаётганлигини кўрсатиб, кўп маънолиликка барҳам беради.

Бадиий адабиётда сўз ўзининг семантик майдонини кенгайтириш хусусиятига эга бўлади: у ҳар бир қўлланилишда турли маънони ёки маъно оҳорини ифодалаши мумкин. Лексик полифония (матндаги кўп маънолилик шу атама билан номланади) кенгроқ лингвопоэтик контекст томонидан ҳосил қилинади. Бундай контекст поэманинг бирор бўлаги, қисми, дейлик строфасидан тортиб, бутун матнни қамраши мумкин. Масалан, Пушкиннинг “Кавказ асири” романтик поэмасида “тоғ” – “гора” икки маънода ишлатилган: дастлаб номинатив, ўз маъносида, сўнгра, муаллиф ўз олдига қўйган кўчма – кенг маънода. Поэмада кенг маънода тоғ қаҳрамоннинг тамаддун “зулмидан”, эркинликка – тоққа кўтарилишининг ўта кенг рамзий маъноси берилади. Бунда шуни таъкидлаш жоизки, маънолар ўзаро алоқадор. Зеро, сўз санъатида кўп маънолилик кўчма маънолар жамланмасидан иборат бўлиб қолмай, борлиқни идрок этиш ҳамда талқин қилишнинг бошқа воситалари орасида ноёблиги билан ажралиб туради.

Пушкиннинг ушбу романтик поэмаси яқин дўсти Н.Н.Раевскийга бағишланганлиги маълум. Поэма муқаддимасида унга бағишлов ёзади. Ушбу бағишлов лингвопоэтик таҳлилга тортилса, муаллифнинг қанчалик улкан даҳо, сўз устаси бўлганлиги поэманинг биринчи сатрларидаёқ намоён бўлади. Поэмадаги бағишловнинг ҳар бир сатри полифоник – сермаъно характерга эга: бу семантик полифоника Ҳ.Олимжон таржимасида муайян даражада ўз аксини топади: “Тебе я посвятил изгнанной лиры пенье” – “Бағишладим сенга қувғин сознинг сасини” сатри Пушкин давридаги ижодкорга – сўз санъатига бўлган муносабатни ифодалайди. Таржимада “лира” асбоби номининг ўзбекчада “соз” номи билан берилиши аслиятдаги маъно полифониясини, яъни сўзнинг семантик маъно майдонини бироз торайтиради. Чунки Пушкин “лира” тушунчаси билан нафақат кенг маънода ижодкор ва бадиий ижодни, балки ижодкор шахсини ҳам ифодалайди. Ўзбек тилидаги “соз” тушунчаси бу маъноларни тўлиқ қамраши мушкул. Бағишловнинг бош қисмининг сўнгги сатрларида ўзбек таржимони лингвопоэтик жиҳатдан яна бир йўқотишга йўл қўяди: “И бури надо мной свирепость утомили, Я в мирной пристани богов благословил – Узоқлашар эди бошда қутурган бало, Этдим нажот соҳилида тангриларни ёд”. Бу таржимада муҳим лингвистик унсур антонимлар “свирепость - мир” йўқолиб қолади. Бу Пушкин поэма “Бағишловига” сингдирган улкан ижтимоий-сиёсий маъно саёзлашишига, матннинг кескин, зиддиятли оқимида, ўзбекона силлиқ ва бир маромдаги ритмик оҳангнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Аксарият таржимашунослар томонидан яхши қабул қилинган қатор илмий ишларда муносиб равишда мақталган Ҳамид Олимжоннинг ушбу таржимасида “Бағишлов” қисмида йўл қўйилган таржима камчилиги “младенец избранный” ибораси билан боғлиқ. Бу калиманинг таржимаси “кўк назари тушган гўдак”, аммо таржимон уни “орзулар вафодори” деб ўгиради ва ҳатто тўртликка ўзидан қўшимча мисра илова қилади. Ҳамид Олимжон чиндан мазмун ва шакл, ҳатто поэтик руҳи билан йўғрилган таржима матни яратишга интилган, аммо “младенец избранный” – аслиятдаги атамада зоҳир бўлган илоҳий маъно, таржима амалга оширилган даврдаги мафкуравий талабларга жавоб бермаганлиги сабаб қўлланилмаган. Зеро, унда кўк, – демак Худо борлигига гўё ишора мавжуд бўлган.

Пушкиннинг барча жануб поэмаларига унинг романтизм методига мос равишда сирлилик, ажойибот, кутилмаган пейзаж ёки кечинмалар тасвирида антитеза мавжуд. Бу биз таъкидлаган фақат Пушкингагина хос бўлган романтизм талабларига риоя қилинган, ҳали реализм ҳиди сезилмаган тасвирлардир. Масалан, биз юқорида эслатган “Бағишлов” дан бошлаб то матннинг сўнгига қадар романтик сирли руҳ ва пафос етакчилик қилади: “где рыскает в горах воинственный разбой, И дикий гений вдохновенья, Таится в тишине глухой”. Ушбу уч мисрада Пушкинга хос романтизмнинг барча унсурлари зоҳир: сирлилик, ғайритабиийлик, юксак пафос. Бироқ таржимада ўзбек таржимони эркинликка йўл қўйиб, деярли аксарият романтик лексемаларни бартараф этади: “У тоғларки, қароқчилар санқир, сақлар жон. Ва илҳомнинг у ёввойи асов даҳоси. Сукунатнинг қучоғида топмишдир макон!”

Таржима жараёнида лингвопоэтик жиҳатдан риторик сўроқ гап, бехосдан ундов гапга, ҳатто дарак маъносидаги хабар гапга айланиб қолади. Ҳолбуки, аслиятда бу сўроқ гап айнан романтик руҳни, пафосни ҳосил қилиш учун қўлланилган. Пушкин мисрасидаги “в тишине глухой” бирикмасининг асл маъноси “соқов сукунат”, “гунг жимжитлик” кабиларни англатса-да шунчаки “сукунат” билан алмаштирилади; шу мисранинг ўзидаги “таится” – “беркинган, яширинган” феъли “топмишдир макон” бирикмасига муваффақиятсиз алмаштирилгани ҳолда ўгирилган. Тан олмоқ керак кейинги мисралар бирмунча муваффақиятли таржима қилиниб, романтик руҳият қайта жонлантирилади, бироқ Пушкин методига хос ритм-оҳанг хусусиятини таржимон маълум ўринларда бузиши, айрим ҳолларда яхлит матн идрокида панд беради. Сўзни муайян поэтик матндаги фаолияти маълум маданий анъаналар ўзига хос бадиий ҳамда поэтик ассоциациялар билан алоқадор бўлиши мумкин.

Маълумки, таржима бадиий асарнинг бошқа бир маданий маконга кириб боришининг ўта муҳим усули ҳисобланади, бироқ у таржима талқини воситаларисиз идрок этилмайди. Биз истаймизми йўқми таржима матнининг турли хил талқинлари адабий-маданий майдонга чиқади. Ҳар қандай талқинни бутунлай инкор этишдан кўра, муайян талқин пайдо бўлиши сабабларини англашга уриниш, ҳар қандай таржимон замон, макон ва кишилар онгида инъикосланиш даражасини баҳолаши муҳимроқдир. Таржимашуносликнинг ҳозирги босқичида таржима матнини баҳолаш, унга ижобий ёки салбий баҳо бериш, аниқ ёки ноаниқ ўгирилганлигини англаш, аслида таржима асар гоҳо аслият билан бир қаторда жаҳон адабиёти сирасига киришини тушунишга нисбатан аҳамиятсиздир. Шу сабабли таржимон китобхон кўз ўнгида қандай намоён бўлиши, аслият мансуб маданий оламдаги талқинидан фарқ мавжудми, мавжуд бўлса, ўзгаришларнинг сабаби нимада? каби саволлар биринчи ўринга кўтарилмоқда. Шу сабабли таржимашуносликка оид илмий масалаларнинг долзарблашуви адабиёт назариётчиларининг унга кам эътибор беришаётганлиги, ўтган асрнинг ўрталарида ишлаб чиқилган таржима таҳлили принциплари, ўтган асрнинг сўнгида лингвистика доирасига ўтиб қолганлиги билан боғлиқ.

Таржима фалсафасига дахлдор барча тамойиллар Пушкиннинг жануб поэмаларини ўзбек тилига таржималари таҳлилида ўз аксини топади. Хусусан, поэмаларнинг таржима матнлари таржима амалиётига нисбатан нуқтаи назарлари ифода этилишида ўта муҳим аҳамият касб этади. Аксарият тилларга хос бўлган вақт таъсири турли замон ва маконларда содир бўлган таржима жараёнларининг ўзига хосликлари ўзбек тили таржимачилигига ҳам тегишлидир: буни анъанавий насрий баёнлардан тортиб, александрия мисралари вазнида таржима қилишгача, верлибр – эркин шеърдан то ХХ аср ўрталаридаги формал сўзма-сўз, аниқ таржималаргача кузатиш мумкин. Бу каби илмий масалалар миллий адабиётшунослигимизда, қолаверса таржима амалиётида эътибордан четда қолаётган долзарб масалалардан биридир.

1 Ш.Сафаров Маъно ва таржима муаммоси. // Хорижий филология, 2017й, 4-сон, 5-19 бетлар.

Фойдаланилган адабиёт:

1.Задорнов В.Я. Лингвопоэтика. Слово в художественном тексте. – М., МАКС ПРЕСС, 2005.

2. А.В.Фёдоров. Основы общей теории перевода. – Москва, Высшая школа, 1983.

3. Пушкин А.С. Танланган асарлар. 1 том. – Т.: Ўздавнашр, 1949, 287б.

4.Пушкин А.С. Полное собрание сочинений. – М.: Изд-во «Правда», 1954.том 3, с. 198.

5. Пушкин в Узбекистане. Сборник статей. – Ташкент, 1999. – 174с

6.Ғ. Саломов. Тил ва таржима. – Тошкент, Фан, 1966.

7. Ш.Сафаров. Маъно ва таржима муаммоси // Хорижий филология журнали, 2017, 4-сон, 5-19 бетлар.

8.М.Н.Холбеков. Жаҳон таржимачилиги анъаналари. – Тошкент, Наврўз нашриёти, 2016.

 

Кенжаев А. Проблемы восприятия текста перевода в аспекте лингвопоэтического анализа. В данной статье говорится об основных тенденциях лингвопоэтического анализа при переводе художественного текста, а также о философской интерпретации некоторых проблем перевода.

Kenjayev A. The problems of percepting translation texts in the aspect of lingual-poetic analysis. This article considers the basic tendency of lingual-poetic analysis in translation of literary texts and philosophical interpretation of some problems of translation.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati