Таржима амалга оширилиши бошланган илк даврларданоқ, таржима ҳақидаги барча назарий ва танқидий мунозаралар, асосан, асл маъно тизими таржимасининг тўлиқлиги ва аниқлик даражаси қай даражада бўлиши билан белгиланади.
“Адаптация” термини Л.Л. Нелюбиннинг таржима атамалари луғатида қуйидагича изоҳланади:
Ушбу таърифнинг сўнгги икки қисми рус таржимашунослиги олимлари аксариятининг асарларида адаптация тушунчасига нисбатан муносабатини ифодалайди. Яъни унча “жиддий” ўрганишга лойиқ бўлмаган таржима усули сифатида ёндашилиб, таърифларда бироз салбий коннотацияга эга бўлганини кузатамиз. Масалан, А.В.Федоров [Федоров 2002:15] таржимани аслига тўла мос келиши ва тўлиқ таржима қилиш кераклигини таъкидлайди ва қайта ишлаш (переделка), қайта ҳикоя қилиш(пересказ), қисқартирилган баён(сокращенная изложения) каби “адаптация”лардан қочиш кераклигини таъкидлайди ва адаптацияни таржима сифатида қабул қилмайди. Унинг фикрини Р.К. Миньяр-Белоручев [Миньяр-Белоручев 1996:36] ҳам қўллаб-қувватлаб, таржимада ахборотни тўла-тўкис етказилишига эътибор қаратиш лозимлиги, адаптация эса ахборотни тўлиқ эмас, балки умумий мазмунини қисқартириб, ўзгартириб етказади, деб ҳисоблайди. Я.И.Рецкер эса ўзининг “Теории перевода и переводческой практике” асарида “адаптация” атамасидан ҳаттоки фойдаланмайди ҳам. Унинг ўрнига “пересказ” (қайта айтиб бериш) терминини қўллаб, у ҳам таржима ҳақидаги юқоридаги фикрларга эргашади. Адаптация масаласига В.Н.Комиссаров ўз асарида жиддий ёндашиб, ушбу ҳодисани услубий ҳамда прагматик адаптацияга бўлиб кўриб чиқади. Прагматик адаптация Комиссаровнинг таърифича, “таржима рецептори учун таъсир қилиб коммуникатив эффектни сақлаш мақсадида амалга ошириладиган таржима усули”дир [Комиссаров 1990: 221]. Комиссаров таржимада адаптациянинг усули сифатида экспликация, тушириб қолдириш (опущение), генерализация ва конкретизацияни кўрсатади[Комиссаров 1990:211]. Унинг фикрини маъқуллаб Сдобников ҳамда Петровалар ҳам айнан шу адаптациянинг усулларини таҳлил қилишган [Сдобников 2017:165]. Н.Гарбовский ҳам “таржима матнида асл матнга тенг коммуникатив таъсирга эришишни мақсад қилган прагматик шартли ўзгаришларга” [Гарбовский 2007:395] адаптация деб таъриф беради. Ва унинг фикрича, адаптацияга эҳтиёткорлик билан мурожаат қилиш даркор. Зеро, ушбу усулнинг яхши томони — таржима матни китобхонига асл матн маъноларини осонлаштиришга ҳизмат қилса, иккинчи томони эса — маданиятлараро фарқларни камайтириб, “ҳамма ерда шундай экан” каби ёлғон тасаввур уйғотиши эҳтимоли мавжуд [Гарбовский 2007:404]. Кўриниб турибдики, XX асрнинг иккинчи ярмидан кейин рус таржимашунослик мактабининг ҳам адаптация масаласига бўлган қараши таржимада коммуникатив эффектни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан бироз “юмшаган”.
Француз таржимашунослик мактабида адаптацияга нисбатан қараш бироз “табиий”. Ж.-П. Вине и Ж. Дарбельне адаптацияни таржима техникаси сифатида қабул қилиб, “асл матн юборган хабарда назарда тутилган вазият таржима матни маданиятига бегона бўлган ҳолларда қўлланилади. Бундай ҳолларда таржимон эквивалент деб ҳисобланиши мумкин бўлган янги вазиятни яратишлари лозим бўлади”[Vinay 2005:3-4], деб таъриф беришади. Яъни, адаптация – бу маданий номутаносибликлар мавжуд бўлган ҳамма жойда эквивалентликка эришиш учун фойдаланиладиган процедура.[Vinay 2005:4] “Terminologie de la Traduction: Translation Terminology” номли, бир китобда тўрт тилда изоҳланган таржимашунослик терминологияси китобида адаптацияга “мақсадли аудитория талабларини қондириш учун асл матн тилидаги ижтимоий-маданий реалияларни таржима тили маданиятига хос бўлган реалия билан алмаштириш”[Terminologie de la Traduction 2010:114] деб таъриф берилган.
Таржимашунослик тарихида адаптация тушунчасига нисбатан ноаниқликлар бўлгани ва олимларнинг ушбу тушунчага бўлган салбий муносабатларини таъкидлаб, Жорж Бастин адаптацияни тўрт хил маънода кўриб чиқишни таклиф қилади [Bastin 2005:3]:
Адаптациянинг таржима усули вазифаси сифатида Ж.-П.Вине ва Ж.Дарбельненинг юқорида келтирган таърифини асос қилиб объектив йўл сифатида тушунтиради. Жанр вазифасига эса драма, реклама, субтитр ва болалар адабиёти кабилар таржимасини мисол келтиради. Дидактик материаллар таржимаси учун тилнинг метатиллик характерига эгалиги қўл келса ва ниҳоят, таржима матнининг аслига “содиқлиги” ёки асл матн мазумуни етказилиши нуқтаи назаридан адаптация ўрганилади.
Н.А.Фененко[Фененко 2001:70] лингвомаданий адаптация деганда, асл матнни чет тилида қабул қилувчи аслият ғоясини тўлиқ тушуниши учун бошқа лингвомаданий маконга маълум усуллар ёрдамида мослаштириш деб тушунтирса, Комиссаровнинг таърифига кўра, адаптация - бу "асл мазмуни таржима матнида бошқа шаклда ифодаланган, тиллараро мулоқотнинг вазифаси "[Комиссаров 1990:48]. Яъни таржима матни аслиятнинг эквивалентига эришиши учун берилган сўзни бошқа шаклдаги ифодасидир.
Таржимада, ҳаттоки минимал семаларни таърифлаш учун на тил ва на мамлакат етарли мезон бўла олиши мумкин. Бундай холларда «маданият» тушунчасига таяниш лозим бўлади[Pym 2010: 14].
Маданият трансфер бўлишида адаптациянинг ўрни масаласини таҳлил қилиш учун Нацумэ Сосекининг “Қалб” асари ва унинг ўзбек тилига қилинган таржимаси мисолида бир нечта таҳлилларни кўриб чиқамиз. Мисол учун, аслиятда келган しゃくやく場だけのそばに [shakuyaku-jō dake no soba ni] жумласи ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилинганда “пиёнгул боғи ёнидаги жой” деб таржима қилиниб, таржима матнида адаптациянинг тушириб қолдириш усулидан фойдаланилиб, ўзбекларга хос бўлган жой номига алмаштирилган.
このしゃくやく場だけのそばにある古びた縁台のようなものの上に 先 生は大の字なりに寐た。[こころ1952:63]
[kono shakuyaku-jō dake no soba ni arufurubita endai no yō na mono no ue ni sensei wa dainoji-nari ni nеta.]
“Уват четида бир эски ўриндиқ бор экан, устозим шу ўриндиққа ёнбошлаб олди.” [Жаҳон адабиёти, май-2013:24].
Гарчи бир қанча сўзлар тушириб қолдирилган бўлса-да, таржимон жумла маъносини етказишга ҳаракат қилган. Ушбу таржимада таржимон адаптациянинг тушириб қолдириш усулидан фойдаланиб, しゃくやく場だけのそばに [shakuyaku ba dake no soba ni] яъни, “пиён боғининг ёнгинасида” жумласига таржимон соф ўзбек тилидаги “уват” сўзини берган. Уват сўзининг “дала ёки экин майдони ичида, қирғоқларида қолдирилган бўш ер” [Ўзбек тилининг изоҳли луғати, II 1981:263] эканидан келиб чиқсак, маъно етказилган. Чунки, таржима матнида бу мисолдан аввалги жумлаларда улар пиёзгул боғида эканликлари баён этилган. “Уват” сўзи билан боғ тасаввури дала ассоциациясига кўчган бўлиб, соф ўзбек тилига оид сўз орқали жумлада маданият трансферини кузатишимиз мумкин.
Мисолнинг иккинчи қисмида аслиятдаги 先生は大の字なりに寐た [sensei wa dai no ji nari ni neta] ибораси ўзбек тилига “устозим шу ўриндиққа ёнбошлаб олди” деб қилинган таржима матнида аслиятдаги жумла ўз маданий хусусиятларини йўқотиб ўзбек маданиятидаги хатти-ҳаракатга трансфер бўлган.
Япон тилидаги 大 иероглифи “катта, баҳайбат” маъносини англатади. Лекин, ушбу таҳлил қилинаётган жумлада асар муаллифи унинг айнан иероглиф шаклига эътибор қаратишимизни хоҳлаб, 大の字なり[dai no ji nari ni] яъни, “大ҳарфи мисоли” деб берган. Агар иероглиф шаклига эътибор қаратилса, оёқ-қўлини кенг ёйиб ётган одамга ўхшайди. Ўзбек тилида иероглифнинг мавжуд эмаслиги ҳамда ўзбеклар тасаввурида устознинг ёки ёши катта инсоннинг шогирди ёнида чалқанча осмонга қараб, қўл-оёқларини ёзиб (大иероглифи шакли мисоли) ётиб дам олиши тушунчаси, тасаввури йўқлиги юзасидан таржимон ўзбекона ассоциацияга хос “ёнбошламоқ” сўзини танлаган. “Ёнбошламоқ” сўзи ўзбек тили изоҳли луғатида “бир ёнбош билан тирсакка таяниб ётмоқ” дея таърифланган бўлиб, Ойбекнинг Танланган асарлар китобидан мисол келтирилади: Ёрмат бошини кўтарди, бир қўлини ерга тираб ёнбошлади [Ўзбек тилининг изоҳли луғати II 2008:38]. Яъни таржима матнида жумланинг ушбу қисми ҳаракатнинг бошқа шаклига ўзгартирилиб, компенсация ҳолида берилган. Комиссаровга [Комиссаров 1990:185] кўра, компенсация таржима усулида таржима жараёнида асл матндаги маъно элементлари таржима матнида бошқа бирон-бир восита орқали етказилади ва йўқолган маъно тўлдирилади, яъни компенсация қилинади. Бироқ, бу ҳолат асл матннинг мазмунига таъсирини ўтказмайди. Таҳлил қилаётганимиз ушбу мисолимизда ҳам асарнинг мазмунига таъсир ўтказмаган, яъни асарда устози боғ четидаги ўриндиқ устига дам олиш учун ётган. Аслиятда大иероглифини мисол қилган ҳолда қўл-оёқларини қулоч ёзиб ётиб дам олиш шакли баён этилган бўлса, таржима матнида ҳаракат шакли ўзгариб, таржима матни ўқувчиларига тушунарли ҳолатга ўзгартирилган ва шу билан бирга аслиятдаги жумланинг “йўл юриб тин олмоқ, ҳордиқ чиқармоқ, хаёл сурмоқ” каби мазмуни сақлаб қолинган. Бунинг натижасида гапдаги аслиятга мансуб маданий белги йўқолиб, ўзбек миллати эркакларига хос “ёнбошлаб олиш” сўзида супада ёнбошлаб дам олиш каби тасаввурга трансфер бўлганини кузатамиз.
Кейинги мисолни кўриб чиқадиган бўлсак,
そのきょくあなたは私の過去を絵巻物のように、あなたの前に展開 し てくれと逼った。[こころ 1952:132]
[Sono kyoku anata wa watashi no kako o emakimono no yō ni, anata no mae ni tenkai shite kure to sematta]
“Боз устига, сиз ўтмишимни “дастурхон қилиб” ёзишимни талаб қила бошладингиз”[ЖА июнь-2013:121].
Аслиятдаги ушбу жумла моҳирона ўзбек тилига таржима қилинган, десак муболаға бўлмайди. “Дастурхон қилмоқ” ўзбек тилидаги ибораси япон тилидаги絵巻物 [e maki mono] сўзига компенсация сифатида берилган. 絵巻物 [emakimono] – япон миллий санъат тури бўлиб, асосан XI-XVI асрларда машҳур бўлган. Афсона, ҳикоялар мазмунини шойи ёки қоғозли ўрамга расм қилиб чизиладиган санъат тури. Ушбу санъат дурдонаси ўрамининг кенглиги 30см атрофида, узунлиги эса 9-12 метргача етган. Ўнг томондан чап томонга қаратилиб очилган.
Юқоридаги “Қалб” романи асл матнида берилган жумлани сўзма-сўз таржима қилганда “лекин, сиз ўтмишимни худди эмакимоно сингари олдингизга ёйишимни хоҳладингиз” дейилган. Яъни аслиятда ҳам “эмакимоно” сўзи ўхшатма мисолида келган бўлиб, қаҳрамон ўз ўтмишини, сақлаб юрган сирларини унга очиқ-ойдин худди расмдагидек “намойиш” этиши билан бирга, ўтмиши турли саргузаштларга бой эканига ишора қилади. Таржимон “эмакимоно” реалиясини ўзини қўллаганида, балки жумланинг таъсирчанлигини таъминламаган бўларди. Дардини, сирларини батафсил айтиш маъносидаги ушбу тушунча таржимада “дастурхон қилиб ёзиш” ибораси воситасида таржима қилингани ўзбек китобхонлари жумлани тез “ҳазм” қилишига туртки бўлади. “Бирор гапни ҳар қаерларда, ҳар кимларга гапириб, достон қилиб юрмоқ” [Ўзбек тилининг изоҳли луғати I 2008:574] маъносида қўлланиладиган ушбу ибора, юқоридаги мисолда қаҳрамоннинг ҳеч кимга айтмай юрган сирларини, ўтмишини тўкиб солиши назарда тутилади. Таржимон бу ерда адаптация усулидан фойдаланиб, жумланинг коммуникатив мақсадини сақлаб қолишга ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиққан.
Ўзбек миллатида аёли эрини исми билан, “бегим”, “адаси” каби мурожаатлари билан бирга илгарироқ тўнғич фарзандининг исми билан турмуш ўртоғини чақирган шакллари ҳам мавжуд. Бадиий матнда келган қуйидаги мисолда аслиятдаги аёлининг эрини чақирган мурожаат сўзи таржима қилинмаган.
すると襖の陰で「あなた、あなた」という奥さんの声が 二度聞こえ た。
[こころ1952:36]
[suru to fusuma no kage de [anata anata] to iu okusann no koe ga nido
kikoeta.]
Сурма эшик ортидан хотинининг овози эшитилди, у устозимни икки марта чақирди.[ЖА май-2013: 20]
あなた [anata] сўзи ўзбек тилидаги “сиз”, “сен” сўзларига эквивалент бўлиб, замонавий тилда ҳурмат категориясида даражаси тушиб бораётган сўз сифатида кўпроқ яқин инсонларга нисбатан мурожаат қилганда қўлланилади. Япон тилининг "Кожиэн" [広辞苑第七版 1981: 658] изоҳли луғатида あなた [anata] сўзининг 3 хил таърифи берилган. 1) Учинчи шахсни ҳурмат билан чақирув сўзи. 2) Замонавий даврда ўз тенгдошини ҳурмат билан чақирув сўзи. Ҳозирги кунда ҳурмат даражаси пасайиб бормоқда. 3) Эр-хотин муносабатида аёли эрини чақирадиган сўз. Демак, таърифнинг 3-қисмига таяниб аёли эрини чақиргандаги мурожаат сўзи эканлигидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ўзбек тилида あなた [anata] сўзининг муқобили мавжуд эмас. Чунки, ўзбекларда аёли эрини “сен”, “сиз” деб чақирмайди. Шу нуқтаи назардан таржимон адаптациянинг тушириб қолдириш усулидан фойдаланиб аслиятдаги 「あなた、あなた」жумласини “у устозимни икки марта чақирди” деб берган.
“Қалб” асарида ҳам уй катта-кичиклигини билдириш учун татами япон ўлчов бирлиги ишлатилган бўлиб, таржимон унинг эквиваленти сифатида “бўйра” сўзини ишлатган. Яъни,
玄関を上って私のいる所へ通ろうとするには、是非この四畳を横切 ら なければならないのだから、実用の点からみると、至極不便な室 で した。尤最初は同じ八畳に二つ机を並べて、Kは狭苦しくっても 一 人で居る方がいいと伝って、自分で居る方を択んだのです.
[こころ1952:175]
[genkan wo nobotte watakushi no iru tokoro e tōrō to suru ni wa, zehi kono yon jō o yokogiranakere ba naranai no da kara, jitsuyō no ten kara miru to, shigoku fuben na muro deshi ta. yū saisho wa onaji hachi jō ni futatsu tsukue wo narabete, K wa kyō kushiku tte mo hitori de iru hō ga ī to tsutatte, jibun de iru hō wo eranda no desu.]
“Хонамнинг ёнида тўрт бўйра келадиган яна бир хона бор эди. Аввалига уни ўзим билан ўша саккиз бўйрали хонага жойлаштирмоқчи бўлгандим, лекин, унинг ўзи шу хонани танлади, тор бўлса ҳам ёлғиз туришимга қулай, деди.”[ЖА июль-2013: 94]
“Бўйра” сўзи Ўзбекистон миллий энциклопедиясида қуйидагича таърифланади: “Бўйра – пишган қамиш пўстини тозалаб тўқиладиган тўшама. Уй-жойларда намат (кигиз), гилам, палос тагидан тўшалади. Бўйра палосларни тупроқ ва захдан сақлаган; иморат томини ёпишда васса устидан қўйилган, меваларни ёйиб қуритишда, қуритилган меваларни қишда сақлашда бўйрани чоклаб, қоп ўрнида ишлатадилар”[Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 2-Том 2001:342]. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса, “тозаланган қамиш чўпидан тўқилган тўшама” [Ўзбек тилининг изоҳли луғати. I жилд. 2008:405]дея изоҳланиб, ўзбек тилида ҳам ўлчов учун “бир бўйра” сўз бирикмаси ҳам қўлланилиши маълум бўлди. Бир бўйра – 1) эни-бўйи бўйра ҳажмича келадиган. Мисол, бир бўйра ер. “..уйнинг орқа девори бир бўйра эни кесиб туширилган бўлиб, қорайиб кўринарди”. (А. Қодирий, Ўтган кунлар.), “Бир бўйра ернинг пичани ўриб олинса, бир машина чиқаверади.” (М. Аҳмаджонов, Балли зарбдорлар!). 2) Бир бўйранинг устига жой бўладиган. Мисол, бир бўйра шоли[Ўзбек тилининг изоҳли луғати. I жилд. 2008:405]. Татамининг устидан гилам ёки шолча тўшалмайди, аксинча, ўзбек хонадонларида бўйра устидан шолча ёки гилам тўшалмаса, ночорлик белгиси эканлигини “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бадиий асардан келтирилган мисолдан аниқланди. “Эсларингдами.. Зокирхўжа қассоблар гилам устида ўтирганда, биз ўтиришга бўйра ҳам топа олмас эдик.” [П.Турсун, Ўқитувчи;Ўзбек тилининг изоҳли луғати. I жилд. 2008:405].
Ушбу ўринда “татами” сўзига “бўйра” сўзини танлаганишида табиий хом-ашёдан тайёрланиши, иккисининг ҳам асосий тайёрланиш хомашёси қамиш эканлиги, уларнинг ерга, полга тўшалиши каби маънолари бирлаштириб туриши билан бирга, икки сўзнинг ҳам ўз миллати доирасида хона ўлчови сифатида ишлатилиши юзасидан аслиятдаги “татами” сўзининг муқобили сифатида кўришимиз мумкин. Бу ерда таржимон татами реалиясини транслитерация шаклида ҳам бериши мумкин эди, зеро, ҳозирда татами кўпгина спорт турлари (каратэ, дзюдо)да курашиш тўшаги сифатида ишлатилиб, бу сўз спорт анжоми сифатида дунё лексикасига кирган. У ҳолда, китобхонда табиий хомашёдан тайёрланган тўшама эмас, балки спорт анжомига хос ерга тўшаладиган тери ёки чарм қопламали спорт тўшамаси ассоциацияси пайдо бўлган бўлар эди. Таржима қилиш жараёнида таржимон асар ёзилган даврни ҳам инобатга олиб сўз танлагани асарнинг коммуникативлик жиҳатини таъминлаб берган бўлса, асарни ўзбек тилида ўқиганда ўзбекона деталларнинг учраши, у билан боғлиқ бўлган ассоциациялар трансфер бўлишига сабаб бўлади.
Келтирилган таҳлиллардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, адаптация масаласига XX аср охирларига келиб таржимашунослик соҳасида жиддий ёндашилиб, унга коммуникатив эффектни сақлаб қолиш учун ишлатиладиган таржима усули дея қарала бошланган.
Таржима жараёнида икки тил ўртасидаги жиддий лексик-грамматик фарқлар ҳамда шу тилларда сўзлашувчи халқлар яшаётган ижтимоий, иқтисодий ва маданий шарт-шароитлар сабабидан туғилган тасаввур, тушунча, эътиқодлар ўртасидаги катта тафовутларга дуч келиниши, таржимоннинг ушбу сўзларни тўғридан-тўғри таржима қилганда, маданиятга хос бўлган сўзларнинг эквиваленти асл матндаги сўз маъносини беркитиши ёки умуман, тушириб қолдириши мумкин. Шу сабабдан, асарнинг коммуникатив ғоясини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан, таржимада адаптация усулини қўллаш турли тил, маданиятлар ўзаро алоқага киришганда маънолар ассимитрияси юзага келишининг олдини олиб, таржима матни китобхонига аслиятнинг ғоясини тўлиқ етказиб беришга ёрдам беради.
Юқоридаги таҳлилларимизда таржимоннинг адаптация усулини қўллашга ундаган сабаблар:
Юқоридаги сабаблар, таржимонни кўп ҳолларда адаптацияни тушириб қолдириш, конкретизация, генерализация усулидан фойдаланишга ундаган бўлиб, натижада таржима тилида берилган сўзлар маданиятнинг трансфер бўлишига сабаб бўлган.
Адабиётлар
Шамсиева Б. Адаптация в переводе и ее роль в передаче культуры. В статье анализируется проблема передачи культурных особенностей при переводе с японского на узбекский на примере произведения Нацумэ Сосэки «Сердце».
Shamsieva B. Adaptation in translation and its role in the transfer of culture.The article analyzes the transfer of culture through translations from Japanese into Uzbek on the example of Natsume Soseki's "Heart".