ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА ЯШАБ ИЖОД ЭТГАН ШОИРЛАР

Шукуров Фозилжон Махмадович,

СамДУ ўқитувчиси

 

Таянч сўзлар: Ҳалил Султон, Бисотий, Ҳасирий, девон, қўлёзмалар, қасида, ғазал, қитъа, мухаммас, рубоий, фард.

 

Шукуров Ф. Деятельность поэтов, жившых во время правлений тимуридов. В данной статье речь идёт об известных поэтах Исмат Бухороий, Ходжа Абдулмалик Исомий и их ученика Бисотий Самаркандий, которые жили и творили во время правления Амира Тимура и его внука Халила Султан во второй половины XIV и начало XV веков, об особенностях их творчества и деятельности, их внесённом вкладе в литературной среде данного периода. Изучение литературного наследия этих поэтов является одной из актуальных задач сегодяшнего дня.

Shukurov F. Activities of poets who lived and worked in Timur’s era. This article is about Amir Temur and his grandson, Khalil Sultan in periods of the second half of the fourteenth century and poets, Ismat Bukhariy, khuja Abdulmalik Islomiy and their assistant Bisotiy Samarkhandiy who lived and worked at the beginning of the fifteenth century and their contribution in to the literature of this period. Studying the literary heritage left by these poets is one of the necessary issues of today.

Соҳибқирон Амир Темурнинг вафотидан сўнг 1405 йили Самарқандни қўлга киритиб тахтни эгаллаган Мироншоҳ ўғли Ҳалил Султон қисқа муддат, яъни 1509 йилгача ҳукмронлик қилган бўлса ҳам Самарқанд адабий муҳити ривожи учун имкониятлар яратди. Бобоси Амир Темур сингари илм ва адабиёт соҳасига эътиборни кучайтирди. Халқ ичидан чиққан шоир ва уламолар саройга жалб этилиб, уларга ҳомийлик кўрсатилди. Бунинг натижасида сарой доирасида фаолият юритилаётган илм ва адаб аҳли ўртасида унга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром уйғонган эди. Самарқанд адабий муҳитига таъсир кўрсатган ва ўзидан катта из қолдирган шоирлардан бири Хожа Исматуллоҳ Бухорий эди.

Хожа Фахриддин Исматуллоҳ бин Масъуд Исмат Бухорий 1365-1374 йилларда Бухоро шаҳрида таваллуд топиб, ўз замонасида Хожа Исмат номи билан машҳур бўлган. У болалигидан Бухоронинг забардаст устозларидан сабоқ олади. Маълумотларга қараганда Хожа Исмат ўз даврининг машҳур уламоларидан бири бўлиб, хусусан, шеърият соҳасида катта маҳорат эгаси эди. Бир муддат Носирий тахаллуси билан ижод қилган. Хусусан, аруз ва иншо-муаммо санъатида катта маҳоратга эга бўлган. Ҳалил Султон салтанати даврида унинг саройига жалб этилади ва шон-шуҳрат қозонади. Унинг саъй-ҳаракати билан Самарқандда адабий муҳит ривожланиб, маҳоратли шоир-у олимлар саройга жалб этилади. Жумладан, "Ҳасирий" тахаллуси билан машҳур бўлган самарқандлик шоир Сирожиддин ҳам унинг назарига тушиб, саройга келтирилади. Хўжа Исмат бу истеъдодли ёш шоирни қўллаб-қувватлайди. Ҳақиқатан ҳам, Хожа Сирожиддин қисқа муддатда ўз истеъдодининг номаълум қирраларини кўрсатади ва ҳатто ўз девонини тузишга киришади. Ўз устози Хожа Исмат маслаҳати билан у Ҳасирий тахаллусидан воз кечиб "Бисотий" тахаллусини қабул қилади ва шу ном билан мадҳий қасидалар, ишқий ғазаллар ва бошқа жанрларда ижод қилади. Ўзининг бир байт шеъри билан машҳур бўлиб, Ҳалил Султондек Темурийзодага манзур бўлган шоир шеърлари Темурийлар салтанатидан ташқарида ҳам ўз ихлосмандларига эга бўлади. У ўз устози Хожа Исматнинг Носир тахаллусини ҳам таъкидлаб, жамладан ёзади:

کمتر از ناصر مبین شعر بساطی در جواب

میکنم دعوی و لافی در مقابل میزنم.

Таржимаси: Сен Бисотийнинг шеърини Носирникидан кам билма, бунинг учун мен даъвогарлик қилиб лоф уришим мумкин.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асаридан ташқари, Мавлоно Бисотийнинг ҳаёт ва фаолияти хусусида Мавлоно Озарийнинг "Жавоҳир ул-асрор" ва Мир Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" тазкираларида ҳам қимматли маълумотлар келтирилган. Аммо бу манбаларда ҳам шоирнинг туғилган йили, оиласи ва вояга етганлик даври ҳақида ҳеч нарса келтирилмаган. Бу ҳақда фақат бизгача этиб келган шоирнинг девонидан маълумотлар топиш мумкин.

Саройда шоир улкан шон-шуҳрат ва мавқега сазовор бўлиб, буюк ғазалнавис сифатида танилади. Чунончи, Мавлоно Озарий "Жавоҳир ул-асрор" асарининг учинчи фаслини ғазал жанрига бағишлаб, Бисотийни ҳатто Ҳофиз Шерозий ва Камол Хожандий каби улуғ ғазалгўй шоирлар қаторига қўяди. Қайд қилиш жоизки, "Жавоҳир ул-асрор" Бисотий Самарқандий ҳақида маълумот берадиган энг қадимий манба саналади. Бисотий девонини тадқиқ этиш натижасида маълум бўладики, шоир қасидаларида асосан мадҳия; ғазал жанрида ишқия ва қитъаларида кўпроқ ҳажвия тамойилларига эътибор қаратилган. Ўз замондошлари Хаёлий Бухороий, Бурундуқ Бухороий, Рустам Хуриёний, Тоҳир Абевардий, Камол Хўжандий шеърларига жавоблар ёзган.

Бисотийнинг вафот санаси ҳам Ҳалил Султон ўлимига яқин вақтда содир бўлиб, кўпроқ шу воқеага боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки илм ва адаб аҳлига ғамхурлик ва ҳомийлик кўрсатган шоҳзоданинг бемаҳал вафоти, қалам аҳлини қаттиқ изтиробга солди. Унинг устози Хожа Исмат ҳам шоҳзоданинг вафотидан чуқур қайғуга тушиб, кўп ўтмай тарки дунёчиликни ихтиёр этган.

Хожа Исматнинг яна бир машҳур шогирди Хаёлий Бухороий саналади. Бу ҳақда Давлатшоҳ Самарқандий ёзади: "Хожа Исмат Бухороий шогирдларидан саналади... Мустаъид ва хуштабъ бўлиб, дарвешона ва равон ва покиза сўзлайди". Шу тариқа, саройда нафақат форс-тожик тилида, балки туркий тилда ҳам ижод қилиш учун имкониятлар вужудга келади. Ҳалил Султоннинг ўзи ҳам Темурийлар сулоласининг барча намояндалари каби шеърият ихлосманди бўлиб, Давлатшоҳ Самарқандийнинг маълумотига кўра, форс-тожик ва туркий тилда шеърлар ёзади. У туркий тилда девон ҳам ёзган бўлиб, аммо бу девон бугунгача етиб келмаган.

Шу тариқа Самарқандда Хожа Исмат саъй-ҳаракатлари туфайли кучли адабий муҳит юзага келади. Мавлоно Бисотийдан ташқари, бу адабий муҳитда Мавлоно Бадахший, Хаёлий Бухороий, Бурундуқ Бухороий каби машҳур шоирлар ҳам тўпланадилар.

Бу даврдаги Самарқанд адабий муҳити, айниқса ХIV аср охирлари ҳақидаги маълумотларнинг камлиги сабабли, кўп жиҳатларини аниқлашда қийинчиликлар мавжуд. Чунки адабиётшуносларнинг аксарияти асосан, бу ҳақда қисқача маълумот берган Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро", Шайх Озарийнинг "Жавоҳир ул-асрор", Мир Алишер Навоийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарларига суянадилар. Шунинг учун бу масаладаги жумбоқларни ҳал этишда кўпроқ шоирларнинг мавжуд девонлари муҳим манба сифатида хизмат қилади. Бу борада бизга жаҳон кутубхоналарида сақланаётган аждодларимизнинг меросини ўрганиш муҳим саналади. Чунончи, 2014 йил Лубнон давлатининг Бейрут шаҳрида чоп этилган "Зариъа ила таса:н:фиаша шиъа" (Шиа таснифотларига далиллар) китоби муаллифи аллома Шайхоқо Бузург ата Теҳронийнинг ёзишича Бейрут кутубхонасида 4999 рақами остида сақланган бўлиб "Девони Исомии

Самарқандий" деб номланади:

"Шоирнинг номи Абдулмаликхон бўлиб, Амир Темур даврида шайхулислом лавозимида ишлаган. Шарҳ давомида келтирилади:

 واسمه عبد الملك كان شيخ الإسلام بسمرقند في عهد تيمور. وهو أستاذ بساطي سمرقندي. أورد شعره المتخلص فيه عصامي في ( لت ٥ ). و ( روشن ٤٥٨ ) وترجم في تذكره للشعراء موجودة في ( المجلس ) كما في فهرسها ( ٣ : ١٥٦ ). وطبع مثنوي فتوح السلاطين لعصامي في تاريخ سلاطين الهند بالفارسية فرغ من نظمه في ٧٥١ بتصحيح يوشع بمدراس في ٧٨٠ ص. في ١٩٤٨ م.

Яъни, у шоир Бисотий Самарқандийнинг устози бўлиб, Исомий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Исомий яна форсий тилда ҳинд подшоҳлари тарихи ҳақида "Ал-футуҳот ас-сала:ти:н" –“ Султонлар ғалабалари” номли маснавий ҳам ёзиб, уни 751 ҳижрий йили тугатган экан. Бу мисоллардан келиб чиқадики, нафақат Ҳалил Султон даврида, балки Амир Темур даврида ҳам илм ва адабиёт анъаналари давом эттирилган ва бу даврда нафақат халқ орасида, балки саройнинг ўзида ҳам шоир-у уламолар қимматли асарлар битган. Шайхулислом Абдулмаликхон Исомий ҳам бундай уламолардан бири бўлиб, фиқҳ ва адабиёт соҳасида асарлар ёзиб, форсий тилда Девон ва маснавий ёзган. У ўз замонасининг асосий адабий сиймоларидан ҳисобланиб нафақат ўз шогирдлари, балки Самарқанд адабий муҳитига ката таъсир кўрсатган. Шоир Бисотий ҳам саройга қабул қилинмасдан бурун ундан илм-у адаб ўрганиб таниқли шоир даражасига эришган. Чунончи, бу борада ўз девонида айтади:

خواجۀ عالی عمادالحق دین عبدالملک

مظهر انوار معنی مقتدای انس و جان.

ای حریم آستانت روضۀ دارالامان

با ضمیر روشنت خورشید معنی توعمان.

Таржимаси: Эй Хожа Абдулмалик, маънавий нурларнинг келиб чиқиши ва инс-у жонларнинг пешвосисан. Сенинг остонанг омонлик гулшанидир. Ёрқин юрагинг маънавий қуёш билан тавъамдир.

Аммо Хожа Исматуллоҳнинг фаолияти Самарқандда узоқ давом этмади. 1409 йили Ҳалил Султон тахтдан ағдарилгандан сўнг Хожа Исмат ҳам Бухорога қайтиб боради. У ўз ҳомийсининг мағлубиятидан чуқур қайғуга ботади.

Султон Ҳалилдан кейин Мирзо Улуғбек тахтга ўтиради ва у ҳам илм аҳлига катта илтифотлар ва ҳомийликлар кўрсатиб, жумладан Хожа Исматни ҳам саройга таклиф этади. Аммо Хожа Исмат сарой ишидан бутунлай воз кечиб таркидунёчилик қилади ва дарвешлар ўртасида ҳаёт кечиришни афзал кўради. Бунинг натижасида, унинг обрў-эътибори халқ орасида янада ортиб боради ва шуҳрати ошади. У дарвешлик ва фақирликни подшоҳлар дунёсига қарши қўяди. Исмат Бухороий Бухорода оламдан ўтган. "Гулшани адаб" (3-жилд, Душанбе, 1976) тўпламида шоирнинг вафоти 1437 йил деб кўрсатилган. Хожа Исматуллоҳ ўзидан 10 минг байтдан иборат тўлиқ "Девон" қолдирган ва ушбу девон қасида, ғазал, қитъа ва қисқа маснавийлар, ҳамда 1100 байтдан иборат "Иброҳим Адҳам" маснавийсини ўз ичига олади. Бугунги кунда шоирнинг девони нусхалари дунёнинг кўпгина кутубхоналарида мавжуд. Жумладан, Тожикистон Фанлар академияси шарқ қўлёзмалари фондида 1777 ва 160 рақамлари қўлёзмалари, Фирдавсий номидаги Тожикистон давлат кутубхонасидаги 401 рақами остидаги қўлёзмаларида сақланиб келинмоқда. Шоир девонининг қўлимиздаги электрон варианти ҳам Теҳрон шаҳри Миллий кутубхонасининг 13003 рақами остидаги нусха ҳисобланади. Китоб "Жунгае ашъор" а шеърлар тўплами шаклида жамланган бўлиб, "Мажмуъаайе ашъорае ёздаҳ нафар шуъароайе маъруф" - Ўн бир нафар машҳур шоирнинг шеърий тўпламлари" деб номланади. Мавлавий Жалолиддин, Саъдий ва Ҳофиз, Ироқий ва Авҳадий каби шоирлар қаторида китобда Исмат Бухороий ва ҳошияда унинг шогирди Бисотий Самарқандий шеърлари келтирилган. Унинг лирик шеърлари машҳур бўлиб, халқ орасида қўшиққа айланган.

Исмат Бухороий ижодида бир томондан ХV асргача бўлган форс-тожик адабиёти ютуқлари мужассамлашган бўлса, иккинчи томондан унинг шеърияти адабиётнинг кейинги даврларига ўз таъсирини ўтказган. Шоир рубоий, қитъа, топишмоқ, фард ва бадиий санъатларни ишлатишда катта маҳорат кўрсатиб бу шеърий шаклларда турли маъноларни ифода этган. У бундай шеърий жанрларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Таъкидлаш жоизки, Исмат Бухороий форс-тожик адабиёти таърихида тожик ва ўзбек тилида шеърлар битган биринчи шоирлардан саналади. Унинг таъсирида шаҳзода Ҳалил Султоннинг ўзи ҳам икки тилда шеърлар ёзиб, ҳатто ўзбек тилида девон ҳам яратган эди. Агар Сомонийлар даврида форс-тожик тилида шеър ёзиш анъанага кирган бўлса, ХV асрга келиб, шоирлар туркий-ўзбек тилида ижод қила бошладилар. Исмат Бухороий бу анъанага асос солган шоирлардан бири ҳисобланиб, ундан кейин аста-секинлик билан шоирлар ўртасида зуллисонайнлик анъанаси Мовароуннаҳрда ривожлана бошлайди. Бу фикрларни тасдиқлаш учун Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" асаридан парча келтирамиз: "Ҳалил Султон - Ҳазрат султон ус-салотиннинг воқеасидан сўнгра Самарқанд тахтида салтанат қилди. Зурафо ва шуаро мажлисида жамъ бўлурлар эрди. Машҳурдурким, ўзи шеър айтир ерди. Андоқким, девони таърифида Хожа Исматуллоҳ қасида айтибдур, аммо тилаб топилмади, ушбу матлаъидан ўзгаким:

ای ترک پری پیکریمیز ترک جفا قیل

کام دلیمیز لعل روانبخش عطا قیل".

Бу фикрлар Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарида келтирилгани билан ҳам тасдиқланади: Султон Ҳалил ўз айёми давлатида Хожа Исматуллоҳни бағоят эҳтиром қилар эрди. Шаҳзода илми шеърни Хожадан таълим олур ерди". Исмат Бухороийнинг шеърлари мадҳ ва тавсиф, сўфиёна ҳиссиёт ва ошиқона таассуротдан бойдир.

Мазкур даврда ижод этиб мукаммал девон яратган шоирлар : Исмат Бухороий, Хожа Абдулмалик Исомий, Бисотий Самарқандий каби шоирларнинг меросини ўрганиш ХIV-ХV аср Самарқанд адабий муҳити фаолиятини чуқурроқ ўрганишда ёрдам беради.

 

Адабиётлар:

  1. Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар // Тошкент: "Ўқитувчи", 1994. - 430 б.

  2. Валихўжаев Б. Доир ба як шарҳи ашъори Камоли Хужандий ва Бисотии Самарқандий//Масъалаҳои робитаи адаби.-Самарқанд: Нашри ДДС,1981.-106 б

  3. Вамбери Ҳерман. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр таърихи. Тошкент: Г ъафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990. 96 б.

  4. Зеҳний Т., Саъдиев С,. Суханварони сайқали рўи замин. - Душанбе: Ирфон, 1970. 72 б.

  5. Саъдиев С. Маркази адабии Самарқанд дар шоҳроҳи тарих // Тошкент, "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" 2012.-398 б.

  6. Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Тошкент: "Шарқ" нашриёт-матбаа концернининг Бош таҳририятиа1997. 384 б.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati